UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 9 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

Инновация ва стартап лойиҳалар парки фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳудудларда инновацион фаолиятни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиладиган ягона моддий-техник мажмуани ташкил этиш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш бўйича янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, бизнес-акселерация дастурлари асосида ташаббускор тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаолияти рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Таълим ва илм-фан вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Вазирлик ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги тизимида давлат муассасаси шаклидаги Инновация ва стартап лойиҳалар паркларини (кейинги ўринларда — Инновациялар парки) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Инновациялар паркининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

ҳудуддаги янги ташаббуслар асосида инновацион ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга бир жойда комплекс моддий-техник, ташкилий-услубий, молиявий, ҳуқуқий, маркетинг ва бошқа сервис хизматларини кўрсатиш;

ташаббускор тадбиркорлик субъектларини моддий-техник, муҳандислик-техник коммуникацияларига эга инновацион инфратузилма билан таъминлаш;

бизнес-инкубатор ва акселератор дастурларини амалга ошириш;

инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг стартап лойиҳаларини барқарор ривожлантириш, инновацион маҳсулотлар сотилишида маркетинг хизматлари орқали уларнинг маҳаллий ва хорижий бозорларда рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашиш;

инновацион маҳсулотларни сертификатлаш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича хизматлар, шу жумладан, интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий муҳофаза бериш бўйича тизимни йўлга қўйиш;

тармоқ соҳаларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни фаоллаштириш, уларнинг натижалари ва ютуқларини амалий фаолиятига кенг жорий этиш;

маҳаллий ва хорижий саноат ярмаркаларида ташаббускор тадбиркорлик субъектларининг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш;

хорижий етакчи эксперт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Инновация ва стартап лойиҳалар парки тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ҳудудларда Инновациялар паркларини ташкил этиш тартиби;

ташаббускор тадбиркорлик субъектларида амалга оширилаётган инновацион ва стартап лойиҳаларни танлаб олиш мезонлари ва жойлаштириш тартиби;

Инновациялар паркига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва хизматлар ҳақидаги маълумотлар базасини юритиш тартиби.

4. Инновация ва стартап лойиҳалар паркининг намунавий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директорига Инновациялар паркининг тузилмаси ва штатлар жадвалига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Вазирлик ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Бўстон маҳалласидаги Термиз ёшлар технопаркининг 1,2 гектар ер майдонига Инновациялар паркини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

6. Вазирлик:

олий таълим ташкилотлари ва уларда ташкил этилган стартап студияларнинг ҳудуддаги янги ташаббуслар асосида инновацион ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, бизнес-инкубатор ва акселератор дастурларини ташкил этиш масалаларида Инновациялар парклари билан ҳамкорлик қилишини йўлга қўйсин;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ташаббуслари асосида Инновациялар парклари ташкил этиладиган туман (шаҳар)ларни белгиласин.

7. Белгилансинки:

Инновациялар парки фаолияти йиллик иш режаларини тасдиқлаш ҳамда йиллик ҳисоботларини йиғилиш кенгашларида кўриб чиқиш орқали Вазирлик ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан мувофиқлаштирилади;

Инновациялар парки директорини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари тавсиясига асосан Вазирлик ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан амалга оширилади;

Инновациялар паркида қурилган бино ва иншоотларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш билан боғлиқ харажатлар қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Инновациялар парки ҳудудидаги ишлаб чиқариш майдонлари участкалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага берилади;

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Инновациялар парки бино ва иншоотларини қуриш ҳамда жиҳозлаш билан боғлиқ харажатлар тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ 2027 йилда Давлат бюджетидан Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган маблағлар доирасида Вазирлик ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилади.

8. Инновациялар парки фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;

давлат мулки бўлган ҳамда оператив бошқариш учун белгиланган тартибда Инновациялар паркига берилган бино ва иншоотларни ижарага беришдан олинган тушумлар;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

9. Таълим ва илм-фан вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан вазири зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 553-сон қарорига 1-ИЛОВА

Инновация ва стартап лойиҳалар парки тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Инновация ва стартап лойиҳалар паркининг, асосий вазифалари ҳамда функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, унинг фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, инновацион лойиҳаларни Инновация ва стартап лойиҳалар паркига жойлаштириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

инновацион лойиҳа — янги ишланмалар яратиш учун бажариш муддатларини, ижрочиларни, молиялаштириш манбаларини ва тегишли инфратузилмани шакллантиришни назарда тутувчи тадбирлар мажмуи;

инновацион фаолият — янги ишланмаларни ташкил этиш, шунингдек, ишлаб чиқариш соҳасида уларнинг синовдан ўтказилиши ва амалга оширилишини таъминлаш бўйича фаолият;

«Инновация ва стартап лойиҳалар парки» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Инновациялар парки) — тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инновацион ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш)ни йўлга қўйиш орқали ҳудуддаги аҳолининг, шу жумладан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик субъектларининг инновацион лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган давлат муассасаси;

муҳандислик-техник коммуникациялар — Инновациялар паркига жойлаштирилган инновацион тадбиркорлик субъектларини электр энергияси, табиий газ, сув таъминоти, канализация, транспорт коммуникациялари ва бошқа хизмат турларига бўлган эҳтиёжини таъминловчи ташқи муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилма;

стартап лойиҳа — янги ёки такомиллаштирилган маҳсулот (хизмат) яратишга қаратилган, инновацион ғоя ва технологияларга асосланган ҳамда тижоратлаштириш ва тез ўсиш салоҳиятига эга бўлган лойиҳа;

стартап студия — стартап ғояларни яратиш, уларни ишлаб чиқиш, жамоа шакллантириш, маҳсулот прототипини тайёрлаш ва компанияга айлантириш жараёнини тизимли равишда амалга оширадиган ташкилот ёки платформа;

тадбиркорлик субъекти — инновацион лойиҳасини амалга ошириш истагини билдирган ва (ёки) амалга ошираётган, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс.

