📅 2026-yil 21-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 21-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 21 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ТАРТИБИ
Қурилиш объектларининг шартномавий жорий нархларини ҳисоблашда пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Қурилиш соҳасини рақамли трансформация қилиш, қурилиш ишлари қийматини шакллантиришда иқтисодий жиҳатдан асосланган ва шаффоф механизмларни жорий этиш, пудрат ташкилотларининг ҳақиқий бошқа харажатларини ҳисоблашнинг ягона тартибини белгилаш, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида тегишли жараёнларни тўлиқ автоматлаштириш, инсон омили ва коррупция хавфларини қисқартириш ҳамда бюджет маблағларининг самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 10 июлдаги ПФ-100-сон Фармонида бюджет маблағлари ҳисобидан Ҳукуматнинг тегишли қарорлари асосида тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга оширилаётган капитал қурилишда пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини тартибга солиш белгилангани;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2024 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 25 декабрдаги ПҚ-404-сон қарорида лойиҳаларнинг (объектларнинг) дастлабки қийматини ҳисоблашда қўлланадиган ишчи-ходимларнинг бир соат иш ҳажми учун меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда қурилиш-пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдорларини ҳудудлар ва соҳалар кесимида белгилаш юзасидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш вазифаси юклангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қурилиш объектларининг шартномавий жорий нархларини ҳисоблашда пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2027 йил 1 январдан бошлаб бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда объектларнинг бошланғич қийматини аниқлашда қуйидаги кўрсаткичлар:
а) қурилиш соҳасидаги ишчи-ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори республика бўйича 1 киши/соат учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (МҲТЭКМ) 5 фоизида (ижтимоий солиқ тўловларини ҳисобга олган ҳолда) белгиланади;
б) пудрат ташкилотларининг ишлаб чиқаришга доир бошқа харажатлари объектнинг жойлашуви, транспорт-логистика шароити, муҳандислик инфратузилмаси билан таъминланганлик даражаси ҳамда ҳудуднинг табиий иқлим хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, тўғридан-тўғри харажатлар суммасининг 2,5 фоизи, тоғли, чўл, етиб бориш қийин бўлган ҳудудлардаги объектларда 5 фоизи миқдорида белгиланади.
Бунда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ушбу бандга мувофиқ тоғли, чўл, етиб бориш қийин бўлган ҳудудлар рўйхатини тасдиқласин;
в) пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари смета қийматининг (тўғридан-тўғри харажатлар) 20 фоизи ҳамда зарур фойда 7 фоизи миқдорида белгиланади.
4. Белгилансинки, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича:
а) пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини ҳисоблаш, текшириш ва тасдиқлаш жараёнлари «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади;
пудрат ташкилоти ташкил топганига бир календарь йилдан ошмаган ва баланс кўрсаткичлари, молиявий ҳисоботлар ва ҳисобот кўрсаткичлари топширилмаган ҳолларда пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари смета қийматининг (тўғридан-тўғри харажатлар) 10 фоизи ҳамда зарур фойда 7 фоизи миқдорида қабул қилинади;
б) пудрат ташкилотларининг ишлаб чиқаришга доир бошқа харажатлари мазкур қарорнинг 3-банди «б» кичик бандида назарда тутилган миқдорда белгиланади.
5. Пудрат ташкилотларининг ишлаб чиқаришга доир бошқа харажатлари учун ажратилган маблағлар ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажми ва қийматидан келиб чиққан ҳолда молиялаштирилади.
Бунда пудрат ташкилоти томонидан қайта ишлатилган асбоб-ускуна, материаллар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланган амортизация қиймати тўлаб берилади.
6. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда:
пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини аниқлаштириш тартибини такомиллаштириш доирасида 2026-2027 йилларда қайта ишлаб чиқилиши назарда тутилган шаҳарсозлик соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини хатловдан ўтказиб, ушбу қарор талабларига мувофиқлаштирсин;
«Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини автоматлаштирилган тарзда ҳисоблаш ва баҳолаш бўйича техник имконият яратиш чораларини кўрсин.
7. Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 декабрга қадар «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида инсон омилисиз пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини автоматик тарзда аниқлаш мақсадида ушбу қарор билан тасдиқланган Низомга иловаларда кўрсатилган зарур маълумотларни пудрат ташкилотлари кесимида олишга қаратилган ҳисобот шаклларини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 январдаги 46-сон қарори билан тасдиқланган Қурилиш соҳасида пудрат ташкилотларини белгилаш бўйича электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
9. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ушбу қарор билан белгиланган миқдорлар ҳар йил якуни билан қайта кўриб чиқилиши ҳамда уларга Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ўзгартириш киритилиши мумкин.
10. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдорларини харажатлар моддалари кесимида шакллантириш ва қўллаш амалиёти юзасидан мунтазам мониторинг ўтказсин ҳамда унинг натижалари бўйича йил якуни билан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.
11. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.С. Хидоятов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 октябрдаги 583-сон қарорига 1-ИЛОВА
Қурилиш объектларининг шартномавий жорий нархларини ҳисоблашда пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини аниқлаштириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдорини шакллантириш ва аниқлаш тартибини белгилайди.
2. Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдори «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида (кейинги ўринларда — «Шаффоф қурилиш» МАТ) бошқа ахборот тизимлари маълумотларидан фойдаланган ҳолда автоматик равишда аниқланади.
3. Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдори тўғрисидаги маълумотлар пудрат ташкилотлари кесимида «Шаффоф қурилиш» МАТда эълон қилиб борилади.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари — ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ ҳисобга олинадиган харажатлар;
пудрат ташкилотларининг ишлаб чиқаришга доир бошқа харажатлари — қурилишни ташкил этиш лойиҳаси (ҚТЭЛ) маълумотлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланадиган, ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган, бироқ тўғридан-тўғри харажатлар (материаллар, ускуналар ва асосий ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари) таркибига кирмайдиган харажатлар, тўғридан-тўғри харажатлар таркибида ҳисобга олинмаган харажатлар (вақтинча бино ва иншоотлар қуриш харажатлари, қишки мавсумда қурилиш-монтаж ишларини бажариш билан боғлиқ қўшимча харажатлар, вахта усулини қўллаш харажатлари ва бошқалар);
«Шаффоф қурилиш» МАТда ҳисобланган кўрсаткич — вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда, белгиланган тартиб асосида автоматик ҳисоблаб чиқиладиган ҳамда қурилиш объектининг шартномавий қийматини шакллантиришда қўлланадиган ҳисобий миқдор.
2-боб. Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини аниқлаш тартиби
5. Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини ҳисоблаш учун фойдаланиладиган харажатлар ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ уларга бериладиган энг юқори қиймат ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ белгиланади.
6. Моддалар бўйича харажатлар «Шаффоф қурилиш» МАТ орқали автоматик равишда, уларнинг миқдор қисмида аниқ белгиланган харажатларга асосан аниқланади.
7. Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари даражасида ҳар бир харажат моддаси бўйича алоҳида ҳисоблаб чиқилади ва умумлаштирилган ҳолда қуйидаги формула бўйича аниқланади:
П п =∑ М х +P
бунда:
П п — пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдори;
М х — пудрат ташкилотларининг ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ ҳар бир харажатлар учун аниқланган харажатлар миқдори;
P — ўзгармас миқдор (константа) сифатида қабул қилинадиган 7 фоиз миқдоридаги зарур фойда кўрсаткичи.
Бунда пудрат ташкилоти харажат моддалари миқдорини аниқлашда ташкилотнинг аниқ баланс кўрсаткичлари, молиявий ҳисоботлар ва ҳисобот кўрсаткичлари (ўтган 12 ой натижалари ҳақидаги) таҳлили инсон омилисиз амалга оширилади.
3-боб. Шартномавий жорий нархлардаги қурилиш қийматига пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари (миқдорини) даражасини қўллаш тартиби
8. Қурилишнинг бошланғич баҳосини аниқлашда пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари смета қийматидаги тўғридан-тўғри харажатлар суммасининг 27 фоизида белгиланади ва қуйидаги формула орқали аниқланади:
П п = (С м + С зп + С эм ) х У
бунда:
П п — пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари қиймати;
С м — объектни қуришда, таъмирлашда, асбоб-ускунани ишга тушириш ва созлашда, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларга сарфланган харажатлар (ташиш ва сақлаш харажатлари билан бирга);
С зп — объектни қуришда, таъмирлашда, асбоб-ускунани ишга тушириш ва созлашда асосий иш ҳақи харажатлари (ижтимоий суғурта тўловларини ҳисобга олган ҳолда);
С эм — объектни қуришда, таъмирлашда, асбоб-ускунани ишга тушириш ва созлашда машина ва механизмларга сарфланган харажатлар;
У — смета қийматидаги тўғридан-тўғри харажатларнинг 20 фоизи ҳамда тўғридан-тўғри харажатларнинг 7 фоизи миқдорида зарур фойда.
9. Барча соҳалар учун тўғридан-тўғри шартномалар бўйича 7 фоизлик зарур фойда ўзгармас миқдори (константа) белгиланади.
Бунда қурилишнинг шартномавий жорий нархини аниқлашда пудрат ташкилоти ташкил топганига бир календарь йилдан ошмаган ва баланс кўрсаткичлари, молиявий ҳисоботлар ва ҳисобот кўрсаткичлари топширилмаган ҳолларда, ушбу ташкилотга тўғридан-тўғри харажатларнинг 10 фоизи миқдорида, бошқа харажатлар ҳамда зарур фойда миқдори 7 фоизда қабул қилинади.
10. Пудрат ташкилотларини тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан танлашда ва қурилишнинг шартномавий жорий нархини аниқлашда пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари тўғридан-тўғри харажатлар суммасининг «Шаффоф қурилиш» МАТда пудрат ташкилотларига ҳисобланган пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдоридан келиб чиққан улушда белгиланади ва қуйидаги формула орқали аниқланади:
П п = (С м + С зп + С эм ) х α+Р
бунда:
П п — пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлар қиймати;
С м — объектни қуришда, таъмирлашда, асбоб-ускунани ишга тушириш ва созлашда, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларга сарфланган харажатлар (ташиш ва сақлаш харажатлари билан бирга);
С зп — объектни қуришда, таъмирлашда, асбоб-ускунани ишга тушириш ва созлашда асосий иш ҳақи харажатлари ижтимоий суғурта тўловларини ҳисобга олган ҳолда;
С эм — объектни қуришда, таъмирлашда, асбоб-ускунани ишга тушириш ва созлашда машина ва механизмларга сарфланган харажатлар;
α — «Шаффоф қурилиш» МАТда пудрат ташкилотига ҳисобланган пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдори;
P — ўзгармас миқдор (константа) сифатида қабул қилинадиган 7 фоиз миқдоридаги зарур фойда кўрсаткичи.
Тендер (танлов) ўтказилмасдан пудрат ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартнома тузилган объектлар учун пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдори фақат «Шаффоф қурилиш» МАТда ҳисобланган кўрсаткичлар орқали аниқланади.
11. Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдорига шартнома даврида (тендер (танлов) асосида расмийлаштириладиган шартномаларда) ўзгартириш киритилишига йўл қўйилмайди, солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритилган ҳоллар бундан мустасно.
