📅 2026-yil 19-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 19-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 19 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАҚТИНЧАЛИК МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТ
СХЕМАСИ
Солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан ўзининг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш амалиётини тажриба-синов тариқасида жорий этиш тартиби бўйича вақтинчалик маъмурий регламентни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан ўзининг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш амалиётини тажриба-синов тариқасида жорий этиш тартиби бўйича вақтинчалик маъмурий регламент иловага мувофиқ тасдиқлансин:
жисмоний шахсларнинг харажатларини Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 133-моддасига мувофиқ тегишли вазирлик ва идоралардан олинган маълумотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг «Soliq» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган товарларни (хизматларни) харид қилиш бўйича фискал белгили чеклар ва электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида ҳисоблаш;
махсус электрон платформа орқали соддалаштирилган тарзда декларация тақдим этиш тартибини белгилаш;
йиллик даромадлар ва харажатларнинг рақамли маълумотлар асосида солиқ базасини аниқлаштириш;
даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда, жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг «Soliq» мобил иловаси орқали қўшимча маълумотларни киритиш имкониятини яратиш;
аниқлаштирилган солиқ базаси бўйича қўшимча солиқ ҳисобламаслик ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўлламаслик.
2. Белгилансинки, солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан ўзининг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларация Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг Электрон солиқ хизматлари портали ва «Soliq» мобил иловаси орқали тақдим этилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси:
2028 йил 1 майга қадар ушбу қарор билан жорий этилаётган тажриба-синов натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳамда тажриба-синовни республиканинг барча ҳудудида жорий этиш ҳақидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Навоий ва Чирчиқ шаҳарлари аҳолиси ўртасида даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш бўйича кенг тушунтириш ва тарғибот ишларини ташкил этсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Солиқ қўмитаси раиси Ф.Ж. Пулатов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 октябрдаги 574-сон қарорига ИЛОВА
Солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан ўзининг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш амалиётини тажриба-синов тариқасида жорий этиш тартиби бўйича
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Маъмурий регламент тажриба-синов тариқасида солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар (кейинги ўринларда — жисмоний шахслар) томонидан 2026-2027 йилларда олинган ўз даромадлари бўйича жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш тартибини белгилайди.
2. Жисмоний шахслар томонидан солиқ декларацияси Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг (кейинги ўринларда — Солиқ қўмитаси) Электрон солиқ хизматлари портали ва «Soliq» мобил иловаси орқали доимий яшаш жойидаги солиқ органига (кейинги ўринларда — солиқ органига) тақдим этилади.
3. Ушбу Маъмурий регламент ҳисобот йилида солиқ органига ишга қабул қилингани ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида доимий яшаш жойи бўйича ҳисобга қўйилганига олти ой тўлмаган жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Ушбу Маъмурий регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
аниқлаштирилган солиқ базаси — декларация тақдим этган жисмоний шахсларнинг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ;
даромадлар — фойдани баҳолаш имконияти мавжуд бўлган тақдирда ва бундай фойдани баҳолаш мумкин бўлган даражада ҳисобга олинадиган пул ёки натура шаклидаги иқтисодий фойда;
жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларация (кейинги ўринларда — солиқ декларацияси) — жисмоний шахсларнинг календарь йил давомида олинган даромадлари ва харажатлари тўғрисида солиқ органига тақдим этиладиган ҳисобот шакли;
махсус мобил илова — Солиқ қўмитасининг «Soliq» мобил иловаси;
махсус электрон платформа — Солиқ қўмитасининг Электрон солиқ хизматлари портали;
Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар — ушбу шаҳарларда ички ишлар органлари томонидан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жисмоний шахслар (ўн саккиз ёшга тўлмаганлар бундан мустасно);
солиқ органлари ходимлари — Солиқ қўмитаси марказий аппарати, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси, Рақамли маркировка қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармалари, туман ва шаҳар солиқ инспекциялари шахсий таркибидаги раҳбар ва масъул ходимлар;
харажатлар — алоҳида шахс ёки оиланинг шахсий, оилавий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш мақсадида муайян давр мобайнида маблағларнинг сарфланиши ёки ресурсларнинг ишлатилиши.
