📅 2026-yil 22-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 22-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 22 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 октября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 October 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Лифтдан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Лифтларнинг техник ҳолатини тубдан яхшилаш, авария ҳолатларининг олдини олиш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Лифтдан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
лифтни рўйхатдан ўтказиш;
лифтдан фойдаланиш шартлари;
лифтга техник хизмат кўрсатиш тартиби ва шартлари;
лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг реестрини юритиш тартиби;
сотувдан кейинги ва кафолат муддати давомидаги хизматлар ҳамда хизматларга оид шартлар;
техник хизмат кўрсатишни таъминлаш ва хизмат кўрсатиш назорати.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2025 йил 12 июлдаги 431-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ушбу қарор 2027 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.
5. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Лифтдан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом талабларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси А.В. Рафиқов ҳамда Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.С. Хидоятов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 октябрдаги 588-сон қарорига 1-ИЛОВА
Лифтдан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом одам ва юк ёки фақат юк ташиш учун мўлжалланган лифтларни рўйхатдан ўтказиш, улардан фойдаланиш, фойдаланиш даврида уларга техник хизмат кўрсатиш, лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг реестрларини юритиш, лифт сотуви ва кафолат муддатидан кейинги хизматларни кўрсатиш ҳамда хизматлар кўрсатиш ҳолатларини мониторинг қилиб бориш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом талаблари:
тезлиги 0,15 m/s дан ошмайдиган юк кўтарувчи қурилмаларга;
қурилиш майдончасида фойдаланиладиган кўтариш мосламаларига;
дор (канат) йўллари, шу жумладан, фуникулёр темир йўлларига;
ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун махсус ишлаб чиқарилган ва қурилган лифтларга;
махсус ишларни бажариш учун мўлжалланган юк кўтариш мосламаларига;
тоғ-кон шахтасида ўрнатилган кўтариш мосламаларига;
бадиий томошалар (тадбирлар) пайтида ижрочиларни кўтариш учун мўлжалланган кўтариш мосламаларига;
транспорт воситаларига ўрнатилган юк кўтариш мосламаларига;
транспорт воситаларига (машинага) уланган ва махсус иш зоналарига, шу жумладан, машиналарга хизмат кўрсатиш ва текшириш пунктларига кириш учун мўлжалланган кўтариш мосламаларига;
стендли ва тишли йўналтиргичга эга бўлган кўтариш мосламаларига;
эскалаторлар ва механик ҳаракатланувчи йўлакларга (травалаторларга) нисбатан қўлланилмайди.
3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар фойдаланилади:
бино бошқарувчиси — лифтдан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш учун лифтга техник хизмат кўрсатилиши, заруратга кўра белгиланган муддатларда таъмирланиши учун масъул бўлган кўп квартирали уйни бошқариш органи ёки бино (иншоот) мулкдори;
ваколатли орган — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси;
ихтисослашган ташкилот — лифтларни техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланувчи сифатида ISO/IEC 17020 стандартига мувофиқ «А» турдаги инспекция идораси мақомида Миллий аккредитация тизимида аккредитациядан ўтган ва тегишли рухсатномага эга бўлган юридик шахс;
касбий малака сертификати — ўқув муассасалари томонидан берилган, шахснинг билим, кўникма ва малакаларини ифодаловчи ҳужжат;
лифт — оғиш бурчаги горизонтал бўйлаб 15 градусдан ошадиган йўналишда ҳаракатланадиган, одамларни ва (ёки) юкларни кабинада кўтариш/тушириш учун мўлжалланган ёки қўзғалмас йўналтирувчи механизмлар бўйлаб бир сатҳдан бошқа сатҳга ҳаракатланмаганда ҳам белгиланган траектория бўйлаб (магнит ва бошқа воситаларда) ҳаракатланувчи кўтариш қурилмаси;
