UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 10-oktabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi Adliya vazirligi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 10 октябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Адлия вазирлиги

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 октября 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Агентство по противодействию коррупции Министерства юстиции

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 October 2026 · Ministry and agency documents · Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi Adliya vazirligi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

қарори

УСЛУБИЁТИ

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ

РЎЙХАТИ

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПҚ-240-сон «Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги қарор қилади:

1. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган.

4. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2026 йил 10 октябдаги 104-сон ва Адлия вазирлигининг 2026 йил 10 октябдаги 2-сон қарорига 1-ИЛОВА

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш

Мазкур Услубиёт давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) фаолиятида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш тартибини белгилайди.

Ушбу Услубиёт Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, суд, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати органларига нисбатан татбиқ этилмайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Услубиётда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

коррупцияга оид хавф-хатар — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда мавжуд сабаб ва шароитларда коррупциявий хатти-ҳаракатларни содир этиш эҳтимоли;

жараён — давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўз функциялари доирасида бошқарув қарорларини қабул қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш, текшириш ва назорат тадбирларини ўтказиш, ресурсларни тақсимлаш, ҳужжатларни расмийлаштириш, санкцияларни қўллаш ёки бошқа юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатлар мажмуи;

шубҳали ҳолатлар — давлат органлари ва ташкилотлари ўз функциялари доирасидаги жараёнларни амалга оширишда коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилиши эҳтимолини кўрсатувчи ҳолатлар;

умумий хавф — мавжуд назорат чораларининг таъсири ҳисобга олинмаган ёки қисман ҳисобга олинган ҳолда аниқланадиган коррупцияга оид хавф-хатар;

қолдиқ хавф — аниқланган коррупцияга оид хавф-хатарни бартараф этиш юзасидан белгиланган чорадан кейин сақланиб қоладиган хавф-хатар;

махсус бўлинма — давлат органлари ва ташкилотларидаги комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси;

ишчи гуруҳ — комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси мавжуд бўлмаган давлат органи ёки ташкилотида коррупцияга оид хавф-хатарни баҳолаш учун тузиладиган ходимлар таркиби.

2. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашдан мақсад давлат органлари ва ташкилотлари функцияларини амалга ошириш жараёнларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган омилларни аниқлаш, коррупцияга оид хавф-хатар даражасини далиллар асосида баҳолаш ҳамда ўрта ва юқори хавфли жараёнлар бўйича уларни камайтириш ва бартараф этишга қаратилган мутаносиб ва устувор чора-тадбирларни белгилашдан иборат.

3. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш қонунийлик, холислик, асосланганлик, жараёнларга йўналтирилганлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик принциплари асосида амалга оширилади.

4. Коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашда қуйидагилар ишлаб чиқилиши лозим:

жараёнлар реестри;

коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси;

коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш ёки бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури (бундан буён матнда чора-тадбирлар дастури деб юритилади);

коррупцияга оид хавф-хатар юқори бўлган лавозимлар рўйхати;

коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри;

мониторинг ҳисоботи.

Чора-тадбирлар дастури ва коррупцияга оид хавф-хатар юқори бўлган лавозимлар рўйхати жараёнлар реестри ҳамда коррупцияга оид хавф-хатарлар харитасидаги маълумотлар асосида «E-Anticor.uz» электрон платформасида автоматик шакллантирилади.

5. Мазкур Услубиёт талаблари давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар билан ишлашнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибига риоя этилган ҳолда қўлланилади.

2-боб. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашни ташкил этиш

6. Коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппарати, ҳудудий ва таркибий бўлинмаларини қамраб олади.

Бунда коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

7. Ишчи гуруҳ аъзолари давлат органи ёки ташкилотининг таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ташкил этилади.

Давлат органи ёки ташкилотининг биринчи раҳбари томонидан ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланади ҳамда унинг фаолияти мувофиқлаштирилади.

8. Давлат органи ёки ташкилотининг биринчи раҳбари коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашни лозим даражада ташкил этиш, баҳолаш натижаларининг тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш, шунингдек белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

9. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашнинг ички услубиёти махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилади.

10. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш ҳар йили 1 февралга қадар махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади ҳамда унинг натижалари бўйича ишлаб чиқилган коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси ва чора-тадбирлар дастури «E-anticor.uz» электрон платформаси орқали ҳар йили 1 мартга қадар махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Бунда Агентлик коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси ва чора-тадбирлар дастурини улар келиб тушган кундан эътиборан ўн иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда уларни келишади ёки мазкур Услубиётга мувофиқлаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар бериши мумкин.

11. Агентлик «E-anticor.uz» электрон платформасига киритилган маълумотлар асосида мазкур Услубиётнинг 1-иловасидаги шаклга мувофиқ коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестрини юритади.

12. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш қуйидаги ҳолларда навбатдан ташқари ўтказилади:

қонунчилик ҳужжатлари ёки ички ҳужжатларга тегишли функция ёки жараёнга таъсир қилувчи ўзгартиришлар киритилганда;

янги электрон ахборот тизими ёки давлат хизмати жорий этилганда;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан функция ёки жараённи амалга оширишда янги коррупцияга оид хавф-хатарлар аниқланганда;

давлат органлари ва ташкилотлари тузилмасига ўзгаришлар киритилганда;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати ёки Агентликнинг тегишли кўрсатмаси асосида.

13. Агентлик давлат органлари ва ташкилотларига коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашни ташкил этишда ҳуқуқий-услубий кўмак кўрсатади.

3-боб. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш объектлари

14. Коррупцияга оид хавф-хатарлар давлат органлари ва ташкилотларининг функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ жараёнлар кесимида баҳоланади.

15. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш объектларига қуйидагилар киради:

мониторинг ва назоратни амалга ошириш;

давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш хусусиятига эга ҳужжатлар, бошқа сертификатлар ва хулосалар бериш;

давлат хизматларини кўрсатиш;

давлат харидларини амалга ошириш ва шартномалар тузиш;

бюджет маблағлари, субсидиялар, грантлар ва имтиёзларни тақсимлаш;

ходимларни танлаш, ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш;

давлат активлари ва давлат улушларини бошқариш;

жарималар, санкциялар ва бошқа мажбурлов чораларини қўллаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат ва шикоятларини кўриб чиқиш;

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига хос бўлган бошқа жараёнлар.