12. Пудрат ташкилоти (субпудрат ташкилоти) томонидан қурилиш-монтаж ишларини бажариш жараёнида объект қурилиши учун буюртмачининг (бош пудрат ташкилотининг) материалларидан фойдаланилган ҳолларда, ҳисобварақ-фактуралар, юк хатлари ва бошқа ҳужжатлар асосида топширилган ушбу материаллар пудрат (субпудрат) ташкилотининг омбор ва бухгалтерия ҳисобига кирим қилиниши лозим.
Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини ҳисоблашда буюртмачи (бош пудрат ташкилотининг) материаллари ёки қайта ишлашга берилган (давал) хомашё нархи ҳисобга олинади.
Бунда бажарилган ишлар ҳажми тўловга тақдим қилинганда, буюртмачи (бош пудрат ташкилотининг) материаллари ёки қайта ишлашга берилган (давал) хомашё қиймати чегириб қолинади.
Қурилиш объектларининг шартномавий жорий нархларини ҳисоблашда пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларида ҳисобга олиш тавсия этиладиган харажат моддалари рўйхати
1. Бошқарув ходимлари, жумладан, ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимларга (қурилиш ишчи ходимларидан ташқари) тегишли бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари:
бошқарув девони ишчилари ( раҳбарлар, мутахассислар ва хизматчиларга кирувчи бошқа ишчилар );
ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимлар:
катта ишлаб чиқарувчилар ( участка бошлиқлари, муҳандис-техник ходимлар ), ишлаб чиқарувчилар, қурилиш участкалари усталари, участка механиклари;
бошқарув девонида хўжалик хизматларини кўрсатувчи ишчилар.
2. Бошқарув ходимлари, жумладан, ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимларга (қурилиш ишчи-ходимларидан ташқари) ҳисобланган ягона ижтимоий тўлов миқдори йиғиндиси.
3. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тўланадиган ва хўжалик юритувчи субъект харажатларига киритиладиган бюджетга мажбурий тўловлар, солиқлар, йиғимлар.
Ушбу модда бўйича қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, шунингдек, соф фойда ҳисобидан тўланадиган солиқлар ва йиғимлар ҳисобга олинмайди.
4. Ташкилотнинг хизмат автотранспорт воситалари амортизация қийматлари кўрсаткичи харажатлари.
5. Рақамлаштириш тизимлари, шу жумладан:
объектга кириш учун ходимларни автоматлаштирилган рўйхатга олиш тизими;
қурилиш объектига юк ташувчи автомобиллар ёрдамида ҳар бир олиб кирилган қурилиш материалларини рўйхатга олиш тизими.
6. Маъмурий-бошқарув эҳтиёжлари учун:
бинолар ва хоналар ижараси учун ҳақ тўлаш;
маъмурий аҳамиятга эга бўлган асосий воситаларни сақлаш ва тузатиш, шунингдек, эскириш (амортизация) харажатлари.
7. Белгиланган меъёрлар чегарасида бошқарув ходимларини хизмат сафарларига юбориш ёки маъмурий харажатлар.
8. Ходимларнинг ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган соғлиғини суғурта қилиш харажатлари.
9. Табиатни муҳофаза қилиш талаблари бажарилиши ва экологик сертификатлар билан боғлиқ жорий харажатлар.
10. Чет давлатдан мутахассисларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар.
11. Ташкилот фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш учун тўловлар.
12. Касблар бўйича кадрларни хўжалик юритувчи субъект соҳасига тегишли кадрларни мутахассислиги бўйича мослаб тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш харажатлари.
13. Банк ва депозитарий хизматларига тўловлар.
14. Касаба уюшмаси, йўналиш уюшмаларига аъзолик (касаба уюшмасига аъзолик, қурувчи ва бошқа уюшмаларга аъзолик) бадаллари харажатлари.
Ушбу харажатлар «Шаффоф қурилиш» МАТда ахборот тизимларидан келган маълумотлар асосида аниқланади.
Қурилиш объектларининг шартномавий жорий нархларини ҳисоблашда пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари даражаларини харажатлар моддалари бўйича аниқлаш
Т/р Харажатлар номи Маълумот манбаи Аниқлаш усули Мезон Бошқа харажатлар миқдори (фоиз) * ЖАМИ 27,00 Рентабеллик 7,00 Умумий бошқа харажат миқдори 20,00 1. Бошқарув ходимлари, жумладан, ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимларга (қурилиш ишчи-ходимларидан ташқари) тегишли бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Солиқ қўмитаси маълумотлари асосида Ходимларга сарфланган маблағлар «Ягона миллий меҳнат тизими»да расмийлаштирилган лавозимидан келиб чиқиб аниқланади Меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларининг умумий харажатларга нисбати 9,9 2. Бошқарув ходимлари, жумладан, ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимларга (қурилиш ишчи-ходимларидан ташқари) ҳисобланган ягона ижтимоий солиқ харажатлари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Солиқ қўмитаси маълумотлари асосида Ходимларга сарфланган маблағлар «Ягона миллий меҳнат тизими»да расмийлаштирилган лавозимидан келиб чиқиб аниқланади Ҳисобланган ягона ижтимоий солиқ харажатларининг умумий харажатларга нисбати 1,18 3. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган ва хўжалик юритувчи субъект харажатларига киритиладиган бюджетга мажбурий тўловлар, солиқлар, йиғимлар. Ушбу модда бўйича қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, шунингдек, соф фойда ҳисобидан тўланадиган солиқлар ва йиғимлар ҳисобга олинмайди Солиқ қўмитаси маълумотлари асосида Ўтган молиявий йил давомида ҳисобланган солиқлар қўшиб чиқилади Мажбурий тўловлар, солиқлар, йиғимлар харажатларининг умумий харажатларга нисбати 2,27 4. Ташкилотнинг хизмат автотранспорт воситалари амортизация қийматлари кўрсаткичи харажатлари ҳамда маъмурий-бошқарув эҳтиёжлари учун бинолар ва хоналар ижараси учун ҳақ тўлаш ҳамда маъмурий аҳамиятга эга бўлган асосий воситаларни сақлаш ва уларни тузатиш, шунингдек, эскириш (амортизация) харажатлари Солиқ қўмитаси маълумотлари асосида Ташкилотнинг хизмат автотранспорт воситалари амортизация харажатлари ҳамда маъмурий-бошқарув эҳтиёжлари учун харажатлар ҳисоблаб чиқилади Корхонанинг реализация қилган соф тушумига нисбатан ҳисобланган амортизация харажатлари миқдори 2,8 5. Белгиланган меъёрлар чегарасида бошқарув ходимларини хизмат сафарларига юбориш ёки маъмурий харажатлар Солиқ қўмитаси маълумотлари асосида Хизмат сафарлари харажатлари қўшиб чиқилади Корхонанинг реализация қилган соф тушумига нисбатан харажатлари миқдори 0,3 6. Ходимларни ва ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган соғлиғини суғурта қилиш харажатлари Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Суғурта ташкилотлари маълумотлари асосида Ходимларнинг суғурта полислари билан аниқланади Корхонанинг реализация қилган соф тушумига нисбатан харажатлари миқдори 1,0 7. Табиатни муҳофаза қилиш талаблари бажарилиши ва экологик сертификатлар билан боғлиқ жорий харажатлар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотлари асосида Табиатни муҳофаза қилиш талаблари бажарилиши ва экологик сертификатлар тўғрисидаги маълумотлар Корхонанинг реализация қилган соф тушумига нисбатан харажатлари миқдори 0,4 8. Чет давлатдан мутахассисларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотлари асосида Жалб этилган мутахассислар тўғрисида маълумотлар Чет давлатдан мутахассисларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг умумий харажатларга нисбати 0,3 9. Ташкилот фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш учун тўловлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, аудиторлик ташкилотлари маълумотлари асосида Аудиторлик ўтказилгани тўғрисида маълумотлар Корхонанинг реализация қилган соф тушумига нисбатан харажатлари миқдори 0,05 10. Касблари бўйича кадрларни хўжалик юритувчи субъект соҳасига тегишли кадрларни мутахассислиги бўйича мослаб тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш харажатлари Компетенцияни ривожлантириш институти маълумотлари асосида Кадрларни мутахассислиги бўйича мослаб тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш тўғрисида маълумотлар Харажатларнинг умумий харажатларга нисбати 1,3 11. Касаба уюшмаси, йўналиш уюшмаларига аъзолик (касаба уюшмасига аъзолик, қурувчи ва бошқа уюшмаларга аъзолик) бадаллари харажатлари Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон Қурувчилар уюшмаси, Ўзбекистон архитекторлар уюшмаси маълумотлари асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, йўналиш уюшмаларига аъзолик бадаллари тўғрисида маълумот Корхонанинг реализация қилган соф тушумига нисбатан харажатлари миқдори 0,5
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 октябрдаги 583-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 январдаги 46-сон қарори билан тасдиқланган Қурилиш соҳасида пудрат ташкилотларини белгилаш бўйича электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 10-банднинг «д» кичик банди ўн биринчи хатбошисидаги «95» рақами «90» рақами билан алмаштирилсин.
2. 23-банднинг «б» кичик банди ўн учинчи хатбошисидаги «95» рақами «90» рақами билан алмаштирилсин.
3. 35-бандда :
а) иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ЯБ = (РБ х 0,8 + (ББН — ОН) х 20/ (ББН — ББН х 0,90)) — О х (РБ х 0,05). Бунда:»;
б) еттинчи хатбошидаги «0,95» ва «5» рақамлари тегишлича «0,90» ва «10» рақамлари билан алмаштирилсин;
в) ўн иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«оферент тендер таклифини энг кам нарх билан берган тақдирда, унга 20 балл берилади ҳамда формуланинг иккинчи қисми, яъни — (ББН — ОН) х 20 / (ББН — ББН х 0,90) ифодаси ҳисобланмайди»;
г) ўн учинчи хатбошидаги «5» рақами «10» рақами билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 21 октябрь,
583 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
TARTIBI
Qurilish obyektlarining shartnomaviy joriy narxlarini hisoblashda pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini aniqlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Qurilish sohasini raqamli transformatsiya qilish, qurilish ishlari qiymatini shakllantirishda iqtisodiy jihatdan asoslangan va shaffof mexanizmlarni joriy etish, pudrat tashkilotlarining haqiqiy boshqa xarajatlarini hisoblashning yagona tartibini belgilash, “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimida tegishli jarayonlarni toʻliq avtomatlashtirish, inson omili va korrupsiya xavflarini qisqartirish hamda budjet mablagʻlarining samaradorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Budjet mablagʻlaridan foydalanish ustidan moliyaviy nazoratni kuchaytirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 10-iyuldagi PF-100-son Farmonida budjet mablagʻlari hisobidan Hukumatning tegishli qarorlari asosida toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma asosida amalga oshirilayotgan kapital qurilishda pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini tartibga solish belgilangani;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2024 — 2026-yillarda Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 25-dekabrdagi PQ-404-son qarorida loyihalarning (obyektlarning) dastlabki qiymatini hisoblashda qoʻllanadigan ishchi-xodimlarning bir soat ish hajmi uchun mehnatga haq toʻlash hamda qurilish-pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari miqdorlarini hududlar va sohalar kesimida belgilash yuzasidan shaharsozlik normalari va qoidalarini qayta koʻrib chiqish vazifasi yuklangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Qurilish obyektlarining shartnomaviy joriy narxlarini hisoblashda pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini aniqlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq 2027-yil 1-yanvardan boshlab budjet tizimi budjetlari mablagʻlari hamda ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyatlari mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan qurilish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlari boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish hamda obyektlarning boshlangʻich qiymatini aniqlashda quyidagi koʻrsatkichlar:
a) qurilish sohasidagi ishchi-xodimlarning mehnatiga haq toʻlash miqdori respublika boʻyicha 1 kishi/soat uchun mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining (MHTEKM) 5 foizida (ijtimoiy soliq toʻlovlarini hisobga olgan holda) belgilanadi;
b) pudrat tashkilotlarining ishlab chiqarishga doir boshqa xarajatlari obyektning joylashuvi, transport-logistika sharoiti, muhandislik infratuzilmasi bilan taʼminlanganlik darajasi hamda hududning tabiiy iqlim xususiyatlaridan kelib chiqqan holda, toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar summasining 2,5 foizi, togʻli, choʻl, yetib borish qiyin boʻlgan hududlardagi obyektlarda 5 foizi miqdorida belgilanadi.