2-боб. Жисмоний шахсларнинг декларация қилинадиган даромадлари ва харажатлари
5. Жисмоний шахслар томонидан солиқ декларациясида қуйидаги даромадлар кўрсатилади:
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг (кейинги ўринларда — Солиқ кодекси) 371-моддасига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар;
Солиқ кодексининг 375-моддасига мувофиқ мулкий даромадлар;
Солиқ кодексининг 376-моддасига мувофиқ моддий фойда тарзидаги даромадлар;
Солиқ кодексининг 377-моддасига мувофиқ бошқа даромадлар.
6. Жисмоний шахсларнинг «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасида мавжуд бўлган даромадлари электрон ҳамкорлик орқали солиқ декларациясида шакллантирилади.
7. Жисмоний шахслар солиқ декларациясида Солиқ кодексининг 133-моддасига мувофиқ тегишли вазирлик ва идоралардан олинган маълумотлар ҳамда «Soliq» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган товарларни (хизматларни) харид қилиш бўйича фискал белгили чеклар ва электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида шаклланадиган қуйидаги товарларни (хизматларни) харид қилиш учун сарфланган харажатлар кўрсатилади (якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган харажатлари бундан мустасно):
а) кўчмас мулклар бўйича:
ер участкалари (якка тартибда уй-жой қуриш, деҳқон хўжалигини юритиш, тадбиркорлик фаолияти ва томорқа учун ажратилган ерлар);
турар жой объектлари (ҳовлили уй, квартира ва дала ҳовли);
яшаш учун мўлжалланмаган нотурар жой объектлари (савдо, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва гараж);
б) кўчар мулклар бўйича (кўчмас мулк тоифасига кирмайдиган мол-мулклар):
транспорт воситалари (енгил автомобиль, юк автомобили, мотоцикл, мотороллер, махсус техника ва қишлоқ хўжалиги техникаси);
қимматбаҳо буюмлар ва металлар (заргарлик буюмлари, миллий ва маданий ёдгорлик буюмлари, санъат асарлари, коллекциялар ва тангалар);
қимматли қоғозлар (акция, облигация ва вексель);
юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушлари;
в) мажбуриятлар (солиқлар, коммунал хизматлар ва кредитлар).
3-боб. Махсус электрон платформа орқали соддалаштирилган тарзда декларация тақдим этиш тартиби
8. Жисмоний шахс Солиқ қўмитасининг Электрон солиқ хизматлари портали ва «Soliq» мобил иловаси орқали мустақил равишда ушбу Маъмурий регламентга 1-иловада келтирилган шаклга мувофиқ солиқ декларациясини электрон тарзда тўлдиради.
9. Жисмоний шахслар томонидан солиқ декларацияси доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этилади.
10. Жисмоний шахсларнинг харажатлари Солиқ кодексининг 133-моддасига мувофиқ тегишли вазирлик ва идоралардан олинган маълумотлар ҳамда Солиқ қўмитасининг «Soliq» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган товарларни (хизматларни) харид қилиш бўйича фискал белгили чеклар ва электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида шаклланади.
11. Жисмоний шахс солиқ декларациясидаги маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (ЭРИ, дактилоскопия, Face-ID, электрон имзо, мобил-ID) билан тасдиқлайди.
12. Жисмоний шахс томонидан солиқ декларацияси нотўғри тўлдирилган ҳолда солиқ органига тақдим этилган тақдирда, маълумотлар тўғриланиб, аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этилиши мумкин.
13. Солиқ декларациясида аниқлаштирилган ҳисобот шаклида ҳам нотўғри маълумотлар кўрсатилган тақдирда, жисмоний шахснинг мурожаатига кўра солиқ органи томонидан рад этилади ва жисмоний шахсга ҳисобот турининг қайта ҳисобот турини танлаган ҳолда уч йил ичида такроран тақдим этиш имконияти берилади. Солиқ декларациясини бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
14. Солиқ декларацияси тақдим этилгандан сўнг солиқ органи QR-код (матрик штрихли код) қўйилган солиқ декларацияси бланкасини Электрон солиқ хизматлари портали ва «Soliq» мобил иловасидаги шахсий кабинети орқали жисмоний шахсга электрон тарзда юборади.
