📅 2026-yil 24-sentabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktori
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 24-sentabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktori
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 24 сентябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 сентября 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Директор Агентства по противодействию коррупции
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 September 2026 · Ministry and agency documents · Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktori
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг
Буйруғи
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Давлат органлари ва ташкилотларининг, давлат иштирокидаги корхоналарнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги ПФ-270-сон «Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони , 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Давлат органлари ва ташкилотларининг, давлат иштирокидаги корхоналарнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Ушбу буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2026 йил 24 сентябрдаги 106-сон буйруғига 1-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотларининг, давлат иштирокидаги корхоналарнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги
Ушбу Намунавий низом давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг (бундан буён матнда ички назорат тузилмалари деб юритилади) вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ички назорат тузилмалари давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўришга масъул ҳисобланади.
2. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатларига ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифалар ички назорат тузилмалари томонидан амалга оширилади .
3. Ички назорат тузилмалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, ушбу Намунавий низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
2-боб. Ички назорат тузилмалари фаолиятини ташкил этиш
4. Ички назорат тузилмалари хизмат ва (ёки) бўлинма кўринишида ташкил этилади ёхуд лавозимдан иборат бўлади .
5. Ички назорат тузилмалари фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан биргаликда амалга оширилади.
6. Ички назорат тузилмалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширишда Агентликка бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади. Агентлик ички назорат тузилмаларининг фаолиятига услубий ва методик жиҳатдан ёрдам кўрсатиб боради.
7. Давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари ўз фаолиятида бевосита давлат органи ва ташкилоти раҳбарига, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида эса кузатув кенгашига (кузатув кенгаши мавжуд бўлмаган ҳолларда корхона раҳбарига) бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади.
8. Давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосар лавозими жорий этилган ҳолларда, ички назорат тузилмалари ўз фаолиятида ушбу ўринбосарга бўйсунади.
Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосар ҳамда ички назорат тузилмалари фаолияти устидан назорат қилиш алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
9. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва таркибий ташкилотларининг ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимлари республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари томонидан тайинланади ҳамда фаолияти улар томонидан мувофиқлаштирилади.
10. «E-anticor.uz» электрон платформасида ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларининг электрон реестри юритилади, коррупцияга қарши курашиш бўйича қилинган ишлар ҳақидаги ҳисобот электрон шаклда тақдим этилади, аноним сўровномалар ўтказилиб, натижалари жамоатчиликка эълон қилинади.
3-боб. Ички назорат тузилмаларининг масъул лавозимларига нисбатан қўйиладиган талаблар
11. Ички назорат тузилмаларининг масъул лавозимларига нисбатан иш тажрибаси ва касбий компетенциясига доир қуйидаги минимал талаблар белгиланади :
юриспруденция, иқтисодиёт, молия, солиқ, аудит, тизимли таҳлил, менежмент ёки ахборот технологиялари мутахассисликлари бўйича олий маълумот;
ички назорат тузилмалари бошлиғи лавозими учун мутахассислиги бўйича камида 4 йиллик, бошқарув ходимлари учун 3 йиллик иш стажи. Бунда комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги иш стажига устуворлик берилади;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида махсус ўқув курсларидан ўтганлик тўғрисида сертификатга эга бўлиш. Сертификатга эга бўлган мутахассислар Агентликда юритиладиган ички назорат тузилмаларига номзодлар захирасига киритилади.
4-боб. Ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш ҳамда уларни интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини келишиш
12. Ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлашни, агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бўш лавозимларга муқобиллик асосида, очиқ ва шаффоф танловлар орқали амалга оширилади .
13. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан танлов босқичларининг бошланиши ва натижалари тўғрисида Агентликка маълумот тақдим этиб борилади. Бунда номзодларнинг умумий малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади. Танлов ўтказилиш куни ва вақти тўғрисида Агентлик танлов бошланишидан камида 3 кун олдин хабардор қилинади.
14. Давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Агентлик билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида амалга оширилади. Бунда танлов натижалари бўйича комиссия хулосаси Агентлик билан келишилади.
15. Ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимдан озод қилиш масаласи Агентлик билан келишилади. Бунда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан Агентликка ички назорат тузилмалари раҳбари ва ходимини лавозимдан озод қилиш ҳақида тақдимнома юборилади. Тақдимномада ходимни лавозимидан озод қилиш сабаблари, мотивлари кўрсатилади ва уларни тасдиқловчи ҳужжатлар (ходимнинг аризаси, ички меҳнат тартиби қоидаларини бузганлигига оид маълумотлар ва бошқалар) илова қилинади.
16. Агентлик томонидан ички назорат тузилмалари раҳбари ва ходимини лавозимидан озод этиш сабаблари, мотивлари етарли эмас деб ҳисобланган тақдирда, шу жумладан уларнинг таъқиб қилинаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлса, ушбу масалада ички назорат тузилмалари раҳбари ва ходими билан суҳбат ўтказилади.
17. Қуйидагилар ички назорат тузилмалари раҳбари ва ходимини лавозимидан озод қилиш масаласини Агентлик томонидан келишишни рад этиш учун асос бўлади:
лавозимдан озод этиш учун сабаблар етарли эмас деб топилганда;
ўз зиммасига юклатилган вазифа ва мажбуриятлар доирасидан ташқари вазифаларни бажармаганлиги ёки ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни бажарганлиги учун таъқиб қилинганлиги ҳолати аниқланганда.
18. Тақдим этилган ҳужжатлар Агентлик томонидан уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, тегишли давлат органи ва ташкилотига ички назорат тузилмалари масъул ходимини лавозимдан озод қилишни келишиш ёки келишишнинг рад этилганлиги сабаблари кўрсатилган хат юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати томонидан ички назорат тузилмаси раҳбари ёки ходимини эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига номувофиқ деб топиш тўғрисида тегишли давлат органи ва ташкилотига тақдимнома киритилган тақдирда, уни лавозимидан озод қилиш масаласи Агентлик билан келишилмайди.
19. Ички назорат тузилмаларининг ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш масаласи Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Бунда давлат органи ёки ташкилот раҳбари томонидан ички назорат тузилмаларининг ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш бўйича Агентликка тақдимнома киритилади.
20. Тақдимномада қуйидагилар кўрсатилади:
интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлган ҳолатлар ва уларнинг тавсифи;
аниқланган қоидабузарлик ёки камчиликлар бўйича хизмат текшируви материаллари;
ходимнинг тушунтириш хати ёки уни тақдим этишдан бош тортганлиги тўғрисидаги далолатнома;
қўллаш таклиф этилаётган интизомий жазо тури.
21. Қуйидагилар ички назорат тузилмалари раҳбари ва ходимини интизомий жавобгарликка тортиш масаласини Агентлик томонидан келишишни рад этиш учун асос бўлади:
интизомий жавобгарликка тортиш учун сабаблар етарли эмас деб топилганда;
ўз зиммасига юклатилган вазифа ва мажбуриятлар доирасидан ташқари вазифаларни бажармаганлиги ёки ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни бажарганлиги учун таъқиб қилинганлиги ҳолати аниқланганда;
интизомий жазо тури амалдаги қонунчиликка зид бўлса.
22. Тақдим этилган ҳужжатлар Агентлик томонидан уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, тегишли давлат органи ва ташкилотига ички назорат тузилмалари масъул ходимини интизомий жавобгарликка тортишни келишиш ёки келишишнинг рад этилганлиги сабаблари кўрсатилган хат юборилади.
5-боб. Ички назорат тузилмалари раҳбар ва ходимлари фаолиятига нисбатан самарадорлик кўрсаткичларини қўллаш
23. Давлат органи ва ташкилотлар ходимлари учун белгиланган самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимларининг фаолиятига нисбатан қўлланилмайди .
Бунда самарадорлик кўрсаткичларидан (KPI) келиб чиқадиган устамалар тегишли лавозим учун белгиланган максимал миқдорда татбиқ этилади.
24. Ички назорат тузилмаларининг раҳбар ва ходимлари фаолиятига нисбатан самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) пасайтириш масалалари Агентлик розилиги билан амалга оширилади .
25. Давлат органи ёки ташкилот раҳбари томонидан ички назорат тузилмалари раҳбар ва ходимларига нисбатан самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) пасайтириш бўйича Агентликка тақдимнома киритилади.
26. Самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) пасайтиришга қуйидагилар асос бўлади:
ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этилмаганлиги;
хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаслик ёки интизомий жазо қўлланилганлиги;
коррупцияга қарши ички назорат тизими тўлиқ жорий этилмаганлиги ёки самарали фаолият юритмаётганлиги;
коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чоралар кўрилмаганлиги.
27. Давлат органи ёки ташкилоти томонидан тақдим этилган асослантирувчи ҳужжатлар Агентлик томонидан улар берилган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, ички назорат тузилмалари раҳбар ва ходимларига нисбатан самарадорлик кўрсаткичларини пасайтиришни келишиш ёки келишишнинг рад этилганлиги сабаблари кўрсатилган хат тақдим этилади.
6-боб. Ички назорат тузилмалари вазифа ва функциялари
28. Ички назорат тузилмаларининг асосий мақсади давлат органлари ва ташкилотларида, шунингдек, унинг ҳудудий ва таркибий тузилмаларида (бундан буён матнда ташкилот тизими деб юритилади) коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO 37001:2025 Коррупцияга қарши халқаро стандарти талабларига жавоб берувчи, коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этиш ва ривожлантириш, коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, ташкилот тизими ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, коррупцияга қарши профилактик чора-тадбирларни ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳужжатлар ижросини таъминлашдан иборат.
29. Қуйидагилар ички назорат тузилмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички сиёсат амалга оширилиши ҳамда ушбу соҳадаги фаолият мувофиқлаштирилишида бевосита иштирок этади ;
давлат органи ва ташкилоти фаолиятида коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар ҳамда назорат тизими жорий этилишини таъминлайди ;
давлат органи ва ташкилоти тизимида қонунга риоя этиш, унга нисбатан ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини яратиш ва бу борада аҳолининг ижобий фикрини шакллантириш чораларини кўради ;
давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш вазифасини амалга оширувчи, бюджет маблағлари айланмасини назорат қилувчи бўлинмаларнинг ҳамда шахсий хавфсизлик бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштиради ;
коррупцияга оид хавф-хатарларни тизимли таҳлил қилиш ва баҳолаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни ишлаб чиқади ҳамда уларнинг ижросини ташкил этади ;
давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни такомиллаштириб бориш чораларини кўради ;
давлат органи ва ташкилоти фаолиятида шаффофликни таъминлаш, аффилланганлик ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олишга қаратилган коррупцияга қарши назорат тизимини амалга оширади ;
давлат органи ва ташкилотида коррупция ҳолатлари ҳамда уларнинг олдини олиш юзасидан белгиланган тартибда текширувлар ўтказилишини ҳамда қатъий жавобгарлик чоралари кўрилишини ташкил этади ;
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади .
30. Ички назорат тузилмалари асосий вазифаларини амалга ошириш мақсадида қуйидаги функцияларни бажаради:
а) давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички сиёсат амалга оширилиши ҳамда ушбу соҳадаги фаолият мувофиқлаштирилишида бевосита иштирок этиш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотлари тизимида коррупцияга қарши курашиш тизимининг ISO 37001:2025 Коррупцияга қарши халқаро стандарти талабларига мослигини таъминлайди;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун ташкилот раҳбарига киритади;
давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолайди, уларнинг натижалари бўйича аниқланган хавф-хатарларни камайтириш юзасидан чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқади ва ташкилотда коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимлар рўйхатини яратади;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўхшаш ҳуқуқбузарликлар содир этилиши эҳтимолини баҳолаш мақсадида давлат ҳокимиятининг бошқа органларида коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг ҳолати ва йўналишлари ҳақида маълумот тўплайди, таҳлил қилади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;
б) давлат органи ва ташкилоти фаолиятида коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар ҳамда назорат тизими жорий этилишини таъминлаш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиладиган коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар лойиҳаларини ташкилот тизимида коррупцияга қарши курашиш сиёсатига мослиги, мақбуллиги ва долзарблиги нуқтаи назаридан баҳолайди ва хулосалар беради;
давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ички идоравий ҳужжатларда аниқланган коррупциявий нормаларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқади ва чоралар кўради;
махсус ахборот алоқа каналлари орқали ташкилот ходимлари томонидан коррупциявий хавф-хатарлар ва ҳуқуқбузарликлар ҳақида келиб тушадиган мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқилишини таъминлайди ва чоралар кўрилади;
аниқланган ҳуқуқбузарликлар ёки келиб тушган хабарлар асосида хизмат текширувларини ўтказади;
давлат органлари ва ташкилотларида юритиладиган хизмат текширувлари реестри ёки ўтказилган хизмат текширувларини рўйхатга оладиган бошқа тегишли ҳужжатда коррупция фактларига доир хизмат текширувлари бўйича маълумотларнинг тўғри ва тўлиқ акс эттириб борилишини назорат қилади;
в) давлат органи ва ташкилоти тизимида қонунга риоя этиш, унга нисбатан ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини яратиш ва бу борада аҳолининг ижобий фикрини шакллантириш чораларини кўриш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотлари тизими ходимлари ва фуқаролар ўртасида коррупцияга қарши курашиш бўйича тарғибот тадбирларида иштирок этади;
коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларида ташкилотга юклатилган вазифалар ижросини таъминлайди, мониторинг қилади ва ижроси устидан назоратини амалга оширади;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятидаги коррупциявий ҳолатларни ва хавф-хатарларни аниқлаш мақсадида аҳоли ва ходимлар орасида сўровлар ўтказади;
давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари, шу жумладан коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимлардаги ходимлар учун коррупциянинг олдини олиш бўйича ўқув материалларини ишлаб чиқади;
ўқув режага мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг барча ходимлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тренинглар ўтказади;
давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтидаги «Коррупцияга қарши курашиш» бўлими ҳамда ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига жойлаштирилган маълумотларнинг янгиланиб борилишини таъминлайди;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги ходимлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва ташкилотнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ички ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилади;
давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича тушунтириш ва тавсиялар беради;
коррупция фактлари ҳақида хабар беришга мўлжалланган махсус ахборот алоқа каналларининг фаолият натижаларини таҳлил қилади ва тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;
г) давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш вазифасини амалга оширувчи, бюджет маблағлари айланмасини назорат қилувчи бўлинмаларнинг ҳамда шахсий хавфсизлик бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:
давлат органи ва ташкилоти томонидан бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат харидлари ва молиявий операциялар жараёнида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва уларнинг олдини олиш бўйича маблағлари айланмаси билан боғлиқ шаффоф бўлмаган ёки хавфли жараёнларни аниқлашда бюджет маблағлари айланмасини назорат қилувчи бўлинмалар билан биргаликда ёки ўзи мустақил мониторинг ўтказади ва тегишли чораларни кўриб боради;
ўз ваколати доирасидаги йирик инвестиция лойиҳаларни тўғридан-тўғри экспертиза қилади ва баҳолайди;
ички аудит хизмати билан биргаликда асосий воситалар бўйича давлат харидининг қонунийлигини ўрганади ва тегишли ёзма хулосаларини харид комиссиясига тақдим этади;
давлат органи ва ташкилотида ходимлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви, хизмат мавқейини суиистеъмол қилиш ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан тегишли бўлинмалар билан қўшма профилактик тадбирларни ташкил этади;
коррупциявий ҳуқуқбузарлик аломатлари ёки қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан келиб тушган маълумотларни ўрганишда шахсий хавфсизлик хизмати билан ўзаро ахборот алмашинувини таъминлайди;
бюджет маблағлари айланмасини назорат қилувчи бўлинмалар томонидан аниқланган қонунбузарлик сабаблари ва шарт-шароитларини таҳлил қилган ҳолда, уларни бартараф этиш бўйича ягона ёндашув ва услубий тавсияларни ишлаб чиқади;
д) коррупцияга оид хавф-хатарларни тизимли таҳлил қилиш ва баҳолаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни ишлаб чиқади ҳамда уларнинг ижросини ташкил этиш соҳасида:
аниқланган хавфларни баҳолайди ҳамда давлат органи ва ташкилотнинг «Коррупциявий хавф-хатарлар харитаси»ни тузади ва мунтазам янгилаб боради;
давлат органи ва ташкилотида коррупция хавф-хатарларининг олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этади ва назорат қилади;
хавфларни камайтириш чораларининг самарадорлигини мониторинг қилиб, раҳбариятга тегишли ахборот ва таклифлар киритиб боради;
е) давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни такомиллаштириб бориш чораларини кўриш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ функцияларни амалга оширишда бюрократик ҳолатлар ва коррупциявий омилларни аниқлайди;
