UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 9 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ

СХЕМАСИ

Аҳоли томорқаларидан юқори даромад олишни рағбатлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 14 февралдаги ПФ-22-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчиларга бюджетга тўланган ер солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчиларга тажриба тариқасида 2027 йилда Наманган вилоятида тўланган ер солиғининг бир қисми қайтариб бериш тартиби жорий этилади.

3. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги уч ой муддатда:

а) «Онлайн маҳалла» платформасида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчилар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш жараёнларини автоматлаштириш амалиётини жорий этсин;

б) «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали:

«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўртача нархлари бўйича электрон тарзда маълумотлар алмашинувини йўлга қўйсин;

Солиқ қўмитаси билан биргаликда тўланган ер солиғини қайтаришни назарда тутувчи автоматлаштирилган дастурни ишлаб чиқиш ва «Онлайн маҳалла» платформаси билан интеграция қилиш ишларини якунласин;

в) Солиқ қўмитаси уч ой муддатда ушбу қарордан келиб чиқиб, солиқ органларининг махсус мобил иловасини такомиллаштирсин.

4. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Наманган вилоятида ўтказилган тажриба натижаларини таҳлил қилган ҳолда, ушбу тартибни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига 2028 йил 1 февралга қадар таклиф киритсин.

5. Белгилансинки:

ушбу қарор ижросини таъминлаш доирасида дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш билан боғлиқ харажатлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг махсус жамғармаси ҳисобидан қопланади;

қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори даромад олган деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари томонидан тўланган ер солиғининг бир қисми тегишли маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмида ер солиғини қайтариш учун режалаштирилган маблағлар ҳисобидан қайтарилади.

6. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти кенг тушунтирилишини ташкил этсин.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 547-сон қарорига ИЛОВА

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчиларга бюджетга тўланган ер солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчиларга бюджетга тўланган ер солиғининг (кейинги ўринларда — солиқ) бир қисмини қайтариш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

автоматлаштирилган дастур — деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчиларга бюджетга тўланган ер солиғининг бир қисмини қайтариш ёки қайтаришни рад этиш асосларини текширадиган, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат молиясини бошқаришнинг ахборот тизимига (кейинги ўринларда — ДМБАТ) интеграция қилинган Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг (кейинги ўринларда — Солиқ қўмитаси) автоматлаштирилган дастури;

деҳқон хўжалиги — мерос қилиб қолдириладиган, умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида деҳқон хўжалиги бошлиғига берилган ер участкасида деҳқон хўжалиги аъзоларининг шахсий меҳнати билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирадиган ва сотадиган хўжалик;

даромад олувчи — «Онлайн маҳалла» ҳамда «UzexAgro» платформалари, солиқ органлари маълумотлар базасига мувофиқ аниқланган, календарь йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан ушбу Низомда белгиланган миқдордан юқори даромад олувчи шахс;

«Онлайн маҳалла» платформаси — оиланинг мавжуд чорва моллари, шахсий томорқа ерлари ва уларнинг эгалари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми, маҳсулот тури ва экин экилган майдон тўғрисидаги маълумотларни оила аъзоларининг мақоми (чақириқ бўйича ҳарбий хизматда бўлиши, ўрта махсус, профессионал ёки олий таълим муассасасида ўқиши, хорижда меҳнат қилаётгани ва бошқалар) бўйича маълумотлар киритиладиган электрон платформа;

томорқа хўжалиги — шахсий томорқа ерларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам эркин савдо, ҳам оила эҳтиёжлари учун етиштириш (қайта ишлаш) билан боғлиқ фаолият;

«UzexAgro» платформаси — деҳқон хўжаликлари, шунингдек, аҳоли томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини электрон савдолар орқали сотиш учун яратилган савдо платформаси;

шахсий томорқа ерлари — томорқа хўжалигини юритиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ёхуд якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш мақсадида ажратилган ер участкаси;

Ғазначилик — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси.

