UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 14-oktabr · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 14 октябрь · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 14 октября 2026 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 14 October 2026 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 29 сентябрда қабул қилинган Сенат томонидан 2026 йил 2 октябрда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги қонунчилик

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мақоми

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди (бундан буён матнда Конституциявий суд деб юритилади) доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, у қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

4-модда. Конституциявий суднинг ваколатлари

Конституциявий суд:

1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

2) Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

3) Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

4) Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига , Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

5) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;

6) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;

7) конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.

Конституциявий суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги шикоятларини ҳам кўриб чиқади.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни ҳам кўради.

Конституциявий суд ўз ваколатларини амалга ошираётганда бошқа судларнинг ёки ўзга органларнинг ваколатига кирадиган барча ҳолларда ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва текширишдан ўзини тияди.

5-модда. Конституциявий суднинг қонунчилик ташаббуси

Конституциявий суд ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Конституциявий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи унинг томонидан қонунлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) киритиш орқали амалга оширилади.

Конституциявий суд ўзи киритган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этиш учун ўз вакилини тайинлайди.

6-модда. Конституциявий судни сайлаш

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.

7-модда. Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати

Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади.

Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади.

8-модда. Конституциявий суд ҳужжатлари ва талабларининг мажбурийлиги

Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.

Конституциявий суднинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, ҳужжатларни ва уларнинг кўчирма нусхаларини тақдим этиш, ўзи кўриб чиқаётган масалалар юзасидан тушунтиришлар ҳамда маслаҳатлар бериш, бирор ҳаракатни амалга ошириш ҳақидаги ёки амалга оширишдан тийилиш тўғрисидаги талаблари улар юборилган барча органлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.

9-модда. Конституциявий суднинг фаолият тартиби

Конституциявий суднинг фаолият тартиби ушбу Қонун, конституциявий суд ишларини юритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Регламенти билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Регламенти Конституциявий суднинг ички фаолияти билан боғлиқ масалаларни тартибга солади ва унинг мажлисида қабул қилинади.

10-модда. Конституциявий суднинг ахборот тизими

Конституциявий суд фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида Конституциявий судга электрон шаклда мурожаат қилишни ва мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб боришни, суд мажлисида видеоконференцалоқадан, шу жумладан мобил иловадан фойдаланган ҳолда иштирок этишни, суд мажлисларини тўғридан-тўғри эфирга узатишни таъминлайдиган ҳамда бошқа вазифаларни амалга оширадиган ахборот тизими яратилади.

2-боб. Конституциявий суд судьясининг мақоми

11-модда. Конституциявий суднинг судьяси лавозимига номзодга нисбатан қўйиладиган талаблар. Конституциявий суд судьяларининг малака даражалари

Сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин.

Конституциявий суднинг судьясига Олий ёки Биринчи малака даражалари берилади. Олий малака даражаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Биринчи малака даражаси Конституциявий суд томонидан берилади.

12-модда. Конституциявий суд судьясининг қасамёди

Биринчи марта Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилади:

«Конституциявий суднинг судьяси вазифаларини ҳалол ва виждонан бажаришга, конституциявий тузумни ҳимоя қилишга, бунда фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунишга тантанали қасамёд қиламан».

Қасамёд Конституциявий суднинг судьяси томонидан Сенатнинг мазкур судья сайланган мажлисида қилинади.

13-модда. Конституциявий суднинг судьяси лавозими билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолият

Конституциявий суднинг судьяси сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг судьяси сиёсий партиянинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият тури билан шуғулланиши мумкин эмас.

14-модда. Конституциявий суд судьясини алмаштириб бўлмаслиги

Конституциявий суднинг судьяси ўз ваколатлари муддати давомида алмаштирилмайди. Конституциявий суд судьясининг ваколатлари ушбу Қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмас.

15-модда. Конституциявий суд судьясининг дахлсизлиги

Конституциявий суд судьяси дахлсиздир. Конституциявий суд судьясининг дахлсизлик кафолатлари ушбу Қонун ва бошқа қонунлар билан белгиланади.

Конституциявий суд судьяси Конституциявий суднинг розилигисиз жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек қамоққа олиниши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёхуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Мазкур қоида Конституциявий суднинг Конституциявий суд судьяси сифатида ишлаган даврида шундай жиноятни содир этганликда айбланаётган собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади.

Конституциявий суднинг судьясига нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Конституциявий суд судьясини мажбурий келтириш, ушлаб туриш, худди шунингдек унинг шахсий ашёларини, багажини, транспортини, уй-жойини, хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.

16-модда. Конституциявий суд судьясининг ваколатларини тўхтатиб туриш

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Конституциявий суднинг қарори билан тўхтатиб турилиши мумкин:

агар судьяга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса ёхуд у бошқа жиноят иши бўйича айбланувчи сифатида жавобгарликка тортилган бўлса;

у судья лавозими билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолият билан шуғулланганида;

у суднинг қарори билан бедарак йўқолган деб топилганида.

Конституциявий суд судьяси ваколатларининг тўхтатиб турилиши унга иш ҳақи тўлашнинг тўхтатиб турилишига олиб келмайди ва судьяни ушбу Қонунда белгиланган дахлсизлик кафолатларидан маҳрум этмайди, бундан эҳтиёт чораси сифатида судьяга нисбатан қамоққа олиш танланган ҳоллар мустасно.

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари уларни тўхтатиб туриш асослари бекор бўлгунига қадар тўхтатиб турилади.

Судьянинг ваколатларини тиклаш Конституциявий суд қарори билан расмийлаштирилади.

17-модда. Конституциявий суд судьясининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Сенатнинг қарори билан муддатидан илгари тугатилади:

у судьялик қасамёдини бузганида;

у ёзма ариза берганида;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганида;

судья огоҳлантирилганидан ёки унинг ваколатлари тўхтатилганидан кейин ҳам судьялик лавозими билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолиятни давом эттирганида;

соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра у узоқ вақт мобайнида судьялик вазифаларини бажаришга қобилиятсиз бўлганида;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганида;

у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганида;

у вафот этганида ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинганида.

18-модда. Конституциявий суд судьясининг ваколатлари тугаганидан кейин уни ишга жойлаштириш бўйича кафолатлар

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари тугаганидан кейин унга Конституциявий суд судьяси лавозимига сайланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Ваколатлари муддати тугаган судьянинг бошқа иш тақдим этиш тўғрисидаги масала ҳал бўлаётган даврда, бироқ уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатда ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

3-боб. Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари

19-модда. Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш ҳамда уларни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш

Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд томонидан Конституциявий суд судьялари орасидан беш йил муддатга сайланади. Агар уларнинг Конституциявий суднинг судьяси сифатидаги ваколатлари муддати тугашига беш йилдан кам қолган бўлса, улар қолган муддатга сайланади.

Айни бир шахс Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосари этиб икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари ёзма ариза берган тақдирда, Конституциявий суд томонидан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинади.

20-модда. Конституциявий суд раисининг ваколатлари

Конституциявий суд раиси:

Конституциявий судга раҳбарлик қилади ва унинг фаолиятини ташкил этади;

Конституциявий суд томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинган масалаларнинг тайёрланишига раҳбарлик қилади;

Конституциявий суднинг мажлисларини (бундан буён матнда суд мажлиси деб юритилади) чақиради ва уларда раислик қилади;

Конституциявий суд судьялари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этилишини таъминлайди;

суд мажлисларининг қарорларини ва баённомаларини, шунингдек Конституциявий суд фаолиятига оид бошқа ҳужжатларни имзолайди;

Конституциявий суд девонининг ишини ташкил этади, унинг ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

Конституциявий судни сақлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун бюджет маблағларини тақсимлайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Конституциявий суд раиси Қонунчилик палатаси ва Сенат, уларнинг органлари мажлисларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида иштирок этиши мумкин.

Конституциявий суд раиси ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.

Конституциявий суднинг раиси йўқлигида унинг ваколатларини раис ўринбосари амалга оширади.

4-боб. Конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принциплари

21-модда. Конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принциплари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги, мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принципларидир.

22-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги

Конституциявий суд ишларини юритиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги принципи, қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий принципнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошқа нормаларининг рўёбга чиқарилиши асосида амалга оширилади.

Конституциявий суд фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.

23-модда. Конституциявий суд ва унинг судьялари мустақиллиги

Конституциявий суд ва унинг судьялари ўз фаолиятида мустақилдир ҳамда фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунади.

Конституциявий суднинг судьялари қарор қабул қилар экан, ўзининг ҳуқуқий нуқтаи назарини амалий мақсадга мувофиқлик мулоҳазаларидан, сиёсий мойилликлар ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ҳолда ифодалайди.

Конституциявий суднинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

24-модда. Коллегиаллик

Конституциявий суд ишларини юритиш коллегиал тарзда амалга оширилади.

25-модда. Ошкоралик

Суд мажлислари очиқ ўтказилади.

Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни сақлаш зарур бўлган тақдирда суднинг ёпиқ мажлиси ўтказилишига йўл қўйилади.

26-модда. Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги

Конституциявий суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.

Тарафлар кўриб чиқилаётган иш юзасидан далиллар тақдим этиш, илтимосномалар баён этиш, тушунтиришлар бериш, ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилиш бўйича тенг ҳуқуқлар ва имкониятлардан тортишув асосида фойдаланади.

27-модда. Конституциявий суд ишлари юритиладиган тил

Конституциявий суд ишлари Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида юритилади.

Давлат тилини билмайдиган суд мажлиси иштирокчиси ўз она тилида сўзга чиқиши ва тушунтиришлар бериши ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиши мумкин.

5-боб. Конституциявий суд ишларини юритиш шакллари. Конституциявий суднинг ваколатли таркиби

28-модда. Конституциявий суд ишларини юритиш шакллари

Конституциявий суд ишларини юритиш ёзма ва (ёки) электрон шаклда амалга оширилади.

Ёзма ва (ёки) электрон шаклда ўтказиладиган конституциявий суд ишларини юритишда қабул қилинган ҳужжатлар тенг юридик кучга эга.

29-модда. Конституциявий суд ишларини электрон шаклда юритишнинг хусусиятлари

Конституциявий суд ишларини электрон шаклда амалга оширишда тарафлар ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари зарур маълумотларни электрон шаклда тақдим этишга ҳамда олишга ҳақли.

Тарафлар ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари суд мажлисида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиши мумкин.

Конституциявий суд ишларини юритишда рақамли технологиялардан фойдаланиш киберхавфсизлик талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

30-модда. Конституциявий суд ишларини юритишнинг ташкилий шакли

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан ўз ваколатига киритилган ишларни суд мажлисларида кўради ҳамда ҳал этади.

Суд мажлислари Конституциявий суднинг раиси томонидан, у йўқлигида Конституциявий суд раисининг ўринбосари томонидан, Конституциявий суднинг раиси ва унинг ўринбосари йўқлигида ёки улар ўз вазифаларини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда эса Конституциявий суднинг энг катта ёшли судьяси томонидан чақирилади.

31-модда. Конституциявий суднинг ваколатли таркиби

Конституциявий суд ишларни суд мажлисида кўришга Конституциявий суднинг камида беш нафар судьяси иштирок этган тақдирда ваколатли бўлади.

32-модда. Конституциявий суднинг судьясини ишни кўришда иштирок этишдан четлаштириш

Конституциявий суднинг судьяси ишни кўришда иштирок этишдан қуйидаги ҳолларда четлаштирилади, агар:

кўриб чиқиш предмети бўлган ҳужжатни тайёрлашда илгари хизмат мавқеи сабабли иштирок этган бўлса;

ишда иштирок этаётган тарафнинг ёки бошқа шахснинг қариндоши бўлса;

ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, Конституциявий суднинг судьяси ишни эшитиш бошлангунига қадар ўзини ўзи рад этиши тўғрисида арз қилиши шарт.

Конституциявий суднинг судьясини четлаштириш масаласини кўриш натижалари бўйича Конституциявий суднинг мажлисида ажрим чиқарилади.

6-боб. Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

33-модда. Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари

Тарафлар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларидир.

Суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори, адлия вазири, Ҳисоб палатаси раиси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил иштирок этиши мумкин. Улар кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.

34-модда. Тарафлар ва уларнинг вакиллари

Қуйидагилар конституциявий суд ишларини юритишда тарафлардир:

Конституциявий судга мурожаат этган давлат органи ёки мансабдор шахс, фуқаролар ва юридик шахслар;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги аниқланиши ёки шарҳ берилиши лозим бўлган тегишли ҳужжатни қабул қилган давлат органи ёки мансабдор шахс;

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятида белгиланган масалаларни ҳал қилиш ўз ваколатига киритилган давлат органи.

Тарафлар Конституциявий судда шахсан ва (ёки) вакиллари орқали иштирок этишга ҳақли. Тараф бир ёки бир нечта вакилга эга бўлиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган давлат органлари ва юридик шахсларнинг раҳбарлари Конституциявий судда лавозими бўйича тарафларнинг вакили бўлиши мумкин. Лавозими бўйича тарафларнинг вакиллари тарафларнинг манфаатларини ишончномасиз ифода этади.

Иш бўйича тарафнинг вакили сифатида адвокат ҳам иштирок этиши мумкин.

Конституциявий суд шикоят билан мурожаат этган фуқаронинг илтимосига кўра, «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўради.

35-модда. Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Тарафлар суд мажлисида иштирок этишга, барча иш материаллари билан танишишга, улардан кўчирмалар ёзиб олишга, кўчирма нусхалар олишга, иш юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга, ёзма фикр-мулоҳазалар тақдим этишга, экспертиза тайинлаш, Конституциявий судга гувоҳларни, экспертларни, мутахассислар ва таржимонларни чақириш ҳақида илтимослар қилишга, экспертлар ва мутахассисларнинг номзодларини таклиф этишга, конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига саволлар беришга ҳақли.

Тарафлар ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

Тарафлар Конституциявий суд чақирувига биноан суд мажлисида иштирок этиши, тушунтиришлар бериши ва суд мажлисида раислик қилувчининг, Конституциявий суд бошқа судьяларининг ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг саволларига жавоб бериши, суд мажлисида раислик қилувчининг суд мажлиси залида тартибга риоя этиш тўғрисидаги фармойишларига бўйсуниши шарт.

36-модда. Гувоҳ, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ишга тааллуқли бирор-бир ҳолатдан хабардор ҳар қандай шахс гувоҳ бўлиши мумкин.

Гувоҳ ўз она тилида кўрсатувлар беришга, таржимон хизматидан фойдаланишга, ўз илтимосига биноан ишга қўшиб қўйилиши мумкин бўлган ёзма қайдлардан, ҳужжатлардан ва бошқа материаллардан ўз кўрсатувларини беришда фойдаланишга, ўзининг Конституциявий судга келиш билан боғлиқ харажатларининг ўрни қопланиши учун ҳақ олишга ҳақли.

Гувоҳ Конституциявий суднинг чақирувига биноан келиши, кўрилаётган иш бўйича ўзига маълум бўлган маълумотлар тўғрисида ҳаққоний кўрсатувлар бериши, ўзида мавжуд бўлган тегишли материалларни суднинг талабига кўра тақдим этиши, Конституциявий суд судьяларининг ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг саволларига жавоб бериши шарт.

Суд мажлисида кўрсатувлар беришдан олдин гувоҳ била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида тилхат олиб огоҳлантирилади.

37-модда. Эксперт, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ишнинг натижасидан манфаатдор бўлмаган, Конституциявий суд томонидан ҳал этилиши лозим бўлган масалалар борасида махсус билимларга эга бўлган ва эксперт хулосасини бериш учун жалб этиладиган шахс эксперт ҳисобланади.

Эксперт экспертиза предметига тааллуқли бўлган иш материаллари билан танишишга ва улардаги зарур маълумотлардан кўчирмалар ёзиб олишга ёки кўчирма нусхалар олишга, эксперт хулосасини бериш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ўзига тақдим этилиши тўғрисида илтимосномалар киритишга, суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига эксперт хулосасини бериш учун зарур бўлган саволларни беришга, ўзи қилган харажатларнинг ўрни қопланиши учун ҳақ олишга ҳақли.

Эксперт Конституциявий суд томонидан қўйилган саволлар бўйича холис ва асослантирилган хулоса бериши, Конституциявий суд чақирувига биноан келиши, ўзи тайёрлаган хулосанинг мазмунини тушунтириши, Конституциявий суд судьяларининг ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг саволларига ҳаққоний жавоб бериши, экспертизани ўтказиш муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги шарт.

Суд мажлисида сўзга чиқишдан олдин эксперт била туриб ёлғон хулоса берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида тилхат олиб огоҳлантирилади.

38-модда. Мутахассис, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ишнинг натижасидан манфаатдор бўлмаган, Конституциявий суд томонидан ҳал этилиши лозим бўлган масалалар борасида махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган ҳамда далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш йўли билан кўмаклашиш ҳамда Конституциявий суд томонидан илмий-техника воситаларининг қўлланилишида ёрдам кўрсатиш учун жалб этиладиган шахс мутахассис ҳисобланади.

Мутахассис Конституциявий судга ўзининг нима мақсадда чақирилганлигини билишга, агар тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлмаса, иш юритишда иштирок этишни рад қилишга, ўзи кўриб чиқаётган масалаларга тааллуқли иш материаллари билан танишишга, ўз фикрини баён этиши учун зарур бўлган саволларни конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан беришга, бошқа зарур ахборотни олишга, иш бўйича иш юритишда иштирок этиши муносабати билан ўзи қилган харажатларнинг ўрни қопланиши учун ҳақ олишга ҳақли.

Мутахассис Конституциявий суд чақирувига биноан келиши, Конституциявий суд судьяларининг, шунингдек конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг саволларига ҳаққоний жавоб бериши шарт.

39-модда. Таржимон, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ишнинг натижасидан манфаатдор бўлмаган, таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни биладиган ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиси конституциявий суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган ёки етарли даражада билмайдиган ҳолларда суд мажлисида иштирок этувчи ва таржима қилиш учун, худди шунингдек ёзма ҳужжатларни таржима қилиш учун жалб этиладиган шахс таржимон ҳисобланади.

Таржимон таржима қилинаётган сўзлар ва жумлаларнинг маъносини аниқлаштириш мақсадида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан саволлар беришга, агар таржима қилиш учун тегишли билимга эга бўлмаса, суд муҳокамасида иштирок этишни рад қилишга, иш бўйича иш юритишда иштирок этиши муносабати билан ўзи қилган харажатларнинг ўрни қопланиши учун ҳақ олишга ҳақли.

Таржимон Конституциявий суднинг чақирувига биноан келиши, ўзига топширилган таржимани аниқ, тўлиқ ва тўғри бажариши шарт.

Таржимани бажаришни бошлашдан аввал таржимон била туриб нотўғри таржима қилганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида тилхат олиб огоҳлантирилади.

40-модда. Экспертни, мутахассисни ва таржимонни рад қилиш асослари

Ушбу Қонун 32-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асослар экспертни, мутахассисни ва таржимонни рад қилиш учун ҳам татбиқ этилади.

Ушбу Қонунда назарда тутилган рад қилишнинг асослари мавжуд бўлган тақдирда, эксперт, мутахассис ва таржимон ўзини ўзи рад қилиш ҳақида арз қилиши шарт. Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари ҳам шу асосларга кўра уларни рад қилиш ҳақида арз қилиши мумкин.

Рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриш натижалари бўйича Конституциявий суд томонидан ажрим чиқарилади.

7-боб. Конституциявий судга мурожаат қилишнинг умумий қоидалари

41-модда. Конституциявий судда ишларни кўриш асослари

Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг мурожаати, шунингдек фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг шикоятлари (бундан буён матнда мурожаат деб юритилади) Конституциявий судда ишларни кўриш учун асос бўлади.

42-модда. Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи

Қуйидагилар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани);

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси;

Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи;

Сенат аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил;

Конституциявий суднинг камида уч нафар судьяси, ушбу Қонун 101-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда.

Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилишга ҳақли.

43-модда. Конституциявий судга мурожаат қилиш шакли ва мурожаатга қўйиладиган талаблар

Конституциявий судга мурожаат ёзма ёки электрон шаклда юборилади. Электрон шаклда юборилган мурожаат электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Мурожаатда:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, у эълон қилинган манба, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва қонунининг шарҳ берилиши лозим бўлган қоидалари;

мурожаатни Конституциявий судда кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари;

қўйилган масала юзасидан мурожаат қилувчининг нуқтаи назари ва мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолдаги ҳуқуқий асослантириш;

мурожаат қилувчининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери, почта манзили ёки яшаш жойи, вакили ва унинг ваколатлари тўғрисидаги зарур маълумотлар, бундан вакиллик лавозим бўйича амалга ошириладиган ҳоллар мустасно;

илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиши керак.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларида иш судда кўриб чиқилганлиги ва судда ҳимоя қилишнинг барча шаклларидан фойдаланилганлиги кўрсатилган бўлиши керак.

Мурожаатда мурожаат қилувчи ишни ҳал этиш учун зарур деб ҳисоблаган бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

44-модда. Мурожаатга илова қилинадиган ҳужжатлар

Мурожаатга қуйидагилар илова қилинади:

текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки шарҳланиши лозим бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ёхуд қонуни нормасининг матни;

тараф вакилининг ваколатини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат, бундан вакиллик лавозим бўйича амалга ошириладиган ҳоллар мустасно, шунингдек шахснинг Конституциявий судда вакил сифатида иштирок этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари.

Конституциявий судга коллегиал орган томонидан мурожаат қилинган тақдирда, мазкур органнинг тегишли қарори тақдим этилади.

