UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 20-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 20 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НИЗОМ

ҚОИДАЛАРИ

Спорт агенти ва спорт лигаси ҳамда спорт тадбирларини тартибга солишга қаратилган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш, спорт агенти фаолиятини амалга ошириш, шунингдек, спорт лигаси томонидан профессионал спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини тартибга солиш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт мусобақалари ҳамда тадбирларини ўтказиш қоидаларини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ:

спорт агентининг мақоми, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилангани;

спорт агенти фаолиятини амалга ошириш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши;

спорт лигаси спорт мусобақаларини ташкил этиш, ўтказиш ва бошқариш фаолиятини амалга ошириш мақсадида идоравий мансублиги ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахс мақоми билан ёки юридик шахс мақомисиз ташкил этилиши;

спорт лигасининг фаолият юритиш тартиби, шунингдек, спорт лигаси томонидан профессионал спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши;

жисмоний тарбия ва спорт мусобақалари ҳамда тадбирларини ўтказиш қоидалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Спорт агенти фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Спорт лигасининг фаолият юритиш тартиби ҳамда спорт лигаси томонидан профессионал спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш қоидалари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 октябрдаги 580-сон қарорига 1-ИЛОВА

Спорт агенти фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом спорт агентининг мақоми, мақсади ва асосий вазифалари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

агентлик шартномаси — спорт агенти хизматларини кўрсатиш бўйича ҳуқуқий муносабатларни ўрнатиш мақсадида тузилган ёзма келишув;

ахборот тизими — Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги «ERP sport» ягона электрон бошқарув тизими;

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги;

мижоз — спорт агенти хизматларини кўрсатиш учун спорт агентини ёллаши мумкин бўлган тегишли спорт турлари бўйича спорт федерациялари (уюшмалари), спорт клублари, спортчилар ёки тренерлар;

спорт агенти — спортчи, тренер ёки спорт клуби номидан шартнома асосида фаолият кўрсатувчи, шартномалар ҳамда трансфер келишувларини тузишда воситачилик қилувчи ва уларнинг шартларига риоя этилишини кузатиб борувчи шахс;

спорт агенти хизматлари — мижоз учун ёки унинг номидан тегишли спорт турлари бўйича кўрсатиладиган хизматлар, шу жумладан, мижоз номидан музокаралар олиб бориш, шартномалар ҳамда трансфер келишувларини тузишда воситачилик қилиш ва уларнинг шартларига риоя этилишини кузатиб бориш;

спорт федерацияси (уюшмаси) — ваколатли орган томонидан юритиладиган Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрига киритилган нодавлат нотижорат ташкилоти.

3. Спорт агенти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, халқаро спорт ташкилотларининг қоидаларига (низомларига, регламентларига) ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.

2-боб. Спорт агенти фаолиятини ташкил қилишнинг мақсади ва асосий вазифалари

4. Спорт агенти спортчи, тренер ёки спорт клуби номидан шартнома асосида фаолият кўрсатиш, шартномалар ҳамда трансфер келишувларини тузишда воситачилик қилади ва уларнинг шартларига риоя этилишини кузатиб боради.

5. Спорт агентининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

спорт соҳасида шартномаларнинг қонунчилик ҳужжатлари, тегишли спорт тури бўйича халқаро ва миллий спорт ташкилотлари қоидаларига мувофиқ тузилишига кўмаклашиш;

спортчилар, тренерлар ва спорт клублари ўртасидаги шартномавий муносабатларда тарафларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига кўмаклашиш;

вояга етмаган спортчилар билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари, тегишли спорт тури бўйича халқаро ва миллий спорт ташкилотлари қоидалари талабларига қатъий риоя қилиш, уларнинг таълим, ижтимоий, шахсий ва спорт карьераси билан боғлиқ манфаатларини ҳимоя қилиш;

спорт агенти фаолиятида ҳалоллик, ахлоқийлик, профессионаллик, холислик ва мижоз манфаатларига содиқлик принципларига риоя этиш;

спорт агенти хизматлари учун ҳақ тўлаш, комиссия, мукофот пуллари, харажатларни қоплаш ва бошқа молиявий муносабатларда шаффофликни таъминлаш, яширин, ноқонуний ёки асоссиз тўловларга йўл қўймаслик;

тегишли спорт тури қоидаларига зид бўлган ёки сунъий трансфер амалиётларида иштирок этмаслик;

спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатиш, коррупция, допинг ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатларни амалга оширмаслик ва уларда иштирок этмаслик;

спорт соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, тегишли спорт тури бўйича халқаро ва миллий спорт ташкилотлари томонидан белгиланган қоидалар (регламентлар) талабларига риоя этиш.

3-боб. Спорт агентининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

6. Спорт агенти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

спортчилар, тренерлар ва спорт клублари билан агентлик шартномаларини тузиш;

спортчилар, тренерлар ва спорт клублари номидан ҳамда уларнинг манфаатларини кўзлаб шартнома асосида фаолият кўрсатиш;

шартномалар тузишда спортчиларнинг, тренерларнинг ва спорт клубларининг манфаатларини ифода этиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият билан шуғулланадиган ҳомийлар, реклама берувчилар билан ҳамкорлик қилиш;

спортчилар, тренерлар ва спорт клублари манфаатларини ифода этганлик учун ҳақ (даромад) олиш.

Спорт агенти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7. Спорт агенти:

халқаро спорт ташкилотлари томонидан тасдиқланган қоидаларни (регламентларни, низомларни), спорт тури қоидалари ҳамда спорт мусобақаларининг қоидаларини (низомларини, регламентларини) билиши ва уларнинг талабларига қатъий риоя этиши;

спорт агенти хизматларини кўрсатишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги;

тузилган шартномаларга мувофиқ спортчиларнинг, тренерларнинг ва спорт клубларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кузатиб бориши ҳамда ҳимоя қилиши керак.

Спорт агентининг зиммасига қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

4-боб. Спорт агенти фаолиятини ташкил этиш

8. Қуйидаги талабларга жавоб берувчи шахслар спорт агенти фаолияти билан шуғулланиши мумкин:

а) умумий талаблар:

олий маълумотга (қоида тариқасида юриспруденция, жисмоний тарбия ва спорт, иқтисодиёт йўналишларидан бири) эга бўлиши;

муомалага лаёқатли бўлиши;

коррупция, фирибгарлик, спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича судланмаган бўлиши;

б) касбий билим ва малака даражасидан:

спорт соҳаси ва меҳнат муносабатларига оид қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ва миллий спорт ташкилотларининг қоидалари (низомлари, регламентлари)ни билиши;

музокаралар олиб бориш, низоларнинг олдини олиш ва уларни ҳал этиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлиши лозим.

9. Спорт агенти фаолияти ҳар бир спорт тури бўйича тегишли халқаро спорт федерацияси томонидан белгиланадиган қоидалар асосида амалга оширилади.

10. Тегишли спорт тури бўйича халқаро спорт ташкилоти томонидан спорт агенти фаолиятини амалга ошириш тартиби белгиланмаган ҳолларда, айни шу спорт тури бўйича спорт федерацияси (уюшмаси) ваколатли орган билан келишилган ҳолда спорт агенти фаолиятини амалга ошириш тартибини тасдиқлайди.