давлат хизматларини кўрсатиш соҳаси ва тизимда мавжуд бюрократик тўсиқлар ва коррупциявий омиллар бўйича ахборот-таҳлилий маълумотлар тайёрлайди, коррупциявий омилларни бартараф этиш, шу жумладан соҳада рақамлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тақдим этади;
давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назоратни амалга ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш имконини берувчи ситуацион марказлар фаолиятини ташкил этади ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
амалга оширилган мониторинг, хизмат текширувлари ва назорат тадбирлари натижалари бўйича коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади;
коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларининг натижадорлигини доимий равишда баҳолаб боради (индикаторлар асосида) ва тизимни янада ривожлантириш бўйича раҳбариятга асосланган таклифлар киритади;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда экспертиза якунлари бўйича аниқланган коррупцияни келтириб чиқарувчи омилни бартараф этиш чораларини кўради ёки бекор қилиш бўйича давлат органлари ёки ташкилотлари раҳбарига таклиф киритади;
давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш юзасидан хорижий мутахассисларни жалб этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
ж) давлат органи ва ташкилоти фаолиятида шаффофликни таъминлаш, аффилланганлик ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олишга қаратилган коррупцияга қарши назорат тизимини амалга ошириш соҳасида:
давлат органи ва ташкилоти фаолиятининг очиқлигини ошириш, жамоaтчилик олдида ҳисобдорликни таъминлаш ҳамда расмий веб-сайтлар ва ахборот ресурсларида жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотларнинг мунтазам янгилаб борилишини мониторинг қилади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан барча турдаги ички буйруқ ва қарорларни шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор, Фармон ва фармойишлари билан ташкил этилган комиссия ва кенгашларнинг баённомаларини «E-qaror» тизими орқали қабул қилинишини (тизимда эълон қилинишини) назорат қилиб боради;
давлат харидлари ва танловларнинг шаффоф ўтказилиши юзасидан ички назоратни амалга оширади;
давлат харидларида иштирок этувчи шахсларнинг ўзаро аффилланганлик ҳолатларини (манфаатлар боғлиқлигини) текширади ва махсус реестрларни юритади;
давлат харидлари ва танловлар жараёнларида манфаатдор шахслар иштирок этишининг олдини олиш бўйича превентив чораларни кўради;
ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришида юзага келиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлайди, баҳолайди ва уни ҳал этиш чораларини кўради;
манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тизимини жорий этади ва бу борада ходимлар томонидан декларациялар ўз вақтида тақдим этилишини назорат қилади;
шахсий манфаатдорлик билан боғлиқ коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида таъсирчан ички назорат механизмларининг фаолият кўрсатишини таъминлайди ҳамда белгиланган талабларни бузган шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш юзасидан ташкилот раҳбариятига асосланган таклифлар киритади;
з) давлат органи ва ташкилотида коррупция ҳолатлари ҳамда уларнинг олдини олиш юзасидан белгиланган тартибда текширувлар ўтказилишини ҳамда қатъий жавобгарлик чоралари кўрилишини ташкил этиш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги коррупциявий хатти-ҳаракатлар бўйича хизмат текширувларини ўтказиш ташаббусини илгари суради ва унда иштирок этади;
коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги фаолияти юзасидан назорат тадбирларини амалга оширади;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти унинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички ҳужжатларига ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан текширувлар ўтказади;
кўрилган жавобгарлик чораларининг ижросини назорат қилади ва келгусида бундай ҳуқуқбузарликлар такрорланишининг олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирларни амалга оширади;
и) коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади:
коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ваколатли органлар билан тезкор ахборот алмашинувини таъминлайди, уларнинг сўровларига асосан зарурий маълумотларни ўз вақтида тақдим этади;
коррупциявий хатти-ҳаракатларни бартараф қилиш ёки коррупциявий жиноятларни тергов қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилади;
тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тўғридан-тўғри тақдим этади, шунингдек кадрлар масаласи ва молиявий харажатлар бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиш ёки тегишли раҳбарни ёхуд ходимни вазифасини бажаришдан вақтинча четлатиш борасида таклиф киритади.
31. Давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифалар ва функцияларни ҳам амалга оширади.
32. Ички назорат тузилмалари ходимлари зиммасига уларнинг вазифаларидан келиб чиқмайдиган топшириқлар юклатилишига йўл қўйилмайди.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида ички назорат тузилмалари ходимлари давлат харидлари, шу жумладан халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган, давлат-хусусий шериклик ҳамда ишончли бошқарувга бериш соҳаларидаги танлов (тендер) комиссиялари таркибига киритилмайди.
7-боб. Ички назорат тузилмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
33. Давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат органи ва ташкилоти тизимидаги ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот ҳамда маълумотлар базаларидан фойдаланиш ;
давлат органи ва ташкилотида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон яратувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш ;
давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупцияга қарши чораларни ҳамда назорат тадбирларини мустақил ёки ишчи гуруҳ тузган ҳолда ташкил этиш ;
коррупцияга қарши курашиш борасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув ва тергов органлари билан ҳамкорлик қилиш, уларни белгиланган тартибда жалб этиш чораларини кўриш ;
коррупциявий омилларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва коррупция ҳолатларига чек қўйиш мақсадида шахсларнинг хатти-ҳаракатларини, ҳодисаларни ҳамда жараёнларни бевосита ёки билвосита кузатиш ва қайд этиш ;
ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, фуқаролардан маълумотларни ҳамда бошқа зарур ҳужжатларни ва материалларни сўраш ва олиш ;
ваколатини амалга ошириш доирасида зарурат туғилганда тегишли ҳужжат ва материаллар билан танишиш мақсадида давлат органи ва ташкилотининг объектларига тўсқинликсиз кириш ;
давлат органи ва ташкилоти тизимида аниқланган коррупция ҳолатлари бўйича юқори турувчи комплаенс хизматларини тўғридан-тўғри мустақил равишда хабардор қилиш ;
давлат органи ва ташкилоти тизимида коррупция ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш мақсадида муайян шахслар билан белгиланган тартибда ноошкора ҳамкорлик ўрнатиш ;
давлат органи ва ташкилоти тизимида аниқланган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактлари бўйича тўпланган материалларни қонуний чора кўриш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки бевосита уларнинг ички назорат тузилмаларига тақдим этиш ;
давлат органи ва ташкилоти тизимида қонун бузилиши ҳолларининг олдини олиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ва ушбу ҳолларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритиш .
34. Ички назорат тузилмалари қуйидагиларга мажбур ҳисобланади:
ушбу Низом, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Президент Администрациясининг топшириқлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажариш;
қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш ва ўз ваколат доирасидан четга чиқмаслик;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлари аломатлари аниқланганлиги тўғрисида зудлик билан тўғридан-тўғри юқори турувчи орган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш;
давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, одоб-ахлоқ қоидаларининг коррупцияга оид қисмининг бузилганлиги факти юзасидан ташкилот раҳбариятига маълумотномалар киритиш;
ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг биринчи ўн кунлигида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ва чора-тадбирлар тўғрисидаги ойлик ҳисоботни давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарига тақдим этиш.
8-боб. Ички назорат тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш
35. Агентлик ички назорат тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларни таҳлилий ва ҳуқуқий-услубий жиҳатдан таъминлайди , шунингдек, ушбу тузилмалар ходимларини стажировка ва аттестациядан ўтказади ҳамда малакасини оширади.
36. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва таркибий ташкилотларининг ички назорат тузилмалари раҳбарлари ва ходимлари республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари (агар мавжуд бўлса, унинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари) томонидан мувофиқлаштирилади .
37. Давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати қонунчилик ҳужжатларига асосан мувофиқлаштириб боради. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати тегишли давлат органи ёки ташкилотининг ички назорат тузилмалари раҳбарини ёки ходимни малакаси етарли бўлмаганлиги қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланган тақдирда эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида давлат органлари ёки ташкилотларига ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритишга ҳақлидир.
