UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 20-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 20 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

АРИЗА

Сунъий интеллектга оид амалий лойиҳаларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда замонавий технологияларнинг жадал ривожланишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, сунъий интеллектни илм-фан ва илмий-тадқиқот соҳаларида кенг жорий қилиш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 22 октябрдаги ПФ-189-сон Фармонига мувофиқ олий таълим, илмий ташкилотлар, стартаплар ҳамда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга масъул бўлган маслаҳатчилари уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари учун график ишлов бериш блоклари (GPU кластер) ва «катта маълумотлар» базаларидаги маълумотлардан (кейинги ўринларда — Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмаси) Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда — Марказ) томонидан белгиланадиган ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда бепул ёки имтиёзли равишда фойдаланиш;

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган маблағлар давлат органлари ва хўжалик жамиятлари томонидан лойиҳалар жорий этилгандан сўнг беш йил давомида тўлиқ миқдорда Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасига (кейинги ўринларда — Жамғарма) қайтарилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Олий таълим, илмий ташкилотлар, стартаплар ҳамда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга масъул бўлган маслаҳатчилари томонидан ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан бепул ёки имтиёзли равишда фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 22 октябрдаги ПФ-189-сон Фармонига асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан фоизсиз кредит сифатида ажратилган маблағлар ҳисобидан лойиҳаларни молиялаштириш ва ажратилган маблағларни қайтариш Жамғарма, Марказ ҳамда давлат органлари ва хўжалик жамиятлари ўртасида тузиладиган молиялаштириш тўғрисидаги шартномага мувофиқ амалга оширилади.

4. Рақамли технологиялар вазирлиги икки ой муддатда Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан фойдаланиш тарифларини тасдиқласин.

5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 октябрдаги 581-сон қарорига ИЛОВА

Олий таълим, илмий ташкилотлар, стартаплар ҳамда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга масъул бўлган маслаҳатчиларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари учун Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан бепул ёки имтиёзли равишда фойдаланиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом олий таълим, илмий ташкилотлар, стартаплар ҳамда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга масъул бўлган маслаҳатчилари томонидан график ишлов бериш блоклари (GPU кластер) ва «катта маълумотлар» базаларидаги маълумотлардан (кейинги ўринларда — Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан) бепул ёки имтиёзли равишда фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

валидация — сунъий интеллект моделининг сифати, тўғри ишлаши ва белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида текшириш;

дастурий интерфейс (API) — ахборот тизимлари, дастурлар ёки сервислар ўртасида маълумот алмашиш ва ўзаро ишлашни таъминловчи қоидалар, усуллар ва техник воситалар мажмуи;

ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар — «катта маълумотлар», машинавий ўқитиш ва бошқа сунъий интеллект технологиялари асосида аҳоли, давлат органлари ва иқтисодиёт тармоқлари учун ижтимоий фойдали натижа яратишга қаратилган, таълим, тиббиёт, экология, транспорт, қишлоқ хўжалиги, давлат хизматлари, хавфсизлик, энергия самарадорлиги ва бошқа устувор соҳалардаги муаммоларни ҳал этишга хизмат қилувчи олий таълим, илмий ташкилотлар, стартаплар ҳамда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга масъул бўлган маслаҳатчилари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар;

инференс — олдиндан ўргатилган сунъий интеллект модели орқали янги маълумотларни қайта ишлаш ва натижани шакллантириш жараёни;

катта тил модели — катта ҳажмдаги матнли ва бошқа маълумотлар асосида ўқитилган, табиий тилни қайта ишлаш технологияларидан фойдаланган ҳолда фойдаланувчи сўровларини таҳлил қилиш, мазмунли жавобларни шакллантириш, матнни яратиш, таҳрир қилиш, таснифлаш, умумлаштириш ва таржима қилиш вазифаларини бажарувчи сунъий интеллект модели;

Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмаси — Рақамли технологиялар вазирлигига тегишли бўлган, сунъий интеллект технологиялари бўйича параллель ҳисоблашни амалга ошириш, машинавий ўқитиш ва бошқа лойиҳалар учун зарур бўлган график ишлов бериш блокларини (GPU) ўз ичига олган юқори самарали ҳисоблаш кластери ҳамда маълумотларни тўплаш, сақлаш ва шакллантириш учун ихтисослаштирилган «катта маълумотлар» базаси;

токен — катта тил модели ёки сунъий интеллект сервиси орқали қайта ишланган кирувчи сўровлар ва шакллантирилган чиқувчи жавоблар миқдорини ифодаловчи ҳисоб кўрсаткичи;

фойдаланувчи — сунъий интеллект соҳасида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни ташаббус қилувчи олий таълим ташкилотлари, илмий ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Стартап лойиҳалар ва венчур молиялаштириш экотизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 14 октябрдаги ПҚ-357-сон қарори билан белгиланган Рақамли стартаплар дастурига аъзо бўлган стартаплар, шунингдек, ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга масъул бўлган маслаҳатчилари.

2-боб. Сунъий интеллект инфратузилмасидан фойдаланиш

3. Фойдаланувчиларга Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмаси ушбу Низом, ахборот хавфсизлиги талаблари, маълумотлардан фойдаланиш шартлари, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Марказ) томонидан белгиланадиган техник ва ташкилий талаблар, шунингдек, фойдаланувчи билан тузиладиган келишув ёки хизмат кўрсатиш шартлари асосида тақдим этилади.

Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан сунъий интеллект моделларини ўқитиш, қўшимча ўқитиш, синовдан ўтказиш, валидация қилиш, баҳолаш, инференс ҳамда ахборот-таҳлилий хизматлар мақсадларида фойдаланишга рухсат этилади.

4. Катта тил моделлари технологиясидан фойдаланувчи лойиҳалари учун Марказ томонидан дастурий интерфейс (API) орқали фойдаланиш имконияти тақдим этилади.

Бунда фойдаланувчига Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасида катта тил моделлари технологиясидан бепул равишда 6 ойгача муддатда, бир календарь ой давомида дастурий интерфейс (API) орқали 10 миллион токен ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлашга рухсат берилади.

Токенлар ҳажми, агар Марказ томонидан тасдиқланган техник шартларда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасига кирувчи сўровлар ва чиқувчи жавоблар бўйича қайта ишланган токенлар йиғиндиси асосида ҳисобланади.

Фойдаланувчи томонидан бир календарь ой давомида 10 миллион токендан ортиқ ҳажмда фойдаланилган тақдирда, қўшимча 50 миллион токенгача бўлган ҳажм учун тўловлар Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тасдиқланган тарифларга мувофиқ белгиланади. Бунда тариф бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма тақдим этилади, фойдаланилмаган токенлар кейинги ойларга ўтказилмайди.