2-боб. Инновациялар паркининг асосий вазифалари ва функциялари

3. Қуйидагилар Инновациялар паркининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳудуддаги янги ташаббуслар асосида инновацион ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга бир жойда комплекс моддий-техник, ташкилий-услубий, молиявий, ҳуқуқий, маркетинг ва бошқа сервис хизматларини кўрсатиш;

ташаббускор тадбиркорлик субъектларини моддий-техник, муҳандислик-техник коммуникацияларига эга инновацион инфратузилма билан таъминлаш;

бизнес-инкубатор ва акселератор дастурларини амалга ошириш;

инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг стартап лойиҳаларини барқарор ривожлантириш, инновацион маҳсулотлар сотилишида маркетинг хизматлари орқали уларнинг маҳаллий ва хорижий бозорларда рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашиш;

инновацион маҳсулотларни сертификатлаш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича хизматлар, шу жумладан, интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий муҳофаза бериш бўйича тизимни йўлга қўйиш;

тармоқ соҳаларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни фаоллаштириш, уларнинг натижалари ва ютуқларини амалий фаолиятига кенг жорий этиш;

маҳаллий ва хорижий саноат ярмаркаларида ташаббускор тадбиркорлик субъектларининг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш;

хорижий етакчи эксперт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

4. Инновациялар парки ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) ҳудуддаги янги ташаббуслар асосида инновацион ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга бир жойда комплекс моддий-техник, ташкилий-услубий, молиявий, ҳуқуқий, маркетинг ва бошқа сервис хизматларини кўрсатиш соҳасида:

ҳудудда инновацион ғоялар ва стартап ташаббусларни аниқлаш, уларни саралаш, таҳлил қилиш ва ягона маълумотлар базасини шакллантириш ишларини ташкил этади;

инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ва стартап субъектларига моддий-техник, ташкилий-услубий, молиявий, ҳуқуқий, маркетинг ва бошқа сервис хизматларини комплекс тарзда кўрсатади;

стартап лойиҳаларни бизнес-режалаштириш, маҳсулот ишлаб чиқариш, «MVP» (дастлабки маҳсулот) тайёрлаш, синовдан ўтказиш ва тижоратлаштириш босқичларида услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

инновацион маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга чиқариш мақсадида маркетинг тадқиқотлари, хосномга (брендга) айлантириш, реклама, савдо каналларини шакллантириш ҳамда маҳсулотни тижоратлаштириш бўйича хизматларни ташкил этади;

б) ташаббускор тадбиркорлик субъектларини моддий-техник, муҳандислик-техник коммуникацияларига эга инновацион инфратузилма билан таъминлаш соҳасида:

электрон онлайн-аукцион савдолар натижаларига асосан танлаб олинган инновацион тадбиркорлик субъектларини Инновациялар парки ҳудудида жойлаштириш учун ижара шартномаси (кейинги ўринларда — шартнома)ни тузади;

стартап ёки инновацион лойиҳаларни амалга ошираётган ташаббускор тадбиркорлик субъектларига муҳандислик, технологик, техник хизмат ҳамда маслаҳат хизматларини кўрсатиш тизимини йўлга қўяди;

Инновациялар парки ҳудудига жойлаштириш бўйича тузилган шартномага асосан мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг юритади;

инновацион инфратузилманинг самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида модернизация қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва ресурсларни янгилаш ишларини амалга оширади;

в) бизнес-инкубатор ва акселератор дастурларини амалга ошириш соҳасида:

инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда йирик ҳажмли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида бизнес-инкубатор ва акселератор дастурларини амалга оширади;

ташаббускор тадбиркорлик субъектларини янги инновацион ишланмаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ва натижаларини тижоратлаштириш мақсадида йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатади;

стартап жамоаларини бизнес моделлаштириш, молиявий режалаштириш, маркетинг стратегиялари, маҳсулот ишлаб чиқиш ва тижоратлаштириш бўйича ўқитишни ташкил этади;

г) инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг стартап лойиҳаларини барқарор ривожлантириш, инновацион маҳсулотлар сотилишида маркетинг хизматлари орқали уларнинг маҳаллий ва хорижий бозорларда рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашиш соҳасида:

инновацион маҳсулотлар учун бозор эҳтиёжини ўрганиш, талаб ва таклифни таҳлил қилиш ҳамда рақобат муҳитини баҳолаш бўйича тадқиқотлар ўтказади;

стартап маҳсулотларини хосномга (брендга) айлантириш, дизайн, қадоқлаш, реклама, «PR» ҳамда рақамли маркетинг хизматлари билан таъминлаш ишларини амалга оширади;

маҳаллий ва хорижий бозорларда маҳсулотлар сотилишини кенгайтириш мақсадида савдо тармоқлари, электрон платформалар ва «B2B» ҳамкорлик механизмларини жорий этади;

экспорт салоҳиятини ошириш бўйича ташқи бозорга чиқиш стратегияларини ишлаб чиқади, логистика ва халқаро талабларга мослаштириш ишларига кўмаклашади;

д) инновацион маҳсулотларни сертификатлаш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича хизматлар, шу жумладан, интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий муҳофаза бериш бўйича тизимни йўлга қўйиш соҳасида:

инновацион маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаш ва техник регламент талабларига мувофиқлаштириш бўйича хизматлар кўрсатади;

маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича тадбиркорлик субъектларига амалий кўмак беради;

интеллектуал мулк объектларини (патент, товар белгиси, муаллифлик ҳуқуқи) рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳуқуқий муҳофаза бериш ишларини ташкил этади;

лицензиялаш, франчайзинг, технология трансфери ва ҳуқуқий шартномаларни расмийлаштиришда ҳуқуқий маслаҳат ва амалий кўмак кўрсатади;

