UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 13-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 13 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

низом

низом

Нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, шунингдек, спорт иншоотлари реестрларига доир айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида » 2024 йил 18 декабрдаги ПҚ-443-сон ҳамда « 2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида » 2025 йил 8 июлдаги ПҚ-221-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 июлдаги ПҚ-221-сон қарорига мувофиқ:

а) нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари реестрига киритилган нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларининг спортчиларига барча расмий спорт мусобақаларида тегишли нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилоти номидан иштирок этиш ҳуқуқи берилиши ҳамда яхши натижа кўрсатган спортчилар терма жамоаларга қабул қилиниши мумкинлиги;

б) нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари реестрига киритилган нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлашда:

давлат спорт-таълим ташкилотларининг спорт иншоотидан тадбирлардан бўш вақтларда режа-жадвал асосида беғараз асосда фойдаланиши;

ёшларнинг қамров даражасидан келиб чиқиб, Спорт вазирлигига ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағлар, Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан спорт жиҳозлари ва инвентарлари билан таъминланиши;

спортчиларни тайёрлаш бўйича хизмат кўрсатувчи барча даражадаги жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари учун спортчи тайёрлаш бўйича минимал талаб ва шартлар босқичма-босқич белгиланиши;

в) мазкур банднинг «а» ва «б» кичик бандларида назарда тутилган чора-тадбирлар Давлат бюджетидан молиялаштириладиган нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари реестрини шакллантириш, юритиш ҳамда уларни реестрдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Спорт иншоотлари реестрини шакллантириш, юритиш ва уларни реестрдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 октябрдаги 561-сон қарорига 1-ИЛОВА

Нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари реестрини шакллантириш, юритиш ҳамда уларни реестрдан чиқариш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари реестрини шакллантириш, юритиш ҳамда уларни реестрдан чиқариш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

ариза — талабгор томонидан нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари реестрида рўйхатдан ўтиш учун мазкур Низомда белгиланган тартибда йўлланган мурожаат;

ахборот тизими — ваколатли органнинг «ERP sport» ягона электрон бошқарув тизими;

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги;

нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилоти (кейинги ўринларда — спорт ташкилоти) — фаолиятининг асосий тури жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ҳисобланган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор;

нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари реестри — (кейинги ўринларда — реестр) ваколатли орган томонидан нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш, юритиш ҳамда уларни реестрдан чиқариш учун мўлжалланган электрон маълумотлар базаси;

талабгор — реестрда рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилган нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилоти.

3. Реестрни шакллантириш, юритиш ва спорт ташкилотини реестрдан чиқариш ваколатли орган томонидан ахборот тизими орқали амалга оширилади.

4. Спорт ташкилотлари тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимида очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилади.

5. Реестрни юритишда спорт ташкилотлари мақсади ва фаолият йўналишига қараб қуйидаги тоифаларга бўлинади:

спорт клублари — спортчиларни тайёрлайди ва спорт мусобақаларида иштирок этади;

спорт-таълим ташкилотлари — спорт-таълим хизматларини кўрсатади;

фитнес клублар — соғломлаштириш хизматларини амалга оширади.

2-боб. Реестрни шакллантириш

6. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва спорт федерациялари (уюшмалари) реестрга киритилмайди.

7. Реестр талабгор томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар асосида шакллантирилади.

Бунда талабгор спорт ташкилотини реестрга киритиш ҳақида ахборот тизими орқали ваколатли органга ўз хоҳишига кўра ихтиёрий тартибда ариза билан мурожаат қилади.

Ваколатли орган томонидан аризалар бепул кўриб чиқилади.

8. Реестрга киритиш ҳақидаги аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

спорт ташкилотининг ташкилий-ҳуқуқий шакли;

юридик шахс бўлган талабгор учун — солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлганда);

жисмоний шахс бўлган талабгор учун — фамилияси, исми ва отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлганда);

спорт ташкилотининг таъсисчиси (муассиси);

спорт ташкилотида ривожлантириладиган спорт тури (турлари) ёки спорт турининг тармоғи (тармоқлари);

спорт ташкилотининг спортчилари ва тренерлари ҳақидаги маълумотлар.

9. Талабгорнинг аризаси ваколатли орган томонидан беш иш куни ичида кўриб чиқилади. Бунда маълумотлар ушбу Низомнинг 8-бандига мувофиқ тўлиқ тақдим этилган тақдирда, ваколатли орган қарори билан спорт ташкилоти реестрга киритилади.

10. Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, ваколатли орган уч иш куни ичида тегишли спорт ташкилотини реестрга киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда талабгорни тегишли тартибда хабардор қилади.

Бунда талабгор камчиликларни бартараф этгандан сўнг қайта ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

3-боб. Реестрни юритиш

11. Реестрда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

спорт ташкилотининг ташкилий-ҳуқуқий шакли;

спорт ташкилотининг тоифаси;

спорт ташкилотида ривожлантириладиган спорт тури (турлари) ёки спорт турининг тармоғи (тармоқлари);

спорт ташкилотининг спортчилари ва тренерлари ҳақидаги маълумотлар.

12. Реестрни юритиш давомида тўпланган барча ҳужжат ва маълумотлар белгиланган тартибда ваколатли орган томонидан сақланади.

13. Агар спорт ташкилоти тўғрисидаги аввал реестрга киритилган маълумотлар ўзгарса, спорт ташкилоти ўн беш иш куни ичида реестрдаги спорт ташкилоти тўғрисидаги маълумотларга ўзгартириш киритиш бўйича ахборот тизими орқали ваколатли органга ариза юборади.

Бунда аризага тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

14. Ариза ваколатли органга тақдим этилгандан сўнг беш иш куни ичида кўриб чиқилади ҳамда аризада келтирилган маълумотлар тасдиқланган ҳолларда, реестрга тегишли ўзгартиришлар киритилади.

4-боб. Спорт ташкилотини реестрдан чиқариш тартиби

15. Қуйидагилар спорт ташкилотини реестрдан чиқариш учун асос ҳисобланади:

спорт ташкилотининг ўз ихтиёри билан реестрдан чиқиш бўйича мурожаати;

реестрга киритилганидан сўнг уч ой ичида спорт ташкилоти томонидан спортчилари ва тренерлари тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот тизимига киритилмагани;

спорт ташкилоти штатида тренерлик фаолияти бўйича малака оширганлик ҳақидаги сертификатга эга бўлган тренернинг мавжуд эмаслиги;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда спорт ташкилоти фаолиятининг тугатилгани.

16. Ушбу Низомнинг 15-банди учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда, спорт ташкилотига камчиликларни бартараф этиш учун бир ой муддат берилади.

Белгиланган муддатда спорт ташкилоти томонидан тегишли камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, ваколатли орган спорт ташкилотини реестрдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

17. Спорт ташкилотлари ваколатли органга тўғри ва ҳаққоний маълумотларнинг тақдим этилиши бўйича масъул ҳисобланади.

18. Ваколатли орган маълумотларнинг реестрга тўғри ва ўз вақтида киритилиши ҳамда ундан доимий равишда маълумотлар олиш имкониятининг яратилиши учун масъул ҳисобланади.

19. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 октябрдаги 561-сон қарорига 2-ИЛОВА

Спорт иншоотлари реестрини шакллантириш, юритиш ва уларни реестрдан чиқариш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом спорт иншоотлари реестрини шакллантириш, юритиш ва спорт иншоотларини реестрдан чиқариш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ариза — мулкдор (балансда сақловчи) томонидан спорт иншоотлари реестрида рўйхатдан ўтиш учун мазкур Низомда белгиланган тартибда йўлланган мурожаат;

ахборот тизими — ваколатли органнинг «ERP sport» ягона электрон бошқарув тизими;

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш иншооти — оммавий жисмоний тарбия тадбирлари ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш машғулотларини ўтказиш учун мўлжалланган, белгиланган норма ва талабларга жавоб берадиган ёпиқ ёки очиқ типдаги иншоот;

спорт иншооти — спорт тадбирлари ва оммавий спорт тадбирларини, спорт турлари бўйича ўқув-машқ машғулотлари ва ўқув-машқ йиғинларини ўтказиш учун мўлжалланган, белгиланган норма ва талабларга жавоб берадиган ёпиқ ёки очиқ типдаги ихтисослаштирилган иншоот;

спорт иншоотлари реестри (кейинги ўринларда — реестр) — ваколатли орган томонидан спорт иншоотлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш, юритиш ва спорт иншоотларини реестрдан чиқариш учун мўлжалланган электрон маълумотлар базаси.

3. Реестр Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган жисмоний тарбия ва спорт иншоотларининг сони, фойдаланиш мақсади ва ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тизимлаштириш учун шакллантирилади ва юритилади.

4. Реестрга ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча спорт иншоотлари киритилиши мумкин.

