UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 9 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТАРКИБИ

СХЕМАСИ

2027-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида мультииндикатор кластер кузатувини ўтказиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Статистикани ривожлантириш — 2030» миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ-190-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда республикада болалар ва аёллар ҳолатини халқаро даражада баҳолаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасида «Мультииндикатор кластер кузатуви» лойиҳасини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси (кейинги ўринларда — Миллий статистика қўмитаси) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида икки томонлама меморандум имзолангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

2027-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида мультииндикатор кластер кузатувини ўтказиш учун Миллий соҳалараро мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби 1-иловага мувофиқ;

2027-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида мультииндикатор кластер кузатувини ўтказиш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Миллий соҳалараро мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда — Кенгаш)нинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

глобал «Multiple Indicator Cluster Survey» (кейинги ўринларда — MICS) дастури талабларига мувофиқ, мультииндикатор кластер кузатуви (кейинги ўринларда — кузатув)га тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

кузатув ўтказиш учун ваколатли орган ҳамда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириб бориш;

глобал MICS дастурининг умумий тавсияларига мувофиқ, кузатув режаси ва бюджетини тасдиқлаш;

кузатувга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилишини назорат қилиб бориш;

кузатув саволномаларини тасдиқлаш;

кузатув натижалари бўйича тайёрланадиган миллий ҳисобот, қисқача таҳлилий материаллар ва таклифларни кўриб чиқиш.

Миллий статистика қўмитаси Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.

4. Миллий статистика қўмитаси кузатувни ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда қуйидаги вазифаларнинг амалга оширилишини таъминласин:

кузатувнинг танланма ҳажми ва асосини шакллантириш, уй хўжаликларини MICS услубияти асосида тасодифий танлаб олиш;

глобал MICS дастурининг умумий тавсияларига мувофиқ кузатув режаси ва бюджетини ишлаб чиқиш ҳамда Кенгашга тасдиқлаш учун киритиш;

кузатув саволномалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, пилот ҳудудларда синовдан ўтказиш ва саволномаларни такомиллаштириш;

кузатув саволномаларини манфаатдор вазирлик ва идоралар билан уларнинг ваколати доирасида келишиш ҳамда Кенгашга тасдиқлаш учун киритиш;

кузатувни ўтказиш учун экспертларни, шу жумладан, халқаро экспертларни жалб этиш;

саволномаларни тўлдириш бўйича интервьюерлар учун йўриқномаларни ишлаб чиқиш ҳамда кузатувни ўтказиш учун мутахассисларни тайёрлаш бўйича ўқув машғулотлари ташкил этиш;

кузатув доирасидаги сўровларни респондентлар билан юзма-юз интервью ўтказиш орқали электрон қурилмаларда (планшетларда) амалга ошириш;

шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда кузатув маълумотларининг махфийлигини таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

жойларда кузатувни ўтказиш ва унинг натижаларини эълон қилиш.

Бунда кузатувга тайёргарлик ишлари 2027 йилнинг июнь ойига, дала ишлари 2027 йил ноябрь ойига, маълумотларни таҳлил қилиш 2028 йил март ойига, миллий ҳисоботни тайёрлаш 2028 йил июнь ойига ва кузатув натижаларини эълон қилиш 2028 йил июль ойига қадар амалга оширилсин.

5. Кузатувга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва натижаларини қайта ишлаш билан боғлиқ ишларни бажаришга жалб қилинадиган шахсларнинг кузатув ўтказилиши белгиланган муддатларда асосий иш жойидаги иши (лавозими) ва ўртача иш ҳақи миқдори сақланиши белгилаб қўйилсин.

6. Кузатувни ўтказиш харажатларини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

халқаро ва донор ташкилотлар маблағлари;

манфаатдор вазирлик ва идораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлари.

7. Миллий статистика қўмитаси Кенгаш томонидан тасдиқланган кузатувга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасининг 2027-2028 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши учун Расмий статистика соҳасидаги давлат дастурига киритилишини таъминласин.

8. 2027 йил 1 апрелга қадар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий статистика қўмитаси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда кузатувни амалга ошириш доирасида халқаро ва донор ташкилотлар маблағларини белгиланган тартибда жалб қилиш чораларини кўрсин.

2027 йил якунига қадар Ташқи ишлар вазирлиги, зарур ҳолларда, кузатувни ўтказишда иштирок этувчи хорижий экспертларни жалб қилиш, уларнинг ташрифларини мувофиқлаштириш ва виза масалаларини ҳал этишда амалий томондан кўмаклашсин.