11. Спорт федерацияси (уюшмаси) ўзи ривожлантирадиган спорт тури бўйича спорт агенти фаолияти юзасидан қуйидаги ваколатларни амалга оширади:

халқаро спорт ташкилоти томонидан тасдиқланган спорт агентининг фаолият юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланишини ташкил қилиш;

халқаро спорт ташкилоти томонидан тасдиқланган спорт агентининг фаолият юритиш тартибининг давлат тилидаги таржимасини ўз расмий веб-сайтига жойлаштириш;

спорт агентига халқаро спорт ташкилоти томонидан тасдиқланган спорт агентлари фаолият юритиш тартиби бўйича тушунтириш ва маслаҳат бериб боришни ташкил қилиш;

спорт агенти томонидан тузиладиган агентлик шартномалари ҳисобини юритиш ва ваколатли органнинг ахборот тизимига ушбу шартномалар тўғрисидаги маълумотларни киритиб бориш;

спорт агенти фаолиятида манфаатлар тўқнашуви, молиявий шаффофлик ва вояга етмаганлар билан ишлаш талабларига риоя этилишини кузатиб бориш;

ваколатли органнинг ахборот тизимида ўзи ривожлантирадиган спорт турлари бўйича спорт агентлари реестрини юритиб бориш.

12. Спорт агенти мижоз учун спорт агенти хизматларини фақат ушбу мижоз билан ёзма равишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда агентлик шартномаси тузилганидан кейин кўрсатиши мумкин.

13. Спорт агенти шартномасида қуйидагилар мажбурий тартибда кўзда тутилади:

хизмат кўрсатиладиган спорт тури;

спорт агенти томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳажми ва мазмуни;

спорт агентининг мижоз номидан ҳаракат қилиш ваколатлари;

спорт агенти ҳақининг миқдори, ҳисоблаш тартиби ва тўлов манбаи;

манфаатлар тўқнашуви мавжуд эмаслиги ёки мавжуд бўлса, бу ҳақида ёзма маълум қилингани;

махфийлик шартлари;

қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро спорт ташкилоти қоидаларида белгиланган бошқа масалалар.

14. Спорт агенти шартномаси тузилмасдан спортчи, тренер ёки спорт клуби номидан музокаралар олиб боришга, шартномалар ёки трансфер келишувларини тузишда воситачилик қилишга йўл қўйилмайди.

15. Спорт федерацияси (уюшмаси) спорт агенти бўйича маълумотларни реал вақт режимида ваколатли органнинг ахборот тизимига киритиб боради ҳамда ушбу ахборот тизимида ўзи ривожлантирадиган спорт тури (турлари) бўйича спорт агентлари реестрини юритади.

16. Спорт агентлари реестрига қуйидаги маълумотлар киритилади:

спорт агентининг фамилияси, исми ва отасининг исми;

спорт тури;

спорт федерацияси (уюшмаси) номи;

спорт агентининг тегишли лицензия, рухсатнома, аккредитация ёки бошқа рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжати (агар мавжуд бўлса) рақами ва амал қилиш муддати.

17. Спорт агенти шартномасида мижознинг спорт агенти иштирокисиз мустақил музокаралар олиб бориш, шартнома тузиш ёки шартнома муддати тугаганидан кейин бошқа спорт агенти билан шартнома тузиш ҳуқуқини чекловчи шартларни белгилашга йўл қўйилмайди.

5-боб. Якунловчи қоида

18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 октябрдаги 580-сон қарорига 2-ИЛОВА

Спорт лигасининг фаолият юритиш тартиби ҳамда спорт лигаси томонидан профессионал спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом спорт лигасининг мақоми, мақсади ва асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш ҳамда спорт лигаси томонидан профессионал спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Спорт лигаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ахборот тизими — Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги «ERP sport» ягона электрон бошқарув тизими;

спорт лигаси — спорт мусобақаларини ташкил этиш, ўтказиш ва бошқариш фаолиятини амалга ошириш мақсадида идоравий мансублиги ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахс мақоми билан ёки юридик шахс мақомисиз фаолият юритувчи тузилма;

профессионал спорт мусобақаси — профессионал спортчилар ёки жамоалар иштирокида ўтказиладиган, рейтинг ёки тижорат аҳамиятига эга бўлган мусобақа.

2-боб. Спорт лигасининг мақсади ва асосий вазифалари

4. Спорт лигасининг мақсади профессионал спортни ривожлантириш, муайян спорт тури бўйича мусобақаларни ягона тизим асосида ташкил этиш ва ўтказиш, спорт мусобақаларининг адолатли, шаффоф ва халқаро стандартларга мувофиқ ўтишини таъминлаш, спортчилар ва жамоаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, спорт соҳасига инвестиция ва ҳомийликни жалб этишдан иборат.

5. Қуйидагилар спорт лигасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

муайян спорт тури бўйича профессионал спорт мусобақаларини режалаштириш, ташкил этиш ва ўтказиш;

профессионал спортчилар ва жамоалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;

мусобақаларда иштирок этувчи спортчилар, жамоалар, ҳакамлар ва бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

мусобақаларни ўтказишда хавфсизлик чораларини, тиббий хизмат кўрсатиш ва допинг назоратини таъминлаш;

спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишда ахборот сиёсати, трансляция ҳуқуқлари ҳамда тижорат манфаатларини самарали бошқариш;

спорт соҳасига инвестициялар, ҳомийлик ва реклама маблағларини жалб этиш ҳамда улардан мақсадли ва шаффоф фойдаланишни таъминлаш;

спорт лигаси доирасида интизом қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, қоидабузарликлар учун тегишли санкцияларни қўллаш;

спорт соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро спорт ташкилотлари ва федерациялари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

3-боб. Спорт лигасиини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш тартиби

6. Спорт лигаси идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахс мақоми билан ёки юридик шахс мақомисиз ташкил қилинади.

Юридик шахс мақомига эга спорт лигаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилади.

7. Юридик шахс мақомига эга спорт лигалари ўз фаолияти бўйича белгиланган тартибда ҳисобот юритиб борилишини таъминлайди, шу жумладан, молиявий ва статистика ҳисоботларини ваколатли органларга тақдим этади.

8. Спорт лигасини ташкил этиш ташаббуси жисмоний ва юридик шахслар, спорт федерациялари ҳамда бошқа жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари томонидан илгари сурилиши мумкин.

9. Спорт лигаси ўз фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланадиган устав асосида амалга оширади.

10. Спорт лигаси ўз фаолиятини мустақил равишда амалга оширади ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз ички қоидалари, регламентлари ва мусобақалар тақвимини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

11. Спорт лигаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

спорт лигаси фаолиятига оид мусобақалар, чемпионатлар ва турнирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

мусобақаларни ўтказиш тартиби, регламенти ва тақвимини тасдиқлаш;

спорт лигаси аъзолари бўлган клублар (жамоалар), спортчилар ва бошқа шахслар учун қоидалар ва талабларни белгилаш;

лига рамзлари (номи, логотипи, байроғи ва бошқалар)дан белгиланган тартибда фойдаланиш;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;

ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, конференциялар ўтказиш;

лига доирасида белгиланган тартибда интизомий чоралар қўллаш (огоҳлантириш, жарима, четлатиш ва бошқалар);

лига манфаатларини давлат органлари, халқаро ва миллий спорт ташкилотлари олдида белгиланган тартибда ҳимоя қилиш.

Спорт лигасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга юкланиши мумкин.