5. Реестрни шакллантириш, юритиш ва спорт иншоотларини реестрдан чиқариш ваколатли орган томонидан ахборот тизимида амалга оширилади.

6. Спорт иншоотлари тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимида очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилади.

7. Реестрга киритилмаган спорт иншоотларида расмий спорт мусобақалари ўтказилмайди.

2-боб. Реестрни шакллантириш ва юритиш

8. Реестр спорт иншооти мулкдори (балансда сақловчиси) томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар асосида шакллантирилади.

Бунда мулкдор (балансда сақловчи) спорт иншоотини реестрга киритиш ҳақида ахборот тизими орқали ваколатли органга ихтиёрий тартибда ариза билан мурожаат қилади.

Ваколатли орган томонидан аризалар бепул кўриб чиқилади.

9. Реестрга киритиш ҳақидаги аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

спорт иншоотининг манзили;

спорт иншоотининг кадастр рақами;

спорт иншооти ижарага олинган бўлса, амалдаги иншоот ижара шартномасининг нусхаси.

10. Белгиланган тартибда фойдаланишга топширилган спорт иншоотини реестрга киритишни рад этишга йўл қўйилмайди.

11. Реестрда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

спорт иншоотининг манзили;

спорт иншоотининг мулкдори (балансда сақловчиси);

мулкдор (балансда сақловчи)нинг спорт иншоотига бўлган ҳуқуқ тури;

спорт иншоотининг майдони ва сиғими;

спорт иншоотидаги мавжуд спорт турлари (тармоқлари).

12. Реестрга киритилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, спорт иншоотининг мулкдори (балансда сақловчиси) томонидан ушбу ўзгаришлар ҳақида ўн иш куни ичида ваколатли органга ахборот тизими орқали ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатлар билан ариза берилади.

13. Аризада келтирилган маълумотлар ўз тасдиғини топган тақдирда, ваколатли орган томонидан реестрга тегишли ўзгартиришлар киритилади.

14. Реестрни юритиш давомида тўпланган барча маълумотлар ва ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланади.

3-боб. Спорт иншоотини реестрдан чиқариш

15. Қуйидагилар спорт иншоотини реестрдан чиқариш учун асос ҳисобланади:

спорт иншооти фаолият тури спорт соҳасидан бошқа фаолиятга ўзгартирилганда;

спорт иншооти ваколатли ташкилотлар томонидан фойдаланишга яроқсиз деб топилганда;

спорт иншооти мулкдори (балансда сақловчиси) томонидан спорт иншоотини реестрдан чиқариш тўғрисида ариза берилганда.

16. Ушбу Низомнинг 15-бандида келтирилган асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда, спорт иншооти ваколатли орган қарори билан реестрдан чиқарилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

17. Спорт иншоотининг мулкдори (балансда сақловчиси) ваколатли органга тўғри ва ҳаққоний маълумотларнинг тақдим этилиши бўйича масъул ҳисобланади.

18. Ваколатли орган маълумотларнинг реестрга тўғри ва ўз вақтида киритилиши ҳамда ундан доимий равишда маълумотлар олиш имкониятининг яратилиши учун масъул ҳисобланади.

19. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 13 октябрь,

561-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.10.2026 й., 09/26/561/1031-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

nizom

nizom

Nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlari, shuningdek, sport inshootlari reyestrlariga doir ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy tarbiya va sport toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Yoshlarning sport bilan muntazam shugʻullanishi uchun qoʻshimcha shart-sharoitlar yaratish toʻgʻrisida ” 2024-yil 18-dekabrdagi PQ-443-son hamda “ 2028-yil Los-Anjeles shahrida (AQSH) boʻlib oʻtadigan XXXIV yozgi Olimpiya va XVIII Paralimpiya oʻyinlariga Oʻzbekiston sportchilarini kompleks tayyorlash toʻgʻrisida ” 2025-yil 8-iyuldagi PQ-221-son qarorlari ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 8-iyuldagi PQ-221-son qaroriga muvofiq:

a) nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlari reyestriga kiritilgan nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlarining sportchilariga barcha rasmiy sport musobaqalarida tegishli nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkiloti nomidan ishtirok etish huquqi berilishi hamda yaxshi natija koʻrsatgan sportchilar terma jamoalarga qabul qilinishi mumkinligi;

b) nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlari reyestriga kiritilgan nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlari olimpiya va paralimpiya sport turlari boʻyicha sportchilarni tayyorlashda:

