📅 2026-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 9 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
СХEМАСИ
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан сув ўлчаш воситаларини ўрнатган истеъмолчиларни қўллаб‑қувватлаш ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Солиқ қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2027 йилда тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида сувдан бирламчи фойдаланадиган ёки сувни истеъмол қиладиган солиқ тўловчиларга (қишлоқ хўжалиги корхоналари бундан мустасно) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботларининг солиқ органлари томонидан шакллантириб берилиши тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлатилган сув ҳажми бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
3. Солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
ушбу қарорнинг мазмун‑моҳияти ва аҳамияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин;
2028 йил 1 апрелга қадар ушбу қарорга асосан ўтказиладиган тажриба натижалари тўғрисидаги ахборотни ва уни республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш ҳақидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг эҳтиёждан ортиқча қисмини сотиш тартибини белгилаш тўғрисида» 2023 йил 14 июндаги 247-сон қарори 4-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ижобий тафовут ҳажмига субсидия ажратилиши учун жисмоний шахслар солиқ органларининг «Soliq» мобил иловасида ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтадилар».
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Солиқ қўмитаси раиси Ф.Ж. Пўлатов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 546-сон қарорига ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлатилган сув ҳажми бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Вақтинчалик низом Тошкент шаҳрида сувдан бирламчи фойдаланадиган ёки сувни истеъмол қиладиган солиқ тўловчиларга (кейинги ўринларда — солиқ тўловчи) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботини (кейинги ўринларда — солиқ ҳисоботи) солиқ органи томонидан шакллантириш тартибини белгилайди, бундан қишлоқ хўжалиги корхоналари мустасно.
Ушбу Вақтинчалик низом 2027 йил 1 январдан 2028 йил 1 мартга қадар Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида амал қилади.
Мазкур Вақтинчалик низом талаблари солиқ тўловчининг ташаббуси билан ёки солиқ текширувлари натижасида қайта аниқлаштирилган солиқ ҳисоботларини шакллантириш ва тақдим этиш ҳолатларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Солиқ тўловчининг ташаббуси билан ёки солиқ текширувлари натижасида қайта аниқлаштирилган солиқ ҳисоботларини шакллантириш ва тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (кейинги ўринларда — Солиқ кодекси) мувофиқ белгиланади.
2. Мазкур Вақтинчалик низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ички манбалар — солиқ тўловчилар тақдим этган солиқ ва молиявий ҳисоботлар, солиқ мониторинги, кўздан кечириш ва солиқ текшируви натижаларига оид солиқ органларининг ахборот тизимларидан, шунингдек, солиқ органларининг «E-imtiyoz» дастури ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан олинган маълумотлар;
солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботи — ички ва ташқи манбалар асосида солиқ органлари томонидан автоматик равишда шакллантирилган, солиқ даври учун солиқ тўловчилар ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлашга асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар;
сувдан фойдаланувчилар (истеъмолчилар) — ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув объектидан ёки сув хўжалиги объектидан сув ресурсларини белгиланган тартибда олувчи юридик ва жисмоний шахслар;
сув истеъмоли меъёри (кейинги ўринларда — меъёр) — сув истеъмолчилари томонидан сув ресурсларидан сув ўлчаш воситаларисиз фойдаланилган ҳолларда, сувни ҳисобга олиш ускунаси билан таъминланмаган истеъмолчилар сифатида ҳисоб-китоб қилинадиган сув ҳажми;
сув ўлчаш воситалари — сув истеъмолчилари томонидан хўжалик ёки ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилаётган сув миқдорини ўлчаш, мониторинг қилиш ва назоратга олиш учун хизмат қилувчи техник қурилмалар;
ташқи манбалар — Солиқ кодексига мувофиқ солиқ органларига маълумотларни тақдим этиш мажбурияти юкланган Тоғ‑кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда «Ўзсувтаъминот» АЖнинг маълумотлари.
3. Қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилган сув ҳажми бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ушбу Вақтинчалик низомга иловага мувофиқ схема асосида ҳисобланади.
2-боб. Солиқ органларига солиқни ҳисоблаш учун асос бўладиган маълумотларни тақдим этиш тартиби
4. Солиқ органларига солиқни ҳисоблаш учун асос бўладиган қуйидаги маълумотлар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан ҳар йили ўзаро ахборот алмашинуви тизими орқали тақдим этиб борилади, жумладан:
қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланмайдиган тадбиркорлик субъектлари бўйича белгиланган йиллик сув олиш лимитлари тўғрисидаги маълумотларни жорий солиқ даврининг 5 январидан кечиктирмасдан;
қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлатилган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ давридан кейинги йилнинг 20 февралидан кечиктирмасдан;
тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектларига эга бўлган жисмоний шахслар томонидан истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ давридан кейинги йилнинг 20 февралидан кечиктирмасдан;
Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ давридан кейинги йилнинг 20 февралидан кечиктирмасдан;
сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларидан келиб тушадиган сув ҳажмларининг нисбати тўғрисидаги маълумотларни жорий солиқ даврининг 15 январига қадар.
5. Ушбу Вақтинчалик низомнинг 4‑бандида назарда тутилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва муддатида тақдим этилиши учун тегишлилиги бўйича Тоғ‑кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда «Ўзсувтаъминот» АЖ жавобгар ҳисобланади.
3-боб. Солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботини шакллантириш тартиби
6. Солиқ ҳисоботларининг кўрсаткичлари ички ва ташқи манбалар маълумотлари асосида шакллантирилади.
Бунда мазкур Вақтинчалик низомга иловага мувофиқ схемада назарда тутилган муддатларда ҳисоботни топширган солиқ тўловчининг шахсий кабинетига қайта шакллантирилган ҳисобот юборилмайди.
7. Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан тақдим этилган маълумотлар солиқ органларининг маълумотлар базасида электрон шаклда умумлаштирилиб, ушбу маълумотлар ҳамда сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларидан келиб тушадиган сув ҳажмларининг нисбати тўғрисидаги маълумотлар асосида Солиқ кодексининг 445-моддасига мувофиқ сув ресурслари учун белгиланган солиқ ставкалари асосида солиқ суммаси ҳисобланади.
8. Солиқ органлари солиққа оид маълумотлар базасидан ва белгиланган солиқ ставкаларидан келиб чиққан ҳолда, қуйидагилар учун солиқ суммасини аниқлайди:
жорий солиқ даврининг 10 январига қадар қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи юридик шахсларнинг бўнак тўловлари миқдорини;
солиқ давридан кейинги йилнинг 22 февралига қадар қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи юридик шахсларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ ҳисоб-китоби.
9. Ушбу Вақтинчалик низомнинг 4‑бандида назарда тутилган манбалардан ташқари солиқ ҳисоботларини шакллантиришда солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги интерактив хизматлар маълумотларидан ҳам фойдаланилади.
10. Солиқ ҳисоботларида келтирилган сатр маълумотлари ички ва ташқи манбалар маълумотлари ва Солиқ кодексининг 445-моддасида белгиланган ставкалар асосида автоматик равишда шакллантирилади.
11. Қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлатилган сув ҳажми бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботларини солиқ органлари ушбу солиқ тури бўйича солиқ тўловчи деб эътироф этилганлар учун шакллантиради.
4-боб. Солиқ органи шакллантирган солиқ ҳисоботини солиқ тўловчи томонидан тасдиқлаш ва унга ўзгартириш киритиш тартиби
12. Солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботлари солиқ тўловчининг шахсий кабинетига ушбу Вақтинчалик низомга иловага мувофиқ схема асосида юборилади.
