UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 9 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ДАСТУРИ

НИЗОМ

ТАВСИЯВИЙ ТАЛАБЛАР

МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАРИ

Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 18 декабрдаги ПҚ-383-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларининг фаолиятини йўлга қўйиш дастури 1-иловага мувофиқ;

Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларининг фаолияти ташкил этиладиган бино-иншоот ва ер участкалари бўйича тавсиявий талаблар 3-иловага мувофиқ;

2026 — 2029 йилларда ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларини ташкил этишнинг мақсадли кўрсаткичлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда 2027 йил 1 январга қадар:

Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг ягона реестрига кириш ва ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш бўйича йўлланмалар олиш учун давлат хизматлари марказлари, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ), Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва «Ижтимоий карта» мобиль иловаси орқали мурожаат қилишнинг техник имкониятини яратсин;

Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг ягона реестрига кириш ва ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш бўйича йўлланмалар бериш учун фуқаролардан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аризалар қабул қилиш ҳамда аризани кўриб чиқишнинг ҳар бир босқичида уни кузатиб бориш тартибини жорий этсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 555-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларининг фаолиятини йўлга қўйиш

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу дастур асосида Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларини (кейинги ўринларда — ҳудудий марказлар) ташкил этишдан асосий мақсад — Ўзбекистон Республикасида ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини институционал парваришга асосланган моделдан инклюзив, жамоатчиликка асосланган ва мижозга йўналтирилган хизматлар тизимига босқичма-босқич ўтказиш ҳисобланади.

2. Ҳудудий марказлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кундузги парвариш, реабилитация, оилани қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий, психологик, юридик маслаҳат бериш бўйича комплекс хизматлар кўрсатувчи муассасалар сифатида фаолият юритади ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг жамият ҳаётида унинг тўлақонли мустақил аъзоси сифатида иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади.

2-боб. Ҳудудий марказлар асосий вазифалари ва фаолиятининг асосий тамойиллари

3. Қуйидагилар ҳудудий марказларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар ва зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилишини ташкил этиш;

ривожланишида нуқсони бўлган болаларни тўғри парваришлаш бўйича оила аъзолари ва уларни парваришлаш билан банд бўлган бошқа шахсларнинг кўникмаларини мустаҳкамлаш;

зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларнинг ижтимоий мослашувидаги муаммоларни ўрганиш орқали уларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш;

психологик-педагогик, таълим ва бошқа ижтимоий хизматларни тақдим этиш.

4. Қуйидагилар ҳудудий марказлар фаолиятининг асосий тамойиллари ҳисобланади:

фуқароларга тенг имкониятлар яратиш ва камситишга йўл қўймаслик;

инклюзивлик;

ижтимоий йўналтирилганлик ва ижтимоий хизматларни олувчи шахсларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш;

интеграция ва ўзаро мувофиқлаштириш;

ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил этишга тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ўзини-ўзи банд қилган шахслар (кейинги ўринларда — нодавлат сектор)ни фаол жалб этиш;

далилларга асосланганлик;

молиявий барқарорлик.

1-§. Фуқароларга тенг имкониятлар яратиш ва камситишга йўл қўймаслик тамойили

5. Ҳудудий марказларда ижтимоий хизматлар фуқароларга тенг имкониятлар асосида кўрсатилади ҳамда хизматларни кўрсатишда фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, соғлиги ҳолати, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар камситишга йўл қўйилмайди.

6. Ҳудудий марказларда кўрсатилаётган хизматлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига уларнинг муҳтожлик даражаси ва хавф омилларини ҳисобга олган ҳолда, ягона мезонлар ва шаффоф тартиблар асосида устувор тарзда тақдим этилади.

2-§. Инклюзивлик тамойили

7. Хизматлардан фойдаланиш тартиби аҳоли, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун тушунарли бўлган тилда ва шаклда баён этилади ҳамда мурожаат қилишнинг турли усуллари жорий этилади.

3-§. Ижтимоий йўналтирилганлик ва ижтимоий хизматларни олувчи шахсларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш тамойили

8. Ҳудудий марказларда ижтимоий хизматлар, аввало, фуқаро яшайдиган маҳаллада кўрсатилади.

9. Ҳудудий марказларда инсонни институционал муассасаларга жойлаштиришга олиб келувчи омилларни барвақт бартараф этиш ҳамда реабилитация ва қўллаб-қувватлаш чораларини жойида ташкил этишга устуворлик берилади.

10. Ҳудудий марказлар фаолиятида оилага таянилган ёндашув қўлланилиб, оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, парвариш юкини енгиллаштириш, кўникмаларни шакллантириш ва маслаҳат беришга қаратилган механизмлар жорий этилади.

4-§. Интеграция ва ўзаро мувофиқлаштириш тамойили

11. Ҳудудий марказларда кўрсатиладиган ижтимоий ва реабилитация хизматлари ваколатли органлар билан узвий мувофиқлаштирилган ҳолда ташкил этилади.

12. Ҳудудий марказлардаги ижтимоий хизматларга муҳтожлик қуйидаги ҳолатлар орқали аниқланади:

эҳтиёжларни аниқлаш;

индивидуал режалар ишлаб чиқиш;

турдош хизматларга йўналтириш;

кўрсатилган хизматлар натижасини кузатиб бориш;

қайта баҳолаш ва режани янгилаш.

13. Идоралараро ҳамкорлик аниқ ваколатлар тақсимоти, йўлланма ва қайта алоқа механизми асосида таъминланади.

5-§. Ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил этишга нодавлат секторни фаол жалб этиш тамойили

14. Ҳудудий марказларда ижтимоий хизматларни кўрсатишни ташкил этишга нодавлат секторни кенг жалб этиш, ижтимоий лойиҳаларга грантлар ва субсидиялар бериш, хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ваучерлар тақдим этиш ва харажатларни компенсация қилиш ҳамда ижтимоий хизматларни кўрсатувчиларнинг малакасини ошириб бориш орқали амалга оширилади.

6-§. Далилларга асосланганлик тамойили

15. Ҳудудий марказлар фаолиятини йўлга қўйиш ва кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар тўпламини шакллантириш аҳоли эҳтиёжларини баҳолаш, ҳудудий демографик ва ижтимоий кўрсаткичлар, хизматларга талабларни ва мавжуд қувватларни таҳлил этиш орқали амалга оширилади.

16. Янги хизматлар ва ёндашувлар, биринчи навбатда, танлаб олинган ҳудудларда тажриба-синов тариқасида ташкил этилади ҳамда уларнинг натижалари асосида услубий материаллар, стандартлар, регламентлар ва молиялаштириш механизмлари қайта кўриб чиқилиши мумкин.

17. Ҳудудий марказлар фаолиятини доимий мониторинг қилиш ва баҳолаш тизими жорий этилади. Бунда хизмат ҳажми, сифат индикаторлари, фуқароларнинг қониқиш даражаси, натижа ва таъсир кўрсаткичлари мунтазам таҳлил қилиб борилади.

7-§. Молиявий барқарорлик тамойили

18. Ҳудудий марказлар фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети;

Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари;

халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг грантлари ва кредитлари;

пулли хизматлар кўрсатишдан тушган бюджетдан ташқари маблағлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

19. Ҳудудий марказларнинг ходимлари учун иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда бино ва иншоотларни сақлаш харажатлари давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

20. Алоҳида ҳолатларда ҳудудий марказлар фаолияти билан боғлиқ қўшимча харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

21. Ҳудудий марказлар томонидан пулли хизматларни кўрсатишдан тушган маблағлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш учун йўналтирилиши мумкин.

22. Тадбиркорлик субъектларига ижарага берилган бино ва иншоотларни жиҳозлаш ҳамда сақлаш харажатлари мазкур субъектлар томонидан амалга оширилади.