12. Қуйидагилар спорт лигасининг мажбуриятлари ҳисобланади:

ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ва миллий спорт қоидалари асосида амалга ошириш;

ваколати доирасида ўтказадиган мусобақалар адолатли, холис ва шаффоф тарзда ўтказилишини таъминлаш;

спортчилар, клублар ва иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини белгиланган тартибда ҳимоя қилиш;

интизом, спорт этикаси ва ҳалол ўйин (fair play) тамойилларига риоя этилишини таъминлаш;

спортчиларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш;

допингга қарши қоидаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш;

лига фаолияти бўйича ҳисоботлар юритиш ва белгиланган тартибда ваколатли органларга тақдим этиш.

Спорт лигаси зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

13. Спорт лигаси қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органлари, спорт федерациялари (уюшмалари), халқаро спорт ташкилотлари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.

4-боб. Спорт лигалари томонидан спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш

14. Спорт лигаси томонидан профессионал спорт мусобақалари қонунчилик ҳужжатларига ва халқаро спорт федерациялари қоидаларига, шунингдек, ушбу низом талабларига мувофиқ ташкил этилади ва ўтказилади.

15. Спорт лигаси профессионал спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш учун:

профессионал спорт мусобақаси регламентини ишлаб чиқади ва тегишли спорт федерацияси (уюшмаси) билан келишган ҳолда тасдиқлайди;

профессионал спорт мусобақаси тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритади;

ҳакамлик, тиббий хизмат, хавфсизлик ва ташкилий масалаларни таъминлайди;

иштирокчилар учун тенг ва адолатли шарт-шароитларни яратади.

16. Мусобақаларни ўтказишда спорт иншоотлари белгиланган техник, санитария ва хавфсизлик талабларига жавоб бериши шарт.

Спорт иншоотлари белгиланган техник, санитария ва хавфсизлик талабларига жавоб бермаса, мусобақа ўтказиш қатъиян таъқиқланади.

17. Профессионал спорт мусобақалари натижалари спорт лигасининг расмий ахборот ресурсларида эълон қилинади.

5-боб. Якунловчи қоида

18. Ушбу Низом талабларини бузганлик учун айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 октябрдаги 580-сон қарорига 3-ИЛОВА

Жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш ҳамда уларда иштирок этиш қоидаларини белгилайди.

2. Ушбу Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча жисмоний тарбия ва спортни оммалаштирувчи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида жисмоний тарбия ёки спорт тадбирларини ўтказадиган ва уларда қатнашадиган ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.

3. Ушбу Қоидаларда қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:

ахборот тизими — Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги «ERP sport» ягона электрон бошқарув тизими;

жисмоний тарбия ва спорт тадбири ташкилотчиси — ўз ташаббуси билан жисмоний тарбия ёки спорт тадбирини ўтказаётган ва (ёки) бундай тадбирни тайёрлаш ҳамда ўтказишни ташкилий, молиявий ва моддий жиҳатдан таъминлайдиган юридик ёки жисмоний шахс;

жисмоний тарбия тадбири — аҳолини жисмоний тарбия машғулотларига жалб этишга ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган тадбирлар;

спорт тадбири — тасдиқланган қоидалар асосида ташкил этиладиган, жисмоний фаоллик ва рақобатга асосланган мусобақа, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга, спортчиларнинг маҳорати ва салоҳиятини намоён этишга ҳамда аҳолини спортга жалб этишга қаратилган тадбир;

спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиладиган халқаро ва республика миқёсидаги расмий спорт ёки оммавий жисмоний тарбия тадбирлари рўйхатини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси спорт терма жамоаларини халқаро спорт тадбирларига тайёрлаш ва уларнинг иштирок этишини таъминлаш бўйича тадбирлар рўйхатини белгиловчи ҳужжат;

спорт тури — спорт мусобақаларига ўзига хос тарзда тайёргарлик кўрилиши билан ажралиб турувчи, спорт мусобақаларини ўтказишга ва уларда иштирок этишга доир талаблар ва шартлар белгиланадиган қоидаларга (низомга, регламентга) эга бўлган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури;

ўқув-машқ йиғинлари — спортчиларни спорт мусобақаларига ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларига тайёрлаш ва уларда иштирок этиш, шунингдек, ушбу тадбирлардан кейин тиклаш мақсадида спортчиларнинг спорт маҳоратини оширишга йўналтирилган узлуксиз тадбирлар.

2-боб. Жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари талаблари

4. Қуйидагилар жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказишнинг асосий мақсадлари ҳисобланади:

аҳолини жисмоний тарбия машғулотларига жалб этиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш;

иштирокчи жамоаларнинг спорт тайёргарлигини мусобақа ўтказиш орқали баҳолаш;

иштирокчилар орасидан иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва уларнинг спорт маҳоратини ошириш;

спортчиларни спорт мусобақаларига тайёрлаш;

халқаро спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришиш учун спортчиларнинг мусобақа амалиётини таъминлаш.

5. Жисмоний тарбия ва спорт тадбири мазкур тадбир тўғрисидаги низом (регламент) ҳамда қонунчиликда ҳужжатлари талаблари асосида ташкил этилади ва ўтказилади.

6. Спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича спорт мусобақалари Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ қўлланадиган спорт тури қоидалари асосида ташкил этилади ва ўтказилади.

7. Ўзбекистон Республикаси чемпионати ёки Ўзбекистон Республикаси кубоги мақоми ва номидан фақат расмий спорт мусобақаларида фойдаланилиши мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси чемпионатлари ва Ўзбекистон Республикаси кубоклари тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда ташкил этилади.

8. Расмий спорт мусобақаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари асосида жисмоний тарбия ҳамда спорт тадбири ташкилотчиси томонидан ишлаб чиқиладиган ва жисмоний тарбия ҳамда спорт соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган жисмоний тарбия ва спорт тадбири тўғрисидаги низом асосида ўтказилади.

9. Жисмоний тарбия ва спорт тадбири тўғрисидаги низомда спорт ва жисмоний тарбия тадбирларни ўтказиш муддатлари ва жойи, уларда қатнашиш тартиби ва шартлари, молиялаштириш ва бошқа масалалар белгиланади.

10. Ўзбекистон Республикаси чемпионати ёки кубоги мақоми ҳамда номига расмий спорт мусобақаси эга бўлиши мумкин.

11. Жисмоний тарбия ва спорт тадбири тўғрисидаги низомда белгиланган талаблар қонунчилик ҳужжатларига ва тегишли спорт тури қоидаларига зид бўлиши мумкин эмас.

12. Жисмоний тарбия ва спорт тадбири тўғрисидаги низомда қуйидагилар назарда тутилиши керак:

тадбирнинг расмий номи, мақсади, вазифалари ва мақоми;

тадбир ташкилотчиси ва ҳамташкилотчилари;

спорт тури, спорт турининг тармоғи;

тадбирни ўтказиш муддати ва жойи;

иштирокчиларга қўйиладиган талаблар, уларни рўйхатдан ўтказиш ва иштирок этиш шартлари;

қўлланадиган спорт тури қоидалари;

иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

мусобақа натижалари, ҳакамлик ёки бошқа қарорлар юзасидан шикоят қилиш ҳамда уларни кўриб чиқиш тартиби;

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва спорт мусобақаси натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатишни тақиқлаш талаблари;

тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалалар.

3-боб. Жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш вазифалари

13. Жисмоний тарбия ва спорт тадбири ташкилотчиси тадбирни тайёрлаш, ташкил этиш ва ўтказишни ташкилий ва молиявий жиҳатдан таъминлайди.