13. Солиқ органлари шакллантирган солиқ ҳисоботлари солиқ тўловчилар томонидан Солиқ кодексида солиқ ҳисоботини топширишнинг белгиланган муддатидан кечиктирилмаган ҳолда шахсий кабинет орқали тасдиқланиши лозим.
14. Солиқ тўловчи ёки унинг ваколатли вакили солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботининг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлайди ёхуд эътирозлари мавжуд бўлса, солиқ ҳисоботини қайта ишлайди ва ҳисобот тақдим этишнинг охирги муддатига (1 март) қадар тегишли асосларни илова қилган ҳолда солиқ органларига тақдим этади.
15. Солиқ органлари шакллантирган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан ҳисобот топшириш муддатига қадар тузатишлар киритилмагани ёки тасдиқланмагани солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) солиқ органлари шакллантирган солиқ ҳисоботига рози эканлигини билдиради ва солиқ органлари шакллантирган солиқ ҳисоботи тақдим этилган деб ҳисобланади.
16. Солиқ тўловчи ўзининг шахсий кабинети орқали солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботи қабул қилинганлигини кузатиши мумкин.
17. Солиқ органлари шакллантирган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасининг ўзгаришига олиб келадиган ҳолатлар юзага келганда, нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотлар ва (ёки) хатолар аниқланганда, шунингдек, солиқ тўловчининг ҳисоб ҳужжатларига кўра солиққа тортиш объектлари, улар билан боғлиқ объектларда ёки солиқ базасида фарқлар юзага келганда, солиқ тўловчи томонидан ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишлар киритилади ва ҳисобот солиқ органларига тақдим этилади.
18. Солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик солиқ тўловчи ёки унинг ваколатли вакили зиммасига юкланади.
19. Агар солиқ органлари томонидан текширувдан олдин шакллантирилган солиқ ҳисоботи билан янгиланган маълумотлар ўртасида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланса, солиқ тўловчи ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ҳамда солиқ органларига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши лозим.
5-боб. Солиқ тўловчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
20. Солиқ тўловчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
солиқ органидан ва бошқа ваколатли органлардан (уларнинг ваколатлари доирасида) амалдаги солиқлар тўғрисида, солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларидаги ўзгаришлар, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ҳақидаги ахборотни, солиқ ҳисоботининг ва аризаларнинг шаклларини, шунингдек, уларни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтиришларни бепул олиш;
ўз солиқ мажбурияти бажарилиши бўйича солиқ органларида ва бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган маълумотларни олиш.
21. Солиқ тўловчининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланиш учун солиқ органининг «E-imtiyoz» ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда, солиқ имтиёзларини унинг ҳар бир турига махсус идентификация коди асосида ҳисобга олиши;
ушбу Вақтинчалик низомнинг 17‑бандида назарда тутилган ҳолатлар юзага келганда, солиқ тўловчи томонидан ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишлар киритган ҳолда солиқ органларига тақдим этиши лозим.
6-боб. Якунловчи қоидалар
22. Солиқ органлари солиқ ҳисоботида солиқ суммалари тўғри ҳисобланганлигини ва уларнинг ўз муддатида тўланишини назорат қилади.