Мурожаатга суд мажлисига чақирилиши таклиф қилинаётган гувоҳлар, экспертлар ва мутахассисларнинг рўйхати, суд ҳужжатларининг нусхалари, шунингдек бошқа ҳужжатлар ҳамда материаллар илова қилиниши мумкин.

8-боб. Процессуал муддатлар

45-модда. Ишни кўриб чиқиш муддатлари

Кўриб чиқилаётган иш юзасидан Конституциявий суд қарори мурожаат кўриб чиқишга қабул қилинган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмасдан қабул қилинади.

46-модда. Процессуал муддатларни ҳисоблаш

Процессуал муддатлар ойлар ва кунлар билан ҳисобланади. Процессуал муддатларнинг ўтиши календарь сананинг бошланиши деб белгиланган куннинг эртасидан бошланади.

47-модда. Процессуал муддатларнинг тугаши

Ойлар билан ҳисобланадиган процессуал муддат белгиланган муддат охирги ойининг тегишли кунида тугайди. Агар ойлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг тугаши тегишли санаси бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг охирги кунида тугайди.

Кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддат белгиланган муддатнинг охирги кунида тугайди.

Процессуал муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган ҳолларда, ундан кейинги биринчи иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.

9-боб. Конституциявий судда мурожаатлар билан ишлаш, мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш. Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш тартиби ва муддатлари

48-модда. Конституциявий судда мурожаатларни рўйхатга олиш

Келиб тушган мурожаат Конституциявий суднинг девонида (бундан буён матнда Девон деб юритилади) рўйхатга олинади.

Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқаро ёки юридик шахс томонидан Конституциявий судга тааллуқли масала юзасидан йўлланган мурожаат тегишлилигига қараб, ушбу Қонун 42-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган субъектлардан бирига юборилиши мумкин.

Фуқаронинг ёки юридик шахснинг мурожаатидаги масала Конституциявий судга киритилмаган ҳолларда Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъект томонидан бу ҳақда муаллиф ҳамда Конституциявий суд хабардор қилинади.

Конституциявий судда мурожаатлар билан ишлаш тартиби Конституциявий суднинг Регламентига мувофиқ амалга оширилади.

49-модда. Мурожаатни Конституциявий суд судьялари томонидан дастлабки тарзда ўрганиш

Конституциявий суднинг раиси мурожаатни унинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан дастлабки тарзда ўрганиш учун Конституциявий суднинг бир ёки бир нечта судьясига топширади.

Мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш конституциявий суд ишларини юритишнинг мажбурий босқичи ҳисобланади ва ўрганиш мурожаат судьяга (судьяларга) топширилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда ўтказилади.

Дастлабки тарзда ўрганиш натижаси бўйича мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш ҳақида ёки кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисида хулоса тайёрланади.

Конституциявий суд судьясининг (судьяларининг) мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш натижаси бўйича хулосаси юзасидан Конституциявий суд мажлисида маъруза қилинади.

Конституциявий суд томонидан мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш ҳақида ёки қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

50-модда. Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш

Конституциявий суд қуйидаги ҳолларда мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этади, агар:

мурожаат Конституциявий судга тааллуқли бўлмаса;

мурожаат предмети юзасидан Конституциявий суд томонидан илгари қонуний кучга кирган қарор чиқарилган бўлса;

мурожаат ушбу Қонун 42-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилмаган давлат органидан ёки шахслардан келиб тушган бўлса, бундан ушбу Қонун 48-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган мурожаатлар мустасно;

фуқаролар ёки юридик шахсларнинг мурожаати ушбу Қонун 102-моддасининг биринчи қисмида белгиланган муддатни ўтказиб юбориб берилган бўлса;

мурожаат қилувчи томонидан айни бир предмет юзасидан илгари берилган мурожаат чақириб олинган ва иш юритиш тугатилган бўлса;

Конституциявий судда илгари мурожаат предмети юзасидан иш юритиш тугатилган бўлса;

мурожаатда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги текширилиши сўралган норматив-ҳуқуқий ҳужжат бекор қилинган ёки ўз кучини йўқотган бўлса, бундан мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тегишли муносабатларга нисбатан қўлланилганлиги натижасида ҳуқуқий оқибатлар келиб чиққан ва (ёки) давом этаётган ҳоллар мустасно.

Конституциявий суд томонидан мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим мурожаат келиб тушган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида чиқарилади, чиқарилган ажримнинг кўчирма нусхаси мурожаат қилувчига беш кун ичида юборилади.

51-модда. Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилиш

Конституциявий суд ушбу Қонунда назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда берилган мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилади.

Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисидаги ажрим мурожаат келиб тушган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида Конституциявий суд томонидан чиқарилади.

Ажримда иш бўйича маърузачи судья кўрсатилади.

Чиқарилган ажрим ҳақида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари ажрим қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида хабардор қилинади.

52-модда. Ишларни бирлаштириш

Конституциявий суд айни бир мурожаат предмети бўйича бир неча ишни биргаликда кўриб чиқиш учун битта иш юритишга бирлаштиришга ҳақли.

Ишларни бирлаштиришга суд муҳокамаси бошлангунига қадар йўл қўйилади.

Ишларни бирлаштириш тўғрисида Конституциявий суд томонидан ажрим чиқарилади.

Бирлаштирилган ишларни кўриш муддати кейинроқ кўриб чиқишга қабул қилинган мурожаат бўйича белгиланади.

53-модда. Мурожаатни чақириб олиш

Мурожаат қилувчи мурожаатни ишни суд мажлисида кўриш бошлангунига қадар чақириб олиши мумкин.

Кўриб чиқиш учун қабул қилинган мурожаат чақириб олинган тақдирда иш юритиш тугатилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.

10-боб. Ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрлаш

54-модда. Ишни суд мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш

Конституциявий суднинг раиси ишни суд мажлисида кўриб чиқишга тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади.

Маърузачи судья (судьялар) ишни суд мажлисида кўриб чиқишга тайёрлашда:

суд мажлиси иштирокчиларини, ишда иштирок этишга жалб қилинадиган бошқа шахсларни ва органларни аниқлайди;

мурожаат мавзусига оид зарур ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

зарур ҳолларда, сўровлар юбориш, экспертларни ва мутахассисларни жалб қилиш тўғрисида таклифлар киритади;

Конституциявий суднинг тегишли қарори лойиҳасини тайёрлайди.

55-модда. Ишни кўриб чиқиш учун тайёрлаш муддатлари

Ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрлаш, агар ишнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, ушбу Қонунда бошқача муддат ва тартиб белгиланмаган бўлса, мурожаат қабул қилинган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатдан кечиктирмасдан амалга оширилиши керак.

56-модда. Ишни кўриб чиқиш учун тайинлаш

Ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайинлаш тўғрисидаги ажрим суд томонидан уни кўриб чиқиш учун тайёрлаш тамомланган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмасдан чиқарилади.

Ажримнинг кўчирма нусхаси, агар ишнинг хусусиятларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, тарафларга, суд мажлисининг бошқа иштирокчиларига суд мажлиси ўтказиладиган кундан камида беш кун олдин юборилади.

Конституциявий суд томонидан ишни суд мажлисида кўриб чиқиш тўғрисидаги хабарнома уни ўтказиш санаси, вақти ва жойи кўрсатилган ҳолда, агар ишнинг хусусиятларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, суд мажлиси ўтказиладиган кундан камида беш кун олдин бошқа давлат органларига, ташкилотларга, мансабдор шахсларга ёзма ёки электрон шаклда юборилади.

Суд мажлисининг санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги ахборот Конституциявий суднинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

11-боб. Суд муҳокамаси

57-модда. Суд мажлиси ўтказиладиган жой

Суд мажлиси Конституциявий суд доимий жойлашган ерда ўтказилади.

Зарурат бўлганда суд мажлиси бошқа жойда ҳам ўтказилиши мумкин.

58-модда. Суд мажлиси

Суд мажлиси ушбу Қонунда белгиланган тартибга мувофиқ ўтказилади.

Суднинг очиқ мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.

Суд мажлиси иштирокчилари Конституциявий судга мурожаат этганда тик турган ҳолда тушунтиришлар, кўрсатувлар беради, илтимослар қилади ва саволлар беради. Ушбу қоидадан четга чиқишга фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.

Конституциявий суднинг ташаббусига ёки суд мажлиси иштирокчиларининг илтимосига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин.

Иш очиқ суд мажлисида кўрилганда суд мажлиси иштирокчилари ва залда ҳозир бўлганлар суд мажлисининг боришини қайд этишга, овозли ёзувни амалга оширишга ҳақли. Суд мажлисини фототасвирга олишга, видеоёзувини амалга оширишга, шунингдек уни радио ва телевидение ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали узатишга суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади. Мазкур ҳаракатлар суд мажлисини ўтказишга халақит бермаслиги керак ва суд мажлисида раислик қилувчи томонидан вақт бўйича чекланиши мумкин.

59-модда. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш

Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг суд мажлисида видеоконференцалоқа режимида иштирок этишини таъминлаш учун мазкур шахслар яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан, шу жумладан мобил иловадан фойдаланиши мумкин.

Суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган суд конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг ва улар вакилларининг ваколатларини тасдиқловчи ишончномалар электрон шаклда юборилишини таъминлайди.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этаётган экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари тушунтирилганлиги, шунингдек экспертлар ва таржимонлар жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганлиги аудио- ва видеоёзув воситасида қайд этилади ҳамда бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

60-модда. Суд мажлисида раислик қилувчи ва унинг ваколатлари

Суд мажлисида Конституциявий суднинг раиси, у йўқлигида ёки унинг топшириғига биноан Конституциявий суд раисининг ўринбосари раислик қилади, Конституциявий суднинг раиси ва унинг ўринбосари бўлмаган ёки улар ўз вазифаларини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда эса Конституциявий суднинг энг катта ёшли судьяси раислик қилади.

Суд мажлисида раислик қилувчи:

суд мажлисига раҳбарлик қилади;

муҳокаманинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона бўлишини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради;

суд мажлисини очади, Конституциявий суд таркибини ва қандай иш кўриб чиқилиши лозимлигини эълон қилади, ким суд мажлиси котиби эканлигини, ишни кўриб чиқишда тарафлар, уларнинг вакиллари, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлисининг бошқа иштирокчилари сифатида кимлар иштирок этаётганини маълум қилади;

суд мажлисига келган гувоҳларни уларнинг шахси аниқланганидан кейин суд мажлиси залидан чиқариб юборади;

суд мажлисининг ҳозир бўлган иштирокчилари шахсини, тарафлар вакилларининг ваколатлари бор-йўқлигини аниқлайди;

суд мажлиси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради;

таржимонни била туриб нотўғри таржима қилганлик учун, экспертни била туриб ёлғон хулоса берганлик учун, гувоҳни била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради;

тарафларга ва уларнинг вакилларига ишнинг барча ҳолатлари бўйича тушунтиришлар бериш, ўз далилларини асослаш ва саволлар бериш учун тенг имкониятлар яратади;

суд мажлисида тегишли тартибни таъминлаш чораларини кўради.

Суд мажлисида раислик қилувчи тарафнинг ёки унинг вакилининг, суд мажлиси бошқа иштирокчиларининг сўзини, агар сўзга чиқувчи кўрилаётган масала предметидан четга чиқиб кетса ёхуд шаклан ёки мазмунан қўпол мулоҳазаларга йўл қўйса, суд залида белгиланган тартибни бузса, тўхтатиб қўйишга ҳақли.

Суд мажлисида раислик қилувчи Конституциявий суд судьяларининг маслаҳатхонадаги маслаҳатлашувида раислик қилади, уларнинг ўз фикрини эркин ва монеликсиз билдириши имкониятини таъминлайди.

61-модда. Суд мажлисида иштирок этаётган Конституциявий суд судьясининг ваколатлари

Суд мажлисида иштирок этаётган Конституциявий суд судьяси қуйидагиларга ҳақли:

тарафларга ва уларнинг вакилларига ҳамда суд мажлисининг бошқа иштирокчиларига саволлар беришга;

суд мажлисида муҳокама қилинаётган масалаларнинг моҳияти юзасидан суд мажлиси иштирокчиларидан тушунтиришлар олишга;

кўрилаётган иш юзасидан таклифлар киритишга;

процессуал масалалар бўйича ўз фикрини билдиришга.

62-модда. Суд мажлисининг котиби

Суд мажлисининг котиби Конституциявий суд раиси томонидан Девон ходимлари орасидан тайинланади.

Суд мажлисининг котиби:

суд мажлиси иштирокчиларининг келганлигини текширади, келмаганлиги сабабларини аниқлайди ва бу ҳақда ахборот беради;

суд мажлисида раислик қилувчининг топшириқларини бажаради;

суд мажлиси баённомасини юритади ва унинг ўз вақтида расмийлаштирилишини таъминлайди;

суд мажлисини ўтказиш ва ишни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни бажаради.

63-модда. Суд муҳокамасининг бевоситалиги ва суд мажлисининг узлуксизлиги

Конституциявий суд ишни кўриб чиқиш чоғида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларини бевосита суд мажлисида эшитади, зарур ҳужжатларни ўқиб эшиттиради.

Конституциявий суднинг судьяларида ва тарафларда мавжуд бўлган ҳужжатлар, агар уларнинг мазмуни муҳокама жараёнида оғзаки баён қилинса, ўқиб эшиттирилмаслиги мумкин. Бироқ, агар Конституциявий суднинг судьяларидан ёки суд мажлиси иштирокчиларидан бирортаси уларнинг тўлиқ ёки қисман ўқиб эшиттирилишини талаб қилса, суд мажлисида раислик қилувчининг қарорига биноан ўқиб эшиттирилиши мумкин.

Конституциявий суд маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини шарҳлаш, Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни оғзаки эшитувлар ўтказмасдан кўриши мумкин. Бу ҳақда Конституциявий суд ажрим чиқаради ва конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларини хабардор қилади. Агар конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларидан бири ишни оғзаки эшитувлар ўтказмасдан кўришга қарши эътироз билдирса, иш умумий тартибда кўриб чиқилади. Конституциявий суд ишни оғзаки эшитувлар ўтказмасдан ушбу бобнинг қоидаларига мувофиқ кўриб чиқади.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига , Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори буйруқларининг ва (ёки) бошқа ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни оғзаки эшитувлар ўтказмасдан кўради.

Ҳар бир иш бўйича суд мажлиси узлуксиз ўтказилади, бундан мажлис иштирокчиларига дам олиш учун ажратилган ёки суд музокараларига тайёрлаш учун зарур бўлган вақт мустасно.

Тарафлардан бирининг илтимосномасига кўра бошқа тараф тақдим этган материалларни қўшимча ўрганиш учун, шунингдек мажлиснинг боришига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар юзага келган тақдирда суд мажлисида танаффус қилиниши мумкин.

64-модда. Суд мажлиси залидаги тартиб

Конституциявий суд судьялари суд мажлиси залига кираётганда ва ундан чиқаётганда суд мажлиси залида ҳозир бўлганларнинг барчаси ўрнидан туради.

Суд мажлиси иштирокчилари Конституциявий судга: «Ҳурматли Конституциявий суд» деган сўзлар билан мурожаат этади.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар Конституциявий судга, мажлис залида ҳозир бўлган бошқа шахсларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши, тартибга риоя этиши ва раислик қилувчининг фармойишларига бўйсуниши шарт.

Суд мажлисида тартиб бузилган тақдирда, раислик қилувчи тартибни бузган шахсни суд номидан огоҳлантиради. Тартиб такроран бузилган тақдирда, мазкур шахс раислик қилувчининг фармойиши билан суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин.

Конституциявий суд томонидан қабул қилинган қарорни суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар тик турган ҳолда эшитади.

65-модда. Суд мажлисини кейинга қолдириш

Конституциявий суд қуйидаги ҳолларда суд мажлисини кейинга қолдиради, агар:

Конституциявий суднинг ваколатли таркиби мавжуд бўлмаса;

суд мажлисига тараф, унинг вакили, шунингдек мутахассис, эксперт, таржимон келмаганда, агар уларнинг келмаслиги ишни моҳияти бўйича ҳал қилишга таъсир кўрсатиши мумкин бўлса;

ҳужжатлар ва бошқа ёзма материаллар, агар улар ишни ҳал қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлса, тақдим этилмаса ёки ўз вақтида тақдим этилмаса;

ишни кўришни кейинга қолдириш тўғрисида Конституциявий суднинг судьяси ёхуд қўшимча материалларни талаб қилиб олиш зарурлиги муносабати билан тараф, унинг вакили илтимос қилса;

ишни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқишга тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, шу жумладан суд мажлисида тартиб бузилса.

Суд мажлисини кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилади. Бунда Конституциявий суд суд мажлиси кейинга қолдирилаётган санани белгилайди.

Кўриб чиқилиши кейинга қолдирилган иш бўйича суд мажлиси бошидан ёки кейинга қолдирилган жойидан бошланади.

Конституциявий суд томонидан илгари эшитилган гувоҳни, экспертни, мутахассисни такроран чақириш фақат Конституциявий суд томонидан зарур деб топилган тақдирда амалга оширилади.

66-модда. Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш

Суд мажлисида раислик қилувчи тарафларга, уларнинг вакилларига, суд мажлисининг бошқа иштирокчиларига уларнинг ушбу Қонуннинг 6-бобида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.

67-модда. Тарафларнинг илтимосномалари ва уларни ҳал этиш тартиби

Суд мажлисида раислик қилувчи ишни моҳияти бўйича кўриш бошлангунига қадар тарафлардан уларда ишга тааллуқли илтимосномалар бор-йўқлигини аниқлайди.

Ёзма ёки электрон илтимосномалар суд мажлисида ўқиб эшиттирилади ва иш материалларига қўшиб қўйилади, оғзаки илтимосномалар суд мажлиси баённомасига киритилади.

Конституциявий суд тарафларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда илтимосномани қаноатлантириш ёки уни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

68-модда. Иш юритишни тугатиш

Конституциявий суд, агар суд мажлиси давомида қуйидагилар аниқланса, иш юритишни тугатади:

мурожаат Конституциявий судга тааллуқли бўлмаса;

конституциявийлиги текширилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат бекор қилинган ёки ўз кучини йўқотган бўлса, бундан мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тегишли муносабатларга нисбатан қўлланилганлиги натижасида ҳуқуқий оқибатлар келиб чиққан ва (ёки) давом этаётган ҳоллар мустасно;

мурожаат предмети бўйича Конституциявий суд томонидан илгари кучга кирган қарор чиқарилган бўлса;

кўриб чиқиш учун қабул қилинган мурожаат мурожаат қилувчи томонидан чақириб олинган бўлса.

Иш юритишни тугатиш ҳақида Конституциявий суд ажрим чиқаради.

69-модда. Иш юритишни тугатиш оқибатлари

Иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахс айни бир предмет бўйича судга такроран мурожаат қилиши мумкин эмас.

70-модда. Иш юритишни тўхтатиб туриш ва тиклаш

Конституциявий суднинг ишни юритишига ўзига боғлиқ бўлмаган тўсқинлик қилувчи ҳолатлар юзага келганда мурожаат юзасидан иш юритиш тўхтатиб турилиши мумкин. Конституциявий суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажримида иш юритишни тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳолатлар кўрсатилиб ўтилади.

Иш юритиш тўхтатиб турилганда мурожаатни кўриб чиқиш муддати ҳам тўхтатиб турилади.

Иш юритишни тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгач, иш юритиш Конституциявий суднинг ажримига асосан қайта тикланади.

Конституциявий суд иш юритишни тўхтатиб туриш ва уни тиклаш тўғрисида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчиларини хабардор қилади.

71-модда. Ишни моҳияти бўйича кўришнинг бошланиши

Ишни моҳияти бўйича кўриш маърузачи судьянинг маърузаси билан бошланади. Маърузачи судья мурожаатнинг моҳиятини, Конституциявий суд томонидан ишни кўришнинг ҳуқуқий асосларини баён этади, шунингдек ишни суд мажлисида кўришга тайёрлашда кўрилган чоралар тўғрисида ахборот беради.

Маърузачи судьяга раислик қилувчи ва судьялар саволлар беришга ҳақли.

72-модда. Тарафларнинг тушунтиришлари

Маърузачи судьянинг маърузасидан кейин Конституциявий суд тарафларнинг, улар вакилларининг ишнинг моҳияти бўйича тушунтиришларини эшитади.

Мурожаат қилувчи, унинг вакили ўз тушунтиришларида мурожаатнинг моҳиятини ва кўриб чиқилаётган масала юзасидан ўзининг нуқтаи назарини баён этади.

Бошқа тараф, унинг вакили мурожаатга оид эътирозларини асослаш учун ўз нуқтаи назарини баён этади.

Тарафларнинг, улар вакилларининг тушунтиришлари эшитиб бўлинганидан кейин суд мажлисида раислик қилувчи уларга ўз нуқтаи назарини ва келтирган важларини аниқлаштиришга тааллуқли саволлар беришга ҳақли, шундан кейин саволлар бериш имконияти маърузачи судьяга ва Конституциявий суднинг бошқа судьяларига берилади.

Тарафларга, уларнинг вакилларига суд мажлисининг бошқа иштирокчилари томонидан саволлар берилиши мумкин.

Экспертлар, мутахассислар тарафларга, уларнинг вакилларига эксперт хулосасини бериш, мутахассис фикрини баён этиш учун зарур бўлган масала бўйича саволлар бериши мумкин.

73-модда. Гувоҳларнинг кўрсатувлари

Гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш навбати суд томонидан белгиланади.

Суд мажлисида раислик қилувчи гувоҳга кўриб чиқилаётган ишнинг моҳияти юзасидан ўзига маълум бўлган барча ҳолатларни баён қилишни таклиф этади. Кўрсатувлардан кейин гувоҳга саволлар берилиши мумкин.