е) тармоқ соҳаларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни фаоллаштириш, уларнинг натижалари ва ютуқларини амалий фаолиятига кенг жорий этиш соҳасида:

ҳудудда устувор соҳалар бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ҳамда уларни мувофиқлаштириш ишларини амалга оширади;

олий таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўяди;

илмий-тадқиқот натижаларини инновацион маҳсулотга айлантириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича технологик тайёргарлик даражасини ошириш чораларини кўради;

илмий натижаларни тижоратлаштириш, патентлаш ва инновацион маҳсулот сифатида бозорга чиқариш механизмларини жорий этади;

ж) маҳаллий ва хорижий саноат ярмаркаларида ташаббускор тадбиркорлик субъектларининг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш соҳасида:

инновацион маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг маҳаллий ва халқаро саноат ярмаркаларида иштирокини таъминлаш мақсадида йиллик тадбирлар режасини шакллантиради;

кўргазма ва ярмарка тадбирларига тайёргарлик кўриш учун тақдимот материаллари, каталог, хосном (бренд) маҳсулотлари ва реклама контентларини тайёрлашда кўмаклашади;

з) хорижий етакчи эксперт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида:

хорижий технопарклар, илмий марказлар, акселераторлар, венчур фондлар ва эксперт ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш чораларини кўради;

халқаро грантлар, инвестиция дастурлари ва қўшма молиялаштириш механизмларида иштирок этиш бўйича ташкилий ишларини амалга оширади;

инновацион маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш учун стандартлаштириш, сертификатлаш ва экспорт жараёнларида хорижий ҳамкорлар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўяди.

3-боб. Инновациялар паркларини ташкил қилиш ва бошқариш тартиби

5. Инновациялар парклари Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан ташкил этилади ва устав асосида фаолият юритади.

6. Инновациялар паркларини Агентлик томонидан тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари тавсиясига асосан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор бошқаради.

7. Агентлик Инновациялар паркларини ташкил қилиш, ривожлантириш ва фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда Инновациялар парклари фаолиятини мониторинг қилади ва амалга оширилган ишларини таҳлил қилиб боради.

Инновациялар парклари ўзига бириктирилган мулкларга нисбатан эгалик ва фойдаланиш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

8. Инновациялар парклари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш, шунингдек, жорий харажатларини молиялаштириш манбаи этиб хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан ажратиладиган ҳамда халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари, давлат мулки бўлган ҳамда оператив бошқариш учун белгиланган тартибда Инновациялар паркига берилган бино ва иншоотларни ижарага беришдан олинган тушумлар, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

4-боб. Инновациялар паркининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

9. Инновациялар парки ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

электрон онлайн-аукцион савдолар натижаларига асосан танлаб олинган инновацион тадбиркорлик субъектларини Инновациялар парклари ҳудудига жойлаштириш бўйича шартнома тузиш ҳамда Инновациялар парки ҳудудидаги ер майдони, бино ва иншоотларни шартнома асосида фойдаланишга бериш;

Инновациялар парклари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва улардан зарур ҳисоботлар талаб қилиш;

тадбиркорлик субъектлари томонидан шартнома шартлари бузилганда, белгиланган тартибда шартномани бекор қилиш ташаббуси билан чиқиш;

инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторлар, грантлар ва бошқа молиявий ресурсларни жалб қилиш;

консалтинг, маркетинг ва бошқа сервис хизматларини ташкил этиш ҳамда улардан тушадиган маблағларни ўз фаолиятини ривожлантиришга йўналтириш;

олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот муассасалари, хусусий сектор ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик келишувлари тузиш;

Инновациялар парклари ҳудудида умумий фойдаланишдаги инфратузилмадан фойдаланиш тартибини белгилаш;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш.

10. Қуйидагилар Инновациялар паркларининг мажбуриятлари ҳисобланади:

Инновациялар парклари ҳудудига жойлаштирилган инновацион тадбиркорлик субъектлари учун муҳандислик-коммуникация ва ташкилий инфратузилмани яратиш ва сақлаш;

Инновациялар парклари ҳудудига жойлаштирилган инновацион тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот ва ташкилий ёрдам кўрсатиш, улар билан тузилган шартномалар ижросини таъминлаш ва уларга нисбатан асоссиз чекловлар қўлламаслик;

давлат мулкидан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш;

ўз фаолияти бўйича Агентликка мунтазам ҳисобот тақдим этиб бориш;

коррупция ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, қарор қабул қилишда асосли ва қонунчилик ҳужжатларида келтирилган тартибга амал қилиш;

Инновациялар парклари ҳудудида экологик, санитария ва техника хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлаш.

5-боб. Инновациялар паркига инновацион корхоналарни жойлаштириш тартиби

11. Инновациялар паркига электрон онлайн-аукцион савдолар натижаларига асосан Агентлик томонидан молиялаштирилган ва (ёки) тижоратлаштириш, тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари ҳамда бизнес-акцелерациядан ўтган стартап лойиҳалар ижрочилари, шунингдек, патент асосида маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган, хизмат кўрсатадиган корхоналар, импорт ўрнини босадиган, экспортга йўналтирилган инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналари шартнома асосида жойлаштирилади.

12. Қуйидагилар инновацион тадбиркорлик субъектларини Инновациялар парки ҳудудида жойлаштириш мақсадида электрон онлайн-аукцион савдоларида иштирок этишнинг асосий мезонлари ҳисобланади:

инновацион хусусиятга эга маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ва (ёки) хизмат кўрсатишни ташкил этиш ҳамда шу орқали янги иш ўринларини ташкил қилиш;

муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаган ҳолда, замонавий энергия тежовчи тизимлар ва технологияларни жорий этиш асосида импорт ўрнини босадиган ва (ёки) экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмларни ишлаб чиқариш ва (ёки) хизматлар кўрсатиш бўйича инновацион лойиҳаларни амалга ошириш.