3-боб. Ҳудудий марказлар фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш

23. Ҳудудий марказлар фаолиятини босқичма-босқич ташкил этиш доирасида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг минимал стандартлари, хизмат кўрсатиш тартиби, инфратузилма ҳамда мутахассисларга доир талабларни белгилаш;

ижтимоий хизматларни кўрсатишда ҳолатни баҳолаш, идоралараро ҳамкорлик ва рақамли ахборот алмашинуви механизмларини жорий этиш;

талабдан келиб чиқиб, қўшимча хизматларни жорий этиш.

4-боб. Асосий ижтимоий хизматлар тўпламлари ва улар тақдим этиладиган мақсадли гуруҳлар

24. Ҳудудий марказлар доирасида аҳолининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий хизматлар пакетлари жорий этилади. Бунда ижтимоий хизматлар пакетлари инсоннинг функционал ҳолати ҳамда унинг ҳаётининг ижтимоий хавф омилларига асосан шакллантирилади.

25. Ҳудудий марказларда уларнинг туридан келиб чиқиб, қуйидаги ижтимоий хизматлар пакети жорий этилади:

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар ҳамда зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун ижтимоий хизматлар;

ривожланишида нуқсони бўлган болаларни тўғри парваришлаш бўйича оила аъзолари ва парваришлаш билан банд бўлган бошқа шахсларнинг кўникмаларини мустаҳкамлаш бўйича хизматлар;

зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларни жамиятга интеграциясини таъминлашга қаратилган ижтимоий хизматлар;

психологик-педагогик, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар;

болалар ва катталар учун абилитация ва реабилитация хизматлари;

оилани ва парваришни амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш хизматлари, шу жумладан, маслаҳат бериш, парвариш кўникмаларини ўргатиш ҳамда парвариш юкини камайтириш;

касбга ўргатиш ва таълим хизматлари;

бошқа ижтимоий хизматлар.

26. Кундузги парвариш хизматларининг асосий мақсади — ногиронлиги бўлган болалар учун хавфсиз, инклюзив ва уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун муҳит яратиш ҳамда оила аъзоларига меҳнат қилишига шароит яратиш ва парвариш юкини енгиллаштириш механизмини жорий этишдан иборат.

27. Кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматининг асосий мақсади — ногиронлиги бўлган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож 18 ёшдан катта бўлган шахсларнинг мустақил ҳаёт фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш қобилиятини сақлаш ва ривожлантириш ҳамда уларнинг маҳалла ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.

28. Абилитация ва реабилитация хизматлари мавжуд бўлмаган ёки етарли даражада шаклланмаган функция ва кўникмаларни ривожлантириш (абилитация) ёки касаллик, жароҳат ёки бошқа омиллар натижасида йўқотилган функцияларни тиклаш ёки компенсация қилиш (реабилитация) мақсадида кўрсатилади.

29. Зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларга ижтимоий мослашув хизматлари кўрсатилади.

30. Ҳудудий марказда таълим хизматлари фаолияти йўлга қўйилади. Бунда таълим хизматлари Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари учун имтиёзли шартларда кўрсатилади.

5-боб. Ижтимоий хизматлар пакетини тақдим қилиш

31. Ҳудудий марказларда ижтимоий хизматлар давлат ва нодавлат сектор иштирокида, белгиланган стандартлар ва сифат мезонларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

32. Ҳудудий марказларда ижтимоий хизматлар кундузги қатнов шаклида ташкил этилади ва уларни стационар шаклда кўрсатишга йўл қўйилмайди.

33. Ижтимоий хизматлар нархи бозор коньюнктурасидан келиб чиқиб шакллантирилади.

6-боб. Якунловчи қоида

34. Мазкур дастур қоидалари ҳудудий марказлар фаолиятига доир давлат дастурлари, стратегияларини ишлаб чиқишда услубий асос сифатида хизмат қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 555-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларида (кейинги ўринларда — ҳудудий марказлар) ижтимоий, психологик, юридик ҳамда реабилитация хизматларини кўрсатиш (кейинги ўринларда — ижтимоий хизматлар) тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ариза берувчи — ҳудудий марказда кўрсатиладиган ижтимоий хизматлардан фойдаланишни сўраб мурожаат қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ёки унинг қонуний вакили;

ижтимоий хизмат кўрсатувчи — ҳудудий марказ ёки ҳудудий марказ ҳудудида ижтимоий хизмат кўрсатувчи нодавлат сектор иштирокчиси;

нодавлат сектор — нодавлат юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар.

3. Ҳудудий марказда қуйидаги ижтимоий хизматлар кўрсатилади:

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар ҳамда зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун ижтимоий хизматлар;

ривожланишида нуқсони бўлган болаларни тўғри парваришлаш бўйича оила аъзолари ва парваришлаш билан банд бўлган бошқа шахсларнинг кўникмаларини мустаҳкамлаш бўйича хизматлар;

зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларни жамиятга интеграциясини таъминлашга қаратилган ижтимоий хизматлар;

психологик-педагогик, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар;

болалар ва катталар учун абилитация ва реабилитация хизматлари;

оилани ва парваришни амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш хизматлари, шу жумладан, маслаҳат бериш, парвариш кўникмаларини ўргатиш ҳамда парвариш юкини камайтириш;

касбга ўргатиш ва таълим хизматлари;

бошқа инновацион ижтимоий хизматлар.

4. Ҳудудий марказда ижтимоий хизматлар бевосита ҳудудий марказ томонидан ёки нодавлат секторни жалб этган ҳолда кўрсатилади.

2-боб. Ҳудудий марказда ижтимоий хизматларни кўрсатиш учун нодавлат секторни жалб этиш тартиби

5. Ҳудудий марказда ижтимоий хизматларни кўрсатиш истагини билдирган нодавлат сектор иштирокчилари (кейинги ўринларда — талабгорлар) «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) юритиладиган ҳудудий марказда ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг ягона реестрига (кейинги ўринларда — Ягона реестр) киритилиши лозим.

6. «ЯМИҲ» АТда рўйхатдан ўтиш ва ҳудудий марказда ижтимоий хизмат кўрсатиш учун танловда иштирок этиш мақсадида талабгор томонидан электрон сўровнома тўлдирилади.

7. Сўровномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

юридик шахслар учун — солиқ тўловчининг идентификация рақами, юридик манзили, банк ҳисобварағи, банк реквизитлари, телефон рақами ва электрон почта манзили;

якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун — ЖШШИР, биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта серияси ва рақами, яшаш манзили, телефон рақами ва электрон почта манзили;

талабгорларнинг ижтимоий ва бошқа хизматлар кўрсатишдаги фаолияти ва охирги бир йиллик айланма маблағлари тўғрисидаги маълумотлар;

талабгорнинг тегишли ижтимоий хизмат кўрсатиш ёки турдош соҳалардаги тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса).

Сўровномага талабгорнинг фаолиятига доир маълумотлар илова қилинади.

Ҳудудий марказда талабгорлар ҳар бир ижтимоий хизмат тури ва ушбу хизматни кўрсатиш учун ажратиладиган жой (хона) бўйича алоҳида сўровнома тўлдиради.

8. Муайян ижтимоий хизмат тури ва унга ажратилган жой (хона) бўйича икки ёки ундан ортиқ талабгордан сўровнома келиб тушган бўлса, талабгорларни танлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тегишли ҳудудий бошқармаси ҳузурида камида уч нафар аъзодан иборат таркибда тузиладиган ўрганиш гуруҳи томонидан амалга оширилади.

Ўрганиш гуруҳи таркибига ҳудудий марказ директори киритилади.

9. Муайян ижтимоий хизмат тури ва унга ажратилган жой (хона) бўйича «ЯМИҲ» АТ орқали фақат битта талабгордан сўровнома келиб тушган бўлса, ушбу талабгор танлов ўтказилмасдан Ягона реестрга киритилади.

