📅 2026-yil 7-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 7-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 7 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 7 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 7 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЕЕСТРИ
РЎЙХАТИ
Патент вакиллиги институтини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Интеллектуал фаолият натижаларини рағбатлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-358-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда патент вакиллари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Интеллектуал фаолият натижаларини рағбатлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-358-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Патент вакиллари ассоциациясининг:
патент вакилларининг ҳар уч йилда малакасини ошириш тартибини жорий қилган ҳолда уларнинг аттестациядан ўтиш талабини бекор қилиш;
Адлия вазирлигининг патент вакиллигига номзодларни аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Патент вакиллари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
патент вакили фаолиятини ташкил этиш ва унинг асосий йўналишлари;
патент вакилининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;
патент вакилларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
Патент вакиллари давлат реестрини юритиш;
патент вакили фаолиятининг кафолатлари.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
2026 йил 1 ноябрга қадар Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциацияси билан биргаликда фаолият юритаётган патент вакилларини аттестациядан ўтказмасдан ҳамда давлат божи ва бошқа тўловларни ундирмасдан, амалдаги ихтисосликлари бўйича Патент вакили сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномалар қайта расмийлаштирилишини ва Патент вакиллари давлат реестрига киритилишини;
Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциацияси Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Хадра мавзеси 33-уйдаги алоҳида хонага текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилишини таъминласин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 ноябрдаги 635-сон қарори билан тасдиқланган Айрим турдаги малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 октябрдаги 542-сон қарорига 1-ИЛОВА
Патент вакиллари тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом патент вакили фаолиятини ташкил этиш ва унинг асосий йўналишларини, патент вакилининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, патент вакилларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, Патент вакиллари давлат реестрини юритиш тартибини ҳамда патент вакили фаолиятининг кафолатларини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли орган — Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари;
патент вакили — ушбу Низом талабларига мувофиқ юридик ёки жисмоний шахслар номидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) ҳамда бошқа ташкилотлар олдида интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий муҳофаза олиш ва уни амалга ошириш масалалари бўйича вакиллик қилиш ҳуқуқини берувчи Патент вакили сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси;
Патент вакили сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома (Гувоҳнома) — ваколатли орган томонидан талабгорнинг аттестацияси натижасида интеллектуал мулк ҳуқуқи ихтисослиги бўйича бериладиган ва патент вакили сифатида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
Патент вакиллари давлат реестри (Реестр) — ваколатли орган томонидан Вазирликнинг «Интеллектуал мулк муҳофазаси» порталида (кейинги ўринларда — «Интеллектуал мулк муҳофазаси» портали) электрон шаклда юритиладиган патент вакилларининг рўйхати;
талабгор — патент вакили сифатида фаолиятни амалга ошириш истагини билдирган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси.
3. Патент вакили фаолияти қуйидаги принципларга асосланади:
қонунийлик;
фаолиятда мустақиллик ва махфийлик;
касбий билимга эгалик;
ихтиёрийлик;
шартнома шартлари ва мажбуриятларига риоя этиш.
2-боб. Патент вакили фаолиятини ташкил этиш ва унинг фаолиятининг асосий йўналишлари
4. Гувоҳнома олган жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасида ўз фаолиятини патент вакили сифатида амалга ошириши мумкин.
Патент вакили ўз фаолиятини амалга оширишда «патент вакили» номидан фақат Гувоҳномада кўрсатилган ихтисослик бўйича фойдаланиши мумкин.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоидалар белгиланмаган бўлса, хорижий давлатларнинг патент вакиллари Ўзбекистон Республикасида патент вакили фаолиятини амалга ошириши мумкин эмас.
5. Патент вакили ўз касбий фаолиятини мустақил равишда якка тартибдаги тадбиркор сифатида ёки адвокатлик бюросида ёхуд меҳнат шартномаси асосида бошқа тадбиркорлик субъекти ёки адвокатлик тузилмасида амалга ошириши мумкин.
6. Қуйидагилар патент вакили фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
ишонч билдирувчига интеллектуал фаолият натижалари, фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситаларни муҳофаза қилиш ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича маслаҳатлар бериш;
интеллектуал фаолият натижалари, фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситаларни муҳофаза қилиш ҳамда интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш чораларини кўриш, шу мақсадда Вазирлик ва бошқа ташкилотларга ариза билан мурожаат қилиш ҳамда вакиллик қилиш;
ўз ихтисослиги бўйича интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқларининг бузилганлик ҳолати ҳамда маҳсулотнинг контрафактлиги ёки контрафакт эмаслиги бўйича хулосалар бериш;
интеллектуал фаолият натижалари ва (ёки) индивидуаллаштириш воситаларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасида экспертиза ва тадқиқотлар ўтказиш, маъмурий органлар ва судларда кўриб чиқиладиган ишларда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаган ҳолда эксперт ва (ёки) мутахассис сифатида иштирок этиш;
интеллектуал мулк объектлари портфелини бошқариш ва улар билан боғлиқ шартнома шартлари ҳамда мажбуриятлари бажарилишини мониторинг қилиш;
интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;
қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Низом билан тақиқланмаган интеллектуал мулк билан боғлиқ бошқа йўналишлар.
7. Патент вакили ўзига мурожаат қилган ҳар қандай шахсни интеллектуал мулк масалалари бўйича манфаатларини ифода қилиш ваколатига эга.
Патент вакилининг Вазирлик ва бошқа ташкилотларда интеллектуал мулкка оид ишларни амалга оширишга ваколатлари унга номидан иш юритадиган шахс томонидан берилган ишончнома билан тасдиқланади. Вакиллик қилиш учун ишончнома патент вакилига ишонч билдирувчи томонидан оддий ёзма шаклда берилади.
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида яшайдиган жисмоний шахслар ва хорижий юридик шахслар томонидан ишончнома ишончнома тузилаётган мамлакатнинг қонунчилигида назарда тутилган тартибда расмийлаштирилади.
Вазирлик ва бошқа ташкилотлар патент вакилининг ишончномадаги ваколатларини текшириш учун ишончноманинг асл нусхасини талаб қилиши ва ундан нусха олиши мумкин.
Ишончнома бошқа тилда тақдим этилган бўлса, унинг давлат тилига таржимаси илова қилинади.
8. Патент вакили шартнома асосида интеллектуал мулк масалаларида қуйидаги хизматларни кўрсатиши мумкин:
интеллектуал мулк масалалари бўйича консалтинг хизмати;
патентга, муҳофазага лаёқатлилик ахборотларини излаш ва хулоса тузиш;
белгини рўйхатдан ўтказишда товарлар ва хизматларнинг халқаро таснифига мувофиқ товар ва хизматлар рўйхатини аниқлаш ва хулоса бериш;
ишонч билдирувчи номидан патент ва гувоҳнома бериш, уларга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги талабномаларни расмийлаштириш ҳамда талабномаларни халқаро ва миллий тизимлар орқали топшириш;
ишонч билдирувчи номидан талабномалар бўйича иш юритиш, жумладан давлат экспертизаси жараёнида эксперт сўровномаларига жавоб бериш;
ишонч билдирувчи номидан талабнома бўйича давлат экспертизаси қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Апелляция кенгашига апелляция киритиш ва унинг мажлисларида вакил сифатида қатнашиш;
муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхасини сақлов жойига (депозитарийга) топшириш;
интеллектуал мулк билан боғлиқ масалалар бўйича ўзининг ишонч билдирувчиси номидан давлат божи ва бошқа тўловларни тўлаш;
интеллектуал мулк объектларини Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш учун белгиланган тартибда ваколатли органга мурожаат қилиш;
инсофсиз рақобат содир этилган ҳолатларда ишонч билдирувчи манфаатида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилгани тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш;
манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаган ҳолда интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилиши ҳолати бўйича хулоса бериш;
мижознинг интеллектуал мулкни ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш хизматларини кўрсатиш;
интеллектуал мулк ҳуқуқлари билан боғлиқ шартномалар лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
лицензия (сублицензия) ва ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномаларни Вазирликда рўйхатдан ўтказиш;
интеллектуал мулк масалалари бўйича семинарлар ва тренинглар ташкил этиш ва ўтказиш;
интеллектуал мулк билан боғлиқ низоларда қонунчиликда белгиланган тартибда профессионал медиаторлик хизматини кўрсатиш;
қонунчиликда тақиқланмаган интеллектуал мулк масалалари билан боғлиқ бошқа хизматлар.
