📅 2026-yil 29-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 29-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 29 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
ПАСПОРТИ
Олий таълим ташкилотлари битирувчилари сифати индексини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сон Фармони ижросини таъминлаш, олий таълим ташкилотлари битирувчилари бандлиги кўрсаткичлари асосида рағбатлантириш механизмларини татбиқ этиш орқали соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 апрелдаги ПФ-58-сон Фармонига мувофиқ, «Битирувчи сифати индекси»ни ишлаб чиқиш ҳамда ҳар йили энг юқори индексга эга 20 та олий таълим ташкилотининг Карьера марказларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 млн сўмдан молиявий рағбатлантиришни йўлга қўйиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. 2026 йил 1 октябрдан бошлаб олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашнинг сифат даражасини баҳолашга қаратилган «Битирувчи сифати индекси» жорий этилсин.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Битирувчи сифати индекси»ни шакллантириш ва унинг натижаларига кўра олий таълим ташкилотларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг меҳнат бозоридаги натижадорлигини комплекс баҳолашга қаратилган «Битирувчи сифати индекси»ни шакллантириш тартиби;
«Битирувчи сифати индекси»ни давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилинган рақамли платформа орқали шакллантириш, унинг натижаларини эълон қилиш ва рағбатлантириш тартиби.
4. Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги 2026 йил 10 ноябрга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан интеграциялашган «Битирувчи сифати индекси»нинг рақамли платформасини бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқиб, ишга тушириши маълумот учун қабул қилинсин.
5. «Битирувчи сифати индекси» автоматлаштирилган рақамли платформасига идоралараро электрон тизим орқали интеграция қилинадиган ахборот тизимлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. «Киберхавфсизлик маркази» ДМ 2026 йил 1 ноябрга қадар «Битирувчи сифати индекси» рақамли платформасининг белгиланган тартибда киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан тегишли экспертизалардан ўтказилиши ҳамда «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» ДМ экспертиза жараёнлари якунидан сўнг платформанинг вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишида кўмаклашсин.
7. Рақамли технологиялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 декабрга қадар «Битирувчи сифати индекси»ни шакллантириш учун зарур бўладиган маълумотларнинг ўзаро тезкор алмашинувини таъминлаш бўйича ахборот тизимларини «Рақамли ҳукумат»нинг идоралараро интеграция платформаси орқали интеграция қилиш чораларини кўрсин.
8. Белгилаб қўйилсинки, «Битирувчилар сифати индекси»ни шакллантириш ва унинг натижаларига кўра олий таълим ташкилотларини рағбатлантириш учун маблағлар 2027 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида тасдиқланган бюджет параметрларига тегишли ўзгартириш киритган ҳолда ажратилади, 2028 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 22 ноябрдаги 612-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
10. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
11. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов ҳамда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Б.Г. Юлдашев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 525-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Битирувчи сифати индекси»ни шакллантириш ва унинг натижаларига кўра олий таълим ташкилотларини рағбатлантириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Битирувчи сифати индекси»ни шакллантириш ва унинг натижаларига кўра олий таълим ташкилотларини рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
битирувчи — ҳисобот йилида олий таълим ташкилотини тамомлаб, бакалавр ёки магистр дипломини олган шахс;
«Битирувчи сифати индекси» (кейинги ўринларда — индекс) — олий таълим ташкилоти битирувчиларининг меҳнат бозоридаги натижадорлигини банд бўлиш тезлиги, барқарор бандлик даражаси, ўртача ойлик даромади ва бандлик тоифаси индикаторлари асосида комплекс баҳолаш кўрсаткичи;
«Битирувчи сифати индекси»ни шакллантиришнинг автоматлаштирилган рақамли платформаси (кейинги ўринларда — рақамли платформа) — тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган ҳолда, зарур ахборотларни автоматик равишда тўплаш, верификация қилиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш орқали индексни шакллантиришни таъминловчи ахборот тизими;
ижтимоий ҳимояга муҳтож битирувчи — етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар;
индикатор — олий таълим ташкилоти битирувчиларининг таълимни тугатгандан кейинги фаолияти ва натижаларини баҳолаш учун қўлланадиган, аниқ ҳисоблаш тартиби ва формуласига эга бўлган кўрсаткич;
олий таълим ташкилоти тоифаси — олий таълим ташкилотида талабалар сони устувор бўлган таълим йўналишидан келиб чиққан ҳолда, Олий таълим ташкилотлари миллий рейтинги доирасида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан белгиланадиган тоифа;
ҳисобот йили — 1 июль санасидан бошланиб, кейинги йилнинг 30 июнь санасига қадар бўлган 12 ойлик давр.
3. Қуйидагилар индексни шакллантириш ва унинг натижаларига асосан рағбатлантиришнинг асосий мақсадлари ҳисобланади:
олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг таълимни тугатгандан кейинги фаолияти ва натижаларини тизимли баҳолаш ҳамда баҳолаш асосида олий таълим ташкилотларини рағбатлантириш;
битирувчиларнинг бандлиги кўрсаткичлари асосида олий таълим ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш;
олий таълим ташкилотлари ўртасида битирувчиларнинг бандлигини таъминлашда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш.
4. Индексни шакллантириш ва унинг натижаларига кўра олий таълим ташкилотларини рағбатлантириш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Индексни шакллантириш
5. Индекс Агентлик томонидан ҳар йили идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча олий таълим ташкилотлари (олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари бундан мустасно) битирувчилари бўйича шакллантирилади.
6. Индекс олий таълим ташкилотларини «амалий фанлар», «тиббиёт фанлари», «ижтимоий-гуманитар фанлар» ва «ижод (спорт)» тоифаларига ажратган ҳолда шакллантирилади.