14. Жисмоний тарбия ва спорт тадбири ташкилотчиси:

тадбирни ўтказиш учун зарур спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлаш;

спорт ҳакамлари таркибини шакллантириш;

мусобақанинг тегишли спорт тури қоидалари асосида адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш;

тадбир иштирокчилари ва томошабинларининг хавфсизлигини таъминлаш;

қонунчиликда белгиланган ҳолларда тиббий таъминотни ташкил этиш;

тадбир натижаларини белгиланган тартибда расмийлаштириш учун масъул ҳисобланади.

15. Жисмоний тарбия ва спорт тадбирларининг номларидан, улар асосида тузилган сўз бирикмаларидан ҳамда мазкур тадбирлар рамзларидан учинчи шахсларнинг фойдаланиши жисмоний тарбия ва спорт тадбири ташкилотчиси билан ёзма шаклда тузиладиган келишувлар асосида фойдаланади.

Ушбу номлардан, улар асосида тузилган сўз бирикмаларидан ва мазкур тадбирлар рамзларидан ахборот мақсадида ёхуд оммавий ахборот воситаларида жисмоний тарбия ва спорт тадбирини ёритиш ҳуқуқини олган учинчи шахслар томонидан ушбу ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳоллари бундан мустасно ҳисобланади.

16. Оммавий ахборот воситаларида жисмоний тарбия ва спорт тадбирларининг жисмоний тарбия ва спорт тадбири ташкилотчилари томонидан тасдиқланган, тўғри кўрсатилган номларидан фойдаланилади.

Жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари номлар реклама ҳисобланмайди.

17. Жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ёритиш ҳуқуқидан учинчи шахслар фақат жисмоний тарбия ва спорт тадбири ташкилотчиларининг ёзма рухсатлари билан ёхуд учинчи шахслар томонидан ушбу ҳуқуқларнинг бундай тадбирлар ташкилотчиларидан сотиб олингани тўғрисидаги ёзма шаклдаги келишувлар асосида фойдаланиш мумкин.

18. Жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари уларни ўтказиш хусусиятидан келиб чиққан ҳолда тегишли очиқ ва ёпиқ спорт иншоотларида ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа жойларда ўтказилиши мумкин.

19. Спорт мусобақаларини ўтказиш учун фойдаланиладиган спорт иншоотлари қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.

20. Жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказишда қонунчиликда белгиланган техника хавфсизлиги, санитария-гигиена, ёнғин хавфсизлиги, тиббий ва бошқа хавфсизлик талабларига риоя қилиниши шарт.

21. Жисмоний тарбия ва спорт тадбири ташкилотчиси тадбирнинг тури, иштирокчилар сони ва спорт турининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда зарур тиббий таъминотни ташкил этади.

22. Жисмоний тарбия ва спорт тадбири иштирокчилари ҳамда томошабинларининг умумий сони спорт иншоотининг белгиланган сиғимидан ошмаслиги шарт.

23. Жисмоний тарбия ва спорт тадбири ташкилотчиси ёки унинг тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича қарорлар қабул қилишга ваколатли масъул вакили тадбир давомида тадбир ўтказилаётган жойда бўлиши шарт.

24. Спорт мусобақаси давомида спорт ҳакамлари тегишли спорт тури қоидалари, жисмоний тарбия ва спорт тадбири тўғрисидаги низом (регламент) ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳакамлик қилади.

25. Спорт мусобақаси натижалари спорт ҳакамлари томонидан расмий баённома билан расмийлаштирилади. Бунда жисмоний тарбия ва спорт тадбири ташкилотчиси спорт мусобақасининг якуний натижаларини тасдиқлайди.

26. Жисмоний тарбия ва спорт тадбири иштирокчилар ёки томошабинларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи, спорт иншоотидан хавфсиз фойдаланишга тўсқинлик қилувчи, мусобақани тегишли спорт қоидалари асосида ўтказиш имконини бермайдиган ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар юзага келганда вақтинча тўхтатилиши, бошқа вақтга ёки жойга кўчирилиши, томошабинларсиз ўтказилиши ёхуд бекор қилиниши мумкин.

27. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро спорт тадбирлари тегишли спорт федерацияси (уюшмаси) томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда ўтказилади.

28. Жисмоний тарбия ёки спорт тадбири Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига мувофиқ оммавий тадбир ҳисобланган тақдирда, мазкур тадбир оммавий тадбирларни ўтказишга рухсатнома бериш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда рухсатнома олинганидан кейин ўтказилади.

29. Рухсатнома олиш учун мурожаат қилиш жисмоний тарбия ва спорт тадбири ташкилотчиси зиммасига юкланади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

30. Жисмоний тарбия ва спорт мусобақалари ҳамда тадбирлари ташкилотчиси ва тадбирни ўтказиш объекти маъмурияти томонидан рухсат бериш талаблари ҳамда шартларига риоя қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.

31. Жисмоний тарбия ва спорт тадбири ташкилотчиси ҳамда тадбир ўтказиладиган объект маъмурияти жисмоний тарбия ва спорт тадбири давомида ушбу Қоидаларда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишига масъул ҳисобланади.

32. Ушбу Қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 20 октябрь,

580-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.10.2026 й., 09/26/580/1059-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NIZOM

QOIDALARI

Sport agenti va sport ligasi hamda sport tadbirlarini tartibga solishga qaratilgan ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy tarbiya va sport toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash, sport agenti faoliyatini amalga oshirish, shuningdek, sport ligasi tomonidan professional sport musobaqalarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini tartibga solish hamda jismoniy tarbiya va sport musobaqalari hamda tadbirlarini oʻtkazish qoidalarini belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy tarbiya va sport toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq:

sport agentining maqomi, huquqlari va majburiyatlari belgilangani;

sport agenti faoliyatini amalga oshirish tartibi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanishi;

sport ligasi sport musobaqalarini tashkil etish, oʻtkazish va boshqarish faoliyatini amalga oshirish maqsadida idoraviy mansubligi hamda mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, yuridik shaxs maqomi bilan yoki yuridik shaxs maqomisiz tashkil etilishi;

sport ligasining faoliyat yuritish tartibi, shuningdek, sport ligasi tomonidan professional sport musobaqalarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanishi;

jismoniy tarbiya va sport musobaqalari hamda tadbirlarini oʻtkazish qoidalari Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanishi nazarda tutilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

Sport agenti faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Sport ligasining faoliyat yuritish tartibi hamda sport ligasi tomonidan professional sport musobaqalarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;

Jismoniy tarbiya va sport tadbirlarini oʻtkazish qoidalari 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Sport vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi sport vaziri A.I. Ikramov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 20-oktabrdagi 580-son qaroriga 1-ILOVA

Sport agenti faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom sport agentining maqomi, maqsadi va asosiy vazifalari, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

agentlik shartnomasi — sport agenti xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha huquqiy munosabatlarni oʻrnatish maqsadida tuzilgan yozma kelishuv;

axborot tizimi — Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi “ERP sport” yagona elektron boshqaruv tizimi;

vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi;

mijoz — sport agenti xizmatlarini koʻrsatish uchun sport agentini yollashi mumkin boʻlgan tegishli sport turlari boʻyicha sport federatsiyalari (uyushmalari), sport klublari, sportchilar yoki trenerlar;

sport agenti — sportchi, trener yoki sport klubi nomidan shartnoma asosida faoliyat koʻrsatuvchi, shartnomalar hamda transfer kelishuvlarini tuzishda vositachilik qiluvchi va ularning shartlariga rioya etilishini kuzatib boruvchi shaxs;

sport agenti xizmatlari — mijoz uchun yoki uning nomidan tegishli sport turlari boʻyicha koʻrsatiladigan xizmatlar, shu jumladan, mijoz nomidan muzokaralar olib borish, shartnomalar hamda transfer kelishuvlarini tuzishda vositachilik qilish va ularning shartlariga rioya etilishini kuzatib borish;

sport federatsiyasi (uyushmasi) — vakolatli organ tomonidan yuritiladigan Sport federatsiyalari (uyushmalari) reyestriga kiritilgan nodavlat notijorat tashkiloti.