9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш, шифокорлик сирини сақлаш ва статистика маълумотларининг махфийлигини таъминлаш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этган ҳолда, кузатув мақсадлари учун зарур бўлган маълумотлардан, шу жумладан, кузатув ўтказиладиган жойлардаги оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги шахсий тиббий карталар ҳамда рақамли тиббий ахборот тизимларидаги тегишли маълумотлардан фақат статистика мақсадларида ва зарур ҳажмда фойдаланиш учун белгиланган тартибда шароит яратиб берсин.

10. Кузатувни ўтказишда:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси — жойларда ишларни ташкил этиш юзасидан ваколатли органга ҳар томонлама кўмаклашсин;

Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги — кузатув учун зарур бўлган миқдорда картографик материаллар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари ва хариталари) билан таъминласин.

Бунда кузатувни ташкил этишда кўмаклашувчи идораларнинг бевосита уй хўжаликлари билан ўтказиладиган сўровларга аралашиши қатъиян тақиқланади.

11. Ички ишлар вазирлиги кузатувни ўтказиш ишларига жалб этиладиган ходимлар хавфсизлигини таъминласин.

Бу борада Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида Миллий гвардия ички ишлар органларига кўмаклашсин.

12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси кузатув натижаларидан келиб чиққан ҳолда, тегишли йўналишларни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Миллий статистика қўмитаси билан биргаликда ушбу қарорнинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғи, жумладан, расмий веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилишини ташкил этсин.

14. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.С. Каттахонова ва Миллий статистика қўмитаси раиси Б.С. Ҳамраев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 556-сон қарорига 1-ИЛОВА

2027-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида мультииндикатор кластер кузатувини ўтказиш учун Миллий соҳалараро мувофиқлаштирувчи кенгаш

1. Ж.А. Қўчқоров — Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири, Кенгаш раиси 2. Д.С. Каттахонова — Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, Кенгаш раисининг ўринбосари 3. Ғ.Ғ. Мирзаев — Бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси 4. Б.С. Ҳамраев — Миллий статистика қўмитаси раиси, Кенгаш раисининг ўринбосари 5. Реҳина Мария Кастижио — ЮНИСЕФнинг Ўзбекистон Республикасидаги вакили (келишувга асосан) 6. М.П. Оллоёров — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори 7. Э.Э. Адилов — соғлиқни сақлаш вазири 8. Б.Э. Захидов — камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири 9. Лавозимга кўра — таълим ва илм-фан вазирининг биринчи ўринбосари 10. И.И. Норқулов — иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари 11. С.А. Турдиев — Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори в.б. 12. З.М. Зияев — Миллий статистика қўмитаси раисининг ўринбосари, Кенгаш котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 556-сон қарорига 2-ИЛОВА

2027-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида мультииндикатор кластер кузатувини ўтказиш

Босқичлар Ижрочи Тадбирлар Бажариш муддатлари I босқич Миллий статистика қўмитаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Кузатувни ўтказиш бўйича тайёргарлик ишларини амалга оширади: кузатувнинг танланма ҳажми ва асосини шакллантиради, уй хўжаликларини MICS услубияти асосида тасодифий танлаб олади; кузатув режаси, бюджети ва саволномаларини ишлаб чиқади; саволнома лойиҳаларини пилот ҳудудларда синовдан ўтказади ва такомиллаштиради; кузатув режаси, бюджети ва саволномаларини Кенгашга тасдиқлаш учун киритади; саволномаларни тўлдириш бўйича интервьюерлар учун йўриқномаларни ишлаб чиқади; ўқув машғулотларини ташкил этади. 2026 йил октябрь ойидан 2027 йил июнь ойига қадар II босқич Миллий статистика қўмитаси, ЮНИСЕФ Кузатувни юзма-юз интервью усулида планшетлар ёрдамида ўтказади. 2027 йил ноябрь ойига қадар III босқич Миллий статистика қўмитаси, ЮНИСЕФ Кузатув маълумотларини йиғади ва таҳлил қилади. 2028 йил март ойига қадар IV босқич Миллий статистика қўмитаси, ЮНИСЕФ Кузатув натижалари бўйича ҳисобот тайёрлайди ва Кенгашга тақдим этади. 2028 йил июнь ойига қадар V босқич Миллий статистика қўмитаси, ЮНИСЕФ Кузатув натижаларини эълон қилади. 2028 йил июль ойига қадар VI босқич Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Кузатув натижаларидан келиб чиққан ҳолда тегишли йўналишларни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади. 2028 йил ноябрь ойига қадар