Бунда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида ҳисобот йилида 200 нафардан кам битирувчига эга олий таълим ташкилотларининг индекс натижалари алоҳида қайд этилади ва уларга нисбатан рағбатлантириш қўлланмайди, «ижод (спорт)» тоифасидаги олий таълим ташкилотлари бундан мустасно.
7. Ҳисобот йили давомида фаолияти тугатилган олий таълим ташкилотлари индекснинг якуний натижаларига киритилмайди.
8. Индекс битирувчиларнинг банд бўлиш тезлиги, барқарор бандлик даражаси, ўртача ойлик даромади ва бандлик тоифаси индикаторлари асосида шакллантирилади.
9. Индексни ҳисоблаш тартиби ва методикаси Агентлик томонидан белгиланади.
10. Индексни ҳисоблашда қуйидаги тоифадаги битирувчиларнинг кўрсаткичлари инобатга олинмайди:
хорижий давлат фуқароси ҳисобланган;
ҳарбий хизматни ўтаётган;
озодликдан маҳрум этилган;
вафот этган.
11. Индекс бўйича индикаторлари учун зарур бўладиган ахборотлар рақамли платформадан олинади.
Зарур ҳолларда индикаторлар учун маълумотлар Агентликнинг сўровига кўра тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилади.
12. Олий таълим ташкилотларига индекс натижаларини рақамли платформадаги шахсий кабинет орқали кузатиб бориш имконияти яратилади.
13. Индекснинг индикаторларини белгилаб олишда фойдаланиладиган ахборотларнинг тўғрилиги ва ишончлилиги учун тегишли вазирлик ва идоралар масъул ҳисобланади.
Бунда нотўғри ёки сохталаштирилган маълумотлар, шунингдек, олий таълим ташкилоти томонидан индикатор кўрсаткич(лар)ини сунъий оширишга уринишлар аниқланган тақдирда, Агентлик директорининг буйруғи билан олий таълим ташкилоти мазкур йилдаги индекс натижаларидан чиқарилади.
3-боб. Индекс натижалари асосида рағбатлантириш
14. Рағбатлантириладиган олий таълим ташкилотлари сони тегишли тоифаларга кирувчи олий таълим ташкилотлари сонига мутаносиб равишда тақсимланади.
Бунда Индексда иштирок этадиган олий таълим ташкилотларининг тоифалар бўйича рўйхати Агентлик томонидан ҳар йили 15 июлга қадар белгиланади.
15. Агентлик ҳар йили 15 августга қадар индекснинг дастлабки натижаларини шакллантиради.
16. Агентлик индекснинг дастлабки натижалари шакллантирилганидан сўнг, ўн кун ичида ушбу натижаларни олий таълим ташкилотларига рақамли платформа орқали юборади.
17. Олий таълим ташкилотлари индекснинг дастлабки натижалари келиб тушган кундан бошлаб ўн кун ичида ушбу натижаларни кўриб чиқади ва хатоликлар мавжуд бўлганда, бу ҳақида рақамли платформа орқали Агентликка бир иш кунида хабар беради.
Бунда аниқланган хатолик тўғрисида батафсил маълумот кўрсатилиши лозим.
18. Агентлик аниқланган хатоликларни ўн беш кун ичида кўриб чиқади ҳамда индекснинг дастлабки натижаларини ўзгаришсиз қолдиради ёки тегишли ўзгартиришлар киритади.
Ўзгартириш киритилган тақдирда, бу ҳақида беш иш куни ичида Агентлик томонидан олий таълим ташкилот(лар)ига хабар берилади.
19. Аниқланган хатоликлар маълумотлар манбалари билан боғлиқ бўлган тақдирда, индекснинг дастлабки натижалари ўзгаришсиз қолдирилиши мумкин.
Бунда Агентлик индикаторларни ҳисоблашда фойдаланилган ахборот манбаси бўлган вазирлик ва (ёки) идорага маълумотларни шакллантириш жараёнларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади ҳамда хатолик юзасидан хабар қилган олий таълим ташкилотига асослантирилган жавоб хатини юборади.
20. Индекс натижалари ҳар йили 1 октябрга қадар жамоатчилик учун очиқ тарзда Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
21. Индекс натижаларини жамоатчилик учун тушунарли ва таққослама тарзда тақдим этиш мақсадида ҳар бир тоифадаги олий таълим ташкилотлари қуйидаги гуруҳларга ажратилади:
«яшил» гуруҳ — энг юқори натижа қайд этган 30 фоиз;
«сариқ» гуруҳ — кейинги 30 фоиз;
«қизил» гуруҳ — қолган 40 фоиз олий таълим ташкилотлари.
22. Ҳар бир тоифа бўйича рағбатлантириладиган олий таълим ташкилотлари сони қуйидаги формула бўйича аниқланади:
бунда:
С — тегишли тоифа бўйича рағбатлантириладиган олий таълим ташкилотлари сони;
С toifa — ушбу тоифага мансуб олий таълим ташкилотлари сони;
С OTT — индексда иштирок этадиган олий таълим ташкилотларининг умумий сони;
20 — рағбатлантириладиган олий таълим ташкилотлари умумий сони.
Ҳисобланган қийматлар бутун сонларга яхлитланади ҳамда яхлитлаш натижасида ажратилган ўринлар йиғиндиси 20 тани ташкил этмаган тақдирда, фарқ энг катта каср қисмига эга бўлган тоифаларга қўшиб берилади ёки камайтирилади.
23. Индекс натижаларига кўра энг юқори кўрсаткичларга эришган 20 та олий таълим ташкилоти рағбатлантирилади ҳамда мазкур олий таълим ташкилотлари рўйхати индекснинг якуний натижалари билан бир вақтда эълон қилинади.