3. Sport agenti oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga, xalqaro sport tashkilotlarining qoidalariga (nizomlariga, reglamentlariga) va boshqa normativ-huquqiy hujjatlarga amal qiladi.

2-bob. Sport agenti faoliyatini tashkil qilishning maqsadi va asosiy vazifalari

4. Sport agenti sportchi, trener yoki sport klubi nomidan shartnoma asosida faoliyat koʻrsatish, shartnomalar hamda transfer kelishuvlarini tuzishda vositachilik qiladi va ularning shartlariga rioya etilishini kuzatib boradi.

5. Sport agentining asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

sport sohasida shartnomalarning qonunchilik hujjatlari, tegishli sport turi boʻyicha xalqaro va milliy sport tashkilotlari qoidalariga muvofiq tuzilishiga koʻmaklashish;

sportchilar, trenerlar va sport klublari oʻrtasidagi shartnomaviy munosabatlarda taraflarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga rioya etilishiga koʻmaklashish;

voyaga yetmagan sportchilar bilan ishlashda qonunchilik hujjatlari, tegishli sport turi boʻyicha xalqaro va milliy sport tashkilotlari qoidalari talablariga qatʼiy rioya qilish, ularning taʼlim, ijtimoiy, shaxsiy va sport karyerasi bilan bogʻliq manfaatlarini himoya qilish;

sport agenti faoliyatida halollik, axloqiylik, professionallik, xolislik va mijoz manfaatlariga sodiqlik prinsiplariga rioya etish;

sport agenti xizmatlari uchun haq toʻlash, komissiya, mukofot pullari, xarajatlarni qoplash va boshqa moliyaviy munosabatlarda shaffoflikni taʼminlash, yashirin, noqonuniy yoki asossiz toʻlovlarga yoʻl qoʻymaslik;

tegishli sport turi qoidalariga zid boʻlgan yoki sunʼiy transfer amaliyotlarida ishtirok etmaslik;

sport musobaqalari natijalariga qonunga xilof ravishda taʼsir koʻrsatish, korrupsiya, doping va qonunga xilof boshqa harakatlarni amalga oshirmaslik va ularda ishtirok etmaslik;

sport sohasidagi qonunchilik hujjatlari, tegishli sport turi boʻyicha xalqaro va milliy sport tashkilotlari tomonidan belgilangan qoidalar (reglamentlar) talablariga rioya etish.

3-bob. Sport agentining huquq va majburiyatlari

6. Sport agenti quyidagi huquqlarga ega:

sportchilar, trenerlar va sport klublari bilan agentlik shartnomalarini tuzish;

sportchilar, trenerlar va sport klublari nomidan hamda ularning manfaatlarini koʻzlab shartnoma asosida faoliyat koʻrsatish;

shartnomalar tuzishda sportchilarning, trenerlarning va sport klublarining manfaatlarini ifoda etish;

jismoniy tarbiya va sport sohasidagi faoliyat bilan shugʻullanadigan homiylar, reklama beruvchilar bilan hamkorlik qilish;

sportchilar, trenerlar va sport klublari manfaatlarini ifoda etganlik uchun haq (daromad) olish.

Sport agenti qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

7. Sport agenti:

xalqaro sport tashkilotlari tomonidan tasdiqlangan qoidalarni (reglamentlarni, nizomlarni), sport turi qoidalari hamda sport musobaqalarining qoidalarini (nizomlarini, reglamentlarini) bilishi va ularning talablariga qatʼiy rioya etishi;

sport agenti xizmatlarini koʻrsatishda manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymasligi;

tuzilgan shartnomalarga muvofiq sportchilarning, trenerlarning va sport klublarining huquqlari va qonuniy manfaatlariga rioya etilishini kuzatib borishi hamda himoya qilishi kerak.

Sport agentining zimmasiga qonunchilikka muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

4-bob. Sport agenti faoliyatini tashkil etish

8. Quyidagi talablarga javob beruvchi shaxslar sport agenti faoliyati bilan shugʻullanishi mumkin:

a) umumiy talablar:

oliy maʼlumotga (qoida tariqasida yurisprudensiya, jismoniy tarbiya va sport, iqtisodiyot yoʻnalishlaridan biri) ega boʻlishi;

muomalaga layoqatli boʻlishi;

korrupsiya, firibgarlik, sport musobaqalari natijalariga qonunga xilof ravishda taʼsir koʻrsatish bilan bogʻliq holatlar boʻyicha sudlanmagan boʻlishi;

b) kasbiy bilim va malaka darajasidan:

sport sohasi va mehnat munosabatlariga oid qonunchilik hujjatlari, xalqaro va milliy sport tashkilotlarining qoidalari (nizomlari, reglamentlari)ni bilishi;

muzokaralar olib borish, nizolarning oldini olish va ularni hal etish boʻyicha amaliy koʻnikmalarga ega boʻlishi lozim.

9. Sport agenti faoliyati har bir sport turi boʻyicha tegishli xalqaro sport federatsiyasi tomonidan belgilanadigan qoidalar asosida amalga oshiriladi.

10. Tegishli sport turi boʻyicha xalqaro sport tashkiloti tomonidan sport agenti faoliyatini amalga oshirish tartibi belgilanmagan hollarda, ayni shu sport turi boʻyicha sport federatsiyasi (uyushmasi) vakolatli organ bilan kelishilgan holda sport agenti faoliyatini amalga oshirish tartibini tasdiqlaydi.

11. Sport federatsiyasi (uyushmasi) oʻzi rivojlantiradigan sport turi boʻyicha sport agenti faoliyati yuzasidan quyidagi vakolatlarni amalga oshiradi:

xalqaro sport tashkiloti tomonidan tasdiqlangan sport agentining faoliyat yuritish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllanishini tashkil qilish;

xalqaro sport tashkiloti tomonidan tasdiqlangan sport agentining faoliyat yuritish tartibining davlat tilidagi tarjimasini oʻz rasmiy veb-saytiga joylashtirish;

sport agentiga xalqaro sport tashkiloti tomonidan tasdiqlangan sport agentlari faoliyat yuritish tartibi boʻyicha tushuntirish va maslahat berib borishni tashkil qilish;

sport agenti tomonidan tuziladigan agentlik shartnomalari hisobini yuritish va vakolatli organning axborot tizimiga ushbu shartnomalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritib borish;

sport agenti faoliyatida manfaatlar toʻqnashuvi, moliyaviy shaffoflik va voyaga yetmaganlar bilan ishlash talablariga rioya etilishini kuzatib borish;

vakolatli organning axborot tizimida oʻzi rivojlantiradigan sport turlari boʻyicha sport agentlari reyestrini yuritib borish.

12. Sport agenti mijoz uchun sport agenti xizmatlarini faqat ushbu mijoz bilan yozma ravishda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda agentlik shartnomasi tuzilganidan keyin koʻrsatishi mumkin.