Гувоҳга у қайси тарафнинг аризасига биноан чақирилган бўлса, ўша тараф биринчи бўлиб саволлар беради, сўнгра бошқа тараф, шунингдек суд мажлисининг ўзга иштирокчилари саволлар беради. Конституциявий суднинг ташаббуси билан чақирилган гувоҳга Конституциявий судга мурожаат қилган тараф биринчи бўлиб саволлар беради.

Конституциявий суд судьялари гувоҳга исталган пайтда саволлар беришга ҳақли.

Агар гувоҳ ўзи билган маълумотларнинг манбаини кўрсатиб бера олмаса, у маълум қилган маълумотлар далил ҳисобланмайди.

74-модда. Иш материалларини текшириш

Суд мажлисида раислик қилувчининг таклифига биноан маърузачи судья ҳужжатларни ва ишнинг бошқа материалларини ўқиб эшиттиради. Шундан кейин тарафлар, уларнинг вакили ишнинг эълон қилинган материаллари бўйича тушунтиришлар бериши мумкин.

Конституциявий суд ўз ташаббуси билан ёки суд мажлиси иштирокчиларининг илтимосномасига кўра ишни кўриш учун зарур бўлган ҳужжатларни, бошқа материалларни қўшимча равишда сўраб олишга, шунингдек зарурат бўлганда суд мажлисига гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни чақиришга ҳақли.

Илтимосномалар мавжуд бўлмаган тақдирда, суд мажлисида раислик қилувчи иш материалларини текшириш тамомланган деб эълон қилади.

75-модда. Экспертга ва мутахассисга савол бериш

Тарафларнинг тушунтиришлари эшитилганидан ва иш материаллари текширилганидан кейин маърузачи судья экспертнинг хулосасини ўқиб эшиттиради, шундан сўнг экспертга хулосани тушунтириш ва тўлдириш мақсадида саволлар берилиши мумкин.

Мутахассиснинг суд мажлисида берган фикрини тушунтириш ва тўлдириш мақсадида унга савол берилади.

Тарафлар раислик қилувчининг рухсати билан экспертга ва мутахассисга саволлар беришга ҳақли.

Суд мажлисида раислик қилувчи ва судьялар экспертга ҳамда мутахассисга исталган пайтда саволлар беришга ҳақли.

76-модда. Ишни моҳияти бўйича кўриб чиқишни тамомлаш

Иш материаллари текширилганидан кейин суд мажлисида раислик қилувчи ишни моҳияти бўйича муҳокама қилиш тамомланганлигини ва суд музокараларига ўтилганлигини эълон қилади.

77-модда. Суд музокаралари

Суд музокаралари тарафларнинг иш бўйича ўз нуқтаи назарини асослаш бўйича оғзаки чиқишларидан иборат бўлади.

Суд музокараларида биринчи бўлиб Конституциявий судга мурожаат қилган тараф, кейин бошқа тараф сўзга чиқади.

78-модда. Ишнинг моҳияти бўйича муҳокамасини тиклаш

Агар Конституциявий суд суд музокараларини эшитиб, ишни тўғри ҳал этиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган янги ҳолатларни аниқлашни, янги далилларни текширишни зарур деб топса, ишни моҳияти бўйича муҳокама қилиш янгидан бошланади.

79-модда. Қарор қабул қилиш учун суднинг маслаҳатхонага кириши

Суд музокараларидан кейин раислик қилувчи иш бўйича қабул қилинган қарорни эълон қилиш санаси ҳақида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари хабардор қилинишини маълум қилади ва Конституциявий суд иш бўйича қарор қабул қилиш учун маслаҳатхонага киради.

80-модда. Конституциявий суд қарорини ўқиб эшиттириш

Конституциявий суд қарори суд мажлисида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади.

Конституциявий суд қарори ўқиб эшиттирилганидан кейин раислик қилувчи унинг мазмунини тушунтиради ва иш бўйича мажлисни ёпиқ деб эълон қилади.

12-боб. Конституциявий суднинг ҳужжатлари

81-модда. Конституциявий суд ҳужжатларининг турлари

Конституциявий суд кўрилаётган ва ҳал этилаётган масала бўйича қарор, хулоса ва ажрим қабул қилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш тўғрисида кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтамлари қарор деб номланади. Конституциявий суд қарорни Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади.

Конституциявий суднинг ваколатига киритилган бошқа масалалар юзасидан кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтами хулоса деб номланади.

Ишнинг моҳияти бўйича ҳал этилмайдиган масалаларни кўриш натижалари юзасидан Конституциявий суд ажрим қабул қилади.

Конституциявий суд ўз фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан ҳам қарорлар қабул қилади.

82-модда. Конституциявий суд қарорини қабул қилиш тартиби

Конституциявий суд, қоида тариқасида, фақат кўриб чиқилган муайян масала юзасидан қарор қабул қилади.

Конституциявий суднинг қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овоз бериш Конституциявий суднинг судьяларидан бирма-бир сўраб чиқиш орқали ўтказилади. Раислик қилувчи ҳаммадан кейин овоз беради.

Конституциявий суднинг судьяси овоз беришда бетараф қолишга ёки иштирок этмасликка ҳақли эмас.

Конституциявий суднинг қарори, агар суд мажлисида ҳозир бўлган Конституциявий суд судьяларининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Конституциявий суднинг кўпчилик фикрига қўшилмаган судьяси Конституциявий суднинг қарорига имзо қўйиши шарт ва у ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда баён этишга ҳақли, алоҳида фикр ёпиқ конвертда ишга қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди. Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари Конституциявий суд судьясининг алоҳида фикри билан таништирилмайди.

Конституциявий суднинг судьялари қарор қабул қилиш чоғидаги муҳокама мазмуни тўғрисидаги, Конституциявий суд таркибига кирган айрим судьяларнинг нуқтаи назари ҳақидаги маълумотларни бирор-бир шахсга маълум қилишга ва судьялар маслаҳатлашуви сирини бошқа усулда ошкор қилишга ҳақли эмас.

83-модда. Конституциявий суд қарорининг мазмуни. Қарорни имзолаш

Конституциявий суднинг қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Қарорнинг кириш қисмида:

қарор қабул қилган суднинг номи, қарорнинг номланиши, у қабул қилинган сана ва жой;

Конституциявий суднинг таркиби;

суд мажлисининг котиби;

суд мажлисининг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;

мурожаатда кўрсатилган талаблар;

Конституциявий суд мазкур ишни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва ушбу Қонуннинг қайси нормаларига мувофиқ кўриб чиққан бўлса, ўша нормалари кўрсатилади.

Қарорнинг баён қисмида Конституциявий судга келиб тушган мурожаатнинг, ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришларининг, аризалари ва илтимосларининг қисқача мазмуни кўрсатилади.

Қарорнинг асослантирувчи қисмида:

ишнинг Конституциявий суд томонидан аниқланган ва қарорнинг асосига қўйилган ҳақиқий ҳолатлари;

суднинг иш ҳолатлари тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар;

Конституциявий суд қарор қабул қилишда таянган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кўрсатилади.

Қарорнинг хулоса қисмида кўриб чиқилган иш якунлари бўйича Конституциявий суднинг якуний хулосалари, унинг кучга кириш тартиби, шунингдек уни ижро этиш ҳамда эълон қилиш тартиби, муддатлари ва ўзига хос хусусиятлари кўрсатилади.

Конституциявий суднинг қарори овоз беришда иштирок этган Конституциявий суднинг барча судьялари томонидан имзоланади.

Агар Конституциявий суднинг қарори электрон шаклда шакллантирилган бўлса, у судьялар томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

84-модда. Конституциявий суд ҳужжатларини расмий эълон қилиш ва уларнинг кучга кириши

Конституциявий суднинг қарорлари ва хулосалари оммавий ахборот воситаларида ҳамда Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Конституциявий суд ажримлари Конституциявий суднинг ихтиёрига кўра эълон қилинади.

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Ахборотномаси», шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси Конституциявий суднинг қарорлари ва хулосалари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

Конституциявий суднинг қарорлари ва хулосалари қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида расмий эълон қилиниши лозим ҳамда расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Конституциявий суднинг қарорлари тарафларга ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига юборилади. Конституциявий суднинг қарорлари Конституциявий суд раисининг топшириғига мувофиқ бошқа ташкилотларга ҳам юборилиши мумкин.

Давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган, ошкор этилмайдиган бошқа ахборотни ўз ичига олган маълумотлар эълон қилинмайди.

85-модда. Конституциявий суд ҳужжатларининг юридик кучи

Конституциявий суднинг ҳужжати қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг қарорига ёки хулосасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми ўзининг амал қилишини тугатади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳужжатни қабул қилган давлат органи ўз ҳужжатини уч ойдан кечиктирмасдан ёки Конституциявий суднинг қарорида белгиланган муддатда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириши керак.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида қарорлар қабул қилган давлат органлари уларни бир ой ичида қайтадан кўриб чиқиши керак.

Конституциявий суд томонидан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топилган қонун қўлланилган суд ҳужжатлари қонунда белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади.

86-модда. Конституциявий суднинг қарорини қайта кўриб чиқиш

Конституциявий суднинг қарори қуйидаги ҳолларда унинг ташаббуси билан қайта кўриб чиқилиши мумкин:

қарор қабул қилинган пайтда Конституциявий судга номаълум бўлган янги очилган ҳолатлар муносабати билан;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қарор қабул қилинишига асос бўлган нормаси ўзгарганда;

Конституциявий суд мазкур қарорни конституциявий суд ишларини юритишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган деб топган тақдирда.

Конституциявий суднинг қарорини бекор қилиш ва ишни қайта кўриб чиқиш юзасидан ажрим чиқарилади.

Ишни қайта кўриб чиқиш умумий тартибда амалга оширилади.

87-модда. Конституциявий суд ажримининг мазмуни

Конституциявий суд ажримида қуйидагилар кўрсатилади:

ажрим чиқарилган сана ва жой;

суд таркиби ва суд мажлисининг котиби;

суд мажлисининг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;

мурожаат предмети;

суд ажрим чиқаришда таянган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

кўриб чиқилаётган масала бўйича хулоса.

Ишнинг хусусиятига қараб, ажримда бошқа маълумотлар ҳам акс эттирилиши мумкин.

Конституциявий суднинг ажрими уни чиқаришда иштирок этган судьялар томонидан имзоланади.

Агар Конституциявий суднинг ажрими электрон шаклда шакллантирилган бўлса, у судьялар томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

88-модда. Ажримнинг нусхасини юбориш

Ажримнинг нусхаси тарафларга ажрим чиқарилган кундан эътиборан беш кун ичида юборилади ёки тилхат олиб топширилади, тарафларнинг электрон почта манзиллари мавжуд бўлган тақдирда ажрим электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

89-модда. Конституциявий суднинг иш юритишга оид ҳужжатларини тузиш (тайёрлаш)

Суд мажлисига тайёргарлик кўриш босқичида иш юритишга оид ҳужжатлар тузилади.

Конституциявий суднинг иши ёзма ва электрон шаклда тузилади.

Конституциявий суднинг иши электрон шаклда тузилганда ишда иштирок этувчи шахслар ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ҳужжатларни судга электрон шаклда тақдим этади. Ишда иштирок этувчи шахслар ва бошқа иштирокчилар томонидан судга тақдим этилган ёзма ҳужжатлар электрон шаклда ишга қўшиб қўйилади.

Конституциявий суднинг иши электрон шаклда шакллантирилганда суд ҳужжатлари судьяларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Бунда суд мажлиси баённомаси раислик қилувчи ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Иш юритиш тўлиқ ёки қисман электрон шаклда амалга оширилиши мумкин, бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Техник воситалардан ва ахборот хизматларидан фойдаланиш тартиби Конституциявий суднинг Регламентида ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланади.

13-боб. Суд мажлисининг баённомаси

90-модда. Суд мажлиси баённомасининг мазмуни

Суд мажлисида суд мажлисининг баённомаси юритилади.

Суд мажлисининг баённомасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

суд мажлисининг вақти ва жойи;

суднинг таркиби ва суд мажлисининг котиби;

ишнинг номи ва рақами;

ишда иштирок этувчи шахсларнинг келган-келмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

Конституциявий суднинг ҳаракатлари, улар суд мажлисида қай тартибда бажарилган бўлса, шу тартибда, уларнинг натижалари;

Конституциявий суднинг маслаҳатхонага кирмасдан ўз жойида қабул қилинган ажримлари;

тарафларнинг тушунтиришлари ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномалари;

ишни кўриш жараёнида судга тақдим этилган далиллар ҳақидаги маълумотлар;

гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг хулосалари ва мутахассисларнинг фикрлари, уларга берилган саволлар ҳамда олинган жавоблар;

конституциявий суд ишларини юритиш бошқа иштирокчиларининг чиқишлари;

суд музокараларининг мазмуни;

Конституциявий суднинг қарорини ўқиб эшиттириш ҳақидаги маълумотлар.

Агар суд мажлиси вақтида аудио- ёки видеоёзув қўлланилган бўлса, аудио- ёки видеоёзув баённомага қўшиб қўйилади ва бу ҳақда суд мажлисининг баённомасига ёзув киритилади.

Суд мажлисининг баённомаси раислик қилувчи ва суд мажлисининг котиби томонидан имзоланади, агар баённома электрон шаклда шакллантирилган бўлса, электрон рақамли имзо билан тасдиқланади ҳамда ишга қўшиб қўйилади.

Суд мажлисининг баённомаси суд мажлиси тугаган пайтдан эътиборан уч кун ичида расмийлаштирилиши керак.

Конституциявий суд ташаббуси билан суд мажлиси тўғридан-тўғри эфир орқали узатилиши мумкин ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида қайд этилади.

91-модда. Суд мажлисининг баённомаси билан танишиш ва унинг юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириш

Тарафлар суд мажлисининг баённомаси имзоланган кундан эътиборан беш кун ичида у билан танишиб чиқишга ва у бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришга ҳақли, ушбу фикр-мулоҳазалар улар берилган кундан эътиборан беш кун ичида, Конституциявий суд томонидан тарафларни чақирмасдан кўриб чиқилиши керак. Конституциявий суд фикр-мулоҳазаларга рози бўлган тақдирда, уларни қабул қилади, рози бўлмаган тақдирда эса уларни рад этади ва бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд мажлисининг бошқа иштирокчилари суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан суд мажлиси баённомаси билан танишиб чиқиши мумкин.

14-боб. Мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш

92-модда. Мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқиш тартиби

Конституциявий суд конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот (бундан буён матнда Ахборот деб юритилади) тайёрлайди.

Ахборот ҳар йилнинг биринчи чорагида суд мажлисида кўриб чиқилади ва қарор билан тасдиқланади.

93-модда. Мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш

Ахборот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Конституциявий суднинг Ахборотни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ушбу Қонунда белгиланган тартибда эълон қилинади.

94-модда. Мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборот бўйича ижро

Ахборотда берилган таклифлар ва тавсиялар масъул давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши мажбурийдир.

Масъул давлат органларининг Ахборотда берилган таклифлар ва тавсияларни кўриб чиқиш натижалари Конституциявий суд мажлисида муҳокама қилинади.

15-боб. Суд чиқимларининг ва харажатларнинг ўрнини қоплаш

95-модда. Суд чиқимлари

Суд чиқимлари гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалардан, шунингдек ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ бошқа харажатлардан иборат бўлади.

96-модда. Гувоҳларнинг, экспертларнинг, мутахассисларнинг ва таржимонларнинг харажатлари ўрнини қоплаш

Конституциявий судда ишларни кўриб чиқиш муносабати билан жалб этилган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга ва таржимонларга қонунчиликка мувофиқ харажатларининг ўрни қопланади.

Конституциявий судда ишларни кўриб чиқиш муносабати билан жалб этилган экспертларга, мутахассисларга ва таржимонларга қонунчиликка мувофиқ ҳақ тўланади.

16-боб. Айрим тоифадаги ишлар бўйича иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари

97-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги хусусида шубҳа туғдирган аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини текшириб, текширилган ҳужжатга асосланган ёхуд унинг қоидаларини такрорлайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хусусида ҳам, гарчи Конституциявий суд кўриб чиқиши учун киритилган мурожаатда улар тўғрисида сўз юритилмаган бўлса-да, бир вақтнинг ўзида қарор чиқаришга ҳақли.

Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини тўлиқлигича ёки унинг бир қисмини текшираётганда:

нормалар мазмуни бўйича;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг шакли бўйича;

давлат органлари ва мансабдор шахслар ўртасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси билан белгиланган ваколатларнинг чегараланиши нуқтаи назаридан;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши, имзоланиши, шунингдек расмий эълон қилиниши ва амалга киритилиши тартиби бўйича унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қонунни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ деб топиб, унда мазкур қонуннинг ёки унинг бир қисмининг амалиётда нотўғри ёхуд зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар топилган тақдирда, ушбу Қонун нормасига расмий шарҳ беришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда, ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ёки бошқа мажбуриятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ деб топиш тўғрисида.

98-модда. Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонун 97-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш ҳақида;

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида.

Ушбу моддада назарда тутилган ишлар бўйича Конституциявий суд тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмасдан қарор қабул қилади.

99-модда. Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ҳақидаги ишларни юритиш

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги хулосалардан бирини беради:

Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалани Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалани Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида.

Ушбу моддада назарда тутилган ишлар бўйича Конституциявий суд тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай қарор қабул қилади.

100-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ҳақидаги ишларни юритиш

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига , Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонун 97-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги хулосалардан бирини беради:

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясини ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясини ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида;

Қорақалпоғистон Республикаси қонунини ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Қорақалпоғистон Республикаси қонунини ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ деб топиш ҳақида.

101-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини шарҳлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш уларда нормаларнинг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар топилган тақдирда амалга оширилади.

Конституциявий судга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш ҳақидаги мурожаатда Конституцияда ва қонунда уларнинг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар мавжудлигига доир важлар ҳамда далиллар кўрсатилган бўлиши керак.

Ишни кўриш якунлари бўйича Конституциявий суд қарор қабул қилади, унинг хулоса қисмида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ёки қонуни нормасига расмий шарҳ бўлиши керак.

Конституциявий суд зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонунлари нормалари амалиётда тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида уларга ўз ташаббуси билан расмий шарҳ бериши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш жараёнида уларга нормаларни аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартиришлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

102-модда. Фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги устидан шикоятлар бўйича муайян ишда қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятлари, агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, суд томонидан ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича охирги суд ҳужжати қабул қилинган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмасдан берилади.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари бузилганлиги устидан шикоятда кўрсатилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонун 97-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

қонунни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

қонунни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб топиш ҳақида.

103-модда. Муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан киритилган мурожаатлар тўғрисидаги ишларни юритиш

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаати ушбу Қонуннинг 97-моддасида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан муайян иш бўйича қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан Конституциявий судга мурожаат киритилиши судда тегишли иш бўйича иш юритишни тўхтатиш учун асос бўлади.

Агар Конституциявий суд мурожаатда кўрсатилган муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида қарор қабул қилса, суд иш юзасидан бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўлламайди.

Муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги иш юзасидан қарор Ўзбекистон Республикаси Олий судининг мурожаати кўриб чиқиш учун қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай Конституциявий суд томонидан қабул қилинади.

104-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори буйруқларининг ва (ёки) бошқа ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори буйруқларининг ва (ёки) бошқа ҳужжатларининг (бундан индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар мустасно) ёки улар бир қисмининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқлигини аниқлаш чегаралари ишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонун 97-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ белгиланади.

Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғини ва (ёки) бошқа ҳужжатини (бундан индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат мустасно) ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ эмас деб топиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғини ва (ёки) бошқа ҳужжатини (бундан индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат мустасно) ёки унинг бир қисмини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ деб топиш ҳақида.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Конституциявий суд қарорига кўра Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ эмас деб топилган буйруғи ва (ёки) бошқа ҳужжати (бундан индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат мустасно) ўзининг амал қилишини тугатади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Конституциявий суднинг қарори асосида ўзининг буйруғини ва (ёки) бошқа ҳужжатини (бундан индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжат мустасно) бир ойдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқлаштириши керак.

17-боб. Якунловчи қоидалар

105-модда. Конституциявий суднинг халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар конституциявий назорат органлари билан ҳамкорлиги

Конституциявий суд хорижий мамлакатларнинг конституциявий назорат органлари томонидан ташкил этилган халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши мумкин.

Конституциявий суд халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг конституциявий назорат органлари билан ҳамкорлик қилиши, декларациялар, англашув меморандумлари, аҳдлашув баённомалари, ҳамкорлик режалари тузиши, шунингдек ўзаро тажриба ҳамда ахборот алмашиш соҳасида ҳамкорлик қилиши мумкин.

106-модда. Конституциявий суднинг девони

Конституциявий суднинг фаолиятини таъминлаш учун девон ташкил этилади.

Конституциявий суд девони:

Конституциявий суд фаолиятини ташкилий, илмий, ахборот-таҳлилий, моддий-техника жиҳатидан таъминлайди;

Конституциявий суд ҳужжатларининг давлат органлари томонидан ижро этилиш ҳолатини мониторинг қилиб боради ва умумлаштиради;

ушбу Қонунда ва Конституциявий суднинг Регламентида белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Девоннинг тузилмаси ва штат бирлиги ажратилган маблағлар доирасида Конституциявий суд раиси томонидан тасдиқланади.

Девон ходимларига мансаб даражаларини белгилаш ва бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан тасдиқланадиган низомда белгиланади.

107-модда. Конституциявий судда судьялик лавозимига номзодлар захираси

Конституциявий судда судьялар таркибини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши билан биргаликда судьялик лавозимига номзодлар захираси шакллантирилади.

Судьялик лавозимига номзодлар захирасини шакллантириш ва юритиш тартиби Конституциявий суднинг Регламентида белгиланади.