16. Ҳар бир жараённинг ҳуқуқий асослари, қарор қабул қилиш босқичлари, масъул таркибий бўлинма ва лавозимлар ҳамда мавжуд назорат чоралари аниқланиб, мазкур Услубиётнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ жараёнлар реестри махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан тузилади.

4-боб. Коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш

17. Коррупцияга оид хавф-хатарлар ички ва ташқи ахборот манбаларидан олинган маълумотлар ҳамда шубҳали ҳолатларни таҳлил қилиш асосида махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан аниқланади.

18. Ички ахборот манбаларига қуйидагилар киради:

қонунчилик ҳужжатлари, ички идоравий ҳужжатлар ва жараёнларни тартибга солувчи регламентлар;

мониторинг, назорат, хизмат текширувлари ва ички аудит натижалари ҳамда материаллари;

одоб-ахлоқ комиссияси фаолиятига оид материаллар;

манфаатлар тўқнашувига оид маълумотлар;

давлат харидлари, бюджет маблағларидан фойдаланиш, кадрларни танлаш, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш жараёнлари ҳамда ахборот тизимларига оид маълумотлар;

мурожаатлар, коррупция ҳолатлари тўғрисида махсус алоқа каналлари орқали келиб тушган хабарлар;

ходимлар ўртасида ўтказилган сўровномалар ва интервьюлар натижалари.

19. Ташқи ахборот манбаларига қуйидагилар киради:

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суд ва назорат қилувчи органларнинг материаллари;

оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган маълумотлар;

очиқ маълумотлар порталларида жойлаштирилган маълумотлар;

жамоатчилик муҳокамалари натижалари;

мустақил аудит натижалари.

20. Коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлашда қуйидаги шубҳали ҳолатлар алоҳида таҳлил қилиниши лозим:

ходимнинг кенг дискрецион ваколатларга эгалиги;

қарор қабул қилиш мезонларининг аниқ белгиланмаганлиги;

фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ёки бошқа манфаатдор шахслар билан бевосита мулоқот қилиш имконияти;

мустақил назорат механизмларининг етарли эмаслиги;

қарор қабул қилиш, хизмат кўрсатиш ёки бошқа жараёнларни асоссиз равишда рад этиш, кечиктириш ёхуд тезлаштириш имконияти;

бир шахс томонидан жараённинг бир нечта муҳим босқичлари амалга оширилиши;

эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг мавжудлиги;

бир хил ёки ўхшаш масалалар юзасидан такрорий шикоятларнинг мавжудлиги;

қарорларни тегишли назоратсиз ёки асоссиз ёпиқ тартибда қабул қилиш ҳолатларнинг мавжудлиги.

5-боб. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш мезонлари

21. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашда қуйидагилар мажбурий тартибда инобатга олиниши лозим:

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан манфаатлар тўқнашуви ва хизмат мавқеидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатлари бўйича статистик маълумотлар;

коррупцияга оид мурожаатлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган хабарлар, шунингдек махсус алоқа каналлари орқали келиб тушган маълумотлар;

жараённинг рақамлашганлик даражаси, маълумотлар алмашинувининг автоматлаштирилганлиги, ахборот тизимларида амалга оширилган ҳаракатларни қайд этиш ва мониторинг қилиш имконияти, шунингдек қарор қабул қилишда инсон омилининг таъсири;

жараённинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинганлик даражаси, тартиб-таомиллар, муддатлар, масъул лавозимлар ва қарор қабул қилиш асосларининг аниқ белгиланганлиги, шунингдек дискрецион ваколатларнинг мавжудлиги.

22. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашнинг ички услубиётини ишлаб чиқишда давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қўшимча баҳолаш мезонларини белгилаши мумкин.

6-боб. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш босқичлари

23. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

жараёнларни аниқлаш;

коррупцияга оид хавф-хатарнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш;

амалдаги назорат чораларини таҳлил қилиш;

умумий ва қолдиқ хавф даражасини аниқлаш;

коррупцияга оид хавф-хатарни камайтириш ёки бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш ва самарадорлигини баҳолаш.

24. Коррупцияга оид хавф-хатар белгилари уларнинг тегишли жараёнга таъсир даражаси, коррупциявий ҳолатнинг содир этилиш эҳтимоли ҳамда мавжуд назорат чораларининг етарлилиги инобатга олинган ҳолда оддий, муҳим ва оғир тоифаларга ажратилади.

Оддий хавф белгиси — коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этилишига имкониятлар яратмайдиган, бироқ тартиб-таомиллар, муддатлар, қарорларни асослаш ва қайд этишга доир талабларнинг аниқ белгиланмаганлиги ёки назорат чораларининг формал хусусиятга эгалиги натижасида жараённинг шаффофлиги, аниқлиги ёхуд назорат қилиниш даражасини пасайтириши мумкин бўлган ҳолат.

Оддий хавф белгиларига қуйидагилар киради:

жараён босқичлари ва уларни амалга ошириш кетма-кетлигининг аниқ белгиланмаганлиги;

жараён бўйича қарор қабул қилиш муддати, уни узайтириш асослари ва тартибининг аниқ белгиланмаганлиги;

жараён бўйича қабул қилинадиган қарорни асослаш мезонлари ва талабларининг аниқ белгиланмаганлиги;

қабул қилинган қарорлар, амалга оширилган ҳаракатлар ва уларнинг натижаларини ҳужжатларда ёки ахборот тизимларида қайд этиш тартибининг аниқ белгиланмаганлиги;

жараённинг айрим босқичларида ахборот очиқлиги ва шаффофликни таъминлаш тартибининг аниқ белгиланмаганлиги, бундан давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар мустасно;

жараённинг етарли даражада рақамлаштирилмаганлиги натижасида амалга оширилган ҳаракатлар ва қабул қилинган қарорларни қайд этиш ёки кейинчалик текшириш имкониятининг чекланганлиги;

бир марталик, тасдиқланмаган ёки тизимли хусусиятга эга бўлмаган мурожаат, шикоят ёхуд шубҳали ҳолат мавжудлиги;

ходим ваколатларини амалга ошириш тартиби ва улар устидан назорат механизмининг аниқ белгиланмаганлиги.