23. Мазкур Вақтинчалик низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлатилган сув ҳажми бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлатилган сув ҳажми бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ва «Ўзсувтаъминот» АЖ Солиқ органларига қуйидаги маълумотларни тақдим этади: а) қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилиши кутилаётган сув ҳажми тўғрисида; Жорий солиқ даврининг 5 январидан кечиктирмасдан б) қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилган сув ҳажми тўғрисида; Солиқ давридан кейинги йилнинг 20 февралидан кечиктирмасдан в) тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектларига эга бўлган жисмоний шахслар томонидан фойдаланилган сув ҳажми тўғрисида; г) Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар тўғрисида. 2-босқич Солиқ органлари Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича қуйидаги тоифа солиқ тўловчилар бўйича ички ва ташқи манбалар асосида келиб тушган маълумотларни умумлаштиради: а) қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектларининг бўнак тўловлари миқдори бўйича; Жорий солиқ даврининг 10 январига қадар б) қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар бўйича солиқ ҳисоб-китоби. Солиқ давридан кейинги йилнинг 22 февралига қадар 3-босқич Солиқ органлари Қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи сув ресурсларидан фойдаланган тадбиркорлик субъектлар, Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар бўйича автоматик равишда шакллантиради. Маълумотлар умумлаштирилгандан сўнг 1 кун муддат ичида 4-босқич Солиқ органлари Қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ташқари сувдан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектлар бўйича шакллантирилган солиқ ҳисоботини солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборади. Солиқ ҳисоботлари шакллантирилгандан сўнг 1 кун муддат ичида 5-босқич Солиқ тўловчи ёки унинг ваколатли вакили 1. Солиқ органи шакллантирган солиқ ҳисоботини тасдиқлайди. 2. Солиқ ҳисоботи бўйича эътирозлар бўлганда, асосларни илова қилган ҳолда солиқ ҳисоботини қайта ишлайди ва солиқ органига тақдим этади. Солиқ давридан кейинги йилнинг 1 мартига қадар 6-босқич Солиқ органлари Белгиланган муддатларда солиқ органлари ҳисоблаб чиққан солиқ суммаси солиқ тўловчи томонидан тасдиқланмаган ёки рад этилмаган тақдирда, хабарномада кўрсатилган маълумотлар тўғрилиги ва тўлиқлиги тасдиқланган ҳисобланади ва солиқ суммасини шахсий ҳисобварағига киритади. Солиқ давридан кейинги йилнинг 1 мартига қадар
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 9 октябрь,
546 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
VAQTINCHALIK NIZOM
SXEMASI
Suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq maʼmurchiligini takomillashtirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlari tomonidan suv oʻlchash vositalarini oʻrnatgan isteʼmolchilarni qoʻllab‑quvvatlash va suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq maʼmurchiligini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Soliq qoʻmitasi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining 2027-yilda tajriba tariqasida Toshkent shahrida suvdan birlamchi foydalanadigan yoki suvni isteʼmol qiladigan soliq toʻlovchilarga (qishloq xoʻjaligi korxonalari bundan mustasno) suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq hisobotlarining soliq organlari tomonidan shakllantirib berilishi toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlari tomonidan ishlatilgan suv hajmi boʻyicha suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliqni hisoblash tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
3. Soliq qoʻmitasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda:
ushbu qarorning mazmun‑mohiyati va ahamiyati ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini taʼminlasin;
2028-yil 1-aprelga qadar ushbu qarorga asosan oʻtkaziladigan tajriba natijalari toʻgʻrisidagi axborotni va uni respublikaning barcha hududlarida joriy etish haqidagi takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
4. Vazirlar Mahkamasining “Jismoniy shaxslar va tadbirkorlik subyektlari tomonidan qayta tiklanuvchi energiya manbalaridan foydalangan holda ishlab chiqarilgan elektr energiyasining ehtiyojdan ortiqcha qismini sotish tartibini belgilash toʻgʻrisida” 2023-yil 14-iyundagi 247-son qarori 4-bandining ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ijobiy tafovut hajmiga subsidiya ajratilishi uchun jismoniy shaxslar soliq organlarining “Soliq” mobil ilovasida va (yoki) Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida roʻyxatdan oʻtadilar”.
5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Soliq qoʻmitasi raisi F.J. Poʻlatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 546-son qaroriga ILOVA
Qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlari tomonidan ishlatilgan suv hajmi boʻyicha suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliqni hisoblash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Vaqtinchalik nizom Toshkent shahrida suvdan birlamchi foydalanadigan yoki suvni isteʼmol qiladigan soliq toʻlovchilarga (keyingi oʻrinlarda — soliq toʻlovchi) suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq hisobotini (keyingi oʻrinlarda — soliq hisoboti) soliq organi tomonidan shakllantirish tartibini belgilaydi, bundan qishloq xoʻjaligi korxonalari mustasno.