5. Фойдаланувчига катта тил моделлари бўйича фақат инференс, синовдан ўтказиш, валидация қилиш, баҳолаш ҳамда ахборот-таҳлилий маълумотларни шакллантириш мақсадларида фойдаланишга рухсат этилади.

6. Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмаси ҳисоблаш қувватларидан катта тил моделлари ҳисобланмайдиган сунъий интеллект моделларини ўргатиш, қўшимча ўргатиш, синовдан ўтказиш, валидация қилиш, баҳолаш ва инференс мақсадларида 6 ойгача бўлган муддатга жами 120 гигабайтдан кўп бўлмаган видеохотира ҳажми фойдаланувчи аризасига мувофиқ ажратилади.

Ажратиладиган ресурслар ҳажми, фойдаланиш муддати, техник параметрлари, чекловлари, ҳисоблаш графиги ва фойдаланиш шартлари Марказ томонидан тасдиқланадиган техник топшириқ, хизмат кўрсатиш шартлари ёки фойдаланувчи билан тузиладиган келишувда белгиланади.

7. Фойдаланувчи ажратилган ресурслардан фойдаланиш муддати тугаганидан ва лойиҳа натижалари бўйича якуний ҳисобот Марказ томонидан қабул қилинганидан сўнг янги лойиҳа билан навбатдаги танловда иштирок этишга ҳақли.

Бир фойдаланувчига бир вақтнинг ўзида Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмаси ресурсларидан фойдаланиш бўйича биттадан ортиқ лойиҳани амалга оширишга рухсат берилмайди.

8. Фойдаланувчиларга Марказ томонидан белгиланадиган ахборот хавфсизлиги талаблари ҳамда ажратиладиган ресурслар (ҳажмлар) доирасида «катта маълумотлар» базаларидаги маълумотлардан бепул фойдаланиш имконияти берилади. Фойдаланувчилар, агар қонунчилик ҳужжатларида ёки Марказ билан тузилган шартномада (келишувда) бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, олинган маълумотларни ушбу Низомда белгиланган мақсадлардан ташқари қайта ишлашга, учинчи шахсларга тақдим этишга (беришга), нусхалашга, тарқатишга ёки тижорат мақсадларида фойдаланишга ҳақли эмас.

3-боб. Лойиҳаларни танлаб олиш тартиби

9. Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан имтиёзли равишда фойдаланиш ҳуқуқи учун фойдаланувчиларнинг лойиҳалари ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан шакллантириладиган эксперт комиссияси (кейинги ўринларда — эксперт комиссияси) томонидан танлов ўтказиш орқали саралаб олинади.

10. Танлов бир йилда икки маротаба (июль ва ноябрь ойларида) ўтказилади.

11. Эксперт комиссияси таркибига давлат органлари, тегишли соҳалар мутахассислари, илмий ташкилотлар вакиллари ҳамда мустақил экспертлар киритилади.

Эксперт комиссиясининг таркиби ва иш тартиби рақамли технологиялар вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

Марказ эксперт комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

12. Қуйидагилар эксперт комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

танловга тақдим этилган лойиҳаларни кўриб чиқиш;

танловга тақдим этилган лойиҳаларни баҳолаш;

танлов ғолибларини саралаш;

танловни ўтказиш тартиби юзасидан тушунтиришлар бериш;

қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан иштирокчиларни четлатиш ва далолатномалар тузиш;

танлов натижалари юзасидан якуний қарор қабул қилиш учун «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссиясига таклиф киритиш.

«Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси эксперт комиссиясининг танлов натижалари юзасидан киритган таклифларини кўриб чиқади ҳамда танлов ғолибларини тасдиқлаш тўғрисида якуний қарор қабул қилади.

13. Танлов ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар ўртасида ўтказилади.

14. Ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишга асосланган, аниқ мақсад ва кутилаётган натижаларга эга бўлиши;

ресурслардан фойдаланиш ҳажми, муддати ва кутилаётган самарадорлик кўрсаткичлари асослаб берилиши;

қонунчилик ҳужжатлари, ахборот хавфсизлиги талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг «Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2026 йил 14 мартдаги 3787-сон буйруғига мувофиқ бўлиши.

15. Танловда ариза берувчилар қуйидаги баҳолаш мезонлари асосида умумий 100 балли тизим бўйича баҳоланади:

ижтимоий аҳамияти 10 баллгача;

самарадорлик даражаси 10 баллгача;

кутилаётган натижаси 20 баллгача;

инновационлик даражаси 10 баллгача;

техник жиҳатдан асослангани 10 баллгача;

ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги 20 баллгача;

хавфсизлик талаблари ва маълумотлар билан ишлаш даражаси 10 баллгача;

сунъий интеллект этикаси қоидаларига амал қилингани 10 баллгача.

Танловда иштирокчилар томонидан тенг балл тўпланган тақдирда, ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги ва кутилаётган натижа мезонлари бўйича юқори балл олган иштирокчига устуворлик берилади.

16. Танлов ўтказилиши ҳақидаги эълон аризалар қабул қилиниши бошланишидан камида бир ой олдин Марказнинг расмий веб-сайти ва бошқа ахборот ресурсларида жойлаштирилади.

Танлов эълонида танловни ўтказиш муддатлари, иштирок этиш шартлари, аризаларни қабул қилиш тартиби ва муддатлари, тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати, баҳолаш мезонлари, танловни ўтказиш билан боғлиқ бошқа маълумотлар акс эттирилади.

17. Талабгорлар танловда иштирок этиш учун ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги ариза илова қилинган ҳолда, электрон шаклда Марказнинг расмий веб-сайти орқали аризалар қабул қилиниши бошланган санадан бошлаб ўн иш куни ичида тақдим этилади.

18. Эксперт комиссияси аризаларни қабул қилиш муддати тугаганидан сўнг ўн беш иш куни ичида келиб тушган аризаларни кўриб чиқади, баҳолайди ва танлов натижалари юзасидан якуний қарор қабул қилиш учун «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссиясига киритади.

19. Танлаб олинган ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар Марказнинг расмий веб-сайтида юритиладиган реестрга киритиб борилади. Реестрда лойиҳа номи, фойдаланувчи номи, лойиҳанинг йўналиши, ажратилган ресурс тури ва амалга ошириш муддати акс эттирилади.

4-боб. Апелляция комиссияси фаолиятини ташкил этиш

20. Танлов иштирокчиларининг танлов натижалари юзасидан шикоят ва аризаларини кўриб чиқиш учун Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан эксперт комиссияси таркибига кирмаган камида беш нафар мутахассисдан иборат таркибда апелляция комиссияси ташкил этилади.

Зарур ҳолларда апелляция комиссияси ишига мустақил экспертлар жалб этилиши мумкин.