3. Тўланган солиқнинг бир қисми ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ қайтарилади.

2-боб. Тўланган солиқнинг бир қисмини ҳисоблаш тартиби

4. Даромад олувчиларга ушбу Низом талабларидан келиб чиқиб, 2027 йилдан бошлаб тўланган солиқнинг 90 фоиз миқдори тегишли маҳаллий бюджетдан қайтарилади.

5. Даромад олувчилар деб бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган шахслар эътироф этилади:

деҳқон хўжалиги ёки шахсий томорқа ерига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, бу ер участкаларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилса;

календарь йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан олинган даромад қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилган бир сотих ер участкаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан юқори бўлса;

ер солиғи бўйича ўтган ва жорий йилларда солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаганда (ортиқча тўланган ер солиғи суммалари инобатга олинади);

ҳисобот даврида ҳисобланган ер солиғи тўлиқ тўланганда.

6. Ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилгани аниқланганда, ушбу ҳолат даромад олувчига тўланадиган солиқнинг бир қисмини ҳисоблашда инобатга олинади.

7. Даромад олувчига тўланадиган солиқнинг бир қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилган ер участкаси доирасида тўланган солиқ суммасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги формула асосида аниқланади:

Қ с = А * К А + С

Бунда;

Қ с — қайтариладиган солиқ суммаси;

А — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилган ер участкаси;

С — ҳужжатларсиз ёки уларда кўрсатилганидан каттароқ ер участкаси ҳажми;

к — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун тўланган ер солиғининг 90 фоизи.

8. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилган бир сотих ер участкасидан олинган даромад қуйидаги тартибда аниқланади:

Д 1с = А Б + С

Бунда;

Д 1с — бир сотих ер участкасидан олинган даромад;

А — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан олинган жами даромад;

Б — ҳужжатлар билан тасдиқланган ер участкаси;

С — ҳужжатларсиз ёки уларда кўрсатилганидан каттароқ ер участкаси ҳажми.

9. Даромад олувчининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан олинган жами даромади у томонидан «Онлайн маҳалла» платформасига киритилган қуйидаги маълумотлар асосида ҳамда «UzexAgro» платформасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўртача сотиш нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилган ер участкаси ҳажми;

ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сотилган ҳажми;

маҳсулот номи ва тури.

10. Даромад олувчи томонидан «Онлайн маҳалла» платформасига маълумотлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилган пайтдан даромад олиш бошланган пайтга қадар киритилиши мумкин ҳамда такрорий экинлар экилган бўлса, ушбу маълумотлар қўшимча киритиб борилади.

11. Ўртача сотиш нархлари «Онлайн маҳалла» платформасига даромад олувчи томонидан сотилган маҳсулотлар тўғрисида маълумотлар киритилган санага энг яқин муддатда амалга оширилган битимлардан келиб чиқиб, уларнинг ўртача нархларининг 80 фоизи миқдорида белгиланади.

12. Календарь йилда даромад олувчининг бир сотих ер участкасидан олган даромади миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан юқори бўлганда, ушбу Низомнинг 9 ва 11-бандларидаги маълумотлар «Онлайн маҳалла» платформаси орқали автоматлаштирилган дастурга юборилади.

13. Даромад олувчига тўлаб бериладиган солиқнинг бир қисми ушбу Низом талаблари инобатга олинган ҳолда автоматлаштирилган дастур орқали аниқланади.

14. Даромад олувчи тўланган солиқнинг бир қисмини солиқ органларининг махсус мобил иловаси орқали ушбу сумма тасдиқлангандан эътиборан қайтариб олиши мумкин.

3-боб. Тўланган ер солиғининг бир қисмини қайтариш ёки рад этиш тартиби

15. Автоматлаштирилган дастур ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган маълумотлар келиб тушгандан эътиборан уч кун муддатда автоматик равишда қайтариладиган солиқ суммаси бўйича буюртмани Ғазначиликка тақдим этади.

