📅 2026-yil 7-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 7-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 7 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 7 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 7 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
«Инсон фахри» миллий мукофотини таъсис этиш тўғрисида
Жамиятимизда инсоний қадриятларни улуғлаш, турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб, бошқаларга ўрнак бўлаётган инсонларнинг меҳнатини кенг жамоатчиликка етказиш ва уларни давлат томонидан муносиб рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (кейинги ўринларда — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги) «Инсон фахри» миллий мукофотини (кейинги ўринларда — мукофот) таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Инсон фахри» миллий мукофоти тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
мукофотга жами 50 нафар номзодлар тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш тартиби;
мукофотга номзодларни уч босқичда ўрганиш ва саралаш шартлари;
мукофот ғолибларини танлаб олиш ва ҳар йили 1 декабрга қадар тақдирлаш тартиби.
3. Белгилансинки:
мукофот жамият ҳаётининг турли соҳаларида, устувор равишда ижтимоий ҳимоя соҳасида жасорат, мардлик ва фидойилик кўрсатган, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилаётган, оғир ҳаётий вазиятдаги инсонларга ёрдам берган ҳамда мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган шахсларга танлов асосида берилади;
мукофотга номзодларни ўрганиш ва саралаш ишлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан давлат ижтимоий буюртмаси асосида белгиланган тартибда жалб этиладиган нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан амалга оширилади;
мукофотнинг номинациялари бўйича ғолибларнинг ҳар бири статуэтка, диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади;
ғолибларга мукофот тантанали равишда топширилади;
мукофот ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан амалга оширилади;
мукофотнинг статуэткаси ва дипломини тайёрлаш, расмий веб-саҳифасини ишлаб чиқиш, шунингдек, унинг ғолибларини аниқлаш ва тақдирлаш тадбирларини ташкил этиш, ёритиб бориш ҳамда бошқа харажатларни молиялаштириш Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
4. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги:
а) бир ой муддатда давлат ижтимоий буюртмаси асосида мукофотнинг статуэткаси ва диплом намуналари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ҳамда расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари яратилишини таъминласин;
б) мукофот ғолибларини аниқлаш ва тақдирлаш билан боғлиқ тадбирларни белгиланган тартибда жалб этиладиган нодавлат телеканаллар, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда қуйидаги тартибда кенг ёритилишини таъминласин:
ғолибларни танлаш жараёнлари ҳамда ғолиблар тўғрисида кичик метражли ҳужжатли фильмлар, видеороликлар ва ижтимоий рекламаларни тайёрлаш;
тайёрланган кичик метражли ҳужжатли фильмлар, видеороликлар ва ижтимоий рекламаларни телевидениеда намойиш этиш ва ижтимоий тармоқларга жойлаштириш;
республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида махсус кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил этиш;
в) ҳар йили 1 мартга қадар мукофотга номзодларни ўрганиш ва саралаш ишларини амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмаси асосида нодавлат нотижорат ташкилотини белгиланган тартибда жалб этиб борсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 декабрдаги 687-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ мукофот ғолибларини аниқлаш ва тақдирлаш билан боғлиқ харажатларни Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 октябрдаги 540-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Инсон фахри» миллий мукофоти тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Инсон фахри» миллий мукофотига (кейинги ўринларда — мукофот) номзодларни ўрганиш ва саралаш, мукофот ғолибларини танлаб олиш ҳамда уларни тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Мукофот жамият ҳаётининг турли соҳаларида, устувор равишда ижтимоий ҳимоя соҳасида жасорат, мардлик ва фидойилик кўрсатган, инсон қадрини улуғлашга хизмат қилаётган, оғир ҳаётий вазиятдаги инсонларга ёрдам берган ҳамда мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган шахсларга берилади.
3. Мукофотга номзодларни ўрганиш ва саралаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги) томонидан давлат ижтимоий буюртмаси асосида белгиланган тартибда жалб этиладиган нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан амалга оширилади.