davlat sport-taʼlim tashkilotlarining sport inshootidan tadbirlardan boʻsh vaqtlarda reja-jadval asosida begʻaraz asosda foydalanishi;

yoshlarning qamrov darajasidan kelib chiqib, Sport vazirligiga rivojlantirish dasturlari uchun ajratilgan mablagʻlar, Sportni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi hamda Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan sport jihozlari va inventarlari bilan taʼminlanishi;

sportchilarni tayyorlash boʻyicha xizmat koʻrsatuvchi barcha darajadagi jismoniy tarbiya va sport tashkilotlari uchun sportchi tayyorlash boʻyicha minimal talab va shartlar bosqichma-bosqich belgilanishi;

v) mazkur bandning “a” va “b” kichik bandlarida nazarda tutilgan chora-tadbirlar Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlariga nisbatan tatbiq etilmasligi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

Nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlari reyestrini shakllantirish, yuritish hamda ularni reyestrdan chiqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Sport inshootlari reyestrini shakllantirish, yuritish va ularni reyestrdan chiqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Sport vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi sport vaziri A.I. Ikramov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 13-oktabrdagi 561-son qaroriga 1-ILOVA

Nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlari reyestrini shakllantirish, yuritish hamda ularni reyestrdan chiqarish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlari reyestrini shakllantirish, yuritish hamda ularni reyestrdan chiqarish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

ariza — talabgor tomonidan nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlari reyestrida roʻyxatdan oʻtish uchun mazkur Nizomda belgilangan tartibda yoʻllangan murojaat;

axborot tizimi — vakolatli organning “ERP sport” yagona elektron boshqaruv tizimi;

vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi;

nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkiloti (keyingi oʻrinlarda — sport tashkiloti) — faoliyatining asosiy turi jismoniy tarbiya va sport sohasi hisoblangan yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkor;

nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlari reyestri — (keyingi oʻrinlarda — reyestr) vakolatli organ tomonidan nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkilotlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish, yuritish hamda ularni reyestrdan chiqarish uchun moʻljallangan elektron maʼlumotlar bazasi;

talabgor — reyestrda roʻyxatdan oʻtish uchun tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda ariza bilan murojaat qilgan nodavlat jismoniy tarbiya va sport tashkiloti.

3. Reyestrni shakllantirish, yuritish va sport tashkilotini reyestrdan chiqarish vakolatli organ tomonidan axborot tizimi orqali amalga oshiriladi.

4. Sport tashkilotlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar axborot tizimida ochiq maʼlumotlar sifatida joylashtiriladi.

5. Reyestrni yuritishda sport tashkilotlari maqsadi va faoliyat yoʻnalishiga qarab quyidagi toifalarga boʻlinadi:

sport klublari — sportchilarni tayyorlaydi va sport musobaqalarida ishtirok etadi;

sport-taʼlim tashkilotlari — sport-taʼlim xizmatlarini koʻrsatadi;

fitnes klublar — sogʻlomlashtirish xizmatlarini amalga oshiradi.

2-bob. Reyestrni shakllantirish

6. Oʻzbekiston Milliy olimpiya qoʻmitasi, Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi va sport federatsiyalari (uyushmalari) reyestrga kiritilmaydi.

7. Reyestr talabgor tomonidan taqdim etiladigan hujjatlar asosida shakllantiriladi.

Bunda talabgor sport tashkilotini reyestrga kiritish haqida axborot tizimi orqali vakolatli organga oʻz xohishiga koʻra ixtiyoriy tartibda ariza bilan murojaat qiladi.

Vakolatli organ tomonidan arizalar bepul koʻrib chiqiladi.

8. Reyestrga kiritish haqidagi arizada quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilishi lozim:

sport tashkilotining tashkiliy-huquqiy shakli;

yuridik shaxs boʻlgan talabgor uchun — soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), rahbarning familiyasi, ismi va otasining ismi, telefon raqami, elektron pochta manzili (mavjud boʻlganda);

jismoniy shaxs boʻlgan talabgor uchun — familiyasi, ismi va otasining ismi, jismoniy shaxsning shaxsini tasdiqlovchi hujjat maʼlumotlari yoki jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR), telefon raqami, elektron pochta manzili (mavjud boʻlganda);

sport tashkilotining taʼsischisi (muassisi);

sport tashkilotida rivojlantiriladigan sport turi (turlari) yoki sport turining tarmogʻi (tarmoqlari);

sport tashkilotining sportchilari va trenerlari haqidagi maʼlumotlar.

