📅 2026-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 9 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Янги ишланмаларга асосланган «спин-офф» корхоналарини ташкил этиш ҳамда янги ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳаларини молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатда янги ишланмалар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш тизимини жорий қилиш ҳамда илм-фанни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 4 апрелдаги ПФ-54-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, янги ишланмаларга асосланган «спин-офф» корхоналари ташкил этиш ва янги ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 апрелдаги ПФ-54-сон Фармонига мувофиқ:
олий таълим ташкилотлари ва илмий ташкилотлар муассислигида хўжалик жамияти шаклида янги ишланмаларга асосланган «спин-офф» корхоналарини ташкил этиш;
янги ишланмаларга асосланган «спин-офф» корхоналари реестрига киритилган ҳамда белгиланган тартибда патентланган илмий тадқиқотлар натижасида яратилган илмий ишланмалар асосида товар ишлаб чиқаришни (хизмат кўрсатишни) йўлга қўйган корхоналарга ҳамда уларнинг ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099-сон Фармонида кўзда тутилган имтиёз ва преференциялар (ижтимоий солиқдан ташқари) татбиқ этилиши;
илмий тадқиқот натижасида яратилган патентсиз илмий ишланмалар асосида товар ишлаб чиқаришни (хизмат кўрсатишни) йўлга қўйган корхоналар 2026 йил 1 майдан 2029 йил 1 майгача бўлган давр учун фойда солиғини белгиланган солиқ ставкасидан 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлаши;
тажриба-синов ишлари илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари доирасида амалга оширилиши;
илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан ўтказиладиган танловлар асосида молиялаштирилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Олий таълим ташкилотлари ва илмий ташкилотлар ҳузурида янги ишланмаларга асосланган «спин-офф» корхоналарини ташкил этиш, фаолиятини амалга ошириш ва уларнинг реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Янги ишланмаларни тижоратлаштиришни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
Агентлик «спин-офф» корхоналари фаолиятини мувофиқлаштиради;
янги ишланмаларни тижоратлаштириш асосида ишлаб чиқарилган маҳсулот ва кўрсатиладиган хизматларни харид қилиш иқтисодиёт соҳаларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади;
«спин-офф» корхонасининг соф фойдаси давлат улуши бўйича дивидендга йўналтирилмасдан корхонанинг устав фондидаги давлат улушини ошириш орқали реинвестиция қилиниши мумкин;
«спин-офф» корхоналари фаолияти натижалари ушбу корхонани ташкил этган муассисларнинг асосий самарадорлик кўрсаткичларидан бири сифатида эътироф этилади.
4. Таълим ва илм-фан вазирлиги:
икки ой муддатда янги ишланмаларга асосланган «спин-офф» корхоналари реестри Илмий ва инновацион фаолиятини юритувчи субъектларнинг реестри (кейинги ўринларда — реестр) махсус ахборот тизимида юритилишини;
Давлат бюджетидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳаларини молиялаштириш учун мунтазам равишда танловлар ўтказиб борилишини таъминласин.
5. Таълим ва илм-фан вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан вазири зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 554-сон қарорига 1-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотлари ва илмий ташкилотлар ҳузурида янги ишланмаларга асосланган «спин-офф » корхоналарини ташкил этиш, фаолиятини амалга ошириш ва уларнинг реестрини юритиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом олий таълим ташкилотлари ва илмий ташкилотлар муассислигида янги ишланмаларга асосланган «спин-офф» корхоналарини ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг реестрини юритиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
инвестиция даври — «спин-офф» корхонаси устав капиталидаги давлат улуши сақланиб туриладиган ва беш йил давомида давлат улушини хусусийлаштириш ман этиладиган муддат;
Ишлаб чиқарувчилар экотизими портали — товарлар (ишлар, хизматлар) ва уларнинг ишлаб чиқарувчилари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш, уларнинг товарлари (хизматлари)ни таклиф этиш, давлат буюртмачилари билан савдо харидларини ташкил этиш учун мўлжалланган электрон ахборот тизими;
Кенгаш — «спин-офф» корхоналари реестрига киритиш учун ариза берган талабгор корхоналарнинг ариза маълумотларини таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш мақсадида ташкил этиладиган орган;
муассис — «спин-офф» корхоналари ташкил этилишида устав капиталига улуш киритган давлат олий таълим ёки илмий ташкилоти, бошқа юридик ва жисмоний шахслар;
«спин-офф» корхонаси — янги ишланмага асосланган маҳсулот ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) мақсадида ташкил этиладиган юридик шахс;
талабгор корхона — «спин-офф» корхоналари реестрига киритишга ариза берган юридик шахс;
электрон платформа — Илмий ва инновацион фаолиятни юритувчи юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ҳамда янги ишланмаларга асосланган «спин-офф» корхоналар реестрини (кейинги ўринларда — реестр) юритишга мўлжалланган ахборот тизими;
янги ишланма — мавжуд ўхшаш интеллектуал фаолият натижаларига нисбатан янги белгиларга эга бўлган, амалда қўллаш мумкин бўлган ва амалиётда ундан фойдаланганда катта ижтимоий-иқтисодий самарага эришишни таъминлай оладиган интеллектуал фаолият натижаси (ишлаб чиқариш, маъмурий, тижорат ёки бошқа хусусиятга эга янги ёки мукаммал технология, хизмат ва ташкилий-техник ечим).
3. Ушбу Низом талаблари олий таълим ташкилотлари ва илмий ташкилотларга, улар муассислигида янги ишланмаларга асосан ташкил этиладиган «спин-офф» корхоналарига нисбатан татбиқ этилади.
Реестр Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан юритилади.
4. «Спин-офф» корхоналари фаолияти қонунийлик, очиқлик, янги ишланмаларни тижоратлаштиришнинг мақсадлилиги интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва рақамли ҳисобдорлик принциплари асосида амалга оширилади.
2-боб. «Спин-офф» корхонасини ташкил этиш тартиби
5. «Спин-офф» корхонаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ хўжалик жамияти шаклида давлат рўйхатидан ўтказилади.
Бунда бошқа юридик ва жисмоний шахслар «спин-офф» корхонасининг иштирокчилари бўлиши мумкин.
6. Муассиснинг Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ташкил этилган «спин-офф» корхонаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ венчур молиялаштириш шаклига тенглаштирилади.
7. Реестрга киритиладиган корхоналар қуйидаги мезонларга жавоб бериши шарт:
корхона устав фондининг камида 25 фоизи олий таълим ташкилоти ва (ёки) илмий ташкилотга тегишли бўлиши;
корхона томонидан илмий тадқиқотга асосланган маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича асослантирилган бизнес режанинг мавжудлиги;
корхона томонидан ишлаб чиқиладиган товар (хизмат) муассис бўлган олий таълим ташкилоти ва (ёки) илмий ташкилотнинг ишланмасига асосланган бўлиши;
янги ишланма муассис — олий таълим ташкилоти ва (ёки) илмий ташкилотда бажарилган илмий-тадқиқот, диссертация иши, хўжалик шартномаси натижасида олинган бўлиши ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда интеллектуал мулк ҳуқуқи муҳофазаланган яратилган технологияга асосланган бўлиши.
8. «Спин-офф» корхонасининг устав фонди муассиснинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган 25 фоиздан кам бўлмаган улушидан ташқари венчур фондлар, хорижий ва (ёки) маҳаллий инвесторлар маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам шакллантирилиши мумкин.
9. «Спин-офф» корхоналарини реестрга киритиш ва кўриб чиқиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
3-боб. Янги ишланмаларга асосланган корхоналарни «спин-офф» корхоналари реестрига киритиш
10. Реестрга киришга талабгор корхона вакили томонидан электрон платформадаги реестрни юритиш учун ташкил этилган алоҳида бўлимга ариза маълумотлари киритилади.
11. Электрон платформага қуйидагилар киритилиши шарт:
талабгор корхонанинг СТИР;
хўжалик жамиятининг таъсисчилар йиғилиши қарори билан тасдиқланган таъсис ҳужжатлари;
янги ишланма тўғрисида маълумот;
янги ишланма яратилган ташкилот тўғрисида маълумот;
янги ишланмага асосан маҳсулот (товар ёки хизмат) ишлаб чиқариш режалари тўғрисида маълумот (бизнес режа);
талабгор корхона ходимлари тўғрисида маълумотлар.
Зарур ҳолларда, соҳаларга тааллуқли янги ишланмалар бўйича маҳсулот ва хизматлар тегишли рухсат бериш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлаштиришни, клиник, санитария-эпидемиологик ва этик экспертиза талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар киритилади.
12. Барча маълумот ва ҳужжатлар тўлиқ киритилгандан сўнг ариза кўриб чиқиш учун юборилади.
13. Агентлик ариза топширилганидан сўнг ўн иш кунида электрон платформага киритилган маълумотларни техник экспертизадан ўтказади.
Техник экспертиза Агентлик томонидан белгиланадиган уч нафар ходим томонидан амалга оширилади.
14. Техник экспертизада қуйидагилар кўриб чиқилади:
талабномага илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги;
инвестиция даврида амалга оширилиши белгиланган бизнес режа ва молиявий ҳисоб-китобларнинг мавжудлиги;
янги ишланма муассис ташкилотда яратилгани ёки профессор-ўқитувчи ёхуд докторант ва талабаларнинг шахсий муҳофаза ҳужжатига муассис билан лицензия келишуви мавжудлиги;
корхонанинг меҳнат жамоаси таркибида муассиснинг профессор-ўқитувчилари (илмий ходимлари) ёки талаба, изланувчилари бўлишини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги.
15. Техник экспертиза хулосаси ижобий бўлган аризалар Агентлик директорининг буйруғи билан тузиладиган ва таркиби камида 7 нафар аъзоси Агентлик ходимлари ва соҳаларнинг малакали мутахассисларидан иборат Кенгаш томонидан кўриб чиқилади.
16. Электрон платформада талабгор корхонанинг ариза маълумотларини кўриб чиқиш учун Кенгаш аъзоларига имконият яратилади.
17. Кенгаш ҳар ойда камида бир маротаба талабгор корхона тақдимотини очиқ муҳокамада кўриб чиқади.
18. Тақдимот натижаларига кўра Кенгаш овоз бериш орқали талабгор корхонани реестрга киритиш ёки реестрга киритишни рад этиш бўйича қарор қабул қилади.
19. Рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган аризалар бўйича талабгор корхоналар ушбу Низомда белгиланган умумий тартибда такроран мурожаат қилишга ҳақли.
20. Реестрга киритилгани ёки рад этилгани тўғрисидаги маълумот талабгор корхонага электрон платформа орқали автоматик равишда маълум қилинади.
21. «Спин-офф» корхонасини реестрга киритиш тўғрисида Кенгашнинг тегишли қарори асосида электрон платформада уч иш кунида реестрга киритилгани тўғрисида гувоҳнома шакллантирилади.
Мазкур гувоҳнома беш йил давомида амал қилади.