108-модда. Конституциявий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши

Конституциявий суд ҳузурида маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган илмий-маслаҳат кенгаши тузилади. Конституциявий суднинг фаолиятига оид масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш ушбу кенгашнинг асосий вазифасига киради.

109-модда. Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш

Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва унда алоҳида сатрда назарда тутилади.

Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш тартиби алоҳида қонун билан белгиланади.

110-модда. Конституциявий суд судьяларининг моддий ва ижтимоий таъминоти

Конституциявий суд судьяларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларга ҳар йилги таътилни бериш, судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирлари, судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилиш билан боғлиқ моддий ва ижтимоий таъминоти қонунга мувофиқ белгиланади.

Конституциявий суд судьясининг иш ҳақи лавозим маошидан, малака даражаси ва кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устама ҳақлардан иборат бўлади.

111-модда. Конституциявий судда давлат рамзлари

Конституциявий суд биносида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилади ва Давлат гербининг тасвири жойлаштирилади.

Суднинг мажлислар залида, шунингдек Конституциявий суд раисининг хизмат хонасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг расмий нашри жойлаштирилади.

112-модда. Конституциявий суд судьяларининг махсус кийим-боши

Конституциявий суд судьялари судлов ишини махсус кийим-бошда олиб боради, ушбу кийим-бошнинг тавсифи ва намунаси Конституциявий суд томонидан тасдиқланади.

113-модда. Конституциявий суд судьясининг гувоҳномаси

Конституциявий суд судьясига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади.

114-модда. Конституциявий суднинг муҳри

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.

115-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

116-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш

Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:

1. Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги 417-XII-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августда қабул қилинган 265-II-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, № 9-10, 176-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 9, 588-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 6, 574-модда, № 10, 983-модда; 2023 йил, № 5, 316-модда, № 11, 923-модда, № 12, 1003-модда) 3-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилаётган масалани Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ эмас деб топса, мазкур масала юзасидан референдум ўтказилмайди».

2. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги ЎРҚ-641-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 10, 594-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 6, 570-модда; 2024 йил, № 9, 956, 958-моддалар, № 10, 1079-модда; 2025 йил, № 1, 7-модда, № 10, 1155-модда, № 12, 1322, 1329-моддалар) 28-моддаси тўртинчи қисмининг иккинчи хатбошиси «амалга оширишда ёки» деган сўзлардан кейин «конституциявий» деган сўз билан тўлдирилсин.

3. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги ЎРҚ-703-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 7, 663-модда; 2024 йил, № 2, 117-модда, № 8, 823-модда, № 9, 964-модда; 2025 йил, № 1, 8-модда, № 6, 727-модда, № 8, 969-модда, № 12, 1329-модда; 2026 йил, № 7, 747-модда, № 8, 926-модда) 3-иловага қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:

1) 2-модданинг матнидаги «Конституциявий суд» деган сўзлар «Конституциявий суд девони» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

2) 4-модданинг:

бешинчи хатбошисидаги «Конституциявий суд котибияти мудирига» деган сўзлар «Конституциявий суд девони мудирига, экспертлар гуруҳи раҳбарига, бўлим бошлиқларига, матбуот хизмати раҳбарига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

олтинчи хатбошиси «Конституциявий суднинг катта экспертларига» деган сўзлардан кейин «бош консультантларига, бош мутахассисларига, биринчи бўлим мудирига» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

еттинчи хатбошиси «Конституциявий суднинг экспертларига» деган сўзлардан кейин «катта консультантларига, катта мутахассисларига, девонхона мудирига» деган сўзлар билан тўлдирилсин.

117-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 27 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги ЎРҚ-687-сонли Конституциявий Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 4, 292-модда);

2) Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 12 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-895-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 1, 4-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 29 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги ЎРҚ-917-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 2, 117-модда) 42-моддаси биринчи қисмининг 2-банди ;

4) Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 20 апрелда қабул қилинган «Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1135-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2026 йил, № 4, 358-модда) 1-моддаси ;

5) Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 сентябрда қабул қилинган «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида»ги ЎРҚ-1177-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2026 йил, № 9, 1050-модда) 11-моддасининг 3-банди .

118-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

119-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

120-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонуннинг 29-моддаси , 58-моддаси иккинчи қисми ва 59-моддаси 2028 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 14 октябрь,

ЎРҚ-1181-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2026 й., 03/26/1181/1033-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy Qonuni

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2026-yil 29-sentabrda qabul qilingan Senat tomonidan 2026-yil 2-oktabrda maʼqullangan

1-bob. Umumiy qoidalar

1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi

Ushbu Qonunning maqsadi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining faoliyatini tartibga solishdan iborat.

2-modda. Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisidagi qonunchilik

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisidagi qonunchilik Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi, ushbu Qonun va boshqa qonun hujjatlaridan iboratdir.

3-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining maqomi

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi (bundan buyon matnda Konstitutsiyaviy sud deb yuritiladi) doimiy faoliyat yurituvchi sud hokimiyati organi boʻlib, u qonun chiqaruvchi va ijro etuvchi hokimiyat hujjatlarining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisidagi ishlarni koʻradi.

4-modda. Konstitutsiyaviy sudning vakolatlari

Konstitutsiyaviy sud:

1) Oʻzbekiston Respublikasi qonunlarining va Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlarining, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti farmonlari, qarorlari va farmoyishlarining, hukumat, mahalliy davlat hokimiyati organlari qarorlarining, Oʻzbekiston Respublikasi davlatlararo shartnomaviy va boshqa majburiyatlarining Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlaydi;

2) Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti tomonidan imzolanguniga qadar — Oʻzbekiston Respublikasi konstitutsiyaviy qonunlarining, ratifikatsiya qilish toʻgʻrisidagi Oʻzbekiston Respublikasi qonunlari Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti tomonidan imzolanguniga qadar — Oʻzbekiston Respublikasi xalqaro shartnomalarining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlaydi;

3) Oʻzbekiston Respublikasi referendumiga chiqarilayotgan masalalarning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisida xulosa beradi;

4) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Konstitutsiyasining Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga , Qoraqalpogʻiston Respublikasi qonunlarining Oʻzbekiston Respublikasining qonunlariga muvofiqligi toʻgʻrisida xulosa beradi;

5) Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalariga sharh beradi;

6) Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudining muayyan ishda qoʻllanilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatlarning Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisida sudlar tashabbusi bilan kiritilgan murojaatini koʻrib chiqadi;

7) konstitutsiyaviy sudlov ishlarini yuritish amaliyotini umumlashtirish natijalari yuzasidan har yili Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalariga va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisida axborot taqdim etadi.

Konstitutsiyaviy sud fuqarolar va yuridik shaxslarning sud orqali himoya qilishning boshqa barcha vositalaridan foydalanib boʻlingan, sudda koʻrib chiqilishi tugallangan muayyan ishda sud tomonidan oʻziga nisbatan qoʻllanilgan qonunning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisidagi shikoyatlarini ham koʻrib chiqadi.

Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari bilan berilgan vakolati doirasida boshqa ishlarni ham koʻradi.

Konstitutsiyaviy sud oʻz vakolatlarini amalga oshirayotganda boshqa sudlarning yoki oʻzga organlarning vakolatiga kiradigan barcha hollarda haqiqiy holatlarni aniqlash va tekshirishdan oʻzini tiyadi.

5-modda. Konstitutsiyaviy sudning qonunchilik tashabbusi

Konstitutsiyaviy sud oʻz vakolatlari jumlasiga kiritilgan masalalar boʻyicha qonunchilik tashabbusi huquqiga ega.

Konstitutsiyaviy sudning qonunchilik tashabbusi huquqi uning tomonidan qonunlar loyihalarini Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Qonunchilik palatasiga (bundan buyon matnda Qonunchilik palatasi deb yuritiladi) kiritish orqali amalga oshiriladi.

Konstitutsiyaviy sud oʻzi kiritgan qonun loyihasini Qonunchilik palatasida koʻrib chiqish chogʻida ishtirok etish uchun oʻz vakilini tayinlaydi.

6-modda. Konstitutsiyaviy sudni saylash

Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining taqdimiga binoan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Senati (bundan buyon matnda Senat deb yuritiladi) tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Sudyalar oliy kengashi tavsiya etgan mutaxassislar orasidan, Qoraqalpogʻiston Respublikasining vakilini qoʻshgan holda saylanadi.

Konstitutsiyaviy sudning har bir sudyasi yakka tartibda saylanadi. Senat aʼzolari umumiy sonining koʻpchilik ovozini olgan shaxs saylangan hisoblanadi.

Konstitutsiyaviy sud rais va uning oʻrinbosarini qoʻshgan holda Konstitutsiyaviy sudning toʻqqiz nafar sudyasidan iborat boʻladi.

7-modda. Konstitutsiyaviy sud sudyasining vakolatlari muddati

Konstitutsiyaviy sudning sudyalari qayta saylanish huquqisiz oʻn yillik muddatga saylanadi.

Konstitutsiyaviy sudning sudyasi lavozimida boʻlishning eng yuqori yoshi, qoida tariqasida, yetmish yoshni tashkil etadi.

8-modda. Konstitutsiyaviy sud hujjatlari va talablarining majburiyligi

Konstitutsiyaviy sudning hujjatlari barcha davlat organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, korxonalar, muassasalar, tashkilotlar, mansabdor shaxslar va fuqarolar uchun majburiydir hamda Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida ijro etilishi shart.

Konstitutsiyaviy sudning normativ-huquqiy hujjatlarni, hujjatlarni va ularning koʻchirma nusxalarini taqdim etish, oʻzi koʻrib chiqayotgan masalalar yuzasidan tushuntirishlar hamda maslahatlar berish, biror harakatni amalga oshirish haqidagi yoki amalga oshirishdan tiyilish toʻgʻrisidagi talablari ular yuborilgan barcha organlar va mansabdor shaxslar uchun majburiydir.

9-modda. Konstitutsiyaviy sudning faoliyat tartibi

Konstitutsiyaviy sudning faoliyat tartibi ushbu Qonun, konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish sohasidagi munosabatlarni tartibga soluvchi boshqa qonunlar va Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining Reglamenti bilan belgilanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining Reglamenti Konstitutsiyaviy sudning ichki faoliyati bilan bogʻliq masalalarni tartibga soladi va uning majlisida qabul qilinadi.

10-modda. Konstitutsiyaviy sudning axborot tizimi

Konstitutsiyaviy sud faoliyatiga raqamli texnologiyalarni joriy etish maqsadida Konstitutsiyaviy sudga elektron shaklda murojaat qilishni va murojaatlarni koʻrib chiqish jarayonini onlayn kuzatib borishni, sud majlisida videokonferensaloqadan, shu jumladan mobil ilovadan foydalangan holda ishtirok etishni, sud majlislarini toʻgʻridan-toʻgʻri efirga uzatishni taʼminlaydigan hamda boshqa vazifalarni amalga oshiradigan axborot tizimi yaratiladi.

2-bob. Konstitutsiyaviy sud sudyasining maqomi

11-modda. Konstitutsiyaviy sudning sudyasi lavozimiga nomzodga nisbatan qoʻyiladigan talablar. Konstitutsiyaviy sud sudyalarining malaka darajalari

Siyosat va huquq sohasi mutaxassisi boʻlgan, yuksak maʼnaviy fazilatlarga va zarur malakaga ega boʻlgan, oʻttiz besh yoshdan kichik boʻlmagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi Konstitutsiyaviy sudning sudyasi etib saylanishi mumkin.

Konstitutsiyaviy sudning sudyasiga Oliy yoki Birinchi malaka darajalari beriladi. Oliy malaka darajasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan, Birinchi malaka darajasi Konstitutsiyaviy sud tomonidan beriladi.

12-modda. Konstitutsiyaviy sud sudyasining qasamyodi

Birinchi marta Konstitutsiyaviy sudning sudyasi etib saylangan shaxs quyidagi mazmunda qasamyod qiladi:

“Konstitutsiyaviy sudning sudyasi vazifalarini halol va vijdonan bajarishga, konstitutsiyaviy tuzumni himoya qilishga, bunda faqat Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga boʻysunishga tantanali qasamyod qilaman”.

Qasamyod Konstitutsiyaviy sudning sudyasi tomonidan Senatning mazkur sudya saylangan majlisida qilinadi.

13-modda. Konstitutsiyaviy sudning sudyasi lavozimi bilan bir vaqtda shugʻullanib boʻlmaydigan faoliyat

Konstitutsiyaviy sudning sudyasi senator, davlat hokimiyati vakillik organining deputati boʻlishi mumkin emas.

Konstitutsiyaviy sudning sudyasi siyosiy partiyaning aʼzosi boʻlishi, siyosiy harakatlarda ishtirok etishi, shuningdek ilmiy, ijodiy va pedagogik faoliyatdan tashqari haq toʻlanadigan boshqa biron-bir faoliyat turi bilan shugʻullanishi mumkin emas.

14-modda. Konstitutsiyaviy sud sudyasini almashtirib boʻlmasligi

Konstitutsiyaviy sudning sudyasi oʻz vakolatlari muddati davomida almashtirilmaydi. Konstitutsiyaviy sud sudyasining vakolatlari ushbu Qonunda belgilangan tartibdan hamda asoslardan boshqacha tarzda tugatilishi yoki toʻxtatib turilishi mumkin emas.

15-modda. Konstitutsiyaviy sud sudyasining daxlsizligi

Konstitutsiyaviy sud sudyasi daxlsizdir. Konstitutsiyaviy sud sudyasining daxlsizlik kafolatlari ushbu Qonun va boshqa qonunlar bilan belgilanadi.

Konstitutsiyaviy sud sudyasi Konstitutsiyaviy sudning roziligisiz jinoiy yoki maʼmuriy javobgarlikka tortilishi, shuningdek qamoqqa olinishi mumkin emas.

Konstitutsiyaviy sudning sudyasiga nisbatan qamoqqa olish tarzidagi ehtiyot chorasi unga oʻta ogʻir jinoyat yoxud odamning oʻlimiga sabab boʻlgan boshqa qasddan jinoyat sodir etganlik aybi qoʻyilgan hollardagina qoʻllanilishi mumkin. Mazkur qoida Konstitutsiyaviy sudning Konstitutsiyaviy sud sudyasi sifatida ishlagan davrida shunday jinoyatni sodir etganlikda ayblanayotgan sobiq sudyasiga nisbatan ham qoʻllaniladi.

Konstitutsiyaviy sudning sudyasiga nisbatan jinoyat ishi faqat Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurori tomonidan qoʻzgʻatilishi mumkin.

Konstitutsiyaviy sud sudyasini majburiy keltirish, ushlab turish, xuddi shuningdek uning shaxsiy ashyolarini, bagajini, transportini, uy-joyini, xizmat xonasini koʻzdan kechirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

16-modda. Konstitutsiyaviy sud sudyasining vakolatlarini toʻxtatib turish

Konstitutsiyaviy sud sudyasining vakolatlari quyidagi hollarda Konstitutsiyaviy sudning qarori bilan toʻxtatib turilishi mumkin:

agar sudyaga nisbatan jinoyat ishi qoʻzgʻatilgan boʻlsa yoxud u boshqa jinoyat ishi boʻyicha ayblanuvchi sifatida javobgarlikka tortilgan boʻlsa;

u sudya lavozimi bilan bir vaqtda shugʻullanib boʻlmaydigan faoliyat bilan shugʻullanganida;

u sudning qarori bilan bedarak yoʻqolgan deb topilganida.

Konstitutsiyaviy sud sudyasi vakolatlarining toʻxtatib turilishi unga ish haqi toʻlashning toʻxtatib turilishiga olib kelmaydi va sudyani ushbu Qonunda belgilangan daxlsizlik kafolatlaridan mahrum etmaydi, bundan ehtiyot chorasi sifatida sudyaga nisbatan qamoqqa olish tanlangan hollar mustasno.

Konstitutsiyaviy sud sudyasining vakolatlari ularni toʻxtatib turish asoslari bekor boʻlguniga qadar toʻxtatib turiladi.

Sudyaning vakolatlarini tiklash Konstitutsiyaviy sud qarori bilan rasmiylashtiriladi.

17-modda. Konstitutsiyaviy sud sudyasining vakolatlarini muddatidan ilgari tugatish

Konstitutsiyaviy sud sudyasining vakolatlari quyidagi hollarda Senatning qarori bilan muddatidan ilgari tugatiladi:

u sudyalik qasamyodini buzganida;

u yozma ariza berganida;

unga nisbatan sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirganida;

sudya ogohlantirilganidan yoki uning vakolatlari toʻxtatilganidan keyin ham sudyalik lavozimi bilan bir vaqtda shugʻullanib boʻlmaydigan faoliyatni davom ettirganida;

sogʻligʻining holatiga yoki boshqa uzrli sabablarga koʻra u uzoq vaqt mobaynida sudyalik vazifalarini bajarishga qobiliyatsiz boʻlganida;

u Oʻzbekiston Respublikasi fuqaroligini yoʻqotganida;

u belgilangan tartibda muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topilganida;

u vafot etganida yoki sudning qarori bilan vafot etgan deb eʼlon qilinganida.

18-modda. Konstitutsiyaviy sud sudyasining vakolatlari tugaganidan keyin uni ishga joylashtirish boʻyicha kafolatlar

Konstitutsiyaviy sud sudyasining vakolatlari tugaganidan keyin unga Konstitutsiyaviy sud sudyasi lavozimiga saylanishiga qadar egallab turgan avvalgi ishi (lavozimi) beriladi, bunday ish (lavozim) mavjud boʻlmaganda esa, avvalgisiga teng boshqa ish (lavozim) beriladi.

Vakolatlari muddati tugagan sudyaning boshqa ish taqdim etish toʻgʻrisidagi masala hal boʻlayotgan davrda, biroq uch oydan ortiq boʻlmagan muddatda oʻrtacha oylik ish haqi saqlab qolinadi.

3-bob. Konstitutsiyaviy sud raisi va uning oʻrinbosari

19-modda. Konstitutsiyaviy sud raisi va uning oʻrinbosarini saylash hamda ularni egallab turgan lavozimidan ozod qilish

Konstitutsiyaviy sud raisi va uning oʻrinbosari Konstitutsiyaviy sud tomonidan Konstitutsiyaviy sud sudyalari orasidan besh yil muddatga saylanadi. Agar ularning Konstitutsiyaviy sudning sudyasi sifatidagi vakolatlari muddati tugashiga besh yildan kam qolgan boʻlsa, ular qolgan muddatga saylanadi.

Ayni bir shaxs Konstitutsiyaviy sud raisi yoki uning oʻrinbosari etib ikki muddatdan ortiq saylanishi mumkin emas.

Konstitutsiyaviy sud raisi va uning oʻrinbosari yozma ariza bergan taqdirda, Konstitutsiyaviy sud tomonidan egallab turgan lavozimidan ozod qilinadi.

20-modda. Konstitutsiyaviy sud raisining vakolatlari

Konstitutsiyaviy sud raisi:

Konstitutsiyaviy sudga rahbarlik qiladi va uning faoliyatini tashkil etadi;

Konstitutsiyaviy sud tomonidan koʻrib chiqish uchun qabul qilingan masalalarning tayyorlanishiga rahbarlik qiladi;

Konstitutsiyaviy sudning majlislarini (bundan buyon matnda sud majlisi deb yuritiladi) chaqiradi va ularda raislik qiladi;

Konstitutsiyaviy sud sudyalari oʻrtasida vazifalarni taqsimlaydi;

konstitutsiyaviy sudlov ishlarini yuritish amaliyotini umumlashtirish natijalari yuzasidan har yili Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalariga va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisida axborot taqdim etilishini taʼminlaydi;

sud majlislarining qarorlarini va bayonnomalarini, shuningdek Konstitutsiyaviy sud faoliyatiga oid boshqa hujjatlarni imzolaydi;

Konstitutsiyaviy sud devonining ishini tashkil etadi, uning xodimlarini lavozimga tayinlaydi va lavozimidan ozod etadi;

Konstitutsiyaviy sudni saqlash va uning faoliyatini taʼminlash uchun budjet mablagʻlarini taqsimlaydi;

qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

Konstitutsiyaviy sud raisi Qonunchilik palatasi va Senat, ularning organlari majlislarida, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi Plenumining majlislarida ishtirok etishi mumkin.

Konstitutsiyaviy sud raisi oʻz vakolatiga kiradigan masalalar yuzasidan farmoyishlar chiqaradi.

Konstitutsiyaviy sudning raisi yoʻqligida uning vakolatlarini rais oʻrinbosari amalga oshiradi.

4-bob. Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishning asosiy prinsiplari

21-modda. Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishning asosiy prinsiplari

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining ustunligi, mustaqillik, kollegiallik, oshkoralik, taraflarning tortishuvi va teng huquqliligi konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishning asosiy prinsiplaridir.

22-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining ustunligi

Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining ustunligi prinsipi, qonun chiqaruvchi hamda ijro etuvchi hokimiyatning hujjatlarida inson huquqlari va erkinliklari ustuvorligiga oid konstitutsiyaviy prinsipning hamda Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi boshqa normalarining roʻyobga chiqarilishi asosida amalga oshiriladi.

Konstitutsiyaviy sud faqat Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga amal qilgan holda ishlarni hal etadi va xulosalar beradi.

23-modda. Konstitutsiyaviy sud va uning sudyalari mustaqilligi

Konstitutsiyaviy sud va uning sudyalari oʻz faoliyatida mustaqildir hamda faqat Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga boʻysunadi.

Konstitutsiyaviy sudning sudyalari qaror qabul qilar ekan, oʻzining huquqiy nuqtai nazarini amaliy maqsadga muvofiqlik mulohazalaridan, siyosiy moyilliklar va boshqa tashqi taʼsirlardan xoli boʻlgan holda ifodalaydi.

