UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 16-sentabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Transport vazirligi huzuridagi fuqaro aviatsiyasi agentligi direktori

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 16 сентябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Транспорт вазирлиги ҳузуридаги фуқаро авиацияси агентлиги директори

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 16 сентября 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Директор Агентства гражданской авиации при министерстве транспорта

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 16 September 2026 · Ministry and agency documents · Transport vazirligi huzuridagi fuqaro aviatsiyasi agentligi direktori

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги фуқаро авиацияси агентлиги директорининг

буйруғи

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг учишга яроқлиликни таъминлаш бўйича авиация қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 июндаги ПФ-94-сон « Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида »ги ҳамда 2025 йил 27 октябрдаги ПФ-193-сон « Фуқаро авиацияси соҳасида давлат сиёсати юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида »ги фармонларига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг учишга яроқлиликни таъминлаш бўйича авиация қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директорининг 2026 йил 16 сентябрдаги 11-н-сон буйруғига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг учишга яроқлиликни таъминлаш бўйича авиация қоидалари

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг учишга яроқлиликни таъминлаш тартибини белгилайди.

I бўлим. Умумий қоидалар

1-боб. Асосий тушунчалар

1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

вертолёт — тахминан вертикал ҳолатда жойлашган ўқлар атрофида куч қурилмаси томонидан айлантириладиган бир ёки бир нечта кўтарувчи винтлар билан ҳаво реакцияси туфайли парвозда ушлаб туриладиган ҳаводан оғир ҳаво кемаси ;

ҳаво кемаси — ҳаво билан ўзаро таъсир ҳисобига, ер сатҳидан қайтган ҳаво билан ўзаро таъсирдан ташқари, атмосферада ҳаракатланадиган учиш аппарати (масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемалари учун ҳам татбиқ этилади);

инсон имкониятлари — авиация фаолиятининг хавфсизлиги ва самарадорлигига таъсир кўрсатувчи инсоннинг қобилиятлари ҳамда имкониятларининг чегаралари;

ишлаб чиқарувчи давлат — ҳаво кемаси, масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винтини якуний йиғиш учун масъул ташкилот фаолиятига нисбатан юрисдикцияга эга бўлган давлат;

лойиҳаловчи давлат — авиация техникаси турининг конструкциясини ишлаб чиқиш учун масъул ташкилот фаолиятига нисбатан юрисдикцияга эга бўлган давлат;

модификацияни лойиҳаловчи давлат — ҳаво кемаси, двигатель ёки ҳаво винтини таъмирлаш ёхуд модификация қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун масъул бўлган жисмоний шахс ёки ташкилотга нисбатан юрисдикцияга эга давлат;

рўйхатга олувчи давлат — реестрига ҳаво кемаси киритилган давлат ;

двигатель — ҳаво кемасини ҳаракатга келтириш учун фойдаланиладиган ёки шу мақсадда фойдаланишга мўлжалланган, ишлаши ва бошқарилишини таъминлаш учун зарур барча таркибий қисмлар ҳамда ускуналарни ўз ичига оладиган қурилма (ҳаво винти ёки кўтарувчи винтларни (агар мавжуд бўлса) ўз ичига олмайди);

С2 бошқарув ва назорат линияси — масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемаси ва масофадан туриб бошқариш пункти ўртасида ҳаво кемасининг парвозини бошқариш учун зарур буйруқлар ҳамда назорат маълумотларини узатишга мўлжалланган маълумотлар узатиш линияси;

масофадан туриб бошқариладиган авиация тизими — масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемаси, унга тегишли масофадан туриб бошқариш пункти, зарур С2 бошқарув ва назорат линияси ҳамда ушбу турдаги тизим конструкциясида назарда тутилган бошқа барча элементлардан иборат тизим;

масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемаси — масофадан туриб бошқариш пунктидан бошқариладиган учувчисиз ҳаво кемаси;

етарли далил — учишга яроқлиликнинг муайян талабига мувофиқликни тасдиқловчи ҳамда аҳдлашувчи давлат томонидан етарли деб тан олинган ҳужжатлар ёки ишлар мажмуйи;

авиация техникаси турининг конструкцияси — ҳаво кемаси, масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винтининг турини аниқлаш ҳамда унинг парвозга яроқлиликни баҳолаш учун зарур маълумотлар мажмуйи;

модификация — ҳаво кемаси, двигатель ёки ҳаво винти турининг конструкциясига киритилган ўзгартириш (модификация тушунчаси техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги гувоҳнома билан боғлиқ техник хизмат кўрсатиш вазифаси доирасида модификацияни амалга оширишни ҳам қамраб олиши мумкин);

аниқлаш ва бартараф этиш — яқин атрофдаги ҳаво кемалари ёки бошқа хавф манбаларини кўриш, таниб олиш ёхуд аниқлаш ҳамда тегишли чораларни кўриш қобилияти;

авиация техникаси турининг конструкцияси учун масъул ташкилот — аҳдлашувчи давлат томонидан берилган ҳаво кемаси, масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винти турининг сертификатига ёки унга тенглаштирилган ҳужжатга эгалик қилувчи ташкилот;

учишга яроқлиликни сақлаш — ҳаво кемаси, масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель, ҳаво винти ёки таркибий қисмнинг учишга яроқлилик нормаларига мувофиқлигини ҳамда уларнинг хизмат муддати давомида хавфсиз эксплуатация шароитига мос ҳолатда сақланишини таъминлайдиган жараёнлар мажмуйи;

парвозларни бажаришга яроқлилиги — ҳаво кемаси, масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель, ҳаво винти ёки таркибий қисмнинг сертификатланган конструкциясига мувофиқ бўлган ва хавфсиз фойдаланиш шартларига жавоб берадиган ҳолати;

учишга яроқлилик сертификатини тан олиш (бундан буён матнда тан олиш деб юритилади) — аҳдлашувчи давлат ўзининг учишга яроқлилик сертификатини бериш ўрнига бошқа аҳдлашувчи давлат томонидан берилган сертификатни ўзининг сертификатига тенг ҳужжат сифатида тан олиши;

масофадан туриб бошқариш пункти — масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемасини бошқариш учун фойдаланиладиган ускуналарни ўз ичига олган масофадан туриб бошқариладиган авиация тизими элементи;

техник хизмат кўрсатиш бўйича қайд этиладиган маълумотлар — ҳаво кемаси, двигатель, ҳаво винти ёки тегишли таркибий қисмда бажарилган техник хизмат кўрсатиш ишлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи қайд этиладиган маълумотлар;

таъмирлаш — ҳаво кемаси, двигатель, ҳаво винти ёки тегишли таркибий қисмнинг шикастланиши ёхуд эскириши натижасида йўқотилган учишга яроқлиликни учишга яроқлилик нормаларига мувофиқ қайта тиклаш;

фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотининг фаолияти бўйича қўлланма — фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти раҳбари томонидан келишилган ҳамда унинг тузилмаси ва раҳбариятининг мажбуриятлари, бажариладиган ишлар соҳаси, ишлаб чиқариш базаси, техник хизмат кўрсатиш тартиб-таомиллари ҳамда сифатни таъминлаш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи ҳужжат;

самолёт — двигатель ёрдамида ҳаракатланадиган ҳаводан оғир ҳаво кемаси бўлиб, унинг парвоз вақтидаги кўтариш кучи асосан маълум парвоз шароитларида қўзғалмас бўлиб қоладиган юзалардаги аэродинамик таъсирлар ҳисобига ҳосил бўлади ;

техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги гувоҳнома — кўрсатилган техник хизмат кўрсатиш ишлари учишга яроқлилик нормаларига мувофиқ етарли даражада бажарилганлигини тасдиқловчи маълумотларни ўз ичига олувчи ҳужжат;

учишга яроқлилик нормалари — ҳаво кемалари, масофадан туриб бошқариш пунктлари, двигателлар ёки ҳаво винтларининг кўриб чиқилаётган синфи учун аҳдлашувчи давлат томонидан белгиланган, қабул қилинган ёхуд тан олинган кенг қамровли ва батафсил учишга яроқлилик талаблари мажмуйи;

учишга яроқлилик сертификати — Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенциянинг 31-моддасида назарда тутилган, ҳаво кемасининг учишга яроқлиликни тасдиқловчи ҳужжат;

техник хизмат кўрсатиш — ҳаво кемаси, масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель, ҳаво винти ёки тегишли таркибий қисмнинг учишга яроқлиликни сақлаш учун зарур бўлган ишларни, шу жумладан алоҳида ёки биргаликда бажариладиган назорат-тиклаш, текшириш, алмаштириш, носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек модификация ёки таъмирлаш ишларини бажариш;

аҳдлашувчи давлат — Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенциянинг иштирокчиси бўлган давлат.

II бўлим. Ҳаво кемаларини сертификатлаш ва учишга яроқлиликни сақлаш

1-боб. Учишга яроқлилик сертификатини бериш ва унинг амал қилишини таъминлаш

2. Учишга яроқлилик сертификати Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги (бундан буён матнда «Ўзавиация» агентлиги деб юритилади) томонидан ҳаво кемасининг учишга яроқлилик нормаларида белгиланган конструкцияга қўйилган талабларга мувофиқлиги етарли далиллар билан тасдиқланган тақдирда берилади.

3. Масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемасига берилган учишга яроқлилик сертификати масофадан туриб бошқариладиган авиация тизимининг яхлит тизим сифатида парвозларни бажаришга яроқлиликни тасдиқловчи маълумотларни (ҳаво кемасининг идентификация маълумотларини, унинг учишга яроқлилик ҳолати, масофадан туриб бошқариш пункти, алоқа ва бошқарув каналлари ҳамда тегишли тизимлар ва ускуналарнинг техник ҳолати тўғрисидаги маълумотларни) ўз ичига олади ҳамда ушбу тизимнинг авиация техникаси турининг конструкциясига мувофиқлиги ва хавфсиз эксплуатация қилиш учун яроқли ҳолатда эканлигини тасдиқлайди.

4. «Ўзавиация» агентлиги Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенциянинг 33-моддасига мувофиқ аҳдлашувчи давлат томонидан берилган учишга яроқлилик сертификатини ҳаво кемаси мазкур Қоидаларнинг талабларига мувофиқ бўлганда ҳамда тегишли учишга яроқлилик нормаларига риоя этилганда тан олади.

5. «Ўзавиация» агентлиги ҳаво кемасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомнинг 54-иловасига мувофиқ учишга яроқлилик бўйича махсус сертификат беради.

Бунда ушбу сертификат бошқа давлатлар юрисдикциясидаги ҳудудларда парвоз қилиш ёки улар устидан учиб ўтишга рухсат беришда қўлланилиши мумкин бўлган шартлар ва чекловларни ҳам қамраб олади.

6. Учишга яроқлилик бўйича стандарт сертификати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомнинг 54-иловасига мувофиқ бир календар йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади .

7. Бошқа давлат томонидан берилган амалдаги учишга яроқлилик бўйича экспорт сертификатига эга ҳаво кемаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемаларининг давлат реестрига киритилганда, «Ўзавиация» агентлиги учишга яроқлилик бўйича стандарт сертификат бериш учун экспорт сертификатини ҳаво кемасининг тегишли учишга яроқлилик нормаларига ва мазкур Қоидаларнинг талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи етарли далил сифатида қабул қилади.

8. «Ўзавиация» агентлиги ҳаво кемасини бошқа аҳдлашувчи давлатнинг реестрига ўтказишга кўмаклашиш мақсадида ушбу аҳдлашувчи давлатга учишга яроқлилик бўйича экспорт сертификатини беради. Ушбу учишга яроқлилик бўйича экспорт сертификати парвозларни амалга ошириш ҳуқуқини бермайди, бироқ экспорт қилувчи давлат томонидан ҳаво кемасининг учишга яроқлилик ҳолати бўйича ўтказилган сўнгги текширув ижобий якунланганини тасдиқлайди. Учишга яроқлилик бўйича экспорт сертификатини бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомнинг 54-иловасига мувофиқ берилади.