4. Мукофотга номзодларни ўрганиш ва саралаш, мукофот ғолибларини танлаб олиш қуйидаги уч босқичда амалга оширилади:
биринчи босқич — мукофотнинг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаси орқали мукофотга номзодлар тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилинади;
иккинчи босқич — мукофотга номзодлар ва улар тўғрисида тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш ва саралаш ишлари нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ташкил этиладиган «Инсон фахри» миллий мукофотига номзодларни ўрганиш ва саралаш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — ишчи гуруҳ) томонидан амалга оширилади ҳамда унинг хулосаси асосида мукофотга энг муносиб 50 нафар номзоднинг рўйхати «Инсон фахри» миллий мукофоти кенгашига (кейинги ўринларда — Кенгаш) тақдим этилади;
учинчи босқич — Кенгаш ишчи гуруҳ хулосасига асосан сараланган номзодлар орасидан мукофот ғолибларини танлаб олади ва бу тўғрисида қарор қабул қилади.
5. Кенгаш таркиби Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори буйруғи билан тасдиқланади.
Кенгаш таркибига фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик вакиллари, давлат, маданият, санъат ва спорт арбоблари, фаол ёшлар ва волонтерлар ҳамда жамиятдаги бошқа фаол инсонлар киритилиши мумкин.
Кенгаш жамоатчилик асосида фаолият юритади.
Кенгаш таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари киради. Бунда Кенгаш котиби мукофот учун ғолибларни танлаб олиш ишларини кўриб чиқиш якунлари бўйича овоз беришда иштирок этмайди.
6. Мукофот ғолиблари Кенгаш томонидан тасдиқланадиган номинациялар асосида танлаб олинади.
7. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.
8. Мукофотга номзодларни ўрганиш ва саралаш, мукофот ғолибларини танлаб олиш ҳамда тақдирлаш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ ҳар йили бир марта амалга оширилади.
2-боб. Мукофотга номзодларни ўрганиш ва саралаш, мукофот ғолибларини танлаб олиш тартиби
9. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мукофотга номзодлар тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари ва мукофот номинациялари ҳақидаги маълумотларни, қоида тариқасида, ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан бир ҳафта олдин мукофотнинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштиради.
10. Мукофотга номзодлар тўғрисидаги ҳужжатлар ишчи гуруҳ томонидан ҳар йили 15 мартдан 1 июнга қадар мукофотнинг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқ орқали қабул қилинади.
11. Мукофотга номзодлар ушбу Низомнинг 10-бандига мувофиқ мустақил равишда ариза тақдим этиш орқали ёки вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ёхуд бошқа жамоатчилик вакилларининг тавсияномаси асосида танловда иштирок этиши мумкин.
Тавсиянома асосида мукофотга номзод кўрсатилганда номзоднинг ёзма розилиги олинади. Ёзма розилик бермаган шахслар танловда иштирок этмайди.
Аризада (тавсияномада) мукофотга номзоднинг илмий, ижодий ишлари, амалга оширган лойиҳалари, эришган ютуқлари ва фаолиятига оид бошқа маълумотлар кўрсатилади ва уларни тасдиқловчи ҳужжатлар аризага (тавсияномага) илова қилинади.
12. Мукофотга номзодлар фаолияти Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тасдиқланадиган мукофот ғолибларини танлаб олиш мезонлари асосида ўрганилади.
13. Ишчи гуруҳ ҳар йили 1 сентябрга қадар мукофотга номзодларнинг фаолияти, эришган ютуқларини тақдим этилган тасдиқловчи ҳужжатлар ва улар билан суҳбатлашиш ва бошқа усуллар орқали ўрганиб, энг муносиб деб топилган 50 нафар номзодлар рўйхатини шакллантиради ва ҳар бир номзод бўйича алоҳида хулоса расмийлаштиради ҳамда Кенгашга тақдим этади.
Ишчи гуруҳнинг хулосаси эълон қилинмайди.
14. Кенгаш ҳар йили 1 октябрга қадар сараланган мукофотга номзодлар ва улар бўйича расмийлаштирилган хулосаларни кўриб чиқиб, мукофот ғолибларини танлаб олиш тўғрисида Кенгаш йиғилишида қарор қабул қилади.
Ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган сараланган мукофотга номзодлар рўйхатига Кенгаш аъзоларининг тавсиясига кўра қўшимча номзодлар киритилиши мумкин. Бунда мазкур номзодларни ўрганиш Кенгаш томонидан умумий тартибда амалга оширилади.
15. Кенгашнинг қарори унинг йиғилишида иштирок этаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Бунда ҳеч бир аъзо овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас.
Овозлар тенг бўлган ҳолларда йиғилишга раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
16. Кенгаш қарорлари Кенгаш йиғилишининг баёни билан расмийлаштирилади ва Кенгаш раиси ёки йиғилишга раислик қилган Кенгаш раисининг ўринбосари томонидан имзоланади.
17. Кенгаш ёки ишчи гуруҳ аъзолари мукофотга номзод сифатида танловда иштирок этиши мумкин эмас ҳамда мукофотга номзодлар тўғрисида тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш ва саралаш, шунингдек, сараланган номзодлар орасидан мукофот ғолибларини танлаш жараёнида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлари юзага келса, улар Кенгаш ёки ишчи гуруҳ таркибида бўлишни ихтиёрий равишда ўзини ўзи рад этади ёхуд Кенгаш раиси ёки ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мажбуран четлаштирилади.
18. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан мукофот ғолиблари рўйхатини оммавий ахборот воситаларида ҳамда мукофот расмий веб-сайтида эълон қилинади.
19. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан мукофот ғолибларининг илмий, ижодий ва бошқа фаолиятига оид маълумотлари, амалга оширилаётган лойиҳалари, ишлари ва ижод намуналарини оммалаштириш чоралари кўрилади.
3-боб. Мукофотни топшириш тартиби
20. Мукофот ғолибларга тантанали равишда топширилади.
21. Мукофотни тантанали равишда топшириш жойи ва вақти Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан белгиланади.
22. Мукофотнинг номинациялари бўйича ғолибларининг ҳар бири статуэтка, диплом ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
23. Бир шахс мукофот билан бир марта тақдирланиши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоидалар
24. Барча мукофот номзодларининг ҳужжатлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида сақланади ва қайтарилмайди.
25. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Инсон фахри» миллий мукофоти тўғрисидаги низомга ИЛОВА
«Инсон фахри» мукофотига номзодларни ўрганиш ва саралаш, мукофот ғолибларини танлаб олиш ҳамда тақдирлаш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Мукофотга номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш муддатлари ва мукофот номинациялари ҳақидаги маълумотларни мукофотнинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштиради. Қоида тариқасида, ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан бир ҳафта олдин 2-босқич Номзодлар, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ёки жамоатчилик вакиллари Мукофотнинг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ариза (тавсиянома) тақдим этади. Ҳар йили 15 мартдан 1 июнга қадар 3-босқич «Инсон фахри» миллий мукофотига номзодларни ўрганиш ва саралаш бўйича ишчи гуруҳ Мукофотга номзодларнинг фаолияти, эришган ютуқларини тақдим этилган тасдиқловчи ҳужжатлар ва улар билан суҳбатлашиш ва бошқа усуллар орқали ўрганиб, энг муносиб деб топилган 50 нафар номзодлар рўйхатини шакллантиради ва ҳар бир номзод бўйича алоҳида хулоса расмийлаштиради ҳамда «Инсон фахри» миллий мукофоти кенгашига тақдим этади. Ҳар йили 1 сентябрга қадар 4-босқич «Инсон фахри» миллий мукофоти кенгаши Сараланган номзодлар ва улар бўйича расмийлаштирилган хулосаларни кўриб чиқиб, мукофот ғолибларини танлаб олиш бўйича қарор қабул қилади. Ҳар йили 1 октябрга қадар 5-босқич Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Мукофот ғолиблари ҳақида ҳужжатли фильмларни тайёрлаш. Ҳар йили 1 ноябрга қадар 6-босқич «Инсон фахри» миллий мукофоти кенгаши Мукофот ғолибларни тақдирлаш бўйича тадбирда мукофот ғолибларига мукофот статуэткаси, дипломи ва бир марталик пул маблағларини топширади. Ҳар йили 1 декабрга қадар