9. Talabgorning arizasi vakolatli organ tomonidan besh ish kuni ichida koʻrib chiqiladi. Bunda maʼlumotlar ushbu Nizomning 8-bandiga muvofiq toʻliq taqdim etilgan taqdirda, vakolatli organ qarori bilan sport tashkiloti reyestrga kiritiladi.

10. Taqdim etilgan hujjatlarda kamchiliklar aniqlangan taqdirda, vakolatli organ uch ish kuni ichida tegishli sport tashkilotini reyestrga kiritishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va bu haqda talabgorni tegishli tartibda xabardor qiladi.

Bunda talabgor kamchiliklarni bartaraf etgandan soʻng qayta ariza bilan murojaat qilishi mumkin.

3-bob. Reyestrni yuritish

11. Reyestrda quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

sport tashkilotining tashkiliy-huquqiy shakli;

sport tashkilotining toifasi;

sport tashkilotida rivojlantiriladigan sport turi (turlari) yoki sport turining tarmogʻi (tarmoqlari);

sport tashkilotining sportchilari va trenerlari haqidagi maʼlumotlar.

12. Reyestrni yuritish davomida toʻplangan barcha hujjat va maʼlumotlar belgilangan tartibda vakolatli organ tomonidan saqlanadi.

13. Agar sport tashkiloti toʻgʻrisidagi avval reyestrga kiritilgan maʼlumotlar oʻzgarsa, sport tashkiloti oʻn besh ish kuni ichida reyestrdagi sport tashkiloti toʻgʻrisidagi maʼlumotlarga oʻzgartirish kiritish boʻyicha axborot tizimi orqali vakolatli organga ariza yuboradi.

Bunda arizaga tegishli oʻzgartirishlarni tasdiqlovchi hujjatlar ilova qilinadi.

14. Ariza vakolatli organga taqdim etilgandan soʻng besh ish kuni ichida koʻrib chiqiladi hamda arizada keltirilgan maʼlumotlar tasdiqlangan hollarda, reyestrga tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi.

4-bob. Sport tashkilotini reyestrdan chiqarish tartibi

15. Quyidagilar sport tashkilotini reyestrdan chiqarish uchun asos hisoblanadi:

sport tashkilotining oʻz ixtiyori bilan reyestrdan chiqish boʻyicha murojaati;

reyestrga kiritilganidan soʻng uch oy ichida sport tashkiloti tomonidan sportchilari va trenerlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning axborot tizimiga kiritilmagani;

sport tashkiloti shtatida trenerlik faoliyati boʻyicha malaka oshirganlik haqidagi sertifikatga ega boʻlgan trenerning mavjud emasligi;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sport tashkiloti faoliyatining tugatilgani.

16. Ushbu Nizomning 15-bandi uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida nazarda tutilgan hollarda, sport tashkilotiga kamchiliklarni bartaraf etish uchun bir oy muddat beriladi.

Belgilangan muddatda sport tashkiloti tomonidan tegishli kamchiliklar bartaraf etilmagan taqdirda, vakolatli organ sport tashkilotini reyestrdan chiqarish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

17. Sport tashkilotlari vakolatli organga toʻgʻri va haqqoniy maʼlumotlarning taqdim etilishi boʻyicha masʼul hisoblanadi.

18. Vakolatli organ maʼlumotlarning reyestrga toʻgʻri va oʻz vaqtida kiritilishi hamda undan doimiy ravishda maʼlumotlar olish imkoniyatining yaratilishi uchun masʼul hisoblanadi.

19. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 13-oktabrdagi 561-son qaroriga 2-ILOVA

Sport inshootlari reyestrini shakllantirish, yuritish va ularni reyestrdan chiqarish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom sport inshootlari reyestrini shakllantirish, yuritish va sport inshootlarini reyestrdan chiqarish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ariza — mulkdor (balansda saqlovchi) tomonidan sport inshootlari reyestrida roʻyxatdan oʻtish uchun mazkur Nizomda belgilangan tartibda yoʻllangan murojaat;

axborot tizimi — vakolatli organning “ERP sport” yagona elektron boshqaruv tizimi;

vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi;

jismoniy tarbiya-sogʻlomlashtirish inshooti — ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlari va jismoniy tarbiya-sogʻlomlashtirish mashgʻulotlarini oʻtkazish uchun moʻljallangan, belgilangan norma va talablarga javob beradigan yopiq yoki ochiq tipdagi inshoot;

sport inshooti — sport tadbirlari va ommaviy sport tadbirlarini, sport turlari boʻyicha oʻquv-mashq mashgʻulotlari va oʻquv-mashq yigʻinlarini oʻtkazish uchun moʻljallangan, belgilangan norma va talablarga javob beradigan yopiq yoki ochiq tipdagi ixtisoslashtirilgan inshoot;

sport inshootlari reyestri (keyingi oʻrinlarda — reyestr) — vakolatli organ tomonidan sport inshootlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish, yuritish va sport inshootlarini reyestrdan chiqarish uchun moʻljallangan elektron maʼlumotlar bazasi.