лифт пудратчиси — лифт ўрнатиладиган бино ёки иншоотнинг қурилиш ишларини ўз номидан амалга оширадиган шахс;
масъул орган — турар жой тоифасига мансуб кўп квартирали уй-жойларда ўрнатилган лифтлар назоратини амалга оширишга масъул орган — Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
мулкдор — лифт жойлашган бино (иншоот, шу жумладан, лифт) ёки унинг бир қисмининг эгаси (эгалари), кўп квартирали уйда умумий улушли мулк ҳуқуқига эга бўлган хонадонлар мулкдорлари;
техник хизмат кўрсатиш — лифт ишга туширилгандан сўнг хизмат муддати давомида ўзининг ва унинг таркибий қисмларининг, функцияларининг ва хавфсизлик талабларининг лойиҳалаштирилган ёки тегишли қонунчиликка мувофиқ янгиланган ҳолатда давомийлигини таъминлашга қаратилган, техник хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан даврий равишда ойда камида бир марта бажариладиган ишлар;
техник хизмат кўрсатувчи ташкилот — рухсатномага эга бўлган, лифт ўрнатувчи томонидан ташкил этилган ёки унинг номидан фаолият юритувчи ёхуд лифтни ўрнатувчи томонидан келишув асосида ваколат берилган юридик шахс;
техник хизмат кўрсатувчи ходим — хизмат доирасида лифтларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ишларини бажариш учун тайинланган ва тегишли қонунчилик ҳужжатлари доирасида лифтларга техник хизмат кўрсатиш бўйича зарур малакага эга ҳамда сертификатланган лифтга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш мутахассиси;
ўрнатувчи — лифтни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, ўрнатиш ва бозорга киритишдаги жавобгарликни ўз зиммасига олган юридик шахс.
4. Лифтга техник хизмат тегишли рухсатномага эга ва Лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестрига киритилган техник хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан кўрсатилади.
5. Қурилиши тугалланиб, фойдаланишга топширилган кўп квартирали уйдаги лифтлар ва унга тегишли ҳужжатлар мазкур кўп квартирали уйнинг бино бошқарувчисига топширилади.
Бунда лифт пудратчиси лифт рўйхатдан ўтказилгандан санадан бошлаб 12 ой давомида кўп квартирали уйга ўрнатилган лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотни жалб қилиш орқали техник хизмат кўрсатилишини таъминлайди.
Лифт пудратчиси томонидан 12 ой давомида лифтга техник хизмат кўрсатилгандан сўнг лифт бино бошқарувчисига ўтади ҳамда бино бошқарувчиси томонидан техник хизмат кўрсатувчи ташкилотни жалб қилиш орқали техник хизмат кўрсатилишини таъминлайди.
6. Техник хизмат кўрсатувчи ташкилот ва техник хизмат кўрсатувчи ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчиликка мувофиқ ишлар ташкил этилишига жавобгардир.
7. Лифтларни рўйхатдан ўтказиш, уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузиш ва бекор қилиш, техник хизмат кўрсатиш, техник хизмат кўрсатишни ташкил қилиш, уларнинг натижаларини киритиш ва сақлаш ҳамда диспетчер ва алоқа марказларига уланиш «Хавфсиз лифт» ягона идоралараро электрон платформаси (кейинги ўринларда — электрон платформа) орқали амалга оширилади ҳамда ушбу фаолиятлар мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилиши масъул орган томонидан мониторинг қилиб борилади.
Масъул орган мониторинг жараёнига бошқа идораларнинг вакилларини жалб этиши, электрон платформа орқали огоҳлантириш юбориши ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар бажарилмаганда, ваколатли органга тегишли чоралар кўриш юзасидан сўров юбориши мумкин.
8. Бино бошқарувчиси бинода ва (ёки) иншоотда ўрнатилган ҳамда фойдаланишда бўлган лифтга ҳар ойда камида бир марта техник хизмат кўрсатилишини, лифтнинг идентификация рақами белгиланган талаблар даражасида сақланишини таъминлаши шарт.
2-боб. Лифтни рўйхатдан ўтказиш
9. Лифт мазкур Низомга иловадаги схемага мувофиқ рўйхатдан ўтказилади.