9. Учишга яроқлилик сертификатини бериш ўрнига бошқа давлат томонидан берилган учишга яроқлилик сертификатини ҳақиқий деб эътироф этилганда, ҳақиқийлигини тасдиқловчи ва у билан бирга сақланадиган тан олиш сертификати берилади. Бунда бошқа давлат томонидан берилган учишга яроқлилик сертификати миллий сертификатга тенглаштирилади. Тан олиш сертификатининг амал қилиш муддати тан олинаётган учишга яроқлилик сертификатининг амал қилиш муддатидан ошмаслиги лозим.

2-боб. Учишга яроқлилик сертификатининг шакли

10. Фуқаро ҳаво кемасининг учишга яроқлилик сертификати (бундан масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемалари мустасно) қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

а) давлат таниш ва рўйхат белгилари;

б) ҳаво кемаси ишлаб чиқарувчиси томонидан берилган белгиси (унинг тури ва моделини ўз ичига олиши керак);

д) ҳаво кемасининг серия (завод) рақами;

э) ҳаво кемасининг ишлаб чиқарувчиси;

ф) максимал учиш вазни;

г) ҳаво кемасининг тоифалари ва (ёки) татбиқ этилиши (ҳаво кемасининг рухсат этилган парвоз тоифасини кўрсатиш учун фойдаланилади, масалан: йўловчи, транспорт, махсус мақсадли);

ҳ) Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенция ҳамда тегишли учишга яроқлилик нормаларига ҳавола келтирилиши;

и) учишга яроқлилик сертификати биринчи марта берилганлиги ёки унинг янгиланганлигининг қайд этилиши;

ж) учишга яроқлилик сертификатининг берилган санаси;

к) учишга яроқлилик сертификатининг амал қилиш муддати;

л) тасдиқлаган мансабдор шахснинг имзоси.

11. Масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемаларининг учишга яроқлилик сертификати қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

а) давлат таниш ва рўйхат белгилари;

б) масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемаси ишлаб чиқарувчиси томонидан берилган белгиси (унинг тури ва моделини ўз ичига олиши керак);

д) масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемасининг серия (завод) рақами;

э) масофадан туриб бошқариш пунктининг тури (турлари) ва (ёки) модели (моделлари);

ф) масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемаси учун алоқа линияси (линиялари) (С2 линияси) (масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемасини бошқариш ва назорат қилиш учун рухсат этилган, сертификатлаштириш талабларига жавоб берадиган ҳамда белгиланган эксплуатация чекловларига мувофиқ фойдаланиладиган С2 бошқарув ва назорат линиясининг (линияларининг) номланиши кўрсатилиши керак);

г) ҳаво кемасининг тоифалари ва (ёки) татбиқ этилиши (масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемасининг рухсат этилган эксплуатация парвоз тоифасини кўрсатиш учун фойдаланилади, масалан: йўловчи, транспорт, махсус қўлланилиши);

ҳ) Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенция ҳамда тегишли учишга яроқлилик нормаларига ҳавола келтирилиши;

и) учишга яроқлилик сертификати биринчи марта берилганлиги ёки унинг янгиланганлигининг қайд этилиши;

ж) учишга яроқлилик сертификатининг берилган санаси;

к) учишга яроқлилик сертификатининг амал қилиш муддати;

л) тасдиқлаган мансабдор шахснинг имзоси.

12. Халқаро парвозларни амалга оширувчи фуқаро ҳаво кемаси учун учишга яроқлилик сертификатининг матни инглиз тилида бўлиши лозим .

13. Парвозларни амалга ошириш вақтида учишга яроқлилик сертификати ҳаво кемасида бўлиши лозим. Амалдаги учишга яроқлилик сертификати бўлмаган ҳолларда ҳаво кемасида парвозларни амалга ошириш тақиқланади .

3-боб. Ҳаво кемаси учун белгиланган чекловлар ва маълумотлар

14. Ҳар бир ҳаво кемасига тегишли учишга яроқлилик нормаларига мувофиқ унинг учишга яроқли деб ҳисобланиши учун риоя этилиши лозим бўлган тасдиқланган чекловларни ўз ичига олган парвоз эксплуатацияси бўйича қўлланма, жадваллар, схемалар ёки бошқа ҳужжатлар илова қилинади ҳамда ҳаво кемасининг хавфсиз эксплуатациясини таъминлаш учун зарур қўшимча йўриқномалар ва маълумотлар тақдим этилади.

15. Масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемасининг хавфсиз эксплуатациясини таъминлаш учун зарур маълумотлар, шу жумладан масофадан туриб бошқариш пунктлари ҳамда С2 бошқарув ва назорат линиясига оид маълумотлар тақдим этилади.

4-боб. Учишга яроқлиликнинг вақтинча йўқотилиши

16. Ҳаво кемасининг учишга яроқлилик ҳолати тегишли учишга яроқлилик нормаларига мувофиқ сақланмаган тақдирда, унинг учишга яроқлилиги тиклангунга қадар ундан фойдаланиш тақиқланади.

17. Масофадан туриб бошқариладиган ҳаво кемасининг учишга яроқлиликни тиклаш унинг бошқарилишини таъминловчи масофадан туриб бошқариш пунктлари, зарур С2 бошқарув ва назорат линияси (линиялари), шунингдек тегишли учишга яроқлилик нормаларида назарда тутилган бошқа таркибий қисмларнинг яроқлиликни тиклашни ҳам ўз ичига олади.

5-боб. Ҳаво кемасининг шикастланиши

18. Ҳаво кемаси шикастланган тақдирда «Ўзавиация» агентлиги ушбу шикастланиш оқибатида ҳаво кемаси тегишли учишга яроқлилик нормаларида белгиланган учишга яроқлилик ҳолатини йўқотган ёки йўқотмаганлиги тўғрисида қарор қабул қилади.

19. Бошқа аҳдлашувчи давлатда рўйхатдан ўтказилган ҳаво кемаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шикастланган ёки унинг шикастланиши ушбу ҳудудда аниқланган тақдирда «Ўзавиация» агентлиги ҳаво кемасининг парвозни давом эттиришини тўхтатиб туришга ҳақли.

Бунда «Ўзавиация» агентлиги рўйхатдан ўтказиш давлатини зудлик билан хабардор қилиши ҳамда қарор қабул қилиш учун зарур барча маълумотларни (ҳаво кемасининг шикастланиш хусусияти ва кўлами тўғрисидаги маълумотларни ҳамда бошқа аниқланган маълумотларни) унга юбориши шарт.

20. «Ўзавиация» агентлиги ҳаво кемасининг шикастланиши уни парвозларни бажаришга яроқсиз ҳолга келтирган деб топса, унинг учишга яроқлилиги тиклангунга қадар парвозларни тақиқлайди.

Бунда «Ўзавиация» агентлиги махсус чекловлар белгилаган ҳолда ҳаво кемасининг учишга яроқлилиги тикланадиган аэродромга нотижорат парвозини амалга оширишга рухсат бериши мумкин. Ушбу чекловларни белгилашда ҳаво кемасининг парвозни давом эттиришини дастлаб тақиқлаган аҳдлашувчи давлат таклиф этган барча чекловлар ҳисобга олинади. Мазкур аҳдлашувчи давлат белгиланган чекловларга риоя этилган ҳолда бундай парвозларни амалга оширишга рухсат беради.

21. Рўйхатдан ўтказиш давлати ҳаво кемасининг шикастланиши уни парвозларни бажаришга яроқсиз ҳолга келтирмаган деб топса, ушбу ҳаво кемасига парвозни давом эттиришга рухсат берилади.

III бўлим. Ҳаво кемаларининг учишга яроқлиликни сақлаш бўйича давлатлар ва ваколатли органларнинг вазифалари

1-боб. Лойиҳаловчи давлат томонидан учишга яроқлиликни сақлашни таъминлаш

22. Ҳаво кемасини лойиҳаловчи давлат:

а) ҳаво кемасини лойиҳаловчи давлат ҳаво кемасининг Ўзбекистон Республикасининг Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестрига киритилганлиги тўғрисида хабардор қилинганидан сўнг, «Ўзавиация» агентлигининг мурожаатига асосан ҳаво кемасининг учишга яроқлиликни сақлаш ва хавфсиз эксплуатациясини таъминлаш учун зарур бўлган барча умумий маълумотларни, шу жумладан тегишли ҳолларда масофадан туриб бошқариш пунктлари, двигателлар ва ҳаво винтларига оид маълумотларни (бундан буён матнда учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги мажбурий маълумотлар деб юритилади) тақдим этади.

Учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги мажбурий маълумотларга ҳаво кемасини модификация қилиш, қисмларини алмаштириш ёки текшириш, шунингдек эксплуатация чекловлари ва қоидаларига ўзгартиришлар киритиш бўйича мажбурий талаблар ҳамда аҳдлашувчи давлатлар томонидан учишга яроқлилик директивалари шаклида чиқариладиган маълумотлар киради.

Ҳаво кемасини лойиҳаловчи давлат масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винтини лойиҳаловчи давлат томонидан илгари чиқарилган учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги мажбурий маълумотлар тегишли масалани тўлиқ қамраб олганига ишонч ҳосил қилса, ушбу маълумотларни улар ҳақида аввал хабардор қилинган аҳдлашувчи давлатларга қайта юбориши талаб этилмайди;

б) максимал учиш вазни 5700 кг дан ортиқ бўлган самолётлар ҳамда 3175 кг дан ортиқ бўлган вертолётлар учун қуйидагиларни таъминлайдиган тизимнинг мавжудлигини таъминлайди:

самолётлар ва вертолётларнинг учишга яроқлиликни сақлашга салбий таъсир кўрсатадиган ёки кўрсатиши мумкин бўлган носозликлар, бузилишлар, нуқсонлар ва бошқа ҳодисалар тўғрисидаги маълумотларни олиш;

учишга яроқлиликни таъминлаш чораларини кўриш зарурлигини ва уларни қачон амалга ошириш лозимлигини аниқлаш;

учишга яроқлиликка оид зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни, шу жумладан ҳаво кемасининг (тегишли ҳолларда двигателлар ва ҳаво винтларини ҳам қўшган ҳолда) учишга яроқлиликни сақлаш ҳамда ҳаво кемасининг хавфсиз эксплуатациясини таъминлаш учун зарур бўлган маълумотларни тарқатиш;

д) максимал учиш вазни 5700 кг дан ортиқ бўлган самолётларга нисбатан самолётнинг учишга яроқлиликни таъминлаш учун конструкция бутунлигини сақлаш дастури мавжудлигини таъминлайди. Ушбу дастур коррозиянинг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича аниқ маълумотларни ўз ичига олади;

э) масофадан туриб бошқариладиган самолётлар ва масофадан туриб бошқариладиган вертолётларга нисбатан қуйидагиларни таъминловчи тизим мавжудлигини таъминлайди:

максимал учиш вазни 5700 кг дан ортиқ масофадан туриб бошқариладиган самолётлар ҳамда максимал учиш вазни 3175 кг дан ортиқ масофадан туриб бошқариладиган вертолётларнинг учишга яроқлиликни сақлашга салбий таъсир кўрсатадиган ёки кўрсатиши мумкин бўлган носозликлар, бузилишлар, нуқсонлар ва бошқа ҳодисалар тўғрисидаги маълумотларни олиш;

учишга яроқлиликни таъминлаш чораларини кўриш зарурлигини ва уларни қачон амалга ошириш лозимлигини аниқлаш;

учишга яроқлиликка оид зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни, шу жумладан масофадан туриб бошқариш пунктларининг (тегишли ҳолларда двигателлар ва ҳаво винтларини ҳам қўшган ҳолда) учишга яроқлиликни сақлаш ҳамда ҳаво кемасининг хавфсиз эксплуатациясини таъминлаш учун зарур бўлган маълумотларни тарқатиш;

ф) масофадан туриб бошқариладиган самолётлар ва вертолётларнинг вазни ҳамда эксплуатация тоифасини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг учишга яроқлилигини таъминлашга қаратилган конструкция бутунлигини сақлаш дастурининг мавжудлигини таъминлайди. Тегишли ҳолларда ушбу дастур коррозиянинг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этишга оид аниқ маълумотларни ўз ичига олади.

23. Масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винтини лойиҳаловчи давлат ҳаво кемасини лойиҳаловчи давлатдан бошқа давлат бўлса, у қуйидагиларни бажариши шарт:

а) учишга яроқлиликни сақлашга оид барча маълумотларни ҳаво кемасини лойиҳаловчи давлатга, шунингдек сўровга асосан бошқа ҳар қандай аҳдлашувчи давлатга юбориши.

Учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги мажбурий маълумотларни юбориш бўйича умумий масъулият ҳаво кемасини лойиҳаловчи давлат зиммасида бўлса-да, масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винтини лойиҳаловчи айрим давлатлар ушбу маълумотларни бевосита рўйхатдан ўтказиш давлатларига ва бошқа аҳдлашувчи давлатларга юбориши мумкин. Бундай амалиёт мажбурий маълумотларнинг тезкор етказилиши ва одатдаги тартибда қайта ишланишига хизмат қилади. Бунда ҳаво кемасини лойиҳаловчи давлат кейинчалик масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винтини лойиҳаловчи давлат юборган маълумотларга қўшимча мажбурий маълумотларни юборса, улар ўртасида номувофиқлик юзага келган тақдирда, ҳаво кемасини лойиҳаловчи давлатдан олинган мажбурий маълумотлар устун ҳисобланади;

б) масофадан туриб бошқариладиган самолётлар ва вертолётларга, максимал учиш вазни 5700 кг дан ортиқ бўлган самолётларга ҳамда 3175 кг дан ортиқ бўлган вертолётларга ўрнатилган двигателлар ва ҳаво винтлари, шунингдек масофадан туриб бошқариладиган самолётлар ва вертолётлар билан боғлиқ масофадан туриб бошқариш пунктлари учун қуйидагиларни таъминлайдиган тизимнинг мавжудлигини таъминлайди:

масофадан туриб бошқариладиган самолётлар ва вертолётларнинг учишга яроқлиликни сақлашга салбий таъсир кўрсатадиган ёки кўрсатиши мумкин бўлган носозликлар ва бошқа ҳодисалар тўғрисидаги маълумотларни олиш;

учишга яроқлиликни таъминлаш чораларини кўриш зарурлигини ва уларни қачон амалга ошириш лозимлигини аниқлаш;

учишга яроқлиликка оид зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

24. Модификацияни лойиҳаловчи давлат модификация қилинаётган ҳаво кемаси, масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винтини лойиҳаловчи давлатдан бошқа давлат бўлса, у учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги мажбурий маълумотларни модификация қилинган ҳаво кемалари рўйхатдан ўтказилган барча давлатларга тақдим этади.

25. Муайян ҳаво кемаси, масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винтини ишлаб чиқарувчи давлат уни лойиҳаловчи давлатдан бошқа давлат бўлса, лойиҳаловчи давлат ҳар иккала давлат учун мақбул келишувнинг мавжудлигини таъминлайди. Ушбу келишув ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг тегишли ҳаво кемаси, масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винтининг конструкцияси, ишлаб чиқарилиши ва эксплуатациясига оид маълумотларни баҳолашда авиация техникаси турининг конструкцияси учун масъул ташкилот билан ҳамкорлик қилишини назарда тутади.

26. Лойиҳаловчи давлат авиация хавфсизлигига оид махфий маълумотларнинг учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги мажбурий маълумотлар билан бирга узатилмаслигини таъминлайди.

27. Лойиҳаловчи давлат авиация хавфсизлигига оид махфий маълумотларнинг «Ўзавиация» агентлигига ҳимояланган алоқа каналлари орқали узатилишини таъминлайди.

2-боб. Модификацияни лойиҳаловчи давлат томонидан учишга яроқлиликни сақлашни таъминлаш

28. Модификацияни лойиҳаловчи давлат ҳаво кемаси, двигатель ёки ҳаво винтини лойиҳаловчи давлатнинг ўзи бўлса, мазкур давлат мазкур Қоидаларнинг 3-бўлими 1-бобида белгиланган қоидаларга амал қилади.

29. Модификацияни лойиҳаловчи давлат ҳаво кемаси, двигатель ёки ҳаво винтини лойиҳаловчи давлатдан бошқа давлат бўлса, у қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

а) ҳар бир аҳдлашувчи давлат модификация ёки таъмирлаш билан боғлиқ учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги барча мажбурий маълумотларни тақдим этиш тизимига эга бўлиши;

б) максимал учиш вазни 5700 кг дан ортиқ бўлган самолётлар ҳамда 3175 кг дан ортиқ бўлган вертолётларнинг модификацияси ёки таъмирланишига нисбатан қуйидагиларни таъминлайдиган тизимнинг мавжудлигини таъминлаши:

самолётлар ва вертолётларнинг учишга яроқлиликни сақлашга салбий таъсир кўрсатадиган ёки кўрсатиши мумкин бўлган носозликлар ва бошқа ҳодисалар тўғрисидаги маълумотларни олиши;

учишга яроқлиликни таъминлаш чораларини кўриш зарурлигини ва уларни қачон амалга ошириш лозимлигини аниқлаши;

учишга яроқлиликни сақлаш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ҳамда ушбу чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан модификация ёки таъмирлаш билан боғлиқ учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги мажбурий маълумотларни эълон қилиши;

д) муайян ҳаво кемаси, двигатель ёки ҳаво винтининг модификациясини лойиҳаловчи давлат сифатида ўзи тайёрлаган учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги барча мажбурий маълумотларнинг тегишли ҳаво кемаси, двигатель ёки ҳаво винтини лойиҳаловчи давлатга юборилишини таъминлаши.

30. Модификацияни лойиҳаловчи давлат модификацияни ишлаб чиқариш ёки таъмирлаш учун қисмларни ишлаб чиқариш учун масъул ташкилот устидан юрисдикцияга эга бўлган давлатдан бошқа давлат бўлган тақдирда, «Ўзавиация» агентлиги тегишли давлатлар ўртасида ўзаро халқаро келишувларга эришилишини таъминлаши лозим.

3-боб. Ишлаб чиқарувчи давлат томонидан лойиҳаловчи давлат билан ҳамкорликни таъминлаш

31. Ўзбекистон Республикаси авиация техникасини ишлаб чиқарувчи давлат мақомида бўлганида, лойиҳаловчи давлат бошқа хорижий давлат ҳисобланса, «Ўзавиация» агентлиги ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг ҳаво кемаси, масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винтининг конструкцияси, ишлаб чиқарилиши ва эксплуатациясига оид маълумотларни баҳолашда лойиҳаловчи давлатнинг авиация техникаси турининг конструкцияси учун масъул ташкилоти билан ҳамкорлик қилишини таъминлаш мақсадида мазкур хорижий давлатнинг ваколатли органи билан тегишли халқаро келишувлар тузиш чораларини кўради.

4-боб. Рўйхатга олувчи давлат томонидан учишга яроқлиликни сақлашни таъминлаш

32. «Ўзавиация» агентлиги:

а) Ўзбекистон Республикаси лойиҳаловчи давлат ҳисобланмаган муайян турдаги ҳаво кемасини Ўзбекистон Республикасининг Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестрига биринчи марта киритганда ҳамда мазкур Қоидаларга мувофиқ учишга яроқлилик сертификатини берганда ёки бошқа давлат томонидан берилган сертификатни ҳақиқий деб эътироф этилганда, тегишли лойиҳаловчи давлатни ҳаво кемасининг давлат реестрига киритилганлиги тўғрисида хабардор қилади;

б) муайян ҳаво кемасининг учишга яроқлилиги амалдаги тегишли учишга яроқлилик нормаларига мувофиқ сақланаётганлигини аниқлайди;

д) ҳаво кемасининг хизмат муддати давомида унинг учишга яроқлиликни сақлаш бўйича талабларни ишлаб чиқади ёки қабул қилади. Ушбу талаблар ҳаво кемасининг модификация ёки таъмирлаш ишлари бажарилганидан ёхуд алмаштириладиган қисм ўрнатилганидан кейин ҳам тегишли учишга яроқлилик нормаларига мувофиқлигини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг тегишли авиация қоидаларида белгиланган техник хизмат кўрсатиш талабларига риоя этилган ҳолда парвозларни бажаришга яроқли ҳолатда сақланишини таъминлашни назарда тутади;

э) лойиҳаловчи давлатдан олинган учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги мажбурий маълумотларни бевосита қабул қилади ёки уларни баҳолаб, тегишли чораларни кўради;

ф) модификацияни лойиҳаловчи давлат томонидан чиқариладиган учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги мажбурий маълумотларни кузатиб бориш ва олиш тизимига эга бўлади ҳамда олинган маълумотларни бевосита қабул қилади ёки уларни баҳолаб, тегишли чораларни кўради;

г) Ўзбекистон Республикаси рўйхатдан ўтказиш давлати бўлган муайян ҳаво кемасига оид ўзи тайёрлаган учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги барча мажбурий маълумотларнинг тегишли лойиҳаловчи давлатга ҳамда модификацияни лойиҳаловчи давлатга юборилишини таъминлайди;

ҳ) максимал учиш вазни 5700 кг дан ортиқ бўлган самолётлар, 3175 кг дан ортиқ бўлган вертолётлар, шунингдек масофадан туриб бошқариладиган самолётлар ва вертолётларнинг учишга яроқлиликни сақлашга салбий таъсир кўрсатадиган ёки кўрсатиши мумкин бўлган носозликлар ва бошқа ҳодисалар тўғрисидаги маълумотларни тегишли авиация техникаси турининг конструкцияси учун масъул ташкилотга юбориш тизимининг мавжудлигини таъминлайди.

Мазкур маълумотлар масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винтига тааллуқли бўлса, улар тегишли масофадан туриб бошқариш пункти, двигатель ёки ҳаво винти турининг конструкцияси учун масъул ташкилотга ҳамда ҳаво кемаси турининг конструкцияси учун масъул ташкилотга юборилади.

Учишга яроқлиликни сақлашнинг парвозлар хавфсизлигига тааллуқли жиҳатлари модификация ёки таъмирлаш билан боғлиқ бўлса, «Ўзавиация» агентлиги мазкур маълумотларни модификация ёки таъмирлашни лойиҳалаш учун масъул шахс ёки ташкилотга юбориш тизимининг мавжудлигини таъминлайди.

33. «Ўзавиация» агентлиги фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотини сертификатлашда ёки бошқа аҳдлашувчи давлат томонидан берилган тегишли сертификатни тан олишда мазкур Қоидаларнинг IV бўлими талабларига риоя этилишини таъминлайди.

34. «Ўзавиация» агентлиги авиация хавфсизлигига оид махфий маълумотларнинг учишга яроқлиликни сақлаш тўғрисидаги мажбурий маълумотлар билан бирга узатилмаслигини таъминлайди.

35. «Ўзавиация» агентлиги авиация хавфсизлигига оид махфий маълумотларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ лойиҳаловчи давлатнинг тегишли ваколатли органига ҳимояланган алоқа каналлари орқали узатилишини таъминлайди.

5-боб. Аҳдлашувчи давлатлар томонидан учишга яроқлиликка оид маълумотларни тақдим этиш

36. «Ўзавиация» агентлиги Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг учишга яроқлиликни сақлаш бўйича ваколатли органи сифатида, максимал учиш вазни 5700 кг дан ортиқ бўлган самолётлар, 3175 кг дан ортиқ бўлган вертолётлар ҳамда масофадан туриб бошқариладиган авиация тизимларига оид эксплуатантлар, авиация техникаси турининг конструкцияси учун масъул ташкилотлар ва техник хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан Агентликка тақдим этилиши шарт бўлган маълумотларнинг турларини ҳамда уларни тақдим этиш тартибини белгилайди.

IV бўлим. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотлари ва уларнинг фаолиятига қўйиладиган талаблар

1-боб. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотини сертификатлаш

37. Мазкур Қоидаларнинг талаблари фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемаларининг давлат реестрига киритилмаган ҳаво кемаларига, шу жумладан бирорта ҳам аҳдлашувчи давлатда рўйхатдан ўтказилмаган ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатилишига тўсқинлик қилмайди.

38. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотининг сертификатини бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомнинг 57-иловасига мувофиқ амалга оширилади.

39. «Ўзавиация» агентлиги томонидан фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификати ариза берувчининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомнинг 57-иловасида белгиланган талабларга мувофиқлиги ҳамда мазкур талаблар бажарилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилган тақдирда берилади.

40. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификатида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

а) фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификатини берган «Ўзавиация» агентлиги, шунингдек сертификатни берган мансабдор шахснинг фамилияси, лавозими ва имзоси;

б) фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотининг номи ва расмий манзили;

д) фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификатининг рақами;

э) фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификатининг охирги марта берилган санаси;

ф) амал қилиш муддати тугайдиган санаси;

г) сертификатланадиган ишлар доираси (бунда татбиқ этиладиган ҳаво кемалари ва таркибий қисмларнинг турлари ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари кўрсатилади);

ҳ) техник хизмат кўрсатиш бўйича ишлаб чиқариш базасининг жойлашган манзили (ушбу маълумот фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификатида келтирилган ҳужжатда назарда тутилмаган бўлса кўрсатилади).

41. Ҳаво кемасига берилган фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификатининг дастлабки берилган санаси охирги берилган санадан фарқ қилса, фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификатида дастлабки берилган сана ҳам кўрсатилади.

42. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификатининг амал қилиш муддати ташкилотнинг мазкур Қоидаларда белгиланган тегишли талабларга ҳамда парвозлар хавфсизлигини бошқариш тизимига оид талабларга мувофиқлиги сақланиб турган тақдирда «Ўзавиация» агентлиги томонидан узайтирилади.

43. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти бажариладиган ишлар ҳажми, жойлашган манзили ёки тайинланадиган ходимларига оид ҳар қандай ўзгаришлар тўғрисида «Ўзавиация» агентлигини бундай ўзгаришлардан хабар топган кундан эътиборан бир иш куни ичида агентликни хабардор қилади.

44. «Ўзавиация» агентлиги бошқа аҳдлашувчи давлат томонидан берилган фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификатини тан олганда, ушбу ҳужжатни ва унга кейинчалик киритиладиган ўзгартиришларни тан олиш тартибини белгилайди. Бунда «Ўзавиация» агентлиги мазкур ҳужжатни дастлаб берган аҳдлашувчи давлат билан тегишли ҳамкорлик ва ахборот алмашинувини йўлга қўяди.

2-боб. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотининг фаолияти бўйича қўлланма

45. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти техник хизмат кўрсатиш ходимлари учун йўриқнома вазифасини бажарадиган ташкилот фаолияти бўйича қўлланманинг мавжудлигини ҳамда қўлланма алоҳида қисмлар шаклида нашр этилиши ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олишини таъминлаши лозим:

а) фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотига берилган сертификатлаш шартларига мувофиқ рухсат этилган ишлар ҳажмининг умумий тавсифи;

б) фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотида қўлланиладиган тартиблар ҳамда сифатни таъминлаш тизими ёки ички текширувлар тизимининг тавсифи;

д) фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотининг ишлаб чиқариш базасининг умумий тавсифи;

э) раҳбар ходимларнинг фамилияси ва лавозим мажбуриятлари;

ф) техник хизмат кўрсатиш ходимларининг компетентлигини аниқлашда қўлланиладиган тартибларнинг тавсифи;

г) техник хизмат кўрсатиш бўйича қайд этилган маълумотлар ва уларни сақлаш усулининг тавсифи;

ҳ) техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш тартиб-таомиллари ҳамда ушбу гувоҳнома имзоланиши лозим бўлган шартларнинг тавсифи;

и) техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги гувоҳномани имзолаш ваколатига эга ходимлар ва уларнинг ваколат доираси тўғрисидаги маълумотлар;

ж) пудрат (субпудрат) асосида бажариладиган ишларнинг тавсифи;

к) эксплуатантнинг техник хизмат кўрсатишга тааллуқли тартиб-таомиллари ва талабларига риоя этишни таъминловчи қўшимча қоидаларнинг тавсифи;

л) учишга яроқлиликни сақлаш бўйича мажбурий маълумотларни тақдим этиш талабларини бажариш тартиб-таомилларининг тавсифи;

м) авиация техникаси турининг конструкцияси учун масъул ташкилотдан олинадиган учишга яроқлиликка оид барча зарур маълумотларни қабул қилиш, баҳолаш, ўзгартириш ва фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти доирасида тарқатиш тартиб-таомилларининг тавсифи;

н) фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотининг сертификатига тааллуқли ўзгартиришларни киритиш тартиб-таомилларининг тавсифи.

46. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти ўз фаолияти бўйича қўлланмада келтирилган маълумотларнинг долзарблигини таъминлаш мақсадида унга зарур ўзгартиришларнинг ўз вақтида киритилишини таъминлайди.

47. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти ўз фаолияти бўйича қўлланмага киритилган барча ўзгартиришларни ушбу қўлланма тақдим этилган барча ташкилотлар ва шахсларга зудлик билан юборади.

3-боб. Техник хизмат кўрсатиш тартиб-таомиллари ва сифатни таъминлаш

48. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти «Ўзавиация» агентлиги учун мақбул бўлган ҳамда техник хизмат кўрсатишнинг тегишли усуллари қўлланилишини ва ташкилотга қўйилган барча талабларнинг бажарилишини таъминлайдиган тартибларни белгилайди.

49. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти белгиланган талабларнинг бажарилишини ва уларнинг етарлилигини назорат қилувчи мустақил сифатни таъминлаш тизимини ёки техник хизмат кўрсатиш бўйича барча ишларнинг бажарилишини таъминлайдиган ички текширувлари тизимини жорий этиш орқали таъминлайди.

4-боб. Ишлаб чиқариш базаси

50. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти бажариладиган вазифаларга мос ишлаб чиқариш базасига, шунингдек ишларни бажариш ва ходимлар учун керакли иш шароитларини яратиш учун бинолар, иншоотлар, зарур энергия турлари, ишлаб чиқариш хоналари, омборхоналар, офис ва маиший биноларга эга бўлиши лозим.

51. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти сертификатланган иш турларини бажариш учун зарур техник маълумотлар, ускуналар, асбоблар ва материалларга эга бўлиши шарт.

52. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти эҳтиёт қисмлар, ускуналар, асбоблар ва материалларнинг тегишли даражада ҳимояланишини таъминлайдиган, уларнинг сифати пасайиши ва шикастланишининг олдини оладиган сақлаш шароитларини яратади.

5-боб. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти ходимлари

53. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти ташкилот номидан иш юритадиган ва унинг фаолияти учун якуний жавобгарликни ўз зиммасига оладиган масъул раҳбарни тайинлайди. Масъул раҳбар бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

54. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотининг масъул раҳбари ташкилотнинг ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ишларининг бажариш талабларига мувофиқлигини таъминлаш учун масъул шахсни ёки шахслар гуруҳини тайинлайди.

55. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти техник хизмат кўрсатиш ишларини режалаштириш, бажариш, уларга раҳбарлик қилиш ва назорат қилиш, шунингдек техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги гувоҳномаларни расмийлаштириш учун зарур бўлган ходимларни ишга қабул қилади.

56. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти техник хизмат кўрсатиш ходимларининг малакасини белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ баҳолайди ҳамда уларнинг малакаси «Ўзавиация» агентлиги учун мақбул даражада бўлишини таъминлайди.

Техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги гувоҳномани имзоловчи шахс ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича мутахассис гувоҳномасига эга бўлмаса, у «Фуқаро авиациясининг авиация ходими гувоҳномасини бериш» Ўзбекистон Республикасининг авиация қоидаларига (ЎЗР АҚ-61) (рўйхат рақами 3609, 2025 йил 24 февраль) мувофиқ малака талабларига жавоб бериши лозим.

57. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти техник хизмат кўрсатиш бўйича барча ходимларнинг ўзларига юклатилган вазифалар ва мажбуриятларга мувофиқ дастлабки ҳамда кейинги тайёргарликдан ўтишини таъминлайди.

Ташкилот томонидан тасдиқланган тайёргарлик дастури инсон имкониятларини ҳисобга олган ҳолда билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган тайёргарликни, шу жумладан техник хизмат кўрсатиш бўйича бошқа ходимлар ҳамда экипаж билан ўзаро ҳамкорлик қилишга оид тайёргарликни қамраб олади.

6-боб. Техник хизмат кўрсатиш бўйича қайд этиладиган маълумотлар

58. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги гувоҳномани имзолаш учун талаблар бажарилганлигини тасдиқловчи, бажарилган техник хизмат кўрсатиш ишларига оид маълумотларни қайд этади ва сақлайди.

59. Қайд этилган маълумотлар техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги гувоҳнома имзоланган санадан бошлаб икки йил давомида сақланади.

60. Қайд этилган маълумотларни сақлаш ва узатишда уларнинг доимий равишда ўқиш учун яроқлиликни, ҳимояланганлигини ҳамда яхлитлигини таъминлайдиган шакл ва форматлардан фойдаланилади.

Ушбу маълумотлар қоғозда, электрон шаклда ёки ушбу шаклларнинг исталган уйғунлигида қайд этилиши мумкин.

7-боб. Техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги гувоҳнома

61. Техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги гувоҳнома ишларнинг қониқарли бажарилганлигини, техник маълумотларга ҳамда ташкилот фаолияти бўйича қўлланмада белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун расмийлаштирилади ва имзоланади.

62. Техник хизмат кўрсатиш тўғрисидаги гувоҳномада қуйидагилар кўрсатилади:

а) бажарилган техник хизмат кўрсатиш ишларига оид асосий маълумотлар, шу жумладан ушбу ишларни бажаришда фойдаланилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тавсифи;

б) техник хизмат кўрсатиш ишлари якунланган сана;

д) фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотининг номи;

э) гувоҳномани имзолаган шахс ёки шахслар тўғрисидаги маълумотлар.

8-боб. Парвозлар хавфсизлигини бошқариш

63. Фуқаро ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотлари учун парвозлар хавфсизлигини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 декабрдаги 346-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигини таъминлаш давлат дастурига мувофиқ амалга оширилади.

9-боб. Якуний қоида

64. Ушбу Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Директор Т. НАЗАРОВ

Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ

Транспорт вазири И. МАХКАМОВ

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 16 сентябрь,

2026 йил 11 август

2026 йил 3 август

2026 йил 31 июль

11-н-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2026 й., 10/26/3953/1039-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi fuqaro aviatsiyasi agentligi direktorining

buyrugʻi

Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining uchishga yaroqlilikni taʼminlash boʻyicha aviatsiya qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 14-iyundagi PF-94-son “ Maʼmuriy islohotlar doirasida transport sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ”gi hamda 2025-yil 27-oktabrdagi PF-193-son “ Fuqaro aviatsiyasi sohasida davlat siyosati yuritishni tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ”gi farmonlariga muvofiq buyuraman:

1. Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining uchishga yaroqlilikni taʼminlash boʻyicha aviatsiya qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil hamda Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Fuqaro aviatsiyasi agentligi direktorining 2026-yil 16-sentabrdagi 11-n-son buyrugʻiga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining uchishga yaroqlilikni taʼminlash boʻyicha aviatsiya qoidalari

Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining uchishga yaroqlilikni taʼminlash tartibini belgilaydi.

