📅 2026-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 9 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
СХЕМАСИ
Давлат мулкини ижарага бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 16 сентябрдаги ПҚ-286-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат мулкини ижарага бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти (кейинги ўринларда — Регламент) иловага мувофиқ тасдиқлансин:
республикада фаолият юритувчи давлат ташкилотлари томонидан давлат мулкини ижарага беришни давлат хизмати асосида ташкил этиш тартиби;
давлат мулкини ижарага бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби;
давлат мулкининг ижарага берилишини расмийлаштириш тартиби;
давлат мулки ижара шартномаси шартларини ўзгартириш ёки бекор қилиш тартиби.
2. Белгилансинки:
2027 йил 1 январдан бошлаб давлат мулкини ижарага бериш учун ариза ушбу Регламентга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки Давлат хизматлари марказлари орқали юборилади;
давлат мулкини ижарага бериш бўйича давлат хизмати бепул кўрсатилади.
3. Давлат активларини бошқариш агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
ушбу қарор билан тасдиқланган Регламентга мувофиқ давлат хизмати ЯИДХП ёки Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилишини йўлга қўйсин;
ЯИДХПда давлат хизматини кўрсатишнинг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Ғ. Муродов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 551-сон қарорига ИЛОВА
Давлат мулкини ижарага бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Маъмурий регламент (кейинги ўринларда — Регламент) давлат мулкини ижарага бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламент талаблари:
чет элдаги давлат мулкини ижарага беришга;
ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятларини олган ҳолда, моддий-маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудларни ижарага беришга;
касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг таълим жараёнидан фойдаланилмаётган ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналари (асбоб-ускуналари билан бирга) ҳамда бошқа бино ва иншоотларини ижарага беришга;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг алоҳида тартиб ўрнатилган ёпиқ ҳудудларида жойлашган бино ва иншоотларини ижарага беришга;
театр-томоша корхоналарининг томоша кўрсатиш заллари ва майдонларини ижарага беришга;
давлат ташкилотларининг хизмат турар жойларини ижарага беришга;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, умумий фойдаланишдаги ерлар (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ерлари), давлат ташкилоти, корхонаси ва муассасаси балансида бўлмаган ерлар ва захира ерларни ижарага беришга;
ерости бойликларини ижарага беришга;
интеллектуал мулк объектларини ижарага беришга;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида ижарага беришнинг бошқача тартиби белгиланган давлат мулкларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — давлат мулкини ўз балансида ҳисобга олган давлат ташкилоти, шу жумладан, давлат муассасаси раҳбари ёки масъул ходими;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари;
давлат мулки — республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулки (муниципал мулк)дан иборат бўлган оммавий мулк, шунингдек, давлат ташкилотлари, корхоналари ва муассасалари ҳамда хўжалик бирлашмаларига тасарруф этиш ҳуқуқисиз берилган давлат мулки;
ижарага олувчи — давлат мулкини ижара шартномаси асосида фойдаланишга олувчи жисмоний ёки юридик шахс;
«E-auksion» электрон савдо платформаси (кейинги ўринларда — савдо платформаси) — электрон онлайн-аукцион савдолари ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун зарур ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, истаги бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай аукцион ва танловлар жараёнига кириш ҳамда уларда қатнашиш имконини таъминлайдиган ахборот тизими.
4. Давлат хизмати Давлат хизматлари маркази ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали ваколатли орган томонидан кўрсатилади.
5. Давлат хизматлари маркази ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда — ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
6. Давлат мулкини ижарага бериш бўйича давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ кўрсатилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш
7. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига бевосита ўзи келиб мурожаат қилади ёки давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.
8. Ариза берувчи шахсан келиб мурожаат қилган тақдирда, Давлат хизмати маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда эса мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ давлат хизматидан фойдаланиш учун аризани электрон тарзда тўлдиради.
9. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза тўлдирилган вақтдан бошлаб уни реал вақт режимида ваколатли органга юборади.
Зарур маълумотлар аризага киритилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ҳамда имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (электрон имзо, Mobil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
10. Ариза берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этганда, аризани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди ҳамда аризани автоматик тарзда ваколатли органга электрон шаклда юборилади.
Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунларида тушганда, календарь бўйича навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга тушган ва ваколатли орган томонидан қабул қилинган кун деб ҳисобланади.