10. Лифтни рўйхатдан ўтказиш лифт пудратчиси томонидан электрон платформа орқали тақдим этиладиган буюртмага кўра ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Лифтни рўйхатдан ўтказиш лифтни белгиланган тартибда амалга оширилган дастлабки техник кўрикнинг ижобий хулосаси ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
Лифтни рўйхатдан ўтказиш мақсадида электрон платформа орқали бериладиган буюртмага Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ дастлабки техник кўрик учун тақдим этиладиган маълумот ва ҳужжатларнинг нусхаларига қўшимча равишда лифт паспортининг лифтдан фойдаланиш ва лифтга хизмат кўрсатиш, инспекция қилиш, таъмирлаш, даврий техник кўрикдан ўтказиш ва қутқарув ишларини бажариш учун зарур бўлган чизма ва кўрсатмалардан иборат йўриқнома қисмининг электрон (pdf) шаклдаги нусхаси илова қилинади.
11. Ихтисослашган ташкилот Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ лифтни дастлабки техник кўрикдан ўтказади.
Ихтисослашган ташкилот дастлабки техник кўрик давомида белгиланган талабларга қўшимча равишда лифт пудратчиси томонидан диспетчерлик марказига уланишнинг техник имконияти мавжудлиги, видеокузатув камераси, икки томонлама алоқа кучайтиргич, авария-қутқарув қурилмаси (АРД) тизими, симли интернет билан таъминланганини ўрганади.
12. Ихтисослашган ташкилот томонидан дастлабки техник кўрикнинг ижобий натижалари берилганидан сўнг лифт пудратчиси рўйхатдан ўтказилаётган лифт учун электрон платформа орқали мустақил равишда техник хизмат кўрсатувчи ташкилотни танлайди ва унга лифт учун яратилган идентификация рақамини юборган ҳолда, техник хизмат кўрсатувчи ташкилотдан техник хизмат кўрсатишга розилиги юзасидан электрон тасдиқ олади.
13. Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ дастлабки техник кўрикнинг натижалари салбий бўлганда, электрон платформа орқали лифт пудратчисига аниқланган камчиликлар акс эттирилган техник кўрик хулосаси юборилади ва камчиликлар белгиланган тартибда бартараф этилади.
14. Дастлабки техник кўрикнинг ижобий натижаларига (яшил рангдаги маълумот ёрлиғи берилганда) асосан лифт ваколатли орган томонидан икки иш куни ичида рўйхатга олинади ёки камчиликлар аниқланган тақдирда, лифтни рўйхатга олишни рад этишнинг сабабларини аниқ (қонунчилик ҳужжатларидаги талабларга ҳавола қилган ҳолда) баён қилган ҳолда, электрон платформа орқали лифт пудратчисига хабар берилади. Лифт пудратчиси 30 кун ичида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, ваколатли органга қайта сўров юборади.
15. Лифтлар ваколатли орган томонидан бепул рўйхатга олинади. Ваколатли орган томонидан лифтни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, буюртма берувчига лифт рўйхатга олингани ва реестрга киритилгани тўғрисида QR-кодли маълумотнома электрон платформа орқали юборилади.
3-боб. Лифтдан фойдаланиш шартлари
16. Қуйидаги талаб ва шартлар бажарилган ҳоллардагина лифтдан фойдаланишга йўл қўйилади:
Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ дастлабки ва даврий техник кўрикдан ижобий натижа билан ўтган бўлиши;
лифт кабинасининг кўринарли жойида белгиланган шаклга эга бўлган идентификация рақами мавжуд бўлиши;
лифт электрон платформадан рўйхатдан ўтган бўлиши;
лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилот ва лифт пудратчиси ёки бино бошқарувчиси ўртасида ҳар бир лифтнинг идентификация рақами кўрсатилган лифтга техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилган бўлиши;
дастлабки ва даврий техник кўрик натижалари тўғрисидаги маълумот белгиланган тартибда ёпиштирилган бўлиши;
лифт ваколатли орган томонидан рўйхатга олингани ҳақида QR кодли маълумот лифт кабинасининг кўринарли жойида жойлаштирилган бўлиши;
лифт кабинасининг кўринарли жойида бино бошқарувчиси ва техник хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг номи, манзили ва боғланиш учун маълумотлар бўлиши.