Bunda Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda ushbu bandga muvofiq togʻli, choʻl, yetib borish qiyin boʻlgan hududlar roʻyxatini tasdiqlasin;
v) pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari smeta qiymatining (toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar) 20 foizi hamda zarur foyda 7 foizi miqdorida belgilanadi.
4. Belgilansinki, toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar boʻyicha:
a) pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini hisoblash, tekshirish va tasdiqlash jarayonlari “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimi orqali elektron shaklda amalga oshiriladi;
pudrat tashkiloti tashkil topganiga bir kalendar yildan oshmagan va balans koʻrsatkichlari, moliyaviy hisobotlar va hisobot koʻrsatkichlari topshirilmagan hollarda pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari smeta qiymatining (toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar) 10 foizi hamda zarur foyda 7 foizi miqdorida qabul qilinadi;
b) pudrat tashkilotlarining ishlab chiqarishga doir boshqa xarajatlari mazkur qarorning 3-bandi “b” kichik bandida nazarda tutilgan miqdorda belgilanadi.
5. Pudrat tashkilotlarining ishlab chiqarishga doir boshqa xarajatlari uchun ajratilgan mablagʻlar haqiqatda bajarilgan ishlar hajmi va qiymatidan kelib chiqqan holda moliyalashtiriladi.
Bunda pudrat tashkiloti tomonidan qayta ishlatilgan asbob-uskuna, materiallar uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda aniqlangan amortizatsiya qiymati toʻlab beriladi.
6. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi ikki oy muddatda:
pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini aniqlashtirish tartibini takomillashtirish doirasida 2026-2027-yillarda qayta ishlab chiqilishi nazarda tutilgan shaharsozlik sohasidagi normativ hujjatlar hamda shaharsozlik normalari va qoidalarini xatlovdan oʻtkazib, ushbu qaror talablariga muvofiqlashtirsin;
“Shaffof qurilish” milliy axborot tizimida pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini avtomatlashtirilgan tarzda hisoblash va baholash boʻyicha texnik imkoniyat yaratish choralarini koʻrsin.
7. Soliq qoʻmitasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi, Oʻzbekiston kasaba uyushmalari federatsiyasi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi hamda Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda 2026-yil 1-dekabrga qadar “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimida inson omilisiz pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini avtomatik tarzda aniqlash maqsadida ushbu qaror bilan tasdiqlangan Nizomga ilovalarda koʻrsatilgan zarur maʼlumotlarni pudrat tashkilotlari kesimida olishga qaratilgan hisobot shakllarini ishlab chiqsin va amaliyotga joriy etsin.
8. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 31-yanvardagi 46-son qarori bilan tasdiqlangan Qurilish sohasida pudrat tashkilotlarini belgilash boʻyicha elektron davlat xaridlarini tashkil etish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
9. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan ushbu qaror bilan belgilangan miqdorlar har yil yakuni bilan qayta koʻrib chiqilishi hamda ularga Vazirlar Mahkamasi bilan kelishgan holda oʻzgartirish kiritilishi mumkin.
10. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari miqdorlarini xarajatlar moddalari kesimida shakllantirish va qoʻllash amaliyoti yuzasidan muntazam monitoring oʻtkazsin hamda uning natijalari boʻyicha yil yakuni bilan Vazirlar Mahkamasiga axborot kiritib borsin.
11. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri Sh.S. Xidoyatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 21-oktabrdagi 583-son qaroriga 1-ILOVA
Qurilish obyektlarining shartnomaviy joriy narxlarini hisoblashda pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini aniqlashtirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari miqdorini shakllantirish va aniqlash tartibini belgilaydi.
2. Pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari miqdori “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — “Shaffof qurilish” MAT) boshqa axborot tizimlari maʼlumotlaridan foydalangan holda avtomatik ravishda aniqlanadi.
3. Pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlar pudrat tashkilotlari kesimida “Shaffof qurilish” MATda eʼlon qilib boriladi.
4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari — ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq hisobga olinadigan xarajatlar;
pudrat tashkilotlarining ishlab chiqarishga doir boshqa xarajatlari — qurilishni tashkil etish loyihasi (QTEL) maʼlumotlari hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qoplanadigan, ishlab chiqarish jarayoni bilan bevosita bogʻliq boʻlgan, biroq toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar (materiallar, uskunalar va asosiy ishchilar mehnatiga haq toʻlash xarajatlari) tarkibiga kirmaydigan xarajatlar, toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar tarkibida hisobga olinmagan xarajatlar (vaqtincha bino va inshootlar qurish xarajatlari, qishki mavsumda qurilish-montaj ishlarini bajarish bilan bogʻliq qoʻshimcha xarajatlar, vaxta usulini qoʻllash xarajatlari va boshqalar);
“Shaffof qurilish” MATda hisoblangan koʻrsatkich — vazirlik va idoralarning axborot tizimlaridagi maʼlumotlardan foydalangan holda, belgilangan tartib asosida avtomatik hisoblab chiqiladigan hamda qurilish obyektining shartnomaviy qiymatini shakllantirishda qoʻllanadigan hisobiy miqdor.