11. Ариза ва унга давлат мулкига тегишли қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
давлат мулкининг номи, тавсифи, жойлашган манзили;
давлат мулкининг умумий ва ижарага бериладиган майдони, қурилган йили (мавжуд бўлса);
давлат мулкининг коммуникациялар (сув, газ, электр энергияси, канализация тармоғи) билан таъминлангани тўғрисида маълумот;
давлат мулкининг ижарага бериладиган майдонини кўрсатган ҳолда кадастр ҳужжати нусхаси;
давлат мулкининг 4 та фотосурати;
давлат мулкидан фойдаланиш мақсади (амалга ошириладиган фаолият тури);
давлат мулкини ижарага беришнинг бошқа шартлари (мавжуд бўлса).
12. Ваколатли орган ариза тушган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида тақдим этилган давлат мулкига тегишли ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқлигини ўрганади.
13. Ушбу Регламентнинг 11-бандига мувофиқ давлат мулкига тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, ваколатли орган икки иш кунидан кечиктирмай ариза берувчига ҳужжатларни тўлиқ кўрсатган ҳолда тақдим этиш учун тегишли Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали электрон тарзда қайтаради.
14. Давлат хизматини кўрсатиш рад этилганда, ариза берувчи бир ой муддатда давлат хизматини кўрсатишни рад этиш асосларини бартараф қилган ҳолда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Бунда ариза берувчи томонидан рад этиш сабаблари бартараф этилмагани аризани кўрмасдан қолдиришга асос бўлади.
Ушбу бандда белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган аризалар янги берилган ҳисобланади ва умумий тартибда кўриб чиқилади.
15. Ваколатли орган аризани ўрганиш натижаси ижобий бўлса, ариза рўйхатдан ўтказилади ва давлат мулки ижарага бериш учун савдо платформаси орқали электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.
16. Ваколатли орган давлат мулкини ижарага бериш учун савдо платформаси орқали электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилгани ҳақидаги хабарномани мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклда икки иш куни мобайнида Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига юборади.
17. Ариза берувчи томонидан давлат мулкини ижарага бериш учун ариза электрон тарзда Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали юборилганда йиғим ундирилмайди.
3-боб. Давлат мулкининг ижарага берилишини расмийлаштириш
18. Давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон онлайн-аукцион савдолари Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдолари ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
19. Ваколатли орган билан ижарага олувчи ўртасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган электрон онлайн-аукцион савдолари натижаси бўйича баённома расмийлаштирилгандан кейин ўн иш кунидан кечиктирмай тузилган ижара шартномаси электрон шаклда (шу жумладан, электрон рақамли имзо билан) икки томонлама расмийлаштирилади ва электрон рақамли имзо билан имзолаш учун Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига электрон шаклда юборилади.
20. Давлат мулкини ижарага бериш шартномаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ расмийлаштирилади.
21. Ариза берувчи Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали юборилган ижара шартномасини икки иш кунида электрон рақамли имзо билан имзолайди ва ижара шартномаси имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
4-боб. Давлат мулки ижара шартномаси шартларини ўзгартириш ёки бекор қилиш
22. Давлат мулкини ижарага бериш бўйича ижара шартномасининг шартлари қонунчиликда белгиланган тартибда ўзгартирилади ёки бекор қилинади.
Бунда ижара шартномаси шартлари «online-ijara.uz» ахборот тизими орқали ўзгартирилади ёки бекор қилинади.
23. Ваколатли орган давлат мулкини ижарага бериш бўйича ижара шартномаси шартлари ўзгартирилганда ёки ижара шартномаси бекор қилинганда, уч иш кунида қўшимча келишув шартномасини Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига имзолаш учун юборади. Ижара шартномаси суд қарори билан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган ҳоллар бундан мустасно.
5-боб. Якунловчи қоидалар
24. Давлат хизматлари маркази ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан расмий мурожаат бўлган тақдирда, ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади.