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 октябрдаги 540-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 декабрдаги 687-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча
18-бандда :
қуйидаги мазмундаги қирқ саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Инсон фахри» миллий мукофотининг расмий веб-саҳифасини ишлаб чиқиш, статуэткаси ва дипломини тайёрлаш, шунингдек, унинг ғолибларини аниқлаш ва тақдирлаш тадбирларини ташкил этиш, ёритиб бориш ҳамда бошқа харажатларни молиялаштириш»;
қирқ саккизинчи — эллик тўққизинчи хатбошилар тегишлича қирқ тўққизинчи — олтмишинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 октябрь,
540-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
“Inson faxri” milliy mukofotini taʼsis etish toʻgʻrisida
Jamiyatimizda insoniy qadriyatlarni ulugʻlash, turli sohalarda namunali faoliyat koʻrsatib, boshqalarga oʻrnak boʻlayotgan insonlarning mehnatini keng jamoatchilikka yetkazish va ularni davlat tomonidan munosib ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining (keyingi oʻrinlarda — Ijtimoiy himoya milliy agentligi) “Inson faxri” milliy mukofotini (keyingi oʻrinlarda — mukofot) taʼsis etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Inson faxri” milliy mukofoti toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
mukofotga jami 50 nafar nomzodlar toʻgʻrisidagi hujjatlarni qabul qilish tartibi;
mukofotga nomzodlarni uch bosqichda oʻrganish va saralash shartlari;
mukofot gʻoliblarini tanlab olish va har yili 1-dekabrga qadar taqdirlash tartibi.
3. Belgilansinki:
mukofot jamiyat hayotining turli sohalarida, ustuvor ravishda ijtimoiy himoya sohasida jasorat, mardlik va fidoyilik koʻrsatgan, inson qadrini ulugʻlashga xizmat qilayotgan, ogʻir hayotiy vaziyatdagi insonlarga yordam bergan hamda mamlakat taraqqiyoti va jamiyat farovonligiga munosib hissa qoʻshayotgan shaxslarga tanlov asosida beriladi;
mukofotga nomzodlarni oʻrganish va saralash ishlari Ijtimoiy himoya milliy agentligi tomonidan davlat ijtimoiy buyurtmasi asosida belgilangan tartibda jalb etiladigan nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan amalga oshiriladi;
mukofotning nominatsiyalari boʻyicha gʻoliblarning har biri statuetka, diplom va bazaviy hisoblash miqdorining 20 baravari miqdorida bir martalik pul mukofoti bilan taqdirlanadi;
gʻoliblarga mukofot tantanali ravishda topshiriladi;
mukofot gʻoliblarini taqdirlash bilan bogʻliq tadbirlarni tashkil etish va oʻtkazish Ijtimoiy himoya milliy agentligi tomonidan amalga oshiriladi;
mukofotning statuetkasi va diplomini tayyorlash, rasmiy veb-sahifasini ishlab chiqish, shuningdek, uning gʻoliblarini aniqlash va taqdirlash tadbirlarini tashkil etish, yoritib borish hamda boshqa xarajatlarni moliyalashtirish Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
4. Ijtimoiy himoya milliy agentligi:
a) bir oy muddatda davlat ijtimoiy buyurtmasi asosida mukofotning statuetkasi va diplom namunalari ishlab chiqilishi va tasdiqlanishini hamda rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifalari yaratilishini taʼminlasin;
b) mukofot gʻoliblarini aniqlash va taqdirlash bilan bogʻliq tadbirlarni belgilangan tartibda jalb etiladigan nodavlat telekanallar, ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda quyidagi tartibda keng yoritilishini taʼminlasin:
gʻoliblarni tanlash jarayonlari hamda gʻoliblar toʻgʻrisida kichik metrajli hujjatli filmlar, videoroliklar va ijtimoiy reklamalarni tayyorlash;
tayyorlangan kichik metrajli hujjatli filmlar, videoroliklar va ijtimoiy reklamalarni televideniyeda namoyish etish va ijtimoiy tarmoqlarga joylashtirish;
respublika va mahalliy ommaviy axborot vositalarida maxsus koʻrsatuv va eshittirishlar tashkil etish;
v) har yili 1-martga qadar mukofotga nomzodlarni oʻrganish va saralash ishlarini amalga oshirish uchun davlat ijtimoiy buyurtmasi asosida nodavlat notijorat tashkilotini belgilangan tartibda jalb etib borsin.
5. Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 28-dekabrdagi 687-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq mukofot gʻoliblarini aniqlash va taqdirlash bilan bogʻliq xarajatlarni Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshirishni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimcha kiritilsin.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 7-oktabrdagi 540-son qaroriga 1-ILOVA
“Inson faxri” milliy mukofoti toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom “Inson faxri” milliy mukofotiga (keyingi oʻrinlarda — mukofot) nomzodlarni oʻrganish va saralash, mukofot gʻoliblarini tanlab olish hamda ularni taqdirlash tartibini belgilaydi.
2. Mukofot jamiyat hayotining turli sohalarida, ustuvor ravishda ijtimoiy himoya sohasida jasorat, mardlik va fidoyilik koʻrsatgan, inson qadrini ulugʻlashga xizmat qilayotgan, ogʻir hayotiy vaziyatdagi insonlarga yordam bergan hamda mamlakat taraqqiyoti va jamiyat farovonligiga munosib hissa qoʻshayotgan shaxslarga beriladi.
3. Mukofotga nomzodlarni oʻrganish va saralash ishlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Ijtimoiy himoya milliy agentligi) tomonidan davlat ijtimoiy buyurtmasi asosida belgilangan tartibda jalb etiladigan nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan amalga oshiriladi.
4. Mukofotga nomzodlarni oʻrganish va saralash, mukofot gʻoliblarini tanlab olish quyidagi uch bosqichda amalga oshiriladi:
birinchi bosqich — mukofotning rasmiy veb-sayti yoki ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifasi orqali mukofotga nomzodlar toʻgʻrisidagi hujjatlar qabul qilinadi;
ikkinchi bosqich — mukofotga nomzodlar va ular toʻgʻrisida taqdim etilgan hujjatlarni oʻrganish va saralash ishlari nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan tashkil etiladigan “Inson faxri” milliy mukofotiga nomzodlarni oʻrganish va saralash boʻyicha ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda — ishchi guruh) tomonidan amalga oshiriladi hamda uning xulosasi asosida mukofotga eng munosib 50 nafar nomzodning roʻyxati “Inson faxri” milliy mukofoti kengashiga (keyingi oʻrinlarda — Kengash) taqdim etiladi;
uchinchi bosqich — Kengash ishchi guruh xulosasiga asosan saralangan nomzodlar orasidan mukofot gʻoliblarini tanlab oladi va bu toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
5. Kengash tarkibi Ijtimoiy himoya milliy agentligi direktori buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
Kengash tarkibiga fuqarolik jamiyati institutlari va jamoatchilik vakillari, davlat, madaniyat, sanʼat va sport arboblari, faol yoshlar va volonterlar hamda jamiyatdagi boshqa faol insonlar kiritilishi mumkin.
Kengash jamoatchilik asosida faoliyat yuritadi.
Kengash tarkibiga uning raisi, rais oʻrinbosari, kotibi va aʼzolari kiradi. Bunda Kengash kotibi mukofot uchun gʻoliblarni tanlab olish ishlarini koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha ovoz berishda ishtirok etmaydi.
6. Mukofot gʻoliblari Kengash tomonidan tasdiqlanadigan nominatsiyalar asosida tanlab olinadi.
7. Ijtimoiy himoya milliy agentligi Kengashning ishchi organi hisoblanadi.
8. Mukofotga nomzodlarni oʻrganish va saralash, mukofot gʻoliblarini tanlab olish hamda taqdirlash ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq har yili bir marta amalga oshiriladi.
2-bob. Mukofotga nomzodlarni oʻrganish va saralash, mukofot gʻoliblarini tanlab olish tartibi
9. Ijtimoiy himoya milliy agentligi mukofotga nomzodlar toʻgʻrisidagi hujjatlarni qabul qilish muddatlari va mukofot nominatsiyalari haqidagi maʼlumotlarni, qoida tariqasida, hujjatlarni qabul qilish boshlanishidan bir hafta oldin mukofotning rasmiy veb-sayti hamda ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalariga joylashtiradi.