22. Қуйидагилар реестрга киритишни рад этиш учун асос ҳисобланади:
ушбу Низомнинг 11-бандига мувофиқ тақдим этилган маълумотларнинг ишончсиз ёки сохта эканлиги;
талабгор корхона ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган мезонларга жавоб бермаслиги.
23. Реестрдаги маълумотлар ўзгарган тақдирда, корхона беш иш куни ичида Агентликни ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
4-боб. «Спин-офф» корхонаси фаолиятини амалга ошириш
24. «Спин-офф» корхонасининг меҳнат жамоаси таркибида муассиснинг камида бир нафар профессор-ўқитувчиси (илмий ходими) ёки талаба, таянч докторант, докторант ёхуд мустақил изланувчиси фаолият кўрсатиши шарт.
25. Реестрга киритилган «спин-офф» корхоналари қуйидагиларга риоя этиши шарт:
фақат бизнес режада кўрсатиб ўтилган фаолият турларини амалга ошириши;
ўз фаолияти тўғрисида ҳар чоракда ва белгиланган шаклда электрон платформа орқали ҳисобот тақдим этиши;
бизнес режада кўрсатиб ўтилмаган янги фаолият турларини Агентлик томонидан янги (қўшимча) бизнес режа келишилганидан сўнг амалга ошириши.
5-боб. «Спин-офф» корхоналарини қўллаб-қувватлаш
26. Муассисга «спин-офф» корхонасини қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
ўзининг бўш турган бино ва иншоотларини инвестиция даврида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида корхонага бериш;
ўзининг бўш турган ер участкаларини беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга ижарага бериш орқали енгил конструкцияли, чуқурлаштирилган пойдеворларга ва ерости иншоотларига эга бўлмаган, бузиб олиб кўчириш имконияти мавжуд бўлган объектларни қуриш учун корхонага ажратиш;
инвестиция даври мобайнида ўзининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан корхонани уч йил муддатда қайтариш шарти билан, молиявий қўллаб-қувватлаш.
27. Муассиснинг бинолари, иншоотлари ва ер участкаларидан корхонанинг асосий фаолият йўналишидан ташқари бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
28. Реестрга киритилган, янги ишланма асосида товар ишлаб чиқаришни (хизмат кўрсатишни) йўлга қўйган «спин-офф» корхоналарига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 апрелдаги ПФ-54-сон Фармонида назарда тутилган қўллаб-қувватлаш механизмлари татбиқ этилади.
29. «Спин-офф» корхонасига инвесторлар томонидан инвестиция киритишга оид битимлар ва шартномалар бўйича ваколатли давлат органининг хулосаси талаб этилмайди, давлат-хусусий шериклик ва ишончли бошқарувга бериш ҳолатлари бундан мустасно.
30. Корхонанинг соф фойдаси давлат улуши бўйича дивидендга йўналтирилмасдан, ваколатли органлар рухсатисиз корхонанинг устав фондидаги давлат улушини ошириш орқали реинвестиция қилиниши мумкин.
31. Инвестиция даври мобайнида «спин-офф» корхонаси устав фондидаги давлат улушини хусусийлаштиришга йўл қўйилмайди, Агентликнинг улушни сотиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.
32. Инвестиция даври якунига қадар «спин-офф» корхонасидаги давлат улушини сотиш бўйича муассис Агентликка расмий мурожаат қилади.
33. Мурожаат Агентлик кенгаши томонидан ўн беш иш кунида кўриб чиқилиб, инвестиция даври якунига қадар корхонадаги давлат улушини сотиш мақсадга мувофиқлиги ёки рад этиш бўйича хулоса берилади.
34. Инвестиция даври якунида ёки инвестиция даври якунига қадар «спин-офф» корхонасидаги давлат улуши бозор қийматида корхонанинг бошқа иштирокчиларига сотиб олиш учун таклиф этилади. Бошқа иштирокчилар давлат улушини сотиб олишни рад этган тақдирда, ушбу улуш бозор қийматида оммавий савдоларга қўйилади.
35. «Спин-офф» корхонасидаги давлат улушини сотишдан тушадиган маблағлар муассиснинг Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади.
36. «Спин-офф» корхоналари фаолияти натижалари, шу жумладан, улар томонидан амалга ошириладиган илмий изланишлар, инновацион ва тижоратлаштириш лойиҳалари, шунингдек, тўғридан-тўғри жалб қилинадиган инвестициялар ушбу корхонани ташкил этган муассисларнинг асосий самарадорлик кўрсаткичларидан бири сифатида эътироф этилади.
6-боб. «Спин-офф» корхонасини реестрдан чиқариш
37. Қуйидаги ҳолатларда «спин-офф» корхонаси реестрдан чиқарилади:
инвестиция даври якунлангандан сўнг;
Агентликнинг хулосасига асосан корхонадаги давлат улуши инвестиция даври якунига қадар сотилганда;
корхона банкрот деб топилганда;
корхона ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган мезонлардан камида биттасига жавоб бермай қолганда;
корхонанинг меҳнат жамоаси таркибида муассиснинг профессор-ўқитувчилари (илмий ходимлари), талабалар ёки изланувчилари ишламаётгани аниқланганда;
тақдим этилган маълумотларнинг ишончсиз ёки сохта эканлиги аниқланганда;
муассис томонидан текин фойдаланишга ёки ижарага берилган бинолар, иншоотлар ва ер участкалари корхонанинг асосий фаолият йўналишидан бошқа мақсадларда фойдаланилгани аниқланганда.
38. Реестрдан чиқаришга етарли сабаблар мавжуд бўлганда, бу тўғрисида корхонага маълум қилинади ва камчиликларни бартараф этиш учун ўн беш кун муддат берилади, юридик шахс тугатилган ёки корхонанинг ўз аризаси мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно.
39. Реестрдан чиқариш тўғрисидаги қарор Кенгаш томонидан қабул қилинади ва уч иш куни ичида корхонага юборилади.
40. Реестрдан чиқарилган корхона камчиликлар бартараф этилганидан сўнг қайтадан реестрга киритиш учун умумий тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
7-боб. Реестрда қайд этилган товарлар (хизматлар)ни Ишлаб чиқарувчилар экотизими портали орқали харид қилиш тартиби
41. Реестрга киритилган «спин-офф» корхонаси томонидан янги ишланмага мувофиқ ишлаб чиқарилган товарлар (хизматлар) тўғрисидаги маълумотлар Агентлик томонидан тасдиқланади ва корхона томонидан мустақил тарзда Ишлаб чиқарувчилар экотизими портали учун тақдим этилади.
42. Реестрга киритилган корхона Ишлаб чиқарувчилар экотизими порталида қуйидаги маълумотларни жойлаштиради ва уларнинг долзарблигини таъминлайди:
товарлар (хизматлар)нинг номи, техник ва сифат кўрсаткичлари;
ишлаб чиқариш қуввати, етказиб бериш муддатлари ва хизмат кўрсатиш шартлари;
экологик экспертиза хулосаси, сертификатлар, тажриба-синов натижалари, патентлар ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар;
нарх таклифлари, заруратга кўра тижорат таклифи ва бошқа ахборотлар.
43. Ишлаб чиқарувчилар экотизими портали орқали харид қилиш қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган харид қилиш усулларига мувофиқ, давлат харидлари бўйича тегишли электрон тизимлар билан интеграция қилинган ҳолда амалга оширилади.
8-боб. Апелляция комиссиясини ташкил этиш
44. Кенгаш қароридан норози бўлган талабгор корхоналар уларни реестрга киритишни рад этиш ёки реестрдан чиқариш тўғрисидаги Кенгаш қарорини олган кундан бошлаб уч иш куни ичида Апелляция комиссиясига ёзма шикоят беришлари мумкин.
45. Апелляция комиссияси талабгор корхоналарнинг ёзма шикоятини кўриб чиқиш учун камида беш нафар тоқ сонли аъзодан иборат таркибда тузилади.
Апелляция комиссияси таркиби Агентлик ходимлари ва соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат бўлади.
Апелляция комиссияси таркибига Кенгаш аъзоларининг киритилишига йўл қўйилмайди.
46. Апелляция комиссияси шикоят келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида шикоятни кўриб чиқади.
Зарур ҳолларда, шикоят муаллифининг, Кенгаш аъзолари ҳамда бошқа тегишли субъектларнинг фикрини эшитади.
47. Апелляция комиссияси йиғилиши унда комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
48. Апелляция комиссияси талабгор корхонанинг реестрга киритиш жараёнларига оид шикоятини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
талабгор корхонанинг маълумотлари тўғри баҳоланган бўлса, шунингдек, кўриб чиқиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар аниқланмаган тақдирда, Кенгаш қарорини ўзгартиришсиз қолдириш;
талабгорнинг маълумотлари Кенгаш томонидан нотўғри баҳолангани аниқланган тақдирда, Кенгашда қайта кўриб чиқиш учун киритиш.
49. Апелляция комиссиясига бошқа талабгор корхоналар маълумотларини кўриб чиқиш ва шикоят берувчининг иши билан солиштиришга рухсат берилмайди.
50. Апелляция комиссиясининг қарори йиғилиш баённомасида қайд этилади. Баённома Апелляция комиссиясининг раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.
51. Апелляция комиссиясининг қарори қарор қабул қилинган куннинг ўзида шикоят берган корхонага юборилади.
52. Шикоят берган корхона апелляция комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.
9-боб. Якунловчи қоидалар
53. «Спин-офф» корхонаси ўз фаолияти юзасидан Агентликка ҳар йил якунида, Агентлик талабига кўра, қўшимча равишда ишлаб чиқариш ҳажми, яратилган иш ўринлари, жалб қилинган инвестициялар, экспорт ва бошқа асосий кўрсаткичлар тўғрисида белгиланган муддатларда ахборот тақдим этиб боради.