25. Ушбу Регламентни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
26. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Давлат мулкини ижарага бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Давлат мулкини ижарага бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ариза берувчи Давлат мулкини ижарага бериш учун Давлат хизматлари маркази ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали ариза юборади. Ариза топшириш зарурати вужудга келганда 2-босқич ЯИДХП Аризани тўлдириб, ваколатли органга юборади. Автоматик тарзда Давлат хизматлари маркази 10 дақиқа ичида 3-босқич Ваколатли орган (Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг ҳудудий бошқармалари) 1. Ариза ва тегишли маълумотларни кўриб чиқади. 2 иш куни ичида 2. Камчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, уларни бартараф этиш учун ариза берувчига қайтаради. 3. Аризанинг қабул қилингани ёки рад этилгани ҳақида ариза берувчига хабар беради. 4-босқич Ариза берувчи Аризани ундаги камчиликларни бартараф этган ҳолда қайта юборади. 2 иш куни ичида 5-босқич Ваколатли орган 1. Давлат мулкини ижарага бериш учун савдо платформаси орқали электрон онлайн-аукцион савдосига чиқаради. 2 иш куни ичида 2. Давлат мулкини ижарага бериш учун савдо платформаси орқали электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилгани ҳақида маълумотларни (лот рақами, савдони ўтказиш санаси ва бошқалар) ариза берувчига юборади. 6-босқич Ваколатли орган 3. Электрон онлайн-аукцион савдолари натижаси бўйича ижара шартномасини расмийлаштиради. 10 иш куни ичида 4. Ижара шартномасини электрон рақамли имзо билан имзолаш учун Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига электрон шаклда юборади. Давлат хизматлари марказига — шу куннинг ўзида, ЯИДХП орқали — автоматик тарзда 7-босқич Ариза берувчи Электрон рақамли имзо билан ижара шартномасини имзолайди. 2 иш куни ичида 8-босқич Ваколатли орган Ижара шартномаси шартлари ўзгартирилганда ёки ижара шартномаси бекор қилинганда, Давлат хизматлари марказига, ЯИДХП орқали ариза берувчига қўшимча келишув шартномасини имзолаш учун юборади. 3 иш куни ичида
Давлат мулкини ижарага бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг _______________ ҳудудий бошқармасига Давлат мулкини ижарага бериш учун АРИЗА ______________ ______________ (санаси) (рақами) Сиздан ___________________________ балансидаги ______________________________________ манзилида жойлашган бино(объект)нинг ________ квадрат метр майдони қуйидаги фаолият тури бўйича ижарага берилишида амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз. Т/р Соҳа тури Фаолият тури Ижарага берилади (квадрат метр) Бинонинг ижарага бериладиган майдони тури жами: Илова __ варақда. 1-илова объектнинг хатлов далолатномаси; 2-илова объектнинг кадастр ҳужжати; 3-илова ижарага бериладиган майдоннинг белгиланган кадастр чизмаси нусхаси; 4-илова объектнинг 4 дона фотосурати. Бизнинг реквизитлар: Манзил: ______________________; Хизмат кўрсатувчи банк: ______________; МФО: _____________; ҲР: ____________________________; СТИР: _________________; ОКОНХ: __________; Боғланиш учун телефон рақами: ___________________ Ушбу аризада кўрсатилган майдонни «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ижарага бериш бўйича ғолиб бўлган ижарага олувчи билан белгиланган тартибда ижара шартномасини расмийлаштиришни ҳамда объект ижарага топширилишини кафолатлаймиз. Давлат мулкини ижарага бериш учун аризага ИЛОВА 1. Ижарага берилаётган бўш турган давлат мулкининг номи 2. Давлат мулкининг манзили 3. Кадастр рақами 4. Харитадаги координаталари 5. Қурилган йили 6. Умумий ер майдони (квадрат метр) 7. Бинолар ва иншоотларнинг эгаллаган умумий майдони (квадрат метр) 8. Ижарага бериладиган майдон (квадрат метр) 9. Бинонинг техник хусусиятлари Балансда сақловчи маълумотлари 10. Ф.И.О. 11. СТИР 12. Манзил Ижарага бериш шартлари 13. Ижарага бериш муддати (ой) Коммуникация тармоқлари 14. Электр энергияси 15. Табиий газ 16. Ичимлик суви 17. Иссиқ сув 18. Оқова сув (канализация) 19. Иссиқлик тармоғи 20. Телефон тармоғи 21. Интернет тармоғи 22. Локал тармоқ
Давлат мулкини ижарага бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА
Давлат мулкини ижарага бериш хизматини кўрсатиш НАТИЖАСИ ______________ ______________ (санаси) (рақами) Т/р Объект (бино қисми) номи Фаолият тури Бинонинг ижарага бериладиган майдони (квадрат метр) Савдога чиқарилгани тўғрисида ЛОТ рақами Савдони ўтказиш санаси Жами: Ваколатли орган электрон имзоси билан тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 9 октябрь,
551 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
MAʼMURIY REGLAMENTI
SXEMASI
Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikaning hudud, soha va tarmoqlarida raqamli texnologiyalar joriy etilishini yanada jadallashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 16-sentabrdagi PQ-286-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti (keyingi oʻrinlarda — Reglament) ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
respublikada faoliyat yurituvchi davlat tashkilotlari tomonidan davlat mulkini ijaraga berishni davlat xizmati asosida tashkil etish tartibi;
davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish tartibi;
davlat mulkining ijaraga berilishini rasmiylashtirish tartibi;
davlat mulki ijara shartnomasi shartlarini oʻzgartirish yoki bekor qilish tartibi.