10. Mukofotga nomzodlar toʻgʻrisidagi hujjatlar ishchi guruh tomonidan har yili 15-martdan 1-iyunga qadar mukofotning rasmiy veb-sayti yoki ijtimoiy tarmoq orqali qabul qilinadi.
11. Mukofotga nomzodlar ushbu Nizomning 10-bandiga muvofiq mustaqil ravishda ariza taqdim etish orqali yoki vazirlik va idoralar, nodavlat notijorat tashkilotlar yoxud boshqa jamoatchilik vakillarining tavsiyanomasi asosida tanlovda ishtirok etishi mumkin.
Tavsiyanoma asosida mukofotga nomzod koʻrsatilganda nomzodning yozma roziligi olinadi. Yozma rozilik bermagan shaxslar tanlovda ishtirok etmaydi.
Arizada (tavsiyanomada) mukofotga nomzodning ilmiy, ijodiy ishlari, amalga oshirgan loyihalari, erishgan yutuqlari va faoliyatiga oid boshqa maʼlumotlar koʻrsatiladi va ularni tasdiqlovchi hujjatlar arizaga (tavsiyanomaga) ilova qilinadi.
12. Mukofotga nomzodlar faoliyati Ijtimoiy himoya milliy agentligi tomonidan tasdiqlanadigan mukofot gʻoliblarini tanlab olish mezonlari asosida oʻrganiladi.
13. Ishchi guruh har yili 1-sentabrga qadar mukofotga nomzodlarning faoliyati, erishgan yutuqlarini taqdim etilgan tasdiqlovchi hujjatlar va ular bilan suhbatlashish va boshqa usullar orqali oʻrganib, eng munosib deb topilgan 50 nafar nomzodlar roʻyxatini shakllantiradi va har bir nomzod boʻyicha alohida xulosa rasmiylashtiradi hamda Kengashga taqdim etadi.
Ishchi guruhning xulosasi eʼlon qilinmaydi.
14. Kengash har yili 1-oktabrga qadar saralangan mukofotga nomzodlar va ular boʻyicha rasmiylashtirilgan xulosalarni koʻrib chiqib, mukofot gʻoliblarini tanlab olish toʻgʻrisida Kengash yigʻilishida qaror qabul qiladi.
Ishchi guruh tomonidan taqdim etilgan saralangan mukofotga nomzodlar roʻyxatiga Kengash aʼzolarining tavsiyasiga koʻra qoʻshimcha nomzodlar kiritilishi mumkin. Bunda mazkur nomzodlarni oʻrganish Kengash tomonidan umumiy tartibda amalga oshiriladi.
15. Kengashning qarori uning yigʻilishida ishtirok etayotgan aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Bunda hech bir aʼzo ovoz berishda betaraf qolishga haqli emas.
Ovozlar teng boʻlgan hollarda yigʻilishga raislik qiluvchining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.
16. Kengash qarorlari Kengash yigʻilishining bayoni bilan rasmiylashtiriladi va Kengash raisi yoki yigʻilishga raislik qilgan Kengash raisining oʻrinbosari tomonidan imzolanadi.
17. Kengash yoki ishchi guruh aʼzolari mukofotga nomzod sifatida tanlovda ishtirok etishi mumkin emas hamda mukofotga nomzodlar toʻgʻrisida taqdim etilgan hujjatlarni oʻrganish va saralash, shuningdek, saralangan nomzodlar orasidan mukofot gʻoliblarini tanlash jarayonida manfaatlar toʻqnashuvi bilan bogʻliq holatlari yuzaga kelsa, ular Kengash yoki ishchi guruh tarkibida boʻlishni ixtiyoriy ravishda oʻzini oʻzi rad etadi yoxud Kengash raisi yoki ishchi guruh aʼzolari tomonidan majburan chetlashtiriladi.