10. Ўрганиш гуруҳи сўровнома келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида талабгорлар томонидан тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда талабгорни Ягона реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қарор қабул қилишда қуйидаги мезонлар инобатга олинади:

ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасидаги тажрибаси мавжудлиги ва унинг давомийлиги;

ижтимоий хизматларга турдош соҳаларда хизмат кўрсатиш тажрибаси мавжудлиги ва унинг давомийлиги;

охирги бир йилдаги айланма маблағлари миқдори;

илгари хизмат кўрсатиш жараёнида талабгор фаолияти билан боғлиқ белгиланган тартибда рўйхатга олинган ҳуқуқбузарликларнинг мавжуд эмаслиги.

Ўрганиш гуруҳи талабгорларнинг фаолиятини қўшимча ўрганиш мақсадида талабгорлар билан суҳбат ўтказиши, зарур ҳужжат ва маълумотларни сўраб олиши мумкин.

11. Тақдим этилган маълумотларда нотўғри ёхуд ишончсиз маълумотлар аниқланган тақдирда, ўрганиш гуруҳи томонидан талабгорни ҳудудий марказда ижтимоий хизмат кўрсатиш учун Ягона реестрга киритишни рад этиш тўғрисида қарор расмийлаштирилади.

12. Талабгорни Ягона реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг, талабгор Ягона реестрга киритилади ва бу ҳақида унинг «ЯМИҲ» АТдаги шахсий кабинетига электрон хабарнома юборилади.

Ҳудудий марказ Ягона реестрга киритилган талабгор билан ижара шартномасини қонунчиликда белгиланган тартибда тузади.

13. Ҳудудий марказ Ягона реестрга киритилган талабгорга тегишли бўш турган давлат кўчмас мулк объектини Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида ижара тўловининг энг кам миқдорига 0,25 коэффициент қўлланган ҳолда, қолган ҳудудларда ижара тўловининг энг кам миқдорида тўғридан-тўғри ижарага беради. Бунда ижара шартномасида:

коммунал хизматлар, электр энергияси, сув, газ истеъмоли ва иссиқлик таъминоти учун харажатлар талабгор томонидан тўланиши;

ҳудудий марказда имтиёзли шартларда кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар мазкур Низом талабларига мувофиқ амалга оширилиши;

Ягона реестрга киритилган йўналиш бўйича ижтимоий хизмат кўрсатиш икки ой ичида ташкил этилмаслиги шартномани бекор қилиш учун асос бўлиши кўрсатилади.

Ижарага берилган мулкдан фойдаланиш шартлари, хизмат сифати, хавфсизлик талаблари, ҳисобдорлик, мониторинг ва шартномани бекор қилиш асослари ижара шартномада ҳамда тегишли хизматнинг стандартларида белгиланади.

Ҳудудий марказда тегишли ижтимоий хизматни кўрсатиш учун бўш турган хона ёки жой мавжуд бўлмаган тақдирда, «ЯМИҲ» АТда ушбу хизмат тури бўйича янги сўровнома юбориш имконияти вақтинча чекланади.

3-боб. Ҳудудий марказда ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш тартиби

14. Ҳудудий марказда ижтимоий хизматлар ҳақини тўлиқ тўлаш эвазига (пуллик) ёки имтиёзли шартларда кўрсатилади.

15. Ҳудудий марказда ҳақини тўлиқ тўлаш эвазига (пуллик) хизмат кўрсатиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ҳудудий марказда имтиёзли шартлардаги ижтимоий хизматлар қисман ҳақ тўлаш эвазига ёки бепул тақдим этилади.

16. Ҳудудий марказда қуйидаги ижтимоий хизматлар имтиёзли шартларда кўрсатилади:

ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахслар учун «Фаол ҳаётга қадам» дастури (кейинги ўринларда — Дастур) доирасида белгиланган тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати ва кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати;

3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати;

зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун олти ойгача бўлган муддатга қисқа муддатли ҳамда бир йилгача бўлган муддатга узоқ муддатли ижтимоий хизматлар;

Ижтимоий реестрдаги оилаларнинг ногиронлиги бўлган болалари учун абилитация, реабилитация хизматлари;

Ижтимоий реестрдаги оилаларнинг фарзандлари учун таълим хизматлари.

Ҳудудий марказда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ижтимоий хизматлар ҳам имтиёзли шартларда кўрсатилиши мумкин.

Мазкур банднинг иккинчи — бешинчи хатбошиларида назарда тутилган хизматларни ҳудудий марказда кўрсатиш ва уларни молиялаштириш ушбу Низом талабларини инобатга олган ҳолда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ҳудудий марказда ташкил этиладиган мазкур банднинг иккинчи — бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ижтимоий хизматлар Ягона реестрга киритилган ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар томонидан уларда мазкур ҳуқуқ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ вужудга келгандан тақдим этилади.

17. Ариза берувчи ҳудудий марказнинг ижтимоий хизматларидан тўлиқ ҳақ тўлаш эвазига (пуллик) фойдаланиш истагини билдирганда, ҳудудий марказга тўғридан-тўғри мурожаат этади.

18. Ариза берувчи мазкур Низомнинг 16-банди олтинчи хатбошида назарда тутилган хизматларни ижтимоий хизматлардан имтиёзли шартларда фойдаланиш учун қуйидаги шаклларда хизмат кўрсатиш навбатига ёзилади:

давлат хизматлари маркази ёки «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази, яшаш манзили бўйича маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим орқали;

«ЯМИҲ» АТ, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали мустақил равишда.

Ариза берувчи ҳудудий марказнинг хизматларидан фойдаланиш учун ўз номидан ёки унинг қарамоғида бўлган ҳамда ёрдамга муҳтож оила аъзоси номидан мурожаат қилиши мумкин.

Ариза берувчининг оиласи Ижтимоий реестрга киритилганлиги автоматик равишда «ЯМИҲ» АТ орқали олинган маълумотлар асосида автоматик равишда аниқланади. Бунда ариза берувчининг оиласи Ижтимоий реестрга киритилганлиги:

тасдиқланганда ариза рўйхатдан ўтказилади;

тасдиқланмаганда ариза рад этилади.

19. Ҳудудий марказда ижтимоий хизматни кўрсатиш учун бўш ўрин бўлса ариза берувчи тегишли хизматга йўналтирилади ва бу ҳақида унинг «ЯМИҲ» АТ ва ЯИДХПдаги шахсий кабинетига хабар юбориш орқали автоматик равишда хабардор қилинади. Бунда бўш ўрин мавжуд бўлмаганда ариза берувчи электрон навбатга қўйилади ва шахсий кабинетига автоматик равишда хабар юборилади.

Электрон навбат:

ҳар бир ижтимоий хизмат учун алоҳида навбат юритилади;

қоида тариқасида, ижтимоий хизматдан пуллик асосда ва имтиёзли шартларда фойдаланувчи ариза берувчилар кетма-кетлиги тарзида шакллантирилади.

Ариза берувчи навбати келганда бу ҳақида унинг мобил телефон рақамига автоматик равишда бепул қисқа СМС-хабарлар юбориш орқали хабардор қилинади.

Ҳудудий марказда ижтимоий хизматлардан фойдаланиш жараёнида СМС-хабар юбориш билан боғлиқ харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Ариза берувчи ҳудудий марказга белгиланган санада етиб келиши шарт.

4-боб. Ҳудудий марказда ижтимоий хизматларни кўрсатиш тартиби

20. Мазкур Низомнинг 16-банди иккинчи , учинчи ва бешинчи хатбошиларида белгиланган ижтимоий хизматлар бўйича ариза берувчи ижтимоий хизмат кўрсатувчининг мутахассислари томонидан тегишли баҳолашдан ўтказилади.

Ўтказилган баҳолаш натижаларига кўра ариза берувчига қонунчилик ҳужжатлари ҳамда ижтимоий хизматларининг стандартларида белгиланган тартибда индивидуал режа шакллантирилади.