24. Олий таълим ташкилотларининг индекс натижалари тенг бўлган тақдирда, устунлик ўртача ойлик даромад коэффициенти индикатори бўйича юқори натижа қайд этган олий таълим ташкилотига берилади.
25. Ўртача ойлик даромад коэффициенти индикатори бўйича натижалар ҳам тенг бўлган тақдирда, устунлик барқарор бандлик даражаси, бандлик тоифаси ва банд бўлиш тезлиги индикаторлари бўйича натижалар кетма-кетлиги асосида берилади.
26. Рағбатлантириладиган олий таълим ташкилотларининг ҳар бирига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 млн сўмдан ажратилади.
27. Рағбатлантириш тўловларини молиялаштириш билан боғлиқ харажатлар учун маблағлар ҳар йили марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиси сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида ажратилади.
28. Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан индекс натижаларига кўра рағбатлантириш учун ажратилган маблағлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очиладиган алоҳида шахсий ҳисобварағида кўзда тутилади.
29. Рағбатлантириладиган олий таълим ташкилотлари рўйхати эълон қилинганидан сўнг Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўн иш куни муддатда тегишли маблағларни олий таълим ташкилотларининг шахсий ғазна ҳисобварағи ва банк ҳисобварағига ўтказиш юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига сўровнома тақдим этади.
30. Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлигига рағбатлантириладиган олий таълим ташкилотлари тўғрисида сўровнома келиб тушган кундан эътиборан ўн иш куни ичида белгиланган тартибда маблағларни тегишли давлат олий таълим ташкилотларининг бюджет маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади.
31. Рағбатлантириш тўловлари учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажми бюджет тизими бюджетлари харажатларининг иқтисодий таснифи бўйича 48 21 190 — «Бошқа харажатлар» харажатлар моддасида бир сатрда, йилнинг чораклари ва ойлари бўйича режалаштирилган ҳолда акс эттирилади.
32. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан берилган рухсат асосида ўн иш куни муддатда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги рағбатлантириладиган нодавлат олий таълим ташкилотларининг банк ҳисобварағига маблағларни ўтказади.
33. Рағбатлантириш маблағлари Карьера марказлари ходимларини рағбатлантиришга ва (ёки) уларни битирувчилар бандлиги мониторинги, иш берувчилар билан ҳамкорлик, стажировка ва амалиёт дастурларида иштирок этиши билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
34. Ахборот тизимидан фойдаланишда шахсга доир маълумотларни номуайян доирадаги шахсларга ошкор этиш, шу жумладан, шахсга доир маълумотларни оммавий ахборот воситаларида барчага маълум қилиш, Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштиришга ёки шахсга доир маълумотлардан бирор-бир бошқа усул билан фойдаланиш имконини беришга қаратилган ҳаракатлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
35. Индекс натижаларидан норози бўлган олий таълим ташкилотлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга мурожаат қилишлари мумкин.
36. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
«Битирувчи сифати индекси»ни шакллантириш ва унинг натижаларига биноан рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
«Битирувчи сифати индекси»ни шакллантириш ва унинг натижаларига кўра олий таълим ташкилотларини рағбатлантириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Агентлик «Битирувчи сифати индекси» (кейинги ўринларда — Индекс) бўйича индикаторларни ҳисоблаш учун зарур ахборотларни жамлайди. Ҳар йили 1 июлдан бошлаб 2-босқич Агентлик Индексда иштирок этадиган олий таълим ташкилотларининг рўйхатини тоифалар кесимида шакллантиради. Ҳар йили 1 июлдан 15 июлга қадар 3-босқич Агентлик Индекснинг дастлабки натижаларини шакллантиради. Ҳар йили 15 августга қадар 4-босқич Агентлик Индекснинг дастлабки натижаларини олий таълим ташкилотларига рақамли платформа орқали юборади. 10 кун муддатда 5-босқич Олий таълим ташкилоти Индекснинг дастлабки натижаларини кўриб чиқиш ва хатоликлар мавжуд бўлганда бу ҳақида хабар беради. 15 кун муддатда 6-босқич Агентлик Индекс натижалари ва рағбатлантиришга танланган олий таълим ташкилотлари рўйхатини эълон қилади. Ҳар йили 1 октябрга қадар 7-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Индекс натижалари асосида рағбатлантириш маблағларини олий таълим ташкилотларига ўтказиб беради. 10 иш кунида
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 525-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Битирувчи сифати индекси» автоматлаштирилган рақамли платформасига идоралараро электрон тизим орқали интеграция қилинадиган ахборот тизимлари
Т/р Вазирлик ва идора номи Маълумотлар тўплами таркиби 1. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги HEMIS — о лий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизимидан олий таълим ташкилотлари кесимида битирувчилар тўғрисида (диплом олган санаси, мутахассислиги, йўналиши, Ф.И.О., паспорт серияси ва рақами, ЖШШИР) маълумот. 2. Солиқ қўмитаси My.soliq.uz — солиқ органларининг электрон давлат хизматлари порталидан олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг даромади, юридик шахс ва ЯТТ ташкил этганлар битирувчилар ва ўзини ўзи банд қилган битирувчилар сони тўғрисида маълумот. 3 . Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги My.mehnat.uz — «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг сони, иш жойи, лавозими, ишга қабул қилинган вақти ва меҳнат стажи тўғрисида маълумот. 4. Мудофаа вазирлиги Олий таълим ташкилотлари битирувчиларидан ҳарбий хизматга қабул қилинган ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар сони тўғрисида (Ф.И.О., паспорт серияси ва рақами, ЖШШИР, хизмат ўташ ҳудуди, хизматга қабул қилинган вақт ва лавозими) маълумот. 5 . Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» — ахборот тизимининг Ягона ижтимоий реестридан: олий таълим ташкилотларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож битирувчилари (етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва ногиронлиги бўлган) сони тўғрисида (Ф.