Ushbu Vaqtinchalik nizom 2027-yil 1-yanvardan 2028-yil 1-martga qadar Toshkent shahrida tajriba tariqasida amal qiladi.
Mazkur Vaqtinchalik nizom talablari soliq toʻlovchining tashabbusi bilan yoki soliq tekshiruvlari natijasida qayta aniqlashtirilgan soliq hisobotlarini shakllantirish va taqdim etish holatlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Soliq toʻlovchining tashabbusi bilan yoki soliq tekshiruvlari natijasida qayta aniqlashtirilgan soliq hisobotlarini shakllantirish va taqdim etish tartibi Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga (keyingi oʻrinlarda — Soliq kodeksi) muvofiq belgilanadi.
2. Mazkur Vaqtinchalik nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ichki manbalar — soliq toʻlovchilar taqdim etgan soliq va moliyaviy hisobotlar, soliq monitoringi, koʻzdan kechirish va soliq tekshiruvi natijalariga oid soliq organlarining axborot tizimlaridan, shuningdek, soliq organlarining “E-imtiyoz” dasturi hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalardan olingan maʼlumotlar;
soliq organlari tomonidan shakllantirilgan soliq hisoboti — ichki va tashqi manbalar asosida soliq organlari tomonidan avtomatik ravishda shakllantirilgan, soliq davri uchun soliq toʻlovchilar va soliq agentlarining soliq majburiyatlarini aniqlashga asos boʻlib xizmat qiladigan hujjatlar;
suvdan foydalanuvchilar (isteʼmolchilar) — oʻz ehtiyojlarini qondirish uchun suv obyektidan yoki suv xoʻjaligi obyektidan suv resurslarini belgilangan tartibda oluvchi yuridik va jismoniy shaxslar;
suv isteʼmoli meʼyori (keyingi oʻrinlarda — meʼyor) — suv isteʼmolchilari tomonidan suv resurslaridan suv oʻlchash vositalarisiz foydalanilgan hollarda, suvni hisobga olish uskunasi bilan taʼminlanmagan isteʼmolchilar sifatida hisob-kitob qilinadigan suv hajmi;
suv oʻlchash vositalari — suv isteʼmolchilari tomonidan xoʻjalik yoki ishlab chiqarish maqsadlarida foydalanilayotgan suv miqdorini oʻlchash, monitoring qilish va nazoratga olish uchun xizmat qiluvchi texnik qurilmalar;
tashqi manbalar — Soliq kodeksiga muvofiq soliq organlariga maʼlumotlarni taqdim etish majburiyati yuklangan Togʻ‑kon sanoati va geologiya vazirligi hamda “Oʻzsuvtaʼminot” AJning maʼlumotlari.
3. Qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlari tomonidan foydalanilgan suv hajmi boʻyicha suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq ushbu Vaqtinchalik nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida hisoblanadi.
2-bob. Soliq organlariga soliqni hisoblash uchun asos boʻladigan maʼlumotlarni taqdim etish tartibi
4. Soliq organlariga soliqni hisoblash uchun asos boʻladigan quyidagi maʼlumotlar Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi hamda “Oʻzsuvtaʼminot” AJ tomonidan har yili oʻzaro axborot almashinuvi tizimi orqali taqdim etib boriladi, jumladan:
qishloq xoʻjaligi faoliyati bilan shugʻullanmaydigan tadbirkorlik subyektlari boʻyicha belgilangan yillik suv olish limitlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni joriy soliq davrining 5-yanvaridan kechiktirmasdan;
qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlari tomonidan ishlatilgan suv hajmi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni soliq davridan keyingi yilning 20-fevralidan kechiktirmasdan;
tadbirkorlik faoliyati va (yoki) daromad olish uchun moʻljallangan, yashash uchun moʻljallanmagan koʻchmas mulk obyektlariga ega boʻlgan jismoniy shaxslar tomonidan isteʼmol qilingan suv hajmi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni soliq davridan keyingi yilning 20-fevralidan kechiktirmasdan;
Oʻzbekiston Respublikasining norezidentlari boʻlgan yuridik shaxslar, shuningdek, yakka tartibdagi tadbirkorlar tomonidan isteʼmol qilingan suv hajmi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni soliq davridan keyingi yilning 20-fevralidan kechiktirmasdan;
suv resurslarining yer usti va yer osti manbalaridan kelib tushadigan suv hajmlarining nisbati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni joriy soliq davrining 15-yanvariga qadar.