Ижтимоий хизмат кўрсатиш жараёнида индивидуал режанинг бажарилиши ва режалаштирилган натижаларга эришиш ҳолати ижтимоий хизмат кўрсатувчи томонидан мониторинг қилинади ва ариза берувчининг эҳтиёжлари, соғлиқ ҳолати ёки бошқа ҳолатлар ўзгарганда, режа қайта кўриб чиқилади.

Индивидуал режа бўйича ижтимоий хизмат кўрсатиш муддатининг охирги санасида унинг натижалари ижтимоий хизмат кўрсатувчи томонидан баҳоланади ва баҳолаш якунлари бўйича:

хизмат кўрсатиш тугатилади;

хизмат кўрсатишни давом эттириш ёки унинг шаклини ўзгартириш тўғрисида тавсиялар берилади ёхуд хизмат олувчи бошқа ижтимоий хизматларга йўналтирилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

21. Ҳудудий марказ, «Инсон» маркази ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатувчилар ўз фаолиятини амалга ошириши муносабати билан ижтимоий хизматдан фойдаланувчиларнинг шахсга доир маълумотларидан хабардор бўлган шахслар ушбу маълумотлардан шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилишини таъминлаши шарт.

22. Ариза берувчилар ҳудудий марказ ва «Инсон» маркази ходимлари, шунингдек, ижтимоий хизмат кўрсатувчиларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.

23. Ҳудудий марказ ўз биносида фаолият юритаётган ижтимоий хизмат кўрсатувчилар фаолияти устидан ижара шартнома шартларига мувофиқ доимий мониторинг юритади.

24. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 555-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларининг фаолияти ташкил этиладиган бино-иншоот ва ер участкалари бўйича

I. Ер участкаси бўйича:

1. Қулай инфратузилма яратилганлиги (туман (шаҳар) марказига яқинлиги, яқин атрофда жамоат транспорти тўхташ жойлари мавжудлиги) .

2. Мақсадли гуруҳларнинг асосий яшаш ҳудудларидан транспорт орқали 10 — 20 дақиқалик масофасида жойлашганлиги.

3. Мақсадли гуруҳлар юқори тўпланган ҳудудларда, масалан, аҳоли зич яшайдиган турар-жой массивлари, ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасалари ёки тиббий марказлар яқинида жойлашганлиги.

4. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжудлиги: электр, газ, сув, канализация, иситиш тизими.

5. Фавқулодда хизматлар (тез тиббий ёрдам, ёнғин хизматлари ва милиция) учун тез етиб бориш имконияти бўлган ҳудудда жойлашганлиги (10 — 15 дақиқалик радиус доирасида).

6. Умумий ер майдони: қоида тариқасида, камида 0,2 га, бинолар ва ташқи ҳудудларни ўз ичига олган ҳолда.

II. Бино-иншоот бўйича:

1. Объектнинг фойдаланишга яроқлилиги.

2. Ногиронлиги бўлган шахслар учун белгиланган стандарт талабларига мос келиши ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги.

3. Бинода психосоциал-реабилитация хизматлари йўлга қўйилганда, болалар ва вояга етган шахслар учун бинога алоҳида киришдан фойдаланиш имконияти мавжудлиги.

4. Бинода шамоллатиш (вентиляция) тизими тўғри ва сифатли ўрнатилганлиги.

5. Камида 50 кв.м. ўлчамдаги умумий 2 та хоналар мавжудлиги.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 555-сон қарорига 4-ИЛОВА

2026 — 2029 йилларда ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларини ташкил этишнинг

Т/р Ҳудудлар 2026-2027 йиллар 2028-2029 йиллар Қорақалпоғистон Республикаси 1 4 Андижон вилояти 1 4 Бухоро вилояти 1 6 Жиззах вилояти 1 4 Қашқадарё вилояти 1 6 Навоий вилояти 1 4 Наманган вилояти 2 4 Самарқанд вилояти 1 6 Сирдарё вилояти 1 4 Сурхондарё вилояти 3 4 Тошкент вилояти 3 4 Хоразм вилояти 1 6 Фарғона вилояти 2 6 Тошкент шаҳри 1 8 Жами 20 70 90

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 9 октябрь,

555 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.10.2026 й., 09/26/555/1019-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

DASTURI

NIZOM

TAVSIYAVIY TALABLAR

MAQSADLI KOʻRSATKICHLARI

Hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarida aholining ehtiyojmand qatlamlariga kompleks ijtimoiy va reabilitatsiya xizmatlari koʻrsatishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholining ehtiyojmand qatlamlariga hududlarda kompleks ijtimoiy va reabilitatsiya xizmatlarini koʻrsatish tizimini yoʻlga qoʻyish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 18-dekabrdagi PQ-383-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarining faoliyatini yoʻlga qoʻyish dasturi 1-ilovaga muvofiq;

Hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarida ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;

Hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarining faoliyati tashkil etiladigan bino-inshoot va yer uchastkalari boʻyicha tavsiyaviy talablar 3-ilovaga muvofiq;

2026 — 2029-yillarda hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarini tashkil etishning maqsadli koʻrsatkichlari 4-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi va Raqamli texnologiyalar vazirligi Adliya vazirligi bilan birgalikda 2027-yil 1-yanvarga qadar:

Hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarida ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarning yagona reyestriga kirish va hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarida ijtimoiy va reabilitatsiya xizmatlaridan foydalanish boʻyicha yoʻllanmalar olish uchun davlat xizmatlari markazlari, “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT), Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali murojaat qilishning texnik imkoniyatini yaratsin;

Hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarida ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarning yagona reyestriga kirish va hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarida ijtimoiy va reabilitatsiya xizmatlaridan foydalanish boʻyicha yoʻllanmalar berish uchun fuqarolardan Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali arizalar qabul qilish hamda arizani koʻrib chiqishning har bir bosqichida uni kuzatib borish tartibini joriy etsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 555-son qaroriga 1-ILOVA

Hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarining faoliyatini yoʻlga qoʻyish

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu dastur asosida Hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarini (keyingi oʻrinlarda — hududiy markazlar) tashkil etishdan asosiy maqsad — Oʻzbekiston Respublikasida ijtimoiy xizmatlar koʻrsatish tizimini institutsional parvarishga asoslangan modeldan inklyuziv, jamoatchilikka asoslangan va mijozga yoʻnaltirilgan xizmatlar tizimiga bosqichma-bosqich oʻtkazish hisoblanadi.

2. Hududiy markazlar aholining ehtiyojmand qatlamlariga kunduzgi parvarish, reabilitatsiya, oilani qoʻllab-quvvatlash va ijtimoiy, psixologik, yuridik maslahat berish boʻyicha kompleks xizmatlar koʻrsatuvchi muassasalar sifatida faoliyat yuritadi hamda ijtimoiy himoyaga muhtoj aholining jamiyat hayotida uning toʻlaqonli mustaqil aʼzosi sifatida ishtirok etishini taʼminlashga xizmat qiladi.

2-bob. Hududiy markazlar asosiy vazifalari va faoliyatining asosiy tamoyillari

3. Quyidagilar hududiy markazlarning asosiy vazifalari hisoblanadi:

aholining ijtimoiy himoyaga muhtoj toifalari, shu jumladan, nogironligi boʻlgan shaxslar, oʻzgalar parvarishiga muhtoj shaxslar va zoʻravonlikdan jabrlangan, oʻziga nisbatan zoʻravonlik sodir etilishi xavfi ostida boʻlgan va ijtimoiy jihatdan xavfli ahvolda boʻlgan bolalarga ijtimoiy xizmat va yordamlar koʻrsatilishini tashkil etish;

rivojlanishida nuqsoni boʻlgan bolalarni toʻgʻri parvarishlash boʻyicha oila aʼzolari va ularni parvarishlash bilan band boʻlgan boshqa shaxslarning koʻnikmalarini mustahkamlash;

zoʻravonlikdan jabrlangan, oʻziga nisbatan zoʻravonlik sodir etilishi xavfi ostida boʻlgan va ijtimoiy jihatdan xavfli ahvolda boʻlgan bolalarning ijtimoiy moslashuvidagi muammolarni oʻrganish orqali ularning jamiyatga integratsiyasini taʼminlash;

psixologik-pedagogik, taʼlim va boshqa ijtimoiy xizmatlarni taqdim etish.