17. Муомалага чиқарилган лифтнинг эълон қилинган юкламаси, эълон қилинган тезлиги, юритиш тури, мотор серия рақами ва қуввати, арқон ва/ёки пўлат арқонлар ҳамда қонунчиликка мувофиқ мувофиқлиги тасдиқланиши талаб этиладиган лифт қурилмаларининг техник хусусиятлари, ўрнатиш ва электр схемалари, шунингдек, бахтсиз ҳодисалар киритиб бориладиган лифт журнали ушбу лифтни ўрнатувчи томонидан бино бошқарувчисига тақдим этилиши лозим.
Лифтнинг идентификация рақами, муомалага чиқарилган санаси ва рўйхатга олинган санаси лифт журналида кўрсатилиши лозим. Лифт журнали тугаган тақдирда, янги журнал бино бошқарувчиси билан шартнома имзолаган техник хизмат кўрсатиш ташкилоти томонидан тақдим этилади. Тугатилган лифт журнали бино бошқарувчиси томонидан лифтнинг бутун хизмат муддати давомида сақланади. Лифт журналига оид барча талаблар фойдаланишда бўлган барча лифтлар учун ҳам амал қилади.
18. Лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент доирасида муомалага чиқарилган ва фойдаланилаётган лифтлар учун тузиладиган техник хизмат кўрсатиш шартномаларида лифтларга нисбатан ҳар қандай қурилма ёки шифрлаш каби усуллар билан тўсиш ёки чеклаш ўрнатилгани ёхуд ўрнатилмагани тўғрисидаги маълумот акс эттирилиши ўрнатувчи ёки техник хизмат кўрсатиш ташкилоти томонидан таъминланади.
19. Лифт ва лифтнинг эҳтиёт қисмларини сотиб олиш, сотиш ва ўрнатиш электрон платформа орқали амалга оширилади.
Электрон платформа орқали сотиб олинмаган, ўрнатилган лифт ва эҳтиёт қисмлар учун лифт пудратчиси, бино бошқарувчиси ва лифтга техник хизмат кўрсатувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Электрон платформа орқали сотиб олинмаган ва ўрнатилмаган лифт ва эҳтиёт қисмлардан фойдаланиш тақиқланади.
20. Йўловчи ташувчи лифтда фойдаланиш даврида лифтни юк кўтариш қобилиятидан қатъи назар, қурилиш материаллари, қурилиш чиқиндилари ва лифт габаритига мос келмайдиган барча турдаги буюм, нарса ёки жиҳозларни ҳамда портловчи, тез алангаланадиган, радиоактив моддаларни ва заҳарлилик даражаси ўта юқори бўлган моддаларни ташиш тақиқланади.
Юк ва юк-йўловчи ташувчи лифтларда уй-рўзғор буюмлари, мебель ва маиший техникалар уларнинг габаритларини инобатга олган ҳолда, бино бошқарувчиси ёки лифтларга техник хизмат кўрсатувчи ходимлар назоратида ташилади. Бунда техника хавфсизлиги талабларига мувофиқ, лифт кабинасида юк ва йўловчини бир вақтда ташиш тақиқланади.
Ташқи куч таъсирида лифтларнинг носозлигига сабаб бўлувчи ҳолатлар бўйича бино бошқарувчиси ваколатли органга хабар беради.
4-боб. Лифтга техник хизмат кўрсатиш тартиби ва шартлари
21. Бино бошқарувчиси (лифт рўйхатга олинган санадан кейинги 12 ой давомида лифт пудратчиси) билан техник хизмат кўрсатувчи ташкилот ўртасида тузилган шартноманинг амал қилиш даврида бошқа техник хизмат кўрсатувчи ташкилот, бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан лифтга техник хизмат кўрсатилишига ҳамда лифт созламалари ўзгартирилишига йўл қўйилмайди (фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно).