54. «Спин-офф» корхонаси ташкил этилгандан сўнг янги ишланма билан боғлиқ низоли вазиятлар юзага келса, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
55. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Олий таълим ташкилотлари ва илмий ташкилотлар ҳузурида янги ишланмаларга асосланган «спин-офф» корхоналарини ташкил этиш, фаолиятини амалга ошириш ва реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
«Спин-офф» корхоналарини реестрга киритиш ва кўриб чиқиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич «Спин-офф» корхоналари реестрига киришга талабгор корхона вакили Янги ишланмаларга асосланган «спин- офф» корхоналари реестри юритиладиган Илмий ва инновацион фаолиятни юритувчи юридик шахсларнинг реестри ахборот тизимига (кейинги ўринларда — электрон платформа) онлайн ариза, хўжалик жамиятининг таъсисчилар йиғилиши қарори билан тасдиқланган таъсис ҳужжатларини, бизнес режа ва ишланма маълумотларини киритади. Ўз хоҳишига кўра 2-босқич Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) Электрон платформага киритилган маълумотларни техник экспертизадан ўтказади. Ариза топширилганидан сўнг 10 иш кунида 3-босқич Талабгор корхонанинг топширган аризаси маълумотлари асосида реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш юзасидан қарор қабул қиладиган кенгаш (кейинги ўринларда — Кенгаш) «Спин- офф» корхонаси тақдимотини кенгаш йиғилишида очиқ муҳокамадан ўтказади. Ҳар ойда камида бир мар отаба 4-босқич Кенгаш Тақдимот натижаларига кўра овоз бериш орқали корхонани реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш бўйича тегишли қарор қабул қилади. Йиғилиш кунида 5-босқич Агентлик Реестрга киритилгани ёки киритиш рад этилгани тўғрисида талабгор корхонага электрон платформа орқали автоматик равишда маълум қилади. Тегишли қарор қабул қилинган куни 6-босқич Агентлик Корхонани реестрга киритиш тўғрисида кенгаш нинг тегишли қарори асосида электрон платформада реестрга киритилгани тўғрисида гувоҳнома шакллантиради. 3 иш кунида
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 554-сон қарорига 2-ИЛОВА
Янги ишланмаларни тижоратлаштиришни молиялаштириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат илмий дастурлари доирасида бажарилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар натижасида янги ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш мақсадида олимлар ва тадбиркорлар томонидан амалга ошириладиган тажриба-синов ишлари учун сарфланадиган харажатларни қоплаб бериш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш, экспертиза қилиш, молиялаштириш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳасининг ташаббускори ёки амалга оширувчи ва (ёхуд) янги ишланма муаллифи ҳисобланган инновацион фаолият субъекти;
ижрочи ташкилот — танлов натижаларига кўра молиялаштирилган лойиҳани амалга оширувчи ташкилот;
илмий эксперт — танловга қабул қилинган тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳаларини баҳолаш учун белгиланадиган олим;
Коллегиал орган — Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлигининг Илм-фан ва инновациялар кенгаши;
лойиҳа ҳужжатлари — тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ асословчи ва тасдиқловчи, белгиланган тартибда расмийлаштирилган ва электрон платформа орқали тақдим этиладиган ҳужжатлар тўплами;
тажриба-синов ишлари — янги ишланмани қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этган ҳолда саноатда жорий этиш, тажриба намунасини яратиш, тажриба партиясини ишлаб чиқариш, сертификатлаштириш, технологик мослаштириш ва бошқа тайёрлов ишлари;
танлов — эълон қилинадиган ва ушбу Низомга мувофиқ ўтказиладиган тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳаларини саралаш жараёни;
ташкилотчи — тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари танловларини ташкил этишга масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги;
тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳаси — янги ишланмани фуқаролик муомаласига жорий этиш учун тажриба намунасини тайёрлаш ҳамда тажриба-синов ишларини ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга қаратилган лойиҳа;
электрон платформа — Ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш ва тижоратлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш ахборот тизими;
Янги ишланмалар базаси — ташкилотчи томонидан юритиладиган, илмий ёки инновацион фаолият якуни бўйича олинган янги ишланмаларга оид тўпланадиган маълумотлар билан ишлаш бўйича махсус ахборот тизими.
3. Танловлар адолатлилик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида электрон платформа орқали ўтказилади.
Бунда электрон платформадан фойдаланиш тартиби ташкилотчи томонидан белгиланади.
4. Тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари бўйича ишланмалар Янги ишланмалар базасида рўйхатга олинади.
5. Янги ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳаси (кейинги ўринларда — лойиҳа) ташкилотчи томонидан ўтказиладиган танловлар асосида молиялаштирилади.
6. Тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳамда лойиҳа ташаббускорлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
2-боб. Янги ишланмалар базасининг юритилиши
7. Ариза берувчи ўзининг шахсий кабинети орқали янги ишланмасини Янги ишланмалар базасига киритиш учун ариза маълумотларини жойлайди.
8. Ариза ташкилотчи томонидан уч иш кунида кўриб чиқилади ва натижаси бўйича Янги ишланмалар базасида аризанинг қабул қилингани ёки рад этилгани тўғрисида маълумот қайд этилади.
9. Янги ишланмалар базасига киритилган янги ишланмага идентификация рақами берилади ва аризанинг ҳолати тўғрисида ахборот ариза берувчининг шахсий кабинетига юборилади.
10. Қуйидаги ҳолатлар аризани рад этиш учун асос ҳисобланади:
янги ишланма Ўзбекистон Республикасининг «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Қонунида белгиланган инновацион фаолият принципларига зид бўлса;
янги ишланма тўғрисида ишончсиз маълумотлар мавжуд бўлса.
11. Янги ишланмалар базасидаги умумий фойдаланишдаги маълумотлар очиқ тарзда ташкилотчининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва доимий равишда янгилаб борилади.
12. Давлат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ёки давлат сири ҳисобланган маълумотларни қамраб олувчи интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳаси сифатида молиялаштириш амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
3-боб. Танловни ташкил этиш ва лойиҳаларни кўриб чиқиш
13. Янги ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш танлови ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади.
14. Ташкилотчи ҳар йили бир маротаба ўз расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида танлов эълон қилади.
Бунда танлов шартлари, тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва уларнинг намуналари эълонда кўрсатилиши таъминланади.
15. Ариза берувчи танлов эълон қилинган санадан бошлаб ўттиз кун ичида электрон платформа орқали лойиҳа ҳужжатларини ташкилотчига тақдим этади.
16. Ташкилотчи ариза топширилганидан сўнг ўн иш кунида электрон платформага киритилган маълумотларни танлов шартларига мувофиқлиги юзасидан техник экспертизадан ўтказади.
17. Техник экспертизада лойиҳа ҳужжатларининг тўлиқлиги кўриб чиқилади.
18. Техник экспертиза хулосаси ижобий бўлган аризалар ташкилотчининг буйруғи билан тасдиқланадиган камида 7 нафар аъзодан иборат Тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича танлов комиссияси (кейинги ўринларда — Танлов комиссияси) томонидан кўриб чиқилади.
19. Техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгандан кейин умумий тартибда кейинги танловларда иштирок этиши мумкин.
20. Техник экспертиза жараёнларига рақамли ва сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши мумкин.
21. Ариза берувчи лойиҳа ҳужжатларида келтирилган маълумотлар тўғрилиги ва ҳаққонийлигига масъул ҳисобланади.
22. Техник экспертиза ташкилотчи томонидан ўтказилади ва муваффақиятли ўтган лойиҳалар беш иш кунида электрон платформа орқали илмий экспертларга етказилади.
Илмий экспертлар ташкилотчи томонидан шартнома асосида жалб қилинган етакчи олимларидан иборат бўлади.
23. Илмий экспертлар лойиҳани 100 балли тизимда баҳолайди, бунда 0 балл энг паст баҳо ва 100 балл энг юқори баҳо ҳисобланади.
Лойиҳанинг якуний баҳоси экспертлар баҳоларининг ўртача арифметик қиймати билан белгиланади.
Лойиҳани баҳолаш мезонлари ташкилотчи томонидан эълон қилинадиган танлов шартларида белгиланади.
24. Экспертлар томонидан якуний баҳолаш натижалари 70 баллдан юқори бўлган лойиҳалар электрон платформада ижобий баҳоланган ҳисобланади ва ўн беш иш кунида кўриб чиқиш учун электрон платформа орқали Танлов комиссиясига юборилади.
25. Якуний баҳоси 70 балл ва ундан паст бўлган лойиҳа танловдан ўтмаган ҳисобланади ва натижаси электрон платформада қайд этилади.
26. Танлов комиссияси ўн иш кунида илмий экспертизадан ўтган лойиҳаларнинг тақдимотларини ўтказиш саналарини белгилайди.
27. Лойиҳа белгиланган муддатда тақдимотга асосан лойиҳа раҳбари (ёки унинг иштирокида лойиҳа ижрочиларидан бири) томонидан Танлов комиссиясининг йиғилишида очиқ муҳокамада ҳимоя қилинади.
28. Танлов комиссияси беш иш кунида тақдимот натижаларига кўра ҳар бир лойиҳа бўйича овоз бериш орқали уни молиялаштиришга тавсия этиш ёки молиялаштиришни рад этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилади ва кўриб чиқиш учун Коллегиал органга киритади.
Бунда Танлов комиссияси томонидан лойиҳаларни баҳолаш мезонлари ҳар бир танлов учун ташкилотчи директорининг буйруғи билан тасдиқланади.
29. Коллегиал орган Танлов комиссияси томонидан молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳаларни кўриб чиқади ва якуний рўйхатни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
30. Коллегиал орган қарори қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн беш иш кунида лойиҳанинг ижрочи ташкилоти билан белгиланган тартибда шартнома имзоланади ва шартномада молиялаштириш шартлари белгиланади.
31. Шартноманинг намунавий шакллари, иловалари, жадваллар ва бошқа материаллар ташкилотчи томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
32. Тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳасини Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш миқдорлари танлов шартларида белгиланади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимида ҳар бир ижрочи ташкилот учун очиладиган алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали молиялаштирилади.
4-боб. Танлов комиссияси ишини ташкил этиш
33. Танлов комиссияси Танлов комиссиясининг раиси, унинг ўринбосари, котиб ва Танлов комиссияси аъзоларидан иборат таркибда бўлади.
Танлов комиссияси аъзолари унинг ишида жамоатчилик асосида қатнашадилар.
34. Танлов комиссияси мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш, шунингдек, Танлов комиссиясининг жорий масалаларини ҳал қилиш Танлов комиссияси котиби томонидан амалга оширилади.
Танлов комиссияси котиби Танлов комиссияси мажлисларида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.
35. Танлов комиссияси мажлисини раис, у бўлмаган тақдирда, Танлов комиссияси раисининг ўринбосари олиб боради.
36. Танлов комиссияси мажлиси Танлов комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
37. Танлов комиссиясининг қарорлари мажлисда қатнашган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда Танлов комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
38. Танлов комиссияси қарорлари баённома билан расмийлаштирилади ва Танлов комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.
Танлов комиссияси баённомалари электрон платформада сақланади.
5-боб. Амалга оширилаётган лойиҳалар мониторингини ўтказиш
39. Ижрочи ташкилотлар ва лойиҳа раҳбарлари ҳар чоракда лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисобот шакллантиради ва ташкилотчининг ҳудудлардаги масъул бўлинмаларига тақдим этади.
40. Амалга оширилаётган лойиҳалар мониторинги ташкилотчи томонидан мувофиқлаштирилади. Ҳудудларда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг доимий мониторинги ташкилотчининг тегишли ҳудуддаги масъул бўлинмалари томонидан ўтказилади. Зарур ҳолларда, лойиҳалар жойига чиққан ҳолда мониторинг қилинади.
41. Лойиҳа раҳбари ва ижрочи ташкилот ташкилотчининг ёки унинг ҳудуддаги масъул бўлинмаларига мониторинг ўтказилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиши ва тегишли асослантирувчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт, мониторинг жараёнларига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
42. Мониторинг натижасида ташкилотчининг ҳудудлардаги масъул бўлинмалари томонидан лойиҳаларни амалга ошириш жараёнидаги салбий ҳолатлар, жумладан, молиявий маблағларнинг мақсадсиз ёки лойиҳанинг харажатлар сметасига номувофиқ сарфланиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, бу бўйича далолатнома тузилади ҳамда мазкур ҳолат тўғрисида асословчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ташкилотчига юборилади.