5. Ushbu Vaqtinchalik nizomning 4‑bandida nazarda tutilgan maʼlumotlarning haqqoniyligi va muddatida taqdim etilishi uchun tegishliligi boʻyicha Togʻ‑kon sanoati va geologiya vazirligi hamda “Oʻzsuvtaʼminot” AJ javobgar hisoblanadi.
3-bob. Soliq organlari tomonidan soliq hisobotini shakllantirish tartibi
6. Soliq hisobotlarining koʻrsatkichlari ichki va tashqi manbalar maʼlumotlari asosida shakllantiriladi.
Bunda mazkur Vaqtinchalik nizomga ilovaga muvofiq sxemada nazarda tutilgan muddatlarda hisobotni topshirgan soliq toʻlovchining shaxsiy kabinetiga qayta shakllantirilgan hisobot yuborilmaydi.
7. Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi hamda “Oʻzsuvtaʼminot” AJ tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar soliq organlarining maʼlumotlar bazasida elektron shaklda umumlashtirilib, ushbu maʼlumotlar hamda suv resurslarining yer usti va yer osti manbalaridan kelib tushadigan suv hajmlarining nisbati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida Soliq kodeksining 445-moddasiga muvofiq suv resurslari uchun belgilangan soliq stavkalari asosida soliq summasi hisoblanadi.
8. Soliq organlari soliqqa oid maʼlumotlar bazasidan va belgilangan soliq stavkalaridan kelib chiqqan holda, quyidagilar uchun soliq summasini aniqlaydi:
joriy soliq davrining 10-yanvariga qadar qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi yuridik shaxslarning boʻnak toʻlovlari miqdorini;
soliq davridan keyingi yilning 22-fevraliga qadar qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi yuridik shaxslarning hamda Oʻzbekiston Respublikasining norezidentlari boʻlgan yuridik shaxslar, shuningdek, yakka tartibdagi tadbirkorlar uchun soliq hisob-kitobi.
9. Ushbu Vaqtinchalik nizomning 4‑bandida nazarda tutilgan manbalardan tashqari soliq hisobotlarini shakllantirishda soliq toʻlovchining shaxsiy kabinetidagi interaktiv xizmatlar maʼlumotlaridan ham foydalaniladi.
10. Soliq hisobotlarida keltirilgan satr maʼlumotlari ichki va tashqi manbalar maʼlumotlari va Soliq kodeksining 445-moddasida belgilangan stavkalar asosida avtomatik ravishda shakllantiriladi.
11. Qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlari tomonidan ishlatilgan suv hajmi boʻyicha suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq hisobotlarini soliq organlari ushbu soliq turi boʻyicha soliq toʻlovchi deb eʼtirof etilganlar uchun shakllantiradi.
4-bob. Soliq organi shakllantirgan soliq hisobotini soliq toʻlovchi tomonidan tasdiqlash va unga oʻzgartirish kiritish tartibi
12. Soliq organlari tomonidan shakllantirilgan soliq hisobotlari soliq toʻlovchining shaxsiy kabinetiga ushbu Vaqtinchalik nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida yuboriladi.