38. Давлат органи ва ташкилоти биринчи раҳбарларининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлари аломатлари аниқланганда ёки жиноий гуруҳ фаолиятига раҳнамолик қилаётган деб ҳисоблаш учун етарли (ҳужжатлар билан тасдиқланган ва асосли далиллар) асослар мавжуд бўлганда уларнинг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати билан (ички назорат тузилмалари эса комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосар ёки тегишлича юқори турувчи комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати билан) келишган ҳолда тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тўғридан-тўғри тақдим этиш, шунингдек кадрлар масаласи ва молиявий харажатлар бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиш ёки тегишли раҳбарни ёхуд ходимни вазифасини бажаришдан вақтинча четлатиш борасида таклиф киритиш ваколатига эга бўлади .
9-боб. Якунловчи қоидалар
39. Ички назорат тузилмалари ходимлари давлат ҳимоясидадир .
40. Ички назорат тузилмалари ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинади .
41. Ушбу Намунавий низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига асосан жавоб беради.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2026 йил 24 сентябрдаги 106-сон буйруғига 2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2026 йил 28 мартдаги 84-сон «Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3829, 2026 йил 6 май) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2026 й., 10/26/3829/0468-сон).
2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 17 сентябрдаги 31-мҳ-сон «Вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3942, 2026 йил 17 сентябрь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.09.2026 й., 10/26/3942/0953-сон) илованинг 5-банди .
Директор А. БУРХАНОВ
Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори в.б. У. ХУСАИНОВ
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси К. РАФИКОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 24 сентябрь,
2026 йил 22 сентябрь
2026 йил 22 сентябрь
2026 йил 17 сентябрь
106-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktorining
Buyrugʻi
NAMUNAVIY NIZOM
ROʻYXATI
Davlat organlari va tashkilotlarining, davlat ishtirokidagi korxonalarning komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalari faoliyati toʻgʻrisidagi namunaviy nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 30-dekabrdagi PF-270-son “Oʻzbekiston Respublikasida korrupsiyaning oldini olish va unga qarshi kurashish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida”gi Farmoni , 2021-yil 6-iyuldagi PQ-5177-son “Korrupsiyaga qarshi kurashish faoliyatini samarali tashkil etishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Davlat organlari va tashkilotlarining, davlat ishtirokidagi korxonalarning komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalari faoliyati toʻgʻrisidagi namunaviy nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
3. Ushbu buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi, Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi Kengashi bilan kelishilgan.
4. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktorining 2026-yil 24-sentabrdagi 106-son buyrugʻiga 1-ILOVA
Davlat organlari va tashkilotlarining, davlat ishtirokidagi korxonalarning komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalari faoliyati toʻgʻrisidagi
Ushbu Namunaviy nizom davlat organlari va tashkilotlari, ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyatlarida (bundan buyon matnda davlat organlari va tashkilotlari deb yuritiladi) komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalarining (bundan buyon matnda ichki nazorat tuzilmalari deb yuritiladi) vazifalari, funksiyalari, huquq va majburiyatlari hamda ularning faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ichki nazorat tuzilmalari davlat organlari va tashkilotlarida korrupsiya holatlarini barvaqt aniqlash va ularning oldini olish, ularning sabab va shart-sharoitlarini bartaraf etish, manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymaslik hamda korrupsiyaga nisbatan murosasiz munosabatni shakllantirish choralarini koʻrishga masʼul hisoblanadi.
2. Davlat organlari va tashkilotlarida korrupsiya holatlariga hamda korrupsiyaga oid huquqbuzarliklarga qarshi kurashish sohasidagi huquqni muhofaza qilishga doir ayrim vazifalar ichki nazorat tuzilmalari tomonidan amalga oshiriladi .
3. Ichki nazorat tuzilmalari oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari va qarorlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi Rahbarining farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlariga, ushbu Namunaviy nizomga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
2-bob. Ichki nazorat tuzilmalari faoliyatini tashkil etish
4. Ichki nazorat tuzilmalari xizmat va (yoki) boʻlinma koʻrinishida tashkil etiladi yoxud lavozimdan iborat boʻladi .
5. Ichki nazorat tuzilmalari faoliyatini tashkil etish Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi (bundan buyon matnda Agentlik deb yuritiladi) hamda davlat organlari va tashkilotlari tomonidan birgalikda amalga oshiriladi.
6. Ichki nazorat tuzilmalari korrupsiyaga qarshi kurashish sohasidagi faoliyatni amalga oshirishda Agentlikka boʻysunadi va uning oldida hisobdor boʻladi. Agentlik ichki nazorat tuzilmalarining faoliyatiga uslubiy va metodik jihatdan yordam koʻrsatib boradi.
7. Davlat organlari va tashkilotlarining ichki nazorat tuzilmalari oʻz faoliyatida bevosita davlat organi va tashkiloti rahbariga, ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyatlarida esa kuzatuv kengashiga (kuzatuv kengashi mavjud boʻlmagan hollarda korxona rahbariga) boʻysunadi va uning oldida hisobdor boʻladi.
8. Davlat organlari va tashkilotlarida komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat boʻyicha oʻrinbosar lavozimi joriy etilgan hollarda, ichki nazorat tuzilmalari oʻz faoliyatida ushbu oʻrinbosarga boʻysunadi.
Komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat boʻyicha oʻrinbosar hamda ichki nazorat tuzilmalari faoliyati ustidan nazorat qilish alohida qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.
9. Davlat organlari va tashkilotlari hududiy boʻlinmalari va tarkibiy tashkilotlarining ichki nazorat tuzilmalari rahbarlari va xodimlari respublika darajasidagi davlat organlari va tashkilotlarining birinchi rahbarlari tomonidan tayinlanadi hamda faoliyati ular tomonidan muvofiqlashtiriladi.
10. “E-anticor.uz” elektron platformasida ichki nazorat tuzilmalari rahbarlari va xodimlarining elektron reyestri yuritiladi, korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha qilingan ishlar haqidagi hisobot elektron shaklda taqdim etiladi, anonim soʻrovnomalar oʻtkazilib, natijalari jamoatchilikka eʼlon qilinadi.
3-bob. Ichki nazorat tuzilmalarining masʼul lavozimlariga nisbatan qoʻyiladigan talablar
11. Ichki nazorat tuzilmalarining masʼul lavozimlariga nisbatan ish tajribasi va kasbiy kompetensiyasiga doir quyidagi minimal talablar belgilanadi :
yurisprudensiya, iqtisodiyot, moliya, soliq, audit, tizimli tahlil, menejment yoki axborot texnologiyalari mutaxassisliklari boʻyicha oliy maʼlumot;
ichki nazorat tuzilmalari boshligʻi lavozimi uchun mutaxassisligi boʻyicha kamida 4 yillik, boshqaruv xodimlari uchun 3 yillik ish staji. Bunda komplayens va korrupsiyaga qarshi kurashish yoʻnalishidagi ish stajiga ustuvorlik beriladi;
korrupsiyaga qarshi kurashish sohasida maxsus oʻquv kurslaridan oʻtganlik toʻgʻrisida sertifikatga ega boʻlish. Sertifikatga ega boʻlgan mutaxassislar Agentlikda yuritiladigan ichki nazorat tuzilmalariga nomzodlar zaxirasiga kiritiladi.
4-bob. Ichki nazorat tuzilmalari rahbarlari va xodimlarini lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod qilish hamda ularni intizomiy javobgarlikka tortish masalalarini kelishish
12. Ichki nazorat tuzilmalari rahbarlari va xodimlarini lavozimga tayinlashni, agar qonunchilik hujjatlarida boshqacha tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, boʻsh lavozimlarga muqobillik asosida, ochiq va shaffof tanlovlar orqali amalga oshiriladi .
13. Davlat organlari va tashkilotlari tomonidan tanlov bosqichlarining boshlanishi va natijalari toʻgʻrisida Agentlikka maʼlumot taqdim etib boriladi. Bunda nomzodlarning umumiy malaka talablariga muvofiqligini tasdiqlovchi hujjatlar taqdim etiladi. Tanlov oʻtkazilish kuni va vaqti toʻgʻrisida Agentlik tanlov boshlanishidan kamida 3 kun oldin xabardor qilinadi.