43. Танлов шартларига ва харажатлар сметасига риоя этмаслик, режалаштирилган натижаларга эришмаслик лойиҳаларни молиялаштиришни тўхтатиш, маблағларни қайтариш учун асос бўлади ҳамда Коллегиал орган қарорига асосан амалга оширилади.
44. Коллегиал органнинг лойиҳаларни молиялаштиришни тўхтатиш ёки маблағларни қайтариш бўйича қарори ижрочи ташкилот, Жамғарма ва ташкилотчи ўртасидаги тузилган шартномани бекор қилиш учун асос бўлади ва лойиҳа доирасида Жамғарма ҳисобидан молиялаштирилган барча маблағларни ихтиёрий равишда қайтариш учун ташкилотчи томонидан ижрочи ташкилотга бир ой муддат берилади.
Жамғарма маблағлари ижрочи ташкилот томонидан ихтиёрий равишда қайтарилмаган тақдирда, ушбу низоли ҳолат суд тартибида ҳал этилади.
45. Лойиҳа саноат намунасининг яратилиши ва тадбиркор томонидан ушбу ишланмани ишлаб чиқаришга қабул қилиниши билан якунланади.
46. Лойиҳа якунланганидан сўнг бир ой ичида ижрочи ташкилот якуний ҳисоботни шакллантиради, уни ташкилотчига тақдим этади ҳамда Танлов комиссияси томонидан лойиҳани якунлаш бўйича далолатнома тасдиқланади.
6-боб. Лойиҳаларни амалга оширишга қўйиладиган умумий талаблар
47. Лойиҳалар янги ишланмаларни фуқаролик муомаласига жорий этиш учун тажриба намунасини тайёрлаш ҳамда унинг тажриба-синовларини ўтказиш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш мақсадида шакллантирилади.
48. Лойиҳа тадбиркорнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммоси ечимига қаратилган бўлиши лозим.
49. Давлат илмий дастурлари доирасида бажарилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар натижасида яратилган ишланмалар бўйича олимлар ва тадбиркорлик субъектларининг тажриба-синов ишлари харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида бажариладиган тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари доирасида қуйидагилар талаб этилади:
тажриба-синов ишлари якунида ишлаб чиқаришга қабул қилинадиган янги ишланмалар бўйича интеллектуал мулк ҳуқуқининг муҳофаза ҳужжатлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилади;
лойиҳада ишланма муаллифи, ишланма тайёрланган ташкилот ва келгусида ишланма асосида ишлаб чиқариш ташкил этадиган тадбиркорлик субъекти иштирок этади.
50. Янги ишланма тадбиркор томонидан тайёрланганида, тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳасига илмий қўллаб-қувватлаш учун муайян илмий ташкилот (ёки олий таълим ташкилоти) олимларидан иборат илмий жамоа жалб қилиниши лозим.
51. Тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳаларини амалга оширишнинг энг кўп муддати икки йилгача бўлиши мумкин.
7-боб. Апелляция комиссиясини ташкил этиш
52. Танлов натижаларидан норози бўлган ариза берувчилар молиялаштиришни рад этиш тўғрисидаги Танлов комиссияси қарорини олган кундан бошлаб уч иш куни ичида танлов бўйича Апелляция комиссиясига ёзма шикоят беришлари мумкин.
53. Апелляция комиссияси ариза берувчиларнинг ёзма шикоятини кўриб чиқиш учун камида беш нафар тоқ сонли аъзодан иборат таркибда тузилади.
Апелляция комиссияси таркиби ташкилотчи ходимлари ва соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат бўлади.
Апелляция комиссияси таркибига Танлов комиссияси аъзоларининг киритилишига йўл қўйилмайди.
54. Апелляция комиссияси шикоят келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида шикоятни кўриб чиқади.
Зарур ҳолларда, шикоят муаллифининг, Танлов комиссияси аъзолари ҳамда танловнинг бошқа субъектларининг фикрини эшитади.
55. Апелляция комиссияси йиғилиши унда комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
56. Апелляция комиссияси шикоят берувчининг танлов жараёнларига оид шикоятини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
шикоят берувчининг лойиҳаси тўғри баҳоланган бўлса, шунингдек, танлов топшириқларида хато ва камчиликлар ҳамда синовларни ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар аниқланмаган тақдирда, танлов натижаларини ўзгартиришсиз қолдириш;
шикоят берувчининг лойиҳаси Танлов комиссияси томонидан нотўғри баҳолангани аниқланган тақдирда, баҳолаш натижаларини ўзгартириш.
57. Апелляция комиссиясига бошқа ариза берувчиларнинг лойиҳаларини кўриб чиқиш ва шикоят берувчининг иши билан солиштиришга рухсат берилмайди.
58. Апелляция комиссиясининг қарори йиғилиш баённомасида қайд этилади. Баённома апелляция комиссиясининг раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.
59. Апелляция комиссиясининг қарори қарор қабул қилинган куннинг ўзида шикоят берувчига юборилади.
60. Апелляция комиссияси қарорига мувофиқ танлов натижалари ўзгарган тақдирда, Танлов комиссиясининг қўшимча баённомаси расмийлаштирилади ва белгиланган тартибда тасдиқланади.
61. Шикоят берувчи Апелляция комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.
8-боб. Якунловчи қоидалар
62. Жамғарма маблағларини олувчилар маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш юзасидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
63. Агентлик ушбу Низом талабларига риоя этилиши бўйича мониторинг қилиб боради.
64. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Янги ишланмаларни тижоратлаштиришни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Янги ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш танловини ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари танловларини ташкил этишга масъул бўлган Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — ташкилотчи) Ўз расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида танлов эълон қилади. Ҳар йили бир маротаба 2-босқич Тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳасининг ташаббускори ёки амалга оширувчи ҳисобланган олий таълим ташкилоти, илмий ташкилот ёхуд тадбиркорлик субъекти Ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш жараёнларини мувофиқлаштириш ахборот тизими (кейинги ўринларда — электрон платформа) орқали лойиҳа ҳужжатларини ташкилотчига тақдим этади. Танлов эълон қилинган санадан бошлаб 30 иш кунида 3-босқич Ташкилотчи Электрон платформага киритилган маълумотларни техник экспертизадан ўтказади. 10 иш кунида 4-босқич Танлов комиссияси Техник экспертизадан муваффақиятли ўтган лойиҳаларни илмий экспертларга юборади. Йиғилишдан сўнг 5 иш кунида 5-босқич Илмий экспертлар Лойиҳани баҳолайди ва ижобий баҳоланган лойиҳалар тақдимотини кўриб чиқиш учун электрон платформа орқали Танлов комиссиясига юборади. 15 иш кунида 6-босқич Танлов комиссияси Илмий экспертизадан ўтган лойиҳаларнинг тақдимотларини ўтказиш саналарини белгилайди. 10 иш кунида 7-босқич Лойиҳа раҳбари Танлов комиссиясининг йиғилишида лойиҳа бўйича очиқ муҳокамада ҳимоя қилади. Белгиланган муддатда 8-босқич Танлов комиссияси Тақдимот натижаларига кўра лойиҳа бўйича овоз бериш йўли билан уни молиялаштиришга тавсия этиш ёки рад этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилади ва кўриб чиқиш учун Коллегиал органга киритади. 5 иш кунида 9-босқич Коллегиал орган Танлов комиссияси томонидан тавсия этилган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича қарор қабул қилади. Белгиланган муддатда 10-босқич Ташкилотчи Лойиҳанинг ижрочи ташкилоти билан белгиланган тартибда шартнома расмийлаштиради. Ўн беш иш кунида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 9 октябрь,
554-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
NIZOM
SXEMASI
Yangi ishlanmalarga asoslangan “spin-off” korxonalarini tashkil etish hamda yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalarini moliyalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mamlakatda yangi ishlanmalar asosida ishlab chiqarishni tashkil etish tizimini joriy qilish hamda ilm-fanni qoʻllab-quvvatlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2026-yil 4-apreldagi PF-54-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, yangi ishlanmalarga asoslangan “spin-off” korxonalari tashkil etish va yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishga tayyorlashni qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 4-apreldagi PF-54-son Farmoniga muvofiq:
oliy taʼlim tashkilotlari va ilmiy tashkilotlar muassisligida xoʻjalik jamiyati shaklida yangi ishlanmalarga asoslangan “spin-off” korxonalarini tashkil etish;
yangi ishlanmalarga asoslangan “spin-off” korxonalari reyestriga kiritilgan hamda belgilangan tartibda patentlangan ilmiy tadqiqotlar natijasida yaratilgan ilmiy ishlanmalar asosida tovar ishlab chiqarishni (xizmat koʻrsatishni) yoʻlga qoʻygan korxonalarga hamda ularning xodimlariga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 30-iyundagi PF-5099-son Farmonida koʻzda tutilgan imtiyoz va preferensiyalar (ijtimoiy soliqdan tashqari) tatbiq etilishi;
ilmiy tadqiqot natijasida yaratilgan patentsiz ilmiy ishlanmalar asosida tovar ishlab chiqarishni (xizmat koʻrsatishni) yoʻlga qoʻygan korxonalar 2026-yil 1-maydan 2029-yil 1-maygacha boʻlgan davr uchun foyda soligʻini belgilangan soliq stavkasidan 50 foiz pasaytirilgan stavkada toʻlashi;
tajriba-sinov ishlari ilmiy ishlanmalarni tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalari doirasida amalga oshirilishi;
ilmiy ishlanmalarni tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalari Taʼlim va ilm-fan vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan oʻtkaziladigan tanlovlar asosida moliyalashtirilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Oliy taʼlim tashkilotlari va ilmiy tashkilotlar huzurida yangi ishlanmalarga asoslangan “spin-off” korxonalarini tashkil etish, faoliyatini amalga oshirish va ularning reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishni moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki:
Agentlik “spin-off” korxonalari faoliyatini muvofiqlashtiradi;
yangi ishlanmalarni tijoratlashtirish asosida ishlab chiqarilgan mahsulot va koʻrsatiladigan xizmatlarni xarid qilish iqtisodiyot sohalarini tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi;
“spin-off” korxonasining sof foydasi davlat ulushi boʻyicha dividendga yoʻnaltirilmasdan korxonaning ustav fondidagi davlat ulushini oshirish orqali reinvestitsiya qilinishi mumkin;
“spin-off” korxonalari faoliyati natijalari ushbu korxonani tashkil etgan muassislarning asosiy samaradorlik koʻrsatkichlaridan biri sifatida eʼtirof etiladi.
4. Taʼlim va ilm-fan vazirligi:
ikki oy muddatda yangi ishlanmalarga asoslangan “spin-off” korxonalari reyestri Ilmiy va innovatsion faoliyatini yurituvchi subyektlarning reyestri (keyingi oʻrinlarda — reyestr) maxsus axborot tizimida yuritilishini;
Davlat budjetidan ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari doirasidagi loyihalarni moliyalashtirish uchun Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga ajratilgan mablagʻlar hisobidan ilmiy ishlanmalarni tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalarini moliyalashtirish uchun muntazam ravishda tanlovlar oʻtkazib borilishini taʼminlasin.