15. Солиқ декларациялари жисмоний шахслар томонидан ушбу Регламентга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ тақдим этилади.
16. Солиқ органи томонидан ҳар йили декларация тақдим этиш муддатидан камида бир ой олдин декларация тақдим этиши лозимлиги тўғрисида жисмоний шахсларнинг мобил алоқа воситаси, «Soliq» мобил иловаси ва шахсий кабинетига хабарнома юборилади.
4-боб. Солиқ базасини аниқлаштириш ва махсус мобил илова орқали қўшимча маълумотларни киритиш тартиби
17. Солиқ декларациясининг ҳисоб-китоб жадвалида солиқ декларациясида кўрсатилган жами йиллик даромадлардан харажатлар чегирилгандан сўнг солиқ солинадиган база аниқланади.
18. Жисмоний шахслар солиқ декларациясида даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда, уларга Солиқ қўмитасининг «Soliq» мобил иловаси орқали қўшимча маълумотларни киритиш имконияти берилади.
19. Жисмоний шахсларнинг шахсий кабинетида солиқ декларациясини юборишдан аввал «Soliq» мобил иловасида аниқлаштирилган солиқ базаси маълумотларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкинлиги тўғрисида ушбу Маъмурий регламентга 3-иловага мувофиқ хабарнома шаклланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
20. Жисмоний шахсларнинг тақдим этилган солиқ декларациялари асосида аниқлаштирилган солиқ базасига қўшимча солиқ ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 393-моддасида белгиланган даромад бундан мустасно) ва ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмайди.
21. Жисмоний шахслар томонидан солиқ декларацияларини тақдим этишда солиқ органлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
22. Жисмоний шахслар солиқ органлари ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
23. Ушбу Маъмурий регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан ўзининг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш амалиётини тажриба-синов тариқасида жорий этиш тартиби бўйича вақтинчалик маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
I-БЎЛИМ 1.1. ДАРОМАДЛАР ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТЛАР
Т/р Даромад тури Суммаси (сўмда) 1. Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар (Солиқ кодексининг 371-моддаси) 2. Мулкий даромадлар (Солиқ кодексининг 375-моддаси) 3. Моддий наф тарзидаги даромадлар (Солиқ кодекси нинг 376-моддаси) 4. Бошқа даромадлар (Солиқ кодексининг 377-моддаси) Жами
1.2. ХАРАЖАТЛАР ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТЛАР
Т/р Харажат тури Суммаси (сўмда) 1. Вазирлик ва идоралар маълумотлари ( Солиқ кодекси 133-моддасининг ўнинчи, ўн иккинчи қисмлари) 2. «Soliq» мобил иловасида рўйхатга олинган харид чеклари 3. Электрон ҳисобварақ-фактуралар 4. Бошқа харажатлар Жами
II -БЎЛИМ 2.1. ДАРОМАДЛАР ВА ХАРАЖАТЛАР ҲИСОБ-КИТОБИ
Т/р. Кўрсаткичлар Суммаси (сўмда) 1. Йил бошига қолдиқ даромадлар 2. Жами даромадлар 3. Жами харажатлар 4. Аниқлаштирилган солиқ базаси 5. Йил охирига қолдиқ даромадлар
Мен ушбу бўлимда кўрсатилган даромадлар ва харажатлар тўлиқ ҳамда ишончли эканлигини тасдиқлайман.