16. Ғазначилик буюртмага биноан Солиқ қўмитасининг Ғазначиликдаги махсус ҳисобварағига буюртма олган кундан сўнг уч иш кунидан кечикмай маблағларни ўтказади.

17. Солиқ қўмитаси Ғазначилик томонидан маблағлар ўтказилгандан кейин бир иш кунидан кечиктирмай уларни Ғазначиликдаги махсус ҳисобварағидан ваколатли банкда очилган ҳисобварағига ўтказади ва Солиқ қўмитаси даромад олувчиларнинг реестрларини ваколатли банкка ўша куннинг ўзида тақдим этади.

18. Солиқ қўмитаси топшириғига асосан ваколатли банк маблағларни бир иш кунида солиқ органларининг махсус мобил иловасида кўрсатилган даромад олувчиларнинг банк карталарига ўтказади.

19. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 369-моддаси иккинчи қисми 16-бандига мувофиқ жисмоний шахс томонидан сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисми қайтариб олиниши ушбу жисмоний шахснинг жами даромадига киритилмайди.

20. Даромад олувчининг бошқа солиқлар, молиявий санкциялар ва пенялар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлса, қайтариладиган солиқнинг бир қисми, биринчи навбатда, ушбу қарзларни сўндиришга йўналтирилади ва бу ҳақида даромад олувчига солиқ органларининг махсус мобил иловаси орқали маълумотлар тақдим этилади.

21. Ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган шартлар бажарилмаган тақдирда, даромад олувчиларга тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариш автоматик равишда рад этилади.

22. Солиқ органи тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариб беришни рад этиш тўғрисида хулоса берганда, бу тўғрисида солиқ органларининг махсус мобил иловаси орқали бир иш куни ичида даромад олувчига тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариб беришни рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилган ҳолда хабарнома юборилади.

23. Даромад олувчи солиқ суммасини қайтариб беришни рад этиш тўғрисидаги хулоса юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

5-боб. Якунловчи қоидалар

24. Даромад олувчи томонидан тўланган ер солиғининг бир қисми ёлғон маълумотларни тақдим қилиш, ҳужжатларни сохталаштириш асосида қайтариб олингани ҳолатлар аниқланганда, ушбу қайтариб олинган сумма белгиланган тартибда пеня ҳисоблаган ҳолда маҳаллий бюджетга ундирилади.

25. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчиларга бюджетга тўланган ер солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга ИЛОВА

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчиларга бюджетга тўланган ер солиғининг бир қисмини қайтариш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми, маҳсулот тури ва экин экилган майдон тўғрисидаги маълумотларни оила аъзоларининг мақомини ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан кўрилган жами даромадини «Онлайн маҳалла» платформасига киритади. Календарь йил 2-босқич Солиқ қўмитасининг автоматлаштирилган ахборот тизими Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларининг «Онлайн маҳалла» платформасига киритилган маълумотларини автоматик равишда қайтариладиган солиқ суммаси бўйича буюртмани Ғазначилик хизмати қўмитасига тақдим этади. Ҳар ойнинг 10 иш кунида 3-босқич Ғазначилик хизмати қўмитаси Буюртмага биноан Солиқ қўмитасининг шахсий ғазна ҳисобварағига буюртма олган кундан маблағларни ўтказади. Уч иш кунида 4-босқич Солиқ қўмитаси Ғазначилик хизмати қўмитаси томонидан маблағлар ўтказилгандан кейин шахсий ғазна ҳисобварағидан ваколатли банкда очилган банк ҳисобварағига ўтказади ва даромад олувчиларнинг реестрларини ваколатли банкка тақдим этади. Бир иш кунида 5-босқич Ваколатли банк Солиқ қўмитаси топшириғига асосан, ваколатли банк маблағларни солиқ органларининг махсус мобил иловасида кўрсатилган даромад олувчиларнинг банк карталарига ўтказади. Бир иш кунида