3-боб. Патент вакилининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги
9. Патент вакили ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциациянинг аъзоси бўлиш;
ишонч билдирувчидан интеллектуал мулкка оид ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар ҳамда бошқа маълумотларни олиш;
муассаса ва ташкилотлардан интеллектуал мулкка оид ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни, маълумотномаларни, ҳужжатларни ва бошқа материалларни сўраб олиш;
интеллектуал мулкка оид ишларни амалга оширишда Вазирлик ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб олиш;
ишонч билдирувчининг таклифи бўйича унинг фаолиятида интеллектуал мулк ҳуқуқига риоя этилиши юзасидан адлия органлари томонидан ўтказиладиган текширувларда иштирок этиш;
интеллектуал мулк соҳасидаги ишларни юритишда ишонч билдирувчининг розилиги билан шартнома асосида адвокат, аудитор, солиқ маслаҳатчиси, баҳоловчи ва бошқа мутахассисларни жалб қилиш;
зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқа маълумотлар ишонч билдирувчи томонидан тақдим қилинмаган тақдирда, вакиллик қилишни (хизмат кўрсатишни) рад этиш.
Патент вакили қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Қуйидагилар патент вакилининг мажбуриятлари ҳисобланади:
ҳар уч йилда ўз малакасини ошириб бориш;
қонунчилик ҳужжатлари талаблари, Патент вакилининг касб этикаси қоидаларига риоя этиш;
ишонч билдирувчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
ишонч билдирувчининг кўрсатмаларини лозим даражада бажариш;
интеллектуал мулк билан боғлиқ масалалар бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома доирасида барча ҳаракатларни амалга ошириш;
ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида ишонч билдирувчидан қабул қилинган ва тайёрланган ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаш.
Патент вакили зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
11. Патент вакили гувоҳномасида кўрсатилмаган ихтисослик бўйича вакиллик қилишга (хизмат кўрсатишга) ҳақли эмас.
12. Патент вакили ишонч билдирувчидан унинг топшириғини бажариш (хизмат кўрсатиш) муносабати билан олинган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши шарт.
13. Патент вакилига ишонч билдирувчининг топшириғини бажариш (хизмат кўрсатиш) муносабати билан олинган маълумотларни ошкор қилиш ва бу маълумотлардан ўз манфаатлари ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари учун фойдаланиш тақиқланади, мазкур банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.
Патент вакили томонидан ишонч билдирувчининг топшириғини бажариш (хизмат кўрсатиш) муносабати билан олинган маълумотлар учинчи шахсларга фақат ишонч билдирувчидан ёзма розилик олинганида ёки суд, прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув органлари ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларининг талабига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этилади.
14. Патент вакили ишончнома (шартнома) шартларини бажармагани ёки лозим даражада бажармагани оқибатида ишонч билдирувчига зарар етказгани учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Ишонч билдирувчига етказилган зарарларнинг, шу жумладан, бой берилган фойданинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши лозим.
4-боб. Патент вакилларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби. Ваколатли органнинг аттестация комиссияси ва Вазирликнинг Апелляция комиссияси
15. Патент вакилларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш юқори малакали кадрлар тайёрлашни таъминлаш, уларнинг интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш соҳасидаги назарий ва амалий билимларини чуқурлаштириш ва янгилаш, уларнинг касбий тайёргарлиги замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
16. Патент вакилларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ёки Тошкент давлат юридик университети томонидан Патент вакиллари Ассоциацияси жамоат бирлашмаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
17. Талабгордан малака имтиҳонини қабул қилиш ва унга гувоҳнома бериш масалаларини ҳал этиш учун ваколатли органнинг аттестация комиссияси тузилади.
Ваколатли орган аттестация комиссиясининг қарорлари бўйича келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш учун Вазирликда Апелляция комиссияси ташкил этилади.
18. Аттестация ва Апелляция комиссияларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
5-боб. Патент вакиллари давлат реестрини юритиш тартиби
19. Реестр ушбу Низомга иловага мувофиқ шаклда юритилади.
20. Талабгорга гувоҳнома берилганда, Гувоҳномани берган ваколатли орган бир иш куни ичида қуйидаги маълумотларни Реестрга киритади:
патент вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми;
Гувоҳнома рақами ва берилган санаси;
Гувоҳномада кўрсатилган ихтисослик;
фаолият юритаётган ташкилот ёки адвокатлик тузилмасининг номи;
фаолият юритаётган тадбиркорлик субъекти ёки адвокатлик тузилмасининг жойлашган жойи (почта манзили);
боғланиш учун телефон рақами ва электрон почта манзили;
Гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилгани тўғрисида маълумотлар;
патент вакилининг малака оширган муддати.
21. Патент вакили қуйидаги ҳолларда Реестрдан чиқарилиши мумкин:
ваколатли органга ихтиёрий равишда Реестрдан чиқариш тўғрисида ариза берганда;
Гувоҳноманинг амал қилиши белгиланган тартибда тугатилган ёки бекор қилинганда.
Патент вакилини Реестрдан чиқариш ваколатли орган раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
22. Реестр «Интеллектуал мулк муҳофазаси» порталида эълон қилиб борилади.
6-боб. Патент вакили фаолиятининг кафолатлари
23. Патент вакилининг профессионал фаолияти қонун билан ҳимояланади.
24. Давлат органлари ва ташкилотларининг меҳнат шартномаси асосида ишловчи ходимлари (таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланувчи ходимлар бундан мустасно) патент вакили сифатида фаолият юритиши мумкин эмас.
25. Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциацияси патент вакилининг касбий манфаатларини ифода этади ва ҳимоя қилади.
Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциацияси:
патент вакиллиги институтини янада ривожлантиришга, унинг обрў-эътиборини оширишга, интеллектуал мулкни муҳофаза ҳимоя қилишдаги ролини кучайтиришга кўмаклашади;
аҳолида интеллектуал мулк ҳуқуқига нисбатан ҳурмат ҳиссини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот чора-тадбирларни амалга оширади;
интеллектуал мулк соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, улар юзасидан таклифлар тайёрлайди;
давлат органлари ва ташкилотлари билан муносабатларда, судларда патент вакилларини ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалайди ҳамда ҳимоя қилади;
патент вакилларига услубий ёрдам кўрсатади;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа чора-тадбирларни амалга оширади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
26. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида:
патент вакиллари ва Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциациясининг фаолиятига кўмаклашади;
патент вакилларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;
Патент вакилининг касб этикаси қоидаларини тасдиқлайди;
патент вакили томонидан қонунчилик ҳужжатларига, Гувоҳнома (малака сертификати) талаб ва шартларига риоя этилишини назорат қилади;
Реестр юритилишини таъминлайди.
Вазирлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга ҳисобланади.