5. Taʼlim va ilm-fan vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim va ilm-fan vaziri zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 554-son qaroriga 1-ILOVA
Oliy taʼlim tashkilotlari va ilmiy tashkilotlar huzurida yangi ishlanmalarga asoslangan “spin-off ” korxonalarini tashkil etish, faoliyatini amalga oshirish va ularning reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom oliy taʼlim tashkilotlari va ilmiy tashkilotlar muassisligida yangi ishlanmalarga asoslangan “spin-off” korxonalarini tashkil etish, ularni qoʻllab-quvvatlash va faoliyatini muvofiqlashtirish hamda ularning reyestrini yuritish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
investitsiya davri — “spin-off” korxonasi ustav kapitalidagi davlat ulushi saqlanib turiladigan va besh yil davomida davlat ulushini xususiylashtirish man etiladigan muddat;
Ishlab chiqaruvchilar ekotizimi portali — tovarlar (ishlar, xizmatlar) va ularning ishlab chiqaruvchilari haqidagi maʼlumotlarni joylashtirish, ularning tovarlari (xizmatlari)ni taklif etish, davlat buyurtmachilari bilan savdo xaridlarini tashkil etish uchun moʻljallangan elektron axborot tizimi;
Kengash — “spin-off” korxonalari reyestriga kiritish uchun ariza bergan talabgor korxonalarning ariza maʼlumotlarini tahlil qilish va qaror qabul qilish maqsadida tashkil etiladigan organ;
muassis — “spin-off” korxonalari tashkil etilishida ustav kapitaliga ulush kiritgan davlat oliy taʼlim yoki ilmiy tashkiloti, boshqa yuridik va jismoniy shaxslar;
“spin-off” korxonasi — yangi ishlanmaga asoslangan mahsulot ishlab chiqarish (xizmatlar koʻrsatish) maqsadida tashkil etiladigan yuridik shaxs;
talabgor korxona — “spin-off” korxonalari reyestriga kiritishga ariza bergan yuridik shaxs;
elektron platforma — Ilmiy va innovatsion faoliyatni yurituvchi yuridik shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish hamda yangi ishlanmalarga asoslangan “spin-off” korxonalar reyestrini (keyingi oʻrinlarda — reyestr) yuritishga moʻljallangan axborot tizimi;
yangi ishlanma — mavjud oʻxshash intellektual faoliyat natijalariga nisbatan yangi belgilarga ega boʻlgan, amalda qoʻllash mumkin boʻlgan va amaliyotda undan foydalanganda katta ijtimoiy-iqtisodiy samaraga erishishni taʼminlay oladigan intellektual faoliyat natijasi (ishlab chiqarish, maʼmuriy, tijorat yoki boshqa xususiyatga ega yangi yoki mukammal texnologiya, xizmat va tashkiliy-texnik yechim).
3. Ushbu Nizom talablari oliy taʼlim tashkilotlari va ilmiy tashkilotlarga, ular muassisligida yangi ishlanmalarga asosan tashkil etiladigan “spin-off” korxonalariga nisbatan tatbiq etiladi.
Reyestr Taʼlim va ilm-fan vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan yuritiladi.
4. “Spin-off” korxonalari faoliyati qonuniylik, ochiqlik, yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishning maqsadliligi intellektual mulk huquqlarini himoya qilish, resurslardan samarali foydalanish va raqamli hisobdorlik prinsiplari asosida amalga oshiriladi.
2-bob. “Spin-off” korxonasini tashkil etish tartibi
5. “Spin-off” korxonasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq xoʻjalik jamiyati shaklida davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi.
Bunda boshqa yuridik va jismoniy shaxslar “spin-off” korxonasining ishtirokchilari boʻlishi mumkin.
6. Muassisning Innovatsion faoliyatni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan tashkil etilgan “spin-off” korxonasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq venchur moliyalashtirish shakliga tenglashtiriladi.
7. Reyestrga kiritiladigan korxonalar quyidagi mezonlarga javob berishi shart:
korxona ustav fondining kamida 25 foizi oliy taʼlim tashkiloti va (yoki) ilmiy tashkilotga tegishli boʻlishi;
korxona tomonidan ilmiy tadqiqotga asoslangan mahsulotlar (tovarlar va xizmatlar) ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish boʻyicha asoslantirilgan biznes rejaning mavjudligi;
korxona tomonidan ishlab chiqiladigan tovar (xizmat) muassis boʻlgan oliy taʼlim tashkiloti va (yoki) ilmiy tashkilotning ishlanmasiga asoslangan boʻlishi;
yangi ishlanma muassis — oliy taʼlim tashkiloti va (yoki) ilmiy tashkilotda bajarilgan ilmiy-tadqiqot, dissertatsiya ishi, xoʻjalik shartnomasi natijasida olingan boʻlishi yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda intellektual mulk huquqi muhofazalangan yaratilgan texnologiyaga asoslangan boʻlishi.
8. “Spin-off” korxonasining ustav fondi muassisning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan shakllantiriladigan 25 foizdan kam boʻlmagan ulushidan tashqari venchur fondlar, xorijiy va (yoki) mahalliy investorlar mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan ham shakllantirilishi mumkin.
9. “Spin-off” korxonalarini reyestrga kiritish va koʻrib chiqish ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
3-bob. Yangi ishlanmalarga asoslangan korxonalarni “spin-off” korxonalari reyestriga kiritish
10. Reyestrga kirishga talabgor korxona vakili tomonidan elektron platformadagi reyestrni yuritish uchun tashkil etilgan alohida boʻlimga ariza maʼlumotlari kiritiladi.
11. Elektron platformaga quyidagilar kiritilishi shart:
talabgor korxonaning STIR;
xoʻjalik jamiyatining taʼsischilar yigʻilishi qarori bilan tasdiqlangan taʼsis hujjatlari;
yangi ishlanma toʻgʻrisida maʼlumot;
yangi ishlanma yaratilgan tashkilot toʻgʻrisida maʼlumot;
yangi ishlanmaga asosan mahsulot (tovar yoki xizmat) ishlab chiqarish rejalari toʻgʻrisida maʼlumot (biznes reja);
talabgor korxona xodimlari toʻgʻrisida maʼlumotlar.
Zarur hollarda, sohalarga taalluqli yangi ishlanmalar boʻyicha mahsulot va xizmatlar tegishli ruxsat berish, davlat roʻyxatidan oʻtkazish va sertifikatlashtirishni, klinik, sanitariya-epidemiologik va etik ekspertiza talablariga muvofiqligini tasdiqlovchi hujjatlar kiritiladi.
12. Barcha maʼlumot va hujjatlar toʻliq kiritilgandan soʻng ariza koʻrib chiqish uchun yuboriladi.
13. Agentlik ariza topshirilganidan soʻng oʻn ish kunida elektron platformaga kiritilgan maʼlumotlarni texnik ekspertizadan oʻtkazadi.
Texnik ekspertiza Agentlik tomonidan belgilanadigan uch nafar xodim tomonidan amalga oshiriladi.
14. Texnik ekspertizada quyidagilar koʻrib chiqiladi:
talabnomaga ilova qilingan hujjatlarning toʻliqligi va toʻgʻriligi;
investitsiya davrida amalga oshirilishi belgilangan biznes reja va moliyaviy hisob-kitoblarning mavjudligi;
yangi ishlanma muassis tashkilotda yaratilgani yoki professor-oʻqituvchi yoxud doktorant va talabalarning shaxsiy muhofaza hujjatiga muassis bilan litsenziya kelishuvi mavjudligi;
korxonaning mehnat jamoasi tarkibida muassisning professor-oʻqituvchilari (ilmiy xodimlari) yoki talaba, izlanuvchilari boʻlishini tasdiqlovchi hujjatlar mavjudligi.
15. Texnik ekspertiza xulosasi ijobiy boʻlgan arizalar Agentlik direktorining buyrugʻi bilan tuziladigan va tarkibi kamida 7 nafar aʼzosi Agentlik xodimlari va sohalarning malakali mutaxassislaridan iborat Kengash tomonidan koʻrib chiqiladi.
16. Elektron platformada talabgor korxonaning ariza maʼlumotlarini koʻrib chiqish uchun Kengash aʼzolariga imkoniyat yaratiladi.
17. Kengash har oyda kamida bir marotaba talabgor korxona taqdimotini ochiq muhokamada koʻrib chiqadi.
18. Taqdimot natijalariga koʻra Kengash ovoz berish orqali talabgor korxonani reyestrga kiritish yoki reyestrga kiritishni rad etish boʻyicha qaror qabul qiladi.
19. Rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan arizalar boʻyicha talabgor korxonalar ushbu Nizomda belgilangan umumiy tartibda takroran murojaat qilishga haqli.
20. Reyestrga kiritilgani yoki rad etilgani toʻgʻrisidagi maʼlumot talabgor korxonaga elektron platforma orqali avtomatik ravishda maʼlum qilinadi.
21. “Spin-off” korxonasini reyestrga kiritish toʻgʻrisida Kengashning tegishli qarori asosida elektron platformada uch ish kunida reyestrga kiritilgani toʻgʻrisida guvohnoma shakllantiriladi.
Mazkur guvohnoma besh yil davomida amal qiladi.
22. Quyidagilar reyestrga kiritishni rad etish uchun asos hisoblanadi:
ushbu Nizomning 11-bandiga muvofiq taqdim etilgan maʼlumotlarning ishonchsiz yoki soxta ekanligi;
talabgor korxona ushbu Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan mezonlarga javob bermasligi.
23. Reyestrdagi maʼlumotlar oʻzgargan taqdirda, korxona besh ish kuni ichida Agentlikni yozma ravishda xabardor qilishi shart.
4-bob. “Spin-off” korxonasi faoliyatini amalga oshirish
24. “Spin-off” korxonasining mehnat jamoasi tarkibida muassisning kamida bir nafar professor-oʻqituvchisi (ilmiy xodimi) yoki talaba, tayanch doktorant, doktorant yoxud mustaqil izlanuvchisi faoliyat koʻrsatishi shart.
25. Reyestrga kiritilgan “spin-off” korxonalari quyidagilarga rioya etishi shart:
faqat biznes rejada koʻrsatib oʻtilgan faoliyat turlarini amalga oshirishi;
oʻz faoliyati toʻgʻrisida har chorakda va belgilangan shaklda elektron platforma orqali hisobot taqdim etishi;
biznes rejada koʻrsatib oʻtilmagan yangi faoliyat turlarini Agentlik tomonidan yangi (qoʻshimcha) biznes reja kelishilganidan soʻng amalga oshirishi.