Konstitutsiyaviy sudning faoliyatiga aralashishga yoʻl qoʻyilmaydi va bunday aralashish qonunga muvofiq javobgarlikka sabab boʻladi.

24-modda. Kollegiallik

Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish kollegial tarzda amalga oshiriladi.

25-modda. Oshkoralik

Sud majlislari ochiq oʻtkaziladi.

Davlat sirini yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi maʼlumotlarni saqlash zarur boʻlgan taqdirda sudning yopiq majlisi oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyiladi.

26-modda. Taraflarning tortishuvi va teng huquqliligi

Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish taraflarning tortishuvi va teng huquqliligi asosida amalga oshiriladi.

Taraflar koʻrib chiqilayotgan ish yuzasidan dalillar taqdim etish, iltimosnomalar bayon etish, tushuntirishlar berish, oʻz nuqtai nazarini himoya qilish boʻyicha teng huquqlar va imkoniyatlardan tortishuv asosida foydalanadi.

27-modda. Konstitutsiyaviy sud ishlari yuritiladigan til

Konstitutsiyaviy sud ishlari Oʻzbekiston Respublikasining davlat tilida yuritiladi.

Davlat tilini bilmaydigan sud majlisi ishtirokchisi oʻz ona tilida soʻzga chiqishi va tushuntirishlar berishi hamda tarjimon xizmatidan foydalanishi mumkin.

5-bob. Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish shakllari. Konstitutsiyaviy sudning vakolatli tarkibi

28-modda. Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish shakllari

Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish yozma va (yoki) elektron shaklda amalga oshiriladi.

Yozma va (yoki) elektron shaklda oʻtkaziladigan konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishda qabul qilingan hujjatlar teng yuridik kuchga ega.

29-modda. Konstitutsiyaviy sud ishlarini elektron shaklda yuritishning xususiyatlari

Konstitutsiyaviy sud ishlarini elektron shaklda amalga oshirishda taraflar va konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilari zarur maʼlumotlarni elektron shaklda taqdim etishga hamda olishga haqli.

Taraflar va konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilari sud majlisida videokonferensaloqa rejimida ishtirok etishi mumkin.

Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishda raqamli texnologiyalardan foydalanish kiberxavfsizlik talablariga rioya etilgan holda amalga oshiriladi.

30-modda. Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishning tashkiliy shakli

Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari bilan oʻz vakolatiga kiritilgan ishlarni sud majlislarida koʻradi hamda hal etadi.

Sud majlislari Konstitutsiyaviy sudning raisi tomonidan, u yoʻqligida Konstitutsiyaviy sud raisining oʻrinbosari tomonidan, Konstitutsiyaviy sudning raisi va uning oʻrinbosari yoʻqligida yoki ular oʻz vazifalarini bajarishi mumkin boʻlmagan taqdirda esa Konstitutsiyaviy sudning eng katta yoshli sudyasi tomonidan chaqiriladi.

31-modda. Konstitutsiyaviy sudning vakolatli tarkibi

Konstitutsiyaviy sud ishlarni sud majlisida koʻrishga Konstitutsiyaviy sudning kamida besh nafar sudyasi ishtirok etgan taqdirda vakolatli boʻladi.

32-modda. Konstitutsiyaviy sudning sudyasini ishni koʻrishda ishtirok etishdan chetlashtirish

Konstitutsiyaviy sudning sudyasi ishni koʻrishda ishtirok etishdan quyidagi hollarda chetlashtiriladi, agar:

koʻrib chiqish predmeti boʻlgan hujjatni tayyorlashda ilgari xizmat mavqeyi sababli ishtirok etgan boʻlsa;

ishda ishtirok etayotgan tarafning yoki boshqa shaxsning qarindoshi boʻlsa;

ishning natijasidan shaxsan, bevosita yoki bilvosita manfaatdor boʻlsa yoxud uning xolisligiga shubha tugʻdiradigan boshqa holatlar mavjud boʻlsa.

Ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan holatlar mavjud boʻlgan taqdirda, Konstitutsiyaviy sudning sudyasi ishni eshitish boshlanguniga qadar oʻzini oʻzi rad etishi toʻgʻrisida arz qilishi shart.

Konstitutsiyaviy sudning sudyasini chetlashtirish masalasini koʻrish natijalari boʻyicha Konstitutsiyaviy sudning majlisida ajrim chiqariladi.

6-bob. Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilari, ularning huquq va majburiyatlari

33-modda. Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilari

Taraflar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar va tarjimonlar konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilaridir.

Sud majlisida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Qonunchilik palatasi Spikeri, Senat Raisi, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Inson huquqlari boʻyicha vakili (ombudsman), Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Bola huquqlari boʻyicha vakili (Bolalar ombudsmani), Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazi direktori, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi Raisi, Oʻzbekiston Respublikasi Sudyalar oliy kengashi raisi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi raisi, Bosh prokurori, adliya vaziri, Hisob palatasi raisi va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil ishtirok etishi mumkin. Ular koʻrib chiqilayotgan barcha masalalar yuzasidan oʻz nuqtai nazarini bayon etishga haqli.

34-modda. Taraflar va ularning vakillari

Quyidagilar konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishda taraflardir:

Konstitutsiyaviy sudga murojaat etgan davlat organi yoki mansabdor shaxs, fuqarolar va yuridik shaxslar;

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi aniqlanishi yoki sharh berilishi lozim boʻlgan tegishli hujjatni qabul qilgan davlat organi yoki mansabdor shaxs;

Oʻzbekiston Respublikasining davlatlararo shartnomaviy yoki boshqa majburiyatida belgilangan masalalarni hal qilish oʻz vakolatiga kiritilgan davlat organi.

Taraflar Konstitutsiyaviy sudda shaxsan va (yoki) vakillari orqali ishtirok etishga haqli. Taraf bir yoki bir nechta vakilga ega boʻlishi mumkin.

Ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan davlat organlari va yuridik shaxslarning rahbarlari Konstitutsiyaviy sudda lavozimi boʻyicha taraflarning vakili boʻlishi mumkin. Lavozimi boʻyicha taraflarning vakillari taraflarning manfaatlarini ishonchnomasiz ifoda etadi.

Ish boʻyicha tarafning vakili sifatida advokat ham ishtirok etishi mumkin.

Konstitutsiyaviy sud shikoyat bilan murojaat etgan fuqaroning iltimosiga koʻra, “Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatning ishtirok etishini taʼminlash choralarini koʻradi.

35-modda. Taraflarning huquq va majburiyatlari

Taraflar sud majlisida ishtirok etishga, barcha ish materiallari bilan tanishishga, ulardan koʻchirmalar yozib olishga, koʻchirma nusxalar olishga, ish yuzasidan oʻz nuqtai nazarini bayon etishga, yozma fikr-mulohazalar taqdim etishga, ekspertiza tayinlash, Konstitutsiyaviy sudga guvohlarni, ekspertlarni, mutaxassislar va tarjimonlarni chaqirish haqida iltimoslar qilishga, ekspertlar va mutaxassislarning nomzodlarini taklif etishga, konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilariga savollar berishga haqli.

Taraflar ushbu Qonunda nazarda tutilgan boshqa huquqlardan ham foydalanishi mumkin.

Taraflar Konstitutsiyaviy sud chaqiruviga binoan sud majlisida ishtirok etishi, tushuntirishlar berishi va sud majlisida raislik qiluvchining, Konstitutsiyaviy sud boshqa sudyalarining va konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilarining savollariga javob berishi, sud majlisida raislik qiluvchining sud majlisi zalida tartibga rioya etish toʻgʻrisidagi farmoyishlariga boʻysunishi shart.

36-modda. Guvoh, uning huquq va majburiyatlari

Ishga taalluqli biror-bir holatdan xabardor har qanday shaxs guvoh boʻlishi mumkin.

Guvoh oʻz ona tilida koʻrsatuvlar berishga, tarjimon xizmatidan foydalanishga, oʻz iltimosiga binoan ishga qoʻshib qoʻyilishi mumkin boʻlgan yozma qaydlardan, hujjatlardan va boshqa materiallardan oʻz koʻrsatuvlarini berishda foydalanishga, oʻzining Konstitutsiyaviy sudga kelish bilan bogʻliq xarajatlarining oʻrni qoplanishi uchun haq olishga haqli.

Guvoh Konstitutsiyaviy sudning chaqiruviga binoan kelishi, koʻrilayotgan ish boʻyicha oʻziga maʼlum boʻlgan maʼlumotlar toʻgʻrisida haqqoniy koʻrsatuvlar berishi, oʻzida mavjud boʻlgan tegishli materiallarni sudning talabiga koʻra taqdim etishi, Konstitutsiyaviy sud sudyalarining va konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilarining savollariga javob berishi shart.

Sud majlisida koʻrsatuvlar berishdan oldin guvoh bila turib yolgʻon koʻrsatuvlar berganlik uchun jinoiy javobgarlik toʻgʻrisida tilxat olib ogohlantiriladi.

37-modda. Ekspert, uning huquq va majburiyatlari

Ishning natijasidan manfaatdor boʻlmagan, Konstitutsiyaviy sud tomonidan hal etilishi lozim boʻlgan masalalar borasida maxsus bilimlarga ega boʻlgan va ekspert xulosasini berish uchun jalb etiladigan shaxs ekspert hisoblanadi.

Ekspert ekspertiza predmetiga taalluqli boʻlgan ish materiallari bilan tanishishga va ulardagi zarur maʼlumotlardan koʻchirmalar yozib olishga yoki koʻchirma nusxalar olishga, ekspert xulosasini berish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha materiallar oʻziga taqdim etilishi toʻgʻrisida iltimosnomalar kiritishga, sud majlisida raislik qiluvchining ruxsati bilan konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilariga ekspert xulosasini berish uchun zarur boʻlgan savollarni berishga, oʻzi qilgan xarajatlarning oʻrni qoplanishi uchun haq olishga haqli.

Ekspert Konstitutsiyaviy sud tomonidan qoʻyilgan savollar boʻyicha xolis va asoslantirilgan xulosa berishi, Konstitutsiyaviy sud chaqiruviga binoan kelishi, oʻzi tayyorlagan xulosaning mazmunini tushuntirishi, Konstitutsiyaviy sud sudyalarining va konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilarining savollariga haqqoniy javob berishi, ekspertizani oʻtkazish munosabati bilan oʻziga maʼlum boʻlib qolgan maʼlumotlarni oshkor qilmasligi shart.

Sud majlisida soʻzga chiqishdan oldin ekspert bila turib yolgʻon xulosa berganlik uchun jinoiy javobgarlik toʻgʻrisida tilxat olib ogohlantiriladi.

38-modda. Mutaxassis, uning huquq va majburiyatlari

Ishning natijasidan manfaatdor boʻlmagan, Konstitutsiyaviy sud tomonidan hal etilishi lozim boʻlgan masalalar borasida maxsus bilim va koʻnikmalarga ega boʻlgan hamda dalillarni toʻplash, tekshirish va baholashda maslahatlar (tushuntirishlar) berish yoʻli bilan koʻmaklashish hamda Konstitutsiyaviy sud tomonidan ilmiy-texnika vositalarining qoʻllanilishida yordam koʻrsatish uchun jalb etiladigan shaxs mutaxassis hisoblanadi.

Mutaxassis Konstitutsiyaviy sudga oʻzining nima maqsadda chaqirilganligini bilishga, agar tegishli bilim va koʻnikmalarga ega boʻlmasa, ish yuritishda ishtirok etishni rad qilishga, oʻzi koʻrib chiqayotgan masalalarga taalluqli ish materiallari bilan tanishishga, oʻz fikrini bayon etishi uchun zarur boʻlgan savollarni konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilariga sud majlisida raislik qiluvchining ruxsati bilan berishga, boshqa zarur axborotni olishga, ish boʻyicha ish yuritishda ishtirok etishi munosabati bilan oʻzi qilgan xarajatlarning oʻrni qoplanishi uchun haq olishga haqli.

Mutaxassis Konstitutsiyaviy sud chaqiruviga binoan kelishi, Konstitutsiyaviy sud sudyalarining, shuningdek konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilarining savollariga haqqoniy javob berishi shart.

39-modda. Tarjimon, uning huquq va majburiyatlari

Ishning natijasidan manfaatdor boʻlmagan, tarjima qilish uchun zarur boʻlgan tillarni biladigan va konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchisi konstitutsiyaviy sud ishlari yuritilayotgan tilni bilmaydigan yoki yetarli darajada bilmaydigan hollarda sud majlisida ishtirok etuvchi va tarjima qilish uchun, xuddi shuningdek yozma hujjatlarni tarjima qilish uchun jalb etiladigan shaxs tarjimon hisoblanadi.

Tarjimon tarjima qilinayotgan soʻzlar va jumlalarning maʼnosini aniqlashtirish maqsadida konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilariga sud majlisida raislik qiluvchining ruxsati bilan savollar berishga, agar tarjima qilish uchun tegishli bilimga ega boʻlmasa, sud muhokamasida ishtirok etishni rad qilishga, ish boʻyicha ish yuritishda ishtirok etishi munosabati bilan oʻzi qilgan xarajatlarning oʻrni qoplanishi uchun haq olishga haqli.

Tarjimon Konstitutsiyaviy sudning chaqiruviga binoan kelishi, oʻziga topshirilgan tarjimani aniq, toʻliq va toʻgʻri bajarishi shart.

Tarjimani bajarishni boshlashdan avval tarjimon bila turib notoʻgʻri tarjima qilganlik uchun jinoiy javobgarlik toʻgʻrisida tilxat olib ogohlantiriladi.

40-modda. Ekspertni, mutaxassisni va tarjimonni rad qilish asoslari

Ushbu Qonun 32-moddasining birinchi qismida koʻrsatilgan asoslar ekspertni, mutaxassisni va tarjimonni rad qilish uchun ham tatbiq etiladi.

Ushbu Qonunda nazarda tutilgan rad qilishning asoslari mavjud boʻlgan taqdirda, ekspert, mutaxassis va tarjimon oʻzini oʻzi rad qilish haqida arz qilishi shart. Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilari ham shu asoslarga koʻra ularni rad qilish haqida arz qilishi mumkin.

Rad qilish toʻgʻrisidagi masalani koʻrish natijalari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud tomonidan ajrim chiqariladi.

7-bob. Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilishning umumiy qoidalari

41-modda. Konstitutsiyaviy sudda ishlarni koʻrish asoslari

Konstitutsiyaviy sudga murojaat etish huquqiga ega boʻlgan davlat organlarining va mansabdor shaxslarning murojaati, shuningdek fuqarolarning va yuridik shaxslarning shikoyatlari (bundan buyon matnda murojaat deb yuritiladi) Konstitutsiyaviy sudda ishlarni koʻrish uchun asos boʻladi.

42-modda. Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish huquqi

Quyidagilar Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish huquqiga ega:

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining palatalari;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti;

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi;

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Inson huquqlari boʻyicha vakili (ombudsman);

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Bola huquqlari boʻyicha vakili (Bolalar ombudsmani);

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi;

Qonunchilik palatasi deputatlari umumiy sonining kamida toʻrtdan bir qismidan iborat deputatlar guruhi;

Senat aʼzolari umumiy sonining kamida toʻrtdan bir qismidan iborat senatorlar guruhi;

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi;

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurori;

Oʻzbekiston Respublikasi Hisob palatasi;

Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasining Milliy markazi;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil;

Konstitutsiyaviy sudning kamida uch nafar sudyasi, ushbu Qonun 101-moddasining toʻrtinchi qismida nazarda tutilgan hollarda.

Fuqarolar va yuridik shaxslar, agar sud orqali himoya qilishning boshqa barcha vositalaridan foydalanib boʻlingan boʻlsa, sudda koʻrib chiqilishi tugallangan muayyan ishda sud tomonidan oʻziga nisbatan qoʻllanilgan qonunning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisidagi shikoyat bilan Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilishga haqli.

43-modda. Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish shakli va murojaatga qoʻyiladigan talablar

Konstitutsiyaviy sudga murojaat yozma yoki elektron shaklda yuboriladi. Elektron shaklda yuborilgan murojaat elektron hujjat aylanishi toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga muvofiq boʻlishi kerak.

Murojaatda:

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi tekshirilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatning nomi, raqami, qabul qilingan sanasi, u eʼlon qilingan manba, Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining va qonunining sharh berilishi lozim boʻlgan qoidalari;

murojaatni Konstitutsiyaviy sudda koʻrib chiqishning huquqiy asoslari;

qoʻyilgan masala yuzasidan murojaat qiluvchining nuqtai nazari va murojaatni Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining tegishli normalariga havola qilingan holdagi huquqiy asoslantirish;

murojaat qiluvchining nomi (familiyasi, ismi, otasining ismi), joylashgan yeri, pochta manzili yoki yashash joyi, vakili va uning vakolatlari toʻgʻrisidagi zarur maʼlumotlar, bundan vakillik lavozim boʻyicha amalga oshiriladigan hollar mustasno;

ilova qilinayotgan hujjatlar roʻyxati koʻrsatilgan boʻlishi kerak.

Fuqarolar va yuridik shaxslarning shikoyatlarida ish sudda koʻrib chiqilganligi va sudda himoya qilishning barcha shakllaridan foydalanilganligi koʻrsatilgan boʻlishi kerak.

Murojaatda murojaat qiluvchi ishni hal etish uchun zarur deb hisoblagan boshqa maʼlumotlar ham koʻrsatilishi mumkin.

44-modda. Murojaatga ilova qilinadigan hujjatlar

Murojaatga quyidagilar ilova qilinadi:

tekshirilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatning yoki sharhlanishi lozim boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi yoxud qonuni normasining matni;

taraf vakilining vakolatini tasdiqlovchi ishonchnoma yoki boshqa hujjat, bundan vakillik lavozim boʻyicha amalga oshiriladigan hollar mustasno, shuningdek shaxsning Konstitutsiyaviy sudda vakil sifatida ishtirok etish huquqini tasdiqlovchi hujjatlarning nusxalari.

Konstitutsiyaviy sudga kollegial organ tomonidan murojaat qilingan taqdirda, mazkur organning tegishli qarori taqdim etiladi.

Murojaatga sud majlisiga chaqirilishi taklif qilinayotgan guvohlar, ekspertlar va mutaxassislarning roʻyxati, sud hujjatlarining nusxalari, shuningdek boshqa hujjatlar hamda materiallar ilova qilinishi mumkin.

8-bob. Protsessual muddatlar

45-modda. Ishni koʻrib chiqish muddatlari

Koʻrib chiqilayotgan ish yuzasidan Konstitutsiyaviy sud qarori murojaat koʻrib chiqishga qabul qilingan kundan eʼtiboran uch oydan kechiktirmasdan qabul qilinadi.

46-modda. Protsessual muddatlarni hisoblash

Protsessual muddatlar oylar va kunlar bilan hisoblanadi. Protsessual muddatlarning oʻtishi kalendar sananing boshlanishi deb belgilangan kunning ertasidan boshlanadi.

47-modda. Protsessual muddatlarning tugashi

Oylar bilan hisoblanadigan protsessual muddat belgilangan muddat oxirgi oyining tegishli kunida tugaydi. Agar oylar bilan hisoblanadigan protsessual muddatning tugashi tegishli sanasi boʻlmagan oyga toʻgʻri kelsa, muddat shu oyning oxirgi kunida tugaydi.

Kunlar bilan hisoblanadigan protsessual muddat belgilangan muddatning oxirgi kunida tugaydi.

Protsessual muddatning oxirgi kuni ish kuni boʻlmagan kunga toʻgʻri kelgan hollarda, undan keyingi birinchi ish kuni muddat tugaydigan kun hisoblanadi.

9-bob. Konstitutsiyaviy sudda murojaatlar bilan ishlash, murojaatni dastlabki tarzda oʻrganish. Murojaatni koʻrib chiqish uchun qabul qilish toʻgʻrisidagi masalani hal etish tartibi va muddatlari

48-modda. Konstitutsiyaviy sudda murojaatlarni roʻyxatga olish

Kelib tushgan murojaat Konstitutsiyaviy sudning devonida (bundan buyon matnda Devon deb yuritiladi) roʻyxatga olinadi.

Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish huquqiga ega boʻlmagan fuqaro yoki yuridik shaxs tomonidan Konstitutsiyaviy sudga taalluqli masala yuzasidan yoʻllangan murojaat tegishliligiga qarab, ushbu Qonun 42-moddasining birinchi qismida koʻrsatilgan subyektlardan biriga yuborilishi mumkin.

Fuqaroning yoki yuridik shaxsning murojaatidagi masala Konstitutsiyaviy sudga kiritilmagan hollarda Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish huquqiga ega boʻlgan subyekt tomonidan bu haqda muallif hamda Konstitutsiyaviy sud xabardor qilinadi.

Konstitutsiyaviy sudda murojaatlar bilan ishlash tartibi Konstitutsiyaviy sudning Reglamentiga muvofiq amalga oshiriladi.

49-modda. Murojaatni Konstitutsiyaviy sud sudyalari tomonidan dastlabki tarzda oʻrganish

Konstitutsiyaviy sudning raisi murojaatni uning ushbu Qonun talablariga muvofiqligi nuqtai nazaridan dastlabki tarzda oʻrganish uchun Konstitutsiyaviy sudning bir yoki bir nechta sudyasiga topshiradi.

Murojaatni dastlabki tarzda oʻrganish konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishning majburiy bosqichi hisoblanadi va oʻrganish murojaat sudyaga (sudyalarga) topshirilgan kundan eʼtiboran oʻn besh kunlik muddatda oʻtkaziladi.

Dastlabki tarzda oʻrganish natijasi boʻyicha murojaatni koʻrib chiqish uchun qabul qilishni rad etish haqida yoki koʻrib chiqish uchun qabul qilish toʻgʻrisida xulosa tayyorlanadi.