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Патент вакиллари тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Патент вакиллари давлат
т/р Патент вакилининг Ф.И.О. Гувоҳнома рақами ва берилган санаси Ихтисослик Фаолият юритаётган ташкилот номи Фаолият юритаётган ташкилот манзили Телефон рақами, электрон почта манзили Гувоҳноманинг ҳолати Малака ошириш муддати 1 2 3 4 5 6 7 8 9
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 октябрдаги 542-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 ноябрдаги 635-сон қарори билан тасдиқланган Айрим турдаги малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентига киритилаётган ўзгартиришлар
12-иловада :
а) 3-позициянинг учинчи устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари»;
б) 4-позициянинг учинчи устунида:
«а» кичик бандда:
ўнинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
ўн биринчи — ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича ўнинчи — ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
ўн иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
ўн учинчи хатбоши ўн иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
ўн учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«патент вакилларини тайёрлаш ўқув курсини тугатганлиги тўғрисида сертификат рақами ҳамда берилган санаси»;
«б» кичик банднинг биринчи хатбошисидаги «номзоднинг» сўзи «талабгорнинг» сўзи билан алмаштирилсин;
г) 5-позициянинг учинчи устуни биринчи хатбошисидаги «номзодлар ва патент вакилларини аттестациядан (қўшимча аттестациядан)» сўзлари «талабгорни аттестациядан» сўзлари билан алмаштирилсин;
д) 7-позициянинг учинчи устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
олий маълумотга эга бўлиш, бунда хорижий давлатларда олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар белгиланган тартибда тан олинган тақдирда эътиборга олинади;
патент вакилларини тайёрлаш бўйича 72 академик соатдан кам бўлмаган ҳажмда ўқув курсини тугатганлиги тўғрисида сертификатга эга бўлиш, бунда ўқишни тамомлаган вақтдан бошлаб ҳужжатлар топширилгунга қадар ўтган вақт бир йилдан ошмаслиги керак. Адлия органлари ва муассасаларининг интеллектуал мулк соҳасидаги фаолиятга раҳбарлик қилиш ҳамда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслардан сертификат талаб қилинмайди»;
е) 8-позициянинг учинчи устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Чекланмаган»;
ж) 9-позициянинг учинчи устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ваколатли органнинг аттестация комиссияси (кейинги ўринларда — аттестация комиссияси) патент вакиллигига талабгорни аттестациядан ўтказадиган коллегиал орган ҳисобланади.
Аттестация комиссияси комиссия раиси, аъзолари ва котибидан иборат таркибда фаолият кўрсатади.
Аттестация комиссиясига ваколатли орган раҳбарининг соҳага масъул ўринбосари раислик қилади, унинг таркибига ваколатли органнинг, Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси масъул ходимлари ҳамда олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари, Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциацияси вакили (келишувга кўра) киритилади.
Комиссия котиби овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.
Аттестация комиссияси таркиби ваколатли орган раҳбари томонидан тасдиқланади.
Ваколатли органнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шуъбаси аттестация комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
Ишчи орган талабгорлардан келиб тушган сўровномалар тўғри расмийлаштирилганлиги, ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилинганлиги, талабгор мажбурий малака сертификати талаб ва шартларига жавоб беришини ўрганиб аттестацияни топширишга қўйиш ёки рад этиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди.
Қуйидаги талабгорлар аттестацияга қўйилмайди:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланмаган шахс;
давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари, илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланувчи шахс бундан мустасно;
муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;
судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс.
Аттестация комиссияси мажлислари зарурат бўлганда ўтказилади ва унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ҳуқуқий ваколатга эга бўлади.
Аттестация комиссияси раиси вакиллигига талабгорлардан тушган аризаларга мувофиқ аттестация ўтказиш санасини белгилайди.
Аттестация комиссиясининг қарорлари комиссия мажлисида қатнашадиган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Аттестация комиссиясининг қарори баённома билан расмийлаштирилади.
Аттестация комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш (санаси, жойи ва вақти) тўғрисида аттестация комиссияси аъзоларига ҳамда аттестациядан ўтадиган патент вакиллигига талабгорларга аттестация комиссияси котиби томонидан мажлис бошланишидан камида бир ҳафта олдин хабар берилади.
Агар патент вакиллигига талабгор аттестация ўтказилиши ҳақида хабардор қилинган бўлиб, аттестацияга келмаган бўлса, навбатдаги аттестациядан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади, бу ҳақида талабгор Давлат хизматлари маркази (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) уч иш кунидан кечиктирмай хабардор қилинади.
Агар талабгор тегишли тарзда хабардор қилинганидан кейин иккинчи марта аттестациядан ўтиш учун келмаса, талабгорга гувоҳнома бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш рад қилинган ҳисобланади. Бунда аттестациядан ўтиш учун тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.
Аттестация талабгорнинг имтиҳонга қўйилгани ҳақида билдиришнома йўлланган санадан эътиборан икки ойдан ошмаган муддатда ўтказилади.
Ҳар бир ихтисослик бўйича ўртача 50 — 60 та саволдан иборат бўлган саволлар рўйхати тузилади ва аттестация комиссияси раиси томонидан Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциацияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Саволлар рўйхати ваколатли органнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниб, қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан доимий равишда янгилаб борилади.
Аттестация саволлари талабгор томонидан танланган соҳадан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишлар бўйича тузилади:
саноат мулкига оид Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги;
саноат мулки соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари.
Икки ва ундан ортиқ ихтисослик бўйича суҳбатдан ўтадиган талабгорга ҳар бир қўшимча ихтисослик бўйича яна биттадан қўшимча савол берилади.
Патент вакилларининг ихтисослиги қуйидаги интеллектуал мулк объектлари бўйича белгиланади:
товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари ва географик кўрсаткичлар;
ихтиро ва фойдали моделлар;
саноат намуналари;
селекция ютуқлари;
интеграл микросхемалар топологиялари.
Аттестация саволлари махсус ахборот тизими орқали тасодифий тарзда танланади. Танланган саволлар рўйхати масъул котиб томонидан талабгорга чоп этиш қурилмаси (принтердан) чиқариб берилади.
Талабгорга имтиҳон саволларига тайёрланиш учун 30 дақиқа вақт берилади.
Талабгорга икки ва ундан ортиқ ихтисослик бўйича саволларга жавоб беришга тайёргарлик кўриш учун ҳар бир қўшимча ихтисослик бўйича савол учун 10 дақиқа вақт ажратилади.
Аттестация саволларига жавоб беришга тайёрланишда талабгорга:
бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;
ахборот манбаи сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган қонунчилик ҳужжатларидан, адабиётлардан, ҳар қандай турдаги техника воситалари ёки бошқа ҳужжатлар ва воситалардан фойдаланиш;
аттестация саволларига жавоб бермасдан олдин хонани тарк этиш ва қайтиб кириш тақиқланади.
Агар талабгор саволларга жавоб бера олмаса ёки берилган жавоблар асосида талабгорнинг билим даражасини аниқлашнинг имконияти бўлмаса, аттестация комиссияси аъзолари томонидан қўшимча саволлар берилиши мумкин.
Қўшимча бериладиган саволлар олдинги саволларга берилган жавобларни аниқлаштириш мақсадида берилиши ва олдинги саволлар доирасидан четга чиқмаслиги лозим.
Талабгор томонидан бериладиган жавоблар аниқ, лўнда ва айнан савол мазмуни билан мос бўлиши ҳамда битта саволга жавоб бериш давомийлиги уч дақиқадан ошмаслиги лозим. Қўшимча саволлар бериладиган ҳолатларда суҳбат давомийлиги яна ўн дақиқагача узайтирилиши мумкин.
Аттестация натижаси балл тизими бўйича баҳоланади (ҳар бир саволнинг жавоби учун энг юқори 10 балл, энг паст 0 балл), бунда аттестация комиссияси мажлисида иштирок этган аъзоларнинг ҳар бири аттестация натижаси бўйича, ҳар бир савол юзасидан талабгорнинг берган жавобларига балл қўяди.
Талабгор имтиҳон саволларига жавоб бериб бўлгандан кейин аттестация ўтказилган хонани тарк этиши керак.
Аттестация якунлари бўйича аттестация комиссияси аъзолари томонидан талабгорга қўйилган баллар ҳисоблаб чиқарилади.
Талабгор тўплаган балл тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 60 фоизидан кам бўлмаган тақдирда, талабгорни аттестациядан ўтган деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Талабгор тўплаган балл тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 60 фоизидан кам бўлган тақдирда, талабгорни аттестациядан ўтмаган деб топиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Аттестация натижалари талабгорлар иштирокида аттестация комиссияси раиси томонидан ўқиб эшиттирилади.
Ваколатли орган томонидан аттестация натижалари тасдиқлангандан сўнг беш иш куни ичида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган иловага мувофиқ шаклда Патент вакили сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома расмийлаштирилади.