Муҳим хавф белгиси — коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этилиши эҳтимолини оширадиган, қарор қабул қилиш мезонларининг аниқ белгиланмаганлиги сабабли мансабдор шахсга асоссиз танлов қилиш имкониятини берадиган ёки амалдаги назорат механизмларининг самарали ишлашига тўсқинлик қиладиган ҳолат.

Муҳим хавф белгиларига қуйидагилар киради:

қарор қабул қилишнинг аниқ мезонлари белгиланмаганлиги сабабли мансабдор шахсда дискрецион ваколатларнинг кенглиги;

ариза ёки ҳужжатларни қабул қилиш, улар бўйича қарор қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиш функцияларининг бир шахс ёки бир таркибий бўлинмада жамланганлиги;

бир жараён доирасида ёки мазмунан ўхшаш ҳолатлар бўйича такроран келиб тушган асосланган коррупцияга оид мурожаатлар, шикоятлар ёки шубҳали ҳолатларнинг мавжудлиги;

аниқланган манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш, бартараф этиш ёки бошқариш чораларининг ўз вақтида амалга оширилмаганлиги;

жараёнда белгиланган келишиш, текшириш, тасдиқлаш ёки назорат тартиб-таомилларини четлаб ўтиш имкониятининг мавжудлиги;

ахборот тизимларида амалга оширилган ҳаракатларни автоматик қайд этиш ва кейинчалик текшириш имкониятининг мавжуд эмаслиги;

жараён билан боғлиқ қонунбузилиш фактининг хизмат текшируви, ички аудит натижалари ёхуд ваколатли органнинг тегишли ҳужжати билан тасдиқланганлиги.

Оғир хавф белгиси — коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этилиши оқибатида давлат ва жамият манфаатларига, бюджет маблағлари ва давлат активларига, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказиш эҳтимоли юқори бўлган ҳолат.

Оғир хавф белгиларига қуйидагилар киради:

баҳоланаётган ёки мазмунан ўхшаш жараёнда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик факти суд ҳужжати ёки ваколатли давлат органининг тегишли ҳужжати билан тасдиқланганлиги;

бир нечта ходим ёки таркибий бўлинма иштирокида назорат тартиб-таомилларининг мунтазам равишда четлаб ўтилиши;

бюджет маблағлари, давлат активлари ёки мулкий ҳуқуқларни тақсимлашга доир қарорларни ички ёки ташқи назорат механизми мавжуд бўлмаган ҳолда қабул қилиш имкониятининг мавжудлиги;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказиш хавфи мавжудлиги;

жараёнда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган назорат чораларининг мавжуд эмаслиги ёки самарасизлиги текширув, аудит, мониторинг натижалари ёхуд бошқа ишончли ва текшириладиган маълумотлар билан тасдиқланганлиги.

Хавф белгисини оддий, муҳим ёки оғир тоифага киритиш қонунчилик ҳужжатлари ҳамда текшириш мумкин бўлган бошқа маълумотлар, шу жумладан статистик маълумотлар, мурожаатлар ва шикоятлар, хизмат текширувлари, ички аудит ва мониторинг натижалари, шунингдек ахборот тизимларидаги қайдлар асосида асослантирилиши лозим.

25. Коррупцияга оид хавф-хатар даражаси аниқланган хавф белгилари хусусиятидан келиб чиқиб қуйидагича белгиланади:

паст — фақат оддий хавф белгилари мавжуд бўлганда;

ўрта — битта муҳим хавф белгиси мавжуд бўлиб, оғир хавф белгиси мавжуд бўлмаганда;

юқори — камида битта оғир хавф белгиси ёки икки ва ундан ортиқ муҳим хавф белгиси мавжуд бўлганда.

Бунда юқори хавф-хатар даражаси аниқланган тақдирда, тегишли жараённи амалга оширишнинг янги тартиби ишлаб чиқилади ёки жараён рақамлаштирилади ёхуд мавжуд назорат механизмлари тубдан қайта кўриб чиқилади.

7-боб. Коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш ва бартараф этиш

26. Коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш ва бартараф этиш чоралари хавф-хатар даражаси ҳамда унинг келиб чиқиш сабабларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади ҳамда масъул ижрочилар, амалга ошириш муддатлари, натижадорлик индикаторлари ва мониторинг тартибини назарда тутади.

27. Коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш ва бартараф этиш чоралари қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини қабул қилиш;

қарор қабул қилиш мезонларини аниқлаштириш;

инсон омилини қисқартириш ва рақамлаштириш;

вазифаларни ажратиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари ва жисмоний шахслар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани максимал даражада чеклаш;

очиқ маълумотлар доирасини кенгайтириш ва (ёки) жамоатчилик назоратини кучайтириш;

манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бошқариш;

ички аудит ва комплаенс назоратини кучайтириш;

ходимларни ротация қилиш ёки хавф даражаси юқори лавозимлар бўйича махсус талаблар белгилаш;

ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бекор қилиш, ортиқча тартибга солиш механизмларини бекор қилиш, тақдим этилган ҳужжатлар сони ва қарор қабул қилиш муддатларини қисқартириш;

тушунтириш ишлари, профилактик суҳбатлар ўтказиш ва тарғибот ишларини амалга ошириш;

ходимлар томонидан коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича ички ҳужжатларга тўлиқ риоя этилишини назорат қилиш.

28. Коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси мазкур Услубиётнинг 3-иловасидаги шаклга мувофиқ махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилади.

8-боб. Мониторинг, ҳисобдорлик ва қайта баҳолаш

29. Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда чора-тадбирлар дастурининг ижросини ҳар ярим йилда камида бир марта мониторинг қилиб боради.

30. Мониторинг қилиш жараёнида чора-тадбирлар дастурининг бажарилиши, белгиланган натижаларга эришилганлиги, назорат чораларининг амалда самарали ишлаши, қолдиқ хавф даражасининг ўзгариши ҳамда қўшимча чоралар кўриш зарурати ўрганилади.