13. Sport agenti shartnomasida quyidagilar majburiy tartibda koʻzda tutiladi:

xizmat koʻrsatiladigan sport turi;

sport agenti tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar hajmi va mazmuni;

sport agentining mijoz nomidan harakat qilish vakolatlari;

sport agenti haqining miqdori, hisoblash tartibi va toʻlov manbai;

manfaatlar toʻqnashuvi mavjud emasligi yoki mavjud boʻlsa, bu haqida yozma maʼlum qilingani;

maxfiylik shartlari;

qonunchilik hujjatlari va xalqaro sport tashkiloti qoidalarida belgilangan boshqa masalalar.

14. Sport agenti shartnomasi tuzilmasdan sportchi, trener yoki sport klubi nomidan muzokaralar olib borishga, shartnomalar yoki transfer kelishuvlarini tuzishda vositachilik qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

15. Sport federatsiyasi (uyushmasi) sport agenti boʻyicha maʼlumotlarni real vaqt rejimida vakolatli organning axborot tizimiga kiritib boradi hamda ushbu axborot tizimida oʻzi rivojlantiradigan sport turi (turlari) boʻyicha sport agentlari reyestrini yuritadi.

16. Sport agentlari reyestriga quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:

sport agentining familiyasi, ismi va otasining ismi;

sport turi;

sport federatsiyasi (uyushmasi) nomi;

sport agentining tegishli litsenziya, ruxsatnoma, akkreditatsiya yoki boshqa ruxsat berish xususiyatiga ega hujjati (agar mavjud boʻlsa) raqami va amal qilish muddati.

17. Sport agenti shartnomasida mijozning sport agenti ishtirokisiz mustaqil muzokaralar olib borish, shartnoma tuzish yoki shartnoma muddati tugaganidan keyin boshqa sport agenti bilan shartnoma tuzish huquqini cheklovchi shartlarni belgilashga yoʻl qoʻyilmaydi.

5-bob. Yakunlovchi qoida

18. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 20-oktabrdagi 580-son qaroriga 2-ILOVA

Sport ligasining faoliyat yuritish tartibi hamda sport ligasi tomonidan professional sport musobaqalarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom sport ligasining maqomi, maqsadi va asosiy vazifalari, faoliyatini tashkil etish hamda sport ligasi tomonidan professional sport musobaqalarini tashkil etish va oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Sport ligasi oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga, boshqa normativ-huquqiy hujjatlarga amal qiladi.

3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

axborot tizimi — Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi “ERP sport” yagona elektron boshqaruv tizimi;

sport ligasi — sport musobaqalarini tashkil etish, oʻtkazish va boshqarish faoliyatini amalga oshirish maqsadida idoraviy mansubligi hamda mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, yuridik shaxs maqomi bilan yoki yuridik shaxs maqomisiz faoliyat yurituvchi tuzilma;

professional sport musobaqasi — professional sportchilar yoki jamoalar ishtirokida oʻtkaziladigan, reyting yoki tijorat ahamiyatiga ega boʻlgan musobaqa.

2-bob. Sport ligasining maqsadi va asosiy vazifalari

4. Sport ligasining maqsadi professional sportni rivojlantirish, muayyan sport turi boʻyicha musobaqalarni yagona tizim asosida tashkil etish va oʻtkazish, sport musobaqalarining adolatli, shaffof va xalqaro standartlarga muvofiq oʻtishini taʼminlash, sportchilar va jamoalarning huquq va qonuniy manfaatlarini himoya qilish, shuningdek, sport sohasiga investitsiya va homiylikni jalb etishdan iborat.

5. Quyidagilar sport ligasining asosiy vazifalari hisoblanadi:

muayyan sport turi boʻyicha professional sport musobaqalarini rejalashtirish, tashkil etish va oʻtkazish;

professional sportchilar va jamoalar oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish;

musobaqalarda ishtirok etuvchi sportchilar, jamoalar, hakamlar va boshqa ishtirokchilarning huquq va qonuniy manfaatlarini himoya qilish;

musobaqalarni oʻtkazishda xavfsizlik choralarini, tibbiy xizmat koʻrsatish va doping nazoratini taʼminlash;

sport musobaqalarini tashkil etish va oʻtkazishda axborot siyosati, translyatsiya huquqlari hamda tijorat manfaatlarini samarali boshqarish;

sport sohasiga investitsiyalar, homiylik va reklama mablagʻlarini jalb etish hamda ulardan maqsadli va shaffof foydalanishni taʼminlash;

sport ligasi doirasida intizom qoidalariga rioya etilishini taʼminlash, qoidabuzarliklar uchun tegishli sanksiyalarni qoʻllash;

sport sohasida xalqaro hamkorlikni rivojlantirish, xalqaro sport tashkilotlari va federatsiyalari bilan oʻzaro hamkorlik qilish.

3-bob. Sport ligasiini tashkil etish va ularning faoliyat yuritish tartibi

6. Sport ligasi idoraviy mansubligi va mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, yuridik shaxs maqomi bilan yoki yuridik shaxs maqomisiz tashkil qilinadi.

Yuridik shaxs maqomiga ega sport ligasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi.

7. Yuridik shaxs maqomiga ega sport ligalari oʻz faoliyati boʻyicha belgilangan tartibda hisobot yuritib borilishini taʼminlaydi, shu jumladan, moliyaviy va statistika hisobotlarini vakolatli organlarga taqdim etadi.

8. Sport ligasini tashkil etish tashabbusi jismoniy va yuridik shaxslar, sport federatsiyalari hamda boshqa jismoniy tarbiya-sport tashkilotlari tomonidan ilgari surilishi mumkin.

9. Sport ligasi oʻz faoliyatini belgilangan tartibda tasdiqlanadigan ustav asosida amalga oshiradi.

10. Sport ligasi oʻz faoliyatini mustaqil ravishda amalga oshiradi hamda qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻz ichki qoidalari, reglamentlari va musobaqalar taqvimini ishlab chiqadi hamda tasdiqlaydi.

11. Sport ligasi quyidagi huquqlarga ega:

sport ligasi faoliyatiga oid musobaqalar, chempionatlar va turnirlarni tashkil etish va oʻtkazish;

musobaqalarni oʻtkazish tartibi, reglamenti va taqvimini tasdiqlash;

sport ligasi aʼzolari boʻlgan klublar (jamoalar), sportchilar va boshqa shaxslar uchun qoidalar va talablarni belgilash;

liga ramzlari (nomi, logotipi, bayrogʻi va boshqalar)dan belgilangan tartibda foydalanish;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanish;

oʻz faoliyatiga taalluqli masalalar yuzasidan yigʻilishlar, konferensiyalar oʻtkazish;

liga doirasida belgilangan tartibda intizomiy choralar qoʻllash (ogohlantirish, jarima, chetlatish va boshqalar);

liga manfaatlarini davlat organlari, xalqaro va milliy sport tashkilotlari oldida belgilangan tartibda himoya qilish.

Sport ligasiga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega yuklanishi mumkin.

12. Quyidagilar sport ligasining majburiyatlari hisoblanadi:

oʻz faoliyatini qonunchilik hujjatlari, xalqaro va milliy sport qoidalari asosida amalga oshirish;

vakolati doirasida oʻtkazadigan musobaqalar adolatli, xolis va shaffof tarzda oʻtkazilishini taʼminlash;

sportchilar, klublar va ishtirokchilarning huquq va manfaatlarini belgilangan tartibda himoya qilish;

intizom, sport etikasi va halol oʻyin (fair play) tamoyillariga rioya etilishini taʼminlash;

sportchilarning sogʻligʻi va xavfsizligini taʼminlash boʻyicha choralar koʻrish;

dopingga qarshi qoidalarga qatʼiy rioya etilishini taʼminlash;

liga faoliyati boʻyicha hisobotlar yuritish va belgilangan tartibda vakolatli organlarga taqdim etish.