14. Davlat organlari va tashkilotlarining ichki nazorat tuzilmalari rahbarlari va xodimlarini lavozimga tayinlash qonunchilik hujjatlariga muvofiq Agentlik bilan birgalikda oʻtkaziladigan ochiq tanlov asosida amalga oshiriladi. Bunda tanlov natijalari boʻyicha komissiya xulosasi Agentlik bilan kelishiladi.
15. Ichki nazorat tuzilmalari rahbarlari va xodimlarini lavozimdan ozod qilish masalasi Agentlik bilan kelishiladi. Bunda davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari tomonidan Agentlikka ichki nazorat tuzilmalari rahbari va xodimini lavozimdan ozod qilish haqida taqdimnoma yuboriladi. Taqdimnomada xodimni lavozimidan ozod qilish sabablari, motivlari koʻrsatiladi va ularni tasdiqlovchi hujjatlar (xodimning arizasi, ichki mehnat tartibi qoidalarini buzganligiga oid maʼlumotlar va boshqalar) ilova qilinadi.
16. Agentlik tomonidan ichki nazorat tuzilmalari rahbari va xodimini lavozimidan ozod etish sabablari, motivlari yetarli emas deb hisoblangan taqdirda, shu jumladan ularning taʼqib qilinayotganligi haqida maʼlumotlar mavjud boʻlsa, ushbu masalada ichki nazorat tuzilmalari rahbari va xodimi bilan suhbat oʻtkaziladi.
17. Quyidagilar ichki nazorat tuzilmalari rahbari va xodimini lavozimidan ozod qilish masalasini Agentlik tomonidan kelishishni rad etish uchun asos boʻladi:
lavozimdan ozod etish uchun sabablar yetarli emas deb topilganda;
oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifa va majburiyatlar doirasidan tashqari vazifalarni bajarmaganligi yoki oʻziga yuklatilgan vazifa va majburiyatlarni bajarganligi uchun taʼqib qilinganligi holati aniqlanganda.
18. Taqdim etilgan hujjatlar Agentlik tomonidan uch ish kuni ichida koʻrib chiqilib, tegishli davlat organi va tashkilotiga ichki nazorat tuzilmalari masʼul xodimini lavozimdan ozod qilishni kelishish yoki kelishishning rad etilganligi sabablari koʻrsatilgan xat yuboriladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasining Komplayens xizmati tomonidan ichki nazorat tuzilmasi rahbari yoki xodimini egallab turgan lavozimiga yoki bajarayotgan ishiga nomuvofiq deb topish toʻgʻrisida tegishli davlat organi va tashkilotiga taqdimnoma kiritilgan taqdirda, uni lavozimidan ozod qilish masalasi Agentlik bilan kelishilmaydi.
19. Ichki nazorat tuzilmalarining xodimlarini intizomiy javobgarlikka tortish masalasi Agentlik bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi. Bunda davlat organi yoki tashkilot rahbari tomonidan ichki nazorat tuzilmalarining xodimlarini intizomiy javobgarlikka tortish boʻyicha Agentlikka taqdimnoma kiritiladi.
20. Taqdimnomada quyidagilar koʻrsatiladi:
intizomiy javobgarlikka tortish uchun asos boʻlgan holatlar va ularning tavsifi;
aniqlangan qoidabuzarlik yoki kamchiliklar boʻyicha xizmat tekshiruvi materiallari;
xodimning tushuntirish xati yoki uni taqdim etishdan bosh tortganligi toʻgʻrisidagi dalolatnoma;
qoʻllash taklif etilayotgan intizomiy jazo turi.
21. Quyidagilar ichki nazorat tuzilmalari rahbari va xodimini intizomiy javobgarlikka tortish masalasini Agentlik tomonidan kelishishni rad etish uchun asos boʻladi:
intizomiy javobgarlikka tortish uchun sabablar yetarli emas deb topilganda;
oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifa va majburiyatlar doirasidan tashqari vazifalarni bajarmaganligi yoki oʻziga yuklatilgan vazifa va majburiyatlarni bajarganligi uchun taʼqib qilinganligi holati aniqlanganda;
intizomiy jazo turi amaldagi qonunchilikka zid boʻlsa.
22. Taqdim etilgan hujjatlar Agentlik tomonidan uch ish kuni ichida koʻrib chiqilib, tegishli davlat organi va tashkilotiga ichki nazorat tuzilmalari masʼul xodimini intizomiy javobgarlikka tortishni kelishish yoki kelishishning rad etilganligi sabablari koʻrsatilgan xat yuboriladi.
5-bob. Ichki nazorat tuzilmalari rahbar va xodimlari faoliyatiga nisbatan samaradorlik koʻrsatkichlarini qoʻllash
23. Davlat organi va tashkilotlar xodimlari uchun belgilangan samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) ichki nazorat tuzilmalari rahbarlari va xodimlarining faoliyatiga nisbatan qoʻllanilmaydi .
Bunda samaradorlik koʻrsatkichlaridan (KPI) kelib chiqadigan ustamalar tegishli lavozim uchun belgilangan maksimal miqdorda tatbiq etiladi.
24. Ichki nazorat tuzilmalarining rahbar va xodimlari faoliyatiga nisbatan samaradorlik koʻrsatkichlarini (KPI) pasaytirish masalalari Agentlik roziligi bilan amalga oshiriladi .
25. Davlat organi yoki tashkilot rahbari tomonidan ichki nazorat tuzilmalari rahbar va xodimlariga nisbatan samaradorlik koʻrsatkichlarini (KPI) pasaytirish boʻyicha Agentlikka taqdimnoma kiritiladi.
26. Samaradorlik koʻrsatkichlarini (KPI) pasaytirishga quyidagilar asos boʻladi:
ichki mehnat tartibi qoidalariga rioya etilmaganligi;
xizmat vazifalarini lozim darajada bajarmaslik yoki intizomiy jazo qoʻllanilganligi;
korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tizimi toʻliq joriy etilmaganligi yoki samarali faoliyat yuritmayotganligi;
korrupsiyaviy xavf-xatarlarni aniqlash va bartaraf etish boʻyicha choralar koʻrilmaganligi.
27. Davlat organi yoki tashkiloti tomonidan taqdim etilgan asoslantiruvchi hujjatlar Agentlik tomonidan ular berilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida koʻrib chiqilib, ichki nazorat tuzilmalari rahbar va xodimlariga nisbatan samaradorlik koʻrsatkichlarini pasaytirishni kelishish yoki kelishishning rad etilganligi sabablari koʻrsatilgan xat taqdim etiladi.
6-bob. Ichki nazorat tuzilmalari vazifa va funksiyalari
28. Ichki nazorat tuzilmalarining asosiy maqsadi davlat organlari va tashkilotlarida, shuningdek, uning hududiy va tarkibiy tuzilmalarida (bundan buyon matnda tashkilot tizimi deb yuritiladi) korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha ISO 37001:2025 Korrupsiyaga qarshi xalqaro standarti talablariga javob beruvchi, korrupsiyaga qarshi kurashish tizimini joriy etish va rivojlantirish, korrupsiyaviy holatlarni barvaqt aniqlash va ularning sabab va shart-sharoitlarini bartaraf etish, korrupsiyaviy xatti-harakatlar sodir etilishining oldini olish, tashkilot tizimi xodimlarida korrupsiyaga nisbatan murosasiz munosabatni shakllantirish maqsadida ularning huquqiy ongi va madaniyatini oshirish, korrupsiyaga qarshi profilaktik chora-tadbirlarni tashkil etish, korrupsiyaga qarshi kurashish sohasidagi hujjatlar ijrosini taʼminlashdan iborat.