I boʻlim. Umumiy qoidalar

1-bob. Asosiy tushunchalar

1. Mazkur Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

vertolyot — taxminan vertikal holatda joylashgan oʻqlar atrofida kuch qurilmasi tomonidan aylantiriladigan bir yoki bir nechta koʻtaruvchi vintlar bilan havo reaksiyasi tufayli parvozda ushlab turiladigan havodan ogʻir havo kemasi ;

havo kemasi — havo bilan oʻzaro taʼsir hisobiga, yer sathidan qaytgan havo bilan oʻzaro taʼsirdan tashqari, atmosferada harakatlanadigan uchish apparati (masofadan turib boshqariladigan havo kemalari uchun ham tatbiq etiladi);

inson imkoniyatlari — aviatsiya faoliyatining xavfsizligi va samaradorligiga taʼsir koʻrsatuvchi insonning qobiliyatlari hamda imkoniyatlarining chegaralari;

ishlab chiqaruvchi davlat — havo kemasi, masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vintini yakuniy yigʻish uchun masʼul tashkilot faoliyatiga nisbatan yurisdiksiyaga ega boʻlgan davlat;

loyihalovchi davlat — aviatsiya texnikasi turining konstruksiyasini ishlab chiqish uchun masʼul tashkilot faoliyatiga nisbatan yurisdiksiyaga ega boʻlgan davlat;

modifikatsiyani loyihalovchi davlat — havo kemasi, dvigatel yoki havo vintini taʼmirlash yoxud modifikatsiya qilish loyihasini ishlab chiqish uchun masʼul boʻlgan jismoniy shaxs yoki tashkilotga nisbatan yurisdiksiyaga ega davlat;

roʻyxatga oluvchi davlat — reyestriga havo kemasi kiritilgan davlat ;

dvigatel — havo kemasini harakatga keltirish uchun foydalaniladigan yoki shu maqsadda foydalanishga moʻljallangan, ishlashi va boshqarilishini taʼminlash uchun zarur barcha tarkibiy qismlar hamda uskunalarni oʻz ichiga oladigan qurilma (havo vinti yoki koʻtaruvchi vintlarni (agar mavjud boʻlsa) oʻz ichiga olmaydi);

C2 boshqaruv va nazorat liniyasi — masofadan turib boshqariladigan havo kemasi va masofadan turib boshqarish punkti oʻrtasida havo kemasining parvozini boshqarish uchun zarur buyruqlar hamda nazorat maʼlumotlarini uzatishga moʻljallangan maʼlumotlar uzatish liniyasi;

masofadan turib boshqariladigan aviatsiya tizimi — masofadan turib boshqariladigan havo kemasi, unga tegishli masofadan turib boshqarish punkti, zarur C2 boshqaruv va nazorat liniyasi hamda ushbu turdagi tizim konstruksiyasida nazarda tutilgan boshqa barcha elementlardan iborat tizim;

masofadan turib boshqariladigan havo kemasi — masofadan turib boshqarish punktidan boshqariladigan uchuvchisiz havo kemasi;

yetarli dalil — uchishga yaroqlilikning muayyan talabiga muvofiqlikni tasdiqlovchi hamda ahdlashuvchi davlat tomonidan yetarli deb tan olingan hujjatlar yoki ishlar majmuyi;

aviatsiya texnikasi turining konstruksiyasi — havo kemasi, masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vintining turini aniqlash hamda uning parvozga yaroqlilikni baholash uchun zarur maʼlumotlar majmuyi;

modifikatsiya — havo kemasi, dvigatel yoki havo vinti turining konstruksiyasiga kiritilgan oʻzgartirish (modifikatsiya tushunchasi texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi guvohnoma bilan bogʻliq texnik xizmat koʻrsatish vazifasi doirasida modifikatsiyani amalga oshirishni ham qamrab olishi mumkin);

aniqlash va bartaraf etish — yaqin atrofdagi havo kemalari yoki boshqa xavf manbalarini koʻrish, tanib olish yoxud aniqlash hamda tegishli choralarni koʻrish qobiliyati;

aviatsiya texnikasi turining konstruksiyasi uchun masʼul tashkilot — ahdlashuvchi davlat tomonidan berilgan havo kemasi, masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vinti turining sertifikatiga yoki unga tenglashtirilgan hujjatga egalik qiluvchi tashkilot;

uchishga yaroqlilikni saqlash — havo kemasi, masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel, havo vinti yoki tarkibiy qismning uchishga yaroqlilik normalariga muvofiqligini hamda ularning xizmat muddati davomida xavfsiz ekspluatatsiya sharoitiga mos holatda saqlanishini taʼminlaydigan jarayonlar majmuyi;

parvozlarni bajarishga yaroqliligi — havo kemasi, masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel, havo vinti yoki tarkibiy qismning sertifikatlangan konstruksiyasiga muvofiq boʻlgan va xavfsiz foydalanish shartlariga javob beradigan holati;

uchishga yaroqlilik sertifikatini tan olish (bundan buyon matnda tan olish deb yuritiladi) — ahdlashuvchi davlat oʻzining uchishga yaroqlilik sertifikatini berish oʻrniga boshqa ahdlashuvchi davlat tomonidan berilgan sertifikatni oʻzining sertifikatiga teng hujjat sifatida tan olishi;

masofadan turib boshqarish punkti — masofadan turib boshqariladigan havo kemasini boshqarish uchun foydalaniladigan uskunalarni oʻz ichiga olgan masofadan turib boshqariladigan aviatsiya tizimi elementi;

texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha qayd etiladigan maʼlumotlar — havo kemasi, dvigatel, havo vinti yoki tegishli tarkibiy qismda bajarilgan texnik xizmat koʻrsatish ishlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oluvchi qayd etiladigan maʼlumotlar;

taʼmirlash — havo kemasi, dvigatel, havo vinti yoki tegishli tarkibiy qismning shikastlanishi yoxud eskirishi natijasida yoʻqotilgan uchishga yaroqlilikni uchishga yaroqlilik normalariga muvofiq qayta tiklash;

fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotining faoliyati boʻyicha qoʻllanma — fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti rahbari tomonidan kelishilgan hamda uning tuzilmasi va rahbariyatining majburiyatlari, bajariladigan ishlar sohasi, ishlab chiqarish bazasi, texnik xizmat koʻrsatish tartib-taomillari hamda sifatni taʼminlash toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oluvchi hujjat;

samolyot — dvigatel yordamida harakatlanadigan havodan ogʻir havo kemasi boʻlib, uning parvoz vaqtidagi koʻtarish kuchi asosan maʼlum parvoz sharoitlarida qoʻzgʻalmas boʻlib qoladigan yuzalardagi aerodinamik taʼsirlar hisobiga hosil boʻladi ;

texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi guvohnoma — koʻrsatilgan texnik xizmat koʻrsatish ishlari uchishga yaroqlilik normalariga muvofiq yetarli darajada bajarilganligini tasdiqlovchi maʼlumotlarni oʻz ichiga oluvchi hujjat;

uchishga yaroqlilik normalari — havo kemalari, masofadan turib boshqarish punktlari, dvigatellar yoki havo vintlarining koʻrib chiqilayotgan sinfi uchun ahdlashuvchi davlat tomonidan belgilangan, qabul qilingan yoxud tan olingan keng qamrovli va batafsil uchishga yaroqlilik talablari majmuyi;

uchishga yaroqlilik sertifikati — Xalqaro fuqaro aviatsiyasi toʻgʻrisidagi konvensiyaning 31-moddasida nazarda tutilgan, havo kemasining uchishga yaroqlilikni tasdiqlovchi hujjat;

texnik xizmat koʻrsatish — havo kemasi, masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel, havo vinti yoki tegishli tarkibiy qismning uchishga yaroqlilikni saqlash uchun zarur boʻlgan ishlarni, shu jumladan alohida yoki birgalikda bajariladigan nazorat-tiklash, tekshirish, almashtirish, nosozliklarni aniqlash va bartaraf etish, shuningdek modifikatsiya yoki taʼmirlash ishlarini bajarish;

ahdlashuvchi davlat — Xalqaro fuqaro aviatsiyasi toʻgʻrisidagi konvensiyaning ishtirokchisi boʻlgan davlat.

II boʻlim. Havo kemalarini sertifikatlash va uchishga yaroqlilikni saqlash

1-bob. Uchishga yaroqlilik sertifikatini berish va uning amal qilishini taʼminlash

2. Uchishga yaroqlilik sertifikati Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Fuqaro aviatsiyasi agentligi (bundan buyon matnda “Oʻzaviatsiya” agentligi deb yuritiladi) tomonidan havo kemasining uchishga yaroqlilik normalarida belgilangan konstruksiyaga qoʻyilgan talablarga muvofiqligi yetarli dalillar bilan tasdiqlangan taqdirda beriladi.

3. Masofadan turib boshqariladigan havo kemasiga berilgan uchishga yaroqlilik sertifikati masofadan turib boshqariladigan aviatsiya tizimining yaxlit tizim sifatida parvozlarni bajarishga yaroqlilikni tasdiqlovchi maʼlumotlarni (havo kemasining identifikatsiya maʼlumotlarini, uning uchishga yaroqlilik holati, masofadan turib boshqarish punkti, aloqa va boshqaruv kanallari hamda tegishli tizimlar va uskunalarning texnik holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni) oʻz ichiga oladi hamda ushbu tizimning aviatsiya texnikasi turining konstruksiyasiga muvofiqligi va xavfsiz ekspluatatsiya qilish uchun yaroqli holatda ekanligini tasdiqlaydi.

4. “Oʻzaviatsiya” agentligi Xalqaro fuqaro aviatsiyasi toʻgʻrisidagi konvensiyaning 33-moddasiga muvofiq ahdlashuvchi davlat tomonidan berilgan uchishga yaroqlilik sertifikatini havo kemasi mazkur Qoidalarning talablariga muvofiq boʻlganda hamda tegishli uchishga yaroqlilik normalariga rioya etilganda tan oladi.

5. “Oʻzaviatsiya” agentligi havo kemasiga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomning 54-ilovasiga muvofiq uchishga yaroqlilik boʻyicha maxsus sertifikat beradi.

Bunda ushbu sertifikat boshqa davlatlar yurisdiksiyasidagi hududlarda parvoz qilish yoki ular ustidan uchib oʻtishga ruxsat berishda qoʻllanilishi mumkin boʻlgan shartlar va cheklovlarni ham qamrab oladi.

6. Uchishga yaroqlilik boʻyicha standart sertifikati Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomning 54-ilovasiga muvofiq bir kalendar yildan koʻp boʻlmagan muddatga beriladi .

7. Boshqa davlat tomonidan berilgan amaldagi uchishga yaroqlilik boʻyicha eksport sertifikatiga ega havo kemasi Oʻzbekiston Respublikasi Fuqaro havo kemalarining davlat reyestriga kiritilganda, “Oʻzaviatsiya” agentligi uchishga yaroqlilik boʻyicha standart sertifikat berish uchun eksport sertifikatini havo kemasining tegishli uchishga yaroqlilik normalariga va mazkur Qoidalarning talablariga muvofiqligini tasdiqlovchi yetarli dalil sifatida qabul qiladi.

8. “Oʻzaviatsiya” agentligi havo kemasini boshqa ahdlashuvchi davlatning reyestriga oʻtkazishga koʻmaklashish maqsadida ushbu ahdlashuvchi davlatga uchishga yaroqlilik boʻyicha eksport sertifikatini beradi. Ushbu uchishga yaroqlilik boʻyicha eksport sertifikati parvozlarni amalga oshirish huquqini bermaydi, biroq eksport qiluvchi davlat tomonidan havo kemasining uchishga yaroqlilik holati boʻyicha oʻtkazilgan soʻnggi tekshiruv ijobiy yakunlanganini tasdiqlaydi. Uchishga yaroqlilik boʻyicha eksport sertifikatini berish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomning 54-ilovasiga muvofiq beriladi.

9. Uchishga yaroqlilik sertifikatini berish oʻrniga boshqa davlat tomonidan berilgan uchishga yaroqlilik sertifikatini haqiqiy deb eʼtirof etilganda, haqiqiyligini tasdiqlovchi va u bilan birga saqlanadigan tan olish sertifikati beriladi. Bunda boshqa davlat tomonidan berilgan uchishga yaroqlilik sertifikati milliy sertifikatga tenglashtiriladi. Tan olish sertifikatining amal qilish muddati tan olinayotgan uchishga yaroqlilik sertifikatining amal qilish muddatidan oshmasligi lozim.