Konstitutsiyaviy sud sudyasining (sudyalarining) murojaatni dastlabki tarzda oʻrganish natijasi boʻyicha xulosasi yuzasidan Konstitutsiyaviy sud majlisida maʼruza qilinadi.

Konstitutsiyaviy sud tomonidan murojaatni koʻrib chiqish uchun qabul qilishni rad etish haqida yoki qabul qilish toʻgʻrisida ajrim chiqariladi.

50-modda. Murojaatni koʻrib chiqish uchun qabul qilishni rad etish

Konstitutsiyaviy sud quyidagi hollarda murojaatni koʻrib chiqish uchun qabul qilishni rad etadi, agar:

murojaat Konstitutsiyaviy sudga taalluqli boʻlmasa;

murojaat predmeti yuzasidan Konstitutsiyaviy sud tomonidan ilgari qonuniy kuchga kirgan qaror chiqarilgan boʻlsa;

murojaat ushbu Qonun 42-moddasining birinchi qismida koʻrsatilmagan davlat organidan yoki shaxslardan kelib tushgan boʻlsa, bundan ushbu Qonun 48-moddasining ikkinchi va uchinchi qismlarida nazarda tutilgan murojaatlar mustasno;

fuqarolar yoki yuridik shaxslarning murojaati ushbu Qonun 102-moddasining birinchi qismida belgilangan muddatni oʻtkazib yuborib berilgan boʻlsa;

murojaat qiluvchi tomonidan ayni bir predmet yuzasidan ilgari berilgan murojaat chaqirib olingan va ish yuritish tugatilgan boʻlsa;

Konstitutsiyaviy sudda ilgari murojaat predmeti yuzasidan ish yuritish tugatilgan boʻlsa;

murojaatda Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi tekshirilishi soʻralgan normativ-huquqiy hujjat bekor qilingan yoki oʻz kuchini yoʻqotgan boʻlsa, bundan mazkur normativ-huquqiy hujjatning tegishli munosabatlarga nisbatan qoʻllanilganligi natijasida huquqiy oqibatlar kelib chiqqan va (yoki) davom etayotgan hollar mustasno.

Konstitutsiyaviy sud tomonidan murojaatni koʻrib chiqish uchun qabul qilishni rad etish toʻgʻrisidagi ajrim murojaat kelib tushgan kundan eʼtiboran bir oylik muddat ichida chiqariladi, chiqarilgan ajrimning koʻchirma nusxasi murojaat qiluvchiga besh kun ichida yuboriladi.

51-modda. Murojaatni koʻrib chiqish uchun qabul qilish

Konstitutsiyaviy sud ushbu Qonunda nazarda tutilgan talablarga rioya etilgan holda berilgan murojaatni koʻrib chiqish uchun qabul qiladi.

Murojaatni koʻrib chiqish uchun qabul qilish toʻgʻrisidagi ajrim murojaat kelib tushgan kundan eʼtiboran bir oylik muddat ichida Konstitutsiyaviy sud tomonidan chiqariladi.

Ajrimda ish boʻyicha maʼruzachi sudya koʻrsatiladi.

Chiqarilgan ajrim haqida konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilari ajrim qabul qilingan kundan eʼtiboran besh kun ichida xabardor qilinadi.

52-modda. Ishlarni birlashtirish

Konstitutsiyaviy sud ayni bir murojaat predmeti boʻyicha bir necha ishni birgalikda koʻrib chiqish uchun bitta ish yuritishga birlashtirishga haqli.

Ishlarni birlashtirishga sud muhokamasi boshlanguniga qadar yoʻl qoʻyiladi.

Ishlarni birlashtirish toʻgʻrisida Konstitutsiyaviy sud tomonidan ajrim chiqariladi.

Birlashtirilgan ishlarni koʻrish muddati keyinroq koʻrib chiqishga qabul qilingan murojaat boʻyicha belgilanadi.

53-modda. Murojaatni chaqirib olish

Murojaat qiluvchi murojaatni ishni sud majlisida koʻrish boshlanguniga qadar chaqirib olishi mumkin.

Koʻrib chiqish uchun qabul qilingan murojaat chaqirib olingan taqdirda ish yuritish tugatiladi va bu haqda ajrim chiqariladi.

10-bob. Ishni sud majlisida koʻrib chiqish uchun tayyorlash

54-modda. Ishni sud majlisida koʻrib chiqishga tayyorlash

Konstitutsiyaviy sudning raisi ishni sud majlisida koʻrib chiqishga tayyorlashga umumiy rahbarlik qiladi.

Maʼruzachi sudya (sudyalar) ishni sud majlisida koʻrib chiqishga tayyorlashda:

sud majlisi ishtirokchilarini, ishda ishtirok etishga jalb qilinadigan boshqa shaxslarni va organlarni aniqlaydi;

murojaat mavzusiga oid zarur hujjatlarni va boshqa maʼlumotlarni talab qilib olish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;

zarur hollarda, soʻrovlar yuborish, ekspertlarni va mutaxassislarni jalb qilish toʻgʻrisida takliflar kiritadi;

Konstitutsiyaviy sudning tegishli qarori loyihasini tayyorlaydi.

55-modda. Ishni koʻrib chiqish uchun tayyorlash muddatlari

Ishni sud majlisida koʻrib chiqish uchun tayyorlash, agar ishning xususiyatlaridan kelib chiqib, ushbu Qonunda boshqacha muddat va tartib belgilanmagan boʻlsa, murojaat qabul qilingan kundan eʼtiboran yigirma kunlik muddatdan kechiktirmasdan amalga oshirilishi kerak.

56-modda. Ishni koʻrib chiqish uchun tayinlash

Ishni sud majlisida koʻrib chiqish uchun tayinlash toʻgʻrisidagi ajrim sud tomonidan uni koʻrib chiqish uchun tayyorlash tamomlangan kundan eʼtiboran oʻn kundan kechiktirmasdan chiqariladi.

Ajrimning koʻchirma nusxasi, agar ishning xususiyatlaridan boshqacha tartib kelib chiqmasa, taraflarga, sud majlisining boshqa ishtirokchilariga sud majlisi oʻtkaziladigan kundan kamida besh kun oldin yuboriladi.

Konstitutsiyaviy sud tomonidan ishni sud majlisida koʻrib chiqish toʻgʻrisidagi xabarnoma uni oʻtkazish sanasi, vaqti va joyi koʻrsatilgan holda, agar ishning xususiyatlaridan boshqacha tartib kelib chiqmasa, sud majlisi oʻtkaziladigan kundan kamida besh kun oldin boshqa davlat organlariga, tashkilotlarga, mansabdor shaxslarga yozma yoki elektron shaklda yuboriladi.

Sud majlisining sanasi, vaqti va joyi toʻgʻrisidagi axborot Konstitutsiyaviy sudning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.

11-bob. Sud muhokamasi

57-modda. Sud majlisi oʻtkaziladigan joy

Sud majlisi Konstitutsiyaviy sud doimiy joylashgan yerda oʻtkaziladi.

Zarurat boʻlganda sud majlisi boshqa joyda ham oʻtkazilishi mumkin.

58-modda. Sud majlisi

Sud majlisi ushbu Qonunda belgilangan tartibga muvofiq oʻtkaziladi.

Sudning ochiq majlisi videokonferensaloqa rejimida oʻtkazilishi mumkin.

Sud majlisi ishtirokchilari Konstitutsiyaviy sudga murojaat etganda tik turgan holda tushuntirishlar, koʻrsatuvlar beradi, iltimoslar qiladi va savollar beradi. Ushbu qoidadan chetga chiqishga faqat sud majlisida raislik qiluvchining ruxsati bilan yoʻl qoʻyiladi.

Konstitutsiyaviy sudning tashabbusiga yoki sud majlisi ishtirokchilarining iltimosiga koʻra sud majlisining audio- yoki videoyozuvi amalga oshirilishi mumkin.

Ish ochiq sud majlisida koʻrilganda sud majlisi ishtirokchilari va zalda hozir boʻlganlar sud majlisining borishini qayd etishga, ovozli yozuvni amalga oshirishga haqli. Sud majlisini fototasvirga olishga, videoyozuvini amalga oshirishga, shuningdek uni radio va televideniye yoki Internet jahon axborot tarmogʻi orqali uzatishga sud majlisida raislik qiluvchining ruxsati bilan yoʻl qoʻyiladi. Mazkur harakatlar sud majlisini oʻtkazishga xalaqit bermasligi kerak va sud majlisida raislik qiluvchi tomonidan vaqt boʻyicha cheklanishi mumkin.

59-modda. Videokonferensaloqa rejimidagi sud majlisida ishtirok etish

Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilarining sud majlisida videokonferensaloqa rejimida ishtirok etishini taʼminlash uchun mazkur shaxslar yashash joyi, joylashgan yeri yoki turgan joyi boʻyicha sudlarning videokonferensaloqa tizimlaridan, shu jumladan mobil ilovadan foydalanishi mumkin.

Sud majlisini videokonferensaloqa rejimida oʻtkazishga koʻmaklashayotgan sud konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilarining va ular vakillarining vakolatlarini tasdiqlovchi ishonchnomalar elektron shaklda yuborilishini taʼminlaydi.

Videokonferensaloqa rejimidagi sud majlisida ishtirok etayotgan ekspertlarga, mutaxassislarga, tarjimonlarga ularning huquqlari, majburiyatlari tushuntirilganligi, shuningdek ekspertlar va tarjimonlar jinoiy javobgarlik toʻgʻrisida ogohlantirilganligi audio- va videoyozuv vositasida qayd etiladi hamda bu haqda sud majlisi bayonnomasida koʻrsatiladi.

60-modda. Sud majlisida raislik qiluvchi va uning vakolatlari

Sud majlisida Konstitutsiyaviy sudning raisi, u yoʻqligida yoki uning topshirigʻiga binoan Konstitutsiyaviy sud raisining oʻrinbosari raislik qiladi, Konstitutsiyaviy sudning raisi va uning oʻrinbosari boʻlmagan yoki ular oʻz vazifalarini bajarishi mumkin boʻlmagan taqdirda esa Konstitutsiyaviy sudning eng katta yoshli sudyasi raislik qiladi.

Sud majlisida raislik qiluvchi:

sud majlisiga rahbarlik qiladi;

muhokamaning har tomonlama, toʻliq va xolisona boʻlishini taʼminlash uchun barcha zarur choralarni koʻradi;

sud majlisini ochadi, Konstitutsiyaviy sud tarkibini va qanday ish koʻrib chiqilishi lozimligini eʼlon qiladi, kim sud majlisi kotibi ekanligini, ishni koʻrib chiqishda taraflar, ularning vakillari, guvoh, ekspert, mutaxassis, tarjimon va sud majlisining boshqa ishtirokchilari sifatida kimlar ishtirok etayotganini maʼlum qiladi;

sud majlisiga kelgan guvohlarni ularning shaxsi aniqlanganidan keyin sud majlisi zalidan chiqarib yuboradi;

sud majlisining hozir boʻlgan ishtirokchilari shaxsini, taraflar vakillarining vakolatlari bor-yoʻqligini aniqlaydi;

sud majlisi ishtirokchilariga ularning huquqlari va majburiyatlarini tushuntiradi;

tarjimonni bila turib notoʻgʻri tarjima qilganlik uchun, ekspertni bila turib yolgʻon xulosa berganlik uchun, guvohni bila turib yolgʻon koʻrsatuvlar berganlik uchun jinoiy javobgarlik toʻgʻrisida ogohlantiradi;

taraflarga va ularning vakillariga ishning barcha holatlari boʻyicha tushuntirishlar berish, oʻz dalillarini asoslash va savollar berish uchun teng imkoniyatlar yaratadi;

sud majlisida tegishli tartibni taʼminlash choralarini koʻradi.

Sud majlisida raislik qiluvchi tarafning yoki uning vakilining, sud majlisi boshqa ishtirokchilarining soʻzini, agar soʻzga chiquvchi koʻrilayotgan masala predmetidan chetga chiqib ketsa yoxud shaklan yoki mazmunan qoʻpol mulohazalarga yoʻl qoʻysa, sud zalida belgilangan tartibni buzsa, toʻxtatib qoʻyishga haqli.

Sud majlisida raislik qiluvchi Konstitutsiyaviy sud sudyalarining maslahatxonadagi maslahatlashuvida raislik qiladi, ularning oʻz fikrini erkin va moneliksiz bildirishi imkoniyatini taʼminlaydi.

61-modda. Sud majlisida ishtirok etayotgan Konstitutsiyaviy sud sudyasining vakolatlari

Sud majlisida ishtirok etayotgan Konstitutsiyaviy sud sudyasi quyidagilarga haqli:

taraflarga va ularning vakillariga hamda sud majlisining boshqa ishtirokchilariga savollar berishga;

sud majlisida muhokama qilinayotgan masalalarning mohiyati yuzasidan sud majlisi ishtirokchilaridan tushuntirishlar olishga;

koʻrilayotgan ish yuzasidan takliflar kiritishga;

protsessual masalalar boʻyicha oʻz fikrini bildirishga.

62-modda. Sud majlisining kotibi

Sud majlisining kotibi Konstitutsiyaviy sud raisi tomonidan Devon xodimlari orasidan tayinlanadi.

Sud majlisining kotibi:

sud majlisi ishtirokchilarining kelganligini tekshiradi, kelmaganligi sabablarini aniqlaydi va bu haqda axborot beradi;

sud majlisida raislik qiluvchining topshiriqlarini bajaradi;

sud majlisi bayonnomasini yuritadi va uning oʻz vaqtida rasmiylashtirilishini taʼminlaydi;

sud majlisini oʻtkazish va ishni koʻrib chiqish uchun zarur boʻlgan boshqa harakatlarni bajaradi.

63-modda. Sud muhokamasining bevositaligi va sud majlisining uzluksizligi

Konstitutsiyaviy sud ishni koʻrib chiqish chogʻida konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilarini bevosita sud majlisida eshitadi, zarur hujjatlarni oʻqib eshittiradi.

Konstitutsiyaviy sudning sudyalarida va taraflarda mavjud boʻlgan hujjatlar, agar ularning mazmuni muhokama jarayonida ogʻzaki bayon qilinsa, oʻqib eshittirilmasligi mumkin. Biroq, agar Konstitutsiyaviy sudning sudyalaridan yoki sud majlisi ishtirokchilaridan birortasi ularning toʻliq yoki qisman oʻqib eshittirilishini talab qilsa, sud majlisida raislik qiluvchining qaroriga binoan oʻqib eshittirilishi mumkin.

Konstitutsiyaviy sud mahalliy davlat hokimiyati organlari qarorlarining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash, Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalarini sharhlash, Oʻzbekiston Respublikasi referendumiga chiqarilayotgan masalalarning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisida xulosa berish, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi tomonidan muayyan ishda qoʻllanilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi ishlarni ogʻzaki eshituvlar oʻtkazmasdan koʻrishi mumkin. Bu haqda Konstitutsiyaviy sud ajrim chiqaradi va konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilarini xabardor qiladi. Agar konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilaridan biri ishni ogʻzaki eshituvlar oʻtkazmasdan koʻrishga qarshi eʼtiroz bildirsa, ish umumiy tartibda koʻrib chiqiladi. Konstitutsiyaviy sud ishni ogʻzaki eshituvlar oʻtkazmasdan ushbu bobning qoidalariga muvofiq koʻrib chiqadi.

Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti tomonidan imzolanguniga qadar — Oʻzbekiston Respublikasi konstitutsiyaviy qonunlarining, ratifikatsiya qilish toʻgʻrisidagi Oʻzbekiston Respublikasi qonunlari Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti tomonidan imzolanguniga qadar — Oʻzbekiston Respublikasi xalqaro shartnomalarining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Konstitutsiyasining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga , Qoraqalpogʻiston Respublikasi qonunlarining Oʻzbekiston Respublikasi qonunlariga muvofiqligi toʻgʻrisida xulosa berish, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurori buyruqlarining va (yoki) boshqa hujjatlarining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga va qonunlariga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi ishlarni ogʻzaki eshituvlar oʻtkazmasdan koʻradi.

Har bir ish boʻyicha sud majlisi uzluksiz oʻtkaziladi, bundan majlis ishtirokchilariga dam olish uchun ajratilgan yoki sud muzokaralariga tayyorlash uchun zarur boʻlgan vaqt mustasno.

Taraflardan birining iltimosnomasiga koʻra boshqa taraf taqdim etgan materiallarni qoʻshimcha oʻrganish uchun, shuningdek majlisning borishiga toʻsqinlik qiluvchi holatlar yuzaga kelgan taqdirda sud majlisida tanaffus qilinishi mumkin.

64-modda. Sud majlisi zalidagi tartib

Konstitutsiyaviy sud sudyalari sud majlisi zaliga kirayotganda va undan chiqayotganda sud majlisi zalida hozir boʻlganlarning barchasi oʻrnidan turadi.

Sud majlisi ishtirokchilari Konstitutsiyaviy sudga: “Hurmatli Konstitutsiyaviy sud” degan soʻzlar bilan murojaat etadi.

Sud majlisi zalida hozir boʻlganlar Konstitutsiyaviy sudga, majlis zalida hozir boʻlgan boshqa shaxslarga hurmat bilan munosabatda boʻlishi, tartibga rioya etishi va raislik qiluvchining farmoyishlariga boʻysunishi shart.

Sud majlisida tartib buzilgan taqdirda, raislik qiluvchi tartibni buzgan shaxsni sud nomidan ogohlantiradi. Tartib takroran buzilgan taqdirda, mazkur shaxs raislik qiluvchining farmoyishi bilan sud majlisi zalidan chiqarib yuborilishi mumkin.

Konstitutsiyaviy sud tomonidan qabul qilingan qarorni sud majlisi zalida hozir boʻlganlar tik turgan holda eshitadi.

65-modda. Sud majlisini keyinga qoldirish

Konstitutsiyaviy sud quyidagi hollarda sud majlisini keyinga qoldiradi, agar:

Konstitutsiyaviy sudning vakolatli tarkibi mavjud boʻlmasa;

sud majlisiga taraf, uning vakili, shuningdek mutaxassis, ekspert, tarjimon kelmaganda, agar ularning kelmasligi ishni mohiyati boʻyicha hal qilishga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlsa;

hujjatlar va boshqa yozma materiallar, agar ular ishni hal qilish uchun muhim ahamiyatga ega boʻlsa, taqdim etilmasa yoki oʻz vaqtida taqdim etilmasa;

ishni koʻrishni keyinga qoldirish toʻgʻrisida Konstitutsiyaviy sudning sudyasi yoxud qoʻshimcha materiallarni talab qilib olish zarurligi munosabati bilan taraf, uning vakili iltimos qilsa;

ishni har tomonlama, toʻliq va xolisona koʻrib chiqishga toʻsqinlik qiluvchi boshqa holatlar mavjud boʻlsa, shu jumladan sud majlisida tartib buzilsa.

Sud majlisini keyinga qoldirish toʻgʻrisida ajrim chiqariladi. Bunda Konstitutsiyaviy sud sud majlisi keyinga qoldirilayotgan sanani belgilaydi.

Koʻrib chiqilishi keyinga qoldirilgan ish boʻyicha sud majlisi boshidan yoki keyinga qoldirilgan joyidan boshlanadi.

Konstitutsiyaviy sud tomonidan ilgari eshitilgan guvohni, ekspertni, mutaxassisni takroran chaqirish faqat Konstitutsiyaviy sud tomonidan zarur deb topilgan taqdirda amalga oshiriladi.

66-modda. Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilariga ularning huquq va majburiyatlarini tushuntirish

Sud majlisida raislik qiluvchi taraflarga, ularning vakillariga, sud majlisining boshqa ishtirokchilariga ularning ushbu Qonunning 6-bobida nazarda tutilgan huquq va majburiyatlarini tushuntiradi.

67-modda. Taraflarning iltimosnomalari va ularni hal etish tartibi

Sud majlisida raislik qiluvchi ishni mohiyati boʻyicha koʻrish boshlanguniga qadar taraflardan ularda ishga taalluqli iltimosnomalar bor-yoʻqligini aniqlaydi.

Yozma yoki elektron iltimosnomalar sud majlisida oʻqib eshittiriladi va ish materiallariga qoʻshib qoʻyiladi, ogʻzaki iltimosnomalar sud majlisi bayonnomasiga kiritiladi.

Konstitutsiyaviy sud taraflarning fikrlarini inobatga olgan holda iltimosnomani qanoatlantirish yoki uni qanoatlantirishni rad etish toʻgʻrisida ajrim chiqaradi.

68-modda. Ish yuritishni tugatish

Konstitutsiyaviy sud, agar sud majlisi davomida quyidagilar aniqlansa, ish yuritishni tugatadi:

murojaat Konstitutsiyaviy sudga taalluqli boʻlmasa;

konstitutsiyaviyligi tekshirilayotgan normativ-huquqiy hujjat bekor qilingan yoki oʻz kuchini yoʻqotgan boʻlsa, bundan mazkur normativ-huquqiy hujjatning tegishli munosabatlarga nisbatan qoʻllanilganligi natijasida huquqiy oqibatlar kelib chiqqan va (yoki) davom etayotgan hollar mustasno;

murojaat predmeti boʻyicha Konstitutsiyaviy sud tomonidan ilgari kuchga kirgan qaror chiqarilgan boʻlsa;

koʻrib chiqish uchun qabul qilingan murojaat murojaat qiluvchi tomonidan chaqirib olingan boʻlsa.

Ish yuritishni tugatish haqida Konstitutsiyaviy sud ajrim chiqaradi.

69-modda. Ish yuritishni tugatish oqibatlari

Ish yuritish tugatilgan taqdirda, ayni bir shaxs ayni bir predmet boʻyicha sudga takroran murojaat qilishi mumkin emas.