4. Quyidagilar hududiy markazlar faoliyatining asosiy tamoyillari hisoblanadi:

fuqarolarga teng imkoniyatlar yaratish va kamsitishga yoʻl qoʻymaslik;

inklyuzivlik;

ijtimoiy yoʻnaltirilganlik va ijtimoiy xizmatlarni oluvchi shaxslarning ijtimoiylashuvini taʼminlash;

integratsiya va oʻzaro muvofiqlashtirish;

ijtimoiy xizmatlar koʻrsatishni tashkil etishga tadbirkorlik subyektlari, nodavlat notijorat tashkilotlari va oʻzini-oʻzi band qilgan shaxslar (keyingi oʻrinlarda — nodavlat sektor)ni faol jalb etish;

dalillarga asoslanganlik;

moliyaviy barqarorlik.

1-§. Fuqarolarga teng imkoniyatlar yaratish va kamsitishga yoʻl qoʻymaslik tamoyili

5. Hududiy markazlarda ijtimoiy xizmatlar fuqarolarga teng imkoniyatlar asosida koʻrsatiladi hamda xizmatlarni koʻrsatishda fuqarolarning jinsi, irqi, millati, tili, dini, eʼtiqodi, sogʻligi holati, ijtimoiy kelib chiqishi, ijtimoiy mavqeyidan qatʼi nazar kamsitishga yoʻl qoʻyilmaydi.

6. Hududiy markazlarda koʻrsatilayotgan xizmatlar aholining ehtiyojmand qatlamlariga ularning muhtojlik darajasi va xavf omillarini hisobga olgan holda, yagona mezonlar va shaffof tartiblar asosida ustuvor tarzda taqdim etiladi.

2-§. Inklyuzivlik tamoyili

7. Xizmatlardan foydalanish tartibi aholi, shu jumladan, nogironligi boʻlgan shaxslar uchun tushunarli boʻlgan tilda va shaklda bayon etiladi hamda murojaat qilishning turli usullari joriy etiladi.

3-§. Ijtimoiy yoʻnaltirilganlik va ijtimoiy xizmatlarni oluvchi shaxslarning ijtimoiylashuvini taʼminlash tamoyili

8. Hududiy markazlarda ijtimoiy xizmatlar, avvalo, fuqaro yashaydigan mahallada koʻrsatiladi.

9. Hududiy markazlarda insonni institutsional muassasalarga joylashtirishga olib keluvchi omillarni barvaqt bartaraf etish hamda reabilitatsiya va qoʻllab-quvvatlash choralarini joyida tashkil etishga ustuvorlik beriladi.

10. Hududiy markazlar faoliyatida oilaga tayanilgan yondashuv qoʻllanilib, oila aʼzolarini qoʻllab-quvvatlash, parvarish yukini yengillashtirish, koʻnikmalarni shakllantirish va maslahat berishga qaratilgan mexanizmlar joriy etiladi.

4-§. Integratsiya va oʻzaro muvofiqlashtirish tamoyili

11. Hududiy markazlarda koʻrsatiladigan ijtimoiy va reabilitatsiya xizmatlari vakolatli organlar bilan uzviy muvofiqlashtirilgan holda tashkil etiladi.

12. Hududiy markazlardagi ijtimoiy xizmatlarga muhtojlik quyidagi holatlar orqali aniqlanadi:

ehtiyojlarni aniqlash;

individual rejalar ishlab chiqish;

turdosh xizmatlarga yoʻnaltirish;

koʻrsatilgan xizmatlar natijasini kuzatib borish;

qayta baholash va rejani yangilash.

13. Idoralararo hamkorlik aniq vakolatlar taqsimoti, yoʻllanma va qayta aloqa mexanizmi asosida taʼminlanadi.

5-§. Ijtimoiy xizmatlar koʻrsatishni tashkil etishga nodavlat sektorni faol jalb etish tamoyili

14. Hududiy markazlarda ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatishni tashkil etishga nodavlat sektorni keng jalb etish, ijtimoiy loyihalarga grantlar va subsidiyalar berish, xizmatdan foydalanish huquqini beruvchi vaucherlar taqdim etish va xarajatlarni kompensatsiya qilish hamda ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatuvchilarning malakasini oshirib borish orqali amalga oshiriladi.

6-§. Dalillarga asoslanganlik tamoyili

15. Hududiy markazlar faoliyatini yoʻlga qoʻyish va koʻrsatiladigan ijtimoiy xizmatlar toʻplamini shakllantirish aholi ehtiyojlarini baholash, hududiy demografik va ijtimoiy koʻrsatkichlar, xizmatlarga talablarni va mavjud quvvatlarni tahlil etish orqali amalga oshiriladi.

16. Yangi xizmatlar va yondashuvlar, birinchi navbatda, tanlab olingan hududlarda tajriba-sinov tariqasida tashkil etiladi hamda ularning natijalari asosida uslubiy materiallar, standartlar, reglamentlar va moliyalashtirish mexanizmlari qayta koʻrib chiqilishi mumkin.

17. Hududiy markazlar faoliyatini doimiy monitoring qilish va baholash tizimi joriy etiladi. Bunda xizmat hajmi, sifat indikatorlari, fuqarolarning qoniqish darajasi, natija va taʼsir koʻrsatkichlari muntazam tahlil qilib boriladi.

7-§. Moliyaviy barqarorlik tamoyili

18. Hududiy markazlar faoliyati quyidagi manbalar hisobidan moliyalashtiriladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti;

Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari;

xalqaro moliya institutlari va boshqa tashkilotlarning grantlari va kreditlari;

pulli xizmatlar koʻrsatishdan tushgan budjetdan tashqari mablagʻlar;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

19. Hududiy markazlarning xodimlari uchun ish haqi va unga tenglashtirilgan toʻlovlari hamda bino va inshootlarni saqlash xarajatlari davlat budjeti hisobidan amalga oshiriladi.

20. Alohida holatlarda hududiy markazlar faoliyati bilan bogʻliq qoʻshimcha xarajatlar Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshirilishi mumkin.

21. Hududiy markazlar tomonidan pulli xizmatlarni koʻrsatishdan tushgan mablagʻlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ularning moddiy-texnik bazasini rivojlantirish, xodimlarini ragʻbatlantirish uchun yoʻnaltirilishi mumkin.

22. Tadbirkorlik subyektlariga ijaraga berilgan bino va inshootlarni jihozlash hamda saqlash xarajatlari mazkur subyektlar tomonidan amalga oshiriladi.

3-bob. Hududiy markazlar faoliyatini bosqichma-bosqich yoʻlga qoʻyish

23. Hududiy markazlar faoliyatini bosqichma-bosqich tashkil etish doirasida quyidagi chora-tadbirlar amalga oshiriladi:

ijtimoiy xizmatlar koʻrsatishning minimal standartlari, xizmat koʻrsatish tartibi, infratuzilma hamda mutaxassislarga doir talablarni belgilash;

ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatishda holatni baholash, idoralararo hamkorlik va raqamli axborot almashinuvi mexanizmlarini joriy etish;

talabdan kelib chiqib, qoʻshimcha xizmatlarni joriy etish.

4-bob. Asosiy ijtimoiy xizmatlar toʻplamlari va ular taqdim etiladigan maqsadli guruhlar

24. Hududiy markazlar doirasida aholining ehtiyojlarini hisobga olgan holda ijtimoiy xizmatlar paketlari joriy etiladi. Bunda ijtimoiy xizmatlar paketlari insonning funksional holati hamda uning hayotining ijtimoiy xavf omillariga asosan shakllantiriladi.