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 9 октябрь,

547-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.10.2026 й., 09/26/547/1008-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

VAQTINCHALIK NIZOM

SXEMASI

Aholi tomorqalaridan yuqori daromad olishni ragʻbatlantirish uchun qoʻshimcha shart-sharoitlar yaratish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tomorqa yer egalari va dehqon xoʻjaliklari faoliyatida zamonaviy tashkiliy tizimni joriy qilish va moliyaviy qoʻllab-quvvatlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 14-fevraldagi PF-22-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yerlarida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan yuqori daromad oluvchilarga budjetga toʻlangan yer soligʻining bir qismini qaytarish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yerlarida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan yuqori daromad oluvchilarga tajriba tariqasida 2027-yilda Namangan viloyatida toʻlangan yer soligʻining bir qismi qaytarib berish tartibi joriy etiladi.

3. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi uch oy muddatda:

a) “Onlayn mahalla” platformasida dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yerlarida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan yuqori daromad oluvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish jarayonlarini avtomatlashtirish amaliyotini joriy etsin;

b) “Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali:

“Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ bilan birgalikda qishloq xoʻjaligi mahsulotlarining oʻrtacha narxlari boʻyicha elektron tarzda maʼlumotlar almashinuvini yoʻlga qoʻysin;

Soliq qoʻmitasi bilan birgalikda toʻlangan yer soligʻini qaytarishni nazarda tutuvchi avtomatlashtirilgan dasturni ishlab chiqish va “Onlayn mahalla” platformasi bilan integratsiya qilish ishlarini yakunlasin;

v) Soliq qoʻmitasi uch oy muddatda ushbu qarordan kelib chiqib, soliq organlarining maxsus mobil ilovasini takomillashtirsin.

4. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Namangan viloyatida oʻtkazilgan tajriba natijalarini tahlil qilgan holda, ushbu tartibni respublikaning boshqa hududlarida ham joriy etish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga 2028-yil 1-fevralga qadar taklif kiritsin.

5. Belgilansinki:

ushbu qaror ijrosini taʼminlash doirasida dasturiy mahsulotlarni ishlab chiqish va amaliyotga joriy qilish bilan bogʻliq xarajatlar Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining maxsus jamgʻarmasi hisobidan qoplanadi;

qishloq xoʻjaligi ekinlaridan yuqori daromad olgan dehqon xoʻjaliklari va tomorqa egalari tomonidan toʻlangan yer soligʻining bir qismi tegishli mahalliy budjetlarning daromadlar qismida yer soligʻini qaytarish uchun rejalashtirilgan mablagʻlar hisobidan qaytariladi.

6. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Savdo-sanoat palatasi hamda ommaviy axborot vositalari bilan hamkorlikda aholi oʻrtasida ushbu qarorning mohiyati va ahamiyati keng tushuntirilishini tashkil etsin.

7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 547-son qaroriga ILOVA

Dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yerlarida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan yuqori daromad oluvchilarga budjetga toʻlangan yer soligʻining bir qismini qaytarish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yerlarida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan yuqori daromad oluvchilarga budjetga toʻlangan yer soligʻining (keyingi oʻrinlarda — soliq) bir qismini qaytarish tartibini belgilaydi.

Ushbu Nizom 2028-yil 1-yanvarga qadar amal qiladi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

avtomatlashtirilgan dastur — dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yerlarida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan yuqori daromad oluvchilarga budjetga toʻlangan yer soligʻining bir qismini qaytarish yoki qaytarishni rad etish asoslarini tekshiradigan, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Davlat moliyasini boshqarishning axborot tizimiga (keyingi oʻrinlarda — DMBAT) integratsiya qilingan Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Soliq qoʻmitasi) avtomatlashtirilgan dasturi;

dehqon xoʻjaligi — meros qilib qoldiriladigan, umrbod egalik qilish yoki ijara (ikkilamchi ijara) huquqi asosida dehqon xoʻjaligi boshligʻiga berilgan yer uchastkasida dehqon xoʻjaligi aʼzolarining shaxsiy mehnati bilan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiradigan va sotadigan xoʻjalik;

daromad oluvchi — “Onlayn mahalla” hamda “UzexAgro” platformalari, soliq organlari maʼlumotlar bazasiga muvofiq aniqlangan, kalendar yilda dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yerlarida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan ushbu Nizomda belgilangan miqdordan yuqori daromad oluvchi shaxs;