22. Агар техник хизмат кўрсатиш шартномаси бир нечта лифтни қамраб олса, ушбу шартномада техник хизмат кўрсатиладиган ҳар бир лифтнинг идентификация рақами кўрсатилади.
23. Лифтдан фойдаланиш бўйича чекловлар лифтни ўрнатувчи ёки лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан олиб ташланади ва қўйилади.
24. Бино бошқарувчиси (лифт рўйхатга олинган санадан кейинги 12 ой давомида лифт пудратчиси) ҳамда техник хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг филиали ўртасида тузилган шартнома мажбуриятлари бўйича техник хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўзи филиали билан биргаликда ушбу Низом талабларига асосан жавобгар бўлади.
25. Лифтдан фойдаланиш даврида техник хизмат кўрсатувчи ташкилот электрон лифт журналини юритади. Электрон журналга мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилган маълумотлар киритилиши лозим.
Шунингдек, кўрсатилган ҳар бир техник хизмат ҳақида маълумотлар электрон лифт журналида қайд этилади ва маълумотлар электрон платформага лифт кесимида фото ва матн кўринишида доимий юклаб борилади.
Юкланган маълумотлар электрон платформа орқали бино бошқарувчисига автоматик юборилади.
Электрон журналга қўйиладиган талаблар фойдаланишдаги барча лифтга тааллуқли ҳисобланади.
26. Лифтни ўрнатиш (монтаж, демонтаж қилиш), техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва хизмат кўрсатишдан кейин ҳосил бўлган чиқиндиларни утилизация қилиш экологик норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
27. Техник хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан техник хизмат кўрсатиш ишлари қуйидаги тоифалардан бири ёки бир нечтаси танланган тарзда амалга оширилади:
а) ҳар ойда кўрсатиладиган техник хизмат қуйидаги ишларни ўз ичига олади:
лифт кабинаси, шахта, машина хонаси ёритилганлигини текшириш ва созлаш;
чақирувчи ва буйруқ берувчи тугмалар механик қисмининг созлигини текшириш ва созлаш;
лифт ҳаракати параметрларининг мослигини текшириш ва созлаш;
машина хонасидаги жиҳозлар созлигини кўздан кечириш ва созлаш;
лифт ишидаги хатоликлар ҳақидаги ахборотларни ўқиш, текшириш ва созлаш;
лифт кабинаси ва унинг мувозанатини таъминловчи йўналтиргич ва қурилмаларни мойлаш ва тозалаш;
лифт кабинасининг эшикларини текшириш ва созлаш;
лифт ва унинг қурилмаларидаги икки томонлама алоқанинг ишлашини текшириш ва созлаш;
б) ҳар уч ойда кўрсатиладиган техник хизмат қуйидаги ишларни ўз ичига олади:
ушбу банднинг «а» кичик бандида назарда тутилган техник хизмат кўрсатиш ишлари;
арқон (тасма), осма, тортиш арқонлари бўшаш (ТАБ) қурилмаларининг ҳолатини текшириш ва созлаш;
лифт кабинаси эшикларини ҳаракатга келтирувчи қурилмаларни техник кўрикдан ўтказиш ва созлаш;
шахта эшиклари қулфлари ва шахта эшиклари очилиш-ёпилиш алоқа воситаларини техник кўрикдан ўтказиш;
лифт кабинаси ҳаракатида унинг мувозанатини таъминловчи қурилмаларнинг ҳолатини текшириш ва созлаш;
в) ҳар олти ойда кўрсатиладиган техник хизмат кўрсатиш қуйидаги ишларни ўз ичига олади:
ушбу банднинг «а» ва «б» кичик бандларида назарда тутилган техник хизмат кўрсатиш ишлари;
лифт буферини техник кўрикдан ўтказиш;
лифт буферидаги мой даражаси ва ҳолатини текшириш;
тезликни чеклагич, таранглаш қурилмаси, контролёрни киритиш қурилмасини техник кўрикдан ўтказиш ва созлаш;
шахтанинг юқори қисмидаги ускуналарни кўздан кечириш ва уларни тозалаш;
лифт чуқурчасидаги ва лифт кабинаси остидаги ускуналарни кўздан кечириш ва уларни тозалаш;
хавфсизлик контактлари ва бошқа хавфсизлик ускуналари ишлашини текшириш ва созлаш ёки заруратга кўра алмаштириш;
г) ҳар ўн икки ойда кўрсатиладиган техник хизмат кўрсатиш қуйидаги ишларни ўз ичига олади:
ушбу банднинг «а» , «б» ва «в» кичик бандларида назарда тутилган техник хизмат кўрсатиш ишлари;
шахтадаги, машина хонасидаги, кабина томидаги ускуналарни кўздан кечириш ва уларни тозалаш;
пўлат арқонларни ишлаш ҳолатига келтириш;
ҳар йиллик даврий техник кўрикдан ўтказишга тайёрлаш.