21. Танлов натижаларидан норози бўлган иштирокчилар танлов натижалари эълон қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида апелляция комиссиясига электрон шаклда апелляция шикояти беришга ҳақли.

Апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёнида талабгор эксперт комиссияси вакиллари ҳамда зарур ҳолларда, мустақил экспертлар иштирок этиши мумкин.

22. Апелляцияга фақат талабгорнинг ўзи томонидан тақдим этилган лойиҳа бўйича баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқишга оид апелляция шикояти қабул қилинади.

23. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини ушбу Низом талаблари, баҳолаш мезонлари ва тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш иш кунида кўриб чиқади ҳамда эксперт комиссияси қарорини ўзгартириш, бекор қилиш ёки ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида асослантирилган қарор қабул қилади.

24. Апелляция комиссияси эксперт комиссияси қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, эксперт комиссияси Апелляция комиссияси қарорини мажбурий тартибда инобатга олган ҳолда, танлов натижаларини қайта кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

25. Апелляция комиссияси томонидан қабул қилинган қарор апелляция шикояти билан мурожаат қилган талабгорга ва эксперт комиссиясига қарор қабул қилинган кунда электрон шаклда юборилади.

5-боб. Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

26. Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан фойдаланиш давомида фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ушбу Низомда белгиланган тартиб ва шартлар асосида сунъий интеллект инфратузилмаси ҳисоблаш қувватлари ҳамда «катта маълумотлар» базаларидаги маълумотлардан фойдаланиш;

Марказдан Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан фойдаланиш тартиби, техник талаблар ва ресурслардан фойдаланиш шартлари бўйича ахборот ва тушунтиришлар олиш;

ушбу Низомда белгиланган тартибда ажратилган ресурслар ҳажми, улардан фойдаланиш муддати ва техник параметрлари тўғрисида маълумот олиш;

лойиҳани амалга ошириш жараёнида Марказ билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳамда техник масалалар юзасидан маслаҳат олиш;

ушбу Низом талабларига мувофиқ ресурслардан фойдаланиш якунланганидан сўнг янги лойиҳа билан навбатдаги танловда иштирок этиш;

Марказнинг қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш.

6-боб. Фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

27. Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан фойдаланиш давомида фойдаланувчи қуйидагиларга мажбур:

ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва маълумотлардан фойдаланиш талабларига риоя этиш;

қайта ишловчи техник ва дастурий воситалар, ташкилий техника, компьютер техникаси ва ускуналари, телекоммуникация тармоқлари ва воситалари ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши;

ажратилган сунъий интеллект инфратузилмаси, дастурий интерфейс (API), маълумотлар базалари ва бошқа ресурслардан фақат тасдиқланган лойиҳа мақсадларида фойдаланиш;

Марказ томонидан сўралганда ресурслардан фойдаланиш ҳолати, лойиҳа натижалари, ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилиши ва маълумотлар билан ишлаш ҳолати юзасидан ҳисобот тақдим этиш;

ажратилган ҳисоб ёзувлари, дастурий интерфейс (API) калитлари, кириш пароллари ва бошқа идентификация воситаларини учинчи шахсларга бермаслик;

инфратузилмадан криптовалюта майнинги, зарарли дастурлар яратиш, рухсатсиз кириш, спам, фишинг, ноқонуний контент яратиш ёки қонунчиликка зид бошқа мақсадларда фойдаланмаслик;

ахборот хавфсизлиги инциденти ёки маълумотлар тарқалиши ҳолати аниқланган тақдирда, Марказни зудлик билан хабардор қилиш.

7-боб. Марказнинг ҳуқуқлари

28. Фойдаланувчи томонидан ушбу Низом, ахборот хавфсизлиги талаблари, маълумотлардан фойдаланиш шартлари ёки Марказ билан келишилган техник шартлар бузилган тақдирда, Марказ қуйидаги чораларни қўллашга ҳақли:

фойдаланувчига аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида огоҳлантириш юбориш;

ажратилган видеохотира ва дастурий интерфейс (API) ресурслари ёки «катта маълумотлар» базаларидаги маълумотлардан фойдаланишни вақтинча чеклаш;

фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш.

29. Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан фойдаланишда ажратилган ресурслар ҳажми, фойдаланиш муддати, техник параметрлар, токенлар сони, видеохотира ҳажми, ҳисоблаш вақти, маълумотлардан фойдаланиш ҳажми, ҳисоб-китоб тартиби, ахборот хавфсизлиги талаблари ва ҳисобот тақдим этиш шартлари Марказ томонидан белгиланган тартибда ҳисобга олинади ва мониторинг қилинади.

Мониторинг натижалари лойиҳани давом эттириш, ресурс ҳажмини ўзгартириш, фойдаланишни чеклаш ёки бекор қилиш бўйича қарор қабул қилишда асос бўлиши мумкин.

8-боб. Марказнинг мажбуриятлари

30. Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан фойдаланишни ташкил этишда Марказ қуйидагиларга мажбур:

фойдаланувчиларга ажратилган ресурслардан фойдаланиш учун зарур техник ва ташкилий шарт-шароитларни таъминлаш;

ҳисоблаш қувватлари ва «катта маълумотлар» базаларига ушуб Низом ҳамда фойдаланувчи билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ фойдаланиш имкониятини тақдим этиш;

фойдаланувчиларга инфратузилмадан фойдаланиш тартиби, техник талаблар ва ахборот хавфсизлиги бўйича зарур ахборот ҳамда тушунтиришлар бериш;

фойдаланувчилар томонидан тақдим этилган маълумотлар ва лойиҳа материалларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда муҳофаза қилинишини таъминлаш;

ажратилган ресурслардан фойдаланиш ҳолатини ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш;

ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда ахборот хавфсизлиги инцидентлари юзасидан зарур чораларни кўриш;

ушбу Низомга мувофиқ фойдаланувчиларнинг якуний ҳисоботларини кўриб чиқиш ва улар бўйича тегишли қарор қабул қилиш.

9-боб. Якунловчи қоидалар

31. Фойдаланувчи Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан фойдаланиш натижасида яратилган дастурий маҳсулотлар, моделлар, алгоритмлар, маълумотлар тўпламлари ва бошқа интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

32. Марказ фойдаланувчилар томонидан тақдим этилган махфий маълумотлар, тижорат сирлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа маълумотларнинг сақланишини таъминлаш бўйича зарур ташкилий ва техник чораларни кўради.

33. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Олий таълим, илмий ташкилотлар, стартаплар ҳамда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга масъул бўлган маслаҳатчиларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари учун Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан бепул ёки имтиёзли равишда фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Олий таълим, илмий ташкилотлар, стартаплар ҳамда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга масъул бўлган маслаҳатчиларига уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари учун Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан имтиёзли равишда фойдаланиш имкониятини тақдим қилиш бўйича танловни ташкил этиш ва ўтказиш

Босқичлар Масъуллар Чора-тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Марказ («Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» ДМ) Танлов бўлиб ўтиш муддатлари ва шартлари тўғрисида эълон беради. Ҳар йили июнь ва октябрь ойларининг бошида 2-босқич Талабгорлар (олий таълим ва илмий ташкилотлар, стартаплар ҳамда ҳоким маслаҳатчилари) Марказ веб-саҳифаси орқали тегишли намунадаги ариза тақдим этади. Марказ томонидан эълон қилинган кундан эътиборан 1 ой давомида 3-босқич Марказ («Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» ДМ) Келиб тушган мурожаатларни қабул қилади ва эксперт комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим қилади. Эълон якунлангандан сўнг 3 иш кунида 4-босқич Эксперт комиссияси Келиб тушган аризаларни кўриб чиқади, баҳолайди ва натижаларини «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссиясига тақдим қилади. Аризаларни қабул қилиш муддати тугагандан сўнг 15 иш куни ичида 5-босқич «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси Натижаларни кўриб чиқади ҳамда танлов ғолибларини тасдиқлаш тўғрисида якуний қарор қабул қилади. Ҳар йили июль ва ноябрь ойларида 6-босқич Марказ («Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» ДМ) Танлов натижаларини эълон қилади, ғолиб лойиҳаларни веб-саҳифадаги махсус реестрга киритади. Якуний қарор қабул қилингандан сўнг бир иш кунида

Олий таълим, илмий ташкилотлар, стартаплар ҳамда ҳокимларнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга масъул бўлган маслаҳатчиларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари учун Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан бепул ёки имтиёзли равишда фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари учун Рақамли технологиялар вазирлигининг сунъий интеллект инфратузилмасидан имтиёзли равишда фойдаланиш тўғрисида

__________________________________________________________________________________ (ариза берувчи ОТМ, илмий ташкилот ёки стартап номи) Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» давлат муассасасидан ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳани амалга ошириш мақсадида сунъий интеллект инфратузилмаси ресурсларидан имтиёзли равишда фойдаланишни сўраб қуйидагиларни маълум қилади: 1. Ташкилот тўғрисида маълумот: _________________________________________________________________________________________ 2. Лойиҳанинг номи: _________________________________________________________________________________________ 3. Лойиҳанинг қисқача тавсифи: _________________________________________________________________________________________ 4. Лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти ва қайси соҳага тегишлилиги (таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, экология, давлат бошқаруви, транспорт ва бошқалар): _________________________________________________________________________________________ 5. Лойиҳанинг мақсади ва кутилаётган натижалари: _________________________________________________________________________________________ 6. Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш йўналиши: моделни ўқитиш моделни қўшимча ўқитиш синовдан ўтказиш валидация қилиш хулоса (инференс) бошқа ______________________________________. 7. Сўралаётган ресурс тури: GPU кластер; «катта маълумотлар» базаларидаги маълумотлар; GPU кластер ва «катта маълумотлар» базаларидаги маълумотлар; 8. Сўралаётган техник ресурслар ҳажми: Токенлар сони ______________________________________; Ҳисоблаш муддати ______________________________; Видеохотира ҳажми ______________________; Бошқа талаблар _________________________________; 9. Ресурслардан фойдаланиш муддати ______________ 10. Ресурслардан фойдаланишнинг техник асослантирилиши: _________________________________________________________________________________________ 11. Лойиҳани амалга оширувчи жамоа ва лойиҳа раҳбари тўғрисида маълумот: _________________________________________________________________________________________ 12. Ахборот ва киберхавфсизлик талабларига риоя этилиши бўйича маълумот: _________________________________________________________________________________________ 13. Соҳани тартибга солувчи ваколатли органлар ёки бошқа ташкилотларнинг тавсияномалари мавжудлиги: Ҳа Йўқ (мавжуд бўлса, илова қилинади) 14. Аризага илова қилинаётган ҳужжатлар: лойиҳа портфолиоси; техник топшириқ; тавсиянома(лар); бошқа ҳужжатлар __________________________________ Аризада келтирилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаймиз ҳамда мазкур Низом талабларига риоя қилиш мажбуриятини оламиз ҳамда аризада келтирилган маълумотларни текшириш ва шахсга доир маълумотларга қонунчиликда белгиланган тартибда ишлов берилишига розилик билдирамиз. __________________________ _________________________________________ (сана) (раҳбар ёки бошқа ваколатли шахснинг имзоси ва Ф.И.О.)

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 20 октябрь,

581-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.10.2026 й., 09/26/581/1055-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

ARIZA

Sunʼiy intellektga oid amaliy loyihalarni yanada qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Sunʼiy intellekt texnologiyalarini 2030-yilga qadar rivojlantirish strategiyasiga muvofiq mamlakatimizda zamonaviy texnologiyalarning jadal rivojlanishini qoʻllab-quvvatlash, shuningdek, sunʼiy intellektni ilm-fan va ilmiy-tadqiqot sohalarida keng joriy qilish uchun yanada qulay sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sunʼiy intellekt texnologiyalarini yanada rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 22-oktabrdagi PF-189-son Farmoniga muvofiq oliy taʼlim, ilmiy tashkilotlar, startaplar hamda hokimlarning raqamli texnologiyalar va sunʼiy intellekt texnologiyalarini rivojlantirishga masʼul boʻlgan maslahatchilari ularning ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalari uchun grafik ishlov berish bloklari (GPU klaster) va “katta maʼlumotlar” bazalaridagi maʼlumotlardan (keyingi oʻrinlarda — Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasi) Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tomonidan belgilanadigan axborot xavfsizligi talablariga rioya etgan holda bepul yoki imtiyozli ravishda foydalanish;

Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasidan sunʼiy intellekt texnologiyalarini joriy etish boʻyicha loyihalarni amalga oshirish uchun ajratilgan mablagʻlar davlat organlari va xoʻjalik jamiyatlari tomonidan loyihalar joriy etilgandan soʻng besh yil davomida toʻliq miqdorda Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasiga (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) qaytarilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oliy taʼlim, ilmiy tashkilotlar, startaplar hamda hokimlarning raqamli texnologiyalar va sunʼiy intellekt texnologiyalarini rivojlantirishga masʼul boʻlgan maslahatchilari tomonidan ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalarni amalga oshirishda Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan bepul yoki imtiyozli ravishda foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Belgilansinki, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sunʼiy intellekt texnologiyalarini yanada rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 22-oktabrdagi PF-189-son Farmoniga asosan Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi tomonidan foizsiz kredit sifatida ajratilgan mablagʻlar hisobidan loyihalarni moliyalashtirish va ajratilgan mablagʻlarni qaytarish Jamgʻarma, Markaz hamda davlat organlari va xoʻjalik jamiyatlari oʻrtasida tuziladigan moliyalashtirish toʻgʻrisidagi shartnomaga muvofiq amalga oshiriladi.