Декларация тузилган сана: 20__ йил «__» __________
Солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан ўзининг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш амалиётини тажриба-синов тариқасида жорий этиш тартиби бўйича вақтинчалик маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
Жисмоний шахслар томонидан солиқ декларацияларини тақдим этиш тартиби
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Солиқ қўмитаси Жисмоний шахснинг солиқ декларациясида вазирлик ва идоралар маълумотлари ҳамда «Soliq» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган товарларни (хизматларни) харид қилиш бўйича фискал белгили чеклар ва электрон ҳисобварақ-фактуралар асосида даромадлари шакллантирилади. Реал вақт режимида 2-босқич Солиқ қўмитаси Декларацияни тақдим этиш муддатидан камида бир ой олдин декларация тақдим этиши лозимлиги тўғрисида жисмоний шахсларнинг мобил алоқа воситаси, «Soliq» мобил иловаси ва шахсий кабинетига хабарнома юборади. Ҳисобот давридан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай 3-босқич Жисмоний шахс Жисмоний шахс солиқ декларациясидаги маълумотларнинг тўғрилигини текширади, маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда, «Soliq» мобил иловаси орқали қўшимча маълумотларни киритади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари билан тасдиқлайди. Декларация тақдим этиш пайтида 4-босқич Жисмоний шахс Жисмоний шахс Электрон солиқ хизматлари портали ва «Soliq» мобил иловаси орқали ўзининг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни юборади. Ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай
Солиқ органлари ходимлари ҳамда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан ўзининг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш амалиётини тажриба-синов тариқасида жорий этиш тартиби бўйича вақтинчалик маъмурий регламентига 3-ИЛОВА
ХАБАРНОМА
Ҳурматли фуқаро!
Сиз томонингиздан тақдим этилган солиқ декларацияси асосида аниқлаштирилган солиқ базасига қўшимча солиқ ҳисобланмайди ва ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилмайди.
Аниқлаштирилган солиқ базаси маълумотларига «таҳрирлаш» тугмаси орқали ўзгартириш ёки қўшимчалар киритишингиз мумкин.
QR код
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 19 октябрь,
574-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
VAQTINCHALIK MAʼMURIY REGLAMENT
SXEMASI
Soliq organlari xodimlari hamda Navoiy va Chirchiq shaharlarida hisobga qoʻyilgan jismoniy shaxslar tomonidan oʻzining jami yillik daromadlari toʻgʻrisidagi deklaratsiyani taqdim etish amaliyotini tajriba-sinov tariqasida joriy etish tartibi boʻyicha vaqtinchalik maʼmuriy reglamentni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Naqdsiz hisob-kitoblarni ommalashtirish va yashirin iqtisodiyot ulushini qisqartirishga qaratilgan qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 10-dekabrdagi PF-246-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Soliq organlari xodimlari hamda Navoiy va Chirchiq shaharlarida hisobga qoʻyilgan jismoniy shaxslar tomonidan oʻzining jami yillik daromadlari toʻgʻrisidagi deklaratsiyani taqdim etish amaliyotini tajriba-sinov tariqasida joriy etish tartibi boʻyicha vaqtinchalik maʼmuriy reglament ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
jismoniy shaxslarning xarajatlarini Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining 133-moddasiga muvofiq tegishli vazirlik va idoralardan olingan maʼlumotlar hamda Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining “Soliq” mobil ilovasi orqali roʻyxatdan oʻtkazilgan tovarlarni (xizmatlarni) xarid qilish boʻyicha fiskal belgili cheklar va elektron hisobvaraq-fakturalar asosida hisoblash;
maxsus elektron platforma orqali soddalashtirilgan tarzda deklaratsiya taqdim etish tartibini belgilash;
yillik daromadlar va xarajatlarning raqamli maʼlumotlar asosida soliq bazasini aniqlashtirish;
daromadlar va xarajatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar yetarli boʻlmagan taqdirda, jismoniy shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining “Soliq” mobil ilovasi orqali qoʻshimcha maʼlumotlarni kiritish imkoniyatini yaratish;
aniqlashtirilgan soliq bazasi boʻyicha qoʻshimcha soliq hisoblamaslik va huquqiy taʼsir choralarini qoʻllamaslik.