2. Belgilansinki:
2027-yil 1-yanvardan boshlab davlat mulkini ijaraga berish uchun ariza ushbu Reglamentga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) yoki Davlat xizmatlari markazlari orqali yuboriladi;
davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha davlat xizmati bepul koʻrsatiladi.
3. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Raqamli texnologiyalar vazirligi hamda Adliya vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda:
ushbu qaror bilan tasdiqlangan Reglamentga muvofiq davlat xizmati YIDXP yoki Davlat xizmatlari markazlari orqali koʻrsatilishini yoʻlga qoʻysin;
YIDXPda davlat xizmatini koʻrsatishning har bir bosqichida murojaatlar koʻrib chiqilishini kuzatib borish tartibini joriy etsin.
4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri A.J. Tashkulov va Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori S.Gʻ. Murodov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 551-son qaroriga ILOVA
Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Maʼmuriy reglament (keyingi oʻrinlarda — Reglament) davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Reglament talablari:
chet eldagi davlat mulkini ijaraga berishga;
obodonlashtirish va zarur holatda saqlash boʻyicha investitsiya majburiyatlarini olgan holda, moddiy-madaniy meros obyektlari va ularga tutash hududlarni ijaraga berishga;
kasb-hunarga oʻqitish markazlarining taʼlim jarayonidan foydalanilmayotgan oʻquv xonalari, ishlab chiqarish ustaxonalari (asbob-uskunalari bilan birga) hamda boshqa bino va inshootlarini ijaraga berishga;
huquqni muhofaza qiluvchi organlarning alohida tartib oʻrnatilgan yopiq hududlarida joylashgan bino va inshootlarini ijaraga berishga;
teatr-tomosha korxonalarining tomosha koʻrsatish zallari va maydonlarini ijaraga berishga;
davlat tashkilotlarining xizmat turar joylarini ijaraga berishga;
qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar, umumiy foydalanishdagi yerlar (shaharlar, posyolkalar va qishloq aholi punktlari yerlari), davlat tashkiloti, korxonasi va muassasasi balansida boʻlmagan yerlar va zaxira yerlarni ijaraga berishga;
yerosti boyliklarini ijaraga berishga;
intellektual mulk obyektlarini ijaraga berishga;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari yoki Vazirlar Mahkamasining qarorlarida ijaraga berishning boshqacha tartibi belgilangan davlat mulklariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
3. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ariza beruvchi — davlat mulkini oʻz balansida hisobga olgan davlat tashkiloti, shu jumladan, davlat muassasasi rahbari yoki masʼul xodimi;
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanish markazining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy boshqarmalari;
davlat mulki — respublika mulki va maʼmuriy-hududiy tuzilmalarning mulki (munitsipal mulk)dan iborat boʻlgan ommaviy mulk, shuningdek, davlat tashkilotlari, korxonalari va muassasalari hamda xoʻjalik birlashmalariga tasarruf etish huquqisiz berilgan davlat mulki;
ijaraga oluvchi — davlat mulkini ijara shartnomasi asosida foydalanishga oluvchi jismoniy yoki yuridik shaxs;
“E-auksion” elektron savdo platformasi (keyingi oʻrinlarda — savdo platformasi) — elektron onlayn-auksion savdolari va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish uchun zarur axborotni kiritish, saqlash va qayta ishlash, shuningdek, istagi boʻlgan jismoniy va yuridik shaxslarning bunday auksion va tanlovlar jarayoniga kirish hamda ularda qatnashish imkonini taʼminlaydigan axborot tizimi.