70-modda. Ish yuritishni toʻxtatib turish va tiklash

Konstitutsiyaviy sudning ishni yuritishiga oʻziga bogʻliq boʻlmagan toʻsqinlik qiluvchi holatlar yuzaga kelganda murojaat yuzasidan ish yuritish toʻxtatib turilishi mumkin. Konstitutsiyaviy sudning ish yuritishni toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi ajrimida ish yuritishni toʻxtatib turish uchun asos boʻlgan holatlar koʻrsatilib oʻtiladi.

Ish yuritish toʻxtatib turilganda murojaatni koʻrib chiqish muddati ham toʻxtatib turiladi.

Ish yuritishni toʻxtatib turish uchun asos boʻlgan holatlar bartaraf etilgach, ish yuritish Konstitutsiyaviy sudning ajrimiga asosan qayta tiklanadi.

Konstitutsiyaviy sud ish yuritishni toʻxtatib turish va uni tiklash toʻgʻrisida konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilarini xabardor qiladi.

71-modda. Ishni mohiyati boʻyicha koʻrishning boshlanishi

Ishni mohiyati boʻyicha koʻrish maʼruzachi sudyaning maʼruzasi bilan boshlanadi. Maʼruzachi sudya murojaatning mohiyatini, Konstitutsiyaviy sud tomonidan ishni koʻrishning huquqiy asoslarini bayon etadi, shuningdek ishni sud majlisida koʻrishga tayyorlashda koʻrilgan choralar toʻgʻrisida axborot beradi.

Maʼruzachi sudyaga raislik qiluvchi va sudyalar savollar berishga haqli.

72-modda. Taraflarning tushuntirishlari

Maʼruzachi sudyaning maʼruzasidan keyin Konstitutsiyaviy sud taraflarning, ular vakillarining ishning mohiyati boʻyicha tushuntirishlarini eshitadi.

Murojaat qiluvchi, uning vakili oʻz tushuntirishlarida murojaatning mohiyatini va koʻrib chiqilayotgan masala yuzasidan oʻzining nuqtai nazarini bayon etadi.

Boshqa taraf, uning vakili murojaatga oid eʼtirozlarini asoslash uchun oʻz nuqtai nazarini bayon etadi.

Taraflarning, ular vakillarining tushuntirishlari eshitib boʻlinganidan keyin sud majlisida raislik qiluvchi ularga oʻz nuqtai nazarini va keltirgan vajlarini aniqlashtirishga taalluqli savollar berishga haqli, shundan keyin savollar berish imkoniyati maʼruzachi sudyaga va Konstitutsiyaviy sudning boshqa sudyalariga beriladi.

Taraflarga, ularning vakillariga sud majlisining boshqa ishtirokchilari tomonidan savollar berilishi mumkin.

Ekspertlar, mutaxassislar taraflarga, ularning vakillariga ekspert xulosasini berish, mutaxassis fikrini bayon etish uchun zarur boʻlgan masala boʻyicha savollar berishi mumkin.

73-modda. Guvohlarning koʻrsatuvlari

Guvohlarning koʻrsatuvlarini eshitish navbati sud tomonidan belgilanadi.

Sud majlisida raislik qiluvchi guvohga koʻrib chiqilayotgan ishning mohiyati yuzasidan oʻziga maʼlum boʻlgan barcha holatlarni bayon qilishni taklif etadi. Koʻrsatuvlardan keyin guvohga savollar berilishi mumkin.

Guvohga u qaysi tarafning arizasiga binoan chaqirilgan boʻlsa, oʻsha taraf birinchi boʻlib savollar beradi, soʻngra boshqa taraf, shuningdek sud majlisining oʻzga ishtirokchilari savollar beradi. Konstitutsiyaviy sudning tashabbusi bilan chaqirilgan guvohga Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilgan taraf birinchi boʻlib savollar beradi.

Konstitutsiyaviy sud sudyalari guvohga istalgan paytda savollar berishga haqli.

Agar guvoh oʻzi bilgan maʼlumotlarning manbaini koʻrsatib bera olmasa, u maʼlum qilgan maʼlumotlar dalil hisoblanmaydi.

74-modda. Ish materiallarini tekshirish

Sud majlisida raislik qiluvchining taklifiga binoan maʼruzachi sudya hujjatlarni va ishning boshqa materiallarini oʻqib eshittiradi. Shundan keyin taraflar, ularning vakili ishning eʼlon qilingan materiallari boʻyicha tushuntirishlar berishi mumkin.

Konstitutsiyaviy sud oʻz tashabbusi bilan yoki sud majlisi ishtirokchilarining iltimosnomasiga koʻra ishni koʻrish uchun zarur boʻlgan hujjatlarni, boshqa materiallarni qoʻshimcha ravishda soʻrab olishga, shuningdek zarurat boʻlganda sud majlisiga guvohlarni, ekspertlarni, mutaxassislarni chaqirishga haqli.

Iltimosnomalar mavjud boʻlmagan taqdirda, sud majlisida raislik qiluvchi ish materiallarini tekshirish tamomlangan deb eʼlon qiladi.

75-modda. Ekspertga va mutaxassisga savol berish

Taraflarning tushuntirishlari eshitilganidan va ish materiallari tekshirilganidan keyin maʼruzachi sudya ekspertning xulosasini oʻqib eshittiradi, shundan soʻng ekspertga xulosani tushuntirish va toʻldirish maqsadida savollar berilishi mumkin.

Mutaxassisning sud majlisida bergan fikrini tushuntirish va toʻldirish maqsadida unga savol beriladi.

Taraflar raislik qiluvchining ruxsati bilan ekspertga va mutaxassisga savollar berishga haqli.

Sud majlisida raislik qiluvchi va sudyalar ekspertga hamda mutaxassisga istalgan paytda savollar berishga haqli.

76-modda. Ishni mohiyati boʻyicha koʻrib chiqishni tamomlash

Ish materiallari tekshirilganidan keyin sud majlisida raislik qiluvchi ishni mohiyati boʻyicha muhokama qilish tamomlanganligini va sud muzokaralariga oʻtilganligini eʼlon qiladi.

77-modda. Sud muzokaralari

Sud muzokaralari taraflarning ish boʻyicha oʻz nuqtai nazarini asoslash boʻyicha ogʻzaki chiqishlaridan iborat boʻladi.

Sud muzokaralarida birinchi boʻlib Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilgan taraf, keyin boshqa taraf soʻzga chiqadi.

78-modda. Ishning mohiyati boʻyicha muhokamasini tiklash

Agar Konstitutsiyaviy sud sud muzokaralarini eshitib, ishni toʻgʻri hal etish uchun muhim ahamiyatga ega boʻlgan yangi holatlarni aniqlashni, yangi dalillarni tekshirishni zarur deb topsa, ishni mohiyati boʻyicha muhokama qilish yangidan boshlanadi.

79-modda. Qaror qabul qilish uchun sudning maslahatxonaga kirishi

Sud muzokaralaridan keyin raislik qiluvchi ish boʻyicha qabul qilingan qarorni eʼlon qilish sanasi haqida konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilari xabardor qilinishini maʼlum qiladi va Konstitutsiyaviy sud ish boʻyicha qaror qabul qilish uchun maslahatxonaga kiradi.

80-modda. Konstitutsiyaviy sud qarorini oʻqib eshittirish

Konstitutsiyaviy sud qarori sud majlisida raislik qiluvchi tomonidan oʻqib eshittiriladi.

Konstitutsiyaviy sud qarori oʻqib eshittirilganidan keyin raislik qiluvchi uning mazmunini tushuntiradi va ish boʻyicha majlisni yopiq deb eʼlon qiladi.

12-bob. Konstitutsiyaviy sudning hujjatlari

81-modda. Konstitutsiyaviy sud hujjatlarining turlari

Konstitutsiyaviy sud koʻrilayotgan va hal etilayotgan masala boʻyicha qaror, xulosa va ajrim qabul qiladi.

Normativ-huquqiy hujjatning, Oʻzbekiston Respublikasi davlatlararo shartnomaviy va boshqa majburiyatlarining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi hamda Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalariga sharh berish toʻgʻrisida koʻrib chiqilgan ishning mohiyati boʻyicha Konstitutsiyaviy sudning yakuniy toʻxtamlari qaror deb nomlanadi. Konstitutsiyaviy sud qarorni Oʻzbekiston Respublikasi nomidan qabul qiladi.

Konstitutsiyaviy sudning vakolatiga kiritilgan boshqa masalalar yuzasidan koʻrib chiqilgan ishning mohiyati boʻyicha Konstitutsiyaviy sudning yakuniy toʻxtami xulosa deb nomlanadi.

Ishning mohiyati boʻyicha hal etilmaydigan masalalarni koʻrish natijalari yuzasidan Konstitutsiyaviy sud ajrim qabul qiladi.

Konstitutsiyaviy sud oʻz faoliyatini tashkil etish masalalari yuzasidan ham qarorlar qabul qiladi.

82-modda. Konstitutsiyaviy sud qarorini qabul qilish tartibi

Konstitutsiyaviy sud, qoida tariqasida, faqat koʻrib chiqilgan muayyan masala yuzasidan qaror qabul qiladi.

Konstitutsiyaviy sudning qarori ochiq ovoz berish yoʻli bilan qabul qilinadi. Ovoz berish Konstitutsiyaviy sudning sudyalaridan birma-bir soʻrab chiqish orqali oʻtkaziladi. Raislik qiluvchi hammadan keyin ovoz beradi.

Konstitutsiyaviy sudning sudyasi ovoz berishda betaraf qolishga yoki ishtirok etmaslikka haqli emas.

Konstitutsiyaviy sudning qarori, agar sud majlisida hozir boʻlgan Konstitutsiyaviy sud sudyalarining koʻpchiligi uni yoqlab ovoz bergan boʻlsa, qabul qilingan deb hisoblanadi. Ovozlar teng boʻlinib qolgan taqdirda, raislik qiluvchining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

Konstitutsiyaviy sudning koʻpchilik fikriga qoʻshilmagan sudyasi Konstitutsiyaviy sudning qaroriga imzo qoʻyishi shart va u oʻzining alohida fikrini yozma shaklda bayon etishga haqli, alohida fikr yopiq konvertda ishga qoʻshib qoʻyiladi, lekin eʼlon qilinmaydi. Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish ishtirokchilari Konstitutsiyaviy sud sudyasining alohida fikri bilan tanishtirilmaydi.

Konstitutsiyaviy sudning sudyalari qaror qabul qilish chogʻidagi muhokama mazmuni toʻgʻrisidagi, Konstitutsiyaviy sud tarkibiga kirgan ayrim sudyalarning nuqtai nazari haqidagi maʼlumotlarni biror-bir shaxsga maʼlum qilishga va sudyalar maslahatlashuvi sirini boshqa usulda oshkor qilishga haqli emas.

83-modda. Konstitutsiyaviy sud qarorining mazmuni. Qarorni imzolash

Konstitutsiyaviy sudning qarori kirish, bayon, asoslantiruvchi va xulosa qismlaridan iborat boʻladi.

Qarorning kirish qismida:

qaror qabul qilgan sudning nomi, qarorning nomlanishi, u qabul qilingan sana va joy;

Konstitutsiyaviy sudning tarkibi;

sud majlisining kotibi;

sud majlisining ishtirokchilari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

murojaatda koʻrsatilgan talablar;

Konstitutsiyaviy sud mazkur ishni Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining va ushbu Qonunning qaysi normalariga muvofiq koʻrib chiqqan boʻlsa, oʻsha normalari koʻrsatiladi.

Qarorning bayon qismida Konstitutsiyaviy sudga kelib tushgan murojaatning, ishda ishtirok etuvchi shaxslar tushuntirishlarining, arizalari va iltimoslarining qisqacha mazmuni koʻrsatiladi.

Qarorning asoslantiruvchi qismida:

ishning Konstitutsiyaviy sud tomonidan aniqlangan va qarorning asosiga qoʻyilgan haqiqiy holatlari;

sudning ish holatlari toʻgʻrisidagi xulosalariga asos boʻlgan dalillar;

Konstitutsiyaviy sud qaror qabul qilishda tayangan normativ-huquqiy hujjatlar koʻrsatiladi.

Qarorning xulosa qismida koʻrib chiqilgan ish yakunlari boʻyicha Konstitutsiyaviy sudning yakuniy xulosalari, uning kuchga kirish tartibi, shuningdek uni ijro etish hamda eʼlon qilish tartibi, muddatlari va oʻziga xos xususiyatlari koʻrsatiladi.

Konstitutsiyaviy sudning qarori ovoz berishda ishtirok etgan Konstitutsiyaviy sudning barcha sudyalari tomonidan imzolanadi.

Agar Konstitutsiyaviy sudning qarori elektron shaklda shakllantirilgan boʻlsa, u sudyalar tomonidan elektron raqamli imzo bilan tasdiqlanadi.

84-modda. Konstitutsiyaviy sud hujjatlarini rasmiy eʼlon qilish va ularning kuchga kirishi

Konstitutsiyaviy sudning qarorlari va xulosalari ommaviy axborot vositalarida hamda Konstitutsiyaviy sudning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

Konstitutsiyaviy sud ajrimlari Konstitutsiyaviy sudning ixtiyoriga koʻra eʼlon qilinadi.

“Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik toʻplami”, “Xalq soʻzi” va “Narodnoye slovo” gazetalari, “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining Axborotnomasi”, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi Konstitutsiyaviy sudning qarorlari va xulosalari eʼlon qilinadigan rasmiy manbalardir.

Konstitutsiyaviy sudning qarorlari va xulosalari qabul qilingan kundan eʼtiboran uch kun ichida rasmiy eʼlon qilinishi lozim hamda rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Konstitutsiyaviy sudning qarorlari taraflarga va konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilariga yuboriladi. Konstitutsiyaviy sudning qarorlari Konstitutsiyaviy sud raisining topshirigʻiga muvofiq boshqa tashkilotlarga ham yuborilishi mumkin.

Davlat sirlarini yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan, oshkor etilmaydigan boshqa axborotni oʻz ichiga olgan maʼlumotlar eʼlon qilinmaydi.

85-modda. Konstitutsiyaviy sud hujjatlarining yuridik kuchi

Konstitutsiyaviy sudning hujjati qatʼiy va uning ustidan shikoyat qilinishi mumkin emas.

Konstitutsiyaviy sudning qaroriga yoki xulosasiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq emas deb topilgan normativ-huquqiy hujjat yoki uning bir qismi oʻzining amal qilishini tugatadi.

Ushbu moddaning ikkinchi qismida nazarda tutilgan hujjatni qabul qilgan davlat organi oʻz hujjatini uch oydan kechiktirmasdan yoki Konstitutsiyaviy sudning qarorida belgilangan muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqlashtirishi kerak.

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq emas deb topilgan normativ-huquqiy hujjat asosida qarorlar qabul qilgan davlat organlari ularni bir oy ichida qaytadan koʻrib chiqishi kerak.

Konstitutsiyaviy sud tomonidan Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq emas deb topilgan qonun qoʻllanilgan sud hujjatlari qonunda belgilangan tartibda qayta koʻrib chiqiladi.

86-modda. Konstitutsiyaviy sudning qarorini qayta koʻrib chiqish

Konstitutsiyaviy sudning qarori quyidagi hollarda uning tashabbusi bilan qayta koʻrib chiqilishi mumkin:

qaror qabul qilingan paytda Konstitutsiyaviy sudga nomaʼlum boʻlgan yangi ochilgan holatlar munosabati bilan;

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining qaror qabul qilinishiga asos boʻlgan normasi oʻzgarganda;

Konstitutsiyaviy sud mazkur qarorni konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishning belgilangan tartibi buzilgan holda qabul qilingan deb topgan taqdirda.

Konstitutsiyaviy sudning qarorini bekor qilish va ishni qayta koʻrib chiqish yuzasidan ajrim chiqariladi.

Ishni qayta koʻrib chiqish umumiy tartibda amalga oshiriladi.

87-modda. Konstitutsiyaviy sud ajrimining mazmuni

Konstitutsiyaviy sud ajrimida quyidagilar koʻrsatiladi:

ajrim chiqarilgan sana va joy;

sud tarkibi va sud majlisining kotibi;

sud majlisining ishtirokchilari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

murojaat predmeti;

sud ajrim chiqarishda tayangan normativ-huquqiy hujjatlar;

koʻrib chiqilayotgan masala boʻyicha xulosa.

Ishning xususiyatiga qarab, ajrimda boshqa maʼlumotlar ham aks ettirilishi mumkin.

Konstitutsiyaviy sudning ajrimi uni chiqarishda ishtirok etgan sudyalar tomonidan imzolanadi.

Agar Konstitutsiyaviy sudning ajrimi elektron shaklda shakllantirilgan boʻlsa, u sudyalar tomonidan elektron raqamli imzo bilan tasdiqlanadi.

88-modda. Ajrimning nusxasini yuborish

Ajrimning nusxasi taraflarga ajrim chiqarilgan kundan eʼtiboran besh kun ichida yuboriladi yoki tilxat olib topshiriladi, taraflarning elektron pochta manzillari mavjud boʻlgan taqdirda ajrim elektron hujjat tarzida yuborilishi mumkin.

89-modda. Konstitutsiyaviy sudning ish yuritishga oid hujjatlarini tuzish (tayyorlash)

Sud majlisiga tayyorgarlik koʻrish bosqichida ish yuritishga oid hujjatlar tuziladi.

Konstitutsiyaviy sudning ishi yozma va elektron shaklda tuziladi.

Konstitutsiyaviy sudning ishi elektron shaklda tuzilganda ishda ishtirok etuvchi shaxslar va konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilari hujjatlarni sudga elektron shaklda taqdim etadi. Ishda ishtirok etuvchi shaxslar va boshqa ishtirokchilar tomonidan sudga taqdim etilgan yozma hujjatlar elektron shaklda ishga qoʻshib qoʻyiladi.

Konstitutsiyaviy sudning ishi elektron shaklda shakllantirilganda sud hujjatlari sudyalarning elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlanadi.

Bunda sud majlisi bayonnomasi raislik qiluvchi va sud majlisi kotibining elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlanadi.

Ish yuritish toʻliq yoki qisman elektron shaklda amalga oshirilishi mumkin, bu haqda ajrim chiqariladi.

Texnik vositalardan va axborot xizmatlaridan foydalanish tartibi Konstitutsiyaviy sudning Reglamentida hamda boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilanadi.

13-bob. Sud majlisining bayonnomasi

90-modda. Sud majlisi bayonnomasining mazmuni

Sud majlisida sud majlisining bayonnomasi yuritiladi.

Sud majlisining bayonnomasida quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

sud majlisining vaqti va joyi;

sudning tarkibi va sud majlisining kotibi;

ishning nomi va raqami;

ishda ishtirok etuvchi shaxslarning kelgan-kelmaganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

Konstitutsiyaviy sudning harakatlari, ular sud majlisida qay tartibda bajarilgan boʻlsa, shu tartibda, ularning natijalari;

Konstitutsiyaviy sudning maslahatxonaga kirmasdan oʻz joyida qabul qilingan ajrimlari;

taraflarning tushuntirishlari va ishda ishtirok etuvchi shaxslarning iltimosnomalari;

ishni koʻrish jarayonida sudga taqdim etilgan dalillar haqidagi maʼlumotlar;

guvohlarning koʻrsatuvlari, ekspertlarning xulosalari va mutaxassislarning fikrlari, ularga berilgan savollar hamda olingan javoblar;

konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish boshqa ishtirokchilarining chiqishlari;

sud muzokaralarining mazmuni;

Konstitutsiyaviy sudning qarorini oʻqib eshittirish haqidagi maʼlumotlar.

Agar sud majlisi vaqtida audio- yoki videoyozuv qoʻllanilgan boʻlsa, audio- yoki videoyozuv bayonnomaga qoʻshib qoʻyiladi va bu haqda sud majlisining bayonnomasiga yozuv kiritiladi.

Sud majlisining bayonnomasi raislik qiluvchi va sud majlisining kotibi tomonidan imzolanadi, agar bayonnoma elektron shaklda shakllantirilgan boʻlsa, elektron raqamli imzo bilan tasdiqlanadi hamda ishga qoʻshib qoʻyiladi.

Sud majlisining bayonnomasi sud majlisi tugagan paytdan eʼtiboran uch kun ichida rasmiylashtirilishi kerak.

Konstitutsiyaviy sud tashabbusi bilan sud majlisi toʻgʻridan-toʻgʻri efir orqali uzatilishi mumkin va bu haqda sud majlisi bayonnomasida qayd etiladi.

91-modda. Sud majlisining bayonnomasi bilan tanishish va uning yuzasidan fikr-mulohazalar bildirish

Taraflar sud majlisining bayonnomasi imzolangan kundan eʼtiboran besh kun ichida u bilan tanishib chiqishga va u boʻyicha fikr-mulohazalarini bildirishga haqli, ushbu fikr-mulohazalar ular berilgan kundan eʼtiboran besh kun ichida, Konstitutsiyaviy sud tomonidan taraflarni chaqirmasdan koʻrib chiqilishi kerak. Konstitutsiyaviy sud fikr-mulohazalarga rozi boʻlgan taqdirda, ularni qabul qiladi, rozi boʻlmagan taqdirda esa ularni rad etadi va bu haqda ajrim chiqaradi. Sud majlisining boshqa ishtirokchilari sud majlisida raislik qiluvchining ruxsati bilan sud majlisi bayonnomasi bilan tanishib chiqishi mumkin.

14-bob. Mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisidagi axborotni qabul qilish

92-modda. Mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisidagi axborotni koʻrib chiqish tartibi

Konstitutsiyaviy sud konstitutsiyaviy sudlov ishlarini yuritish amaliyotini umumlashtirish natijalari yuzasidan har yili mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisida axborot (bundan buyon matnda Axborot deb yuritiladi) tayyorlaydi.