2. Belgilansinki, soliq organlari xodimlari hamda Navoiy va Chirchiq shaharlarida hisobga qoʻyilgan jismoniy shaxslar tomonidan oʻzining jami yillik daromadlari toʻgʻrisidagi deklaratsiya Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining Elektron soliq xizmatlari portali va “Soliq” mobil ilovasi orqali taqdim etiladi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi:
2028-yil 1-mayga qadar ushbu qaror bilan joriy etilayotgan tajriba-sinov natijalari toʻgʻrisidagi axborotni hamda tajriba-sinovni respublikaning barcha hududida joriy etish haqidagi takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;
Navoiy va Chirchiq shaharlari aholisi oʻrtasida daromadlar toʻgʻrisidagi deklaratsiyani taqdim etish boʻyicha keng tushuntirish va targʻibot ishlarini tashkil etsin.
4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Soliq qoʻmitasi raisi F.J. Pulatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 19-oktabrdagi 574-son qaroriga ILOVA
Soliq organlari xodimlari hamda Navoiy va Chirchiq shaharlarida hisobga qoʻyilgan jismoniy shaxslar tomonidan oʻzining jami yillik daromadlari toʻgʻrisidagi deklaratsiyani taqdim etish amaliyotini tajriba-sinov tariqasida joriy etish tartibi boʻyicha
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Maʼmuriy reglament tajriba-sinov tariqasida soliq organlari xodimlari hamda Navoiy va Chirchiq shaharlarida hisobga qoʻyilgan jismoniy shaxslar (keyingi oʻrinlarda — jismoniy shaxslar) tomonidan 2026-2027-yillarda olingan oʻz daromadlari boʻyicha jami yillik daromad toʻgʻrisidagi deklaratsiyani taqdim etish tartibini belgilaydi.
2. Jismoniy shaxslar tomonidan soliq deklaratsiyasi Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Soliq qoʻmitasi) Elektron soliq xizmatlari portali va “Soliq” mobil ilovasi orqali doimiy yashash joyidagi soliq organiga (keyingi oʻrinlarda — soliq organiga) taqdim etiladi.
3. Ushbu Maʼmuriy reglament hisobot yilida soliq organiga ishga qabul qilingani hamda Navoiy va Chirchiq shaharlarida doimiy yashash joyi boʻyicha hisobga qoʻyilganiga olti oy toʻlmagan jismoniy shaxslarga nisbatan tatbiq etilmaydi.
4. Ushbu Maʼmuriy reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
aniqlashtirilgan soliq bazasi — deklaratsiya taqdim etgan jismoniy shaxslarning daromadlari va xarajatlari oʻrtasidagi farq;
daromadlar — foydani baholash imkoniyati mavjud boʻlgan taqdirda va bunday foydani baholash mumkin boʻlgan darajada hisobga olinadigan pul yoki natura shaklidagi iqtisodiy foyda;
jami yillik daromadlar toʻgʻrisidagi deklaratsiya (keyingi oʻrinlarda — soliq deklaratsiyasi) — jismoniy shaxslarning kalendar yil davomida olingan daromadlari va xarajatlari toʻgʻrisida soliq organiga taqdim etiladigan hisobot shakli;
maxsus mobil ilova — Soliq qoʻmitasining “Soliq” mobil ilovasi;
maxsus elektron platforma — Soliq qoʻmitasining Elektron soliq xizmatlari portali;
Navoiy va Chirchiq shaharlarida hisobga qoʻyilgan jismoniy shaxslar — ushbu shaharlarda ichki ishlar organlari tomonidan doimiy yashash joyi boʻyicha roʻyxatga olingan jismoniy shaxslar (oʻn sakkiz yoshga toʻlmaganlar bundan mustasno);
soliq organlari xodimlari — Soliq qoʻmitasi markaziy apparati, Yirik soliq toʻlovchilar boʻyicha hududlararo soliq inspeksiyasi, Raqamli markirovka qoidalariga rioya qilinishini nazorat qilish boʻyicha hududlararo soliq inspeksiyasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar soliq boshqarmalari, tuman va shahar soliq inspeksiyalari shaxsiy tarkibidagi rahbar va masʼul xodimlar;
xarajatlar — alohida shaxs yoki oilaning shaxsiy, oilaviy va boshqa ehtiyojlarini qondirish maqsadida muayyan davr mobaynida mablagʻlarning sarflanishi yoki resurslarning ishlatilishi.