И.О., паспорт серияси ва рақами, ЖШШИР, ногиронлик тайинланган сана) тўғрисида; «Ижтимоий реестр»да «давлат таъминотидаги оила», «камбағал оила» ва «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасида — ягона боқувчи тариқасида рўйхатга олинган олий таълим ташкилотлари битирувчилари сони тўғрисида (Ф.И.О., паспорт серияси ва рақами, ЖШШИР) 6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимидан олий таълим ташкилотларининг бола парвариши таътилида бўлган битирувчилари сони тўғрисида (Ф.И.О., паспорт серияси ва рақами, ЖШШИР, таътилга чиққан санаси) маълумот. 7 . Ички ишлар вазирлиги «Ягона миграция базаси»дан объектив сабабларга кўра, Ўзбекистон Республикаси чегарасидан хорижга чиққан ва хориждан қайтган (кириш-чиқиш) битирувчилар сони тўғрисида (Ф.И.О., паспорт серияси ва рақами, ЖШШИР, чиққан хорижий давлати ва кетиш санаси) маълумот. 8 . Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказидан — юридик шахс, ЯТТ ташкил этган битирувчилар сони тўғрисида маълумот. «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимидан: олий таълим ташкилотларининг вафот этган битирувчилари сони тўғрисида (Ф.И.О., паспорт серияси ва рақами, ЖШШИР, вафот этган санаси) маълумот. 9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «UzASBO» дастурий мажмуасидан: олий таълим ташкилоти битирувчиси тўғрисида (Ф.И.О., паспорт серияси ва рақами, ЖШШИР, ойлик маоши ва даромади) маълумот. 10. Вазирлик ва идоралар Битирувчилар индексини аниқлаш учун зарур маълумотлар интеграция қилинмаган бошқа вазирлик ва идоралардан қонунчиликда белгиланган тартибда олиниши мумкин * .
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 525-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат хизматларини кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 22 ноябрдаги 612-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Қарорга 1-илова билан тасдиқланган Жисмоний ва юридик шахсларга маълумотномалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентида :
а) 1-банднинг учинчи хатбошисида «59» рақами «60» рақами билан алмаштирилсин;
б) қуйидаги мазмундаги 60-илова билан тўлдирилсин:
«Жисмоний ва юридик шахсларга маълумотномалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентига 60-ИЛОВА
Таълим ташкилотларига аккредитациядан ўтганлик тўғрисида маълумотнома бериш
1. Давлат хизмати номи Таълим ташкилотларининг аккредитациядан ўтганли ги тўғрисида маълумотнома 2. Давлат хизматидан фойдаланувчилар тоифаси Жисмоний ва юридик шахслар 3. Давлат хизматини кўрсатувчи ваколатли орган(лар) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги 4. Давлат хизматидан фойдаланиш учун талаб этиладиган маълумотлар Сўровномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади: а) жисмоний шахс учун: фамилияси, исми ва отасининг исми; биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (ЖШШИР маълумотлари); маълумотнома тили (ўзбек/рус/инглиз); электрон манзили (мавжуд бўлса) ва телефон рақами. б) юридик шахс учун: тўлиқ номи; электрон манзили (мавжуд бўлса) ва телефон рақами; СТИРи . 5. Давлат хизматини кўрсатганлик учун ундириладиган йиғим миқдори Бепул 6. Давлат хизматини кўрсатиш муддати 3 иш куни 7. Изоҳ ».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 29 сентябрь,
525 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
PASPORTI
Oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilari sifati indeksini joriy etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar tizimini takomillashtirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2026-yil 10-apreldagi PF-58-son Farmoni ijrosini taʼminlash, oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilari bandligi koʻrsatkichlari asosida ragʻbatlantirish mexanizmlarini tatbiq etish orqali sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 10-apreldagi PF-58-son Farmoniga muvofiq, “Bitiruvchi sifati indeksi”ni ishlab chiqish hamda har yili eng yuqori indeksga ega 20 ta oliy taʼlim tashkilotining Karyera markazlarini Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan 500 mln soʻmdan moliyaviy ragʻbatlantirishni yoʻlga qoʻyish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. 2026-yil 1-oktabrdan boshlab oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining bandligini taʼminlashning sifat darajasini baholashga qaratilgan “Bitiruvchi sifati indeksi” joriy etilsin.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Bitiruvchi sifati indeksi”ni shakllantirish va uning natijalariga koʻra oliy taʼlim tashkilotlarini ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining mehnat bozoridagi natijadorligini kompleks baholashga qaratilgan “Bitiruvchi sifati indeksi”ni shakllantirish tartibi;
“Bitiruvchi sifati indeksi”ni davlat axborot tizimlari bilan integratsiya qilingan raqamli platforma orqali shakllantirish, uning natijalarini eʼlon qilish va ragʻbatlantirish tartibi.
4. Taʼlim sifatini taʼminlash milliy agentligi 2026-yil 10-noyabrga qadar Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan integratsiyalashgan “Bitiruvchi sifati indeksi”ning raqamli platformasini budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan ishlab chiqib, ishga tushirishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
5. “Bitiruvchi sifati indeksi” avtomatlashtirilgan raqamli platformasiga idoralararo elektron tizim orqali integratsiya qilinadigan axborot tizimlari roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
6. “Kiberxavfsizlik markazi” DM 2026-yil 1-noyabrga qadar “Bitiruvchi sifati indeksi” raqamli platformasining belgilangan tartibda kiberxavfsizlik talablariga muvofiqligi yuzasidan tegishli ekspertizalardan oʻtkazilishi hamda “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” DM ekspertiza jarayonlari yakunidan soʻng platformaning vazirlik va idoralarning axborot tizimlari bilan integratsiya qilinishida koʻmaklashsin.