Аттестациядан ўтмаган талабгор имтиҳонни такроран топшириш учун аттестация ўтказилган кундан бошлаб камида бир ой вақт ўтгандан сўнг белгиланган тартибда имтиҳондан ўтиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли.
Талабгор аттестация натижалари юзасидан имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб бир ой мобайнида апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Ваколатли орган аттестация комиссиясининг қарорлари устидан келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Апелляция комиссияси (кейинги ўринларда — Апелляция комиссияси) ташкил этилади.
Апелляция комиссияси комиссия раиси, аъзолари ва котибидан иборат таркибда фаолият кўрсатади ва унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.
Апелляция комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг, вазирлик ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасасининг тажрибали масъул ходимлари ҳамда олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари, Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциацияси вакили (келишувга кўра) киритилиши мумкин.
Апелляция комиссияси котиби овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси Апелляция комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
Ваколатли орган ўз ваколатлари доирасида:
патент вакили томонидан қонунчилик ҳужжатларига, гувоҳнома (малака сертификати) талаб ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг патент вакили хатти-ҳаракатидан норози бўлиб ёзган шикоятларини кўриб чиқиш;
патент вакили фаолиятини қонунчиликка мувофиқ текшириш;
текширишлар ўтказишда пайдо бўладиган масалалар юзасидан патент вакилидан зарур тушунтиришлар ва материалларни сўраш ҳамда олиш;
Патент вакили сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисида гувоҳномани амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш.
Патент вакили ваколатли орган томонидан текширишлар ўтказиш учун шарт-шароитларни таъминлаши, шу жумладан зарур ахборот ва материалларни тақдим этиши шарт.
Патент вакили унинг фаолиятини текшириш жараёнида Ўзбекистон Патент вакиллари ассоциациясининг ходими кузатувчи сифатида иштирок этишини талаб қилишга ҳақли.
Қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган талаб ва шартлар:
патент вакили ўз фаолиятини амалга оширишда гувоҳномада кўрсатилган ихтисослик соҳасига амал қилмаслик;
патент вакили фаолиятини амалга оширишда мунтазам равишда (бир йил давомида икки ёки ундан ортиқ маротаба) қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйганлик;
патент вакили фаолиятини амалга оширишда мунтазам равишда (бир йил давомида икки ёки ундан ортиқ маротаба) Патент вакилининг касб этикаси қоидаларига риоя этмаганлик;
ўз фаолиятини амалга оширишда олинган махфий ахборотни ошкор қилганлик (қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно);
малакасини ошириш даври келганда олти ой мобайнида ўз малакасини оширмаганлик;
гувоҳномада олгандан сўнг олти ой давомида фаолиятини бошламаганлик;
суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилганлик»;
з) қуйидаги мазмундаги илова билан тўлдирилсин:
«Патент вакили сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш паспортига ИЛОВА
».
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 октябрдаги 542-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Патент вакиллари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2003 йил 1 июлдаги 298-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида («Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сон Қонуни)» 2006 йил 10 ноябрдаги 235-сон қарорига 1-илованинг 42-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва айримларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2011 йил 6 сентябрдаги 248-сон қарорига илованинг 3-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 9 октябрдаги 856-сон қарорининг 3-банди ва қарорга 2-илова .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Патент вакиллари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 21 октябрдаги 887-сон қарори .
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 100-банди .
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Патент вакиллигига номзодларни аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш ҳамда патент вакилларини аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 9 июндаги 324-сон қарорига 2-илованинг 2-банди .
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Географик кўрсаткичларни рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 13 июлдаги 385-сон қарорига 2-илованинг 3-банди .
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2025 йил 1 мартдаги 135-сон қарорига 1-илованинг 5-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 октябрь,
542-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
REYESTRI
ROʻYXATI
Patent vakilligi institutini yanada takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Intellektual faoliyat natijalarini ragʻbatlantirish hamda sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etishni kengaytirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 27-noyabrdagi PQ-358-son qarori ijrosini taʼminlash hamda patent vakillari faoliyatini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Intellektual faoliyat natijalarini ragʻbatlantirish hamda sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etishni kengaytirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 27-noyabrdagi PQ-358-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi va Patent vakillari assotsiatsiyasining:
patent vakillarining har uch yilda malakasini oshirish tartibini joriy qilgan holda ularning attestatsiyadan oʻtish talabini bekor qilish;
Adliya vazirligining patent vakilligiga nomzodlarni attestatsiyadan va roʻyxatdan oʻtkazish vakolatini Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalariga oʻtkazish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Patent vakillari toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
patent vakili faoliyatini tashkil etish va uning asosiy yoʻnalishlari;
patent vakilining huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi;
patent vakillarini tayyorlash va ularning malakasini oshirish;
Patent vakillari davlat reyestrini yuritish;
patent vakili faoliyatining kafolatlari.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:
2026-yil 1-noyabrga qadar Oʻzbekiston Patent vakillari assotsiatsiyasi bilan birgalikda faoliyat yuritayotgan patent vakillarini attestatsiyadan oʻtkazmasdan hamda davlat boji va boshqa toʻlovlarni undirmasdan, amaldagi ixtisosliklari boʻyicha Patent vakili sifatida roʻyxatdan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomalar qayta rasmiylashtirilishini va Patent vakillari davlat reyestriga kiritilishini;
Oʻzbekiston Patent vakillari assotsiatsiyasi Toshkent shahrining Shayxontohur tumani Xadra mavzesi 33-uydagi alohida xonaga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilishini taʼminlasin.
4. Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 30-noyabrdagi 635-son qarori bilan tasdiqlangan Ayrim turdagi malaka sertifikatini berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning yagona maʼmuriy reglamentiga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri A.J. Tashkulov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 7-oktabrdagi 542-son qaroriga 1-ILOVA
Patent vakillari toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom patent vakili faoliyatini tashkil etish va uning asosiy yoʻnalishlarini, patent vakilining huquqlari, majburiyatlari va javobgarligini, patent vakillarini tayyorlash va ularning malakasini oshirish, Patent vakillari davlat reyestrini yuritish tartibini hamda patent vakili faoliyatining kafolatlarini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
vakolatli organ — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari;
patent vakili — ushbu Nizom talablariga muvofiq yuridik yoki jismoniy shaxslar nomidan Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda – Vazirlik) hamda boshqa tashkilotlar oldida intellektual mulk obyektlariga huquqiy muhofaza olish va uni amalga oshirish masalalari boʻyicha vakillik qilish huquqini beruvchi Patent vakili sifatida roʻyxatdan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomani belgilangan tartibda olgan Oʻzbekiston Respublikasining fuqarosi;
Patent vakili sifatida roʻyxatdan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma (Guvohnoma) — vakolatli organ tomonidan talabgorning attestatsiyasi natijasida intellektual mulk huquqi ixtisosligi boʻyicha beriladigan va patent vakili sifatida faoliyatni amalga oshirish huquqini tasdiqlovchi hujjat;
Patent vakillari davlat reyestri (Reyestr) — vakolatli organ tomonidan Vazirlikning “Intellektual mulk muhofazasi” portalida (keyingi oʻrinlarda — “Intellektual mulk muhofazasi” portali) elektron shaklda yuritiladigan patent vakillarining roʻyxati;
talabgor — patent vakili sifatida faoliyatni amalga oshirish istagini bildirgan Oʻzbekiston Respublikasining fuqarosi.
3. Patent vakili faoliyati quyidagi prinsiplarga asoslanadi:
qonuniylik;
faoliyatda mustaqillik va maxfiylik;
kasbiy bilimga egalik;
ixtiyoriylik;
shartnoma shartlari va majburiyatlariga rioya etish.
2-bob. Patent vakili faoliyatini tashkil etish va uning faoliyatining asosiy yoʻnalishlari
4. Guvohnoma olgan jismoniy shaxs Oʻzbekiston Respublikasida oʻz faoliyatini patent vakili sifatida amalga oshirishi mumkin.