13. Инновациялар парклари ҳудудида ишлаб чиқариш майдонлари участкаларини ижарага бериш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион савдолар орқали амалга оширилади.

14. Электрон онлайн-аукцион савдоларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни ташкил этиш учун Инновациялар парки:

танловни олдиндан эълон қилади ва ўтказишни ташкил этади;

танловда қатнашиш учун талабгорларнинг муҳрланган буюртманомаларини олинган санаси ва вақтини кўрсатган ҳолда қабул қилади;

талабгорларнинг буюртманомалари солинган конвертлар белгиланган тартибда очилишига қадар уларнинг сақланиши ва махфийлигини таъминлайди;

шартнома шартларини қонунчилик ҳужжатларига асосан белгилайди.

15. Инновациялар паркларига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектлари лойиҳа ишга туширилган кундан бошлаб шартномада белгиланган муддатда ижара тўловларини тўлайди.

16. Тадбиркорлик субъекти томонидан инновацион лойиҳа Инновациялар парклари ҳудудига жойлаштирилган кундан бошлаб уч ой давомида лойиҳани амалга ошириш бўйича чоралар кўрилмаслиги (лойиҳанинг ҳаракатсизлиги), шунингдек, ишлаб чиқариш майдонлари шартномада кўрсатилган мақсаддан ташқари фойдаланилиши тузилган шартномани бекор қилиш учун асос бўлади.

17. Инновациялар паркларига жойлаштирилган тадбиркорлик субъекти тегишли коммунал тўловларини белгиланган тартибда мустақил равишда амалга оширади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

18. Инновациялар парклари фаолиятини тугатиш ҳақидаги қарор Агентлик томонидан қабул қилинади.

19. Агентлик, Инновациялар парклари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари ушбу Низом талабларига риоя этилишига шахсан масъул ҳисобланади.

20. Ушбу Низом талабларини бажаришда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 553-сон қарорига 2-ИЛОВА

Инновация ва стартап лойиҳалар паркининг

Директор Ташкилий масалалар, мониторинг ва таҳлил бўйича бош мутахассис 1 Бош ҳисобчи 1 Хўжалик мудири 1 Маркетинг ва лицензиялаш бўлими 3 * Бизнес-инкубатор ва акселератор дастурларини амалга ошириш бўлими 3 Давлат идоралари ва тармоқлар корхоналари билан ишлаш бўлими 2

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 9 октябрь,

553 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.10.2026 й., 09/26/553/1014-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NAMUNAVIY TUZILMASI

Innovatsiya va startap loyihalar parki faoliyatini tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Innovatsion faoliyat toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq hududlarda innovatsion faoliyatni amalga oshirish uchun qulay shart-sharoitlar yaratiladigan yagona moddiy-texnik majmuani tashkil etish, innovatsion mahsulotlar ishlab chiqarish hamda xizmat koʻrsatish boʻyicha yangi tashabbuslarni qoʻllab-quvvatlash, biznes-akseleratsiya dasturlari asosida tashabbuskor tadbirkorlik subyektlarining innovatsion faoliyati raqobatbardoshligini oshirishga koʻmaklashish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Taʼlim va ilm-fan vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining Vazirlik huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi tizimida davlat muassasasi shaklidagi Innovatsiya va startap loyihalar parklarini (keyingi oʻrinlarda — Innovatsiyalar parki) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Innovatsiyalar parkining asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:

hududdagi yangi tashabbuslar asosida innovatsion va startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash, innovatsion mahsulotlar ishlab chiqaruvchilarga bir joyda kompleks moddiy-texnik, tashkiliy-uslubiy, moliyaviy, huquqiy, marketing va boshqa servis xizmatlarini koʻrsatish;

tashabbuskor tadbirkorlik subyektlarini moddiy-texnik, muhandislik-texnik kommunikatsiyalariga ega innovatsion infratuzilma bilan taʼminlash;

biznes-inkubator va akselerator dasturlarini amalga oshirish;

innovatsion mahsulotlar ishlab chiqaruvchi tadbirkorlik subyektlarining startap loyihalarini barqaror rivojlantirish, innovatsion mahsulotlar sotilishida marketing xizmatlari orqali ularning mahalliy va xorijiy bozorlarda raqobatbardoshligini oshirishga koʻmaklashish;

innovatsion mahsulotlarni sertifikatlash va roʻyxatdan oʻtkazish boʻyicha xizmatlar, shu jumladan, intellektual mulk obyektlariga huquqiy muhofaza berish boʻyicha tizimni yoʻlga qoʻyish;

tarmoq sohalarida fundamental, amaliy va innovatsion ilmiy tadqiqotlarni faollashtirish, ularning natijalari va yutuqlarini amaliy faoliyatiga keng joriy etish;

mahalliy va xorijiy sanoat yarmarkalarida tashabbuskor tadbirkorlik subyektlarining faol ishtirokini qoʻllab-quvvatlash;

xorijiy yetakchi ekspert muassasalari bilan xalqaro hamkorlikni rivojlantirish.

3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Innovatsiya va startap loyihalar parki toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

hududlarda Innovatsiyalar parklarini tashkil etish tartibi;

tashabbuskor tadbirkorlik subyektlarida amalga oshirilayotgan innovatsion va startap loyihalarni tanlab olish mezonlari va joylashtirish tartibi;

Innovatsiyalar parkiga joylashtirilgan tadbirkorlik subyektlari tomonidan ishlab chiqariladigan mahsulotlar va xizmatlar haqidagi maʼlumotlar bazasini yuritish tartibi.

4. Innovatsiya va startap loyihalar parkining namunaviy tuzilmasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Vazirlik huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi direktoriga Innovatsiyalar parkining tuzilmasi va shtatlar jadvaliga oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.