7. Raqamli texnologiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2026-yil 1-dekabrga qadar “Bitiruvchi sifati indeksi”ni shakllantirish uchun zarur boʻladigan maʼlumotlarning oʻzaro tezkor almashinuvini taʼminlash boʻyicha axborot tizimlarini “Raqamli hukumat”ning idoralararo integratsiya platformasi orqali integratsiya qilish choralarini koʻrsin.
8. Belgilab qoʻyilsinki, “Bitiruvchilar sifati indeksi”ni shakllantirish va uning natijalariga koʻra oliy taʼlim tashkilotlarini ragʻbatlantirish uchun mablagʻlar 2027-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida tasdiqlangan budjet parametrlariga tegishli oʻzgartirish kiritgan holda ajratiladi, 2028-yildan boshlab esa Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.
9. Vazirlar Mahkamasining “Davlat xizmatlarini koʻrsatishni tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjatlarni tizimlashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 22-noyabrdagi 612-son qaroriga 3-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
10. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
11. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov hamda Taʼlim sifatini taʼminlash milliy agentligi direktori B.G. Yuldashev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-sentabrdagi 525-son qaroriga 1-ILOVA
“Bitiruvchi sifati indeksi”ni shakllantirish va uning natijalariga koʻra oliy taʼlim tashkilotlarini ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “Bitiruvchi sifati indeksi”ni shakllantirish va uning natijalariga koʻra oliy taʼlim tashkilotlarini ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
bitiruvchi — hisobot yilida oliy taʼlim tashkilotini tamomlab, bakalavr yoki magistr diplomini olgan shaxs;
“Bitiruvchi sifati indeksi” (keyingi oʻrinlarda — indeks) — oliy taʼlim tashkiloti bitiruvchilarining mehnat bozoridagi natijadorligini band boʻlish tezligi, barqaror bandlik darajasi, oʻrtacha oylik daromadi va bandlik toifasi indikatorlari asosida kompleks baholash koʻrsatkichi;
“Bitiruvchi sifati indeksi”ni shakllantirishning avtomatlashtirilgan raqamli platformasi (keyingi oʻrinlarda — raqamli platforma) — tegishli vazirlik va idoralarning axborot tizimlari bilan integratsiya qilingan holda, zarur axborotlarni avtomatik ravishda toʻplash, verifikatsiya qilish, qayta ishlash va tahlil qilish orqali indeksni shakllantirishni taʼminlovchi axborot tizimi;
ijtimoiy himoyaga muhtoj bitiruvchi — yetim va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan shaxslar, shuningdek, nogironligi boʻlgan shaxslar;
indikator — oliy taʼlim tashkiloti bitiruvchilarining taʼlimni tugatgandan keyingi faoliyati va natijalarini baholash uchun qoʻllanadigan, aniq hisoblash tartibi va formulasiga ega boʻlgan koʻrsatkich;
oliy taʼlim tashkiloti toifasi — oliy taʼlim tashkilotida talabalar soni ustuvor boʻlgan taʼlim yoʻnalishidan kelib chiqqan holda, Oliy taʼlim tashkilotlari milliy reytingi doirasida Taʼlim sifatini taʼminlash milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan belgilanadigan toifa;
hisobot yili — 1-iyul sanasidan boshlanib, keyingi yilning 30-iyun sanasiga qadar boʻlgan 12 oylik davr.
3. Quyidagilar indeksni shakllantirish va uning natijalariga asosan ragʻbatlantirishning asosiy maqsadlari hisoblanadi:
oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining taʼlimni tugatgandan keyingi faoliyati va natijalarini tizimli baholash hamda baholash asosida oliy taʼlim tashkilotlarini ragʻbatlantirish;
bitiruvchilarning bandligi koʻrsatkichlari asosida oliy taʼlim tashkilotlari faoliyati samaradorligini oshirish;
oliy taʼlim tashkilotlari oʻrtasida bitiruvchilarning bandligini taʼminlashda sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish.
4. Indeksni shakllantirish va uning natijalariga koʻra oliy taʼlim tashkilotlarini ragʻbatlantirish ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Indeksni shakllantirish
5. Indeks Agentlik tomonidan har yili idoraviy mansubligi va tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, barcha oliy taʼlim tashkilotlari (oliy harbiy va harbiylashtirilgan taʼlim muassasalari bundan mustasno) bitiruvchilari boʻyicha shakllantiriladi.
6. Indeks oliy taʼlim tashkilotlarini “amaliy fanlar”, “tibbiyot fanlari”, “ijtimoiy-gumanitar fanlar” va “ijod (sport)” toifalariga ajratgan holda shakllantiriladi.
Bunda sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish maqsadida hisobot yilida 200 nafardan kam bitiruvchiga ega oliy taʼlim tashkilotlarining indeks natijalari alohida qayd etiladi va ularga nisbatan ragʻbatlantirish qoʻllanmaydi, “ijod (sport)” toifasidagi oliy taʼlim tashkilotlari bundan mustasno.
7. Hisobot yili davomida faoliyati tugatilgan oliy taʼlim tashkilotlari indeksning yakuniy natijalariga kiritilmaydi.
8. Indeks bitiruvchilarning band boʻlish tezligi, barqaror bandlik darajasi, oʻrtacha oylik daromadi va bandlik toifasi indikatorlari asosida shakllantiriladi.