“Onlayn mahalla” platformasi — oilaning mavjud chorva mollari, shaxsiy tomorqa yerlari va ularning egalari tomonidan yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlari hajmi, mahsulot turi va ekin ekilgan maydon toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oila aʼzolarining maqomi (chaqiriq boʻyicha harbiy xizmatda boʻlishi, oʻrta maxsus, professional yoki oliy taʼlim muassasasida oʻqishi, xorijda mehnat qilayotgani va boshqalar) boʻyicha maʼlumotlar kiritiladigan elektron platforma;

tomorqa xoʻjaligi — shaxsiy tomorqa yerlarida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini ham erkin savdo, ham oila ehtiyojlari uchun yetishtirish (qayta ishlash) bilan bogʻliq faoliyat;

“UzexAgro” platformasi — dehqon xoʻjaliklari, shuningdek, aholi tomonidan yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini elektron savdolar orqali sotish uchun yaratilgan savdo platformasi;

shaxsiy tomorqa yerlari — tomorqa xoʻjaligini yuritish uchun qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish yoxud yakka tartibda uy-joy qurish va uy-joyni obodonlashtirish maqsadida ajratilgan yer uchastkasi;

Gʻaznachilik — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi.

3. Toʻlangan soliqning bir qismi ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq qaytariladi.

2-bob. Toʻlangan soliqning bir qismini hisoblash tartibi

4. Daromad oluvchilarga ushbu Nizom talablaridan kelib chiqib, 2027-yildan boshlab toʻlangan soliqning 90 foiz miqdori tegishli mahalliy budjetdan qaytariladi.

5. Daromad oluvchilar deb bir vaqtning oʻzida quyidagi shartlarga javob beradigan shaxslar eʼtirof etiladi:

dehqon xoʻjaligi yoki shaxsiy tomorqa yeriga boʻlgan huquqni tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlganda, bu yer uchastkalaridan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish uchun foydalanilsa;

kalendar yil davomida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan olingan daromad qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish uchun foydalanilgan bir sotix yer uchastkasi uchun bazaviy hisoblash miqdorining 25 baravaridan yuqori boʻlsa;

yer soligʻi boʻyicha oʻtgan va joriy yillarda soliq qarzdorligi mavjud boʻlmaganda (ortiqcha toʻlangan yer soligʻi summalari inobatga olinadi);

hisobot davrida hisoblangan yer soligʻi toʻliq toʻlanganda.

6. Yer uchastkalaridan hujjatlarsiz yoxud yer uchastkasiga boʻlgan huquqni tasdiqlovchi hujjatlarda koʻrsatilganidan kattaroq hajmda foydalanilgani aniqlanganda, ushbu holat daromad oluvchiga toʻlanadigan soliqning bir qismini hisoblashda inobatga olinadi.

7. Daromad oluvchiga toʻlanadigan soliqning bir qismi qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish uchun foydalanilgan yer uchastkasi doirasida toʻlangan soliq summasidan kelib chiqqan holda quyidagi formula asosida aniqlanadi:

Q s = A * K A + S

Bunda;

Q s — qaytariladigan soliq summasi;

A — qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish uchun foydalanilgan yer uchastkasi;

S — hujjatlarsiz yoki ularda koʻrsatilganidan kattaroq yer uchastkasi hajmi;

k — qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish uchun toʻlangan yer soligʻining 90 foizi.

8. Qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish uchun foydalanilgan bir sotix yer uchastkasidan olingan daromad quyidagi tartibda aniqlanadi:

D 1s = A B + S

Bunda;

D 1s — bir sotix yer uchastkasidan olingan daromad;

A — qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan olingan jami daromad;

B — hujjatlar bilan tasdiqlangan yer uchastkasi;

S — hujjatlarsiz yoki ularda koʻrsatilganidan kattaroq yer uchastkasi hajmi.

9. Daromad oluvchining qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan olingan jami daromadi u tomonidan “Onlayn mahalla” platformasiga kiritilgan quyidagi maʼlumotlar asosida hamda “UzexAgro” platformasidagi qishloq xoʻjaligi mahsulotlarining oʻrtacha sotish narxlaridan kelib chiqqan holda aniqlanadi:

qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish uchun foydalanilgan yer uchastkasi hajmi;

ishlab chiqarilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarining sotilgan hajmi;

mahsulot nomi va turi.

10. Daromad oluvchi tomonidan “Onlayn mahalla” platformasiga maʼlumotlar qishloq xoʻjaligi mahsulotlari ekilgan paytdan daromad olish boshlangan paytga qadar kiritilishi mumkin hamda takroriy ekinlar ekilgan boʻlsa, ushbu maʼlumotlar qoʻshimcha kiritib boriladi.

11. Oʻrtacha sotish narxlari “Onlayn mahalla” platformasiga daromad oluvchi tomonidan sotilgan mahsulotlar toʻgʻrisida maʼlumotlar kiritilgan sanaga eng yaqin muddatda amalga oshirilgan bitimlardan kelib chiqib, ularning oʻrtacha narxlarining 80 foizi miqdorida belgilanadi.

12. Kalendar yilda daromad oluvchining bir sotix yer uchastkasidan olgan daromadi miqdori bazaviy hisoblash miqdorining 25 baravaridan yuqori boʻlganda, ushbu Nizomning 9 va 11-bandlaridagi maʼlumotlar “Onlayn mahalla” platformasi orqali avtomatlashtirilgan dasturga yuboriladi.

13. Daromad oluvchiga toʻlab beriladigan soliqning bir qismi ushbu Nizom talablari inobatga olingan holda avtomatlashtirilgan dastur orqali aniqlanadi.

14. Daromad oluvchi toʻlangan soliqning bir qismini soliq organlarining maxsus mobil ilovasi orqali ushbu summa tasdiqlangandan eʼtiboran qaytarib olishi mumkin.

3-bob. Toʻlangan yer soligʻining bir qismini qaytarish yoki rad etish tartibi

15. Avtomatlashtirilgan dastur ushbu Nizomning 12-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlar kelib tushgandan eʼtiboran uch kun muddatda avtomatik ravishda qaytariladigan soliq summasi boʻyicha buyurtmani Gʻaznachilikka taqdim etadi.

16. Gʻaznachilik buyurtmaga binoan Soliq qoʻmitasining Gʻaznachilikdagi maxsus hisobvaragʻiga buyurtma olgan kundan soʻng uch ish kunidan kechikmay mablagʻlarni oʻtkazadi.

17. Soliq qoʻmitasi Gʻaznachilik tomonidan mablagʻlar oʻtkazilgandan keyin bir ish kunidan kechiktirmay ularni Gʻaznachilikdagi maxsus hisobvaragʻidan vakolatli bankda ochilgan hisobvaragʻiga oʻtkazadi va Soliq qoʻmitasi daromad oluvchilarning reyestrlarini vakolatli bankka oʻsha kunning oʻzida taqdim etadi.

18. Soliq qoʻmitasi topshirigʻiga asosan vakolatli bank mablagʻlarni bir ish kunida soliq organlarining maxsus mobil ilovasida koʻrsatilgan daromad oluvchilarning bank kartalariga oʻtkazadi.

19. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining 369-moddasi ikkinchi qismi 16-bandiga muvofiq jismoniy shaxs tomonidan sotib olingan tovarlar (xizmatlar) qiymatining bir qismi qaytarib olinishi ushbu jismoniy shaxsning jami daromadiga kiritilmaydi.

20. Daromad oluvchining boshqa soliqlar, moliyaviy sanksiyalar va penyalar boʻyicha qarzdorligi mavjud boʻlsa, qaytariladigan soliqning bir qismi, birinchi navbatda, ushbu qarzlarni soʻndirishga yoʻnaltiriladi va bu haqida daromad oluvchiga soliq organlarining maxsus mobil ilovasi orqali maʼlumotlar taqdim etiladi.

21. Ushbu Nizomning 5-bandida nazarda tutilgan shartlar bajarilmagan taqdirda, daromad oluvchilarga toʻlangan soliqning bir qismini qaytarish avtomatik ravishda rad etiladi.

22. Soliq organi toʻlangan soliqning bir qismini qaytarib berishni rad etish toʻgʻrisida xulosa berganda, bu toʻgʻrisida soliq organlarining maxsus mobil ilovasi orqali bir ish kuni ichida daromad oluvchiga toʻlangan soliqning bir qismini qaytarib berishni rad etishning asoslantirilgan sabablari koʻrsatilgan holda xabarnoma yuboriladi.

23. Daromad oluvchi soliq summasini qaytarib berishni rad etish toʻgʻrisidagi xulosa yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishga haqli.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

24. Daromad oluvchi tomonidan toʻlangan yer soligʻining bir qismi yolgʻon maʼlumotlarni taqdim qilish, hujjatlarni soxtalashtirish asosida qaytarib olingani holatlar aniqlanganda, ushbu qaytarib olingan summa belgilangan tartibda penya hisoblagan holda mahalliy budjetga undiriladi.

25. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yerlarida yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan yuqori daromad oluvchilarga budjetga toʻlangan yer soligʻining bir qismini qaytarish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga ILOVA

Dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yerlarida yetishtirilgan mahsulotlarini sotishdan yuqori daromad oluvchilarga budjetga toʻlangan yer soligʻining bir qismini qaytarish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Dehqon xoʻjaligi va tomorqa yer egalari Yetishtirilgan qishloq xoʻjaligi mahsulotlari hajmi, mahsulot turi va ekin ekilgan maydon toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oila aʼzolarining maqomini hamda qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotishdan koʻrilgan jami daromadini “Onlayn mahalla” platformasiga kiritadi. Kalendar yil 2-bosqich Soliq qoʻmitasining avtomatlashtirilgan axborot tizimi Dehqon xoʻjaligi va tomorqa yer egalarining “Onlayn mahalla” platformasiga kiritilgan maʼlumotlarini avtomatik ravishda qaytariladigan soliq summasi boʻyicha buyurtmani Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasiga taqdim etadi. Har oyning 10 ish kunida 3-bosqich Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi Buyurtmaga binoan Soliq qoʻmitasining shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga buyurtma olgan kundan mablagʻlarni oʻtkazadi. Uch ish kunida 4-bosqich Soliq qoʻmitasi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi tomonidan mablagʻlar oʻtkazilgandan keyin shaxsiy gʻazna hisobvaragʻidan vakolatli bankda ochilgan bank hisobvaragʻiga oʻtkazadi va daromad oluvchilarning reyestrlarini vakolatli bankka taqdim etadi. Bir ish kunida 5-bosqich Vakolatli bank Soliq qoʻmitasi topshirigʻiga asosan, vakolatli bank mablagʻlarni soliq organlarining maxsus mobil ilovasida koʻrsatilgan daromad oluvchilarning bank kartalariga oʻtkazadi. Bir ish kunida

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 9-oktabr,

547-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 09.10.2026-y., 09/26/547/1008-son)

lex.uz