2-bob. Jismoniy shaxslarning deklaratsiya qilinadigan daromadlari va xarajatlari
5. Jismoniy shaxslar tomonidan soliq deklaratsiyasida quyidagi daromadlar koʻrsatiladi:
Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining (keyingi oʻrinlarda — Soliq kodeksi) 371-moddasiga muvofiq mehnatga haq toʻlash tarzidagi daromadlar;
Soliq kodeksining 375-moddasiga muvofiq mulkiy daromadlar;
Soliq kodeksining 376-moddasiga muvofiq moddiy foyda tarzidagi daromadlar;
Soliq kodeksining 377-moddasiga muvofiq boshqa daromadlar.
6. Jismoniy shaxslarning “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasida mavjud boʻlgan daromadlari elektron hamkorlik orqali soliq deklaratsiyasida shakllantiriladi.
7. Jismoniy shaxslar soliq deklaratsiyasida Soliq kodeksining 133-moddasiga muvofiq tegishli vazirlik va idoralardan olingan maʼlumotlar hamda “Soliq” mobil ilovasi orqali roʻyxatdan oʻtkazilgan tovarlarni (xizmatlarni) xarid qilish boʻyicha fiskal belgili cheklar va elektron hisobvaraq-fakturalar asosida shakllanadigan quyidagi tovarlarni (xizmatlarni) xarid qilish uchun sarflangan xarajatlar koʻrsatiladi (yakka tartibdagi tadbirkorlar va oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarning tadbirkorlik faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan xarajatlari bundan mustasno):
a) koʻchmas mulklar boʻyicha:
yer uchastkalari (yakka tartibda uy-joy qurish, dehqon xoʻjaligini yuritish, tadbirkorlik faoliyati va tomorqa uchun ajratilgan yerlar);
turar joy obyektlari (hovlili uy, kvartira va dala hovli);
yashash uchun moʻljallanmagan noturar joy obyektlari (savdo, umumiy ovqatlanish, xizmat koʻrsatish shoxobchalari va garaj);
b) koʻchar mulklar boʻyicha (koʻchmas mulk toifasiga kirmaydigan mol-mulklar):
transport vositalari (yengil avtomobil, yuk avtomobili, mototsikl, motoroller, maxsus texnika va qishloq xoʻjaligi texnikasi);
qimmatbaho buyumlar va metallar (zargarlik buyumlari, milliy va madaniy yodgorlik buyumlari, sanʼat asarlari, kolleksiyalar va tangalar);
qimmatli qogʻozlar (aksiya, obligatsiya va veksel);
yuridik shaxslarning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushlari;
v) majburiyatlar (soliqlar, kommunal xizmatlar va kreditlar).
3-bob. Maxsus elektron platforma orqali soddalashtirilgan tarzda deklaratsiya taqdim etish tartibi
8. Jismoniy shaxs Soliq qoʻmitasining Elektron soliq xizmatlari portali va “Soliq” mobil ilovasi orqali mustaqil ravishda ushbu Maʼmuriy reglamentga 1-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq soliq deklaratsiyasini elektron tarzda toʻldiradi.
9. Jismoniy shaxslar tomonidan soliq deklaratsiyasi doimiy yashash joyidagi soliq organiga hisobot yilidan keyingi yilning 1-aprelidan kechiktirmay taqdim etiladi.
10. Jismoniy shaxslarning xarajatlari Soliq kodeksining 133-moddasiga muvofiq tegishli vazirlik va idoralardan olingan maʼlumotlar hamda Soliq qoʻmitasining “Soliq” mobil ilovasi orqali roʻyxatdan oʻtkazilgan tovarlarni (xizmatlarni) xarid qilish boʻyicha fiskal belgili cheklar va elektron hisobvaraq-fakturalar asosida shakllanadi.
11. Jismoniy shaxs soliq deklaratsiyasidagi maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshiradi va imzolarni identifikatsiya qilishning tegishli vositalari (ERI, daktiloskopiya, Face-ID, elektron imzo, mobil-ID) bilan tasdiqlaydi.