Мониторинг ҳисоботи давлат органи ёки ташкилотининг биринчи раҳбари билан келишилгандан сўнг, мониторинг натижалари бўйича аниқланган камчиликлар коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш ёки бартараф этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни белгилаш учун асос бўлади.

31. Мониторинг натижалари юзасидан Агентлик томонидан ушбу Услубиётнинг 4-иловасидаги шаклга мувофиқ мониторинг ҳисоботи тайёрланади ҳамда у келишиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарига киритилади.

9-боб. Якуний қоида

32. Мазкур Услубиёт талабларини бузилганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётига 1-ИЛОВА

Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри

Т/р Масъул идора Жараён Хавф даражаси Коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш ёки бартараф этиш чоралари Ташкилот / бўлинма Изоҳ 1. 2. 3. ...

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётига 2-ИЛОВА

Жараёнлар реестрининг

Т/р Жараён номи Ҳуқуқий асос Масъул таркибий бўлинма ва лавозим Қарор қабул қилиш босқичлари (нуқталари) Мавжуд назорат Коррупциявий хавфни камайтириш ёки бартараф этиш ҳолати 1. 2. 3. …

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётига 3-ИЛОВА

Коррупцияга оид хавф-хатарлар харитасининг

Т/р Функция номи Жараён Хавф даражаси Сабаб / шубҳали ҳолат Далил / манба Мавжуд назорат Назорат самарадорлиги Қолдиқ хавф Камайтириш/ бартараф этиш чораси Масъул лавозим Муддат Натижа индикатори 1. 2. 3. ...

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётига 4-ИЛОВА

Мониторинг ҳисоботи

Т/р Жараён Қолдиқ хавф даражаси Белгиланган чора Масъул Муддат Ижро ҳолати Натижа индикатори Қўшимча чора 1. 2. 3. ...

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2026 йил 10 октябрдаги 104-сон ва Адлия вазирлигининг 2026 йил 10 октябрдаги 2-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2022 йил 31 августдаги 2-сон ва Адлия вазирлигининг 2022 йил 31 августдаги 5-сон «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 3383, 2022 йил 31 август) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.08.2022 й., 10/22/3383/0785-сон).

2. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2025 йил 11 апрелдаги 7-сон ва Адлия вазирлигининг 2025 йил 22 апрелдаги 3-сон «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 3383-1, 2025 йил 28 апрель) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2025 й., 10/25/3383-1/0393-сон).

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А. БУРХАНОВ

Адлия вазири А. ТАШКУЛОВ

Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ

Бош прокурор Н. ЙЎЛДОШЕВ

Ички ишлар вазири А. ТАШПУЛАТОВ

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗОХИДОВ

Соғлиқни сақлаш вазири Э. АДИЛОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 10 октябрь,

Тошкент ш.,

2026 йил 10 октябрь,

2026 йил 29 сентябрь

2026 йил 29 сентябрь

2026 йил 23 сентябрь

2026 йил 15 сентябрь

2026 йил 11 сентябрь

104-сон

2-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.10.2026 й., 10/26/3952/1022-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining

qarori

USLUBIYOTI

NAMUNAVIY SHAKLI

NAMUNAVIY SHAKLI

NAMUNAVIY SHAKLI

NAMUNAVIY SHAKLI

ROʻYXATI

Davlat organlari va tashkilotlari faoliyatida korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash va baholash uslubiyotini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 11-maydagi PQ-240-son “Davlat boshqaruvi sohasida korrupsiyaviy xavf-xatarlarni bartaraf etish mexanizmlarini takomillashtirish va ushbu sohada jamoatchilik ishtirokini kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi va Adliya vazirligi qaror qiladi:

1. Davlat organlari va tashkilotlari faoliyatida korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash va baholash uslubiyoti 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi va Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan kelishilgan.

4. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligining 2026-yil 10 oktyabdagi 104-son va Adliya vazirligining 2026-yil 10 oktyabdagi 2-son qaroriga 1-ILOVA

Davlat organlari va tashkilotlari faoliyatida korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash va baholash

Mazkur Uslubiyot davlat organlari va tashkilotlari, ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyatlari (bundan buyon matnda davlat organlari va tashkilotlari deb yuritiladi) faoliyatida korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash va baholash tartibini belgilaydi.

Ushbu Uslubiyot Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi va Senati, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi, Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy saylov komissiyasi, sud, prokuratura, ichki ishlar, mudofaa ishlari, favqulodda vaziyatlar, Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi, Davlat xavfsizlik xizmati va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Davlat xavfsizlik xizmati organlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Uslubiyotda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

korrupsiyaga oid xavf-xatar — shaxsning oʻz mansab yoki xizmat mavqeyidan shaxsiy manfaatlarini yoxud oʻzga shaxslarning manfaatlarini koʻzlab moddiy yoki nomoddiy naf olish maqsadida qonunga xilof ravishda mavjud sabab va sharoitlarda korrupsiyaviy xatti-harakatlarni sodir etish ehtimoli;

jarayon — davlat organlari va tashkilotlari tomonidan oʻz funksiyalari doirasida boshqaruv qarorlarini qabul qilish, davlat xizmatlarini koʻrsatish, tekshirish va nazorat tadbirlarini oʻtkazish, resurslarni taqsimlash, hujjatlarni rasmiylashtirish, sanksiyalarni qoʻllash yoki boshqa yuridik ahamiyatga ega boʻlgan harakatlar majmui;

shubhali holatlar — davlat organlari va tashkilotlari oʻz funksiyalari doirasidagi jarayonlarni amalga oshirishda korrupsiyaviy xatti-harakatlar sodir etilishi ehtimolini koʻrsatuvchi holatlar;

umumiy xavf — mavjud nazorat choralarining taʼsiri hisobga olinmagan yoki qisman hisobga olingan holda aniqlanadigan korrupsiyaga oid xavf-xatar;

qoldiq xavf — aniqlangan korrupsiyaga oid xavf-xatarni bartaraf etish yuzasidan belgilangan choradan keyin saqlanib qoladigan xavf-xatar;

maxsus boʻlinma — davlat organlari va tashkilotlaridagi komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmasi;

ishchi guruh — komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat tuzilmasi mavjud boʻlmagan davlat organi yoki tashkilotida korrupsiyaga oid xavf-xatarni baholash uchun tuziladigan xodimlar tarkibi.

2. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholashdan maqsad davlat organlari va tashkilotlari funksiyalarini amalga oshirish jarayonlarida korrupsiyaga oid huquqbuzarliklar sodir etilishiga sabab boʻlishi mumkin boʻlgan omillarni aniqlash, korrupsiyaga oid xavf-xatar darajasini dalillar asosida baholash hamda oʻrta va yuqori xavfli jarayonlar boʻyicha ularni kamaytirish va bartaraf etishga qaratilgan mutanosib va ustuvor chora-tadbirlarni belgilashdan iborat.

3. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholash qonuniylik, xolislik, asoslanganlik, jarayonlarga yoʻnaltirilganlik, shaffoflik va hisobdorlik prinsiplari asosida amalga oshiriladi.

4. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash va baholashda quyidagilar ishlab chiqilishi lozim:

jarayonlar reyestri;

korrupsiyaga oid xavf-xatarlar xaritasi;

korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni kamaytirish yoki bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlar dasturi (bundan buyon matnda chora-tadbirlar dasturi deb yuritiladi);

korrupsiyaga oid xavf-xatar yuqori boʻlgan lavozimlar roʻyxati;

korrupsiyaga moyil boʻlgan munosabatlar elektron reyestri;

monitoring hisoboti.

Chora-tadbirlar dasturi va korrupsiyaga oid xavf-xatar yuqori boʻlgan lavozimlar roʻyxati jarayonlar reyestri hamda korrupsiyaga oid xavf-xatarlar xaritasidagi maʼlumotlar asosida “E-Anticor.uz” elektron platformasida avtomatik shakllantiriladi.

5. Mazkur Uslubiyot talablari davlat sirlari yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi maʼlumotlar bilan ishlashning qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibiga rioya etilgan holda qoʻllaniladi.

2-bob. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholashni tashkil etish

6. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash va baholash davlat organlari va tashkilotlarining markaziy apparati, hududiy va tarkibiy boʻlinmalarini qamrab oladi.

Bunda korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash va baholash maxsus boʻlinma yoki ishchi guruh tomonidan amalga oshiriladi.

7. Ishchi guruh aʼzolari davlat organi yoki tashkilotining tarkibiy boʻlinmalari rahbarlaridan iborat tarkibda tashkil etiladi.

Davlat organi yoki tashkilotining birinchi rahbari tomonidan ishchi guruh tarkibi tasdiqlanadi hamda uning faoliyati muvofiqlashtiriladi.

8. Davlat organi yoki tashkilotining birinchi rahbari korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholashni lozim darajada tashkil etish, baholash natijalarining toʻliqligi va ishonchliligini taʼminlash, shuningdek belgilangan chora-tadbirlarning oʻz vaqtida va sifatli amalga oshirilishi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.

9. Davlat organlari va tashkilotlarida korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholashning ichki uslubiyoti maxsus boʻlinma yoki ishchi guruh tomonidan ishlab chiqiladi.

10. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholash har yili 1-fevralga qadar maxsus boʻlinma yoki ishchi guruh tomonidan amalga oshiriladi hamda uning natijalari boʻyicha ishlab chiqilgan korrupsiyaga oid xavf-xatarlar xaritasi va chora-tadbirlar dasturi “E-anticor.uz” elektron platformasi orqali har yili 1-martga qadar maxsus boʻlinma yoki ishchi guruh tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi (bundan buyon matnda Agentlik deb yuritiladi) bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.

Bunda Agentlik korrupsiyaga oid xavf-xatarlar xaritasi va chora-tadbirlar dasturini ular kelib tushgan kundan eʼtiboran oʻn ish kuni ichida koʻrib chiqadi hamda ularni kelishadi yoki mazkur Uslubiyotga muvofiqlashtirish yuzasidan tegishli koʻrsatmalar berishi mumkin.

11. Agentlik “E-anticor.uz” elektron platformasiga kiritilgan maʼlumotlar asosida mazkur Uslubiyotning 1-ilovasidagi shaklga muvofiq korrupsiyaga moyil boʻlgan munosabatlar elektron reyestrini yuritadi.

12. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholash quyidagi hollarda navbatdan tashqari oʻtkaziladi:

qonunchilik hujjatlari yoki ichki hujjatlarga tegishli funksiya yoki jarayonga taʼsir qiluvchi oʻzgartirishlar kiritilganda;

yangi elektron axborot tizimi yoki davlat xizmati joriy etilganda;

davlat organlari va tashkilotlari tomonidan funksiya yoki jarayonni amalga oshirishda yangi korrupsiyaga oid xavf-xatarlar aniqlanganda;

davlat organlari va tashkilotlari tuzilmasiga oʻzgarishlar kiritilganda;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasining Komplayens xizmati yoki Agentlikning tegishli koʻrsatmasi asosida.

13. Agentlik davlat organlari va tashkilotlariga korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholashni tashkil etishda huquqiy-uslubiy koʻmak koʻrsatadi.

3-bob. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholash obyektlari

14. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlar davlat organlari va tashkilotlarining funksiyalarini amalga oshirish bilan bogʻliq jarayonlar kesimida baholanadi.

15. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholash obyektlariga quyidagilar kiradi:

monitoring va nazoratni amalga oshirish;

davlat moliyaviy nazoratini amalga oshirish;

litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish xususiyatiga ega hujjatlar, boshqa sertifikatlar va xulosalar berish;

davlat xizmatlarini koʻrsatish;

davlat xaridlarini amalga oshirish va shartnomalar tuzish;

budjet mablagʻlari, subsidiyalar, grantlar va imtiyozlarni taqsimlash;

xodimlarni tanlash, ishga qabul qilish va lavozimga tayinlash;

davlat aktivlari va davlat ulushlarini boshqarish;

jarimalar, sanksiyalar va boshqa majburlov choralarini qoʻllash;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaat va shikoyatlarini koʻrib chiqish;

davlat organlari va tashkilotlari faoliyatiga xos boʻlgan boshqa jarayonlar.