18. Ijtimoiy himoya milliy agentligi tomonidan mukofot gʻoliblari roʻyxatini ommaviy axborot vositalarida hamda mukofot rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
19. Ijtimoiy himoya milliy agentligi tomonidan mukofot gʻoliblarining ilmiy, ijodiy va boshqa faoliyatiga oid maʼlumotlari, amalga oshirilayotgan loyihalari, ishlari va ijod namunalarini ommalashtirish choralari koʻriladi.
3-bob. Mukofotni topshirish tartibi
20. Mukofot gʻoliblarga tantanali ravishda topshiriladi.
21. Mukofotni tantanali ravishda topshirish joyi va vaqti Ijtimoiy himoya milliy agentligi tomonidan belgilanadi.
22. Mukofotning nominatsiyalari boʻyicha gʻoliblarining har biri statuetka, diplom va bazaviy hisoblash miqdorining 20 baravari miqdorida bir martalik pul mukofoti bilan taqdirlanadi.
23. Bir shaxs mukofot bilan bir marta taqdirlanishi mumkin.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
24. Barcha mukofot nomzodlarining hujjatlari Ijtimoiy himoya milliy agentligida saqlanadi va qaytarilmaydi.
25. Ushbu Nizom talablarini buzgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
“Inson faxri” milliy mukofoti toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
“Inson faxri” mukofotiga nomzodlarni oʻrganish va saralash, mukofot gʻoliblarini tanlab olish hamda taqdirlash
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Ijtimoiy himoya milliy agentligi Mukofotga nomzodlarning hujjatlarini qabul qilish muddatlari va mukofot nominatsiyalari haqidagi maʼlumotlarni mukofotning rasmiy veb-sayti hamda ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalariga joylashtiradi. Qoida tariqasida, hujjatlarni qabul qilish boshlanishidan bir hafta oldin 2-bosqich Nomzodlar, vazirlik va idoralar, nodavlat notijorat tashkilotlar yoki jamoatchilik vakillari Mukofotning rasmiy veb-sayti yoki ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalari orqali ariza (tavsiyanoma) taqdim etadi. Har yili 15-martdan 1-iyunga qadar 3-bosqich “Inson faxri” milliy mukofotiga nomzodlarni oʻrganish va saralash boʻyicha ishchi guruh Mukofotga nomzodlarning faoliyati, erishgan yutuqlarini taqdim etilgan tasdiqlovchi hujjatlar va ular bilan suhbatlashish va boshqa usullar orqali oʻrganib, eng munosib deb topilgan 50 nafar nomzodlar roʻyxatini shakllantiradi va har bir nomzod boʻyicha alohida xulosa rasmiylashtiradi hamda “Inson faxri” milliy mukofoti kengashiga taqdim etadi. Har yili 1-sentabrga qadar 4-bosqich “Inson faxri” milliy mukofoti kengashi Saralangan nomzodlar va ular boʻyicha rasmiylashtirilgan xulosalarni koʻrib chiqib, mukofot gʻoliblarini tanlab olish boʻyicha qaror qabul qiladi. Har yili 1-oktabrga qadar 5-bosqich Ijtimoiy himoya milliy agentligi Mukofot gʻoliblari haqida hujjatli filmlarni tayyorlash. Har yili 1-noyabrga qadar 6-bosqich “Inson faxri” milliy mukofoti kengashi Mukofot gʻoliblarni taqdirlash boʻyicha tadbirda mukofot gʻoliblariga mukofot statuetkasi, diplomi va bir martalik pul mablagʻlarini topshiradi. Har yili 1-dekabrga qadar
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 7-oktabrdagi 540-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 28-dekabrdagi 687-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimcha
18-bandda :
quyidagi mazmundagi qirq sakkizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Inson faxri” milliy mukofotining rasmiy veb-sahifasini ishlab chiqish, statuetkasi va diplomini tayyorlash, shuningdek, uning gʻoliblarini aniqlash va taqdirlash tadbirlarini tashkil etish, yoritib borish hamda boshqa xarajatlarni moliyalashtirish”;
qirq sakkizinchi — ellik toʻqqizinchi xatboshilar tegishlicha qirq toʻqqizinchi — oltmishinchi xatboshilar deb hisoblansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 7-oktabr,
540-son