4. Raqamli texnologiyalar vazirligi ikki oy muddatda Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan foydalanish tariflarini tasdiqlasin.

5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 20-oktabrdagi 581-son qaroriga ILOVA

Oliy taʼlim, ilmiy tashkilotlar, startaplar hamda hokimlarning raqamli texnologiyalar va sunʼiy intellekt texnologiyalarini rivojlantirishga masʼul boʻlgan maslahatchilarining ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalari uchun Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan bepul yoki imtiyozli ravishda foydalanish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom oliy taʼlim, ilmiy tashkilotlar, startaplar hamda hokimlarning raqamli texnologiyalar va sunʼiy intellekt texnologiyalarini rivojlantirishga masʼul boʻlgan maslahatchilari tomonidan grafik ishlov berish bloklari (GPU klaster) va “katta maʼlumotlar” bazalaridagi maʼlumotlardan (keyingi oʻrinlarda — Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan) bepul yoki imtiyozli ravishda foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

validatsiya — sunʼiy intellekt modelining sifati, toʻgʻri ishlashi va belgilangan talablarga muvofiqligini tasdiqlash maqsadida tekshirish;

dasturiy interfeys (API) — axborot tizimlari, dasturlar yoki servislar oʻrtasida maʼlumot almashish va oʻzaro ishlashni taʼminlovchi qoidalar, usullar va texnik vositalar majmui;

ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalar — “katta maʼlumotlar”, mashinaviy oʻqitish va boshqa sunʼiy intellekt texnologiyalari asosida aholi, davlat organlari va iqtisodiyot tarmoqlari uchun ijtimoiy foydali natija yaratishga qaratilgan, taʼlim, tibbiyot, ekologiya, transport, qishloq xoʻjaligi, davlat xizmatlari, xavfsizlik, energiya samaradorligi va boshqa ustuvor sohalardagi muammolarni hal etishga xizmat qiluvchi oliy taʼlim, ilmiy tashkilotlar, startaplar hamda hokimlarning raqamli texnologiyalar va sunʼiy intellekt texnologiyalarini rivojlantirishga masʼul boʻlgan maslahatchilari tomonidan ishlab chiqilgan loyihalar;

inferens — oldindan oʻrgatilgan sunʼiy intellekt modeli orqali yangi maʼlumotlarni qayta ishlash va natijani shakllantirish jarayoni;

katta til modeli — katta hajmdagi matnli va boshqa maʼlumotlar asosida oʻqitilgan, tabiiy tilni qayta ishlash texnologiyalaridan foydalangan holda foydalanuvchi soʻrovlarini tahlil qilish, mazmunli javoblarni shakllantirish, matnni yaratish, tahrir qilish, tasniflash, umumlashtirish va tarjima qilish vazifalarini bajaruvchi sunʼiy intellekt modeli;

Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasi — Raqamli texnologiyalar vazirligiga tegishli boʻlgan, sunʼiy intellekt texnologiyalari boʻyicha parallel hisoblashni amalga oshirish, mashinaviy oʻqitish va boshqa loyihalar uchun zarur boʻlgan grafik ishlov berish bloklarini (GPU) oʻz ichiga olgan yuqori samarali hisoblash klasteri hamda maʼlumotlarni toʻplash, saqlash va shakllantirish uchun ixtisoslashtirilgan “katta maʼlumotlar” bazasi;

token — katta til modeli yoki sunʼiy intellekt servisi orqali qayta ishlangan kiruvchi soʻrovlar va shakllantirilgan chiquvchi javoblar miqdorini ifodalovchi hisob koʻrsatkichi;

foydalanuvchi — sunʼiy intellekt sohasida ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalarni tashabbus qiluvchi oliy taʼlim tashkilotlari, ilmiy tashkilotlar hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Startap loyihalar va venchur moliyalashtirish ekotizimini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 14-oktabrdagi PQ-357-son qarori bilan belgilangan Raqamli startaplar dasturiga aʼzo boʻlgan startaplar, shuningdek, hokimlarning raqamli texnologiyalar va sunʼiy intellekt texnologiyalarini rivojlantirishga masʼul boʻlgan maslahatchilari.

2-bob. Sunʼiy intellekt infratuzilmasidan foydalanish

3. Foydalanuvchilarga Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasi ushbu Nizom, axborot xavfsizligi talablari, maʼlumotlardan foydalanish shartlari, Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tomonidan belgilanadigan texnik va tashkiliy talablar, shuningdek, foydalanuvchi bilan tuziladigan kelishuv yoki xizmat koʻrsatish shartlari asosida taqdim etiladi.

Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan sunʼiy intellekt modellarini oʻqitish, qoʻshimcha oʻqitish, sinovdan oʻtkazish, validatsiya qilish, baholash, inferens hamda axborot-tahliliy xizmatlar maqsadlarida foydalanishga ruxsat etiladi.

4. Katta til modellari texnologiyasidan foydalanuvchi loyihalari uchun Markaz tomonidan dasturiy interfeys (API) orqali foydalanish imkoniyati taqdim etiladi.

Bunda foydalanuvchiga Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasida katta til modellari texnologiyasidan bepul ravishda 6 oygacha muddatda, bir kalendar oy davomida dasturiy interfeys (API) orqali 10 million token hajmdagi maʼlumotlarni qayta ishlashga ruxsat beriladi.

Tokenlar hajmi, agar Markaz tomonidan tasdiqlangan texnik shartlarda boshqacha tartib belgilanmagan boʻlsa, Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasiga kiruvchi soʻrovlar va chiquvchi javoblar boʻyicha qayta ishlangan tokenlar yigʻindisi asosida hisoblanadi.

Foydalanuvchi tomonidan bir kalendar oy davomida 10 million tokendan ortiq hajmda foydalanilgan taqdirda, qoʻshimcha 50 million tokengacha boʻlgan hajm uchun toʻlovlar Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan tasdiqlangan tariflarga muvofiq belgilanadi. Bunda tarif boʻyicha 50 foiz miqdorida chegirma taqdim etiladi, foydalanilmagan tokenlar keyingi oylarga oʻtkazilmaydi.

5. Foydalanuvchiga katta til modellari boʻyicha faqat inferens, sinovdan oʻtkazish, validatsiya qilish, baholash hamda axborot-tahliliy maʼlumotlarni shakllantirish maqsadlarida foydalanishga ruxsat etiladi.

6. Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasi hisoblash quvvatlaridan katta til modellari hisoblanmaydigan sunʼiy intellekt modellarini oʻrgatish, qoʻshimcha oʻrgatish, sinovdan oʻtkazish, validatsiya qilish, baholash va inferens maqsadlarida 6 oygacha boʻlgan muddatga jami 120 gigabaytdan koʻp boʻlmagan videoxotira hajmi foydalanuvchi arizasiga muvofiq ajratiladi.

Ajratiladigan resurslar hajmi, foydalanish muddati, texnik parametrlari, cheklovlari, hisoblash grafigi va foydalanish shartlari Markaz tomonidan tasdiqlanadigan texnik topshiriq, xizmat koʻrsatish shartlari yoki foydalanuvchi bilan tuziladigan kelishuvda belgilanadi.

7. Foydalanuvchi ajratilgan resurslardan foydalanish muddati tugaganidan va loyiha natijalari boʻyicha yakuniy hisobot Markaz tomonidan qabul qilinganidan soʻng yangi loyiha bilan navbatdagi tanlovda ishtirok etishga haqli.

Bir foydalanuvchiga bir vaqtning oʻzida Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasi resurslaridan foydalanish boʻyicha bittadan ortiq loyihani amalga oshirishga ruxsat berilmaydi.

8. Foydalanuvchilarga Markaz tomonidan belgilanadigan axborot xavfsizligi talablari hamda ajratiladigan resurslar (hajmlar) doirasida “katta maʼlumotlar” bazalaridagi maʼlumotlardan bepul foydalanish imkoniyati beriladi. Foydalanuvchilar, agar qonunchilik hujjatlarida yoki Markaz bilan tuzilgan shartnomada (kelishuvda) boshqacha tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, olingan maʼlumotlarni ushbu Nizomda belgilangan maqsadlardan tashqari qayta ishlashga, uchinchi shaxslarga taqdim etishga (berishga), nusxalashga, tarqatishga yoki tijorat maqsadlarida foydalanishga haqli emas.

3-bob. Loyihalarni tanlab olish tartibi

9. Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan imtiyozli ravishda foydalanish huquqi uchun foydalanuvchilarning loyihalari ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan shakllantiriladigan ekspert komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — ekspert komissiyasi) tomonidan tanlov oʻtkazish orqali saralab olinadi.

10. Tanlov bir yilda ikki marotaba (iyul va noyabr oylarida) oʻtkaziladi.

11. Ekspert komissiyasi tarkibiga davlat organlari, tegishli sohalar mutaxassislari, ilmiy tashkilotlar vakillari hamda mustaqil ekspertlar kiritiladi.

Ekspert komissiyasining tarkibi va ish tartibi raqamli texnologiyalar vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

Markaz ekspert komissiyasining ishchi organi hisoblanadi.

12. Quyidagilar ekspert komissiyasining asosiy vazifalari hisoblanadi:

tanlovga taqdim etilgan loyihalarni koʻrib chiqish;

tanlovga taqdim etilgan loyihalarni baholash;

tanlov gʻoliblarini saralash;

tanlovni oʻtkazish tartibi yuzasidan tushuntirishlar berish;

qonun buzilishi holatlari yuzasidan ishtirokchilarni chetlatish va dalolatnomalar tuzish;

tanlov natijalari yuzasidan yakuniy qaror qabul qilish uchun “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha muvofiqlashtirish komissiyasiga taklif kiritish.

“Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha muvofiqlashtirish komissiyasi ekspert komissiyasining tanlov natijalari yuzasidan kiritgan takliflarini koʻrib chiqadi hamda tanlov gʻoliblarini tasdiqlash toʻgʻrisida yakuniy qaror qabul qiladi.

13. Tanlov ijtimoiy ahamiyatga ega boʻlgan loyihalar oʻrtasida oʻtkaziladi.

14. Ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalar quyidagi talablarga javob berishi lozim:

sunʼiy intellekt texnologiyalaridan foydalanishga asoslangan, aniq maqsad va kutilayotgan natijalarga ega boʻlishi;

resurslardan foydalanish hajmi, muddati va kutilayotgan samaradorlik koʻrsatkichlari asoslab berilishi;

qonunchilik hujjatlari, axborot xavfsizligi talablari hamda Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vazirining “Sunʼiy intellektga asoslangan yechimlarni yaratish, joriy qilish va ulardan foydalanish boʻyicha etika qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2026-yil 14-martdagi 3787-son buyrugʻiga muvofiq boʻlishi.

15. Tanlovda ariza beruvchilar quyidagi baholash mezonlari asosida umumiy 100 balli tizim boʻyicha baholanadi:

ijtimoiy ahamiyati 10 ballgacha;

samaradorlik darajasi 10 ballgacha;

kutilayotgan natijasi 20 ballgacha;

innovatsionlik darajasi 10 ballgacha;

texnik jihatdan asoslangani 10 ballgacha;

resurslardan foydalanish samaradorligi 20 ballgacha;

xavfsizlik talablari va maʼlumotlar bilan ishlash darajasi 10 ballgacha;

sunʼiy intellekt etikasi qoidalariga amal qilingani 10 ballgacha.

Tanlovda ishtirokchilar tomonidan teng ball toʻplangan taqdirda, resurslardan foydalanish samaradorligi va kutilayotgan natija mezonlari boʻyicha yuqori ball olgan ishtirokchiga ustuvorlik beriladi.

16. Tanlov oʻtkazilishi haqidagi eʼlon arizalar qabul qilinishi boshlanishidan kamida bir oy oldin Markazning rasmiy veb-sayti va boshqa axborot resurslarida joylashtiriladi.

Tanlov eʼlonida tanlovni oʻtkazish muddatlari, ishtirok etish shartlari, arizalarni qabul qilish tartibi va muddatlari, taqdim etiladigan hujjatlar roʻyxati, baholash mezonlari, tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq boshqa maʼlumotlar aks ettiriladi.

17. Talabgorlar tanlovda ishtirok etish uchun ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi ariza ilova qilingan holda, elektron shaklda Markazning rasmiy veb-sayti orqali arizalar qabul qilinishi boshlangan sanadan boshlab oʻn ish kuni ichida taqdim etiladi.

18. Ekspert komissiyasi arizalarni qabul qilish muddati tugaganidan soʻng oʻn besh ish kuni ichida kelib tushgan arizalarni koʻrib chiqadi, baholaydi va tanlov natijalari yuzasidan yakuniy qaror qabul qilish uchun “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha muvofiqlashtirish komissiyasiga kiritadi.

19. Tanlab olingan ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalar Markazning rasmiy veb-saytida yuritiladigan reyestrga kiritib boriladi. Reyestrda loyiha nomi, foydalanuvchi nomi, loyihaning yoʻnalishi, ajratilgan resurs turi va amalga oshirish muddati aks ettiriladi.