16. Har bir jarayonning huquqiy asoslari, qaror qabul qilish bosqichlari, masʼul tarkibiy boʻlinma va lavozimlar hamda mavjud nazorat choralari aniqlanib, mazkur Uslubiyotning 2-ilovasidagi shaklga muvofiq jarayonlar reyestri maxsus boʻlinma yoki ishchi guruh tomonidan tuziladi.

4-bob. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash

17. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlar ichki va tashqi axborot manbalaridan olingan maʼlumotlar hamda shubhali holatlarni tahlil qilish asosida maxsus boʻlinma yoki ishchi guruh tomonidan aniqlanadi.

18. Ichki axborot manbalariga quyidagilar kiradi:

qonunchilik hujjatlari, ichki idoraviy hujjatlar va jarayonlarni tartibga soluvchi reglamentlar;

monitoring, nazorat, xizmat tekshiruvlari va ichki audit natijalari hamda materiallari;

odob-axloq komissiyasi faoliyatiga oid materiallar;

manfaatlar toʻqnashuviga oid maʼlumotlar;

davlat xaridlari, budjet mablagʻlaridan foydalanish, kadrlarni tanlash, litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish jarayonlari hamda axborot tizimlariga oid maʼlumotlar;

murojaatlar, korrupsiya holatlari toʻgʻrisida maxsus aloqa kanallari orqali kelib tushgan xabarlar;

xodimlar oʻrtasida oʻtkazilgan soʻrovnomalar va intervyular natijalari.

19. Tashqi axborot manbalariga quyidagilar kiradi:

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari;

huquqni muhofaza qiluvchi, sud va nazorat qiluvchi organlarning materiallari;

ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda eʼlon qilingan maʼlumotlar;

ochiq maʼlumotlar portallarida joylashtirilgan maʼlumotlar;

jamoatchilik muhokamalari natijalari;

mustaqil audit natijalari.

20. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlashda quyidagi shubhali holatlar alohida tahlil qilinishi lozim:

xodimning keng diskretsion vakolatlarga egaligi;

qaror qabul qilish mezonlarining aniq belgilanmaganligi;

fuqarolar, tadbirkorlik subyektlari yoki boshqa manfaatdor shaxslar bilan bevosita muloqot qilish imkoniyati;

mustaqil nazorat mexanizmlarining yetarli emasligi;

qaror qabul qilish, xizmat koʻrsatish yoki boshqa jarayonlarni asossiz ravishda rad etish, kechiktirish yoxud tezlashtirish imkoniyati;

bir shaxs tomonidan jarayonning bir nechta muhim bosqichlari amalga oshirilishi;

ehtimoliy manfaatlar toʻqnashuvi holatlarining mavjudligi;

bir xil yoki oʻxshash masalalar yuzasidan takroriy shikoyatlarning mavjudligi;

qarorlarni tegishli nazoratsiz yoki asossiz yopiq tartibda qabul qilish holatlarning mavjudligi.

5-bob. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholash mezonlari

21. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholashda quyidagilar majburiy tartibda inobatga olinishi lozim:

korrupsiyaga oid huquqbuzarliklar, shu jumladan manfaatlar toʻqnashuvi va xizmat mavqeyidan qonunga xilof ravishda foydalanish holatlari boʻyicha statistik maʼlumotlar;

korrupsiyaga oid murojaatlar, ommaviy axborot vositalari hamda ijtimoiy tarmoqlarda keng jamoatchilik muhokamasiga sabab boʻlgan xabarlar, shuningdek maxsus aloqa kanallari orqali kelib tushgan maʼlumotlar;

jarayonning raqamlashganlik darajasi, maʼlumotlar almashinuvining avtomatlashtirilganligi, axborot tizimlarida amalga oshirilgan harakatlarni qayd etish va monitoring qilish imkoniyati, shuningdek qaror qabul qilishda inson omilining taʼsiri;

jarayonning huquqiy jihatdan tartibga solinganlik darajasi, tartib-taomillar, muddatlar, masʼul lavozimlar va qaror qabul qilish asoslarining aniq belgilanganligi, shuningdek diskretsion vakolatlarning mavjudligi.

22. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholashning ichki uslubiyotini ishlab chiqishda davlat organlari va tashkilotlari oʻz faoliyatining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqqan holda qoʻshimcha baholash mezonlarini belgilashi mumkin.

6-bob. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholash bosqichlari

23. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni baholash maxsus boʻlinma yoki ishchi guruh tomonidan quyidagi bosqichlarda amalga oshiriladi:

jarayonlarni aniqlash;

korrupsiyaga oid xavf-xatarning kelib chiqish sabablarini aniqlash;

amaldagi nazorat choralarini tahlil qilish;

umumiy va qoldiq xavf darajasini aniqlash;

korrupsiyaga oid xavf-xatarni kamaytirish yoki bartaraf etish choralarini ishlab chiqish va samaradorligini baholash.

24. Korrupsiyaga oid xavf-xatar belgilari ularning tegishli jarayonga taʼsir darajasi, korrupsiyaviy holatning sodir etilish ehtimoli hamda mavjud nazorat choralarining yetarliligi inobatga olingan holda oddiy, muhim va ogʻir toifalarga ajratiladi.

Oddiy xavf belgisi — korrupsiyaga oid huquqbuzarlik sodir etilishiga imkoniyatlar yaratmaydigan, biroq tartib-taomillar, muddatlar, qarorlarni asoslash va qayd etishga doir talablarning aniq belgilanmaganligi yoki nazorat choralarining formal xususiyatga egaligi natijasida jarayonning shaffofligi, aniqligi yoxud nazorat qilinish darajasini pasaytirishi mumkin boʻlgan holat.