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 9 октябрь,

556-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.10.2026 й., 09/26/556/1029-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TARKIBI

SXEMASI

2027-2028-yillarda Oʻzbekiston Respublikasida multiindikator klaster kuzatuvini oʻtkazish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Statistikani rivojlantirish — 2030” milliy strategiyasini tasdiqlash hamda roʻyxatga olish maʼlumotlaridan samarali foydalanishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2026-yil 10-sentabrdagi PF-190-son Farmoni ijrosini taʼminlash hamda respublikada bolalar va ayollar holatini xalqaro darajada baholash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasida “Multiindikator klaster kuzatuvi” loyihasini amalga oshirish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Milliy statistika qoʻmitasi) va Birlashgan Millatlar Tashkiloti Bolalar jamgʻarmasining Oʻzbekistondagi vakolatxonasi oʻrtasida ikki tomonlama memorandum imzolangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

2027-2028-yillarda Oʻzbekiston Respublikasida multiindikator klaster kuzatuvini oʻtkazish uchun Milliy sohalararo muvofiqlashtiruvchi kengash tarkibi 1-ilovaga muvofiq;

2027-2028-yillarda Oʻzbekiston Respublikasida multiindikator klaster kuzatuvini oʻtkazish sxemasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Milliy sohalararo muvofiqlashtiruvchi kengash (keyingi oʻrinlarda — Kengash)ning asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:

global “Multiple Indicator Cluster Survey” (keyingi oʻrinlarda — MICS) dasturi talablariga muvofiq, multiindikator klaster kuzatuvi (keyingi oʻrinlarda — kuzatuv)ga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish bilan bogʻliq tadbirlarning oʻz vaqtida va sifatli bajarilishini taʼminlash;

kuzatuv oʻtkazish uchun vakolatli organ hamda respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari oʻrtasidagi oʻzaro hamkorlikni muvofiqlashtirib borish;

global MICS dasturining umumiy tavsiyalariga muvofiq, kuzatuv rejasi va budjetini tasdiqlash;

kuzatuvga tayyorgarlik koʻrish va uning oʻtkazilishini nazorat qilib borish;

kuzatuv savolnomalarini tasdiqlash;

kuzatuv natijalari boʻyicha tayyorlanadigan milliy hisobot, qisqacha tahliliy materiallar va takliflarni koʻrib chiqish.

Milliy statistika qoʻmitasi Kengashning ishchi organi hisoblanadi.

4. Milliy statistika qoʻmitasi kuzatuvni oʻtkazish boʻyicha vakolatli organ etib belgilansin va Birlashgan Millatlar Tashkiloti Bolalar jamgʻarmasining Oʻzbekistondagi vakolatxonasi bilan hamkorlikda quyidagi vazifalarning amalga oshirilishini taʼminlasin:

kuzatuvning tanlanma hajmi va asosini shakllantirish, uy xoʻjaliklarini MICS uslubiyati asosida tasodifiy tanlab olish;

global MICS dasturining umumiy tavsiyalariga muvofiq kuzatuv rejasi va budjetini ishlab chiqish hamda Kengashga tasdiqlash uchun kiritish;

kuzatuv savolnomalari loyihalarini ishlab chiqish, pilot hududlarda sinovdan oʻtkazish va savolnomalarni takomillashtirish;

kuzatuv savolnomalarini manfaatdor vazirlik va idoralar bilan ularning vakolati doirasida kelishish hamda Kengashga tasdiqlash uchun kiritish;

kuzatuvni oʻtkazish uchun ekspertlarni, shu jumladan, xalqaro ekspertlarni jalb etish;

savolnomalarni toʻldirish boʻyicha intervyuyerlar uchun yoʻriqnomalarni ishlab chiqish hamda kuzatuvni oʻtkazish uchun mutaxassislarni tayyorlash boʻyicha oʻquv mashgʻulotlari tashkil etish;

kuzatuv doirasidagi soʻrovlarni respondentlar bilan yuzma-yuz intervyu oʻtkazish orqali elektron qurilmalarda (planshetlarda) amalga oshirish;

shaxsga doir maʼlumotlarni himoya qilish hamda kuzatuv maʼlumotlarining maxfiyligini taʼminlash bilan bogʻliq chora-tadbirlarni amalga oshirish;

joylarda kuzatuvni oʻtkazish va uning natijalarini eʼlon qilish.