4. Davlat xizmati Davlat xizmatlari markazi yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali vakolatli organ tomonidan koʻrsatiladi.
5. Davlat xizmatlari markazi va vakolatli organ oʻrtasidagi axborot almashinuvi elektron raqamli imzoni (keyingi oʻrinlarda — ERI) majburiy tartibda qoʻllash orqali faqat idoralararo elektron oʻzaro bogʻlanish yordamida amalga oshiriladi.
6. Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha davlat xizmati ushbu Reglamentga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq koʻrsatiladi.
2-bob. Davlat xizmatini koʻrsatish
7. Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanish uchun Davlat xizmatlari markaziga bevosita oʻzi kelib murojaat qiladi yoki davlat xizmatidan foydalanish uchun YIDXPda roʻyxatdan oʻtadi.
8. Ariza beruvchi shaxsan kelib murojaat qilgan taqdirda, Davlat xizmati markazi xodimi ariza beruvchi nomidan, YIDXP orqali murojaat qilgan taqdirda esa mustaqil ravishda ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq davlat xizmatidan foydalanish uchun arizani elektron tarzda toʻldiradi.
9. Ariza beruvchi oʻzi kelib murojaat etganda, Davlat xizmatlari markazi xodimi ariza toʻldirilgan vaqtdan boshlab uni real vaqt rejimida vakolatli organga yuboradi.
Zarur maʼlumotlar arizaga kiritilgandan soʻng ariza beruvchi maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshiradi hamda imzolarni identifikatsiya qilishning tegishli vositalari (elektron imzo, Mobil-ID va boshqalar) bilan tasdiqlaydi.
10. Ariza beruvchi YIDXP orqali murojaat etganda, arizani elektron raqamli imzo bilan tasdiqlash talab etilmaydi hamda arizani avtomatik tarzda vakolatli organga elektron shaklda yuboriladi.
Arizalar YIDXP orqali dam olish va bayram kunlaridan qatʼi nazar, har kuni 24 soat davomida yuborilishi mumkin.
Bunda arizalar ish vaqtidan keyin yoki dam olish va bayram kunlarida tushganda, kalendar boʻyicha navbatdagi ish kuni arizalarning vakolatli organga tushgan va vakolatli organ tomonidan qabul qilingan kun deb hisoblanadi.
11. Ariza va unga davlat mulkiga tegishli quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
davlat mulkining nomi, tavsifi, joylashgan manzili;
davlat mulkining umumiy va ijaraga beriladigan maydoni, qurilgan yili (mavjud boʻlsa);
davlat mulkining kommunikatsiyalar (suv, gaz, elektr energiyasi, kanalizatsiya tarmogʻi) bilan taʼminlangani toʻgʻrisida maʼlumot;
davlat mulkining ijaraga beriladigan maydonini koʻrsatgan holda kadastr hujjati nusxasi;
davlat mulkining 4 ta fotosurati;
davlat mulkidan foydalanish maqsadi (amalga oshiriladigan faoliyat turi);
davlat mulkini ijaraga berishning boshqa shartlari (mavjud boʻlsa).
12. Vakolatli organ ariza tushgan kundan boshlab ikki ish kuni mobaynida taqdim etilgan davlat mulkiga tegishli hujjatlar va maʼlumotlarning toʻliqligini oʻrganadi.
13. Ushbu Reglamentning 11-bandiga muvofiq davlat mulkiga tegishli hujjatlar taqdim etilmagan taqdirda, vakolatli organ ikki ish kunidan kechiktirmay ariza beruvchiga hujjatlarni toʻliq koʻrsatgan holda taqdim etish uchun tegishli Davlat xizmatlari markaziga yoki YIDXP orqali elektron tarzda qaytaradi.
14. Davlat xizmatini koʻrsatish rad etilganda, ariza beruvchi bir oy muddatda davlat xizmatini koʻrsatishni rad etish asoslarini bartaraf qilgan holda qayta murojaat qilish huquqiga ega.
Bunda ariza beruvchi tomonidan rad etish sabablari bartaraf etilmagani arizani koʻrmasdan qoldirishga asos boʻladi.