Patent vakili oʻz faoliyatini amalga oshirishda “patent vakili” nomidan faqat Guvohnomada koʻrsatilgan ixtisoslik boʻyicha foydalanishi mumkin.
Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida boshqacha qoidalar belgilanmagan boʻlsa, xorijiy davlatlarning patent vakillari Oʻzbekiston Respublikasida patent vakili faoliyatini amalga oshirishi mumkin emas.
5. Patent vakili oʻz kasbiy faoliyatini mustaqil ravishda yakka tartibdagi tadbirkor sifatida yoki advokatlik byurosida yoxud mehnat shartnomasi asosida boshqa tadbirkorlik subyekti yoki advokatlik tuzilmasida amalga oshirishi mumkin.
6. Quyidagilar patent vakili faoliyatining asosiy yoʻnalishlari hisoblanadi:
ishonch bildiruvchiga intellektual faoliyat natijalari, fuqarolik muomalasi ishtirokchilarining, tovarlar, ishlar va xizmatlarning xususiy alomatlarini aks ettiruvchi vositalarni muhofaza qilish hamda intellektual mulk huquqini himoya qilish boʻyicha maslahatlar berish;
intellektual faoliyat natijalari, fuqarolik muomalasi ishtirokchilarining, tovarlar, ishlar va xizmatlarning xususiy alomatlarini aks ettiruvchi vositalarni muhofaza qilish hamda intellektual mulkni huquqiy himoya qilish choralarini koʻrish, shu maqsadda Vazirlik va boshqa tashkilotlarga ariza bilan murojaat qilish hamda vakillik qilish;
oʻz ixtisosligi boʻyicha intellektual mulk obyektlariga boʻlgan mutlaq huquqlarining buzilganlik holati hamda mahsulotning kontrafaktligi yoki kontrafakt emasligi boʻyicha xulosalar berish;
intellektual faoliyat natijalari va (yoki) individuallashtirish vositalarini huquqiy muhofaza qilish sohasida ekspertiza va tadqiqotlar oʻtkazish, maʼmuriy organlar va sudlarda koʻrib chiqiladigan ishlarda manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymagan holda ekspert va (yoki) mutaxassis sifatida ishtirok etish;
intellektual mulk obyektlari portfelini boshqarish va ular bilan bogʻliq shartnoma shartlari hamda majburiyatlari bajarilishini monitoring qilish;
intellektual mulk sohasini rivojlantirishga qaratilgan takliflarni ishlab chiqish hamda tegishli chora-tadbirlarni amalga oshirish;
qonunchilik hujjatlari va mazkur Nizom bilan taqiqlanmagan intellektual mulk bilan bogʻliq boshqa yoʻnalishlar.
7. Patent vakili oʻziga murojaat qilgan har qanday shaxsni intellektual mulk masalalari boʻyicha manfaatlarini ifoda qilish vakolatiga ega.
Patent vakilining Vazirlik va boshqa tashkilotlarda intellektual mulkka oid ishlarni amalga oshirishga vakolatlari unga nomidan ish yuritadigan shaxs tomonidan berilgan ishonchnoma bilan tasdiqlanadi. Vakillik qilish uchun ishonchnoma patent vakiliga ishonch bildiruvchi tomonidan oddiy yozma shaklda beriladi.
Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida yashaydigan jismoniy shaxslar va xorijiy yuridik shaxslar tomonidan ishonchnoma ishonchnoma tuzilayotgan mamlakatning qonunchiligida nazarda tutilgan tartibda rasmiylashtiriladi.
Vazirlik va boshqa tashkilotlar patent vakilining ishonchnomadagi vakolatlarini tekshirish uchun ishonchnomaning asl nusxasini talab qilishi va undan nusxa olishi mumkin.
Ishonchnoma boshqa tilda taqdim etilgan boʻlsa, uning davlat tiliga tarjimasi ilova qilinadi.
8. Patent vakili shartnoma asosida intellektual mulk masalalarida quyidagi xizmatlarni koʻrsatishi mumkin:
intellektual mulk masalalari boʻyicha konsalting xizmati;
patentga, muhofazaga layoqatlilik axborotlarini izlash va xulosa tuzish;
belgini roʻyxatdan oʻtkazishda tovarlar va xizmatlarning xalqaro tasnifiga muvofiq tovar va xizmatlar roʻyxatini aniqlash va xulosa berish;
ishonch bildiruvchi nomidan patent va guvohnoma berish, ularga oʻzgartirishlar kiritish haqidagi talabnomalarni rasmiylashtirish hamda talabnomalarni xalqaro va milliy tizimlar orqali topshirish;
ishonch bildiruvchi nomidan talabnomalar boʻyicha ish yuritish, jumladan davlat ekspertizasi jarayonida ekspert soʻrovnomalariga javob berish;
ishonch bildiruvchi nomidan talabnoma boʻyicha davlat ekspertizasi qarori ustidan Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Apellyatsiya kengashiga apellyatsiya kiritish va uning majlislarida vakil sifatida qatnashish;
mualliflik huquqi obyektlarining elektron nazorat nusxasini saqlov joyiga (depozitariyga) topshirish;
intellektual mulk bilan bogʻliq masalalar boʻyicha oʻzining ishonch bildiruvchisi nomidan davlat boji va boshqa toʻlovlarni toʻlash;
intellektual mulk obyektlarini Intellektual mulk obyektlarining bojxona reyestriga kiritish uchun belgilangan tartibda vakolatli organga murojaat qilish;
insofsiz raqobat sodir etilgan holatlarda ishonch bildiruvchi manfaatida Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi va uning hududiy boshqarmalariga raqobat toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari buzilgani toʻgʻrisida ish qoʻzgʻatish haqida ariza bilan murojaat qilish;
manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymagan holda intellektual mulk huquqlari buzilishi holati boʻyicha xulosa berish;
mijozning intellektual mulkni rivojlantirish siyosatini ishlab chiqish hamda intellektual mulk obyektlarini tijoratlashtirish xizmatlarini koʻrsatish;
intellektual mulk huquqlari bilan bogʻliq shartnomalar loyihalarini ishlab chiqish;
litsenziya (sublitsenziya) va huquqni boshqa shaxsga oʻtkazish, intellektual mulk huquqlarini garovga qoʻyish toʻgʻrisidagi shartnomalarni Vazirlikda roʻyxatdan oʻtkazish;
intellektual mulk masalalari boʻyicha seminarlar va treninglar tashkil etish va oʻtkazish;
intellektual mulk bilan bogʻliq nizolarda qonunchilikda belgilangan tartibda professional mediatorlik xizmatini koʻrsatish;
qonunchilikda taqiqlanmagan intellektual mulk masalalari bilan bogʻliq boshqa xizmatlar.
3-bob. Patent vakilining huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi
9. Patent vakili oʻz faoliyatini amalga oshirishda quyidagi huquqlarga ega:
Oʻzbekiston Patent vakillari assotsiatsiyaning aʼzosi boʻlish;
ishonch bildiruvchidan intellektual mulkka oid ishlarni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan hujjatlar, ogʻzaki va yozma tushuntirishlar hamda boshqa maʼlumotlarni olish;
muassasa va tashkilotlardan intellektual mulkka oid ishlarni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan axborotni, maʼlumotnomalarni, hujjatlarni va boshqa materiallarni soʻrab olish;
intellektual mulkka oid ishlarni amalga oshirishda Vazirlik va boshqa tashkilotlarga murojaat qilish hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob olish;
ishonch bildiruvchining taklifi boʻyicha uning faoliyatida intellektual mulk huquqiga rioya etilishi yuzasidan adliya organlari tomonidan oʻtkaziladigan tekshiruvlarda ishtirok etish;
intellektual mulk sohasidagi ishlarni yuritishda ishonch bildiruvchining roziligi bilan shartnoma asosida advokat, auditor, soliq maslahatchisi, baholovchi va boshqa mutaxassislarni jalb qilish;
zarur boʻlgan hujjatlar va boshqa maʼlumotlar ishonch bildiruvchi tomonidan taqdim qilinmagan taqdirda, vakillik qilishni (xizmat koʻrsatishni) rad etish.