5-bob. “Spin-off” korxonalarini qoʻllab-quvvatlash
26. Muassisga “spin-off” korxonasini qoʻllab-quvvatlash maqsadida quyidagi huquqlar beriladi:
oʻzining boʻsh turgan bino va inshootlarini investitsiya davrida tekin foydalanish huquqi asosida korxonaga berish;
oʻzining boʻsh turgan yer uchastkalarini besh yildan ortiq boʻlmagan muddatga ijaraga berish orqali yengil konstruksiyali, chuqurlashtirilgan poydevorlarga va yerosti inshootlariga ega boʻlmagan, buzib olib koʻchirish imkoniyati mavjud boʻlgan obyektlarni qurish uchun korxonaga ajratish;
investitsiya davri mobaynida oʻzining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan korxonani uch yil muddatda qaytarish sharti bilan, moliyaviy qoʻllab-quvvatlash.
27. Muassisning binolari, inshootlari va yer uchastkalaridan korxonaning asosiy faoliyat yoʻnalishidan tashqari boshqa maqsadlarda foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
28. Reyestrga kiritilgan, yangi ishlanma asosida tovar ishlab chiqarishni (xizmat koʻrsatishni) yoʻlga qoʻygan “spin-off” korxonalariga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 4-apreldagi PF-54-son Farmonida nazarda tutilgan qoʻllab-quvvatlash mexanizmlari tatbiq etiladi.
29. “Spin-off” korxonasiga investorlar tomonidan investitsiya kiritishga oid bitimlar va shartnomalar boʻyicha vakolatli davlat organining xulosasi talab etilmaydi, davlat-xususiy sheriklik va ishonchli boshqaruvga berish holatlari bundan mustasno.
30. Korxonaning sof foydasi davlat ulushi boʻyicha dividendga yoʻnaltirilmasdan, vakolatli organlar ruxsatisiz korxonaning ustav fondidagi davlat ulushini oshirish orqali reinvestitsiya qilinishi mumkin.
31. Investitsiya davri mobaynida “spin-off” korxonasi ustav fondidagi davlat ulushini xususiylashtirishga yoʻl qoʻyilmaydi, Agentlikning ulushni sotish maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisidagi xulosasi mavjud boʻlgan hollar bundan mustasno.
32. Investitsiya davri yakuniga qadar “spin-off” korxonasidagi davlat ulushini sotish boʻyicha muassis Agentlikka rasmiy murojaat qiladi.
33. Murojaat Agentlik kengashi tomonidan oʻn besh ish kunida koʻrib chiqilib, investitsiya davri yakuniga qadar korxonadagi davlat ulushini sotish maqsadga muvofiqligi yoki rad etish boʻyicha xulosa beriladi.
34. Investitsiya davri yakunida yoki investitsiya davri yakuniga qadar “spin-off” korxonasidagi davlat ulushi bozor qiymatida korxonaning boshqa ishtirokchilariga sotib olish uchun taklif etiladi. Boshqa ishtirokchilar davlat ulushini sotib olishni rad etgan taqdirda, ushbu ulush bozor qiymatida ommaviy savdolarga qoʻyiladi.
35. “Spin-off” korxonasidagi davlat ulushini sotishdan tushadigan mablagʻlar muassisning Innovatsion faoliyatni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga yoʻnaltiriladi.
36. “Spin-off” korxonalari faoliyati natijalari, shu jumladan, ular tomonidan amalga oshiriladigan ilmiy izlanishlar, innovatsion va tijoratlashtirish loyihalari, shuningdek, toʻgʻridan-toʻgʻri jalb qilinadigan investitsiyalar ushbu korxonani tashkil etgan muassislarning asosiy samaradorlik koʻrsatkichlaridan biri sifatida eʼtirof etiladi.
6-bob. “Spin-off” korxonasini reyestrdan chiqarish
37. Quyidagi holatlarda “spin-off” korxonasi reyestrdan chiqariladi:
investitsiya davri yakunlangandan soʻng;
Agentlikning xulosasiga asosan korxonadagi davlat ulushi investitsiya davri yakuniga qadar sotilganda;
korxona bankrot deb topilganda;
korxona ushbu Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan mezonlardan kamida bittasiga javob bermay qolganda;
korxonaning mehnat jamoasi tarkibida muassisning professor-oʻqituvchilari (ilmiy xodimlari), talabalar yoki izlanuvchilari ishlamayotgani aniqlanganda;
taqdim etilgan maʼlumotlarning ishonchsiz yoki soxta ekanligi aniqlanganda;
muassis tomonidan tekin foydalanishga yoki ijaraga berilgan binolar, inshootlar va yer uchastkalari korxonaning asosiy faoliyat yoʻnalishidan boshqa maqsadlarda foydalanilgani aniqlanganda.
38. Reyestrdan chiqarishga yetarli sabablar mavjud boʻlganda, bu toʻgʻrisida korxonaga maʼlum qilinadi va kamchiliklarni bartaraf etish uchun oʻn besh kun muddat beriladi, yuridik shaxs tugatilgan yoki korxonaning oʻz arizasi mavjud boʻlgan hollar bundan mustasno.
39. Reyestrdan chiqarish toʻgʻrisidagi qaror Kengash tomonidan qabul qilinadi va uch ish kuni ichida korxonaga yuboriladi.
40. Reyestrdan chiqarilgan korxona kamchiliklar bartaraf etilganidan soʻng qaytadan reyestrga kiritish uchun umumiy tartibda murojaat qilish huquqiga ega.
7-bob. Reyestrda qayd etilgan tovarlar (xizmatlar)ni Ishlab chiqaruvchilar ekotizimi portali orqali xarid qilish tartibi
41. Reyestrga kiritilgan “spin-off” korxonasi tomonidan yangi ishlanmaga muvofiq ishlab chiqarilgan tovarlar (xizmatlar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Agentlik tomonidan tasdiqlanadi va korxona tomonidan mustaqil tarzda Ishlab chiqaruvchilar ekotizimi portali uchun taqdim etiladi.
42. Reyestrga kiritilgan korxona Ishlab chiqaruvchilar ekotizimi portalida quyidagi maʼlumotlarni joylashtiradi va ularning dolzarbligini taʼminlaydi:
tovarlar (xizmatlar)ning nomi, texnik va sifat koʻrsatkichlari;
ishlab chiqarish quvvati, yetkazib berish muddatlari va xizmat koʻrsatish shartlari;
ekologik ekspertiza xulosasi, sertifikatlar, tajriba-sinov natijalari, patentlar yoki boshqa tasdiqlovchi hujjatlar;
narx takliflari, zaruratga koʻra tijorat taklifi va boshqa axborotlar.
43. Ishlab chiqaruvchilar ekotizimi portali orqali xarid qilish qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan xarid qilish usullariga muvofiq, davlat xaridlari boʻyicha tegishli elektron tizimlar bilan integratsiya qilingan holda amalga oshiriladi.
8-bob. Apellyatsiya komissiyasini tashkil etish
44. Kengash qaroridan norozi boʻlgan talabgor korxonalar ularni reyestrga kiritishni rad etish yoki reyestrdan chiqarish toʻgʻrisidagi Kengash qarorini olgan kundan boshlab uch ish kuni ichida Apellyatsiya komissiyasiga yozma shikoyat berishlari mumkin.
45. Apellyatsiya komissiyasi talabgor korxonalarning yozma shikoyatini koʻrib chiqish uchun kamida besh nafar toq sonli aʼzodan iborat tarkibda tuziladi.
Apellyatsiya komissiyasi tarkibi Agentlik xodimlari va sohaning malakali mutaxassislaridan iborat boʻladi.
Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga Kengash aʼzolarining kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
46. Apellyatsiya komissiyasi shikoyat kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida shikoyatni koʻrib chiqadi.
Zarur hollarda, shikoyat muallifining, Kengash aʼzolari hamda boshqa tegishli subyektlarning fikrini eshitadi.
47. Apellyatsiya komissiyasi yigʻilishi unda komissiya aʼzolarining yarmidan koʻpi ishtirok etsa, vakolatli hisoblanadi.
48. Apellyatsiya komissiyasi talabgor korxonaning reyestrga kiritish jarayonlariga oid shikoyatini koʻrib chiqib, quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
talabgor korxonaning maʼlumotlari toʻgʻri baholangan boʻlsa, shuningdek, koʻrib chiqish jarayonida tashkiliy-texnik jihatdan kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, Kengash qarorini oʻzgartirishsiz qoldirish;
talabgorning maʼlumotlari Kengash tomonidan notoʻgʻri baholangani aniqlangan taqdirda, Kengashda qayta koʻrib chiqish uchun kiritish.
49. Apellyatsiya komissiyasiga boshqa talabgor korxonalar maʼlumotlarini koʻrib chiqish va shikoyat beruvchining ishi bilan solishtirishga ruxsat berilmaydi.
50. Apellyatsiya komissiyasining qarori yigʻilish bayonnomasida qayd etiladi. Bayonnoma Apellyatsiya komissiyasining raisi va aʼzolari tomonidan imzolanadi.
51. Apellyatsiya komissiyasining qarori qaror qabul qilingan kunning oʻzida shikoyat bergan korxonaga yuboriladi.
52. Shikoyat bergan korxona apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga murojaat qilishi mumkin.
9-bob. Yakunlovchi qoidalar
53. “Spin-off” korxonasi oʻz faoliyati yuzasidan Agentlikka har yil yakunida, Agentlik talabiga koʻra, qoʻshimcha ravishda ishlab chiqarish hajmi, yaratilgan ish oʻrinlari, jalb qilingan investitsiyalar, eksport va boshqa asosiy koʻrsatkichlar toʻgʻrisida belgilangan muddatlarda axborot taqdim etib boradi.