2-bob. Uchishga yaroqlilik sertifikatining shakli

10. Fuqaro havo kemasining uchishga yaroqlilik sertifikati (bundan masofadan turib boshqariladigan havo kemalari mustasno) quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi lozim:

a) davlat tanish va roʻyxat belgilari;

b) havo kemasi ishlab chiqaruvchisi tomonidan berilgan belgisi (uning turi va modelini oʻz ichiga olishi kerak);

d) havo kemasining seriya (zavod) raqami;

e) havo kemasining ishlab chiqaruvchisi;

f) maksimal uchish vazni;

g) havo kemasining toifalari va (yoki) tatbiq etilishi (havo kemasining ruxsat etilgan parvoz toifasini koʻrsatish uchun foydalaniladi, masalan: yoʻlovchi, transport, maxsus maqsadli);

h) Xalqaro fuqaro aviatsiyasi toʻgʻrisidagi konvensiya hamda tegishli uchishga yaroqlilik normalariga havola keltirilishi;

i) uchishga yaroqlilik sertifikati birinchi marta berilganligi yoki uning yangilanganligining qayd etilishi;

j) uchishga yaroqlilik sertifikatining berilgan sanasi;

k) uchishga yaroqlilik sertifikatining amal qilish muddati;

l) tasdiqlagan mansabdor shaxsning imzosi.

11. Masofadan turib boshqariladigan havo kemalarining uchishga yaroqlilik sertifikati quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi lozim:

a) davlat tanish va roʻyxat belgilari;

b) masofadan turib boshqariladigan havo kemasi ishlab chiqaruvchisi tomonidan berilgan belgisi (uning turi va modelini oʻz ichiga olishi kerak);

d) masofadan turib boshqariladigan havo kemasining seriya (zavod) raqami;

e) masofadan turib boshqarish punktining turi (turlari) va (yoki) modeli (modellari);

f) masofadan turib boshqariladigan havo kemasi uchun aloqa liniyasi (liniyalari) (C2 liniyasi) (masofadan turib boshqariladigan havo kemasini boshqarish va nazorat qilish uchun ruxsat etilgan, sertifikatlashtirish talablariga javob beradigan hamda belgilangan ekspluatatsiya cheklovlariga muvofiq foydalaniladigan C2 boshqaruv va nazorat liniyasining (liniyalarining) nomlanishi koʻrsatilishi kerak);

g) havo kemasining toifalari va (yoki) tatbiq etilishi (masofadan turib boshqariladigan havo kemasining ruxsat etilgan ekspluatatsiya parvoz toifasini koʻrsatish uchun foydalaniladi, masalan: yoʻlovchi, transport, maxsus qoʻllanilishi);

h) Xalqaro fuqaro aviatsiyasi toʻgʻrisidagi konvensiya hamda tegishli uchishga yaroqlilik normalariga havola keltirilishi;

i) uchishga yaroqlilik sertifikati birinchi marta berilganligi yoki uning yangilanganligining qayd etilishi;

j) uchishga yaroqlilik sertifikatining berilgan sanasi;

k) uchishga yaroqlilik sertifikatining amal qilish muddati;

l) tasdiqlagan mansabdor shaxsning imzosi.

12. Xalqaro parvozlarni amalga oshiruvchi fuqaro havo kemasi uchun uchishga yaroqlilik sertifikatining matni ingliz tilida boʻlishi lozim .

13. Parvozlarni amalga oshirish vaqtida uchishga yaroqlilik sertifikati havo kemasida boʻlishi lozim. Amaldagi uchishga yaroqlilik sertifikati boʻlmagan hollarda havo kemasida parvozlarni amalga oshirish taqiqlanadi .

3-bob. Havo kemasi uchun belgilangan cheklovlar va maʼlumotlar

14. Har bir havo kemasiga tegishli uchishga yaroqlilik normalariga muvofiq uning uchishga yaroqli deb hisoblanishi uchun rioya etilishi lozim boʻlgan tasdiqlangan cheklovlarni oʻz ichiga olgan parvoz ekspluatatsiyasi boʻyicha qoʻllanma, jadvallar, sxemalar yoki boshqa hujjatlar ilova qilinadi hamda havo kemasining xavfsiz ekspluatatsiyasini taʼminlash uchun zarur qoʻshimcha yoʻriqnomalar va maʼlumotlar taqdim etiladi.

15. Masofadan turib boshqariladigan havo kemasining xavfsiz ekspluatatsiyasini taʼminlash uchun zarur maʼlumotlar, shu jumladan masofadan turib boshqarish punktlari hamda C2 boshqaruv va nazorat liniyasiga oid maʼlumotlar taqdim etiladi.

4-bob. Uchishga yaroqlilikning vaqtincha yoʻqotilishi

16. Havo kemasining uchishga yaroqlilik holati tegishli uchishga yaroqlilik normalariga muvofiq saqlanmagan taqdirda, uning uchishga yaroqliligi tiklangunga qadar undan foydalanish taqiqlanadi.

17. Masofadan turib boshqariladigan havo kemasining uchishga yaroqlilikni tiklash uning boshqarilishini taʼminlovchi masofadan turib boshqarish punktlari, zarur C2 boshqaruv va nazorat liniyasi (liniyalari), shuningdek tegishli uchishga yaroqlilik normalarida nazarda tutilgan boshqa tarkibiy qismlarning yaroqlilikni tiklashni ham oʻz ichiga oladi.

5-bob. Havo kemasining shikastlanishi

18. Havo kemasi shikastlangan taqdirda “Oʻzaviatsiya” agentligi ushbu shikastlanish oqibatida havo kemasi tegishli uchishga yaroqlilik normalarida belgilangan uchishga yaroqlilik holatini yoʻqotgan yoki yoʻqotmaganligi toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

19. Boshqa ahdlashuvchi davlatda roʻyxatdan oʻtkazilgan havo kemasi Oʻzbekiston Respublikasi hududida shikastlangan yoki uning shikastlanishi ushbu hududda aniqlangan taqdirda “Oʻzaviatsiya” agentligi havo kemasining parvozni davom ettirishini toʻxtatib turishga haqli.

Bunda “Oʻzaviatsiya” agentligi roʻyxatdan oʻtkazish davlatini zudlik bilan xabardor qilishi hamda qaror qabul qilish uchun zarur barcha maʼlumotlarni (havo kemasining shikastlanish xususiyati va koʻlami toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni hamda boshqa aniqlangan maʼlumotlarni) unga yuborishi shart.

20. “Oʻzaviatsiya” agentligi havo kemasining shikastlanishi uni parvozlarni bajarishga yaroqsiz holga keltirgan deb topsa, uning uchishga yaroqliligi tiklangunga qadar parvozlarni taqiqlaydi.

Bunda “Oʻzaviatsiya” agentligi maxsus cheklovlar belgilagan holda havo kemasining uchishga yaroqliligi tiklanadigan aerodromga notijorat parvozini amalga oshirishga ruxsat berishi mumkin. Ushbu cheklovlarni belgilashda havo kemasining parvozni davom ettirishini dastlab taqiqlagan ahdlashuvchi davlat taklif etgan barcha cheklovlar hisobga olinadi. Mazkur ahdlashuvchi davlat belgilangan cheklovlarga rioya etilgan holda bunday parvozlarni amalga oshirishga ruxsat beradi.

21. Roʻyxatdan oʻtkazish davlati havo kemasining shikastlanishi uni parvozlarni bajarishga yaroqsiz holga keltirmagan deb topsa, ushbu havo kemasiga parvozni davom ettirishga ruxsat beriladi.

III boʻlim. Havo kemalarining uchishga yaroqlilikni saqlash boʻyicha davlatlar va vakolatli organlarning vazifalari

1-bob. Loyihalovchi davlat tomonidan uchishga yaroqlilikni saqlashni taʼminlash

22. Havo kemasini loyihalovchi davlat:

a) havo kemasini loyihalovchi davlat havo kemasining Oʻzbekiston Respublikasining Fuqaro havo kemalari davlat reyestriga kiritilganligi toʻgʻrisida xabardor qilinganidan soʻng, “Oʻzaviatsiya” agentligining murojaatiga asosan havo kemasining uchishga yaroqlilikni saqlash va xavfsiz ekspluatatsiyasini taʼminlash uchun zarur boʻlgan barcha umumiy maʼlumotlarni, shu jumladan tegishli hollarda masofadan turib boshqarish punktlari, dvigatellar va havo vintlariga oid maʼlumotlarni (bundan buyon matnda uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi majburiy maʼlumotlar deb yuritiladi) taqdim etadi.

Uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi majburiy maʼlumotlarga havo kemasini modifikatsiya qilish, qismlarini almashtirish yoki tekshirish, shuningdek ekspluatatsiya cheklovlari va qoidalariga oʻzgartirishlar kiritish boʻyicha majburiy talablar hamda ahdlashuvchi davlatlar tomonidan uchishga yaroqlilik direktivalari shaklida chiqariladigan maʼlumotlar kiradi.

Havo kemasini loyihalovchi davlat masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vintini loyihalovchi davlat tomonidan ilgari chiqarilgan uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi majburiy maʼlumotlar tegishli masalani toʻliq qamrab olganiga ishonch hosil qilsa, ushbu maʼlumotlarni ular haqida avval xabardor qilingan ahdlashuvchi davlatlarga qayta yuborishi talab etilmaydi;

b) maksimal uchish vazni 5700 kg dan ortiq boʻlgan samolyotlar hamda 3175 kg dan ortiq boʻlgan vertolyotlar uchun quyidagilarni taʼminlaydigan tizimning mavjudligini taʼminlaydi:

samolyotlar va vertolyotlarning uchishga yaroqlilikni saqlashga salbiy taʼsir koʻrsatadigan yoki koʻrsatishi mumkin boʻlgan nosozliklar, buzilishlar, nuqsonlar va boshqa hodisalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish;

uchishga yaroqlilikni taʼminlash choralarini koʻrish zarurligini va ularni qachon amalga oshirish lozimligini aniqlash;

uchishga yaroqlilikka oid zarur chora-tadbirlarni ishlab chiqish hamda ular haqidagi maʼlumotlarni, shu jumladan havo kemasining (tegishli hollarda dvigatellar va havo vintlarini ham qoʻshgan holda) uchishga yaroqlilikni saqlash hamda havo kemasining xavfsiz ekspluatatsiyasini taʼminlash uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni tarqatish;

d) maksimal uchish vazni 5700 kg dan ortiq boʻlgan samolyotlarga nisbatan samolyotning uchishga yaroqlilikni taʼminlash uchun konstruksiya butunligini saqlash dasturi mavjudligini taʼminlaydi. Ushbu dastur korroziyaning oldini olish, aniqlash va bartaraf etish boʻyicha aniq maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi;

e) masofadan turib boshqariladigan samolyotlar va masofadan turib boshqariladigan vertolyotlarga nisbatan quyidagilarni taʼminlovchi tizim mavjudligini taʼminlaydi:

maksimal uchish vazni 5700 kg dan ortiq masofadan turib boshqariladigan samolyotlar hamda maksimal uchish vazni 3175 kg dan ortiq masofadan turib boshqariladigan vertolyotlarning uchishga yaroqlilikni saqlashga salbiy taʼsir koʻrsatadigan yoki koʻrsatishi mumkin boʻlgan nosozliklar, buzilishlar, nuqsonlar va boshqa hodisalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish;

uchishga yaroqlilikni taʼminlash choralarini koʻrish zarurligini va ularni qachon amalga oshirish lozimligini aniqlash;

uchishga yaroqlilikka oid zarur chora-tadbirlarni ishlab chiqish hamda ular haqidagi maʼlumotlarni, shu jumladan masofadan turib boshqarish punktlarining (tegishli hollarda dvigatellar va havo vintlarini ham qoʻshgan holda) uchishga yaroqlilikni saqlash hamda havo kemasining xavfsiz ekspluatatsiyasini taʼminlash uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni tarqatish;

f) masofadan turib boshqariladigan samolyotlar va vertolyotlarning vazni hamda ekspluatatsiya toifasini hisobga olgan holda, ularning uchishga yaroqliligini taʼminlashga qaratilgan konstruksiya butunligini saqlash dasturining mavjudligini taʼminlaydi. Tegishli hollarda ushbu dastur korroziyaning oldini olish, aniqlash va bartaraf etishga oid aniq maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi.

23. Masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vintini loyihalovchi davlat havo kemasini loyihalovchi davlatdan boshqa davlat boʻlsa, u quyidagilarni bajarishi shart:

a) uchishga yaroqlilikni saqlashga oid barcha maʼlumotlarni havo kemasini loyihalovchi davlatga, shuningdek soʻrovga asosan boshqa har qanday ahdlashuvchi davlatga yuborishi.

Uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi majburiy maʼlumotlarni yuborish boʻyicha umumiy masʼuliyat havo kemasini loyihalovchi davlat zimmasida boʻlsa-da, masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vintini loyihalovchi ayrim davlatlar ushbu maʼlumotlarni bevosita roʻyxatdan oʻtkazish davlatlariga va boshqa ahdlashuvchi davlatlarga yuborishi mumkin. Bunday amaliyot majburiy maʼlumotlarning tezkor yetkazilishi va odatdagi tartibda qayta ishlanishiga xizmat qiladi. Bunda havo kemasini loyihalovchi davlat keyinchalik masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vintini loyihalovchi davlat yuborgan maʼlumotlarga qoʻshimcha majburiy maʼlumotlarni yuborsa, ular oʻrtasida nomuvofiqlik yuzaga kelgan taqdirda, havo kemasini loyihalovchi davlatdan olingan majburiy maʼlumotlar ustun hisoblanadi;

b) masofadan turib boshqariladigan samolyotlar va vertolyotlarga, maksimal uchish vazni 5700 kg dan ortiq boʻlgan samolyotlarga hamda 3175 kg dan ortiq boʻlgan vertolyotlarga oʻrnatilgan dvigatellar va havo vintlari, shuningdek masofadan turib boshqariladigan samolyotlar va vertolyotlar bilan bogʻliq masofadan turib boshqarish punktlari uchun quyidagilarni taʼminlaydigan tizimning mavjudligini taʼminlaydi:

masofadan turib boshqariladigan samolyotlar va vertolyotlarning uchishga yaroqlilikni saqlashga salbiy taʼsir koʻrsatadigan yoki koʻrsatishi mumkin boʻlgan nosozliklar va boshqa hodisalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish;

uchishga yaroqlilikni taʼminlash choralarini koʻrish zarurligini va ularni qachon amalga oshirish lozimligini aniqlash;

uchishga yaroqlilikka oid zarur chora-tadbirlarni ishlab chiqish.

24. Modifikatsiyani loyihalovchi davlat modifikatsiya qilinayotgan havo kemasi, masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vintini loyihalovchi davlatdan boshqa davlat boʻlsa, u uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi majburiy maʼlumotlarni modifikatsiya qilingan havo kemalari roʻyxatdan oʻtkazilgan barcha davlatlarga taqdim etadi.

25. Muayyan havo kemasi, masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vintini ishlab chiqaruvchi davlat uni loyihalovchi davlatdan boshqa davlat boʻlsa, loyihalovchi davlat har ikkala davlat uchun maqbul kelishuvning mavjudligini taʼminlaydi. Ushbu kelishuv ishlab chiqaruvchi tashkilotning tegishli havo kemasi, masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vintining konstruksiyasi, ishlab chiqarilishi va ekspluatatsiyasiga oid maʼlumotlarni baholashda aviatsiya texnikasi turining konstruksiyasi uchun masʼul tashkilot bilan hamkorlik qilishini nazarda tutadi.

26. Loyihalovchi davlat aviatsiya xavfsizligiga oid maxfiy maʼlumotlarning uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi majburiy maʼlumotlar bilan birga uzatilmasligini taʼminlaydi.

27. Loyihalovchi davlat aviatsiya xavfsizligiga oid maxfiy maʼlumotlarning “Oʻzaviatsiya” agentligiga himoyalangan aloqa kanallari orqali uzatilishini taʼminlaydi.

2-bob. Modifikatsiyani loyihalovchi davlat tomonidan uchishga yaroqlilikni saqlashni taʼminlash

28. Modifikatsiyani loyihalovchi davlat havo kemasi, dvigatel yoki havo vintini loyihalovchi davlatning oʻzi boʻlsa, mazkur davlat mazkur Qoidalarning 3-boʻlimi 1-bobida belgilangan qoidalarga amal qiladi.

29. Modifikatsiyani loyihalovchi davlat havo kemasi, dvigatel yoki havo vintini loyihalovchi davlatdan boshqa davlat boʻlsa, u quyidagilarni amalga oshirishi lozim:

a) har bir ahdlashuvchi davlat modifikatsiya yoki taʼmirlash bilan bogʻliq uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi barcha majburiy maʼlumotlarni taqdim etish tizimiga ega boʻlishi;

b) maksimal uchish vazni 5700 kg dan ortiq boʻlgan samolyotlar hamda 3175 kg dan ortiq boʻlgan vertolyotlarning modifikatsiyasi yoki taʼmirlanishiga nisbatan quyidagilarni taʼminlaydigan tizimning mavjudligini taʼminlashi:

samolyotlar va vertolyotlarning uchishga yaroqlilikni saqlashga salbiy taʼsir koʻrsatadigan yoki koʻrsatishi mumkin boʻlgan nosozliklar va boshqa hodisalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olishi;

uchishga yaroqlilikni taʼminlash choralarini koʻrish zarurligini va ularni qachon amalga oshirish lozimligini aniqlashi;

uchishga yaroqlilikni saqlash boʻyicha zarur chora-tadbirlarni ishlab chiqishi hamda ushbu chora-tadbirlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, shu jumladan modifikatsiya yoki taʼmirlash bilan bogʻliq uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi majburiy maʼlumotlarni eʼlon qilishi;

d) muayyan havo kemasi, dvigatel yoki havo vintining modifikatsiyasini loyihalovchi davlat sifatida oʻzi tayyorlagan uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi barcha majburiy maʼlumotlarning tegishli havo kemasi, dvigatel yoki havo vintini loyihalovchi davlatga yuborilishini taʼminlashi.

30. Modifikatsiyani loyihalovchi davlat modifikatsiyani ishlab chiqarish yoki taʼmirlash uchun qismlarni ishlab chiqarish uchun masʼul tashkilot ustidan yurisdiksiyaga ega boʻlgan davlatdan boshqa davlat boʻlgan taqdirda, “Oʻzaviatsiya” agentligi tegishli davlatlar oʻrtasida oʻzaro xalqaro kelishuvlarga erishilishini taʼminlashi lozim.

3-bob. Ishlab chiqaruvchi davlat tomonidan loyihalovchi davlat bilan hamkorlikni taʼminlash

31. Oʻzbekiston Respublikasi aviatsiya texnikasini ishlab chiqaruvchi davlat maqomida boʻlganida, loyihalovchi davlat boshqa xorijiy davlat hisoblansa, “Oʻzaviatsiya” agentligi ishlab chiqaruvchi tashkilotning havo kemasi, masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vintining konstruksiyasi, ishlab chiqarilishi va ekspluatatsiyasiga oid maʼlumotlarni baholashda loyihalovchi davlatning aviatsiya texnikasi turining konstruksiyasi uchun masʼul tashkiloti bilan hamkorlik qilishini taʼminlash maqsadida mazkur xorijiy davlatning vakolatli organi bilan tegishli xalqaro kelishuvlar tuzish choralarini koʻradi.

4-bob. Roʻyxatga oluvchi davlat tomonidan uchishga yaroqlilikni saqlashni taʼminlash

32. “Oʻzaviatsiya” agentligi:

a) Oʻzbekiston Respublikasi loyihalovchi davlat hisoblanmagan muayyan turdagi havo kemasini Oʻzbekiston Respublikasining Fuqaro havo kemalari davlat reyestriga birinchi marta kiritganda hamda mazkur Qoidalarga muvofiq uchishga yaroqlilik sertifikatini berganda yoki boshqa davlat tomonidan berilgan sertifikatni haqiqiy deb eʼtirof etilganda, tegishli loyihalovchi davlatni havo kemasining davlat reyestriga kiritilganligi toʻgʻrisida xabardor qiladi;

b) muayyan havo kemasining uchishga yaroqliligi amaldagi tegishli uchishga yaroqlilik normalariga muvofiq saqlanayotganligini aniqlaydi;

d) havo kemasining xizmat muddati davomida uning uchishga yaroqlilikni saqlash boʻyicha talablarni ishlab chiqadi yoki qabul qiladi. Ushbu talablar havo kemasining modifikatsiya yoki taʼmirlash ishlari bajarilganidan yoxud almashtiriladigan qism oʻrnatilganidan keyin ham tegishli uchishga yaroqlilik normalariga muvofiqligini hamda Oʻzbekiston Respublikasining tegishli aviatsiya qoidalarida belgilangan texnik xizmat koʻrsatish talablariga rioya etilgan holda parvozlarni bajarishga yaroqli holatda saqlanishini taʼminlashni nazarda tutadi;

e) loyihalovchi davlatdan olingan uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi majburiy maʼlumotlarni bevosita qabul qiladi yoki ularni baholab, tegishli choralarni koʻradi;

f) modifikatsiyani loyihalovchi davlat tomonidan chiqariladigan uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi majburiy maʼlumotlarni kuzatib borish va olish tizimiga ega boʻladi hamda olingan maʼlumotlarni bevosita qabul qiladi yoki ularni baholab, tegishli choralarni koʻradi;

g) Oʻzbekiston Respublikasi roʻyxatdan oʻtkazish davlati boʻlgan muayyan havo kemasiga oid oʻzi tayyorlagan uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi barcha majburiy maʼlumotlarning tegishli loyihalovchi davlatga hamda modifikatsiyani loyihalovchi davlatga yuborilishini taʼminlaydi;

h) maksimal uchish vazni 5700 kg dan ortiq boʻlgan samolyotlar, 3175 kg dan ortiq boʻlgan vertolyotlar, shuningdek masofadan turib boshqariladigan samolyotlar va vertolyotlarning uchishga yaroqlilikni saqlashga salbiy taʼsir koʻrsatadigan yoki koʻrsatishi mumkin boʻlgan nosozliklar va boshqa hodisalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni tegishli aviatsiya texnikasi turining konstruksiyasi uchun masʼul tashkilotga yuborish tizimining mavjudligini taʼminlaydi.

Mazkur maʼlumotlar masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vintiga taalluqli boʻlsa, ular tegishli masofadan turib boshqarish punkti, dvigatel yoki havo vinti turining konstruksiyasi uchun masʼul tashkilotga hamda havo kemasi turining konstruksiyasi uchun masʼul tashkilotga yuboriladi.

Uchishga yaroqlilikni saqlashning parvozlar xavfsizligiga taalluqli jihatlari modifikatsiya yoki taʼmirlash bilan bogʻliq boʻlsa, “Oʻzaviatsiya” agentligi mazkur maʼlumotlarni modifikatsiya yoki taʼmirlashni loyihalash uchun masʼul shaxs yoki tashkilotga yuborish tizimining mavjudligini taʼminlaydi.

33. “Oʻzaviatsiya” agentligi fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotini sertifikatlashda yoki boshqa ahdlashuvchi davlat tomonidan berilgan tegishli sertifikatni tan olishda mazkur Qoidalarning IV boʻlimi talablariga rioya etilishini taʼminlaydi.

34. “Oʻzaviatsiya” agentligi aviatsiya xavfsizligiga oid maxfiy maʼlumotlarning uchishga yaroqlilikni saqlash toʻgʻrisidagi majburiy maʼlumotlar bilan birga uzatilmasligini taʼminlaydi.

35. “Oʻzaviatsiya” agentligi aviatsiya xavfsizligiga oid maxfiy maʼlumotlarni qonunchilik hujjatlariga muvofiq loyihalovchi davlatning tegishli vakolatli organiga himoyalangan aloqa kanallari orqali uzatilishini taʼminlaydi.

5-bob. Ahdlashuvchi davlatlar tomonidan uchishga yaroqlilikka oid maʼlumotlarni taqdim etish

36. “Oʻzaviatsiya” agentligi Oʻzbekiston Respublikasining fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining uchishga yaroqlilikni saqlash boʻyicha vakolatli organi sifatida, maksimal uchish vazni 5700 kg dan ortiq boʻlgan samolyotlar, 3175 kg dan ortiq boʻlgan vertolyotlar hamda masofadan turib boshqariladigan aviatsiya tizimlariga oid ekspluatantlar, aviatsiya texnikasi turining konstruksiyasi uchun masʼul tashkilotlar va texnik xizmat koʻrsatish tashkilotlari tomonidan Agentlikka taqdim etilishi shart boʻlgan maʼlumotlarning turlarini hamda ularni taqdim etish tartibini belgilaydi.