25. Hududiy markazlarda ularning turidan kelib chiqib, quyidagi ijtimoiy xizmatlar paketi joriy etiladi:

aholining ijtimoiy himoyaga muhtoj toifalari, shu jumladan, nogironligi boʻlgan shaxslar, oʻzgalar parvarishiga muhtoj shaxslar hamda zoʻravonlikdan jabrlangan, oʻziga nisbatan zoʻravonlik sodir etilishi xavfi ostida boʻlgan va ijtimoiy jihatdan xavfli ahvolda boʻlgan bolalar uchun ijtimoiy xizmatlar;

rivojlanishida nuqsoni boʻlgan bolalarni toʻgʻri parvarishlash boʻyicha oila aʼzolari va parvarishlash bilan band boʻlgan boshqa shaxslarning koʻnikmalarini mustahkamlash boʻyicha xizmatlar;

zoʻravonlikdan jabrlangan, oʻziga nisbatan zoʻravonlik sodir etilishi xavfi ostida boʻlgan va ijtimoiy jihatdan xavfli ahvolda boʻlgan bolalarni jamiyatga integratsiyasini taʼminlashga qaratilgan ijtimoiy xizmatlar;

psixologik-pedagogik, taʼlim va boshqa ijtimoiy xizmatlar;

bolalar va kattalar uchun abilitatsiya va reabilitatsiya xizmatlari;

oilani va parvarishni amalga oshiruvchi shaxslarni qoʻllab-quvvatlash xizmatlari, shu jumladan, maslahat berish, parvarish koʻnikmalarini oʻrgatish hamda parvarish yukini kamaytirish;

kasbga oʻrgatish va taʼlim xizmatlari;

boshqa ijtimoiy xizmatlar.

26. Kunduzgi parvarish xizmatlarining asosiy maqsadi — nogironligi boʻlgan bolalar uchun xavfsiz, inklyuziv va ularning har tomonlama rivojlanishi uchun muhit yaratish hamda oila aʼzolariga mehnat qilishiga sharoit yaratish va parvarish yukini yengillashtirish mexanizmini joriy etishdan iborat.

27. Kunduzgi qatnov asosida qarab turish xizmatining asosiy maqsadi — nogironligi boʻlgan hamda oʻzgalar parvarishiga muhtoj 18 yoshdan katta boʻlgan shaxslarning mustaqil hayot faoliyatini qoʻllab-quvvatlash, oʻz-oʻziga xizmat koʻrsatish qobiliyatini saqlash va rivojlantirish hamda ularning mahalla va jamiyat hayotida faol ishtirok etishi uchun shart-sharoitlar yaratishdan iborat.

28. Abilitatsiya va reabilitatsiya xizmatlari mavjud boʻlmagan yoki yetarli darajada shakllanmagan funksiya va koʻnikmalarni rivojlantirish (abilitatsiya) yoki kasallik, jarohat yoki boshqa omillar natijasida yoʻqotilgan funksiyalarni tiklash yoki kompensatsiya qilish (reabilitatsiya) maqsadida koʻrsatiladi.

29. Zoʻravonlikdan jabrlangan, oʻziga nisbatan zoʻravonlik sodir etilishi xavfi ostida boʻlgan va ijtimoiy jihatdan xavfli ahvolda boʻlgan bolalarga ijtimoiy moslashuv xizmatlari koʻrsatiladi.

30. Hududiy markazda taʼlim xizmatlari faoliyati yoʻlga qoʻyiladi. Bunda taʼlim xizmatlari Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalar farzandlari uchun imtiyozli shartlarda koʻrsatiladi.

5-bob. Ijtimoiy xizmatlar paketini taqdim qilish

31. Hududiy markazlarda ijtimoiy xizmatlar davlat va nodavlat sektor ishtirokida, belgilangan standartlar va sifat mezonlariga rioya etilgan holda amalga oshiriladi.

32. Hududiy markazlarda ijtimoiy xizmatlar kunduzgi qatnov shaklida tashkil etiladi va ularni statsionar shaklda koʻrsatishga yoʻl qoʻyilmaydi.

33. Ijtimoiy xizmatlar narxi bozor konyunkturasidan kelib chiqib shakllantiriladi.

6-bob. Yakunlovchi qoida

34. Mazkur dastur qoidalari hududiy markazlar faoliyatiga doir davlat dasturlari, strategiyalarini ishlab chiqishda uslubiy asos sifatida xizmat qiladi.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 555-son qaroriga 2-ILOVA

Hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarida ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom aholining ehtiyojmand qatlamlariga Hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarida (keyingi oʻrinlarda — hududiy markazlar) ijtimoiy, psixologik, yuridik hamda reabilitatsiya xizmatlarini koʻrsatish (keyingi oʻrinlarda — ijtimoiy xizmatlar) tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ariza beruvchi — hududiy markazda koʻrsatiladigan ijtimoiy xizmatlardan foydalanishni soʻrab murojaat qilgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi, Oʻzbekiston Respublikasi hududida yashash guvohnomasiga ega boʻlgan chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs yoki uning qonuniy vakili;

ijtimoiy xizmat koʻrsatuvchi — hududiy markaz yoki hududiy markaz hududida ijtimoiy xizmat koʻrsatuvchi nodavlat sektor ishtirokchisi;

nodavlat sektor — nodavlat yuridik shaxslar, yakka tartibdagi tadbirkorlar va oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar.

3. Hududiy markazda quyidagi ijtimoiy xizmatlar koʻrsatiladi:

aholining ijtimoiy himoyaga muhtoj toifalari, shu jumladan, nogironligi boʻlgan shaxslar, oʻzgalar parvarishiga muhtoj shaxslar hamda zoʻravonlikdan jabrlangan, oʻziga nisbatan zoʻravonlik sodir etilishi xavfi ostida boʻlgan va ijtimoiy jihatdan xavfli ahvolda boʻlgan bolalar uchun ijtimoiy xizmatlar;

rivojlanishida nuqsoni boʻlgan bolalarni toʻgʻri parvarishlash boʻyicha oila aʼzolari va parvarishlash bilan band boʻlgan boshqa shaxslarning koʻnikmalarini mustahkamlash boʻyicha xizmatlar;

zoʻravonlikdan jabrlangan, oʻziga nisbatan zoʻravonlik sodir etilishi xavfi ostida boʻlgan va ijtimoiy jihatdan xavfli ahvolda boʻlgan bolalarni jamiyatga integratsiyasini taʼminlashga qaratilgan ijtimoiy xizmatlar;

psixologik-pedagogik, taʼlim va boshqa ijtimoiy xizmatlar;

bolalar va kattalar uchun abilitatsiya va reabilitatsiya xizmatlari;

oilani va parvarishni amalga oshiruvchi shaxslarni qoʻllab-quvvatlash xizmatlari, shu jumladan, maslahat berish, parvarish koʻnikmalarini oʻrgatish hamda parvarish yukini kamaytirish;

kasbga oʻrgatish va taʼlim xizmatlari;

boshqa innovatsion ijtimoiy xizmatlar.

4. Hududiy markazda ijtimoiy xizmatlar bevosita hududiy markaz tomonidan yoki nodavlat sektorni jalb etgan holda koʻrsatiladi.

2-bob. Hududiy markazda ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatish uchun nodavlat sektorni jalb etish tartibi

5. Hududiy markazda ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatish istagini bildirgan nodavlat sektor ishtirokchilari (keyingi oʻrinlarda — talabgorlar) “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) yuritiladigan hududiy markazda ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarning yagona reyestriga (keyingi oʻrinlarda — Yagona reyestr) kiritilishi lozim.

6. “YAMIH” ATda roʻyxatdan oʻtish va hududiy markazda ijtimoiy xizmat koʻrsatish uchun tanlovda ishtirok etish maqsadida talabgor tomonidan elektron soʻrovnoma toʻldiriladi.