4-bob. Apellyatsiya komissiyasi faoliyatini tashkil etish

20. Tanlov ishtirokchilarining tanlov natijalari yuzasidan shikoyat va arizalarini koʻrib chiqish uchun Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan ekspert komissiyasi tarkibiga kirmagan kamida besh nafar mutaxassisdan iborat tarkibda apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.

Zarur hollarda apellyatsiya komissiyasi ishiga mustaqil ekspertlar jalb etilishi mumkin.

21. Tanlov natijalaridan norozi boʻlgan ishtirokchilar tanlov natijalari eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida apellyatsiya komissiyasiga elektron shaklda apellyatsiya shikoyati berishga haqli.

Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish jarayonida talabgor ekspert komissiyasi vakillari hamda zarur hollarda, mustaqil ekspertlar ishtirok etishi mumkin.

22. Apellyatsiyaga faqat talabgorning oʻzi tomonidan taqdim etilgan loyiha boʻyicha baholash natijalarini qayta koʻrib chiqishga oid apellyatsiya shikoyati qabul qilinadi.

23. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyatini ushbu Nizom talablari, baholash mezonlari va taqdim etilgan hujjatlar asosida besh ish kunida koʻrib chiqadi hamda ekspert komissiyasi qarorini oʻzgartirish, bekor qilish yoki oʻzgarishsiz qoldirish toʻgʻrisida asoslantirilgan qaror qabul qiladi.

24. Apellyatsiya komissiyasi ekspert komissiyasi qarorini oʻzgartirish yoki bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilgan taqdirda, ekspert komissiyasi Apellyatsiya komissiyasi qarorini majburiy tartibda inobatga olgan holda, tanlov natijalarini qayta koʻrib chiqadi va tegishli qaror qabul qiladi.

25. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan qabul qilingan qaror apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan talabgorga va ekspert komissiyasiga qaror qabul qilingan kunda elektron shaklda yuboriladi.

5-bob. Foydalanuvchilarning huquqlari

26. Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan foydalanish davomida foydalanuvchi quyidagi huquqlarga ega:

ushbu Nizomda belgilangan tartib va shartlar asosida sunʼiy intellekt infratuzilmasi hisoblash quvvatlari hamda “katta maʼlumotlar” bazalaridagi maʼlumotlardan foydalanish;

Markazdan Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan foydalanish tartibi, texnik talablar va resurslardan foydalanish shartlari boʻyicha axborot va tushuntirishlar olish;

ushbu Nizomda belgilangan tartibda ajratilgan resurslar hajmi, ulardan foydalanish muddati va texnik parametrlari toʻgʻrisida maʼlumot olish;

loyihani amalga oshirish jarayonida Markaz bilan oʻzaro hamkorlik qilish hamda texnik masalalar yuzasidan maslahat olish;

ushbu Nizom talablariga muvofiq resurslardan foydalanish yakunlanganidan soʻng yangi loyiha bilan navbatdagi tanlovda ishtirok etish;

Markazning qarorlari yoki harakatlari (harakatsizligi) ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilish.

6-bob. Foydalanuvchilarning majburiyatlari

27. Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan foydalanish davomida foydalanuvchi quyidagilarga majbur:

axborot xavfsizligi, kiberxavfsizlik, shaxsga doir maʼlumotlarni himoya qilish va maʼlumotlardan foydalanish talablariga rioya etish;

qayta ishlovchi texnik va dasturiy vositalar, tashkiliy texnika, kompyuter texnikasi va uskunalari, telekommunikatsiya tarmoqlari va vositalari axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlik boʻyicha texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar talablariga muvofiq boʻlishi;

ajratilgan sunʼiy intellekt infratuzilmasi, dasturiy interfeys (API), maʼlumotlar bazalari va boshqa resurslardan faqat tasdiqlangan loyiha maqsadlarida foydalanish;

Markaz tomonidan soʻralganda resurslardan foydalanish holati, loyiha natijalari, axborot xavfsizligi talablariga rioya etilishi va maʼlumotlar bilan ishlash holati yuzasidan hisobot taqdim etish;

ajratilgan hisob yozuvlari, dasturiy interfeys (API) kalitlari, kirish parollari va boshqa identifikatsiya vositalarini uchinchi shaxslarga bermaslik;

infratuzilmadan kriptovalyuta mayningi, zararli dasturlar yaratish, ruxsatsiz kirish, spam, fishing, noqonuniy kontent yaratish yoki qonunchilikka zid boshqa maqsadlarda foydalanmaslik;

axborot xavfsizligi insidenti yoki maʼlumotlar tarqalishi holati aniqlangan taqdirda, Markazni zudlik bilan xabardor qilish.

7-bob. Markazning huquqlari

28. Foydalanuvchi tomonidan ushbu Nizom, axborot xavfsizligi talablari, maʼlumotlardan foydalanish shartlari yoki Markaz bilan kelishilgan texnik shartlar buzilgan taqdirda, Markaz quyidagi choralarni qoʻllashga haqli:

foydalanuvchiga aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish toʻgʻrisida ogohlantirish yuborish;

ajratilgan videoxotira va dasturiy interfeys (API) resurslari yoki “katta maʼlumotlar” bazalaridagi maʼlumotlardan foydalanishni vaqtincha cheklash;

foydalanish huquqini toʻxtatib turish yoki bekor qilish.

29. Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan foydalanishda ajratilgan resurslar hajmi, foydalanish muddati, texnik parametrlar, tokenlar soni, videoxotira hajmi, hisoblash vaqti, maʼlumotlardan foydalanish hajmi, hisob-kitob tartibi, axborot xavfsizligi talablari va hisobot taqdim etish shartlari Markaz tomonidan belgilangan tartibda hisobga olinadi va monitoring qilinadi.

Monitoring natijalari loyihani davom ettirish, resurs hajmini oʻzgartirish, foydalanishni cheklash yoki bekor qilish boʻyicha qaror qabul qilishda asos boʻlishi mumkin.

8-bob. Markazning majburiyatlari

30. Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan foydalanishni tashkil etishda Markaz quyidagilarga majbur:

foydalanuvchilarga ajratilgan resurslardan foydalanish uchun zarur texnik va tashkiliy shart-sharoitlarni taʼminlash;

hisoblash quvvatlari va “katta maʼlumotlar” bazalariga ushub Nizom hamda foydalanuvchi bilan tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq foydalanish imkoniyatini taqdim etish;

foydalanuvchilarga infratuzilmadan foydalanish tartibi, texnik talablar va axborot xavfsizligi boʻyicha zarur axborot hamda tushuntirishlar berish;

foydalanuvchilar tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar va loyiha materiallarining qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda muhofaza qilinishini taʼminlash;

ajratilgan resurslardan foydalanish holatini hisobga olish va monitoring qilish;

axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlik talablariga rioya etilishini taʼminlash hamda axborot xavfsizligi insidentlari yuzasidan zarur choralarni koʻrish;

ushbu Nizomga muvofiq foydalanuvchilarning yakuniy hisobotlarini koʻrib chiqish va ular boʻyicha tegishli qaror qabul qilish.