Bunda kuzatuvga tayyorgarlik ishlari 2027-yilning iyun oyiga, dala ishlari 2027-yil noyabr oyiga, maʼlumotlarni tahlil qilish 2028-yil mart oyiga, milliy hisobotni tayyorlash 2028-yil iyun oyiga va kuzatuv natijalarini eʼlon qilish 2028-yil iyul oyiga qadar amalga oshirilsin.

5. Kuzatuvga tayyorgarlik koʻrish, uni oʻtkazish va natijalarini qayta ishlash bilan bogʻliq ishlarni bajarishga jalb qilinadigan shaxslarning kuzatuv oʻtkazilishi belgilangan muddatlarda asosiy ish joyidagi ishi (lavozimi) va oʻrtacha ish haqi miqdori saqlanishi belgilab qoʻyilsin.

6. Kuzatuvni oʻtkazish xarajatlarini moliyalashtirish manbalari etib quyidagilar belgilansin:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari;

xalqaro va donor tashkilotlar mablagʻlari;

manfaatdor vazirlik va idoralarning qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan mablagʻlari.

7. Milliy statistika qoʻmitasi Kengash tomonidan tasdiqlangan kuzatuvga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar smetasining 2027-2028-yillarda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan moliyalashtirilishi uchun Rasmiy statistika sohasidagi davlat dasturiga kiritilishini taʼminlasin.

8. 2027-yil 1-aprelga qadar Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, Milliy statistika qoʻmitasi hamda Ijtimoiy himoya milliy agentligi bilan birgalikda kuzatuvni amalga oshirish doirasida xalqaro va donor tashkilotlar mablagʻlarini belgilangan tartibda jalb qilish choralarini koʻrsin.

2027-yil yakuniga qadar Tashqi ishlar vazirligi, zarur hollarda, kuzatuvni oʻtkazishda ishtirok etuvchi xorijiy ekspertlarni jalb qilish, ularning tashriflarini muvofiqlashtirish va viza masalalarini hal etishda amaliy tomondan koʻmaklashsin.

9. Sogʻliqni saqlash vazirligi shaxsga doir maʼlumotlarni himoya qilish, shifokorlik sirini saqlash va statistika maʼlumotlarining maxfiyligini taʼminlash toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etgan holda, kuzatuv maqsadlari uchun zarur boʻlgan maʼlumotlardan, shu jumladan, kuzatuv oʻtkaziladigan joylardagi oilaviy shifokor punktlari, oilaviy poliklinikalar va tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikalaridagi shaxsiy tibbiy kartalar hamda raqamli tibbiy axborot tizimlaridagi tegishli maʼlumotlardan faqat statistika maqsadlarida va zarur hajmda foydalanish uchun belgilangan tartibda sharoit yaratib bersin.

10. Kuzatuvni oʻtkazishda:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi — joylarda ishlarni tashkil etish yuzasidan vakolatli organga har tomonlama koʻmaklashsin;

Urbanizatsiya va uy-joy bozorini barqaror rivojlantirish milliy qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi — kuzatuv uchun zarur boʻlgan miqdorda kartografik materiallar (shahar va qishloq aholi punktlarining sxematik rejalari va xaritalari) bilan taʼminlasin.

Bunda kuzatuvni tashkil etishda koʻmaklashuvchi idoralarning bevosita uy xoʻjaliklari bilan oʻtkaziladigan soʻrovlarga aralashishi qatʼiyan taqiqlanadi.

11. Ichki ishlar vazirligi kuzatuvni oʻtkazish ishlariga jalb etiladigan xodimlar xavfsizligini taʼminlasin.

Bu borada Toshkent, Nukus shaharlari va viloyatlar markazlarida Milliy gvardiya ichki ishlar organlariga koʻmaklashsin.

12. Sogʻliqni saqlash vazirligi, Taʼlim va ilm-fan vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Ijtimoiy himoya milliy agentligi hamda Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi kuzatuv natijalaridan kelib chiqqan holda, tegishli yoʻnalishlarni rivojlantirish boʻyicha kompleks chora-tadbirlar ishlab chiqsin va belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

13. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi Milliy statistika qoʻmitasi bilan birgalikda ushbu qarorning maqsad va vazifalari ommaviy axborot vositalari va Internet jahon axborot tarmogʻi, jumladan, rasmiy veb-saytlar va ijtimoiy tarmoqlar orqali keng yoritilishini tashkil etsin.

14. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov, Bosh vazir oʻrinbosari — Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi raisi D.S. Kattaxonova va Milliy statistika qoʻmitasi raisi B.S. Hamrayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 556-son qaroriga 1-ILOVA

2027-2028-yillarda Oʻzbekiston Respublikasida multiindikator klaster kuzatuvini oʻtkazish uchun Milliy sohalararo muvofiqlashtiruvchi kengash

1. J.A. Qoʻchqorov — Bosh vazir oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri, Kengash raisi 2. D.S. Kattaxonova — Bosh vazir oʻrinbosari — Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi raisi, Kengash raisining oʻrinbosari 3. Gʻ.Gʻ. Mirzayev — Bosh vazir oʻrinbosari — Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi raisi 4. B.S. Hamrayev — Milliy statistika qoʻmitasi raisi, Kengash raisining oʻrinbosari 5. Rehina Mariya Kastijio — YUNISEFning Oʻzbekiston Respublikasidagi vakili (kelishuvga asosan) 6. M.P. Olloyorov — Ijtimoiy himoya milliy agentligi direktori 7. E.E. Adilov — sogʻliqni saqlash vaziri 8. B.E. Zaxidov — kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri 9. Lavozimga koʻra — taʼlim va ilm-fan vazirining birinchi oʻrinbosari 10. I.I. Norqulov — iqtisodiyot va moliya vazirining birinchi oʻrinbosari 11. S.A. Turdiyev — Urbanizatsiya va uy-joy bozorini barqaror rivojlantirish milliy qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi direktori v.b. 12. Z.M. Ziyayev — Milliy statistika qoʻmitasi raisining oʻrinbosari, Kengash kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 556-son qaroriga 2-ILOVA

2027-2028-yillarda Oʻzbekiston Respublikasida multiindikator klaster kuzatuvini oʻtkazish

Bosqichlar Ijrochi Tadbirlar Bajarish muddatlari I bosqich Milliy statistika qoʻmitasi, Birlashgan Millatlar Tashkiloti Bolalar jamgʻarmasi (YUNISEF) Kuzatuvni oʻtkazish boʻyicha tayyorgarlik ishlarini amalga oshiradi: kuzatuvning tanlanma hajmi va asosini shakllantiradi, uy xoʻjaliklarini MICS uslubiyati asosida tasodifiy tanlab oladi; kuzatuv rejasi, budjeti va savolnomalarini ishlab chiqadi; savolnoma loyihalarini pilot hududlarda sinovdan oʻtkazadi va takomillashtiradi; kuzatuv rejasi, budjeti va savolnomalarini Kengashga tasdiqlash uchun kiritadi; savolnomalarni toʻldirish boʻyicha intervyuyerlar uchun yoʻriqnomalarni ishlab chiqadi; oʻquv mashgʻulotlarini tashkil etadi. 2026-yil oktabr oyidan 2027-yil iyun oyiga qadar II bosqich Milliy statistika qoʻmitasi, YUNISEF Kuzatuvni yuzma-yuz intervyu usulida planshetlar yordamida oʻtkazadi. 2027-yil noyabr oyiga qadar III bosqich Milliy statistika qoʻmitasi, YUNISEF Kuzatuv maʼlumotlarini yigʻadi va tahlil qiladi. 2028-yil mart oyiga qadar IV bosqich Milliy statistika qoʻmitasi, YUNISEF Kuzatuv natijalari boʻyicha hisobot tayyorlaydi va Kengashga taqdim etadi. 2028-yil iyun oyiga qadar V bosqich Milliy statistika qoʻmitasi, YUNISEF Kuzatuv natijalarini eʼlon qiladi. 2028-yil iyul oyiga qadar VI bosqich Sogʻliqni saqlash vazirligi, Taʼlim va ilm-fan vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Ijtimoiy himoya milliy agentligi, Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi Kuzatuv natijalaridan kelib chiqqan holda tegishli yoʻnalishlarni rivojlantirish boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni ishlab chiqadi. 2028-yil noyabr oyiga qadar

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 9-oktabr,

556-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 14.10.2026-y., 09/26/556/1029-son)

lex.uz