7. Soʻrovnomada quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

yuridik shaxslar uchun — soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami, yuridik manzili, bank hisobvaragʻi, bank rekvizitlari, telefon raqami va elektron pochta manzili;

yakka tartibdagi tadbirkorlar va oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar uchun — JSHSHIR, biometrik pasport yoki identifikatsiyalovchi ID-karta seriyasi va raqami, yashash manzili, telefon raqami va elektron pochta manzili;

talabgorlarning ijtimoiy va boshqa xizmatlar koʻrsatishdagi faoliyati va oxirgi bir yillik aylanma mablagʻlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

talabgorning tegishli ijtimoiy xizmat koʻrsatish yoki turdosh sohalardagi tajribasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa).

Soʻrovnomaga talabgorning faoliyatiga doir maʼlumotlar ilova qilinadi.

Hududiy markazda talabgorlar har bir ijtimoiy xizmat turi va ushbu xizmatni koʻrsatish uchun ajratiladigan joy (xona) boʻyicha alohida soʻrovnoma toʻldiradi.

8. Muayyan ijtimoiy xizmat turi va unga ajratilgan joy (xona) boʻyicha ikki yoki undan ortiq talabgordan soʻrovnoma kelib tushgan boʻlsa, talabgorlarni tanlash Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining tegishli hududiy boshqarmasi huzurida kamida uch nafar aʼzodan iborat tarkibda tuziladigan oʻrganish guruhi tomonidan amalga oshiriladi.

Oʻrganish guruhi tarkibiga hududiy markaz direktori kiritiladi.

9. Muayyan ijtimoiy xizmat turi va unga ajratilgan joy (xona) boʻyicha “YAMIH” AT orqali faqat bitta talabgordan soʻrovnoma kelib tushgan boʻlsa, ushbu talabgor tanlov oʻtkazilmasdan Yagona reyestrga kiritiladi.

10. Oʻrganish guruhi soʻrovnoma kelib tushgan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida talabgorlar tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar va hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda talabgorni Yagona reyestrga kiritish yoki kiritishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Qaror qabul qilishda quyidagi mezonlar inobatga olinadi:

ijtimoiy xizmat koʻrsatish sohasidagi tajribasi mavjudligi va uning davomiyligi;

ijtimoiy xizmatlarga turdosh sohalarda xizmat koʻrsatish tajribasi mavjudligi va uning davomiyligi;

oxirgi bir yildagi aylanma mablagʻlari miqdori;

ilgari xizmat koʻrsatish jarayonida talabgor faoliyati bilan bogʻliq belgilangan tartibda roʻyxatga olingan huquqbuzarliklarning mavjud emasligi.

Oʻrganish guruhi talabgorlarning faoliyatini qoʻshimcha oʻrganish maqsadida talabgorlar bilan suhbat oʻtkazishi, zarur hujjat va maʼlumotlarni soʻrab olishi mumkin.

11. Taqdim etilgan maʼlumotlarda notoʻgʻri yoxud ishonchsiz maʼlumotlar aniqlangan taqdirda, oʻrganish guruhi tomonidan talabgorni hududiy markazda ijtimoiy xizmat koʻrsatish uchun Yagona reyestrga kiritishni rad etish toʻgʻrisida qaror rasmiylashtiriladi.

12. Talabgorni Yagona reyestrga kiritish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganidan soʻng, talabgor Yagona reyestrga kiritiladi va bu haqida uning “YAMIH” ATdagi shaxsiy kabinetiga elektron xabarnoma yuboriladi.

Hududiy markaz Yagona reyestrga kiritilgan talabgor bilan ijara shartnomasini qonunchilikda belgilangan tartibda tuzadi.

13. Hududiy markaz Yagona reyestrga kiritilgan talabgorga tegishli boʻsh turgan davlat koʻchmas mulk obyektini Toshkent va Nukus shaharlari hamda viloyat markazlarida ijara toʻlovining eng kam miqdoriga 0,25 koeffitsiyent qoʻllangan holda, qolgan hududlarda ijara toʻlovining eng kam miqdorida toʻgʻridan-toʻgʻri ijaraga beradi. Bunda ijara shartnomasida:

kommunal xizmatlar, elektr energiyasi, suv, gaz isteʼmoli va issiqlik taʼminoti uchun xarajatlar talabgor tomonidan toʻlanishi;

hududiy markazda imtiyozli shartlarda koʻrsatiladigan ijtimoiy xizmatlar mazkur Nizom talablariga muvofiq amalga oshirilishi;

Yagona reyestrga kiritilgan yoʻnalish boʻyicha ijtimoiy xizmat koʻrsatish ikki oy ichida tashkil etilmasligi shartnomani bekor qilish uchun asos boʻlishi koʻrsatiladi.

Ijaraga berilgan mulkdan foydalanish shartlari, xizmat sifati, xavfsizlik talablari, hisobdorlik, monitoring va shartnomani bekor qilish asoslari ijara shartnomada hamda tegishli xizmatning standartlarida belgilanadi.

Hududiy markazda tegishli ijtimoiy xizmatni koʻrsatish uchun boʻsh turgan xona yoki joy mavjud boʻlmagan taqdirda, “YAMIH” ATda ushbu xizmat turi boʻyicha yangi soʻrovnoma yuborish imkoniyati vaqtincha cheklanadi.

3-bob. Hududiy markazda ijtimoiy xizmatlar koʻrsatishni tashkil etish tartibi

14. Hududiy markazda ijtimoiy xizmatlar haqini toʻliq toʻlash evaziga (pullik) yoki imtiyozli shartlarda koʻrsatiladi.

15. Hududiy markazda haqini toʻliq toʻlash evaziga (pullik) xizmat koʻrsatish qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

Hududiy markazda imtiyozli shartlardagi ijtimoiy xizmatlar qisman haq toʻlash evaziga yoki bepul taqdim etiladi.

16. Hududiy markazda quyidagi ijtimoiy xizmatlar imtiyozli shartlarda koʻrsatiladi:

oʻzgalar parvarishiga muhtoj voyaga yetgan shaxslar uchun “Faol hayotga qadam” dasturi (keyingi oʻrinlarda — Dastur) doirasida belgilangan tibbiy-ijtimoiy reabilitatsiya xizmati va kunduzgi qatnov asosida qarab turish xizmati;

3 yoshdan 18 yoshgacha nogironligi boʻlgan bolalar uchun kunduzgi parvarish xizmati;

zoʻravonlikdan jabrlangan, oʻziga nisbatan zoʻravonlik sodir etilishi xavfi ostida boʻlgan va ijtimoiy jihatdan xavfli ahvolda boʻlgan bolalar uchun olti oygacha boʻlgan muddatga qisqa muddatli hamda bir yilgacha boʻlgan muddatga uzoq muddatli ijtimoiy xizmatlar;

Ijtimoiy reyestrdagi oilalarning nogironligi boʻlgan bolalari uchun abilitatsiya, reabilitatsiya xizmatlari;

Ijtimoiy reyestrdagi oilalarning farzandlari uchun taʼlim xizmatlari.

Hududiy markazda qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa ijtimoiy xizmatlar ham imtiyozli shartlarda koʻrsatilishi mumkin.

Mazkur bandning ikkinchi — beshinchi xatboshilarida nazarda tutilgan xizmatlarni hududiy markazda koʻrsatish va ularni moliyalashtirish ushbu Nizom talablarini inobatga olgan holda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Hududiy markazda tashkil etiladigan mazkur bandning ikkinchi — beshinchi xatboshilarida nazarda tutilgan ijtimoiy xizmatlar Yagona reyestrga kiritilgan ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar tomonidan ularda mazkur huquq qonunchilik hujjatlariga muvofiq vujudga kelgandan taqdim etiladi.