54. “Spin-off” korxonasi tashkil etilgandan soʻng yangi ishlanma bilan bogʻliq nizoli vaziyatlar yuzaga kelsa, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
55. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
Oliy taʼlim tashkilotlari va ilmiy tashkilotlar huzurida yangi ishlanmalarga asoslangan “spin-off” korxonalarini tashkil etish, faoliyatini amalga oshirish va reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
“Spin-off” korxonalarini reyestrga kiritish va koʻrib chiqish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich “Spin-off” korxonalari reyestriga kirishga talabgor korxona vakili Yangi ishlanmalarga asoslangan “spin- off” korxonalari reyestri yuritiladigan Ilmiy va innovatsion faoliyatni yurituvchi yuridik shaxslarning reyestri axborot tizimiga (keyingi oʻrinlarda — elektron platforma) onlayn ariza, xoʻjalik jamiyatining taʼsischilar yigʻilishi qarori bilan tasdiqlangan taʼsis hujjatlarini, biznes reja va ishlanma maʼlumotlarini kiritadi. Oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Taʼlim va ilm-fan vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) Elektron platformaga kiritilgan maʼlumotlarni texnik ekspertizadan oʻtkazadi. Ariza topshirilganidan soʻng 10 ish kunida 3-bosqich Talabgor korxonaning topshirgan arizasi maʼlumotlari asosida reyestrga kiritish yoki kiritishni rad etish yuzasidan qaror qabul qiladigan kengash (keyingi oʻrinlarda — Kengash) “Spin- off” korxonasi taqdimotini kengash yigʻilishida ochiq muhokamadan oʻtkazadi. Har oyda kamida bir mar otaba 4-bosqich Kengash Taqdimot natijalariga koʻra ovoz berish orqali korxonani reyestrga kiritish yoki kiritishni rad etish boʻyicha tegishli qaror qabul qiladi. Yigʻilish kunida 5-bosqich Agentlik Reyestrga kiritilgani yoki kiritish rad etilgani toʻgʻrisida talabgor korxonaga elektron platforma orqali avtomatik ravishda maʼlum qiladi. Tegishli qaror qabul qilingan kuni 6-bosqich Agentlik Korxonani reyestrga kiritish toʻgʻrisida kengash ning tegishli qarori asosida elektron platformada reyestrga kiritilgani toʻgʻrisida guvohnoma shakllantiradi. 3 ish kunida
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 554-son qaroriga 2-ILOVA
Yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishni moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom davlat ilmiy dasturlari doirasida bajarilgan fundamental, amaliy va innovatsion loyihalar natijasida yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishga tayyorlash maqsadida olimlar va tadbirkorlar tomonidan amalga oshiriladigan tajriba-sinov ishlari uchun sarflanadigan xarajatlarni qoplab berish boʻyicha loyihalarni ishlab chiqish, ekspertiza qilish, moliyalashtirish va amalga oshirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ariza beruvchi — tijoratlashtirishga tayyorlash loyihasining tashabbuskori yoki amalga oshiruvchi va (yoxud) yangi ishlanma muallifi hisoblangan innovatsion faoliyat subyekti;
ijrochi tashkilot — tanlov natijalariga koʻra moliyalashtirilgan loyihani amalga oshiruvchi tashkilot;
ilmiy ekspert — tanlovga qabul qilingan tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalarini baholash uchun belgilanadigan olim;
Kollegial organ — Oʻzbekiston Respublikasi Taʼlim va ilm-fan vazirligining Ilm-fan va innovatsiyalar kengashi;
loyiha hujjatlari — tijoratlashtirishga tayyorlash loyihasini amalga oshirish bilan bogʻliq asoslovchi va tasdiqlovchi, belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan va elektron platforma orqali taqdim etiladigan hujjatlar toʻplami;
tajriba-sinov ishlari — yangi ishlanmani qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etgan holda sanoatda joriy etish, tajriba namunasini yaratish, tajriba partiyasini ishlab chiqarish, sertifikatlashtirish, texnologik moslashtirish va boshqa tayyorlov ishlari;
tanlov — eʼlon qilinadigan va ushbu Nizomga muvofiq oʻtkaziladigan tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalarini saralash jarayoni;
tashkilotchi — tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalari tanlovlarini tashkil etishga masʼul boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Taʼlim va ilm-fan vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi;
tijoratlashtirishga tayyorlash loyihasi — yangi ishlanmani fuqarolik muomalasiga joriy etish uchun tajriba namunasini tayyorlash hamda tajriba-sinov ishlarini oʻtkazish bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirishga qaratilgan loyiha;
elektron platforma — Ishlanmalarni tijoratlashtirishga tayyorlash va tijoratlashtirish jarayonlarini muvofiqlashtirish axborot tizimi;
Yangi ishlanmalar bazasi — tashkilotchi tomonidan yuritiladigan, ilmiy yoki innovatsion faoliyat yakuni boʻyicha olingan yangi ishlanmalarga oid toʻplanadigan maʼlumotlar bilan ishlash boʻyicha maxsus axborot tizimi.
3. Tanlovlar adolatlilik, ochiqlik va shaffoflik tamoyillari asosida elektron platforma orqali oʻtkaziladi.
Bunda elektron platformadan foydalanish tartibi tashkilotchi tomonidan belgilanadi.
4. Tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalari boʻyicha ishlanmalar Yangi ishlanmalar bazasida roʻyxatga olinadi.
5. Yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishga tayyorlash loyihasi (keyingi oʻrinlarda — loyiha) tashkilotchi tomonidan oʻtkaziladigan tanlovlar asosida moliyalashtiriladi.
6. Tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlari hamda loyiha tashabbuskorlari mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
2-bob. Yangi ishlanmalar bazasining yuritilishi
7. Ariza beruvchi oʻzining shaxsiy kabineti orqali yangi ishlanmasini Yangi ishlanmalar bazasiga kiritish uchun ariza maʼlumotlarini joylaydi.
8. Ariza tashkilotchi tomonidan uch ish kunida koʻrib chiqiladi va natijasi boʻyicha Yangi ishlanmalar bazasida arizaning qabul qilingani yoki rad etilgani toʻgʻrisida maʼlumot qayd etiladi.
9. Yangi ishlanmalar bazasiga kiritilgan yangi ishlanmaga identifikatsiya raqami beriladi va arizaning holati toʻgʻrisida axborot ariza beruvchining shaxsiy kabinetiga yuboriladi.
10. Quyidagi holatlar arizani rad etish uchun asos hisoblanadi:
yangi ishlanma Oʻzbekiston Respublikasining “Innovatsion faoliyat toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan innovatsion faoliyat prinsiplariga zid boʻlsa;
yangi ishlanma toʻgʻrisida ishonchsiz maʼlumotlar mavjud boʻlsa.
11. Yangi ishlanmalar bazasidagi umumiy foydalanishdagi maʼlumotlar ochiq tarzda tashkilotchining rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi va doimiy ravishda yangilab boriladi.
12. Davlat uchun strategik ahamiyatga ega boʻlgan yoki davlat siri hisoblangan maʼlumotlarni qamrab oluvchi intellektual mulk obyektlarini tijoratlashtirishga tayyorlash loyihasi sifatida moliyalashtirish amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
3-bob. Tanlovni tashkil etish va loyihalarni koʻrib chiqish
13. Yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishga tayyorlash tanlovi ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq tashkil etiladi.
14. Tashkilotchi har yili bir marotaba oʻz rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida tanlov eʼlon qiladi.
Bunda tanlov shartlari, taqdim etiladigan hujjatlar roʻyxati va ularning namunalari eʼlonda koʻrsatilishi taʼminlanadi.
15. Ariza beruvchi tanlov eʼlon qilingan sanadan boshlab oʻttiz kun ichida elektron platforma orqali loyiha hujjatlarini tashkilotchiga taqdim etadi.
16. Tashkilotchi ariza topshirilganidan soʻng oʻn ish kunida elektron platformaga kiritilgan maʼlumotlarni tanlov shartlariga muvofiqligi yuzasidan texnik ekspertizadan oʻtkazadi.
17. Texnik ekspertizada loyiha hujjatlarining toʻliqligi koʻrib chiqiladi.
18. Texnik ekspertiza xulosasi ijobiy boʻlgan arizalar tashkilotchining buyrugʻi bilan tasdiqlanadigan kamida 7 nafar aʼzodan iborat Tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalarini koʻrib chiqish boʻyicha tanlov komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Tanlov komissiyasi) tomonidan koʻrib chiqiladi.
19. Texnik ekspertizadan oʻtmagan loyihalar koʻrsatilgan kamchiliklar bartaraf etilgandan keyin umumiy tartibda keyingi tanlovlarda ishtirok etishi mumkin.
20. Texnik ekspertiza jarayonlariga raqamli va sunʼiy intellekt texnologiyalari joriy etilishi mumkin.
21. Ariza beruvchi loyiha hujjatlarida keltirilgan maʼlumotlar toʻgʻriligi va haqqoniyligiga masʼul hisoblanadi.
22. Texnik ekspertiza tashkilotchi tomonidan oʻtkaziladi va muvaffaqiyatli oʻtgan loyihalar besh ish kunida elektron platforma orqali ilmiy ekspertlarga yetkaziladi.
Ilmiy ekspertlar tashkilotchi tomonidan shartnoma asosida jalb qilingan yetakchi olimlaridan iborat boʻladi.
23. Ilmiy ekspertlar loyihani 100 balli tizimda baholaydi, bunda 0 ball eng past baho va 100 ball eng yuqori baho hisoblanadi.
Loyihaning yakuniy bahosi ekspertlar baholarining oʻrtacha arifmetik qiymati bilan belgilanadi.
Loyihani baholash mezonlari tashkilotchi tomonidan eʼlon qilinadigan tanlov shartlarida belgilanadi.
24. Ekspertlar tomonidan yakuniy baholash natijalari 70 balldan yuqori boʻlgan loyihalar elektron platformada ijobiy baholangan hisoblanadi va oʻn besh ish kunida koʻrib chiqish uchun elektron platforma orqali Tanlov komissiyasiga yuboriladi.
25. Yakuniy bahosi 70 ball va undan past boʻlgan loyiha tanlovdan oʻtmagan hisoblanadi va natijasi elektron platformada qayd etiladi.
26. Tanlov komissiyasi oʻn ish kunida ilmiy ekspertizadan oʻtgan loyihalarning taqdimotlarini oʻtkazish sanalarini belgilaydi.
27. Loyiha belgilangan muddatda taqdimotga asosan loyiha rahbari (yoki uning ishtirokida loyiha ijrochilaridan biri) tomonidan Tanlov komissiyasining yigʻilishida ochiq muhokamada himoya qilinadi.
28. Tanlov komissiyasi besh ish kunida taqdimot natijalariga koʻra har bir loyiha boʻyicha ovoz berish orqali uni moliyalashtirishga tavsiya etish yoki moliyalashtirishni rad etish yuzasidan tegishli qaror qabul qiladi va koʻrib chiqish uchun Kollegial organga kiritadi.
Bunda Tanlov komissiyasi tomonidan loyihalarni baholash mezonlari har bir tanlov uchun tashkilotchi direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
29. Kollegial organ Tanlov komissiyasi tomonidan moliyalashtirishga tavsiya etilgan loyihalarni koʻrib chiqadi va yakuniy roʻyxatni tasdiqlash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
30. Kollegial organ qarori qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran oʻn besh ish kunida loyihaning ijrochi tashkiloti bilan belgilangan tartibda shartnoma imzolanadi va shartnomada moliyalashtirish shartlari belgilanadi.
31. Shartnomaning namunaviy shakllari, ilovalari, jadvallar va boshqa materiallar tashkilotchi tomonidan ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
32. Tijoratlashtirishga tayyorlash loyihasini Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan moliyalashtirish miqdorlari tanlov shartlarida belgilanadi va belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining axborot tizimida har bir ijrochi tashkilot uchun ochiladigan alohida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari orqali moliyalashtiriladi.
4-bob. Tanlov komissiyasi ishini tashkil etish
33. Tanlov komissiyasi Tanlov komissiyasining raisi, uning oʻrinbosari, kotib va Tanlov komissiyasi aʼzolaridan iborat tarkibda boʻladi.
Tanlov komissiyasi aʼzolari uning ishida jamoatchilik asosida qatnashadilar.
34. Tanlov komissiyasi majlislarini tayyorlash va oʻtkazish, shuningdek, Tanlov komissiyasining joriy masalalarini hal qilish Tanlov komissiyasi kotibi tomonidan amalga oshiriladi.
Tanlov komissiyasi kotibi Tanlov komissiyasi majlislarida ovoz berish huquqiga ega boʻladi.