12. Jismoniy shaxs tomonidan soliq deklaratsiyasi notoʻgʻri toʻldirilgan holda soliq organiga taqdim etilgan taqdirda, maʼlumotlar toʻgʻrilanib, aniqlashtirilgan hisobot taqdim etilishi mumkin.
13. Soliq deklaratsiyasida aniqlashtirilgan hisobot shaklida ham notoʻgʻri maʼlumotlar koʻrsatilgan taqdirda, jismoniy shaxsning murojaatiga koʻra soliq organi tomonidan rad etiladi va jismoniy shaxsga hisobot turining qayta hisobot turini tanlagan holda uch yil ichida takroran taqdim etish imkoniyati beriladi. Soliq deklaratsiyasini boshqa asoslar boʻyicha rad etish taqiqlanadi.
14. Soliq deklaratsiyasi taqdim etilgandan soʻng soliq organi QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan soliq deklaratsiyasi blankasini Elektron soliq xizmatlari portali va “Soliq” mobil ilovasidagi shaxsiy kabineti orqali jismoniy shaxsga elektron tarzda yuboradi.
15. Soliq deklaratsiyalari jismoniy shaxslar tomonidan ushbu Reglamentga 2-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq taqdim etiladi.
16. Soliq organi tomonidan har yili deklaratsiya taqdim etish muddatidan kamida bir oy oldin deklaratsiya taqdim etishi lozimligi toʻgʻrisida jismoniy shaxslarning mobil aloqa vositasi, “Soliq” mobil ilovasi va shaxsiy kabinetiga xabarnoma yuboriladi.
4-bob. Soliq bazasini aniqlashtirish va maxsus mobil ilova orqali qoʻshimcha maʼlumotlarni kiritish tartibi
17. Soliq deklaratsiyasining hisob-kitob jadvalida soliq deklaratsiyasida koʻrsatilgan jami yillik daromadlardan xarajatlar chegirilgandan soʻng soliq solinadigan baza aniqlanadi.
18. Jismoniy shaxslar soliq deklaratsiyasida daromadlar va xarajatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar yetarli boʻlmagan taqdirda, ularga Soliq qoʻmitasining “Soliq” mobil ilovasi orqali qoʻshimcha maʼlumotlarni kiritish imkoniyati beriladi.
19. Jismoniy shaxslarning shaxsiy kabinetida soliq deklaratsiyasini yuborishdan avval “Soliq” mobil ilovasida aniqlashtirilgan soliq bazasi maʼlumotlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritishi mumkinligi toʻgʻrisida ushbu Maʼmuriy reglamentga 3-ilovaga muvofiq xabarnoma shakllanadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
20. Jismoniy shaxslarning taqdim etilgan soliq deklaratsiyalari asosida aniqlashtirilgan soliq bazasiga qoʻshimcha soliq hisoblanmaydi (Soliq kodeksining 393-moddasida belgilangan daromad bundan mustasno) va huquqiy taʼsir choralari qoʻllanilmaydi.
21. Jismoniy shaxslar tomonidan soliq deklaratsiyalarini taqdim etishda soliq organlari oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida olingan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlaydi.
22. Jismoniy shaxslar soliq organlari xodimlarining hatti-harakatlari yuzasidan qonunchilikda belgilangan tartibda shikoyat qilishlari mumkin.