13. Soliq organlari shakllantirgan soliq hisobotlari soliq toʻlovchilar tomonidan Soliq kodeksida soliq hisobotini topshirishning belgilangan muddatidan kechiktirilmagan holda shaxsiy kabinet orqali tasdiqlanishi lozim.
14. Soliq toʻlovchi yoki uning vakolatli vakili soliq organlari tomonidan shakllantirilgan soliq hisobotining toʻgʻriligi va toʻliqligini tasdiqlaydi yoxud eʼtirozlari mavjud boʻlsa, soliq hisobotini qayta ishlaydi va hisobot taqdim etishning oxirgi muddatiga (1-mart) qadar tegishli asoslarni ilova qilgan holda soliq organlariga taqdim etadi.
15. Soliq organlari shakllantirgan soliq hisoboti soliq toʻlovchi tomonidan hisobot topshirish muddatiga qadar tuzatishlar kiritilmagani yoki tasdiqlanmagani soliq toʻlovchining (soliq agentining) soliq organlari shakllantirgan soliq hisobotiga rozi ekanligini bildiradi va soliq organlari shakllantirgan soliq hisoboti taqdim etilgan deb hisoblanadi.
16. Soliq toʻlovchi oʻzining shaxsiy kabineti orqali soliq organlari tomonidan shakllantirilgan soliq hisoboti qabul qilinganligini kuzatishi mumkin.
17. Soliq organlari shakllantirgan soliq hisobotida hisoblab chiqarilgan soliq summasining oʻzgarishiga olib keladigan holatlar yuzaga kelganda, notoʻgʻri yoki toʻliq boʻlmagan maʼlumotlar va (yoki) xatolar aniqlanganda, shuningdek, soliq toʻlovchining hisob hujjatlariga koʻra soliqqa tortish obyektlari, ular bilan bogʻliq obyektlarda yoki soliq bazasida farqlar yuzaga kelganda, soliq toʻlovchi tomonidan ushbu soliq hisobotiga zarur tuzatishlar kiritiladi va hisobot soliq organlariga taqdim etiladi.
18. Soliq hisobotida koʻrsatilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi uchun javobgarlik soliq toʻlovchi yoki uning vakolatli vakili zimmasiga yuklanadi.
19. Agar soliq organlari tomonidan tekshiruvdan oldin shakllantirilgan soliq hisoboti bilan yangilangan maʼlumotlar oʻrtasida tafovutlar va (yoki) xatolar aniqlansa, soliq toʻlovchi ushbu soliq hisobotiga zarur tuzatishlarni kiritishi hamda soliq organlariga aniqlashtirilgan soliq hisobotini yoki aniqlangan tafovutlarning asosnomasini taqdim etishi lozim.
5-bob. Soliq toʻlovchining huquqlari va majburiyatlari
20. Soliq toʻlovchi quyidagi huquqlarga ega:
soliq organidan va boshqa vakolatli organlardan (ularning vakolatlari doirasida) amaldagi soliqlar toʻgʻrisida, soliq toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlaridagi oʻzgarishlar, soliqlarni hisoblab chiqarish va toʻlash tartibi haqidagi axborotni, soliq hisobotining va arizalarning shakllarini, shuningdek, ularni toʻldirish tartibi haqida tushuntirishlarni bepul olish;
oʻz soliq majburiyati bajarilishi boʻyicha soliq organlarida va boshqa vakolatli organlarda mavjud boʻlgan maʼlumotlarni olish.
21. Soliq toʻlovchining majburiyatlari quyidagilardan iborat:
qonunchilik hujjatlarida belgilangan soliq imtiyozlaridan foydalanish uchun soliq organining “E-imtiyoz” axborot tizimidan foydalangan holda, soliq imtiyozlarini uning har bir turiga maxsus identifikatsiya kodi asosida hisobga olishi;
ushbu Vaqtinchalik nizomning 17‑bandida nazarda tutilgan holatlar yuzaga kelganda, soliq toʻlovchi tomonidan ushbu soliq hisobotiga zarur tuzatishlar kiritgan holda soliq organlariga taqdim etishi lozim.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
22. Soliq organlari soliq hisobotida soliq summalari toʻgʻri hisoblanganligini va ularning oʻz muddatida toʻlanishini nazorat qiladi.