28. Лифтга техник хизмат кўрсатиш қуйидагиларни ўз ичига олмайди:
лифт жойини ўзгартириш;
ҳайдаш блоки, осма тизим, ташувчи (кабина), қўниш эшиги ва (ёки) лифтнинг хавфсизлик қисмларини алмаштириш;
лифтни бошқариш тизимига ўзгартиришлар киритиш;
ўт ўчириш бригадаси томонидан амалга оширилган қутқарув ҳаракатлари;
лифт кабинасининг ички қисмини тозалаш;
қўшимча шартнома асосида бажариладиган таъмирлаш ишлари.
Ушбу банднинг иккинчи , учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ишлар лифтни ўрнатувчи томонидан амалга оширилади ҳамда уларнинг қонунчилик ва (ёки) тегишли стандартларга мувофиқ амалга оширилиши учун жавобгарлик лифтни ўрнатувчи зиммасига юкланади.
29. 2026 йилга қадар ўрнатилган лифтга техник хизмат кўрсатишда ушбу Низом талабларига мувофиқ техник хизмат кўрсатувчи ташкилот лифтни ўрнатувчи билан келишувга эришиши талаб этилмайди.
30. Техник хизмат кўрсатувчи ташкилот штат бирлигида хизмат кўрсатилаётган лифтлар сонига мос равишда техник хизмат кўрсатувчи ходимлар мавжуд бўлмаган ҳолатда, ушбу талабни бажармагунга қадар лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг фаолият юритишига йўл қўйилмайди.
Бунда ҳар бир ходим бир иш кунида кўпи билан:
27-банднинг «а» кичик бандида белгиланган ишлар бўйича 10 та лифтга техник хизмат кўрсатиши;
27-банднинг «б» кичик бандида белгиланган ишлар бўйича 7 та лифтга техник хизмат кўрсатиши;
27-банднинг «в» кичик бандида белгиланган ишлар бўйича 5 та лифтга техник хизмат кўрсатиши;
27-банднинг «г» кичик бандида белгиланган ишлар бўйича 3 та лифтга техник хизмат кўрсатиши мумкин.
31. Техник хизмат кўрсатувчи ташкилот техник хизмат кўрсатувчи ходим ўзгарган тақдирда, ишга янги олинган ходимнинг билим ва малакаси ҳамда ушбу Низом билан ходимга белгиланган талаблар бажарилганига оид тасдиқловчи маълумотлар ахборот тизимларининг ўзаро интеграцияси асосида электрон платформада акс эттирилади.
32. Техник хизмат кўрсатиш шартномаси тузилгандан сўнг лифтни ўрнатувчи ёки техник хизмат кўрсатувчи ташкилот йилига камида бир марта техник хизмат кўрсатиладиган лифтлар сонини ҳисобга олган ҳолда, техник хизмат кўрсатувчи ходимларни фавқулодда вазиятларда қутқарув ишлари бўйича ўқитишни ташкил этади.
Техник хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ўқитилгани ҳақида маълумотлар электрон платформага лифтни ўрнатувчи ёки техник хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан киритиб борилади.