Sport ligasi zimmasiga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklatilishi mumkin.

13. Sport ligasi qonunchilikda belgilangan tartibda davlat organlari, sport federatsiyalari (uyushmalari), xalqaro sport tashkilotlari hamda boshqa manfaatdor tashkilotlar bilan hamkorlik qilishi mumkin.

4-bob. Sport ligalari tomonidan sport musobaqalarini tashkil etish va oʻtkazish

14. Sport ligasi tomonidan professional sport musobaqalari qonunchilik hujjatlariga va xalqaro sport federatsiyalari qoidalariga, shuningdek, ushbu nizom talablariga muvofiq tashkil etiladi va oʻtkaziladi.

15. Sport ligasi professional sport musobaqalarini tashkil etish va oʻtkazish uchun:

professional sport musobaqasi reglamentini ishlab chiqadi va tegishli sport federatsiyasi (uyushmasi) bilan kelishgan holda tasdiqlaydi;

professional sport musobaqasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni axborot tizimiga kiritadi;

hakamlik, tibbiy xizmat, xavfsizlik va tashkiliy masalalarni taʼminlaydi;

ishtirokchilar uchun teng va adolatli shart-sharoitlarni yaratadi.

16. Musobaqalarni oʻtkazishda sport inshootlari belgilangan texnik, sanitariya va xavfsizlik talablariga javob berishi shart.

Sport inshootlari belgilangan texnik, sanitariya va xavfsizlik talablariga javob bermasa, musobaqa oʻtkazish qatʼiyan taʼqiqlanadi.

17. Professional sport musobaqalari natijalari sport ligasining rasmiy axborot resurslarida eʼlon qilinadi.

5-bob. Yakunlovchi qoida

18. Ushbu Nizom talablarini buzganlik uchun aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 20-oktabrdagi 580-son qaroriga 3-ILOVA

Jismoniy tarbiya va sport tadbirlarini oʻtkazish

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy tarbiya va sport toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq ishlab chiqilgan boʻlib, jismoniy tarbiya va sport tadbirlarini oʻtkazish hamda ularda ishtirok etish qoidalarini belgilaydi.

2. Ushbu Qoidalar mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, barcha jismoniy tarbiya va sportni ommalashtiruvchi, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi hududida va uning tashqarisida jismoniy tarbiya yoki sport tadbirlarini oʻtkazadigan va ularda qatnashadigan tashkilotlar uchun majburiy hisoblanadi.

3. Ushbu Qoidalarda quyidagi atamalar va taʼriflardan foydalaniladi:

axborot tizimi — Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi “ERP sport” yagona elektron boshqaruv tizimi;

jismoniy tarbiya va sport tadbiri tashkilotchisi — oʻz tashabbusi bilan jismoniy tarbiya yoki sport tadbirini oʻtkazayotgan va (yoki) bunday tadbirni tayyorlash hamda oʻtkazishni tashkiliy, moliyaviy va moddiy jihatdan taʼminlaydigan yuridik yoki jismoniy shaxs;

jismoniy tarbiya tadbiri — aholini jismoniy tarbiya mashgʻulotlariga jalb etishga va aholi oʻrtasida sogʻlom turmush tarzini shakllantirishga qaratilgan tadbirlar;

sport tadbiri — tasdiqlangan qoidalar asosida tashkil etiladigan, jismoniy faollik va raqobatga asoslangan musobaqa, shuningdek, sogʻlom turmush tarzini targʻib qilishga, sportchilarning mahorati va salohiyatini namoyon etishga hamda aholini sportga jalb etishga qaratilgan tadbir;

sport hamda ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlarining kalendar rejasi — Oʻzbekiston Respublikasi hududida oʻtkaziladigan xalqaro va respublika miqyosidagi rasmiy sport yoki ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlari roʻyxatini, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi sport terma jamoalarini xalqaro sport tadbirlariga tayyorlash va ularning ishtirok etishini taʼminlash boʻyicha tadbirlar roʻyxatini belgilovchi hujjat;

sport turi — sport musobaqalariga oʻziga xos tarzda tayyorgarlik koʻrilishi bilan ajralib turuvchi, sport musobaqalarini oʻtkazishga va ularda ishtirok etishga doir talablar va shartlar belgilanadigan qoidalarga (nizomga, reglamentga) ega boʻlgan jismoniy tarbiya va sport sohasidagi faoliyat turi;

oʻquv-mashq yigʻinlari — sportchilarni sport musobaqalariga va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlariga tayyorlash va ularda ishtirok etish, shuningdek, ushbu tadbirlardan keyin tiklash maqsadida sportchilarning sport mahoratini oshirishga yoʻnaltirilgan uzluksiz tadbirlar.

2-bob. Jismoniy tarbiya va sport tadbirlari talablari

4. Quyidagilar jismoniy tarbiya va sport tadbirlarini oʻtkazishning asosiy maqsadlari hisoblanadi:

aholini jismoniy tarbiya mashgʻulotlariga jalb etish va aholi oʻrtasida sogʻlom turmush tarzini shakllantirish;

ishtirokchi jamoalarning sport tayyorgarligini musobaqa oʻtkazish orqali baholash;

ishtirokchilar orasidan iqtidorli sportchilarni aniqlash va ularning sport mahoratini oshirish;

sportchilarni sport musobaqalariga tayyorlash;

xalqaro sport musobaqalarida yuqori natijalarga erishish uchun sportchilarning musobaqa amaliyotini taʼminlash.

5. Jismoniy tarbiya va sport tadbiri mazkur tadbir toʻgʻrisidagi nizom (reglament) hamda qonunchilikda hujjatlari talablari asosida tashkil etiladi va oʻtkaziladi.

6. Sport turlari reyestriga kiritilgan sport turlari boʻyicha sport musobaqalari Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy tarbiya va sport toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq qoʻllanadigan sport turi qoidalari asosida tashkil etiladi va oʻtkaziladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi chempionati yoki Oʻzbekiston Respublikasi kubogi maqomi va nomidan faqat rasmiy sport musobaqalarida foydalanilishi mumkin. Bunda Oʻzbekiston Respublikasi chempionatlari va Oʻzbekiston Respublikasi kuboklari tegishli sport federatsiyalari (uyushmalari) tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi bilan kelishilgan holda tashkil etiladi.

8. Rasmiy sport musobaqasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlari va topshiriqlari asosida jismoniy tarbiya hamda sport tadbiri tashkilotchisi tomonidan ishlab chiqiladigan va jismoniy tarbiya hamda sport sohasidagi vakolatli davlat organi tomonidan tasdiqlanadigan jismoniy tarbiya va sport tadbiri toʻgʻrisidagi nizom asosida oʻtkaziladi.

9. Jismoniy tarbiya va sport tadbiri toʻgʻrisidagi nizomda sport va jismoniy tarbiya tadbirlarni oʻtkazish muddatlari va joyi, ularda qatnashish tartibi va shartlari, moliyalashtirish va boshqa masalalar belgilanadi.

10. Oʻzbekiston Respublikasi chempionati yoki kubogi maqomi hamda nomiga rasmiy sport musobaqasi ega boʻlishi mumkin.

11. Jismoniy tarbiya va sport tadbiri toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan talablar qonunchilik hujjatlariga va tegishli sport turi qoidalariga zid boʻlishi mumkin emas.