9-bob. Yakunlovchi qoidalar

31. Foydalanuvchi Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan foydalanish natijasida yaratilgan dasturiy mahsulotlar, modellar, algoritmlar, maʼlumotlar toʻplamlari va boshqa intellektual faoliyat natijalariga boʻlgan huquqlarni qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiradi.

32. Markaz foydalanuvchilar tomonidan taqdim etilgan maxfiy maʼlumotlar, tijorat sirlari va qonun bilan muhofaza qilinadigan boshqa maʼlumotlarning saqlanishini taʼminlash boʻyicha zarur tashkiliy va texnik choralarni koʻradi.

33. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

Oliy taʼlim, ilmiy tashkilotlar, startaplar hamda hokimlarning raqamli texnologiyalar va sunʼiy intellekt texnologiyalarini rivojlantirishga masʼul boʻlgan maslahatchilarining ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalari uchun Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan bepul yoki imtiyozli ravishda foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Oliy taʼlim, ilmiy tashkilotlar, startaplar hamda hokimlarning raqamli texnologiyalar va sunʼiy intellekt texnologiyalarini rivojlantirishga masʼul boʻlgan maslahatchilariga ularning ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalari uchun Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan imtiyozli ravishda foydalanish imkoniyatini taqdim qilish boʻyicha tanlovni tashkil etish va oʻtkazish

Bosqichlar Masʼullar Chora-tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Markaz (“Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” DM) Tanlov boʻlib oʻtish muddatlari va shartlari toʻgʻrisida eʼlon beradi. Har yili iyun va oktabr oylarining boshida 2-bosqich Talabgorlar (oliy taʼlim va ilmiy tashkilotlar, startaplar hamda hokim maslahatchilari) Markaz veb-sahifasi orqali tegishli namunadagi ariza taqdim etadi. Markaz tomonidan eʼlon qilingan kundan eʼtiboran 1 oy davomida 3-bosqich Markaz (“Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” DM) Kelib tushgan murojaatlarni qabul qiladi va ekspert komissiyasiga koʻrib chiqish uchun taqdim qiladi. Eʼlon yakunlangandan soʻng 3 ish kunida 4-bosqich Ekspert komissiyasi Kelib tushgan arizalarni koʻrib chiqadi, baholaydi va natijalarini “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha muvofiqlashtirish komissiyasiga taqdim qiladi. Arizalarni qabul qilish muddati tugagandan soʻng 15 ish kuni ichida 5-bosqich “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha muvofiqlashtirish komissiyasi Natijalarni koʻrib chiqadi hamda tanlov gʻoliblarini tasdiqlash toʻgʻrisida yakuniy qaror qabul qiladi. Har yili iyul va noyabr oylarida 6-bosqich Markaz (“Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” DM) Tanlov natijalarini eʼlon qiladi, gʻolib loyihalarni veb-sahifadagi maxsus reyestrga kiritadi. Yakuniy qaror qabul qilingandan soʻng bir ish kunida

Oliy taʼlim, ilmiy tashkilotlar, startaplar hamda hokimlarning raqamli texnologiyalar va sunʼiy intellekt texnologiyalarini rivojlantirishga masʼul boʻlgan maslahatchilarining ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalari uchun Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan bepul yoki imtiyozli ravishda foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Ijtimoiy ahamiyatga ega loyihalari uchun Raqamli texnologiyalar vazirligining sunʼiy intellekt infratuzilmasidan imtiyozli ravishda foydalanish toʻgʻrisida

__________________________________________________________________________________ (ariza beruvchi OTM, ilmiy tashkilot yoki startap nomi) Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” davlat muassasasidan ijtimoiy ahamiyatga ega loyihani amalga oshirish maqsadida sunʼiy intellekt infratuzilmasi resurslaridan imtiyozli ravishda foydalanishni soʻrab quyidagilarni maʼlum qiladi: 1. Tashkilot toʻgʻrisida maʼlumot: _________________________________________________________________________________________ 2. Loyihaning nomi: _________________________________________________________________________________________ 3. Loyihaning qisqacha tavsifi: _________________________________________________________________________________________ 4. Loyihaning ijtimoiy ahamiyati va qaysi sohaga tegishliligi (taʼlim, sogʻliqni saqlash, qishloq xoʻjaligi, ekologiya, davlat boshqaruvi, transport va boshqalar): _________________________________________________________________________________________ 5. Loyihaning maqsadi va kutilayotgan natijalari: _________________________________________________________________________________________ 6. Sunʼiy intellekt texnologiyalaridan foydalanish yoʻnalishi: modelni oʻqitish modelni qoʻshimcha oʻqitish sinovdan oʻtkazish validatsiya qilish xulosa (inferens) boshqa ______________________________________. 7. Soʻralayotgan resurs turi: GPU klaster; “katta maʼlumotlar” bazalaridagi maʼlumotlar; GPU klaster va “katta maʼlumotlar” bazalaridagi maʼlumotlar; 8. Soʻralayotgan texnik resurslar hajmi: Tokenlar soni ______________________________________; Hisoblash muddati ______________________________; Videoxotira hajmi ______________________; Boshqa talablar _________________________________; 9. Resurslardan foydalanish muddati ______________ 10. Resurslardan foydalanishning texnik asoslantirilishi: _________________________________________________________________________________________ 11. Loyihani amalga oshiruvchi jamoa va loyiha rahbari toʻgʻrisida maʼlumot: _________________________________________________________________________________________ 12. Axborot va kiberxavfsizlik talablariga rioya etilishi boʻyicha maʼlumot: _________________________________________________________________________________________ 13. Sohani tartibga soluvchi vakolatli organlar yoki boshqa tashkilotlarning tavsiyanomalari mavjudligi: Ha Yoʻq (mavjud boʻlsa, ilova qilinadi) 14. Arizaga ilova qilinayotgan hujjatlar: loyiha portfoliosi; texnik topshiriq; tavsiyanoma(lar); boshqa hujjatlar __________________________________ Arizada keltirilgan maʼlumotlarning haqqoniyligini tasdiqlaymiz hamda mazkur Nizom talablariga rioya qilish majburiyatini olamiz hamda arizada keltirilgan maʼlumotlarni tekshirish va shaxsga doir maʼlumotlarga qonunchilikda belgilangan tartibda ishlov berilishiga rozilik bildiramiz. __________________________ _________________________________________ (sana) (rahbar yoki boshqa vakolatli shaxsning imzosi va F.I.O.)

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 20-oktabr,

581-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.10.2026-y., 09/26/581/1055-son)

lex.uz