Patent vakili qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
10. Quyidagilar patent vakilining majburiyatlari hisoblanadi:
har uch yilda oʻz malakasini oshirib borish;
qonunchilik hujjatlari talablari, Patent vakilining kasb etikasi qoidalariga rioya etish;
ishonch bildiruvchining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish;
ishonch bildiruvchining koʻrsatmalarini lozim darajada bajarish;
intellektual mulk bilan bogʻliq masalalar boʻyicha xizmatlar koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma doirasida barcha harakatlarni amalga oshirish;
oʻz faoliyatini amalga oshirish jarayonida ishonch bildiruvchidan qabul qilingan va tayyorlangan hujjatlarning but saqlanishini taʼminlash.
Patent vakili zimmasiga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
11. Patent vakili guvohnomasida koʻrsatilmagan ixtisoslik boʻyicha vakillik qilishga (xizmat koʻrsatishga) haqli emas.
12. Patent vakili ishonch bildiruvchidan uning topshirigʻini bajarish (xizmat koʻrsatish) munosabati bilan olingan maʼlumotlarning maxfiyligini taʼminlashi shart.
13. Patent vakiliga ishonch bildiruvchining topshirigʻini bajarish (xizmat koʻrsatish) munosabati bilan olingan maʼlumotlarni oshkor qilish va bu maʼlumotlardan oʻz manfaatlari yoki uchinchi shaxslarning manfaatlari uchun foydalanish taqiqlanadi, mazkur bandning ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan hollar bundan mustasno.
Patent vakili tomonidan ishonch bildiruvchining topshirigʻini bajarish (xizmat koʻrsatish) munosabati bilan olingan maʼlumotlar uchinchi shaxslarga faqat ishonch bildiruvchidan yozma rozilik olinganida yoki sud, prokuratura, dastlabki tergov, surishtiruv organlari va tezkor-qidiruv faoliyatini amalga oshiruvchi organlarining talabiga koʻra qonunchilikda belgilangan tartibda taqdim etiladi.
14. Patent vakili ishonchnoma (shartnoma) shartlarini bajarmagani yoki lozim darajada bajarmagani oqibatida ishonch bildiruvchiga zarar yetkazgani uchun qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladi. Ishonch bildiruvchiga yetkazilgan zararlarning, shu jumladan, boy berilgan foydaning oʻrni qonunchilikda belgilangan tartibda qoplanishi lozim.
4-bob. Patent vakillarini tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibi. Vakolatli organning attestatsiya komissiyasi va Vazirlikning Apellyatsiya komissiyasi
15. Patent vakillarini tayyorlash va ularning malakasini oshirish yuqori malakali kadrlar tayyorlashni taʼminlash, ularning intellektual mulk obyektlarini huquqiy muhofaza va himoya qilish sohasidagi nazariy va amaliy bilimlarini chuqurlashtirish va yangilash, ularning kasbiy tayyorgarligi zamonaviy talablarga muvofiqligini taʼminlash maqsadida amalga oshiriladi.
16. Patent vakillarini tayyorlash va ularning malakasini oshirish shartnoma asosida Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Yuridik kadrlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti yoki Toshkent davlat yuridik universiteti tomonidan Patent vakillari Assotsiatsiyasi jamoat birlashmasi bilan hamkorlikda amalga oshiriladi.
17. Talabgordan malaka imtihonini qabul qilish va unga guvohnoma berish masalalarini hal etish uchun vakolatli organning attestatsiya komissiyasi tuziladi.
Vakolatli organ attestatsiya komissiyasining qarorlari boʻyicha kelib tushgan shikoyatlarni koʻrib chiqish uchun Vazirlikda Apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.
18. Attestatsiya va Apellyatsiya komissiyalarini tashkil etish va ularning faoliyat yuritish tartibi qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.
5-bob. Patent vakillari davlat reyestrini yuritish tartibi
19. Reyestr ushbu Nizomga ilovaga muvofiq shaklda yuritiladi.
20. Talabgorga guvohnoma berilganda, Guvohnomani bergan vakolatli organ bir ish kuni ichida quyidagi maʼlumotlarni Reyestrga kiritadi:
patent vakilining familiyasi, ismi, otasining ismi;
Guvohnoma raqami va berilgan sanasi;
Guvohnomada koʻrsatilgan ixtisoslik;
faoliyat yuritayotgan tashkilot yoki advokatlik tuzilmasining nomi;
faoliyat yuritayotgan tadbirkorlik subyekti yoki advokatlik tuzilmasining joylashgan joyi (pochta manzili);
bogʻlanish uchun telefon raqami va elektron pochta manzili;
Guvohnomaning amal qilishi toʻxtatib turilgani toʻgʻrisida maʼlumotlar;
patent vakilining malaka oshirgan muddati.
21. Patent vakili quyidagi hollarda Reyestrdan chiqarilishi mumkin:
vakolatli organga ixtiyoriy ravishda Reyestrdan chiqarish toʻgʻrisida ariza berganda;
Guvohnomaning amal qilishi belgilangan tartibda tugatilgan yoki bekor qilinganda.
Patent vakilini Reyestrdan chiqarish vakolatli organ rahbarining buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi.
22. Reyestr “Intellektual mulk muhofazasi” portalida eʼlon qilib boriladi.
6-bob. Patent vakili faoliyatining kafolatlari
23. Patent vakilining professional faoliyati qonun bilan himoyalanadi.
24. Davlat organlari va tashkilotlarining mehnat shartnomasi asosida ishlovchi xodimlari (taʼlim va ilmiy tadqiqot muassasalarida ilmiy va pedagogik faoliyat bilan shugʻullanuvchi xodimlar bundan mustasno) patent vakili sifatida faoliyat yuritishi mumkin emas.
25. Oʻzbekiston Patent vakillari assotsiatsiyasi patent vakilining kasbiy manfaatlarini ifoda etadi va himoya qiladi.
Oʻzbekiston Patent vakillari assotsiatsiyasi:
patent vakilligi institutini yanada rivojlantirishga, uning obroʻ-eʼtiborini oshirishga, intellektual mulkni muhofaza himoya qilishdagi rolini kuchaytirishga koʻmaklashadi;
aholida intellektual mulk huquqiga nisbatan hurmat hissini oshirishga qaratilgan huquqiy targʻibot chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
intellektual mulk sohasiga oid normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda ishtirok etish, ular yuzasidan takliflar tayyorlaydi;
davlat organlari va tashkilotlari bilan munosabatlarda, sudlarda patent vakillarini huquqlari va qonuniy manfaatlarini ifodalaydi hamda himoya qiladi;
patent vakillariga uslubiy yordam koʻrsatadi;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa chora-tadbirlarni amalga oshiradi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
26. Vazirlik oʻz vakolatlari doirasida:
patent vakillari va Oʻzbekiston Patent vakillari assotsiatsiyasining faoliyatiga koʻmaklashadi;
patent vakillarini tayyorlash va ularning malakasini oshirishga doir tadbirlarni amalga oshirishga koʻmaklashadi;
Patent vakilining kasb etikasi qoidalarini tasdiqlaydi;
patent vakili tomonidan qonunchilik hujjatlariga, Guvohnoma (malaka sertifikati) talab va shartlariga rioya etilishini nazorat qiladi;
Reyestr yuritilishini taʼminlaydi.
Vazirlik qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarga ham ega hisoblanadi.
27. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Patent vakillari toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Patent vakillari davlat
t/r Patent vakilining F.I.O. Guvohnoma raqami va berilgan sanasi Ixtisoslik Faoliyat yuritayotgan tashkilot nomi Faoliyat yuritayotgan tashkilot manzili Telefon raqami, elektron pochta manzili Guvohnomaning holati Malaka oshirish muddati 1 2 3 4 5 6 7 8 9
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 7-oktabrdagi 542-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 30-noyabrdagi 635-son qarori bilan tasdiqlangan Ayrim turdagi malaka sertifikatini berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning yagona maʼmuriy reglamentiga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
12-ilovada :
a) 3-pozitsiyaning uchinchi ustuni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari”;
b) 4-pozitsiyaning uchinchi ustunida:
“a” kichik bandda:
oʻninchi xatboshi chiqarib tashlansin;
oʻn birinchi — oʻn toʻrtinchi xatboshilar tegishlicha oʻninchi — oʻn uchinchi xatboshilar deb hisoblansin;
oʻn ikkinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
oʻn uchinchi xatboshi oʻn ikkinchi xatboshi deb hisoblansin;
oʻn uchinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“patent vakillarini tayyorlash oʻquv kursini tugatganligi toʻgʻrisida sertifikat raqami hamda berilgan sanasi”;
“b” kichik bandning birinchi xatboshisidagi “nomzodning” soʻzi “talabgorning” soʻzi bilan almashtirilsin;
g) 5-pozitsiyaning uchinchi ustuni birinchi xatboshisidagi “nomzodlar va patent vakillarini attestatsiyadan (qoʻshimcha attestatsiyadan)” soʻzlari “talabgorni attestatsiyadan” soʻzlari bilan almashtirilsin;
d) 7-pozitsiyaning uchinchi ustuni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Talabgor quyidagi talablarga javob berishi lozim:
oliy maʼlumotga ega boʻlish, bunda xorijiy davlatlarda olingan oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjatlar belgilangan tartibda tan olingan taqdirda eʼtiborga olinadi;
patent vakillarini tayyorlash boʻyicha 72 akademik soatdan kam boʻlmagan hajmda oʻquv kursini tugatganligi toʻgʻrisida sertifikatga ega boʻlish, bunda oʻqishni tamomlagan vaqtdan boshlab hujjatlar topshirilgunga qadar oʻtgan vaqt bir yildan oshmasligi kerak. Adliya organlari va muassasalarining intellektual mulk sohasidagi faoliyatga rahbarlik qilish hamda intellektual mulk obyektlariga boʻlgan huquqlarni muhofaza va himoya qilish bilan bogʻliq lavozimlarida kamida uch yil ishlagan shaxslardan sertifikat talab qilinmaydi”;
e) 8-pozitsiyaning uchinchi ustuni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Cheklanmagan”;
j) 9-pozitsiyaning uchinchi ustuni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Vakolatli organning attestatsiya komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — attestatsiya komissiyasi) patent vakilligiga talabgorni attestatsiyadan oʻtkazadigan kollegial organ hisoblanadi.
Attestatsiya komissiyasi komissiya raisi, aʼzolari va kotibidan iborat tarkibda faoliyat koʻrsatadi.
Attestatsiya komissiyasiga vakolatli organ rahbarining sohaga masʼul oʻrinbosari raislik qiladi, uning tarkibiga vakolatli organning, Adliya vazirligi huzuridagi “Intellektual mulk markazi” davlat muassasasi masʼul xodimlari hamda oliy taʼlim muassasalarining oʻqituvchilari, Oʻzbekiston Patent vakillari assotsiatsiyasi vakili (kelishuvga koʻra) kiritiladi.
Komissiya kotibi ovoz berish huquqiga ega emas.
Attestatsiya komissiyasi tarkibi vakolatli organ rahbari tomonidan tasdiqlanadi.
Vakolatli organning Intellektual mulk huquqlarini himoya qilish shuʼbasi attestatsiya komissiyasining ishchi organi hisoblanadi.
Ishchi organ talabgorlardan kelib tushgan soʻrovnomalar toʻgʻri rasmiylashtirilganligi, hujjatlar toʻliq taqdim qilinganligi, talabgor majburiy malaka sertifikati talab va shartlariga javob berishini oʻrganib attestatsiyani topshirishga qoʻyish yoki rad etish toʻgʻrisida takliflar tayyorlaydi.
Quyidagi talabgorlar attestatsiyaga qoʻyilmaydi:
Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashaydigan Oʻzbekiston Respublikasining fuqarosi hisoblanmagan shaxs;
davlat organlari va tashkilotlarining xodimlari, ilmiy va pedagogik faoliyat bilan shugʻullanuvchi shaxs bundan mustasno;
muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topilgan shaxs;
sudlanganlik holati tugallanmagan yoki sudlanganligi olib tashlanmagan shaxs.
Attestatsiya komissiyasi majlislari zarurat boʻlganda oʻtkaziladi va uning aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda huquqiy vakolatga ega boʻladi.
Attestatsiya komissiyasi raisi vakilligiga talabgorlardan tushgan arizalarga muvofiq attestatsiya oʻtkazish sanasini belgilaydi.
Attestatsiya komissiyasining qarorlari komissiya majlisida qatnashadigan aʼzolarning oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, attestatsiya komissiyasi raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi. Attestatsiya komissiyasining qarori bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
Attestatsiya komissiyasining navbatdagi majlisini oʻtkazish (sanasi, joyi va vaqti) toʻgʻrisida attestatsiya komissiyasi aʼzolariga hamda attestatsiyadan oʻtadigan patent vakilligiga talabgorlarga attestatsiya komissiyasi kotibi tomonidan majlis boshlanishidan kamida bir hafta oldin xabar beriladi.
Agar patent vakilligiga talabgor attestatsiya oʻtkazilishi haqida xabardor qilingan boʻlib, attestatsiyaga kelmagan boʻlsa, navbatdagi attestatsiyadan oʻtadigan talabgorlar roʻyxatiga kiritiladi, bu haqida talabgor Davlat xizmatlari markazi (oʻzi kelib murojaat qilgan taqdirda) yoki YIDXP orqali (elektron tarzda murojaat etgan taqdirda) uch ish kunidan kechiktirmay xabardor qilinadi.
Agar talabgor tegishli tarzda xabardor qilinganidan keyin ikkinchi marta attestatsiyadan oʻtish uchun kelmasa, talabgorga guvohnoma berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish rad qilingan hisoblanadi. Bunda attestatsiyadan oʻtish uchun toʻlangan yigʻim summasi qaytarib berilmaydi.
Attestatsiya talabgorning imtihonga qoʻyilgani haqida bildirishnoma yoʻllangan sanadan eʼtiboran ikki oydan oshmagan muddatda oʻtkaziladi.
Har bir ixtisoslik boʻyicha oʻrtacha 50 — 60 ta savoldan iborat boʻlgan savollar roʻyxati tuziladi va attestatsiya komissiyasi raisi tomonidan Oʻzbekiston Patent vakillari assotsiatsiyasi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.
Savollar roʻyxati vakolatli organning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinib, qonunchilikka kiritilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalarga asosan doimiy ravishda yangilab boriladi.
Attestatsiya savollari talabgor tomonidan tanlangan sohadan kelib chiqib, quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha tuziladi:
sanoat mulkiga oid Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligi;
sanoat mulki sohasidagi Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari.
Ikki va undan ortiq ixtisoslik boʻyicha suhbatdan oʻtadigan talabgorga har bir qoʻshimcha ixtisoslik boʻyicha yana bittadan qoʻshimcha savol beriladi.
Patent vakillarining ixtisosligi quyidagi intellektual mulk obyektlari boʻyicha belgilanadi:
tovar belgilari, xizmat koʻrsatish belgilari, tovar kelib chiqqan joy nomlari va geografik koʻrsatkichlar;
ixtiro va foydali modellar;
sanoat namunalari;
seleksiya yutuqlari;
integral mikrosxemalar topologiyalari.
Attestatsiya savollari maxsus axborot tizimi orqali tasodifiy tarzda tanlanadi. Tanlangan savollar roʻyxati masʼul kotib tomonidan talabgorga chop etish qurilmasi (printerdan) chiqarib beriladi.
Talabgorga imtihon savollariga tayyorlanish uchun 30 daqiqa vaqt beriladi.
Talabgorga ikki va undan ortiq ixtisoslik boʻyicha savollarga javob berishga tayyorgarlik koʻrish uchun har bir qoʻshimcha ixtisoslik boʻyicha savol uchun 10 daqiqa vaqt ajratiladi.