IV boʻlim. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotlari va ularning faoliyatiga qoʻyiladigan talablar

1-bob. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotini sertifikatlash

37. Mazkur Qoidalarning talablari fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Fuqaro havo kemalarining davlat reyestriga kiritilmagan havo kemalariga, shu jumladan birorta ham ahdlashuvchi davlatda roʻyxatdan oʻtkazilmagan havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatilishiga toʻsqinlik qilmaydi.

38. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotining sertifikatini berish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomning 57-ilovasiga muvofiq amalga oshiriladi.

39. “Oʻzaviatsiya” agentligi tomonidan fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti sertifikati ariza beruvchining Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 22-fevraldagi 86-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ruxsat etish xususiyatiga ega ayrim hujjatlarni berish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi yagona nizomning 57-ilovasida belgilangan talablarga muvofiqligi hamda mazkur talablar bajarilganligini tasdiqlovchi dalillar taqdim etilgan taqdirda beriladi.

40. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti sertifikatida quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilishi lozim:

a) fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti sertifikatini bergan “Oʻzaviatsiya” agentligi, shuningdek sertifikatni bergan mansabdor shaxsning familiyasi, lavozimi va imzosi;

b) fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotining nomi va rasmiy manzili;

d) fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti sertifikatining raqami;

e) fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti sertifikatining oxirgi marta berilgan sanasi;

f) amal qilish muddati tugaydigan sanasi;

g) sertifikatlanadigan ishlar doirasi (bunda tatbiq etiladigan havo kemalari va tarkibiy qismlarning turlari hamda ularga texnik xizmat koʻrsatish ishlari koʻrsatiladi);

h) texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha ishlab chiqarish bazasining joylashgan manzili (ushbu maʼlumot fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti sertifikatida keltirilgan hujjatda nazarda tutilmagan boʻlsa koʻrsatiladi).

41. Havo kemasiga berilgan fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti sertifikatining dastlabki berilgan sanasi oxirgi berilgan sanadan farq qilsa, fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti sertifikatida dastlabki berilgan sana ham koʻrsatiladi.

42. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti sertifikatining amal qilish muddati tashkilotning mazkur Qoidalarda belgilangan tegishli talablarga hamda parvozlar xavfsizligini boshqarish tizimiga oid talablarga muvofiqligi saqlanib turgan taqdirda “Oʻzaviatsiya” agentligi tomonidan uzaytiriladi.

43. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti bajariladigan ishlar hajmi, joylashgan manzili yoki tayinlanadigan xodimlariga oid har qanday oʻzgarishlar toʻgʻrisida “Oʻzaviatsiya” agentligini bunday oʻzgarishlardan xabar topgan kundan eʼtiboran bir ish kuni ichida agentlikni xabardor qiladi.

44. “Oʻzaviatsiya” agentligi boshqa ahdlashuvchi davlat tomonidan berilgan fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti sertifikatini tan olganda, ushbu hujjatni va unga keyinchalik kiritiladigan oʻzgartirishlarni tan olish tartibini belgilaydi. Bunda “Oʻzaviatsiya” agentligi mazkur hujjatni dastlab bergan ahdlashuvchi davlat bilan tegishli hamkorlik va axborot almashinuvini yoʻlga qoʻyadi.

2-bob. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotining faoliyati boʻyicha qoʻllanma

45. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti texnik xizmat koʻrsatish xodimlari uchun yoʻriqnoma vazifasini bajaradigan tashkilot faoliyati boʻyicha qoʻllanmaning mavjudligini hamda qoʻllanma alohida qismlar shaklida nashr etilishi va quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishini taʼminlashi lozim:

a) fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotiga berilgan sertifikatlash shartlariga muvofiq ruxsat etilgan ishlar hajmining umumiy tavsifi;

b) fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotida qoʻllaniladigan tartiblar hamda sifatni taʼminlash tizimi yoki ichki tekshiruvlar tizimining tavsifi;

d) fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotining ishlab chiqarish bazasining umumiy tavsifi;

e) rahbar xodimlarning familiyasi va lavozim majburiyatlari;

f) texnik xizmat koʻrsatish xodimlarining kompetentligini aniqlashda qoʻllaniladigan tartiblarning tavsifi;

g) texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha qayd etilgan maʼlumotlar va ularni saqlash usulining tavsifi;

h) texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi guvohnomani rasmiylashtirish tartib-taomillari hamda ushbu guvohnoma imzolanishi lozim boʻlgan shartlarning tavsifi;

i) texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi guvohnomani imzolash vakolatiga ega xodimlar va ularning vakolat doirasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

j) pudrat (subpudrat) asosida bajariladigan ishlarning tavsifi;

k) ekspluatantning texnik xizmat koʻrsatishga taalluqli tartib-taomillari va talablariga rioya etishni taʼminlovchi qoʻshimcha qoidalarning tavsifi;

l) uchishga yaroqlilikni saqlash boʻyicha majburiy maʼlumotlarni taqdim etish talablarini bajarish tartib-taomillarining tavsifi;

m) aviatsiya texnikasi turining konstruksiyasi uchun masʼul tashkilotdan olinadigan uchishga yaroqlilikka oid barcha zarur maʼlumotlarni qabul qilish, baholash, oʻzgartirish va fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti doirasida tarqatish tartib-taomillarining tavsifi;

n) fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotining sertifikatiga taalluqli oʻzgartirishlarni kiritish tartib-taomillarining tavsifi.

46. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti oʻz faoliyati boʻyicha qoʻllanmada keltirilgan maʼlumotlarning dolzarbligini taʼminlash maqsadida unga zarur oʻzgartirishlarning oʻz vaqtida kiritilishini taʼminlaydi.

47. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti oʻz faoliyati boʻyicha qoʻllanmaga kiritilgan barcha oʻzgartirishlarni ushbu qoʻllanma taqdim etilgan barcha tashkilotlar va shaxslarga zudlik bilan yuboradi.

3-bob. Texnik xizmat koʻrsatish tartib-taomillari va sifatni taʼminlash

48. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti “Oʻzaviatsiya” agentligi uchun maqbul boʻlgan hamda texnik xizmat koʻrsatishning tegishli usullari qoʻllanilishini va tashkilotga qoʻyilgan barcha talablarning bajarilishini taʼminlaydigan tartiblarni belgilaydi.

49. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti belgilangan talablarning bajarilishini va ularning yetarliligini nazorat qiluvchi mustaqil sifatni taʼminlash tizimini yoki texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha barcha ishlarning bajarilishini taʼminlaydigan ichki tekshiruvlari tizimini joriy etish orqali taʼminlaydi.

4-bob. Ishlab chiqarish bazasi

50. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti bajariladigan vazifalarga mos ishlab chiqarish bazasiga, shuningdek ishlarni bajarish va xodimlar uchun kerakli ish sharoitlarini yaratish uchun binolar, inshootlar, zarur energiya turlari, ishlab chiqarish xonalari, omborxonalar, ofis va maishiy binolarga ega boʻlishi lozim.

51. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti sertifikatlangan ish turlarini bajarish uchun zarur texnik maʼlumotlar, uskunalar, asboblar va materiallarga ega boʻlishi shart.

52. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti ehtiyot qismlar, uskunalar, asboblar va materiallarning tegishli darajada himoyalanishini taʼminlaydigan, ularning sifati pasayishi va shikastlanishining oldini oladigan saqlash sharoitlarini yaratadi.

5-bob. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti xodimlari

53. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti tashkilot nomidan ish yuritadigan va uning faoliyati uchun yakuniy javobgarlikni oʻz zimmasiga oladigan masʼul rahbarni tayinlaydi. Masʼul rahbar boshqa vazifalarni ham bajarishi mumkin.

54. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotining masʼul rahbari tashkilotning havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish ishlarining bajarish talablariga muvofiqligini taʼminlash uchun masʼul shaxsni yoki shaxslar guruhini tayinlaydi.

55. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti texnik xizmat koʻrsatish ishlarini rejalashtirish, bajarish, ularga rahbarlik qilish va nazorat qilish, shuningdek texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi guvohnomalarni rasmiylashtirish uchun zarur boʻlgan xodimlarni ishga qabul qiladi.

56. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti texnik xizmat koʻrsatish xodimlarining malakasini belgilangan tartib-taomillarga muvofiq baholaydi hamda ularning malakasi “Oʻzaviatsiya” agentligi uchun maqbul darajada boʻlishini taʼminlaydi.

Texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi guvohnomani imzolovchi shaxs havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha mutaxassis guvohnomasiga ega boʻlmasa, u “Fuqaro aviatsiyasining aviatsiya xodimi guvohnomasini berish” Oʻzbekiston Respublikasining aviatsiya qoidalariga (OʻZR AQ-61) (roʻyxat raqami 3609, 2025-yil 24-fevral) muvofiq malaka talablariga javob berishi lozim.

57. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha barcha xodimlarning oʻzlariga yuklatilgan vazifalar va majburiyatlarga muvofiq dastlabki hamda keyingi tayyorgarlikdan oʻtishini taʼminlaydi.

Tashkilot tomonidan tasdiqlangan tayyorgarlik dasturi inson imkoniyatlarini hisobga olgan holda bilim va koʻnikmalarni shakllantirishga qaratilgan tayyorgarlikni, shu jumladan texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha boshqa xodimlar hamda ekipaj bilan oʻzaro hamkorlik qilishga oid tayyorgarlikni qamrab oladi.

6-bob. Texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha qayd etiladigan maʼlumotlar

58. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi guvohnomani imzolash uchun talablar bajarilganligini tasdiqlovchi, bajarilgan texnik xizmat koʻrsatish ishlariga oid maʼlumotlarni qayd etadi va saqlaydi.

59. Qayd etilgan maʼlumotlar texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi guvohnoma imzolangan sanadan boshlab ikki yil davomida saqlanadi.

60. Qayd etilgan maʼlumotlarni saqlash va uzatishda ularning doimiy ravishda oʻqish uchun yaroqlilikni, himoyalanganligini hamda yaxlitligini taʼminlaydigan shakl va formatlardan foydalaniladi.

Ushbu maʼlumotlar qogʻozda, elektron shaklda yoki ushbu shakllarning istalgan uygʻunligida qayd etilishi mumkin.

7-bob. Texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi guvohnoma

61. Texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi guvohnoma ishlarning qoniqarli bajarilganligini, texnik maʼlumotlarga hamda tashkilot faoliyati boʻyicha qoʻllanmada belgilangan tartib-taomillarga muvofiqligini tasdiqlash uchun rasmiylashtiriladi va imzolanadi.

62. Texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisidagi guvohnomada quyidagilar koʻrsatiladi:

a) bajarilgan texnik xizmat koʻrsatish ishlariga oid asosiy maʼlumotlar, shu jumladan ushbu ishlarni bajarishda foydalanilgan maʼlumotlar va hujjatlarning tavsifi;

b) texnik xizmat koʻrsatish ishlari yakunlangan sana;

d) fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotining nomi;

e) guvohnomani imzolagan shaxs yoki shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

8-bob. Parvozlar xavfsizligini boshqarish

63. Fuqaro havo kemalariga texnik xizmat koʻrsatish tashkilotlari uchun parvozlar xavfsizligini boshqarish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 17-dekabrdagi 346-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi havo kemalari parvozlari xavfsizligini taʼminlash davlat dasturiga muvofiq amalga oshiriladi.

9-bob. Yakuniy qoida

64. Ushbu Qoidalar talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Direktor T. NAZAROV

Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV

Transport vaziri I. MAXKAMOV

Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil A. BURIYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 16 sentabr,

2026 yil 11 avgust

2026 yil 3 avgust

2026 yil 31 iyul

11-n-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 15.10.2026 y., 10/26/3953/1039-son)

lex.uz