23. Mazkur Vaqtinchalik nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlari tomonidan ishlatilgan suv hajmi boʻyicha suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliqni hisoblash tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga ILOVA
Qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlari tomonidan ishlatilgan suv hajmi boʻyicha suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliqni hisoblash
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi va “Oʻzsuvtaʼminot” AJ Soliq organlariga quyidagi maʼlumotlarni taqdim etadi: a) qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlari tomonidan foydalanilishi kutilayotgan suv hajmi toʻgʻrisida; Joriy soliq davrining 5-yanvaridan kechiktirmasdan b) qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlari tomonidan foydalanilgan suv hajmi toʻgʻrisida; Soliq davridan keyingi yilning 20-fevralidan kechiktirmasdan v) tadbirkorlik faoliyati va (yoki) daromad olish uchun moʻljallangan, yashash uchun moʻljallanmagan koʻchmas mulk obyektlariga ega boʻlgan jismoniy shaxslar tomonidan foydalanilgan suv hajmi toʻgʻrisida; g) Oʻzbekiston Respublikasining norezidentlari boʻlgan yuridik shaxslar, shuningdek, yakka tartibdagi tadbirkorlar toʻgʻrisida. 2-bosqich Soliq organlari Suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq boʻyicha quyidagi toifa soliq toʻlovchilar boʻyicha ichki va tashqi manbalar asosida kelib tushgan maʼlumotlarni umumlashtiradi: a) qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlarining boʻnak toʻlovlari miqdori boʻyicha; Joriy soliq davrining 10-yanvariga qadar b) qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlar hamda Oʻzbekiston Respublikasining norezidentlari boʻlgan yuridik shaxslar, shuningdek, yakka tartibdagi tadbirkorlar boʻyicha soliq hisob-kitobi. Soliq davridan keyingi yilning 22-fevraliga qadar 3-bosqich Soliq organlari Qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi suv resurslaridan foydalangan tadbirkorlik subyektlar, Oʻzbekiston Respublikasining norezidentlari boʻlgan yuridik shaxslar, shuningdek, yakka tartibdagi tadbirkorlar boʻyicha avtomatik ravishda shakllantiradi. Maʼlumotlar umumlashtirilgandan soʻng 1 kun muddat ichida 4-bosqich Soliq organlari Qishloq xoʻjaligi korxonalaridan tashqari suvdan foydalanuvchi tadbirkorlik subyektlar boʻyicha shakllantirilgan soliq hisobotini soliq toʻlovchining shaxsiy kabinetiga yuboradi. Soliq hisobotlari shakllantirilgandan soʻng 1 kun muddat ichida 5-bosqich Soliq toʻlovchi yoki uning vakolatli vakili 1. Soliq organi shakllantirgan soliq hisobotini tasdiqlaydi. 2. Soliq hisoboti boʻyicha eʼtirozlar boʻlganda, asoslarni ilova qilgan holda soliq hisobotini qayta ishlaydi va soliq organiga taqdim etadi. Soliq davridan keyingi yilning 1-martiga qadar 6-bosqich Soliq organlari Belgilangan muddatlarda soliq organlari hisoblab chiqqan soliq summasi soliq toʻlovchi tomonidan tasdiqlanmagan yoki rad etilmagan taqdirda, xabarnomada koʻrsatilgan maʼlumotlar toʻgʻriligi va toʻliqligi tasdiqlangan hisoblanadi va soliq summasini shaxsiy hisobvaragʻiga kiritadi. Soliq davridan keyingi yilning 1-martiga qadar
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 9-oktabr,
546 -son