Attestatsiya savollariga javob berishga tayyorlanishda talabgorga:
boshqa talabgorlar bilan suhbatlashish;
axborot manbai sifatida xizmat qilishi mumkin boʻlgan qonunchilik hujjatlaridan, adabiyotlardan, har qanday turdagi texnika vositalari yoki boshqa hujjatlar va vositalardan foydalanish;
attestatsiya savollariga javob bermasdan oldin xonani tark etish va qaytib kirish taqiqlanadi.
Agar talabgor savollarga javob bera olmasa yoki berilgan javoblar asosida talabgorning bilim darajasini aniqlashning imkoniyati boʻlmasa, attestatsiya komissiyasi aʼzolari tomonidan qoʻshimcha savollar berilishi mumkin.
Qoʻshimcha beriladigan savollar oldingi savollarga berilgan javoblarni aniqlashtirish maqsadida berilishi va oldingi savollar doirasidan chetga chiqmasligi lozim.
Talabgor tomonidan beriladigan javoblar aniq, loʻnda va aynan savol mazmuni bilan mos boʻlishi hamda bitta savolga javob berish davomiyligi uch daqiqadan oshmasligi lozim. Qoʻshimcha savollar beriladigan holatlarda suhbat davomiyligi yana oʻn daqiqagacha uzaytirilishi mumkin.
Attestatsiya natijasi ball tizimi boʻyicha baholanadi (har bir savolning javobi uchun eng yuqori 10 ball, eng past 0 ball), bunda attestatsiya komissiyasi majlisida ishtirok etgan aʼzolarning har biri attestatsiya natijasi boʻyicha, har bir savol yuzasidan talabgorning bergan javoblariga ball qoʻyadi.
Talabgor imtihon savollariga javob berib boʻlgandan keyin attestatsiya oʻtkazilgan xonani tark etishi kerak.
Attestatsiya yakunlari boʻyicha attestatsiya komissiyasi aʼzolari tomonidan talabgorga qoʻyilgan ballar hisoblab chiqariladi.
Talabgor toʻplagan ball toʻplanishi mumkin boʻlgan eng yuqori ballning 60 foizidan kam boʻlmagan taqdirda, talabgorni attestatsiyadan oʻtgan deb topish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.
Talabgor toʻplagan ball toʻplanishi mumkin boʻlgan eng yuqori ballning 60 foizidan kam boʻlgan taqdirda, talabgorni attestatsiyadan oʻtmagan deb topish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.
Attestatsiya natijalari talabgorlar ishtirokida attestatsiya komissiyasi raisi tomonidan oʻqib eshittiriladi.
Vakolatli organ tomonidan attestatsiya natijalari tasdiqlangandan soʻng besh ish kuni ichida QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan ilovaga muvofiq shaklda Patent vakili sifatida roʻyxatdan oʻtganlik toʻgʻrisida guvohnoma rasmiylashtiriladi.
Attestatsiyadan oʻtmagan talabgor imtihonni takroran topshirish uchun attestatsiya oʻtkazilgan kundan boshlab kamida bir oy vaqt oʻtgandan soʻng belgilangan tartibda imtihondan oʻtish uchun takroran murojaat qilishga haqli.
Talabgor attestatsiya natijalari yuzasidan imtihon oʻtkazilgan kundan boshlab bir oy mobaynida apellyatsiya berish huquqiga ega.
Vakolatli organ attestatsiya komissiyasining qarorlari ustidan kelib tushgan shikoyatlarni koʻrib chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligida Apellyatsiya komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Apellyatsiya komissiyasi) tashkil etiladi.
Apellyatsiya komissiyasi komissiya raisi, aʼzolari va kotibidan iborat tarkibda faoliyat koʻrsatadi va uning tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri tomonidan tasdiqlanadi.
Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining, vazirlik huzuridagi “Intellektual mulk markazi” davlat muassasasining tajribali masʼul xodimlari hamda oliy taʼlim muassasalarining oʻqituvchilari, Oʻzbekiston Patent vakillari assotsiatsiyasi vakili (kelishuvga koʻra) kiritilishi mumkin.
Apellyatsiya komissiyasi kotibi ovoz berish huquqiga ega emas.
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Intellektual mulkni huquqiy himoya qilish boshqarmasi Apellyatsiya komissiyasining ishchi organi hisoblanadi.
Vakolatli organ oʻz vakolatlari doirasida:
patent vakili tomonidan qonunchilik hujjatlariga, guvohnoma (malaka sertifikati) talab va shartlariga rioya etilishini nazorat qilish;
jismoniy va yuridik shaxslarning patent vakili xatti-harakatidan norozi boʻlib yozgan shikoyatlarini koʻrib chiqish;
patent vakili faoliyatini qonunchilikka muvofiq tekshirish;
tekshirishlar oʻtkazishda paydo boʻladigan masalalar yuzasidan patent vakilidan zarur tushuntirishlar va materiallarni soʻrash hamda olish;
Patent vakili sifatida roʻyxatdan oʻtganlik toʻgʻrisida guvohnomani amal qilishini belgilangan tartibda toʻxtatib turish, tugatish va bekor qilish.
Patent vakili vakolatli organ tomonidan tekshirishlar oʻtkazish uchun shart-sharoitlarni taʼminlashi, shu jumladan zarur axborot va materiallarni taqdim etishi shart.
Patent vakili uning faoliyatini tekshirish jarayonida Oʻzbekiston Patent vakillari assotsiatsiyasining xodimi kuzatuvchi sifatida ishtirok etishini talab qilishga haqli.
Qoʻpol ravishda buzish deb hisoblanadigan talab va shartlar:
patent vakili oʻz faoliyatini amalga oshirishda guvohnomada koʻrsatilgan ixtisoslik sohasiga amal qilmaslik;
patent vakili faoliyatini amalga oshirishda muntazam ravishda (bir yil davomida ikki yoki undan ortiq marotaba) qonun buzilishi holatlariga yoʻl qoʻyganlik;
patent vakili faoliyatini amalga oshirishda muntazam ravishda (bir yil davomida ikki yoki undan ortiq marotaba) Patent vakilining kasb etikasi qoidalariga rioya etmaganlik;
oʻz faoliyatini amalga oshirishda olingan maxfiy axborotni oshkor qilganlik (qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno);
malakasini oshirish davri kelganda olti oy mobaynida oʻz malakasini oshirmaganlik;
guvohnomada olgandan soʻng olti oy davomida faoliyatini boshlamaganlik;
sudning qonuniy kuchga kirgan hukmiga muvofiq jinoiy javobgarlikka tortilganlik”;
z) quyidagi mazmundagi ilova bilan toʻldirilsin:
“Patent vakili sifatida roʻyxatdan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomani berish pasportiga ILOVA
”.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 7-oktabrdagi 542-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Patent vakillari toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2003-yil 1-iyuldagi 298-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (“Tadbirkorlik subyektlarini huquqiy himoya qilish tizimi takomillashtirilganligi hamda ularning moliyaviy javobgarligi erkinlashtirilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” Oʻzbekiston Respublikasining 2006-yil 10-oktabrdagi OʻRQ-59-son Qonuni)” 2006-yil 10-noyabrdagi 235-son qaroriga 1-ilovaning 42-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish va ayrimlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2011-yil 6-sentabrdagi 248-son qaroriga ilovaning 3-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Apellyatsiya kengashi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 9-oktabrdagi 856-son qarorining 3-bandi va qarorga 2-ilova .
5. Vazirlar Mahkamasining “Patent vakillari toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-oktabrdagi 887-son qarori .
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 100-bandi .
7. Vazirlar Mahkamasining “Patent vakilligiga nomzodlarni attestatsiyadan va roʻyxatdan oʻtkazish hamda patent vakillarini attestatsiyadan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash haqida” 2022-yil 9-iyundagi 324-son qaroriga 2-ilovaning 2-bandi .
8. Vazirlar Mahkamasining “Geografik koʻrsatkichlarni roʻyxatdan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 13-iyuldagi 385-son qaroriga 2-ilovaning 3-bandi .
9. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2025-yil 1-martdagi 135-son qaroriga 1-ilovaning 5-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 7-oktabr,
542-son