9. Indeksni hisoblash tartibi va metodikasi Agentlik tomonidan belgilanadi.
10. Indeksni hisoblashda quyidagi toifadagi bitiruvchilarning koʻrsatkichlari inobatga olinmaydi:
xorijiy davlat fuqarosi hisoblangan;
harbiy xizmatni oʻtayotgan;
ozodlikdan mahrum etilgan;
vafot etgan.
11. Indeks boʻyicha indikatorlari uchun zarur boʻladigan axborotlar raqamli platformadan olinadi.
Zarur hollarda indikatorlar uchun maʼlumotlar Agentlikning soʻroviga koʻra tegishli vazirlik va idoralar tomonidan taqdim etiladi.
12. Oliy taʼlim tashkilotlariga indeks natijalarini raqamli platformadagi shaxsiy kabinet orqali kuzatib borish imkoniyati yaratiladi.
13. Indeksning indikatorlarini belgilab olishda foydalaniladigan axborotlarning toʻgʻriligi va ishonchliligi uchun tegishli vazirlik va idoralar masʼul hisoblanadi.
Bunda notoʻgʻri yoki soxtalashtirilgan maʼlumotlar, shuningdek, oliy taʼlim tashkiloti tomonidan indikator koʻrsatkich(lar)ini sunʼiy oshirishga urinishlar aniqlangan taqdirda, Agentlik direktorining buyrugʻi bilan oliy taʼlim tashkiloti mazkur yildagi indeks natijalaridan chiqariladi.
3-bob. Indeks natijalari asosida ragʻbatlantirish
14. Ragʻbatlantiriladigan oliy taʼlim tashkilotlari soni tegishli toifalarga kiruvchi oliy taʼlim tashkilotlari soniga mutanosib ravishda taqsimlanadi.
Bunda Indeksda ishtirok etadigan oliy taʼlim tashkilotlarining toifalar boʻyicha roʻyxati Agentlik tomonidan har yili 15-iyulga qadar belgilanadi.
15. Agentlik har yili 15-avgustga qadar indeksning dastlabki natijalarini shakllantiradi.
16. Agentlik indeksning dastlabki natijalari shakllantirilganidan soʻng, oʻn kun ichida ushbu natijalarni oliy taʼlim tashkilotlariga raqamli platforma orqali yuboradi.
17. Oliy taʼlim tashkilotlari indeksning dastlabki natijalari kelib tushgan kundan boshlab oʻn kun ichida ushbu natijalarni koʻrib chiqadi va xatoliklar mavjud boʻlganda, bu haqida raqamli platforma orqali Agentlikka bir ish kunida xabar beradi.
Bunda aniqlangan xatolik toʻgʻrisida batafsil maʼlumot koʻrsatilishi lozim.
18. Agentlik aniqlangan xatoliklarni oʻn besh kun ichida koʻrib chiqadi hamda indeksning dastlabki natijalarini oʻzgarishsiz qoldiradi yoki tegishli oʻzgartirishlar kiritadi.
Oʻzgartirish kiritilgan taqdirda, bu haqida besh ish kuni ichida Agentlik tomonidan oliy taʼlim tashkilot(lar)iga xabar beriladi.
19. Aniqlangan xatoliklar maʼlumotlar manbalari bilan bogʻliq boʻlgan taqdirda, indeksning dastlabki natijalari oʻzgarishsiz qoldirilishi mumkin.
Bunda Agentlik indikatorlarni hisoblashda foydalanilgan axborot manbasi boʻlgan vazirlik va (yoki) idoraga maʼlumotlarni shakllantirish jarayonlarini takomillashtirish yuzasidan takliflar kiritadi hamda xatolik yuzasidan xabar qilgan oliy taʼlim tashkilotiga asoslantirilgan javob xatini yuboradi.
20. Indeks natijalari har yili 1-oktabrga qadar jamoatchilik uchun ochiq tarzda Agentlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
21. Indeks natijalarini jamoatchilik uchun tushunarli va taqqoslama tarzda taqdim etish maqsadida har bir toifadagi oliy taʼlim tashkilotlari quyidagi guruhlarga ajratiladi:
“yashil” guruh — eng yuqori natija qayd etgan 30 foiz;
“sariq” guruh — keyingi 30 foiz;
“qizil” guruh — qolgan 40 foiz oliy taʼlim tashkilotlari.
22. Har bir toifa boʻyicha ragʻbatlantiriladigan oliy taʼlim tashkilotlari soni quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:
bunda:
S — tegishli toifa boʻyicha ragʻbatlantiriladigan oliy taʼlim tashkilotlari soni;
S toifa — ushbu toifaga mansub oliy taʼlim tashkilotlari soni;
S OTT — indeksda ishtirok etadigan oliy taʼlim tashkilotlarining umumiy soni;
20 — ragʻbatlantiriladigan oliy taʼlim tashkilotlari umumiy soni.
Hisoblangan qiymatlar butun sonlarga yaxlitlanadi hamda yaxlitlash natijasida ajratilgan oʻrinlar yigʻindisi 20 tani tashkil etmagan taqdirda, farq eng katta kasr qismiga ega boʻlgan toifalarga qoʻshib beriladi yoki kamaytiriladi.
23. Indeks natijalariga koʻra eng yuqori koʻrsatkichlarga erishgan 20 ta oliy taʼlim tashkiloti ragʻbatlantiriladi hamda mazkur oliy taʼlim tashkilotlari roʻyxati indeksning yakuniy natijalari bilan bir vaqtda eʼlon qilinadi.