2-bob. Pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini aniqlash tartibi
5. Pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini hisoblash uchun foydalaniladigan xarajatlar ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq ularga beriladigan eng yuqori qiymat ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq belgilanadi.
6. Moddalar boʻyicha xarajatlar “Shaffof qurilish” MAT orqali avtomatik ravishda, ularning miqdor qismida aniq belgilangan xarajatlarga asosan aniqlanadi.
7. Pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari darajasida har bir xarajat moddasi boʻyicha alohida hisoblab chiqiladi va umumlashtirilgan holda quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:
P p =∑ M x +P
bunda:
P p — pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari miqdori;
M x — pudrat tashkilotlarining ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq har bir xarajatlar uchun aniqlangan xarajatlar miqdori;
P — oʻzgarmas miqdor (konstanta) sifatida qabul qilinadigan 7 foiz miqdoridagi zarur foyda koʻrsatkichi.
Bunda pudrat tashkiloti xarajat moddalari miqdorini aniqlashda tashkilotning aniq balans koʻrsatkichlari, moliyaviy hisobotlar va hisobot koʻrsatkichlari (oʻtgan 12 oy natijalari haqidagi) tahlili inson omilisiz amalga oshiriladi.
3-bob. Shartnomaviy joriy narxlardagi qurilish qiymatiga pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari (miqdorini) darajasini qoʻllash tartibi
8. Qurilishning boshlangʻich bahosini aniqlashda pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari smeta qiymatidagi toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar summasining 27 foizida belgilanadi va quyidagi formula orqali aniqlanadi:
P p = (S m + S zp + S em ) x U
bunda:
P p — pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari qiymati;
S m — obyektni qurishda, taʼmirlashda, asbob-uskunani ishga tushirish va sozlashda, qurilish materiallari, buyumlari va konstruksiyalarga sarflangan xarajatlar (tashish va saqlash xarajatlari bilan birga);
S zp — obyektni qurishda, taʼmirlashda, asbob-uskunani ishga tushirish va sozlashda asosiy ish haqi xarajatlari (ijtimoiy sugʻurta toʻlovlarini hisobga olgan holda);
S em — obyektni qurishda, taʼmirlashda, asbob-uskunani ishga tushirish va sozlashda mashina va mexanizmlarga sarflangan xarajatlar;
U — smeta qiymatidagi toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlarning 20 foizi hamda toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlarning 7 foizi miqdorida zarur foyda.
9. Barcha sohalar uchun toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar boʻyicha 7 foizlik zarur foyda oʻzgarmas miqdori (konstanta) belgilanadi.
Bunda qurilishning shartnomaviy joriy narxini aniqlashda pudrat tashkiloti tashkil topganiga bir kalendar yildan oshmagan va balans koʻrsatkichlari, moliyaviy hisobotlar va hisobot koʻrsatkichlari topshirilmagan hollarda, ushbu tashkilotga toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlarning 10 foizi miqdorida, boshqa xarajatlar hamda zarur foyda miqdori 7 foizda qabul qilinadi.
10. Pudrat tashkilotlarini tender (tanlov) savdolarini oʻtkazmasdan tanlashda va qurilishning shartnomaviy joriy narxini aniqlashda pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar summasining “Shaffof qurilish” MATda pudrat tashkilotlariga hisoblangan pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari miqdoridan kelib chiqqan ulushda belgilanadi va quyidagi formula orqali aniqlanadi:
P p = (S m + S zp + S em ) x α+R
bunda:
P p — pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlar qiymati;
S m — obyektni qurishda, taʼmirlashda, asbob-uskunani ishga tushirish va sozlashda, qurilish materiallari, buyumlari va konstruksiyalarga sarflangan xarajatlar (tashish va saqlash xarajatlari bilan birga);
S zp — obyektni qurishda, taʼmirlashda, asbob-uskunani ishga tushirish va sozlashda asosiy ish haqi xarajatlari ijtimoiy sugʻurta toʻlovlarini hisobga olgan holda;
S em — obyektni qurishda, taʼmirlashda, asbob-uskunani ishga tushirish va sozlashda mashina va mexanizmlarga sarflangan xarajatlar;
α — “Shaffof qurilish” MATda pudrat tashkilotiga hisoblangan pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari miqdori;
P — oʻzgarmas miqdor (konstanta) sifatida qabul qilinadigan 7 foiz miqdoridagi zarur foyda koʻrsatkichi.
Tender (tanlov) oʻtkazilmasdan pudrat tashkilotlari bilan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma tuzilgan obyektlar uchun pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari miqdori faqat “Shaffof qurilish” MATda hisoblangan koʻrsatkichlar orqali aniqlanadi.
11. Pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari miqdoriga shartnoma davrida (tender (tanlov) asosida rasmiylashtiriladigan shartnomalarda) oʻzgartirish kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi, soliq toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga oʻzgartirish kiritilgan hollar bundan mustasno.
12. Pudrat tashkiloti (subpudrat tashkiloti) tomonidan qurilish-montaj ishlarini bajarish jarayonida obyekt qurilishi uchun buyurtmachining (bosh pudrat tashkilotining) materiallaridan foydalanilgan hollarda, hisobvaraq-fakturalar, yuk xatlari va boshqa hujjatlar asosida topshirilgan ushbu materiallar pudrat (subpudrat) tashkilotining ombor va buxgalteriya hisobiga kirim qilinishi lozim.
Pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini hisoblashda buyurtmachi (bosh pudrat tashkilotining) materiallari yoki qayta ishlashga berilgan (daval) xomashyo narxi hisobga olinadi.
Bunda bajarilgan ishlar hajmi toʻlovga taqdim qilinganda, buyurtmachi (bosh pudrat tashkilotining) materiallari yoki qayta ishlashga berilgan (daval) xomashyo qiymati chegirib qolinadi.
Qurilish obyektlarining shartnomaviy joriy narxlarini hisoblashda pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini aniqlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarida hisobga olish tavsiya etiladigan xarajat moddalari roʻyxati
1. Boshqaruv xodimlari, jumladan, ishlab chiqarishda band boʻlgan xodimlarga (qurilish ishchi xodimlaridan tashqari) tegishli boʻlgan mehnatga haq toʻlash xarajatlari:
boshqaruv devoni ishchilari ( rahbarlar, mutaxassislar va xizmatchilarga kiruvchi boshqa ishchilar );
ishlab chiqarishda band boʻlgan xodimlar:
katta ishlab chiqaruvchilar ( uchastka boshliqlari, muhandis-texnik xodimlar ), ishlab chiqaruvchilar, qurilish uchastkalari ustalari, uchastka mexaniklari;
boshqaruv devonida xoʻjalik xizmatlarini koʻrsatuvchi ishchilar.
2. Boshqaruv xodimlari, jumladan, ishlab chiqarishda band boʻlgan xodimlarga (qurilish ishchi-xodimlaridan tashqari) hisoblangan yagona ijtimoiy toʻlov miqdori yigʻindisi.
3. Qonunchilik hujjatlariga muvofiq toʻlanadigan va xoʻjalik yurituvchi subyekt xarajatlariga kiritiladigan budjetga majburiy toʻlovlar, soliqlar, yigʻimlar.
Ushbu modda boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻi, foyda soligʻi, shuningdek, sof foyda hisobidan toʻlanadigan soliqlar va yigʻimlar hisobga olinmaydi.
4. Tashkilotning xizmat avtotransport vositalari amortizatsiya qiymatlari koʻrsatkichi xarajatlari.
5. Raqamlashtirish tizimlari, shu jumladan:
obyektga kirish uchun xodimlarni avtomatlashtirilgan roʻyxatga olish tizimi;
qurilish obyektiga yuk tashuvchi avtomobillar yordamida har bir olib kirilgan qurilish materiallarini roʻyxatga olish tizimi.
6. Maʼmuriy-boshqaruv ehtiyojlari uchun:
binolar va xonalar ijarasi uchun haq toʻlash;
maʼmuriy ahamiyatga ega boʻlgan asosiy vositalarni saqlash va tuzatish, shuningdek, eskirish (amortizatsiya) xarajatlari.
7. Belgilangan meʼyorlar chegarasida boshqaruv xodimlarini xizmat safarlariga yuborish yoki maʼmuriy xarajatlar.
8. Xodimlarning ishlab chiqarish jarayoni bilan bogʻliq boʻlmagan sogʻligʻini sugʻurta qilish xarajatlari.
9. Tabiatni muhofaza qilish talablari bajarilishi va ekologik sertifikatlar bilan bogʻliq joriy xarajatlar.
10. Chet davlatdan mutaxassislarni jalb qilish bilan bogʻliq xarajatlar.
11. Tashkilot faoliyatini auditorlik tekshiruvidan oʻtkazish uchun toʻlovlar.
12. Kasblar boʻyicha kadrlarni xoʻjalik yurituvchi subyekt sohasiga tegishli kadrlarni mutaxassisligi boʻyicha moslab tayyorlash va ularni qayta tayyorlash xarajatlari.
13. Bank va depozitariy xizmatlariga toʻlovlar.
14. Kasaba uyushmasi, yoʻnalish uyushmalariga aʼzolik (kasaba uyushmasiga aʼzolik, quruvchi va boshqa uyushmalarga aʼzolik) badallari xarajatlari.
Ushbu xarajatlar “Shaffof qurilish” MATda axborot tizimlaridan kelgan maʼlumotlar asosida aniqlanadi.