5. Vazirlik hamda Surxondaryo viloyati hokimligining Surxondaryo viloyati Oltinsoy tumani Boʻston mahallasidagi Termiz yoshlar texnoparkining 1,2 gektar yer maydoniga Innovatsiyalar parkini doimiy foydalanish huquqi asosida joylashtirish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

6. Vazirlik:

oliy taʼlim tashkilotlari va ularda tashkil etilgan startap studiyalarning hududdagi yangi tashabbuslar asosida innovatsion va startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash, biznes-inkubator va akselerator dasturlarini tashkil etish masalalarida Innovatsiyalar parklari bilan hamkorlik qilishini yoʻlga qoʻysin;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari tashabbuslari asosida Innovatsiyalar parklari tashkil etiladigan tuman (shahar)larni belgilasin.

7. Belgilansinki:

Innovatsiyalar parki faoliyati yillik ish rejalarini tasdiqlash hamda yillik hisobotlarini yigʻilish kengashlarida koʻrib chiqish orqali Vazirlik huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi tomonidan muvofiqlashtiriladi;

Innovatsiyalar parki direktorini lavozimga tayinlash va lavozimidan ozod qilish tegishli tuman (shahar) hokimliklari tavsiyasiga asosan Vazirlik huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi tomonidan amalga oshiriladi;

Innovatsiyalar parkida qurilgan bino va inshootlarni muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlariga ulash bilan bogʻliq xarajatlar qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan manbalar hisobidan moliyalashtiriladi;

Innovatsiyalar parki hududidagi ishlab chiqarish maydonlari uchastkalari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda elektron onlayn-auksion savdolari orqali ijaraga beriladi;

Surxondaryo viloyati Oltinsoy tumanidagi Innovatsiyalar parki bino va inshootlarini qurish hamda jihozlash bilan bogʻliq xarajatlar tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlariga muvofiq 2027-yilda Davlat budjetidan Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida Vazirlik huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi tomonidan moliyalashtiriladi.

8. Innovatsiyalar parki faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib quyidagilar belgilansin:

xoʻjalik va tadbirkorlik faoliyatidan tushadigan mablagʻlar;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari tomonidan ajratiladigan mablagʻlar;

xalqaro moliya institutlari, xorijiy va donor tashkilotlarning grantlari;

davlat mulki boʻlgan hamda operativ boshqarish uchun belgilangan tartibda Innovatsiyalar parkiga berilgan bino va inshootlarni ijaraga berishdan olingan tushumlar;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

9. Taʼlim va ilm-fan vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

10. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim va ilm-fan vaziri zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 553-son qaroriga 1-ILOVA

Innovatsiya va startap loyihalar parki toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Innovatsiya va startap loyihalar parkining, asosiy vazifalari hamda funksiyalari, huquqlari va majburiyatlari, uning faoliyatini tashkil etish, shuningdek, innovatsion loyihalarni Innovatsiya va startap loyihalar parkiga joylashtirish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

innovatsion loyiha — yangi ishlanmalar yaratish uchun bajarish muddatlarini, ijrochilarni, moliyalashtirish manbalarini va tegishli infratuzilmani shakllantirishni nazarda tutuvchi tadbirlar majmui;

innovatsion faoliyat — yangi ishlanmalarni tashkil etish, shuningdek, ishlab chiqarish sohasida ularning sinovdan oʻtkazilishi va amalga oshirilishini taʼminlash boʻyicha faoliyat;

“Innovatsiya va startap loyihalar parki” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Innovatsiyalar parki) — tegishli hududni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish, innovatsion ishlab chiqarish (xizmat koʻrsatish)ni yoʻlga qoʻyish orqali hududdagi aholining, shu jumladan, yoshlarning bandligini taʼminlash va tadbirkorlik subyektlarining innovatsion loyihalari amalga oshirilishini qoʻllab-quvvatlash maqsadida tashkil etilgan davlat muassasasi;

muhandislik-texnik kommunikatsiyalar — Innovatsiyalar parkiga joylashtirilgan innovatsion tadbirkorlik subyektlarini elektr energiyasi, tabiiy gaz, suv taʼminoti, kanalizatsiya, transport kommunikatsiyalari va boshqa xizmat turlariga boʻlgan ehtiyojini taʼminlovchi tashqi muhandislik kommunikatsiyalari va infratuzilma;

startap loyiha — yangi yoki takomillashtirilgan mahsulot (xizmat) yaratishga qaratilgan, innovatsion gʻoya va texnologiyalarga asoslangan hamda tijoratlashtirish va tez oʻsish salohiyatiga ega boʻlgan loyiha;

startap studiya — startap gʻoyalarni yaratish, ularni ishlab chiqish, jamoa shakllantirish, mahsulot prototipini tayyorlash va kompaniyaga aylantirish jarayonini tizimli ravishda amalga oshiradigan tashkilot yoki platforma;

tadbirkorlik subyekti — innovatsion loyihasini amalga oshirish istagini bildirgan va (yoki) amalga oshirayotgan, belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtgan hamda tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirayotgan yuridik yoki jismoniy shaxs.

2-bob. Innovatsiyalar parkining asosiy vazifalari va funksiyalari

3. Quyidagilar Innovatsiyalar parkining asosiy vazifalari hisoblanadi:

hududdagi yangi tashabbuslar asosida innovatsion va startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash, innovatsion mahsulotlar ishlab chiqaruvchilarga bir joyda kompleks moddiy-texnik, tashkiliy-uslubiy, moliyaviy, huquqiy, marketing va boshqa servis xizmatlarini koʻrsatish;

tashabbuskor tadbirkorlik subyektlarini moddiy-texnik, muhandislik-texnik kommunikatsiyalariga ega innovatsion infratuzilma bilan taʼminlash;

biznes-inkubator va akselerator dasturlarini amalga oshirish;