24. Oliy taʼlim tashkilotlarining indeks natijalari teng boʻlgan taqdirda, ustunlik oʻrtacha oylik daromad koeffitsiyenti indikatori boʻyicha yuqori natija qayd etgan oliy taʼlim tashkilotiga beriladi.
25. Oʻrtacha oylik daromad koeffitsiyenti indikatori boʻyicha natijalar ham teng boʻlgan taqdirda, ustunlik barqaror bandlik darajasi, bandlik toifasi va band boʻlish tezligi indikatorlari boʻyicha natijalar ketma-ketligi asosida beriladi.
26. Ragʻbatlantiriladigan oliy taʼlim tashkilotlarining har biriga Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan 500 mln soʻmdan ajratiladi.
27. Ragʻbatlantirish toʻlovlarini moliyalashtirish bilan bogʻliq xarajatlar uchun mablagʻlar har yili markazlashtirilgan tartibda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchisi sifatida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga ajratilgan mablagʻlarning cheklangan miqdorlari doirasida ajratiladi.
28. Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan indeks natijalariga koʻra ragʻbatlantirish uchun ajratilgan mablagʻlar Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochiladigan alohida shaxsiy hisobvaragʻida koʻzda tutiladi.
29. Ragʻbatlantiriladigan oliy taʼlim tashkilotlari roʻyxati eʼlon qilinganidan soʻng Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi oʻn ish kuni muddatda tegishli mablagʻlarni oliy taʼlim tashkilotlarining shaxsiy gʻazna hisobvaragʻi va bank hisobvaragʻiga oʻtkazish yuzasidan Iqtisodiyot va moliya vazirligiga soʻrovnoma taqdim etadi.
30. Oliy taʼlim fan va innovatsiyalar vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga ragʻbatlantiriladigan oliy taʼlim tashkilotlari toʻgʻrisida soʻrovnoma kelib tushgan kundan eʼtiboran oʻn ish kuni ichida belgilangan tartibda mablagʻlarni tegishli davlat oliy taʼlim tashkilotlarining budjet mablagʻlari boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazadi.
31. Ragʻbatlantirish toʻlovlari uchun ajratiladigan budjet mablagʻlari hajmi budjet tizimi budjetlari xarajatlarining iqtisodiy tasnifi boʻyicha 48 21 190 — “Boshqa xarajatlar” xarajatlar moddasida bir satrda, yilning choraklari va oylari boʻyicha rejalashtirilgan holda aks ettiriladi.
32. Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan berilgan ruxsat asosida oʻn ish kuni muddatda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi ragʻbatlantiriladigan nodavlat oliy taʼlim tashkilotlarining bank hisobvaragʻiga mablagʻlarni oʻtkazadi.
33. Ragʻbatlantirish mablagʻlari Karyera markazlari xodimlarini ragʻbatlantirishga va (yoki) ularni bitiruvchilar bandligi monitoringi, ish beruvchilar bilan hamkorlik, stajirovka va amaliyot dasturlarida ishtirok etishi bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirishga yoʻnaltiriladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
34. Axborot tizimidan foydalanishda shaxsga doir maʼlumotlarni nomuayyan doiradagi shaxslarga oshkor etish, shu jumladan, shaxsga doir maʼlumotlarni ommaviy axborot vositalarida barchaga maʼlum qilish, Internet jahon axborot tarmogʻiga joylashtirishga yoki shaxsga doir maʼlumotlardan biror-bir boshqa usul bilan foydalanish imkonini berishga qaratilgan harakatlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka sabab boʻladi.
35. Indeks natijalaridan norozi boʻlgan oliy taʼlim tashkilotlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga murojaat qilishlari mumkin.
36. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
“Bitiruvchi sifati indeksi”ni shakllantirish va uning natijalariga binoan ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
“Bitiruvchi sifati indeksi”ni shakllantirish va uning natijalariga koʻra oliy taʼlim tashkilotlarini ragʻbatlantirish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Agentlik “Bitiruvchi sifati indeksi” (keyingi oʻrinlarda — Indeks) boʻyicha indikatorlarni hisoblash uchun zarur axborotlarni jamlaydi. Har yili 1-iyuldan boshlab 2-bosqich Agentlik Indeksda ishtirok etadigan oliy taʼlim tashkilotlarining roʻyxatini toifalar kesimida shakllantiradi. Har yili 1-iyuldan 15-iyulga qadar 3-bosqich Agentlik Indeksning dastlabki natijalarini shakllantiradi. Har yili 15-avgustga qadar 4-bosqich Agentlik Indeksning dastlabki natijalarini oliy taʼlim tashkilotlariga raqamli platforma orqali yuboradi. 10 kun muddatda 5-bosqich Oliy taʼlim tashkiloti Indeksning dastlabki natijalarini koʻrib chiqish va xatoliklar mavjud boʻlganda bu haqida xabar beradi. 15 kun muddatda 6-bosqich Agentlik Indeks natijalari va ragʻbatlantirishga tanlangan oliy taʼlim tashkilotlari roʻyxatini eʼlon qiladi. Har yili 1-oktabrga qadar 7-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Indeks natijalari asosida ragʻbatlantirish mablagʻlarini oliy taʼlim tashkilotlariga oʻtkazib beradi. 10 ish kunida
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-sentabrdagi 525-son qaroriga 2-ILOVA
“Bitiruvchi sifati indeksi” avtomatlashtirilgan raqamli platformasiga idoralararo elektron tizim orqali integratsiya qilinadigan axborot tizimlari