29. Quyidagilar ichki nazorat tuzilmalarining asosiy vazifalari hisoblanadi:
davlat organi va tashkiloti tizimida korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha ichki siyosat amalga oshirilishi hamda ushbu sohadagi faoliyat muvofiqlashtirilishida bevosita ishtirok etadi ;
davlat organi va tashkiloti faoliyatida korrupsiya holatlarining oldini olishga qaratilgan samarali mexanizmlar hamda nazorat tizimi joriy etilishini taʼminlaydi ;
davlat organi va tashkiloti tizimida qonunga rioya etish, unga nisbatan hurmat ruhini mustahkamlash, korrupsiyaga nisbatan murosasiz munosabat muhitini yaratish va bu borada aholining ijobiy fikrini shakllantirish choralarini koʻradi ;
davlat organi va tashkiloti tizimida korrupsiyaga qarshi kurashish vazifasini amalga oshiruvchi, budjet mablagʻlari aylanmasini nazorat qiluvchi boʻlinmalarning hamda shaxsiy xavfsizlik boʻlinmalarining faoliyatini muvofiqlashtiradi ;
korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni tizimli tahlil qilish va baholash, bartaraf etish va ularning oldini olish boʻyicha zarur choralarni ishlab chiqadi hamda ularning ijrosini tashkil etadi ;
davlat organi va tashkiloti tizimida korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha faoliyatni takomillashtirib borish choralarini koʻradi ;
davlat organi va tashkiloti faoliyatida shaffoflikni taʼminlash, affillanganlik hamda manfaatlar toʻqnashuvi holatlarining oldini olishga qaratilgan korrupsiyaga qarshi nazorat tizimini amalga oshiradi ;
davlat organi va tashkilotida korrupsiya holatlari hamda ularning oldini olish yuzasidan belgilangan tartibda tekshiruvlar oʻtkazilishini hamda qatʼiy javobgarlik choralari koʻrilishini tashkil etadi ;
korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha faoliyatni amalga oshiruvchi hamda unda ishtirok etuvchi davlat organlari va tashkilotlari bilan hamkorlik qiladi .
30. Ichki nazorat tuzilmalari asosiy vazifalarini amalga oshirish maqsadida quyidagi funksiyalarni bajaradi:
a) davlat organi va tashkiloti tizimida korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha ichki siyosat amalga oshirilishi hamda ushbu sohadagi faoliyat muvofiqlashtirilishida bevosita ishtirok etish sohasida:
davlat organlari va tashkilotlari tizimida korrupsiyaga qarshi kurashish tizimining ISO 37001:2025 Korrupsiyaga qarshi xalqaro standarti talablariga mosligini taʼminlaydi;
davlat organlari va tashkilotlari tizimida korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirishga qaratilgan ichki idoraviy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqadi;
davlat organlari va tashkilotlarining korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha chora-tadbirlarini ishlab chiqadi va tasdiqlash uchun tashkilot rahbariga kiritadi;
davlat organlari va tashkilotlarida korrupsiyaviy xavf-xatarlarni baholaydi, ularning natijalari boʻyicha aniqlangan xavf-xatarlarni kamaytirish yuzasidan chora-tadbirlar rejalarini ishlab chiqadi va tashkilotda korrupsiyaviy xavf-xatari yuqori boʻlgan lavozimlar roʻyxatini yaratadi;
aholining huquqiy ongi va huquqiy madaniyatini yuksaltirishga, jamiyatda korrupsiyaga nisbatan murosasiz munosabatni shakllantirishga doir chora-tadbirlarning ishlab chiqilishida ishtirok etadi;
davlat organlari va tashkilotlari tomonidan oʻxshash huquqbuzarliklar sodir etilishi ehtimolini baholash maqsadida davlat hokimiyatining boshqa organlarida korrupsiyaviy huquqbuzarliklar sodir etilishining holati va yoʻnalishlari haqida maʼlumot toʻplaydi, tahlil qiladi va tegishli chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
b) davlat organi va tashkiloti faoliyatida korrupsiya holatlarining oldini olishga qaratilgan samarali mexanizmlar hamda nazorat tizimi joriy etilishini taʼminlash sohasida:
davlat organlari va tashkilotlari tomonidan ishlab chiqiladigan korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha chora-tadbirlar loyihalarini tashkilot tizimida korrupsiyaga qarshi kurashish siyosatiga mosligi, maqbulligi va dolzarbligi nuqtai nazaridan baholaydi va xulosalar beradi;
davlat organlari va tashkilotlarining faoliyatiga oid normativ-huquqiy hujjatlar va ichki idoraviy hujjatlarda aniqlangan korrupsiyaviy normalarni bartaraf etishga qaratilgan tavsiyalar ishlab chiqadi va choralar koʻradi;
maxsus axborot aloqa kanallari orqali tashkilot xodimlari tomonidan korrupsiyaviy xavf-xatarlar va huquqbuzarliklar haqida kelib tushadigan murojaatlarni belgilangan tartibda koʻrib chiqilishini taʼminlaydi va choralar koʻriladi;
aniqlangan huquqbuzarliklar yoki kelib tushgan xabarlar asosida xizmat tekshiruvlarini oʻtkazadi;
davlat organlari va tashkilotlarida yuritiladigan xizmat tekshiruvlari reyestri yoki oʻtkazilgan xizmat tekshiruvlarini roʻyxatga oladigan boshqa tegishli hujjatda korrupsiya faktlariga doir xizmat tekshiruvlari boʻyicha maʼlumotlarning toʻgʻri va toʻliq aks ettirib borilishini nazorat qiladi;
v) davlat organi va tashkiloti tizimida qonunga rioya etish, unga nisbatan hurmat ruhini mustahkamlash, korrupsiyaga nisbatan murosasiz munosabat muhitini yaratish va bu borada aholining ijobiy fikrini shakllantirish choralarini koʻrish sohasida:
davlat organlari va tashkilotlari tizimi xodimlari va fuqarolar oʻrtasida korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha targʻibot tadbirlarida ishtirok etadi;
korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha davlat dasturlarida tashkilotga yuklatilgan vazifalar ijrosini taʼminlaydi, monitoring qiladi va ijrosi ustidan nazoratini amalga oshiradi;
davlat organlari va tashkilotlari faoliyatidagi korrupsiyaviy holatlarni va xavf-xatarlarni aniqlash maqsadida aholi va xodimlar orasida soʻrovlar oʻtkazadi;
davlat organlari va tashkilotlari xodimlari, shu jumladan korrupsiyaviy xavf-xatari yuqori boʻlgan lavozimlardagi xodimlar uchun korrupsiyaning oldini olish boʻyicha oʻquv materiallarini ishlab chiqadi;
oʻquv rejaga muvofiq davlat organlari va tashkilotlarining barcha xodimlari uchun korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha treninglar oʻtkazadi;
davlat organlari va tashkilotlarining rasmiy veb-saytidagi “Korrupsiyaga qarshi kurashish” boʻlimi hamda ijtimoiy tarmoqlaridagi sahifalariga joylashtirilgan maʼlumotlarning yangilanib borilishini taʼminlaydi;
davlat organlari va tashkilotlari tizimidagi xodimlar tomonidan korrupsiyaga qarshi kurashish sohasidagi Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga va tashkilotning korrupsiyaning oldini olish va unga qarshi kurashish boʻyicha ichki hujjatlariga rioya qilinishini monitoring va nazorat qiladi;
davlat organlari va tashkilotlari xodimlariga korrupsiyaga qarshi kurashish masalalari boʻyicha tushuntirish va tavsiyalar beradi;
korrupsiya faktlari haqida xabar berishga moʻljallangan maxsus axborot aloqa kanallarining faoliyat natijalarini tahlil qiladi va tegishli chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
g) davlat organi va tashkiloti tizimida korrupsiyaga qarshi kurashish vazifasini amalga oshiruvchi, budjet mablagʻlari aylanmasini nazorat qiluvchi boʻlinmalarning hamda shaxsiy xavfsizlik boʻlinmalarining faoliyatini muvofiqlashtirish sohasida:
davlat organi va tashkiloti tomonidan budjet mablagʻlarining sarflanishi, davlat xaridlari va moliyaviy operatsiyalar jarayonida korrupsiyaviy xavf-xatarlarni baholash va ularning oldini olish boʻyicha mablagʻlari aylanmasi bilan bogʻliq shaffof boʻlmagan yoki xavfli jarayonlarni aniqlashda budjet mablagʻlari aylanmasini nazorat qiluvchi boʻlinmalar bilan birgalikda yoki oʻzi mustaqil monitoring oʻtkazadi va tegishli choralarni koʻrib boradi;