innovatsion mahsulotlar ishlab chiqaruvchi tadbirkorlik subyektlarining startap loyihalarini barqaror rivojlantirish, innovatsion mahsulotlar sotilishida marketing xizmatlari orqali ularning mahalliy va xorijiy bozorlarda raqobatbardoshligini oshirishga koʻmaklashish;

innovatsion mahsulotlarni sertifikatlash va roʻyxatdan oʻtkazish boʻyicha xizmatlar, shu jumladan, intellektual mulk obyektlariga huquqiy muhofaza berish boʻyicha tizimni yoʻlga qoʻyish;

tarmoq sohalarida fundamental, amaliy va innovatsion ilmiy tadqiqotlarni faollashtirish, ularning natijalari va yutuqlarini amaliy faoliyatiga keng joriy etish;

mahalliy va xorijiy sanoat yarmarkalarida tashabbuskor tadbirkorlik subyektlarining faol ishtirokini qoʻllab-quvvatlash;

xorijiy yetakchi ekspert muassasalari bilan xalqaro hamkorlikni rivojlantirish.

4. Innovatsiyalar parki oʻziga yuklatilgan vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

a) hududdagi yangi tashabbuslar asosida innovatsion va startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash, innovatsion mahsulotlar ishlab chiqaruvchilarga bir joyda kompleks moddiy-texnik, tashkiliy-uslubiy, moliyaviy, huquqiy, marketing va boshqa servis xizmatlarini koʻrsatish sohasida:

hududda innovatsion gʻoyalar va startap tashabbuslarni aniqlash, ularni saralash, tahlil qilish va yagona maʼlumotlar bazasini shakllantirish ishlarini tashkil etadi;

innovatsion mahsulotlar ishlab chiqaruvchilar va startap subyektlariga moddiy-texnik, tashkiliy-uslubiy, moliyaviy, huquqiy, marketing va boshqa servis xizmatlarini kompleks tarzda koʻrsatadi;

startap loyihalarni biznes-rejalashtirish, mahsulot ishlab chiqarish, “MVP” (dastlabki mahsulot) tayyorlash, sinovdan oʻtkazish va tijoratlashtirish bosqichlarida uslubiy va amaliy yordam koʻrsatadi;

innovatsion mahsulotlarni ichki va tashqi bozorlarga chiqarish maqsadida marketing tadqiqotlari, xosnomga (brendga) aylantirish, reklama, savdo kanallarini shakllantirish hamda mahsulotni tijoratlashtirish boʻyicha xizmatlarni tashkil etadi;

b) tashabbuskor tadbirkorlik subyektlarini moddiy-texnik, muhandislik-texnik kommunikatsiyalariga ega innovatsion infratuzilma bilan taʼminlash sohasida:

elektron onlayn-auksion savdolar natijalariga asosan tanlab olingan innovatsion tadbirkorlik subyektlarini Innovatsiyalar parki hududida joylashtirish uchun ijara shartnomasi (keyingi oʻrinlarda — shartnoma)ni tuzadi;

startap yoki innovatsion loyihalarni amalga oshirayotgan tashabbuskor tadbirkorlik subyektlariga muhandislik, texnologik, texnik xizmat hamda maslahat xizmatlarini koʻrsatish tizimini yoʻlga qoʻyadi;

Innovatsiyalar parki hududiga joylashtirish boʻyicha tuzilgan shartnomaga asosan majburiyatlarning bajarilishi yuzasidan monitoring yuritadi;

innovatsion infratuzilmaning samarali faoliyatini taʼminlash maqsadida modernizatsiya qilish, texnik xizmat koʻrsatish va resurslarni yangilash ishlarini amalga oshiradi;

v) biznes-inkubator va akselerator dasturlarini amalga oshirish sohasida:

innovatsion mahsulotlar ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish boʻyicha yangi tashabbuslarni qoʻllab-quvvatlash hamda yirik hajmli ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish maqsadida biznes-inkubator va akselerator dasturlarini amalga oshiradi;

tashabbuskor tadbirkorlik subyektlarini yangi innovatsion ishlanmalarini ishlab chiqarishga joriy etish va natijalarini tijoratlashtirish maqsadida yirik sanoat korxonalari bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatadi;

startap jamoalarini biznes modellashtirish, moliyaviy rejalashtirish, marketing strategiyalari, mahsulot ishlab chiqish va tijoratlashtirish boʻyicha oʻqitishni tashkil etadi;

g) innovatsion mahsulotlar ishlab chiqaruvchi tadbirkorlik subyektlarining startap loyihalarini barqaror rivojlantirish, innovatsion mahsulotlar sotilishida marketing xizmatlari orqali ularning mahalliy va xorijiy bozorlarda raqobatbardoshligini oshirishga koʻmaklashish sohasida:

innovatsion mahsulotlar uchun bozor ehtiyojini oʻrganish, talab va taklifni tahlil qilish hamda raqobat muhitini baholash boʻyicha tadqiqotlar oʻtkazadi;

startap mahsulotlarini xosnomga (brendga) aylantirish, dizayn, qadoqlash, reklama, “PR” hamda raqamli marketing xizmatlari bilan taʼminlash ishlarini amalga oshiradi;

mahalliy va xorijiy bozorlarda mahsulotlar sotilishini kengaytirish maqsadida savdo tarmoqlari, elektron platformalar va “B2B” hamkorlik mexanizmlarini joriy etadi;

eksport salohiyatini oshirish boʻyicha tashqi bozorga chiqish strategiyalarini ishlab chiqadi, logistika va xalqaro talablarga moslashtirish ishlariga koʻmaklashadi;

d) innovatsion mahsulotlarni sertifikatlash va roʻyxatdan oʻtkazish boʻyicha xizmatlar, shu jumladan, intellektual mulk obyektlariga huquqiy muhofaza berish boʻyicha tizimni yoʻlga qoʻyish sohasida:

innovatsion mahsulotlarni standartlashtirish, sertifikatlash va texnik reglament talablariga muvofiqlashtirish boʻyicha xizmatlar koʻrsatadi;

mahsulotlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish va ruxsatnoma hujjatlarini rasmiylashtirish boʻyicha tadbirkorlik subyektlariga amaliy koʻmak beradi;

intellektual mulk obyektlarini (patent, tovar belgisi, mualliflik huquqi) roʻyxatdan oʻtkazish hamda huquqiy muhofaza berish ishlarini tashkil etadi;

litsenziyalash, franchayzing, texnologiya transferi va huquqiy shartnomalarni rasmiylashtirishda huquqiy maslahat va amaliy koʻmak koʻrsatadi;

e) tarmoq sohalarida fundamental, amaliy va innovatsion ilmiy tadqiqotlarni faollashtirish, ularning natijalari va yutuqlarini amaliy faoliyatiga keng joriy etish sohasida:

hududda ustuvor sohalar boʻyicha fundamental, amaliy va innovatsion tadqiqotlarni tashkil etish hamda ularni muvofiqlashtirish ishlarini amalga oshiradi;

oliy taʼlim tashkilotlari, ilmiy-tadqiqot institutlari va ishlab chiqarish korxonalari oʻrtasida ilmiy-amaliy hamkorlikni yoʻlga qoʻyadi;

ilmiy-tadqiqot natijalarini innovatsion mahsulotga aylantirish va ishlab chiqarishga joriy etish boʻyicha texnologik tayyorgarlik darajasini oshirish choralarini koʻradi;

ilmiy natijalarni tijoratlashtirish, patentlash va innovatsion mahsulot sifatida bozorga chiqarish mexanizmlarini joriy etadi;

j) mahalliy va xorijiy sanoat yarmarkalarida tashabbuskor tadbirkorlik subyektlarining faol ishtirokini qoʻllab-quvvatlash sohasida:

innovatsion mahsulot ishlab chiqaruvchilarning mahalliy va xalqaro sanoat yarmarkalarida ishtirokini taʼminlash maqsadida yillik tadbirlar rejasini shakllantiradi;

koʻrgazma va yarmarka tadbirlariga tayyorgarlik koʻrish uchun taqdimot materiallari, katalog, xosnom (brend) mahsulotlari va reklama kontentlarini tayyorlashda koʻmaklashadi;

z) xorijiy yetakchi ekspert muassasalari bilan xalqaro hamkorlikni rivojlantirish sohasida:

xorijiy texnoparklar, ilmiy markazlar, akseleratorlar, venchur fondlar va ekspert tashkilotlar bilan hamkorlik aloqalarini oʻrnatish choralarini koʻradi;

xalqaro grantlar, investitsiya dasturlari va qoʻshma moliyalashtirish mexanizmlarida ishtirok etish boʻyicha tashkiliy ishlarini amalga oshiradi;

innovatsion mahsulotlarni xalqaro bozorlarga olib chiqish uchun standartlashtirish, sertifikatlash va eksport jarayonlarida xorijiy hamkorlar bilan tizimli hamkorlikni yoʻlga qoʻyadi.

3-bob. Innovatsiyalar parklarini tashkil qilish va boshqarish tartibi

5. Innovatsiyalar parklari Oʻzbekiston Respublikasi Taʼlim va ilm-fan vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan tashkil etiladi va ustav asosida faoliyat yuritadi.

6. Innovatsiyalar parklarini Agentlik tomonidan tegishli tuman (shahar) hokimliklari tavsiyasiga asosan lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan direktor boshqaradi.

7. Agentlik Innovatsiyalar parklarini tashkil qilish, rivojlantirish va faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha vakolatli davlat organi hisoblanadi hamda Innovatsiyalar parklari faoliyatini monitoring qiladi va amalga oshirilgan ishlarini tahlil qilib boradi.

Innovatsiyalar parklari oʻziga biriktirilgan mulklarga nisbatan egalik va foydalanish, shuningdek, qonunchilik hujjatlariga muvofiq ajratilgan yer uchastkasidan doimiy foydalanish huquqiga ega boʻladi.

8. Innovatsiyalar parklari xodimlari mehnatiga haq toʻlash, bino va inshootlarini saqlash, shuningdek, joriy xarajatlarini moliyalashtirish manbai etib xoʻjalik va tadbirkorlik faoliyatidan tushadigan mablagʻlar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari tomonidan ajratiladigan hamda xalqaro moliya institutlari, xorijiy va donor tashkilotlarning grantlari, davlat mulki boʻlgan hamda operativ boshqarish uchun belgilangan tartibda Innovatsiyalar parkiga berilgan bino va inshootlarni ijaraga berishdan olingan tushumlar, qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi.

4-bob. Innovatsiyalar parkining huquqlari va majburiyatlari

9. Innovatsiyalar parki oʻziga yuklatilgan vazifa va funksiyalarni amalga oshirishda quyidagi huquqlarga ega:

elektron onlayn-auksion savdolar natijalariga asosan tanlab olingan innovatsion tadbirkorlik subyektlarini Innovatsiyalar parklari hududiga joylashtirish boʻyicha shartnoma tuzish hamda Innovatsiyalar parki hududidagi yer maydoni, bino va inshootlarni shartnoma asosida foydalanishga berish;

Innovatsiyalar parklari hududiga joylashtirilgan tadbirkorlik subyektlari tomonidan taqdim etilgan loyihalarning amalga oshirilishini monitoring qilish va ulardan zarur hisobotlar talab qilish;

tadbirkorlik subyektlari tomonidan shartnoma shartlari buzilganda, belgilangan tartibda shartnomani bekor qilish tashabbusi bilan chiqish;

innovatsion loyihalarni amalga oshirish uchun investorlar, grantlar va boshqa moliyaviy resurslarni jalb qilish;

konsalting, marketing va boshqa servis xizmatlarini tashkil etish hamda ulardan tushadigan mablagʻlarni oʻz faoliyatini rivojlantirishga yoʻnaltirish;

oliy taʼlim tashkilotlari va ilmiy-tadqiqot muassasalari, xususiy sektor va xorijiy tashkilotlar bilan hamkorlik kelishuvlari tuzish;

Innovatsiyalar parklari hududida umumiy foydalanishdagi infratuzilmadan foydalanish tartibini belgilash;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa faoliyat turlarini amalga oshirish.