23. Ushbu Maʼmuriy reglament talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Soliq organlari xodimlari hamda Navoiy va Chirchiq shaharlarida hisobga qoʻyilgan jismoniy shaxslar tomonidan oʻzining jami yillik daromadlari toʻgʻrisidagi deklaratsiyani taqdim etish amaliyotini tajriba-sinov tariqasida joriy etish tartibi boʻyicha vaqtinchalik maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
I-BOʻLIM 1.1. DAROMADLAR TOʻGʻRISIDA MAʼLUMOTLAR
T/r Daromad turi Summasi (soʻmda) 1. Mehnatga haq toʻlash tarzidagi daromadlar (Soliq kodeksining 371-moddasi) 2. Mulkiy daromadlar (Soliq kodeksining 375-moddasi) 3. Moddiy naf tarzidagi daromadlar (Soliq kodeksi ning 376-moddasi) 4. Boshqa daromadlar (Soliq kodeksining 377-moddasi) Jami
1.2. XARAJATLAR TOʻGʻRISIDA MAʼLUMOTLAR
T/r Xarajat turi Summasi (soʻmda) 1. Vazirlik va idoralar maʼlumotlari ( Soliq kodeksi 133-moddasining oʻninchi, oʻn ikkinchi qismlari) 2. “Soliq” mobil ilovasida roʻyxatga olingan xarid cheklari 3. Elektron hisobvaraq-fakturalar 4. Boshqa xarajatlar Jami
II -BOʻLIM 2.1. DAROMADLAR VA XARAJATLAR HISOB-KITOBI
T/r. Koʻrsatkichlar Summasi (soʻmda) 1. Yil boshiga qoldiq daromadlar 2. Jami daromadlar 3. Jami xarajatlar 4. Aniqlashtirilgan soliq bazasi 5. Yil oxiriga qoldiq daromadlar
Men ushbu boʻlimda koʻrsatilgan daromadlar va xarajatlar toʻliq hamda ishonchli ekanligini tasdiqlayman.
Deklaratsiya tuzilgan sana: 20__ yil “__” __________
Soliq organlari xodimlari hamda Navoiy va Chirchiq shaharlarida hisobga qoʻyilgan jismoniy shaxslar tomonidan oʻzining jami yillik daromadlari toʻgʻrisidagi deklaratsiyani taqdim etish amaliyotini tajriba-sinov tariqasida joriy etish tartibi boʻyicha vaqtinchalik maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
Jismoniy shaxslar tomonidan soliq deklaratsiyalarini taqdim etish tartibi
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Soliq qoʻmitasi Jismoniy shaxsning soliq deklaratsiyasida vazirlik va idoralar maʼlumotlari hamda “Soliq” mobil ilovasi orqali roʻyxatdan oʻtkazilgan tovarlarni (xizmatlarni) xarid qilish boʻyicha fiskal belgili cheklar va elektron hisobvaraq-fakturalar asosida daromadlari shakllantiriladi. Real vaqt rejimida 2-bosqich Soliq qoʻmitasi Deklaratsiyani taqdim etish muddatidan kamida bir oy oldin deklaratsiya taqdim etishi lozimligi toʻgʻrisida jismoniy shaxslarning mobil aloqa vositasi, “Soliq” mobil ilovasi va shaxsiy kabinetiga xabarnoma yuboradi. Hisobot davridan keyingi yilning 1 martidan kechiktirmay 3-bosqich Jismoniy shaxs Jismoniy shaxs soliq deklaratsiyasidagi maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshiradi, maʼlumotlar yetarli boʻlmagan taqdirda, “Soliq” mobil ilovasi orqali qoʻshimcha maʼlumotlarni kiritadi va imzolarni identifikatsiya qilishning tegishli vositalari bilan tasdiqlaydi. Deklaratsiya taqdim etish paytida 4-bosqich Jismoniy shaxs Jismoniy shaxs Elektron soliq xizmatlari portali va “Soliq” mobil ilovasi orqali oʻzining jami yillik daromadlari toʻgʻrisidagi deklaratsiyani yuboradi. Hisobot yilidan keyingi yilning 1 aprelidan kechiktirmay
Soliq organlari xodimlari hamda Navoiy va Chirchiq shaharlarida hisobga qoʻyilgan jismoniy shaxslar tomonidan oʻzining jami yillik daromadlari toʻgʻrisidagi deklaratsiyani taqdim etish amaliyotini tajriba-sinov tariqasida joriy etish tartibi boʻyicha vaqtinchalik maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA
XABARNOMA
Hurmatli fuqaro!
Siz tomoningizdan taqdim etilgan soliq deklaratsiyasi asosida aniqlashtirilgan soliq bazasiga qoʻshimcha soliq hisoblanmaydi va huquqiy taʼsir chorasi qoʻllanilmaydi.
Aniqlashtirilgan soliq bazasi maʼlumotlariga “tahrirlash” tugmasi orqali oʻzgartirish yoki qoʻshimchalar kiritishingiz mumkin.
QR kod
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 19-oktabr,
574-son