17. Ariza beruvchi hududiy markazning ijtimoiy xizmatlaridan toʻliq haq toʻlash evaziga (pullik) foydalanish istagini bildirganda, hududiy markazga toʻgʻridan-toʻgʻri murojaat etadi.

18. Ariza beruvchi mazkur Nizomning 16-bandi oltinchi xatboshida nazarda tutilgan xizmatlarni ijtimoiy xizmatlardan imtiyozli shartlarda foydalanish uchun quyidagi shakllarda xizmat koʻrsatish navbatiga yoziladi:

davlat xizmatlari markazi yoki “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazi, yashash manzili boʻyicha mahallaga biriktirilgan ijtimoiy xodim orqali;

“YAMIH” AT, Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) yoki “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali mustaqil ravishda.

Ariza beruvchi hududiy markazning xizmatlaridan foydalanish uchun oʻz nomidan yoki uning qaramogʻida boʻlgan hamda yordamga muhtoj oila aʼzosi nomidan murojaat qilishi mumkin.

Ariza beruvchining oilasi Ijtimoiy reyestrga kiritilganligi avtomatik ravishda “YAMIH” AT orqali olingan maʼlumotlar asosida avtomatik ravishda aniqlanadi. Bunda ariza beruvchining oilasi Ijtimoiy reyestrga kiritilganligi:

tasdiqlanganda ariza roʻyxatdan oʻtkaziladi;

tasdiqlanmaganda ariza rad etiladi.

19. Hududiy markazda ijtimoiy xizmatni koʻrsatish uchun boʻsh oʻrin boʻlsa ariza beruvchi tegishli xizmatga yoʻnaltiriladi va bu haqida uning “YAMIH” AT va YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga xabar yuborish orqali avtomatik ravishda xabardor qilinadi. Bunda boʻsh oʻrin mavjud boʻlmaganda ariza beruvchi elektron navbatga qoʻyiladi va shaxsiy kabinetiga avtomatik ravishda xabar yuboriladi.

Elektron navbat:

har bir ijtimoiy xizmat uchun alohida navbat yuritiladi;

qoida tariqasida, ijtimoiy xizmatdan pullik asosda va imtiyozli shartlarda foydalanuvchi ariza beruvchilar ketma-ketligi tarzida shakllantiriladi.

Ariza beruvchi navbati kelganda bu haqida uning mobil telefon raqamiga avtomatik ravishda bepul qisqa SMS-xabarlar yuborish orqali xabardor qilinadi.

Hududiy markazda ijtimoiy xizmatlardan foydalanish jarayonida SMS-xabar yuborish bilan bogʻliq xarajatlar Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari va qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.

Ariza beruvchi hududiy markazga belgilangan sanada yetib kelishi shart.

4-bob. Hududiy markazda ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatish tartibi

20. Mazkur Nizomning 16-bandi ikkinchi , uchinchi va beshinchi xatboshilarida belgilangan ijtimoiy xizmatlar boʻyicha ariza beruvchi ijtimoiy xizmat koʻrsatuvchining mutaxassislari tomonidan tegishli baholashdan oʻtkaziladi.

Oʻtkazilgan baholash natijalariga koʻra ariza beruvchiga qonunchilik hujjatlari hamda ijtimoiy xizmatlarining standartlarida belgilangan tartibda individual reja shakllantiriladi.

Ijtimoiy xizmat koʻrsatish jarayonida individual rejaning bajarilishi va rejalashtirilgan natijalarga erishish holati ijtimoiy xizmat koʻrsatuvchi tomonidan monitoring qilinadi va ariza beruvchining ehtiyojlari, sogʻliq holati yoki boshqa holatlar oʻzgarganda, reja qayta koʻrib chiqiladi.

Individual reja boʻyicha ijtimoiy xizmat koʻrsatish muddatining oxirgi sanasida uning natijalari ijtimoiy xizmat koʻrsatuvchi tomonidan baholanadi va baholash yakunlari boʻyicha:

xizmat koʻrsatish tugatiladi;

xizmat koʻrsatishni davom ettirish yoki uning shaklini oʻzgartirish toʻgʻrisida tavsiyalar beriladi yoxud xizmat oluvchi boshqa ijtimoiy xizmatlarga yoʻnaltiriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

21. Hududiy markaz, “Inson” markazi hamda ijtimoiy xizmat koʻrsatuvchilar oʻz faoliyatini amalga oshirishi munosabati bilan ijtimoiy xizmatdan foydalanuvchilarning shaxsga doir maʼlumotlaridan xabardor boʻlgan shaxslar ushbu maʼlumotlardan shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq foydalanilishini taʼminlashi shart.

22. Ariza beruvchilar hududiy markaz va “Inson” markazi xodimlari, shuningdek, ijtimoiy xizmat koʻrsatuvchilarning xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.

23. Hududiy markaz oʻz binosida faoliyat yuritayotgan ijtimoiy xizmat koʻrsatuvchilar faoliyati ustidan ijara shartnoma shartlariga muvofiq doimiy monitoring yuritadi.

24. Mazkur Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

25. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 555-son qaroriga 3-ILOVA

Hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarining faoliyati tashkil etiladigan bino-inshoot va yer uchastkalari boʻyicha

I. Yer uchastkasi boʻyicha:

1. Qulay infratuzilma yaratilganligi (tuman (shahar) markaziga yaqinligi, yaqin atrofda jamoat transporti toʻxtash joylari mavjudligi) .

2. Maqsadli guruhlarning asosiy yashash hududlaridan transport orqali 10 — 20 daqiqalik masofasida joylashganligi.

3. Maqsadli guruhlar yuqori toʻplangan hududlarda, masalan, aholi zich yashaydigan turar-joy massivlari, ijtimoiy xizmat koʻrsatish muassasalari yoki tibbiy markazlar yaqinida joylashganligi.

4. Muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari mavjudligi: elektr, gaz, suv, kanalizatsiya, isitish tizimi.

5. Favqulodda xizmatlar (tez tibbiy yordam, yongʻin xizmatlari va militsiya) uchun tez yetib borish imkoniyati boʻlgan hududda joylashganligi (10 — 15 daqiqalik radius doirasida).

6. Umumiy yer maydoni: qoida tariqasida, kamida 0,2 ga, binolar va tashqi hududlarni oʻz ichiga olgan holda.

II. Bino-inshoot boʻyicha:

1. Obyektning foydalanishga yaroqliligi.

2. Nogironligi boʻlgan shaxslar uchun belgilangan standart talablariga mos kelishi hamda nogironligi boʻlgan shaxslarga toʻsiqsiz muhit yaratish boʻyicha shaharsozlik normalari va qoidalariga muvofiqligi.

3. Binoda psixosotsial-reabilitatsiya xizmatlari yoʻlga qoʻyilganda, bolalar va voyaga yetgan shaxslar uchun binoga alohida kirishdan foydalanish imkoniyati mavjudligi.

4. Binoda shamollatish (ventilyatsiya) tizimi toʻgʻri va sifatli oʻrnatilganligi.

5. Kamida 50 kv.m. oʻlchamdagi umumiy 2 ta xonalar mavjudligi.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 9-oktabrdagi 555-son qaroriga 4-ILOVA

2026 — 2029-yillarda hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarini tashkil etishning

T/r Hududlar 2026-2027-yillar 2028-2029-yillar Qoraqalpogʻiston Respublikasi 1 4 Andijon viloyati 1 4 Buxoro viloyati 1 6 Jizzax viloyati 1 4 Qashqadaryo viloyati 1 6 Navoiy viloyati 1 4 Namangan viloyati 2 4 Samarqand viloyati 1 6 Sirdaryo viloyati 1 4 Surxondaryo viloyati 3 4 Toshkent viloyati 3 4 Xorazm viloyati 1 6 Fargʻona viloyati 2 6 Toshkent shahri 1 8 Jami 20 70 90

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 9-oktabr,

555 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 10.10.2026-y., 09/26/555/1019-son)

lex.uz