Axborot har yilning birinchi choragida sud majlisida koʻrib chiqiladi va qaror bilan tasdiqlanadi.

93-modda. Mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisida axborot taqdim etish

Axborot Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalariga va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga yuboriladi.

Konstitutsiyaviy sudning Axborotni tasdiqlash toʻgʻrisidagi qarori ushbu Qonunda belgilangan tartibda eʼlon qilinadi.

94-modda. Mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisidagi axborot boʻyicha ijro

Axborotda berilgan takliflar va tavsiyalar masʼul davlat organlari tomonidan koʻrib chiqilishi majburiydir.

Masʼul davlat organlarining Axborotda berilgan takliflar va tavsiyalarni koʻrib chiqish natijalari Konstitutsiyaviy sud majlisida muhokama qilinadi.

15-bob. Sud chiqimlarining va xarajatlarning oʻrnini qoplash

95-modda. Sud chiqimlari

Sud chiqimlari guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar va tarjimonlarga toʻlanishi lozim boʻlgan summalardan, shuningdek ishni koʻrib chiqish bilan bogʻliq boshqa xarajatlardan iborat boʻladi.

96-modda. Guvohlarning, ekspertlarning, mutaxassislarning va tarjimonlarning xarajatlari oʻrnini qoplash

Konstitutsiyaviy sudda ishlarni koʻrib chiqish munosabati bilan jalb etilgan guvohlarga, ekspertlarga, mutaxassislarga va tarjimonlarga qonunchilikka muvofiq xarajatlarining oʻrni qoplanadi.

Konstitutsiyaviy sudda ishlarni koʻrib chiqish munosabati bilan jalb etilgan ekspertlarga, mutaxassislarga va tarjimonlarga qonunchilikka muvofiq haq toʻlanadi.

16-bob. Ayrim toifadagi ishlar boʻyicha ish yuritishning oʻziga xos xususiyatlari

97-modda. Normativ-huquqiy hujjatlarning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi ishlarni yuritish

Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi xususida shubha tugʻdirgan aniq normativ-huquqiy hujjatlar yuzasidan qarorlar qabul qiladi.

Konstitutsiyaviy sud normativ-huquqiy hujjatning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini tekshirib, tekshirilgan hujjatga asoslangan yoxud uning qoidalarini takrorlaydigan normativ-huquqiy hujjatlar xususida ham, garchi Konstitutsiyaviy sud koʻrib chiqishi uchun kiritilgan murojaatda ular toʻgʻrisida soʻz yuritilmagan boʻlsa-da, bir vaqtning oʻzida qaror chiqarishga haqli.

Konstitutsiyaviy sud normativ-huquqiy hujjatning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini toʻliqligicha yoki uning bir qismini tekshirayotganda:

normalar mazmuni boʻyicha;

normativ-huquqiy hujjatning shakli boʻyicha;

davlat organlari va mansabdor shaxslar oʻrtasida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi bilan belgilangan vakolatlarning chegaralanishi nuqtai nazaridan;

normativ-huquqiy hujjatning qabul qilinishi, imzolanishi, shuningdek rasmiy eʼlon qilinishi va amalga kiritilishi tartibi boʻyicha uning Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlaydi.

Normativ-huquqiy hujjatning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisidagi ishni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

normativ-huquqiy hujjatni yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq emas deb topish toʻgʻrisida;

normativ-huquqiy hujjatni yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq deb topish toʻgʻrisida.

Qonunning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini tekshirish toʻgʻrisidagi ishni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud qonunni yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiq deb topib, unda mazkur qonunning yoki uning bir qismining amaliyotda notoʻgʻri yoxud ziddiyatli tarzda qoʻllanilishiga olib kelgan noaniqliklar topilgan taqdirda, ushbu Qonun normasiga rasmiy sharh berishga haqli.

Oʻzbekiston Respublikasining davlatlararo shartnomaviy yoki boshqa majburiyatining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash chegaralari ishning oʻziga xos xususiyatlari hisobga olingan holda, ushbu moddaning uchinchi qismiga muvofiq belgilanadi.

Ishni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

Oʻzbekiston Respublikasining davlatlararo shartnomaviy yoki boshqa majburiyatini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiq emas deb topish toʻgʻrisida;

Oʻzbekiston Respublikasining davlatlararo shartnomaviy yoki boshqa majburiyatini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiq deb topish toʻgʻrisida.

98-modda. Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti tomonidan imzolanguniga qadar — Oʻzbekiston Respublikasi konstitutsiyaviy qonunlarining, ratifikatsiya qilish toʻgʻrisidagi Oʻzbekiston Respublikasi qonunlari Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti tomonidan imzolanguniga qadar — Oʻzbekiston Respublikasi xalqaro shartnomalarining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi ishlarni yuritish

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti tomonidan imzolanguniga qadar — Oʻzbekiston Respublikasi konstitutsiyaviy qonunining, ratifikatsiya qilish toʻgʻrisidagi Oʻzbekiston Respublikasi qonuni Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti tomonidan imzolanguniga qadar — Oʻzbekiston Respublikasi xalqaro shartnomasining Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash chegaralari ishning oʻziga xos xususiyatlari hisobga olingan holda ushbu Qonun 97-moddasining uchinchi qismiga muvofiq belgilanadi.

Ishni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonunini, Oʻzbekiston Respublikasi xalqaro shartnomasini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq emas deb topish haqida;

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonunini, Oʻzbekiston Respublikasi xalqaro shartnomasini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq deb topish haqida.

Ushbu moddada nazarda tutilgan ishlar boʻyicha Konstitutsiyaviy sud tegishli hujjatlar olingan kundan eʼtiboran oʻn besh kundan kechiktirmasdan qaror qabul qiladi.

99-modda. Oʻzbekiston Respublikasi referendumiga chiqarilayotgan masalalarning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisida xulosa berish haqidagi ishlarni yuritish

Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasi referendumiga chiqarilayotgan masalalarning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisida xulosa beradi.

Ishni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud quyidagi xulosalardan birini beradi:

Oʻzbekiston Respublikasi referendumiga chiqarilayotgan masalani Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq emas deb topish toʻgʻrisida;

Oʻzbekiston Respublikasi referendumiga chiqarilayotgan masalani Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq deb topish haqida.

Ushbu moddada nazarda tutilgan ishlar boʻyicha Konstitutsiyaviy sud tegishli hujjatlar olingan kundan eʼtiboran oʻn besh kundan kechiktirmay qaror qabul qiladi.

100-modda. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Konstitutsiyasining Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga, Qoraqalpogʻiston Respublikasi qonunlarining Oʻzbekiston Respublikasining qonunlariga muvofiqligi toʻgʻrisida xulosa berish haqidagi ishlarni yuritish

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Konstitutsiyasining Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga , Qoraqalpogʻiston Respublikasi qonunlarining Oʻzbekiston Respublikasining qonunlariga muvofiqligini aniqlash chegaralari ishning oʻziga xos xususiyatlari hisobga olingan holda ushbu Qonun 97-moddasining uchinchi qismiga muvofiq belgilanadi.

Ishni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud quyidagi xulosalardan birini beradi:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Konstitutsiyasini yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq emas deb topish toʻgʻrisida;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Konstitutsiyasini yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq deb topish haqida;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi qonunini yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasining qonuniga muvofiq emas deb topish toʻgʻrisida;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi qonunini yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasining qonuniga muvofiq deb topish haqida.

101-modda. Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalarini sharhlash toʻgʻrisidagi ishlarni yuritish

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalarini rasmiy sharhlash ularda normalarning amaliyotda notoʻgʻri yoki ziddiyatli tarzda qoʻllanilishiga olib kelgan noaniqliklar topilgan taqdirda amalga oshiriladi.

Konstitutsiyaviy sudga Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalarini rasmiy sharhlash haqidagi murojaatda Konstitutsiyada va qonunda ularning amaliyotda notoʻgʻri yoki ziddiyatli tarzda qoʻllanilishiga olib kelgan noaniqliklar mavjudligiga doir vajlar hamda dalillar koʻrsatilgan boʻlishi kerak.

Ishni koʻrish yakunlari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud qaror qabul qiladi, uning xulosa qismida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi yoki qonuni normasiga rasmiy sharh boʻlishi kerak.

Konstitutsiyaviy sud zarur hollarda, Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy qonunlari normalari amaliyotda toʻgʻri qoʻllanilishini taʼminlash maqsadida ularga oʻz tashabbusi bilan rasmiy sharh berishi mumkin.

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalarini rasmiy sharhlash jarayonida ularga normalarni aniqlashtirishga qaratilgan tuzatishlar, oʻzgartirishlar, qoʻshimchalar kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

102-modda. Fuqarolar va yuridik shaxslarning konstitutsiyaviy huquqlari buzilganligi ustidan shikoyatlar boʻyicha muayyan ishda qoʻllanilgan qonunning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi ishlarni yuritish

Konstitutsiyaviy huquq va erkinliklari muayyan ishda qoʻllanilgan va Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq boʻlmagan qonunda buzilgan deb hisoblovchi fuqarolar hamda yuridik shaxslarning shikoyatlari, agar sudda himoya qilishning boshqa barcha vositalaridan foydalanib boʻlingan boʻlsa, sud tomonidan ishni koʻrib chiqish natijasi boʻyicha oxirgi sud hujjati qabul qilingan kundan eʼtiboran bir yildan kechiktirmasdan beriladi.

Fuqarolar va yuridik shaxslarning konstitutsiyaviy huquqlari hamda erkinliklari buzilganligi ustidan shikoyatda koʻrsatilgan qonunning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash chegaralari ishning oʻziga xos xususiyatlari hisobga olingan holda ushbu Qonun 97-moddasining uchinchi qismiga muvofiq belgilanadi.

Ishni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

qonunni yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq emas deb topish toʻgʻrisida;

qonunni yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga muvofiq deb topish haqida.

103-modda. Muayyan ishda qoʻllanilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi tomonidan kiritilgan murojaatlar toʻgʻrisidagi ishlarni yuritish

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudining muayyan ishda qoʻllanilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatlarning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisida sudlar tashabbusi bilan kiritilgan murojaati ushbu Qonunning 97-moddasida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi tomonidan muayyan ish boʻyicha qoʻllanilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisida sudlar tashabbusi bilan Konstitutsiyaviy sudga murojaat kiritilishi sudda tegishli ish boʻyicha ish yuritishni toʻxtatish uchun asos boʻladi.

Agar Konstitutsiyaviy sud murojaatda koʻrsatilgan muayyan ish boʻyicha sud tomonidan qoʻllanilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatni yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiq emas deb topish toʻgʻrisida qaror qabul qilsa, sud ish yuzasidan bunday normativ-huquqiy hujjatni qoʻllamaydi.

Muayyan ishda qoʻllanilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisidagi ish yuzasidan qaror Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudining murojaati koʻrib chiqish uchun qabul qilingan kundan eʼtiboran bir oydan kechiktirmay Konstitutsiyaviy sud tomonidan qabul qilinadi.

104-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurori buyruqlarining va (yoki) boshqa hujjatlarining Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga va qonunlariga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi ishlarni yuritish

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurori buyruqlarining va (yoki) boshqa hujjatlarining (bundan individual xususiyatga ega boʻlgan hujjatlar mustasno) yoki ular bir qismining Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga va qonunlariga muvofiqligini aniqlash chegaralari ishning oʻziga xos xususiyatlari hisobga olingan holda ushbu Qonun 97-moddasining uchinchi qismiga muvofiq belgilanadi.

Ishni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurorining buyrugʻini va (yoki) boshqa hujjatini (bundan individual xususiyatga ega boʻlgan hujjat mustasno) yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga va qonunlariga muvofiq emas deb topish toʻgʻrisida;

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurorining buyrugʻini va (yoki) boshqa hujjatini (bundan individual xususiyatga ega boʻlgan hujjat mustasno) yoki uning bir qismini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga va qonunlariga muvofiq deb topish haqida.

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurorining Konstitutsiyaviy sud qaroriga koʻra Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga va qonunlariga muvofiq emas deb topilgan buyrugʻi va (yoki) boshqa hujjati (bundan individual xususiyatga ega boʻlgan hujjat mustasno) oʻzining amal qilishini tugatadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurori Konstitutsiyaviy sudning qarori asosida oʻzining buyrugʻini va (yoki) boshqa hujjatini (bundan individual xususiyatga ega boʻlgan hujjat mustasno) bir oydan kechiktirmasdan Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga va qonunlariga muvofiqlashtirishi kerak.

17-bob. Yakunlovchi qoidalar

105-modda. Konstitutsiyaviy sudning xalqaro tashkilotlar va xorijiy mamlakatlar konstitutsiyaviy nazorat organlari bilan hamkorligi

Konstitutsiyaviy sud xorijiy mamlakatlarning konstitutsiyaviy nazorat organlari tomonidan tashkil etilgan xalqaro tashkilotlarga aʼzo boʻlishi mumkin.

Konstitutsiyaviy sud xalqaro tashkilotlar va xorijiy mamlakatlarning konstitutsiyaviy nazorat organlari bilan hamkorlik qilishi, deklaratsiyalar, anglashuv memorandumlari, ahdlashuv bayonnomalari, hamkorlik rejalari tuzishi, shuningdek oʻzaro tajriba hamda axborot almashish sohasida hamkorlik qilishi mumkin.

106-modda. Konstitutsiyaviy sudning devoni

Konstitutsiyaviy sudning faoliyatini taʼminlash uchun devon tashkil etiladi.

Konstitutsiyaviy sud devoni:

Konstitutsiyaviy sud faoliyatini tashkiliy, ilmiy, axborot-tahliliy, moddiy-texnika jihatidan taʼminlaydi;

Konstitutsiyaviy sud hujjatlarining davlat organlari tomonidan ijro etilish holatini monitoring qilib boradi va umumlashtiradi;

ushbu Qonunda va Konstitutsiyaviy sudning Reglamentida belgilangan boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.

Devonning tuzilmasi va shtat birligi ajratilgan mablagʻlar doirasida Konstitutsiyaviy sud raisi tomonidan tasdiqlanadi.

Devon xodimlariga mansab darajalarini belgilash va berish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari tomonidan tasdiqlanadigan nizomda belgilanadi.

107-modda. Konstitutsiyaviy sudda sudyalik lavozimiga nomzodlar zaxirasi

Konstitutsiyaviy sudda sudyalar tarkibini yuqori malakali mutaxassislar bilan taʼminlash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Sudyalar oliy kengashi bilan birgalikda sudyalik lavozimiga nomzodlar zaxirasi shakllantiriladi.

Sudyalik lavozimiga nomzodlar zaxirasini shakllantirish va yuritish tartibi Konstitutsiyaviy sudning Reglamentida belgilanadi.

108-modda. Konstitutsiyaviy sud huzuridagi ilmiy-maslahat kengashi

Konstitutsiyaviy sud huzurida maslahat organi boʻlgan va jamoatchilik asosida faoliyat koʻrsatadigan ilmiy-maslahat kengashi tuziladi. Konstitutsiyaviy sudning faoliyatiga oid masalalar boʻyicha ilmiy asoslangan tavsiyalar ishlab chiqish ushbu kengashning asosiy vazifasiga kiradi.

109-modda. Konstitutsiyaviy sudning faoliyatini moliyalashtirish

Konstitutsiyaviy sudning faoliyatini moliyalashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi va unda alohida satrda nazarda tutiladi.

Konstitutsiyaviy sudning faoliyatini moliyalashtirish tartibi alohida qonun bilan belgilanadi.

110-modda. Konstitutsiyaviy sud sudyalarining moddiy va ijtimoiy taʼminoti

Konstitutsiyaviy sud sudyalarining mehnatiga haq toʻlash, ularga har yilgi taʼtilni berish, sudyalarni va ularning oila aʼzolarini ijtimoiy muhofaza qilish chora-tadbirlari, sudyalarning hayoti va sogʻligʻini davlat tomonidan majburiy tartibda sugʻurta qilish bilan bogʻliq moddiy va ijtimoiy taʼminoti qonunga muvofiq belgilanadi.

Konstitutsiyaviy sud sudyasining ish haqi lavozim maoshidan, malaka darajasi va koʻp yillik xizmati uchun toʻlanadigan ustama haqlardan iborat boʻladi.

111-modda. Konstitutsiyaviy sudda davlat ramzlari

Konstitutsiyaviy sud binosida Oʻzbekiston Respublikasining Davlat bayrogʻi koʻtariladi va Davlat gerbining tasviri joylashtiriladi.

Sudning majlislar zalida, shuningdek Konstitutsiyaviy sud raisining xizmat xonasida Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri, Oʻzbekiston Respublikasining Davlat bayrogʻi, Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining rasmiy nashri joylashtiriladi.

112-modda. Konstitutsiyaviy sud sudyalarining maxsus kiyim-boshi

Konstitutsiyaviy sud sudyalari sudlov ishini maxsus kiyim-boshda olib boradi, ushbu kiyim-boshning tavsifi va namunasi Konstitutsiyaviy sud tomonidan tasdiqlanadi.

113-modda. Konstitutsiyaviy sud sudyasining guvohnomasi

Konstitutsiyaviy sud sudyasiga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan imzolanadigan guvohnoma beriladi.

114-modda. Konstitutsiyaviy sudning muhri

Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi yozilgan muhrga ega boʻladi.

115-modda. Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

116-modda. Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish

Oʻzbekiston Respublikasining quyidagi qonun hujjatlariga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin:

1. Oʻzbekiston Respublikasining 1991-yil 18-noyabrda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining referendumi toʻgʻrisida”gi 417-XII-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasining 2001-yil 30-avgustda qabul qilingan 265-II-sonli Qonuni tahririda) (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 2001-yil, № 9-10, 176-modda; 2005-yil, № 1, 18-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, № 9, 588-modda; 2021-yil, 4-songa ilova; 2022-yil, № 3, 216-modda, № 6, 574-modda, № 10, 983-modda; 2023-yil, № 5, 316-modda, № 11, 923-modda, № 12, 1003-modda) 3-moddasi quyidagi mazmundagi uchinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi Oʻzbekiston Respublikasi referendumiga qoʻyilayotgan masalani Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiq emas deb topsa, mazkur masala yuzasidan referendum oʻtkazilmaydi”.

2. Oʻzbekiston Respublikasining 2020-yil 15-oktabrda qabul qilingan “Nogironligi boʻlgan shaxslarning huquqlari toʻgʻrisida”gi OʻRQ-641-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2020-yil, № 10, 594-modda; 2021-yil, 4-songa ilova; 2022-yil, № 6, 570-modda; 2024-yil, № 9, 956, 958-moddalar, № 10, 1079-modda; 2025-yil, № 1, 7-modda, № 10, 1155-modda, № 12, 1322, 1329-moddalar) 28-moddasi toʻrtinchi qismining ikkinchi xatboshisi “amalga oshirishda yoki” degan soʻzlardan keyin “konstitutsiyaviy” degan soʻz bilan toʻldirilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 28-iyulda qabul qilingan “Sudlar toʻgʻrisida”gi OʻRQ-703-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2021-yil, № 7, 663-modda; 2024-yil, № 2, 117-modda, № 8, 823-modda, № 9, 964-modda; 2025-yil, № 1, 8-modda, № 6, 727-modda, № 8, 969-modda, № 12, 1329-modda; 2026-yil, № 7, 747-modda, № 8, 926-modda) 3-ilovaga quyidagi oʻzgartirishlar kiritilsin:

1) 2-moddaning matnidagi “Konstitutsiyaviy sud” degan soʻzlar “Konstitutsiyaviy sud devoni” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

2) 4-moddaning:

beshinchi xatboshisidagi “Konstitutsiyaviy sud kotibiyati mudiriga” degan soʻzlar “Konstitutsiyaviy sud devoni mudiriga, ekspertlar guruhi rahbariga, boʻlim boshliqlariga, matbuot xizmati rahbariga” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

oltinchi xatboshisi “Konstitutsiyaviy sudning katta ekspertlariga” degan soʻzlardan keyin “bosh konsultantlariga, bosh mutaxassislariga, birinchi boʻlim mudiriga” degan soʻzlar bilan toʻldirilsin;

yettinchi xatboshisi “Konstitutsiyaviy sudning ekspertlariga” degan soʻzlardan keyin “katta konsultantlariga, katta mutaxassislariga, devonxona mudiriga” degan soʻzlar bilan toʻldirilsin.

117-modda. Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish

Quyidagilar oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin:

1) Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 27-aprelda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi OʻRQ-687-sonli Konstitutsiyaviy Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2021-yil, № 4, 292-modda);

2) Oʻzbekiston Respublikasining 2024-yil 12-yanvarda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuniga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi OʻRQ-895-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2024-yil, № 1, 4-modda);

3) Oʻzbekiston Respublikasining 2024-yil 29-fevralda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Bola huquqlari boʻyicha vakili (Bolalar ombudsmani) toʻgʻrisida”gi OʻRQ-917-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2024-yil, № 2, 117-modda) 42-moddasi birinchi qismining 2-bandi ;

4) Oʻzbekiston Respublikasining 2026-yil 20-aprelda qabul qilingan “Kam taʼminlangan shaxslarga davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish tizimi yanada takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-1135-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2026-yil, № 4, 358-modda) 1-moddasi ;

5) Oʻzbekiston Respublikasining 2026-yil 11-sentabrda qabul qilingan “Sud hokimiyati organlari faoliyatini moliyalashtirish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-1177-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2026-yil, № 9, 1050-modda) 11-moddasining 3-bandi .

118-modda. Ushbu Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

119-modda. Qonunchilikni ushbu Qonunga muvofiqlashtirish

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

120-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Ushbu Qonunning 29-moddasi , 58-moddasi ikkinchi qismi va 59-moddasi 2028-yil 1-yanvardan eʼtiboran amalga kiritiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 14-oktabr,

OʻRQ-1181-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 15.10.2026-y., 03/26/1181/1033-son)

lex.uz