10. Quyidagilar Innovatsiyalar parklarining majburiyatlari hisoblanadi:

Innovatsiyalar parklari hududiga joylashtirilgan innovatsion tadbirkorlik subyektlari uchun muhandislik-kommunikatsiya va tashkiliy infratuzilmani yaratish va saqlash;

Innovatsiyalar parklari hududiga joylashtirilgan innovatsion tadbirkorlik subyektlari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash, ularga axborot va tashkiliy yordam koʻrsatish, ular bilan tuzilgan shartnomalar ijrosini taʼminlash va ularga nisbatan asossiz cheklovlar qoʻllamaslik;

davlat mulkidan maqsadli va samarali foydalanishni taʼminlash;

oʻz faoliyati boʻyicha Agentlikka muntazam hisobot taqdim etib borish;

korrupsiya va manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymaslik, qaror qabul qilishda asosli va qonunchilik hujjatlarida keltirilgan tartibga amal qilish;

Innovatsiyalar parklari hududida ekologik, sanitariya va texnika xavfsizligi talablariga rioya etilishini taʼminlash.

5-bob. Innovatsiyalar parkiga innovatsion korxonalarni joylashtirish tartibi

11. Innovatsiyalar parkiga elektron onlayn-auksion savdolar natijalariga asosan Agentlik tomonidan moliyalashtirilgan va (yoki) tijoratlashtirish, tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalari hamda biznes-akseleratsiyadan oʻtgan startap loyihalar ijrochilari, shuningdek, patent asosida mahsulotlar ishlab chiqaradigan, xizmat koʻrsatadigan korxonalar, import oʻrnini bosadigan, eksportga yoʻnaltirilgan innovatsion mahsulotlar ishlab chiqarish korxonalari shartnoma asosida joylashtiriladi.

12. Quyidagilar innovatsion tadbirkorlik subyektlarini Innovatsiyalar parki hududida joylashtirish maqsadida elektron onlayn-auksion savdolarida ishtirok etishning asosiy mezonlari hisoblanadi:

innovatsion xususiyatga ega mahsulotlarni ishlab chiqarishni va (yoki) xizmat koʻrsatishni tashkil etish hamda shu orqali yangi ish oʻrinlarini tashkil qilish;

muqobil va qayta tiklanuvchi energiya manbalarini qoʻllagan holda, zamonaviy energiya tejovchi tizimlar va texnologiyalarni joriy etish asosida import oʻrnini bosadigan va (yoki) eksportga yoʻnaltirilgan tayyor mahsulotlar, materiallar va butlovchi buyumlarni ishlab chiqarish va (yoki) xizmatlar koʻrsatish boʻyicha innovatsion loyihalarni amalga oshirish.

13. Innovatsiyalar parklari hududida ishlab chiqarish maydonlari uchastkalarini ijaraga berish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda elektron onlayn-auksion savdolar orqali amalga oshiriladi.

14. Elektron onlayn-auksion savdolarga tayyorgarlik koʻrish va oʻtkazishni tashkil etish uchun Innovatsiyalar parki:

tanlovni oldindan eʼlon qiladi va oʻtkazishni tashkil etadi;

tanlovda qatnashish uchun talabgorlarning muhrlangan buyurtmanomalarini olingan sanasi va vaqtini koʻrsatgan holda qabul qiladi;

talabgorlarning buyurtmanomalari solingan konvertlar belgilangan tartibda ochilishiga qadar ularning saqlanishi va maxfiyligini taʼminlaydi;

shartnoma shartlarini qonunchilik hujjatlariga asosan belgilaydi.

15. Innovatsiyalar parklariga joylashtirilgan tadbirkorlik subyektlari loyiha ishga tushirilgan kundan boshlab shartnomada belgilangan muddatda ijara toʻlovlarini toʻlaydi.

16. Tadbirkorlik subyekti tomonidan innovatsion loyiha Innovatsiyalar parklari hududiga joylashtirilgan kundan boshlab uch oy davomida loyihani amalga oshirish boʻyicha choralar koʻrilmasligi (loyihaning harakatsizligi), shuningdek, ishlab chiqarish maydonlari shartnomada koʻrsatilgan maqsaddan tashqari foydalanilishi tuzilgan shartnomani bekor qilish uchun asos boʻladi.

17. Innovatsiyalar parklariga joylashtirilgan tadbirkorlik subyekti tegishli kommunal toʻlovlarini belgilangan tartibda mustaqil ravishda amalga oshiradi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

18. Innovatsiyalar parklari faoliyatini tugatish haqidagi qaror Agentlik tomonidan qabul qilinadi.

19. Agentlik, Innovatsiyalar parklari hududiga joylashtirilgan tadbirkorlik subyektlari, shuningdek, manfaatdor tashkilotlar rahbarlari ushbu Nizom talablariga rioya etilishiga shaxsan masʼul hisoblanadi.

20. Ushbu Nizom talablarini bajarishda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 553-son qaroriga 2-ILOVA

Innovatsiya va startap loyihalar parkining

Direktor Tashkiliy masalalar, monitoring va tahlil boʻyicha bosh mutaxassis 1 Bosh hisobchi 1 Xoʻjalik mudiri 1 Marketing va litsenziyalash boʻlimi 3 * Biznes-inkubator va akselerator dasturlarini amalga oshirish boʻlimi 3 Davlat idoralari va tarmoqlar korxonalari bilan ishlash boʻlimi 2

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 9-oktabr,

553 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 09.10.2026-y., 09/26/553/1014-son)

lex.uz