T/r Vazirlik va idora nomi Maʼlumotlar toʻplami tarkibi 1. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi HEMIS — o liy taʼlim jarayonlarini boshqarish axborot tizimidan oliy taʼlim tashkilotlari kesimida bitiruvchilar toʻgʻrisida (diplom olgan sanasi, mutaxassisligi, yoʻnalishi, F.I.O., pasport seriyasi va raqami, JSHSHIR) maʼlumot. 2. Soliq qoʻmitasi My.soliq.uz — soliq organlarining elektron davlat xizmatlari portalidan oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining daromadi, yuridik shaxs va YTT tashkil etganlar bitiruvchilar va oʻzini oʻzi band qilgan bitiruvchilar soni toʻgʻrisida maʼlumot. 3 . Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi My.mehnat.uz — “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksidan oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining soni, ish joyi, lavozimi, ishga qabul qilingan vaqti va mehnat staji toʻgʻrisida maʼlumot. 4. Mudofaa vazirligi Oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilaridan harbiy xizmatga qabul qilingan va muddatli harbiy xizmatni oʻtayotgan harbiy xizmatchilar soni toʻgʻrisida (F.I.O., pasport seriyasi va raqami, JSHSHIR, xizmat oʻtash hududi, xizmatga qabul qilingan vaqt va lavozimi) maʼlumot. 5 . Ijtimoiy himoya milliy agentligi “Yagona milliy ijtimoiy himoya” — axborot tizimining Yagona ijtimoiy reyestridan: oliy taʼlim tashkilotlarining ijtimoiy himoyaga muhtoj bitiruvchilari (yetim, ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan va nogironligi boʻlgan) soni toʻgʻrisida (F.I.O., pasport seriyasi va raqami, JSHSHIR, nogironlik tayinlangan sana) toʻgʻrisida; “Ijtimoiy reyestr”da “davlat taʼminotidagi oila”, “kambagʻal oila” va “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasida — yagona boquvchi tariqasida roʻyxatga olingan oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilari soni toʻgʻrisida (F.I.O., pasport seriyasi va raqami, JSHSHIR) 6. Sogʻliqni saqlash vazirligi “Elektron sogʻliqni saqlash” axborot tizimidan oliy taʼlim tashkilotlarining bola parvarishi taʼtilida boʻlgan bitiruvchilari soni toʻgʻrisida (F.I.O., pasport seriyasi va raqami, JSHSHIR, taʼtilga chiqqan sanasi) maʼlumot. 7 . Ichki ishlar vazirligi “Yagona migratsiya bazasi”dan obyektiv sabablarga koʻra, Oʻzbekiston Respublikasi chegarasidan xorijga chiqqan va xorijdan qaytgan (kirish-chiqish) bitiruvchilar soni toʻgʻrisida (F.I.O., pasport seriyasi va raqami, JSHSHIR, chiqqan xorijiy davlati va ketish sanasi) maʼlumot. 8 . Adliya vazirligi Davlat xizmatlari markazidan — yuridik shaxs, YTT tashkil etgan bitiruvchilar soni toʻgʻrisida maʼlumot. “FHDYning yagona elektron arxivi” axborot tizimidan: oliy taʼlim tashkilotlarining vafot etgan bitiruvchilari soni toʻgʻrisida (F.I.O., pasport seriyasi va raqami, JSHSHIR, vafot etgan sanasi) maʼlumot. 9. Iqtisodiyot va moliya vazirligi “UzASBO” dasturiy majmuasidan: oliy taʼlim tashkiloti bitiruvchisi toʻgʻrisida (F.I.O., pasport seriyasi va raqami, JSHSHIR, oylik maoshi va daromadi) maʼlumot. 10. Vazirlik va idoralar Bitiruvchilar indeksini aniqlash uchun zarur maʼlumotlar integratsiya qilinmagan boshqa vazirlik va idoralardan qonunchilikda belgilangan tartibda olinishi mumkin * .
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-sentabrdagi 525-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Davlat xizmatlarini koʻrsatishni tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjatlarni tizimlashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 22-noyabrdagi 612-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Qarorga 1-ilova bilan tasdiqlangan Jismoniy va yuridik shaxslarga maʼlumotnomalar berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning yagona maʼmuriy reglamentida :
a) 1-bandning uchinchi xatboshisida “59” raqami “60” raqami bilan almashtirilsin;
b) quyidagi mazmundagi 60-ilova bilan toʻldirilsin:
“Jismoniy va yuridik shaxslarga maʼlumotnomalar berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning yagona maʼmuriy reglamentiga 60-ILOVA
Taʼlim tashkilotlariga akkreditatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisida maʼlumotnoma berish
1. Davlat xizmati nomi Taʼlim tashkilotlarining akkreditatsiyadan oʻtganli gi toʻgʻrisida maʼlumotnoma 2. Davlat xizmatidan foydalanuvchilar toifasi Jismoniy va yuridik shaxslar 3. Davlat xizmatini koʻrsatuvchi vakolatli organ(lar) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Taʼlim sifatini taʼminlash milliy agentligi 4. Davlat xizmatidan foydalanish uchun talab etiladigan maʼlumotlar Soʻrovnomada quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi: a) jismoniy shaxs uchun: familiyasi, ismi va otasining ismi; biometrik pasport yoki identifikatsiyalovchi ID-kartasi maʼlumotlari (JSHSHIR maʼlumotlari); maʼlumotnoma tili (oʻzbek/rus/ingliz); elektron manzili (mavjud boʻlsa) va telefon raqami. b) yuridik shaxs uchun: toʻliq nomi; elektron manzili (mavjud boʻlsa) va telefon raqami; STIRi . 5. Davlat xizmatini koʻrsatganlik uchun undiriladigan yigʻim miqdori Bepul 6. Davlat xizmatini koʻrsatish muddati 3 ish kuni 7. Izoh ”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 29-sentabr,
525 -son