35. Tanlov komissiyasi majlisini rais, u boʻlmagan taqdirda, Tanlov komissiyasi raisining oʻrinbosari olib boradi.
36. Tanlov komissiyasi majlisi Tanlov komissiyasi aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi.
37. Tanlov komissiyasining qarorlari majlisda qatnashgan aʼzolarning koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan hollarda Tanlov komissiyasi raisining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.
38. Tanlov komissiyasi qarorlari bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi va Tanlov komissiyasi raisi tomonidan tasdiqlanadi.
Tanlov komissiyasi bayonnomalari elektron platformada saqlanadi.
5-bob. Amalga oshirilayotgan loyihalar monitoringini oʻtkazish
39. Ijrochi tashkilotlar va loyiha rahbarlari har chorakda loyihalarni amalga oshirishning borishi hamda erishilgan natijalar boʻyicha hisobot shakllantiradi va tashkilotchining hududlardagi masʼul boʻlinmalariga taqdim etadi.
40. Amalga oshirilayotgan loyihalar monitoringi tashkilotchi tomonidan muvofiqlashtiriladi. Hududlarda amalga oshiriladigan loyihalarning doimiy monitoringi tashkilotchining tegishli hududdagi masʼul boʻlinmalari tomonidan oʻtkaziladi. Zarur hollarda, loyihalar joyiga chiqqan holda monitoring qilinadi.
41. Loyiha rahbari va ijrochi tashkilot tashkilotchining yoki uning hududdagi masʼul boʻlinmalariga monitoring oʻtkazilishi uchun zarur shart-sharoitlarni yaratishi va tegishli asoslantiruvchi hujjatlarni taqdim etishi shart, monitoring jarayonlariga toʻsqinlik qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
42. Monitoring natijasida tashkilotchining hududlardagi masʼul boʻlinmalari tomonidan loyihalarni amalga oshirish jarayonidagi salbiy holatlar, jumladan, moliyaviy mablagʻlarning maqsadsiz yoki loyihaning xarajatlar smetasiga nomuvofiq sarflanishi holatlari aniqlangan taqdirda, bu boʻyicha dalolatnoma tuziladi hamda mazkur holat toʻgʻrisida asoslovchi hujjatlar ilova qilingan holda tashkilotchiga yuboriladi.
43. Tanlov shartlariga va xarajatlar smetasiga rioya etmaslik, rejalashtirilgan natijalarga erishmaslik loyihalarni moliyalashtirishni toʻxtatish, mablagʻlarni qaytarish uchun asos boʻladi hamda Kollegial organ qaroriga asosan amalga oshiriladi.
44. Kollegial organning loyihalarni moliyalashtirishni toʻxtatish yoki mablagʻlarni qaytarish boʻyicha qarori ijrochi tashkilot, Jamgʻarma va tashkilotchi oʻrtasidagi tuzilgan shartnomani bekor qilish uchun asos boʻladi va loyiha doirasida Jamgʻarma hisobidan moliyalashtirilgan barcha mablagʻlarni ixtiyoriy ravishda qaytarish uchun tashkilotchi tomonidan ijrochi tashkilotga bir oy muddat beriladi.
Jamgʻarma mablagʻlari ijrochi tashkilot tomonidan ixtiyoriy ravishda qaytarilmagan taqdirda, ushbu nizoli holat sud tartibida hal etiladi.
45. Loyiha sanoat namunasining yaratilishi va tadbirkor tomonidan ushbu ishlanmani ishlab chiqarishga qabul qilinishi bilan yakunlanadi.
46. Loyiha yakunlanganidan soʻng bir oy ichida ijrochi tashkilot yakuniy hisobotni shakllantiradi, uni tashkilotchiga taqdim etadi hamda Tanlov komissiyasi tomonidan loyihani yakunlash boʻyicha dalolatnoma tasdiqlanadi.
6-bob. Loyihalarni amalga oshirishga qoʻyiladigan umumiy talablar
47. Loyihalar yangi ishlanmalarni fuqarolik muomalasiga joriy etish uchun tajriba namunasini tayyorlash hamda uning tajriba-sinovlarini oʻtkazish bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish maqsadida shakllantiriladi.
48. Loyiha tadbirkorning ishlab chiqarish bilan bogʻliq muammosi yechimiga qaratilgan boʻlishi lozim.
49. Davlat ilmiy dasturlari doirasida bajarilgan fundamental, amaliy va innovatsion loyihalar natijasida yaratilgan ishlanmalar boʻyicha olimlar va tadbirkorlik subyektlarining tajriba-sinov ishlari xarajatlarining bir qismini qoplab berish maqsadida bajariladigan tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalari doirasida quyidagilar talab etiladi:
tajriba-sinov ishlari yakunida ishlab chiqarishga qabul qilinadigan yangi ishlanmalar boʻyicha intellektual mulk huquqining muhofaza hujjatlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi;
loyihada ishlanma muallifi, ishlanma tayyorlangan tashkilot va kelgusida ishlanma asosida ishlab chiqarish tashkil etadigan tadbirkorlik subyekti ishtirok etadi.
50. Yangi ishlanma tadbirkor tomonidan tayyorlanganida, tijoratlashtirishga tayyorlash loyihasiga ilmiy qoʻllab-quvvatlash uchun muayyan ilmiy tashkilot (yoki oliy taʼlim tashkiloti) olimlaridan iborat ilmiy jamoa jalb qilinishi lozim.
51. Tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalarini amalga oshirishning eng koʻp muddati ikki yilgacha boʻlishi mumkin.
7-bob. Apellyatsiya komissiyasini tashkil etish
52. Tanlov natijalaridan norozi boʻlgan ariza beruvchilar moliyalashtirishni rad etish toʻgʻrisidagi Tanlov komissiyasi qarorini olgan kundan boshlab uch ish kuni ichida tanlov boʻyicha Apellyatsiya komissiyasiga yozma shikoyat berishlari mumkin.
53. Apellyatsiya komissiyasi ariza beruvchilarning yozma shikoyatini koʻrib chiqish uchun kamida besh nafar toq sonli aʼzodan iborat tarkibda tuziladi.
Apellyatsiya komissiyasi tarkibi tashkilotchi xodimlari va sohaning malakali mutaxassislaridan iborat boʻladi.
Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga Tanlov komissiyasi aʼzolarining kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
54. Apellyatsiya komissiyasi shikoyat kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida shikoyatni koʻrib chiqadi.
Zarur hollarda, shikoyat muallifining, Tanlov komissiyasi aʼzolari hamda tanlovning boshqa subyektlarining fikrini eshitadi.
55. Apellyatsiya komissiyasi yigʻilishi unda komissiya aʼzolarining yarmidan koʻpi ishtirok etsa, vakolatli hisoblanadi.
56. Apellyatsiya komissiyasi shikoyat beruvchining tanlov jarayonlariga oid shikoyatini koʻrib chiqib, quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
shikoyat beruvchining loyihasi toʻgʻri baholangan boʻlsa, shuningdek, tanlov topshiriqlarida xato va kamchiliklar hamda sinovlarni oʻtkazish jarayonida tashkiliy-texnik jihatdan kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, tanlov natijalarini oʻzgartirishsiz qoldirish;
shikoyat beruvchining loyihasi Tanlov komissiyasi tomonidan notoʻgʻri baholangani aniqlangan taqdirda, baholash natijalarini oʻzgartirish.
57. Apellyatsiya komissiyasiga boshqa ariza beruvchilarning loyihalarini koʻrib chiqish va shikoyat beruvchining ishi bilan solishtirishga ruxsat berilmaydi.
58. Apellyatsiya komissiyasining qarori yigʻilish bayonnomasida qayd etiladi. Bayonnoma apellyatsiya komissiyasining raisi va aʼzolari tomonidan imzolanadi.
59. Apellyatsiya komissiyasining qarori qaror qabul qilingan kunning oʻzida shikoyat beruvchiga yuboriladi.
60. Apellyatsiya komissiyasi qaroriga muvofiq tanlov natijalari oʻzgargan taqdirda, Tanlov komissiyasining qoʻshimcha bayonnomasi rasmiylashtiriladi va belgilangan tartibda tasdiqlanadi.
61. Shikoyat beruvchi Apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga murojaat qilishi mumkin.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
62. Jamgʻarma mablagʻlarini oluvchilar mablagʻlardan toʻgʻri va maqsadli foydalanish yuzasidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
63. Agentlik ushbu Nizom talablariga rioya etilishi boʻyicha monitoring qilib boradi.
64. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
Yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishni moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishga tayyorlash tanlovini tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tijoratlashtirishga tayyorlash loyihalari tanlovlarini tashkil etishga masʼul boʻlgan Taʼlim va ilm-fan vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi (keyingi oʻrinlarda — tashkilotchi) Oʻz rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida tanlov eʼlon qiladi. Har yili bir marotaba 2-bosqich Tijoratlashtirishga tayyorlash loyihasining tashabbuskori yoki amalga oshiruvchi hisoblangan oliy taʼlim tashkiloti, ilmiy tashkilot yoxud tadbirkorlik subyekti Ishlanmalarni tijoratlashtirishga tayyorlash jarayonlarini muvofiqlashtirish axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — elektron platforma) orqali loyiha hujjatlarini tashkilotchiga taqdim etadi. Tanlov eʼlon qilingan sanadan boshlab 30 ish kunida 3-bosqich Tashkilotchi Elektron platformaga kiritilgan maʼlumotlarni texnik ekspertizadan oʻtkazadi. 10 ish kunida 4-bosqich Tanlov komissiyasi Texnik ekspertizadan muvaffaqiyatli oʻtgan loyihalarni ilmiy ekspertlarga yuboradi. Yigʻilishdan soʻng 5 ish kunida 5-bosqich Ilmiy ekspertlar Loyihani baholaydi va ijobiy baholangan loyihalar taqdimotini koʻrib chiqish uchun elektron platforma orqali Tanlov komissiyasiga yuboradi. 15 ish kunida 6-bosqich Tanlov komissiyasi Ilmiy ekspertizadan oʻtgan loyihalarning taqdimotlarini oʻtkazish sanalarini belgilaydi. 10 ish kunida 7-bosqich Loyiha rahbari Tanlov komissiyasining yigʻilishida loyiha boʻyicha ochiq muhokamada himoya qiladi. Belgilangan muddatda 8-bosqich Tanlov komissiyasi Taqdimot natijalariga koʻra loyiha boʻyicha ovoz berish yoʻli bilan uni moliyalashtirishga tavsiya etish yoki rad etish yuzasidan tegishli qaror qabul qiladi va koʻrib chiqish uchun Kollegial organga kiritadi. 5 ish kunida 9-bosqich Kollegial organ Tanlov komissiyasi tomonidan tavsiya etilgan loyihalarni moliyalashtirish boʻyicha qaror qabul qiladi. Belgilangan muddatda 10-bosqich Tashkilotchi Loyihaning ijrochi tashkiloti bilan belgilangan tartibda shartnoma rasmiylashtiradi. Oʻn besh ish kunida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 9-oktabr,
554-son