3. Reyestr Oʻzbekiston Respublikasi hududida joylashgan jismoniy tarbiya va sport inshootlarining soni, foydalanish maqsadi va holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni tizimlashtirish uchun shakllantiriladi va yuritiladi.

4. Reyestrga tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, barcha sport inshootlari kiritilishi mumkin.

5. Reyestrni shakllantirish, yuritish va sport inshootlarini reyestrdan chiqarish vakolatli organ tomonidan axborot tizimida amalga oshiriladi.

6. Sport inshootlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar axborot tizimida ochiq maʼlumotlar sifatida joylashtiriladi.

7. Reyestrga kiritilmagan sport inshootlarida rasmiy sport musobaqalari oʻtkazilmaydi.

2-bob. Reyestrni shakllantirish va yuritish

8. Reyestr sport inshooti mulkdori (balansda saqlovchisi) tomonidan taqdim etiladigan hujjatlar asosida shakllantiriladi.

Bunda mulkdor (balansda saqlovchi) sport inshootini reyestrga kiritish haqida axborot tizimi orqali vakolatli organga ixtiyoriy tartibda ariza bilan murojaat qiladi.

Vakolatli organ tomonidan arizalar bepul koʻrib chiqiladi.

9. Reyestrga kiritish haqidagi arizada quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilishi lozim:

sport inshootining manzili;

sport inshootining kadastr raqami;

sport inshooti ijaraga olingan boʻlsa, amaldagi inshoot ijara shartnomasining nusxasi.

10. Belgilangan tartibda foydalanishga topshirilgan sport inshootini reyestrga kiritishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

11. Reyestrda quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

sport inshootining manzili;

sport inshootining mulkdori (balansda saqlovchisi);

mulkdor (balansda saqlovchi)ning sport inshootiga boʻlgan huquq turi;

sport inshootining maydoni va sigʻimi;

sport inshootidagi mavjud sport turlari (tarmoqlari).

12. Reyestrga kiritilgan maʼlumotlar oʻzgargan taqdirda, sport inshootining mulkdori (balansda saqlovchisi) tomonidan ushbu oʻzgarishlar haqida oʻn ish kuni ichida vakolatli organga axborot tizimi orqali oʻzgarishlarni tasdiqlovchi hujjatlar bilan ariza beriladi.

13. Arizada keltirilgan maʼlumotlar oʻz tasdigʻini topgan taqdirda, vakolatli organ tomonidan reyestrga tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi.

14. Reyestrni yuritish davomida toʻplangan barcha maʼlumotlar va hujjatlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda saqlanadi.

3-bob. Sport inshootini reyestrdan chiqarish

15. Quyidagilar sport inshootini reyestrdan chiqarish uchun asos hisoblanadi:

sport inshooti faoliyat turi sport sohasidan boshqa faoliyatga oʻzgartirilganda;

sport inshooti vakolatli tashkilotlar tomonidan foydalanishga yaroqsiz deb topilganda;

sport inshooti mulkdori (balansda saqlovchisi) tomonidan sport inshootini reyestrdan chiqarish toʻgʻrisida ariza berilganda.

16. Ushbu Nizomning 15-bandida keltirilgan asoslardan biri mavjud boʻlgan taqdirda, sport inshooti vakolatli organ qarori bilan reyestrdan chiqariladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

17. Sport inshootining mulkdori (balansda saqlovchisi) vakolatli organga toʻgʻri va haqqoniy maʼlumotlarning taqdim etilishi boʻyicha masʼul hisoblanadi.

18. Vakolatli organ maʼlumotlarning reyestrga toʻgʻri va oʻz vaqtida kiritilishi hamda undan doimiy ravishda maʼlumotlar olish imkoniyatining yaratilishi uchun masʼul hisoblanadi.

19. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 13-oktabr,

561-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 14.10.2026-y., 09/26/561/1031-son)

lex.uz