12. Jismoniy tarbiya va sport tadbiri toʻgʻrisidagi nizomda quyidagilar nazarda tutilishi kerak:

tadbirning rasmiy nomi, maqsadi, vazifalari va maqomi;

tadbir tashkilotchisi va hamtashkilotchilari;

sport turi, sport turining tarmogʻi;

tadbirni oʻtkazish muddati va joyi;

ishtirokchilarga qoʻyiladigan talablar, ularni roʻyxatdan oʻtkazish va ishtirok etish shartlari;

qoʻllanadigan sport turi qoidalari;

ishtirokchilarning huquq va majburiyatlari;

musobaqa natijalari, hakamlik yoki boshqa qarorlar yuzasidan shikoyat qilish hamda ularni koʻrib chiqish tartibi;

manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish va sport musobaqasi natijalariga qonunga xilof ravishda taʼsir koʻrsatishni taqiqlash talablari;

tadbirni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq boshqa masalalar.

3-bob. Jismoniy tarbiya va sport tadbirlarini oʻtkazish vazifalari

13. Jismoniy tarbiya va sport tadbiri tashkilotchisi tadbirni tayyorlash, tashkil etish va oʻtkazishni tashkiliy va moliyaviy jihatdan taʼminlaydi.

14. Jismoniy tarbiya va sport tadbiri tashkilotchisi:

tadbirni oʻtkazish uchun zarur sport jihozlari va anjomlari bilan taʼminlash;

sport hakamlari tarkibini shakllantirish;

musobaqaning tegishli sport turi qoidalari asosida adolatli va shaffof oʻtkazilishini taʼminlash;

tadbir ishtirokchilari va tomoshabinlarining xavfsizligini taʼminlash;

qonunchilikda belgilangan hollarda tibbiy taʼminotni tashkil etish;

tadbir natijalarini belgilangan tartibda rasmiylashtirish uchun masʼul hisoblanadi.

15. Jismoniy tarbiya va sport tadbirlarining nomlaridan, ular asosida tuzilgan soʻz birikmalaridan hamda mazkur tadbirlar ramzlaridan uchinchi shaxslarning foydalanishi jismoniy tarbiya va sport tadbiri tashkilotchisi bilan yozma shaklda tuziladigan kelishuvlar asosida foydalanadi.

Ushbu nomlardan, ular asosida tuzilgan soʻz birikmalaridan va mazkur tadbirlar ramzlaridan axborot maqsadida yoxud ommaviy axborot vositalarida jismoniy tarbiya va sport tadbirini yoritish huquqini olgan uchinchi shaxslar tomonidan ushbu huquqlardan foydalanish hollari bundan mustasno hisoblanadi.

16. Ommaviy axborot vositalarida jismoniy tarbiya va sport tadbirlarining jismoniy tarbiya va sport tadbiri tashkilotchilari tomonidan tasdiqlangan, toʻgʻri koʻrsatilgan nomlaridan foydalaniladi.

Jismoniy tarbiya va sport tadbirlari nomlar reklama hisoblanmaydi.

17. Jismoniy tarbiya va sport tadbirlarini yoritish huquqidan uchinchi shaxslar faqat jismoniy tarbiya va sport tadbiri tashkilotchilarining yozma ruxsatlari bilan yoxud uchinchi shaxslar tomonidan ushbu huquqlarning bunday tadbirlar tashkilotchilaridan sotib olingani toʻgʻrisidagi yozma shakldagi kelishuvlar asosida foydalanish mumkin.

18. Jismoniy tarbiya va sport tadbirlari ularni oʻtkazish xususiyatidan kelib chiqqan holda tegishli ochiq va yopiq sport inshootlarida yoki qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa joylarda oʻtkazilishi mumkin.

19. Sport musobaqalarini oʻtkazish uchun foydalaniladigan sport inshootlari qonunchilikda belgilangan talablarga javob berishi lozim.

20. Jismoniy tarbiya va sport tadbirlarini oʻtkazishda qonunchilikda belgilangan texnika xavfsizligi, sanitariya-gigiyena, yongʻin xavfsizligi, tibbiy va boshqa xavfsizlik talablariga rioya qilinishi shart.

21. Jismoniy tarbiya va sport tadbiri tashkilotchisi tadbirning turi, ishtirokchilar soni va sport turining xususiyatidan kelib chiqqan holda zarur tibbiy taʼminotni tashkil etadi.

22. Jismoniy tarbiya va sport tadbiri ishtirokchilari hamda tomoshabinlarining umumiy soni sport inshootining belgilangan sigʻimidan oshmasligi shart.

23. Jismoniy tarbiya va sport tadbiri tashkilotchisi yoki uning tadbirni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha qarorlar qabul qilishga vakolatli masʼul vakili tadbir davomida tadbir oʻtkazilayotgan joyda boʻlishi shart.

24. Sport musobaqasi davomida sport hakamlari tegishli sport turi qoidalari, jismoniy tarbiya va sport tadbiri toʻgʻrisidagi nizom (reglament) hamda qonunchilik hujjatlariga muvofiq hakamlik qiladi.

25. Sport musobaqasi natijalari sport hakamlari tomonidan rasmiy bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi. Bunda jismoniy tarbiya va sport tadbiri tashkilotchisi sport musobaqasining yakuniy natijalarini tasdiqlaydi.

26. Jismoniy tarbiya va sport tadbiri ishtirokchilar yoki tomoshabinlarning hayoti va sogʻligʻiga xavf tugʻdiruvchi, sport inshootidan xavfsiz foydalanishga toʻsqinlik qiluvchi, musobaqani tegishli sport qoidalari asosida oʻtkazish imkonini bermaydigan yoki boshqa favqulodda holatlar yuzaga kelganda vaqtincha toʻxtatilishi, boshqa vaqtga yoki joyga koʻchirilishi, tomoshabinlarsiz oʻtkazilishi yoxud bekor qilinishi mumkin.

27. Oʻzbekiston Respublikasi hududida xalqaro sport tadbirlari tegishli sport federatsiyasi (uyushmasi) tomonidan jismoniy tarbiya va sport sohasidagi vakolatli davlat organi bilan kelishgan holda oʻtkaziladi.

28. Jismoniy tarbiya yoki sport tadbiri Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 29-iyuldagi 205-son qarori bilan tasdiqlangan Ommaviy tadbirlarni oʻtkazish qoidalariga muvofiq ommaviy tadbir hisoblangan taqdirda, mazkur tadbir ommaviy tadbirlarni oʻtkazishga ruxsatnoma berish toʻgʻrisidagi qonunchilikda belgilangan tartibda ruxsatnoma olinganidan keyin oʻtkaziladi.

29. Ruxsatnoma olish uchun murojaat qilish jismoniy tarbiya va sport tadbiri tashkilotchisi zimmasiga yuklanadi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

30. Jismoniy tarbiya va sport musobaqalari hamda tadbirlari tashkilotchisi va tadbirni oʻtkazish obyekti maʼmuriyati tomonidan ruxsat berish talablari hamda shartlariga rioya qilish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda nazorat qilinadi.

31. Jismoniy tarbiya va sport tadbiri tashkilotchisi hamda tadbir oʻtkaziladigan obyekt maʼmuriyati jismoniy tarbiya va sport tadbiri davomida ushbu Qoidalarda va boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga rioya etilishiga masʼul hisoblanadi.

32. Ushbu Qoidalarning buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 20-oktabr,

580-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.10.2026-y., 09/26/580/1059-son)

lex.uz