Ushbu bandda belgilangan muddat oʻtgandan keyin berilgan arizalar yangi berilgan hisoblanadi va umumiy tartibda koʻrib chiqiladi.
15. Vakolatli organ arizani oʻrganish natijasi ijobiy boʻlsa, ariza roʻyxatdan oʻtkaziladi va davlat mulki ijaraga berish uchun savdo platformasi orqali elektron onlayn-auksion savdolariga chiqariladi.
16. Vakolatli organ davlat mulkini ijaraga berish uchun savdo platformasi orqali elektron onlayn-auksion savdolariga chiqarilgani haqidagi xabarnomani mazkur Reglamentga 3-ilovaga muvofiq shaklda ikki ish kuni mobaynida Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali ariza beruvchiga yuboradi.
17. Ariza beruvchi tomonidan davlat mulkini ijaraga berish uchun ariza elektron tarzda Davlat xizmatlari markazlari yoki YIDXP orqali yuborilganda yigʻim undirilmaydi.
3-bob. Davlat mulkining ijaraga berilishini rasmiylashtirish
18. Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha elektron onlayn-auksion savdolari Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-yanvardagi 18-son qarori bilan tasdiqlangan “E-auksion” elektron savdo platformasida elektron onlayn-auksion savdolari va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
19. Vakolatli organ bilan ijaraga oluvchi oʻrtasida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻtkazilgan elektron onlayn-auksion savdolari natijasi boʻyicha bayonnoma rasmiylashtirilgandan keyin oʻn ish kunidan kechiktirmay tuzilgan ijara shartnomasi elektron shaklda (shu jumladan, elektron raqamli imzo bilan) ikki tomonlama rasmiylashtiriladi va elektron raqamli imzo bilan imzolash uchun Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali ariza beruvchiga elektron shaklda yuboriladi.
20. Davlat mulkini ijaraga berish shartnomasi Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-dekabrdagi 660-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat mulkini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq rasmiylashtiriladi.
21. Ariza beruvchi Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali yuborilgan ijara shartnomasini ikki ish kunida elektron raqamli imzo bilan imzolaydi va ijara shartnomasi imzolangan kundan boshlab kuchga kiradi.
4-bob. Davlat mulki ijara shartnomasi shartlarini oʻzgartirish yoki bekor qilish
22. Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha ijara shartnomasining shartlari qonunchilikda belgilangan tartibda oʻzgartiriladi yoki bekor qilinadi.
Bunda ijara shartnomasi shartlari “online-ijara.uz” axborot tizimi orqali oʻzgartiriladi yoki bekor qilinadi.
23. Vakolatli organ davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha ijara shartnomasi shartlari oʻzgartirilganda yoki ijara shartnomasi bekor qilinganda, uch ish kunida qoʻshimcha kelishuv shartnomasini Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali ariza beruvchiga imzolash uchun yuboradi. Ijara shartnomasi sud qarori bilan bekor qilingan yoki haqiqiy emas deb topilgan hollar bundan mustasno.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
24. Davlat xizmatlari markazi va vakolatli organ oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida olingan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlaydi. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vakolatli davlat organlari tomonidan rasmiy murojaat boʻlgan taqdirda, ariza beruvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar taqdim etiladi.