Qurilish obyektlarining shartnomaviy joriy narxlarini hisoblashda pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlarini aniqlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Pudrat tashkilotlarining boshqa xarajatlari darajalarini xarajatlar moddalari boʻyicha aniqlash
T/r Xarajatlar nomi Maʼlumot manbai Aniqlash usuli Mezon Boshqa xarajatlar miqdori (foiz) * JAMI 27,00 Rentabellik 7,00 Umumiy boshqa xarajat miqdori 20,00 1. Boshqaruv xodimlari, jumladan, ishlab chiqarishda band boʻlgan xodimlarga (qurilish ishchi-xodimlaridan tashqari) tegishli boʻlgan mehnatga haq toʻlash xarajatlari Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi va Soliq qoʻmitasi maʼlumotlari asosida Xodimlarga sarflangan mablagʻlar “Yagona milliy mehnat tizimi”da rasmiylashtirilgan lavozimidan kelib chiqib aniqlanadi Mehnatga haq toʻlash xarajatlarining umumiy xarajatlarga nisbati 9,9 2. Boshqaruv xodimlari, jumladan, ishlab chiqarishda band boʻlgan xodimlarga (qurilish ishchi-xodimlaridan tashqari) hisoblangan yagona ijtimoiy soliq xarajatlari Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi va Soliq qoʻmitasi maʼlumotlari asosida Xodimlarga sarflangan mablagʻlar “Yagona milliy mehnat tizimi”da rasmiylashtirilgan lavozimidan kelib chiqib aniqlanadi Hisoblangan yagona ijtimoiy soliq xarajatlarining umumiy xarajatlarga nisbati 1,18 3. Qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladigan va xoʻjalik yurituvchi subyekt xarajatlariga kiritiladigan budjetga majburiy toʻlovlar, soliqlar, yigʻimlar. Ushbu modda boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻi, foyda soligʻi, shuningdek, sof foyda hisobidan toʻlanadigan soliqlar va yigʻimlar hisobga olinmaydi Soliq qoʻmitasi maʼlumotlari asosida Oʻtgan moliyaviy yil davomida hisoblangan soliqlar qoʻshib chiqiladi Majburiy toʻlovlar, soliqlar, yigʻimlar xarajatlarining umumiy xarajatlarga nisbati 2,27 4. Tashkilotning xizmat avtotransport vositalari amortizatsiya qiymatlari koʻrsatkichi xarajatlari hamda maʼmuriy-boshqaruv ehtiyojlari uchun binolar va xonalar ijarasi uchun haq toʻlash hamda maʼmuriy ahamiyatga ega boʻlgan asosiy vositalarni saqlash va ularni tuzatish, shuningdek, eskirish (amortizatsiya) xarajatlari Soliq qoʻmitasi maʼlumotlari asosida Tashkilotning xizmat avtotransport vositalari amortizatsiya xarajatlari hamda maʼmuriy-boshqaruv ehtiyojlari uchun xarajatlar hisoblab chiqiladi Korxonaning realizatsiya qilgan sof tushumiga nisbatan hisoblangan amortizatsiya xarajatlari miqdori 2,8 5. Belgilangan meʼyorlar chegarasida boshqaruv xodimlarini xizmat safarlariga yuborish yoki maʼmuriy xarajatlar Soliq qoʻmitasi maʼlumotlari asosida Xizmat safarlari xarajatlari qoʻshib chiqiladi Korxonaning realizatsiya qilgan sof tushumiga nisbatan xarajatlari miqdori 0,3 6. Xodimlarni va ishlab chiqarish jarayoni bilan bogʻliq boʻlmagan sogʻligʻini sugʻurta qilish xarajatlari Istiqbolli loyihalar milliy agentligi, Sugʻurta tashkilotlari maʼlumotlari asosida Xodimlarning sugʻurta polislari bilan aniqlanadi Korxonaning realizatsiya qilgan sof tushumiga nisbatan xarajatlari miqdori 1,0 7. Tabiatni muhofaza qilish talablari bajarilishi va ekologik sertifikatlar bilan bogʻliq joriy xarajatlar Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi maʼlumotlari asosida Tabiatni muhofaza qilish talablari bajarilishi va ekologik sertifikatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Korxonaning realizatsiya qilgan sof tushumiga nisbatan xarajatlari miqdori 0,4 8. Chet davlatdan mutaxassislarni jalb qilish bilan bogʻliq xarajatlar Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi maʼlumotlari asosida Jalb etilgan mutaxassislar toʻgʻrisida maʼlumotlar Chet davlatdan mutaxassislarni jalb qilish bilan bogʻliq xarajatlarning umumiy xarajatlarga nisbati 0,3 9. Tashkilot faoliyatini auditorlik tekshiruvidan oʻtkazish uchun toʻlovlar Iqtisodiyot va moliya vazirligi, auditorlik tashkilotlari maʼlumotlari asosida Auditorlik oʻtkazilgani toʻgʻrisida maʼlumotlar Korxonaning realizatsiya qilgan sof tushumiga nisbatan xarajatlari miqdori 0,05 10. Kasblari boʻyicha kadrlarni xoʻjalik yurituvchi subyekt sohasiga tegishli kadrlarni mutaxassisligi boʻyicha moslab tayyorlash va ularni qayta tayyorlash xarajatlari Kompetensiyani rivojlantirish instituti maʼlumotlari asosida Kadrlarni mutaxassisligi boʻyicha moslab tayyorlash va ularni qayta tayyorlash toʻgʻrisida maʼlumotlar Xarajatlarning umumiy xarajatlarga nisbati 1,3 11. Kasaba uyushmasi, yoʻnalish uyushmalariga aʼzolik (kasaba uyushmasiga aʼzolik, quruvchi va boshqa uyushmalarga aʼzolik) badallari xarajatlari Oʻzbekiston kasaba uyushmalari federatsiyasi, Oʻzbekiston Quruvchilar uyushmasi, Oʻzbekiston arxitektorlar uyushmasi maʼlumotlari asosida Oʻzbekiston kasaba uyushmalari federatsiyasi, yoʻnalish uyushmalariga aʼzolik badallari toʻgʻrisida maʼlumot Korxonaning realizatsiya qilgan sof tushumiga nisbatan xarajatlari miqdori 0,5
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 21-oktabrdagi 583-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 31-yanvardagi 46-son qarori bilan tasdiqlangan Qurilish sohasida pudrat tashkilotlarini belgilash boʻyicha elektron davlat xaridlarini tashkil etish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. 10-bandning “d” kichik bandi oʻn birinchi xatboshisidagi “95” raqami “90” raqami bilan almashtirilsin.
2. 23-bandning “b” kichik bandi oʻn uchinchi xatboshisidagi “95” raqami “90” raqami bilan almashtirilsin.
3. 35-bandda :
a) ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“YAB = (RB x 0,8 + (BBN — ON) x 20/ (BBN — BBN x 0,90)) — O x (RB x 0,05). Bunda:”;
b) yettinchi xatboshidagi “0,95” va “5” raqamlari tegishlicha “0,90” va “10” raqamlari bilan almashtirilsin;
v) oʻn ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“oferent tender taklifini eng kam narx bilan bergan taqdirda, unga 20 ball beriladi hamda formulaning ikkinchi qismi, yaʼni — (BBN — ON) x 20 / (BBN — BBN x 0,90) ifodasi hisoblanmaydi”;
g) oʻn uchinchi xatboshidagi “5” raqami “10” raqami bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 21-oktabr,
583 -son