Oddiy xavf belgilariga quyidagilar kiradi:

jarayon bosqichlari va ularni amalga oshirish ketma-ketligining aniq belgilanmaganligi;

jarayon boʻyicha qaror qabul qilish muddati, uni uzaytirish asoslari va tartibining aniq belgilanmaganligi;

jarayon boʻyicha qabul qilinadigan qarorni asoslash mezonlari va talablarining aniq belgilanmaganligi;

qabul qilingan qarorlar, amalga oshirilgan harakatlar va ularning natijalarini hujjatlarda yoki axborot tizimlarida qayd etish tartibining aniq belgilanmaganligi;

jarayonning ayrim bosqichlarida axborot ochiqligi va shaffoflikni taʼminlash tartibining aniq belgilanmaganligi, bundan davlat sirlari yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi maʼlumotlar mustasno;

jarayonning yetarli darajada raqamlashtirilmaganligi natijasida amalga oshirilgan harakatlar va qabul qilingan qarorlarni qayd etish yoki keyinchalik tekshirish imkoniyatining cheklanganligi;

bir martalik, tasdiqlanmagan yoki tizimli xususiyatga ega boʻlmagan murojaat, shikoyat yoxud shubhali holat mavjudligi;

xodim vakolatlarini amalga oshirish tartibi va ular ustidan nazorat mexanizmining aniq belgilanmaganligi.

Muhim xavf belgisi — korrupsiyaga oid huquqbuzarlik sodir etilishi ehtimolini oshiradigan, qaror qabul qilish mezonlarining aniq belgilanmaganligi sababli mansabdor shaxsga asossiz tanlov qilish imkoniyatini beradigan yoki amaldagi nazorat mexanizmlarining samarali ishlashiga toʻsqinlik qiladigan holat.

Muhim xavf belgilariga quyidagilar kiradi:

qaror qabul qilishning aniq mezonlari belgilanmaganligi sababli mansabdor shaxsda diskretsion vakolatlarning kengligi;

ariza yoki hujjatlarni qabul qilish, ular boʻyicha qaror qabul qilish hamda qabul qilingan qarorning ijrosini nazorat qilish funksiyalarining bir shaxs yoki bir tarkibiy boʻlinmada jamlanganligi;

bir jarayon doirasida yoki mazmunan oʻxshash holatlar boʻyicha takroran kelib tushgan asoslangan korrupsiyaga oid murojaatlar, shikoyatlar yoki shubhali holatlarning mavjudligi;

aniqlangan manfaatlar toʻqnashuvini oshkor qilish, bartaraf etish yoki boshqarish choralarining oʻz vaqtida amalga oshirilmaganligi;

jarayonda belgilangan kelishish, tekshirish, tasdiqlash yoki nazorat tartib-taomillarini chetlab oʻtish imkoniyatining mavjudligi;

axborot tizimlarida amalga oshirilgan harakatlarni avtomatik qayd etish va keyinchalik tekshirish imkoniyatining mavjud emasligi;

jarayon bilan bogʻliq qonunbuzilish faktining xizmat tekshiruvi, ichki audit natijalari yoxud vakolatli organning tegishli hujjati bilan tasdiqlanganligi.

Ogʻir xavf belgisi — korrupsiyaga oid huquqbuzarlik sodir etilishi oqibatida davlat va jamiyat manfaatlariga, budjet mablagʻlari va davlat aktivlariga, shuningdek jismoniy va yuridik shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga jiddiy zarar yetkazish ehtimoli yuqori boʻlgan holat.

Ogʻir xavf belgilariga quyidagilar kiradi:

baholanayotgan yoki mazmunan oʻxshash jarayonda korrupsiyaga oid huquqbuzarlik fakti sud hujjati yoki vakolatli davlat organining tegishli hujjati bilan tasdiqlanganligi;

bir nechta xodim yoki tarkibiy boʻlinma ishtirokida nazorat tartib-taomillarining muntazam ravishda chetlab oʻtilishi;

budjet mablagʻlari, davlat aktivlari yoki mulkiy huquqlarni taqsimlashga doir qarorlarni ichki yoki tashqi nazorat mexanizmi mavjud boʻlmagan holda qabul qilish imkoniyatining mavjudligi;

jismoniy yoki yuridik shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga jiddiy zarar yetkazish xavfi mavjudligi;

jarayonda korrupsiyaga oid huquqbuzarliklarning oldini olishga qaratilgan nazorat choralarining mavjud emasligi yoki samarasizligi tekshiruv, audit, monitoring natijalari yoxud boshqa ishonchli va tekshiriladigan maʼlumotlar bilan tasdiqlanganligi.

Xavf belgisini oddiy, muhim yoki ogʻir toifaga kiritish qonunchilik hujjatlari hamda tekshirish mumkin boʻlgan boshqa maʼlumotlar, shu jumladan statistik maʼlumotlar, murojaatlar va shikoyatlar, xizmat tekshiruvlari, ichki audit va monitoring natijalari, shuningdek axborot tizimlaridagi qaydlar asosida asoslantirilishi lozim.

25. Korrupsiyaga oid xavf-xatar darajasi aniqlangan xavf belgilari xususiyatidan kelib chiqib quyidagicha belgilanadi:

past — faqat oddiy xavf belgilari mavjud boʻlganda;

oʻrta — bitta muhim xavf belgisi mavjud boʻlib, ogʻir xavf belgisi mavjud boʻlmaganda;

yuqori — kamida bitta ogʻir xavf belgisi yoki ikki va undan ortiq muhim xavf belgisi mavjud boʻlganda.

Bunda yuqori xavf-xatar darajasi aniqlangan taqdirda, tegishli jarayonni amalga oshirishning yangi tartibi ishlab chiqiladi yoki jarayon raqamlashtiriladi yoxud mavjud nazorat mexanizmlari tubdan qayta koʻrib chiqiladi.

7-bob. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni kamaytirish va bartaraf etish

26. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni kamaytirish va bartaraf etish choralari xavf-xatar darajasi hamda uning kelib chiqish sabablaridan kelib chiqqan holda belgilanadi hamda masʼul ijrochilar, amalga oshirish muddatlari, natijadorlik indikatorlari va monitoring tartibini nazarda tutadi.

27. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni kamaytirish va bartaraf etish choralari quyidagi shakllarda amalga oshirilishi mumkin:

normativ-huquqiy hujjatlar va ichki idoraviy hujjatlar loyihalarini qabul qilish;

qaror qabul qilish mezonlarini aniqlashtirish;

inson omilini qisqartirish va raqamlashtirish;

vazifalarni ajratish;

davlat organlari va tashkilotlarining xodimlari va jismoniy shaxslar oʻrtasida toʻgʻridan-toʻgʻri aloqani maksimal darajada cheklash;

ochiq maʼlumotlar doirasini kengaytirish va (yoki) jamoatchilik nazoratini kuchaytirish;

manfaatlar toʻqnashuvini aniqlash va boshqarish;

ichki audit va komplayens nazoratini kuchaytirish;

xodimlarni rotatsiya qilish yoki xavf darajasi yuqori lavozimlar boʻyicha maxsus talablar belgilash;

ortiqcha maʼmuriy tartib-taomillarni bekor qilish, ortiqcha tartibga solish mexanizmlarini bekor qilish, taqdim etilgan hujjatlar soni va qaror qabul qilish muddatlarini qisqartirish;

tushuntirish ishlari, profilaktik suhbatlar oʻtkazish va targʻibot ishlarini amalga oshirish;

xodimlar tomonidan korrupsiyaga qarshi kurashish va uning oldini olish boʻyicha ichki hujjatlarga toʻliq rioya etilishini nazorat qilish.

28. Korrupsiyaga oid xavf-xatarlar xaritasi mazkur Uslubiyotning 3-ilovasidagi shaklga muvofiq maxsus boʻlinma yoki ishchi guruh tomonidan ishlab chiqiladi.

8-bob. Monitoring, hisobdorlik va qayta baholash

29. Agentlik davlat organlari va tashkilotlari bilan birgalikda chora-tadbirlar dasturining ijrosini har yarim yilda kamida bir marta monitoring qilib boradi.

30. Monitoring qilish jarayonida chora-tadbirlar dasturining bajarilishi, belgilangan natijalarga erishilganligi, nazorat choralarining amalda samarali ishlashi, qoldiq xavf darajasining oʻzgarishi hamda qoʻshimcha choralar koʻrish zarurati oʻrganiladi.

Monitoring hisoboti davlat organi yoki tashkilotining birinchi rahbari bilan kelishilgandan soʻng, monitoring natijalari boʻyicha aniqlangan kamchiliklar korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni kamaytirish yoki bartaraf etishga qaratilgan qoʻshimcha chora-tadbirlarni belgilash uchun asos boʻladi.

31. Monitoring natijalari yuzasidan Agentlik tomonidan ushbu Uslubiyotning 4-ilovasidagi shaklga muvofiq monitoring hisoboti tayyorlanadi hamda u kelishish uchun davlat organlari va tashkilotlarining birinchi rahbariga kiritiladi.

9-bob. Yakuniy qoida

32. Mazkur Uslubiyot talablarini buzilganlikda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Davlat organlari va tashkilotlari faoliyatida korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash va baholash uslubiyotiga 1-ILOVA

Korrupsiyaga moyil boʻlgan munosabatlar elektron reyestri

T/r Masʼul idora Jarayon Xavf darajasi Korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni kamaytirish yoki bartaraf etish choralari Tashkilot / boʻlinma Izoh 1. 2. 3. ...

Davlat organlari va tashkilotlari faoliyatida korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash va baholash uslubiyotiga 2-ILOVA

Jarayonlar reyestrining

T/r Jarayon nomi Huquqiy asos Masʼul tarkibiy boʻlinma va lavozim Qaror qabul qilish bosqichlari (nuqtalari) Mavjud nazorat Korrupsiyaviy xavfni kamaytirish yoki bartaraf etish holati 1. 2. 3. …

Davlat organlari va tashkilotlari faoliyatida korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash va baholash uslubiyotiga 3-ILOVA

Korrupsiyaga oid xavf-xatarlar xaritasining

T/r Funksiya nomi Jarayon Xavf darajasi Sabab / shubhali holat Dalil / manba Mavjud nazorat Nazorat samaradorligi Qoldiq xavf Kamaytirish/ bartaraf etish chorasi Masʼul lavozim Muddat Natija indikatori 1. 2. 3. ...

Davlat organlari va tashkilotlari faoliyatida korrupsiyaga oid xavf-xatarlarni aniqlash va baholash uslubiyotiga 4-ILOVA

Monitoring hisoboti

T/r Jarayon Qoldiq xavf darajasi Belgilangan chora Masʼul Muddat Ijro holati Natija indikatori Qoʻshimcha chora 1. 2. 3. ...

Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligining 2026-yil 10-oktabrdagi 104-son va Adliya vazirligining 2026-yil 10-oktabrdagi 2-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar

1. Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligining 2022-yil 31-avgustdagi 2-son va Adliya vazirligining 2022-yil 31-avgustdagi 5-son “Davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari, shu jumladan ularning hududiy boʻlinmalari, davlat muassasalari, davlat ulushi 50 foizdan yuqori tashkilotlar faoliyatida korrupsiyaviy xavf-xatarlarni aniqlash va baholash uslubiyotini tasdiqlash toʻgʻrisida”gi qarori (roʻyxat raqami 3383, 2022-yil 31-avgust) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 31.08.2022-y., 10/22/3383/0785-son).

2. Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligining 2025-yil 11-apreldagi 7-son va Adliya vazirligining 2025-yil 22-apreldagi 3-son “Davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari, shu jumladan ularning hududiy boʻlinmalari, davlat unitar korxonalari va muassasalari, davlat ulushi 50 foizdan yuqori tashkilotlar faoliyatida korrupsiyaviy xavf-xatarlarni aniqlash va baholash uslubiyotini tasdiqlash toʻgʻrisida”gi qarorga oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 3383-1, 2025-yil 28-aprel) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.04.2025-y., 10/25/3383-1/0393-son).

Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktori A. BURXANOV

Adliya vaziri A. TASHKULOV

Iqtisodiyot va moliya vaziri J. KUCHKAROV

Bosh prokuror N. YOʻLDOSHEV

Ichki ishlar vaziri A. TASHPULATOV

Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B. ZOXIDOV

Sogʻliqni saqlash vaziri E. ADILOV

Toshkent sh.,

2026-yil 10-oktabr,

Toshkent sh.,

2026-yil 10-oktabr,

2026-yil 29-sentabr

2026-yil 29-sentabr

2026-yil 23-sentabr

2026-yil 15-sentabr

2026-yil 11-sentabr

104-son

2-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 12.10.2026-y., 10/26/3952/1022-son)

lex.uz