25. Ushbu Reglamentni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
26. Ushbu Reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Ariza beruvchi Davlat mulkini ijaraga berish uchun Davlat xizmatlari markazi yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali ariza yuboradi. Ariza topshirish zarurati vujudga kelganda 2-bosqich YIDXP Arizani toʻldirib, vakolatli organga yuboradi. Avtomatik tarzda Davlat xizmatlari markazi 10 daqiqa ichida 3-bosqich Vakolatli organ (Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanish markazining hududiy boshqarmalari) 1. Ariza va tegishli maʼlumotlarni koʻrib chiqadi. 2 ish kuni ichida 2. Kamchiliklar mavjud boʻlgan taqdirda, ularni bartaraf etish uchun ariza beruvchiga qaytaradi. 3. Arizaning qabul qilingani yoki rad etilgani haqida ariza beruvchiga xabar beradi. 4-bosqich Ariza beruvchi Arizani undagi kamchiliklarni bartaraf etgan holda qayta yuboradi. 2 ish kuni ichida 5-bosqich Vakolatli organ 1. Davlat mulkini ijaraga berish uchun savdo platformasi orqali elektron onlayn-auksion savdosiga chiqaradi. 2 ish kuni ichida 2. Davlat mulkini ijaraga berish uchun savdo platformasi orqali elektron onlayn-auksion savdolariga chiqarilgani haqida maʼlumotlarni (lot raqami, savdoni oʻtkazish sanasi va boshqalar) ariza beruvchiga yuboradi. 6-bosqich Vakolatli organ 3. Elektron onlayn-auksion savdolari natijasi boʻyicha ijara shartnomasini rasmiylashtiradi. 10 ish kuni ichida 4. Ijara shartnomasini elektron raqamli imzo bilan imzolash uchun Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali ariza beruvchiga elektron shaklda yuboradi. Davlat xizmatlari markaziga — shu kunning oʻzida, YIDXP orqali — avtomatik tarzda 7-bosqich Ariza beruvchi Elektron raqamli imzo bilan ijara shartnomasini imzolaydi. 2 ish kuni ichida 8-bosqich Vakolatli organ Ijara shartnomasi shartlari oʻzgartirilganda yoki ijara shartnomasi bekor qilinganda, Davlat xizmatlari markaziga, YIDXP orqali ariza beruvchiga qoʻshimcha kelishuv shartnomasini imzolash uchun yuboradi. 3 ish kuni ichida
Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanish markazining _______________ hududiy boshqarmasiga Davlat mulkini ijaraga berish uchun ARIZA ______________ ______________ (sanasi) (raqami) Sizdan ___________________________ balansidagi ______________________________________ manzilida joylashgan bino(obyekt)ning ________ kvadrat metr maydoni quyidagi faoliyat turi boʻyicha ijaraga berilishida amaliy yordam koʻrsatishingizni soʻraymiz. T/r Soha turi Faoliyat turi Ijaraga beriladi (kvadrat metr) Binoning ijaraga beriladigan maydoni turi jami: Ilova __ varaqda. 1-ilova obyektning xatlov dalolatnomasi; 2-ilova obyektning kadastr hujjati; 3-ilova ijaraga beriladigan maydonning belgilangan kadastr chizmasi nusxasi; 4-ilova obyektning 4 dona fotosurati. Bizning rekvizitlar: Manzil: ______________________; Xizmat koʻrsatuvchi bank: ______________; MFO: _____________; HR: ____________________________; STIR: _________________; OKONX: __________; Bogʻlanish uchun telefon raqami: ___________________ Ushbu arizada koʻrsatilgan maydonni “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali ijaraga berish boʻyicha gʻolib boʻlgan ijaraga oluvchi bilan belgilangan tartibda ijara shartnomasini rasmiylashtirishni hamda obyekt ijaraga topshirilishini kafolatlaymiz. Davlat mulkini ijaraga berish uchun arizaga ILOVA 1. Ijaraga berilayotgan boʻsh turgan davlat mulkining nomi 2. Davlat mulkining manzili 3. Kadastr raqami 4. Xaritadagi koordinatalari 5. Qurilgan yili 6. Umumiy yer maydoni (kvadrat metr) 7. Binolar va inshootlarning egallagan umumiy maydoni (kvadrat metr) 8. Ijaraga beriladigan maydon (kvadrat metr) 9. Binoning texnik xususiyatlari Balansda saqlovchi maʼlumotlari 10. F.I.O. 11. STIR 12. Manzil Ijaraga berish shartlari 13. Ijaraga berish muddati (oy) Kommunikatsiya tarmoqlari 14. Elektr energiyasi 15. Tabiiy gaz 16. Ichimlik suvi 17. Issiq suv 18. Oqova suv (kanalizatsiya) 19. Issiqlik tarmogʻi 20. Telefon tarmogʻi 21. Internet tarmogʻi 22. Lokal tarmoq
Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA
Davlat mulkini ijaraga berish xizmatini koʻrsatish NATIJASI ______________ ______________ (sanasi) (raqami) T/r Obyekt (bino qismi) nomi Faoliyat turi Binoning ijaraga beriladigan maydoni (kvadrat metr) Savdoga chiqarilgani toʻgʻrisida LOT raqami Savdoni oʻtkazish sanasi Jami: Vakolatli organ elektron imzosi bilan tasdiqlaydi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 9-oktabr,
551 -son