oʻz vakolati doirasidagi yirik investitsiya loyihalarni toʻgʻridan-toʻgʻri ekspertiza qiladi va baholaydi;
ichki audit xizmati bilan birgalikda asosiy vositalar boʻyicha davlat xaridining qonuniyligini oʻrganadi va tegishli yozma xulosalarini xarid komissiyasiga taqdim etadi;
davlat organi va tashkilotida xodimlar oʻrtasida manfaatlar toʻqnashuvi, xizmat mavqeyini suiisteʼmol qilish va boshqa huquqbuzarliklarning oldini olish yuzasidan tegishli boʻlinmalar bilan qoʻshma profilaktik tadbirlarni tashkil etadi;
korrupsiyaviy huquqbuzarlik alomatlari yoki qonun buzilishi holatlari yuzasidan kelib tushgan maʼlumotlarni oʻrganishda shaxsiy xavfsizlik xizmati bilan oʻzaro axborot almashinuvini taʼminlaydi;
budjet mablagʻlari aylanmasini nazorat qiluvchi boʻlinmalar tomonidan aniqlangan qonunbuzarlik sabablari va shart-sharoitlarini tahlil qilgan holda, ularni bartaraf etish boʻyicha yagona yondashuv va uslubiy tavsiyalarni ishlab chiqadi;
d) korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni tizimli tahlil qilish va baholash, bartaraf etish va ularning oldini olish boʻyicha zarur choralarni ishlab chiqadi hamda ularning ijrosini tashkil etish sohasida:
aniqlangan xavflarni baholaydi hamda davlat organi va tashkilotning “Korrupsiyaviy xavf-xatarlar xaritasi”ni tuzadi va muntazam yangilab boradi;
davlat organi va tashkilotida korrupsiya xavf-xatarlarining oldini olish boʻyicha ishlab chiqilgan chora-tadbirlarning oʻz vaqtida va sifatli bajarilishini tashkil etadi va nazorat qiladi;
xavflarni kamaytirish choralarining samaradorligini monitoring qilib, rahbariyatga tegishli axborot va takliflar kiritib boradi;
e) davlat organi va tashkiloti tizimida korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha faoliyatni takomillashtirib borish choralarini koʻrish sohasida:
davlat organlari va tashkilotlari tomonidan davlat xizmatlarini koʻrsatish bilan bogʻliq funksiyalarni amalga oshirishda byurokratik holatlar va korrupsiyaviy omillarni aniqlaydi;
davlat xizmatlarini koʻrsatish sohasi va tizimda mavjud byurokratik toʻsiqlar va korrupsiyaviy omillar boʻyicha axborot-tahliliy maʼlumotlar tayyorlaydi, korrupsiyaviy omillarni bartaraf etish, shu jumladan sohada raqamlashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi va taqdim etadi;
davlat organlari va tashkilotlarida korrupsiyaga qarshi ichki nazoratni amalga oshirish va korrupsiyaviy xavf-xatarlarni aniqlash imkonini beruvchi situatsion markazlar faoliyatini tashkil etadi va takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;
amalga oshirilgan monitoring, xizmat tekshiruvlari va nazorat tadbirlari natijalari boʻyicha korrupsiyaga qarshi kurashish tizimini takomillashtirish yuzasidan tavsiyalar ishlab chiqadi;
korrupsiyaga qarshi kurashish chora-tadbirlarining natijadorligini doimiy ravishda baholab boradi (indikatorlar asosida) va tizimni yanada rivojlantirish boʻyicha rahbariyatga asoslangan takliflar kiritadi;
idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarni korrupsiyaga qarshi ekspertizadan oʻtkazish hamda ekspertiza yakunlari boʻyicha aniqlangan korrupsiyani keltirib chiqaruvchi omilni bartaraf etish choralarini koʻradi yoki bekor qilish boʻyicha davlat organlari yoki tashkilotlari rahbariga taklif kiritadi;
davlat organlari va tashkilotlarining korrupsiyaga qarshi kurashish chora-tadbirlarini takomillashtirish yuzasidan xorijiy mutaxassislarni jalb etish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;
j) davlat organi va tashkiloti faoliyatida shaffoflikni taʼminlash, affillanganlik hamda manfaatlar toʻqnashuvi holatlarining oldini olishga qaratilgan korrupsiyaga qarshi nazorat tizimini amalga oshirish sohasida:
davlat organi va tashkiloti faoliyatining ochiqligini oshirish, jamoatchilik oldida hisobdorlikni taʼminlash hamda rasmiy veb-saytlar va axborot resurslarida joylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlarning muntazam yangilab borilishini monitoring qiladi;
davlat organlari va tashkilotlari tomonidan barcha turdagi ichki buyruq va qarorlarni shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti qaror, Farmon va farmoyishlari bilan tashkil etilgan komissiya va kengashlarning bayonnomalarini “E-qaror” tizimi orqali qabul qilinishini (tizimda eʼlon qilinishini) nazorat qilib boradi;
davlat xaridlari va tanlovlarning shaffof oʻtkazilishi yuzasidan ichki nazoratni amalga oshiradi;
davlat xaridlarida ishtirok etuvchi shaxslarning oʻzaro affillanganlik holatlarini (manfaatlar bogʻliqligini) tekshiradi va maxsus reyestrlarni yuritadi;
davlat xaridlari va tanlovlar jarayonlarida manfaatdor shaxslar ishtirok etishining oldini olish boʻyicha preventiv choralarni koʻradi;
xodimlarning oʻz xizmat vazifalarini bajarishida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan manfaatlar toʻqnashuvini oʻz vaqtida aniqlaydi, baholaydi va uni hal etish choralarini koʻradi;
manfaatlar toʻqnashuvini deklaratsiya qilish tizimini joriy etadi va bu borada xodimlar tomonidan deklaratsiyalar oʻz vaqtida taqdim etilishini nazorat qiladi;
shaxsiy manfaatdorlik bilan bogʻliq korrupsiyaviy huquqbuzarliklarning oldini olish sohasida taʼsirchan ichki nazorat mexanizmlarining faoliyat koʻrsatishini taʼminlaydi hamda belgilangan talablarni buzgan shaxslarga nisbatan javobgarlik choralarini qoʻllash yuzasidan tashkilot rahbariyatiga asoslangan takliflar kiritadi;
z) davlat organi va tashkilotida korrupsiya holatlari hamda ularning oldini olish yuzasidan belgilangan tartibda tekshiruvlar oʻtkazilishini hamda qatʼiy javobgarlik choralari koʻrilishini tashkil etish sohasida:
davlat organlari va tashkilotlari tizimidagi korrupsiyaviy xatti-harakatlar boʻyicha xizmat tekshiruvlarini oʻtkazish tashabbusini ilgari suradi va unda ishtirok etadi;
korrupsiyaviy huquqbuzarliklarning oldini olish maqsadida tizimdagi faoliyati yuzasidan nazorat tadbirlarini amalga oshiradi;
davlat organlari va tashkilotlari faoliyati uning korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha ichki hujjatlariga hamda xalqaro standartlarga muvofiqligi yuzasidan tekshiruvlar oʻtkazadi;
koʻrilgan javobgarlik choralarining ijrosini nazorat qiladi va kelgusida bunday huquqbuzarliklar takrorlanishining oldini olish boʻyicha profilaktik chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
i) korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha faoliyatni amalga oshiruvchi hamda unda ishtirok etuvchi davlat organlari va tashkilotlari bilan hamkorlik qiladi:
korrupsiyaga qarshi kurashish masalalari boʻyicha vakolatli organlar bilan tezkor axborot almashinuvini taʼminlaydi, ularning soʻrovlariga asosan zaruriy maʼlumotlarni oʻz vaqtida taqdim etadi;
korrupsiyaviy xatti-harakatlarni bartaraf qilish yoki korrupsiyaviy jinoyatlarni tergov qilish boʻyicha tadbirlarni amalga oshirishda huquqni muhofaza qiluvchi organlar bilan hamkorlik qiladi;
tegishli hujjatlar va maʼlumotlarni huquqni muhofaza qiluvchi organlarga toʻgʻridan-toʻgʻri taqdim etadi, shuningdek kadrlar masalasi va moliyaviy xarajatlar boʻyicha boshqaruv qarorlarini qabul qilish huquqini vaqtincha toʻxtatish yoki tegishli rahbarni yoxud xodimni vazifasini bajarishdan vaqtincha chetlatish borasida taklif kiritadi.
31. Davlat organlari va tashkilotlarining komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmalari qonunchilikka muvofiq boshqa vazifalar va funksiyalarni ham amalga oshiradi.
32. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlari zimmasiga ularning vazifalaridan kelib chiqmaydigan topshiriqlar yuklatilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish maqsadida ichki nazorat tuzilmalari xodimlari davlat xaridlari, shu jumladan xalqaro moliya institutlari mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladigan, davlat-xususiy sheriklik hamda ishonchli boshqaruvga berish sohalaridagi tanlov (tender) komissiyalari tarkibiga kiritilmaydi.
7-bob. Ichki nazorat tuzilmalarining huquq va majburiyatlari
33. Davlat organlari va tashkilotlarining ichki nazorat tuzilmalari oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifalarni amalga oshirishda quyidagi huquqlarga ega:
davlat organi va tashkiloti tizimidagi oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifalarni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan axborot hamda maʼlumotlar bazalaridan foydalanish ;
davlat organi va tashkilotida korrupsiyaga oid huquqbuzarliklarning sodir etilishiga imkon yaratuvchi sabablar hamda shart-sharoitlarni bartaraf etish choralarini koʻrish ;
davlat organi va tashkiloti tizimida korrupsiyaga qarshi choralarni hamda nazorat tadbirlarini mustaqil yoki ishchi guruh tuzgan holda tashkil etish ;
korrupsiyaga qarshi kurashish borasida tezkor-qidiruv, tergovga qadar tekshiruv va tergov organlari bilan hamkorlik qilish, ularni belgilangan tartibda jalb etish choralarini koʻrish ;
korrupsiyaviy omillarni aniqlash, ularning oldini olish va korrupsiya holatlariga chek qoʻyish maqsadida shaxslarning xatti-harakatlarini, hodisalarni hamda jarayonlarni bevosita yoki bilvosita kuzatish va qayd etish ;
oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifalarni amalga oshirish uchun davlat organlaridan va boshqa tashkilotlardan, fuqarolardan maʼlumotlarni hamda boshqa zarur hujjatlarni va materiallarni soʻrash va olish ;
vakolatini amalga oshirish doirasida zarurat tugʻilganda tegishli hujjat va materiallar bilan tanishish maqsadida davlat organi va tashkilotining obyektlariga toʻsqinliksiz kirish ;
davlat organi va tashkiloti tizimida aniqlangan korrupsiya holatlari boʻyicha yuqori turuvchi komplayens xizmatlarini toʻgʻridan-toʻgʻri mustaqil ravishda xabardor qilish ;
davlat organi va tashkiloti tizimida korrupsiya holatlarini aniqlash hamda ularga chek qoʻyish maqsadida muayyan shaxslar bilan belgilangan tartibda nooshkora hamkorlik oʻrnatish ;
davlat organi va tashkiloti tizimida aniqlangan korrupsiyaga oid huquqbuzarlik faktlari boʻyicha toʻplangan materiallarni qonuniy chora koʻrish uchun tegishli huquqni muhofaza qiluvchi organlarga yoki bevosita ularning ichki nazorat tuzilmalariga taqdim etish ;
davlat organi va tashkiloti tizimida qonun buzilishi hollarining oldini olish boʻyicha koʻrib chiqilishi majburiy boʻlgan koʻrsatmalar va ushbu hollarni bartaraf etish yuzasidan taqdimnomalar kiritish .
34. Ichki nazorat tuzilmalari quyidagilarga majbur hisoblanadi:
ushbu Nizom, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Prezident Administratsiyasining topshiriqlari va qonunchilik hujjatlari bilan zimmasiga yuklatilgan vazifalarni samarali bajarish;
qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy rioya qilish va oʻz vakolat doirasidan chetga chiqmaslik;
davlat organlari va tashkilotlari tizimida korrupsiyaga oid huquqbuzarliklari alomatlari aniqlanganligi toʻgʻrisida zudlik bilan toʻgʻridan-toʻgʻri yuqori turuvchi organ va huquqni muhofaza qiluvchi organlarga xabar berish;
davlat organlari va tashkilotlarining korrupsiyaga qarshi kurashish siyosati, odob-axloq qoidalarining korrupsiyaga oid qismining buzilganligi fakti yuzasidan tashkilot rahbariyatiga maʼlumotnomalar kiritish;
har oy yakuni boʻyicha keyingi oyning birinchi oʻn kunligida korrupsiyaga qarshi kurashish borasida amalga oshirilgan ishlar va chora-tadbirlar toʻgʻrisidagi oylik hisobotni davlat organlari va tashkilotlarining birinchi rahbariga taqdim etish.
8-bob. Ichki nazorat tuzilmalari faoliyatini muvofiqlashtirish
35. Agentlik ichki nazorat tuzilmalari faoliyatini muvofiqlashtiradi, ularni tahliliy va huquqiy-uslubiy jihatdan taʼminlaydi , shuningdek, ushbu tuzilmalar xodimlarini stajirovka va attestatsiyadan oʻtkazadi hamda malakasini oshiradi.
36. Davlat organlari va tashkilotlari hududiy boʻlinmalari va tarkibiy tashkilotlarining ichki nazorat tuzilmalari rahbarlari va xodimlari respublika darajasidagi davlat organlari va tashkilotlarining birinchi rahbarlari (agar mavjud boʻlsa, uning komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat boʻyicha oʻrinbosari) tomonidan muvofiqlashtiriladi .
37. Davlat organlari va tashkilotlarining ichki nazorat tuzilmalari faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasining Komplayens xizmati qonunchilik hujjatlariga asosan muvofiqlashtirib boradi. Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasining Komplayens xizmati tegishli davlat organi yoki tashkilotining ichki nazorat tuzilmalari rahbarini yoki xodimni malakasi yetarli boʻlmaganligi qonunchilikda belgilangan tartibda aniqlangan taqdirda egallab turgan lavozimidan ozod etish toʻgʻrisida davlat organlari yoki tashkilotlariga ijro etilishi majburiy boʻlgan taqdimnomalar kiritishga haqlidir.
38. Davlat organi va tashkiloti birinchi rahbarlarining korrupsiyaga oid huquqbuzarliklari alomatlari aniqlanganda yoki jinoiy guruh faoliyatiga rahnamolik qilayotgan deb hisoblash uchun yetarli (hujjatlar bilan tasdiqlangan va asosli dalillar) asoslar mavjud boʻlganda ularning komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat boʻyicha oʻrinbosari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasining Komplayens xizmati bilan (ichki nazorat tuzilmalari esa komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat boʻyicha oʻrinbosar yoki tegishlicha yuqori turuvchi komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat xizmati bilan) kelishgan holda tegishli hujjatlar va maʼlumotlarni huquqni muhofaza qiluvchi organlarga toʻgʻridan-toʻgʻri taqdim etish, shuningdek kadrlar masalasi va moliyaviy xarajatlar boʻyicha boshqaruv qarorlarini qabul qilish huquqini vaqtincha toʻxtatish yoki tegishli rahbarni yoxud xodimni vazifasini bajarishdan vaqtincha chetlatish borasida taklif kiritish vakolatiga ega boʻladi .
9-bob. Yakunlovchi qoidalar
39. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlari davlat himoyasidadir .
40. Ichki nazorat tuzilmalari xodimlari qonunchilikda belgilangan tartibda huquqiy va ijtimoiy jihatdan himoya qilinadi .
41. Ushbu Namunaviy nizom talablarining buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlariga asosan javob beradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktorining 2026-yil 24-sentabrdagi 106-son buyrugʻiga 2-ILOVA
Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar
1. Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktorining 2026-yil 28-martdagi 84-son “Korrupsiyaga qarshi ichki nazorat boʻlinmalari faoliyati toʻgʻrisidagi namunaviy nizomni tasdiqlash toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3829, 2026-yil 6-may) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.05.2026-y., 10/26/3829/0468-son).
2. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2026-yil 17-sentabrdagi 31-mh-son “Vazirlik va idoralar tomonidan qabul qilingan ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi buyrugʻiga (roʻyxat raqami 3942, 2026-yil 17-sentabr) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.09.2026-y., 10/26/3942/0953-son) ilovaning 5-bandi .
Direktor A. BURXANOV
Boshqaruv samaradorligi agentligi direktori v.b. U. XUSAINOV
Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B. ZAXIDOV
Kasaba uyushmalari Federatsiyasi Kengashi raisi K. RAFIKOV
Toshkent sh.,
2026-yil 24-sentabr,
2026-yil 22-sentabr
2026-yil 22-sentabr
2026-yil 17-sentabr
106-son