33. Лифтни ўрнатувчи ўзи муомалага чиқараётган лифтнинг ҳар бир тури ва хусусиятини инобатга олган ҳолда, кафолат доирасида камида уч йил давомида бутловчи қисмлар билан таъминлаши шарт.
34. Даврий техник кўрик натижасида фойдаланиш учун хавфли бўлган «қизил» рангли маълумот ёрлиғи билан белгиланган лифтдан фойдаланиш тақиқланган даврда техник хизмат кўрсатилмайди ва ушбу даврда бино бошқарувчисидан ҳар ойлик техник хизмат ҳақини талаб қила олмайди.
35. Техник хизмат кўрсатувчи ташкилот ва бино бошқарувчиси ўртасида тузилган шартноманинг амал қилиш муддати тугаганда ёки бекор қилинганда бу ҳақида бино бошқарувчиси электрон платформа орқали масъул органга хабар қилади.
Мазкур ҳолатда бино бошқарувчиси томонидан 10 кун муддатда техник хизмат кўрсатувчи ташкилот билан янги шартнома тузилади.
Шартнома янги техник хизмат кўрсатувчи ташкилот билан тузилган тақдирда, техник хизмат кўрсатиш бўйича топшириш-қабул қилиш далолатномаси электрон платформа орқали тузилади ва лифтлар янги техник хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктирилади.
5-боб. Лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестрини юритиш тартиби
36. Лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестрини электрон платформа орқали юритилади.
37. Техник хизмат кўрсатувчи ташкилот техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестрига кириш мақсадида электрон платформа орқали буюртма юборади.
38. Техник хизмат кўрсатувчи ташкилот штатида хизмат кўрсатадиган лифтлар сонига қараб, асосий иш жойи бўйича тўлиқ ишлайдиган техник хизмат кўрсатиш ходимлари бўлиши лозим. Бунда техник хизмат кўрсатувчи ташкилот:
ходимлар сони ушбу Низомнинг 30-бандида белгиланган шартларга мувофиқ бўлишини;
ходим билан тузилган меҳнат шартномаси унинг муддати тугашидан олдин ёки бир томонлама бекор қилинганда, меҳнат шартномаси бекор бўлган санадан эътиборан ўн беш кун ичида янги ходим ишга қабул қилинишини таъминлаши лозим.
39. Техник хизмат кўрсатувчи ходим:
механик, электр, электроника ёки алоқа соҳалари бўйича камида ўрта махсус маълумотга эга бўлиши;
электрон платформада биттадан кўп бўлмаган техник хизмат кўрсатувчи ташкилот штатида ҳисобга олинган бўлиши;
малакага оширган ва сертификатланган бўлиши;
техник хизмат кўрсатиш соҳасида камида бир йиллик иш стажига эга бўлиши лозим.
40. Техник хизмат кўрсатувчи ташкилот ва унинг ходимлари ушбу Низомнинг 38 ва 39-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлганда ҳамда 24/7 режимда ишлаб турадиган диспетчерлик ва алоқа марказига эга бўлганда ёки шундай марказ билан ўзаро хизмат кўрсатиш шартномаси мавжуд бўлганда, Лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестрига киритилади.
41. Техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестирига кириш онлайн хабар бериш йўли билан бепул амалга оширилади.
42. Лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилот Лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестрига киритилгандан сўнг электрон платформада хизмат кўрсатиш бўйича ҳудудларни мустақил равишда танлайди.
43. Техник хизмат кўрсатувчи ташкилот бошқа ҳудудда ўзининг филиалини ташкил этиши ҳамда филиал орқали техник хизмат кўрсатиши мумкин.
Филиалда ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқ бўлган камида икки нафар техник хизмат кўрсатувчи ходимга эга бўлиши ҳамда улар асосий техник хизмат кўрсатувчи ташкилот ишларига жалб этилмаслиги ва ушбу ҳудудда тўлиқ фаолият кўрсатиши шарт.
44. Лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилот қуйидаги ҳолларда масъул орган томонидан реестрдан чиқарилади:
техник хизмат кўрсатувчи ташкилот ваколатли органни олдиндан хабардор қилмаган ҳолда, техник хизмат кўрсатиш бўйича маълумотларни икки ой давомида электрон платформага юкламаган тақдирда;
техник хизмат кўрсатувчи ходими мавжуд бўлмаганда ёки ходим мазкур Низомда назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаганда;
диспетчерлик ва алоқа маркази билан тузилган шартнома муддати тугаган ва янги шартнома электрон платформага ўз вақтида юкланмаган тақдирда;
масъул органнинг сўровномасига жавоб бермаган ҳамда мазкур Низомда назарда тутилган талабларни бажармаганда.
6-боб. Сотувдан кейинги ва кафолат муддати давомидаги хизматлар ҳамда хизматларга оид шартлар
45. Ўрнатувчи томонидан муомалага чиқарилган ҳар бир лифт муомалага чиқарилган санадан эътиборан камида уч йил муддат билан кафолатланади.
46. Кафолат муддати давомида ўрнатувчи томонидан лифтда алмаштирилиши керак бўлган қисмлар бундай ўзгариш амалга оширилиши зарур бўлган вақтда алмаштирилиши керак.
Лифт қисмларини алмаштириш ва ўрнатиш ишларининг сифати камида икки йилга кафолатланади.
47. Кафолат муддати тугаган лифтнинг алмаштирилган қисми ушбу қисмни ишлаб чиқарган ёки уни бино бошқарувчисига тақдим этган шахс томонидан камида икки йилга кафолатланади.
48. Кафолат муддатида белгиланган таъмирлаш ишлари ва лифт қисмларини алмаштиришнинг муддати ўн беш кундан ошмаслиги керак.
49. Агар бино бошқарувчиси кафолат муддати ичида бошқа техник хизмат кўрсатувчи билан техник хизмат кўрсатиш шартномасини тузса, ушбу лифтни муомалага чиқарган ўрнатувчининг кафолат мажбуриятлари бекор бўлмайди.
50. Кафолат муддатида лифт носоз бўлса, бино бошқарувчиси томонидан ўрнатувчига носозликни бартараф этиш бўйича талаб билдирилади ва лифтни таъмирлаш учун сарфланган вақт кафолат муддатига қўшилади.
51. Муомалага чиқарилган ва кафолатланган ҳар бир лифтга нисбатан кафолат доирасида кўрсатиладиган таъмирлаш хизматлари ушбу лифтни муомалага чиқарган ўрнатувчи ёки унга техник хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан амалга оширилади.
52. Ўрнатувчи муомалага чиқарган ҳар бир лифт учун етарлича техник ходимни ишга жалб этиши ва бутловчи (эҳтиёт) қисм захирасини сақлаши шарт.
7-боб. Техник хизмат кўрсатишни таъминлаш ва хизмат кўрсатиш назорати
53. Нотурар бино ва иншоотларда бино бошқарувчиси лифтнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш учун унга техник хизмат кўрсатилиши ва кўрсатилган техник хизмат ҳақини тўлаш учун жавобгардир.
54. Бино бошқарувчиси ва техник хизмат кўрсатувчи ташкилот лифтнинг доимий ҳамда ногиронлар учун хавфсиз ва узлуксиз ишлашини таъминлайди.
55. Бино бошқарувчиси лифт билан боғлиқ ҳар қандай хавфли вазият ҳақида техник хизмат кўрсатувчи ташкилотга маълум қилади ва у билан биргаликда зарур хавфсизлик чораларини кўради.
56. Сотувдан кейинги кафолат ва кафолат муддати давомидаги хизматлар билан боғлиқ шартлар ва сотувдан кейинги хизматлар лифт ўрнатувчиси томонидан кўрсатилаётгани, техник хизмат ва таъмирлаш хизматлари ушбу Низомда белгиланган мезонларга мувофиқ амалга оширилаётгани ваколатли орган томонидан назорат қилиб борилади.
57. Бино бошқарувчиси ва техник хизмат кўрсатувчи ташкилот ушбу Низомда белгиланган мажбуриятларни бажариши ёки бажармаслиги ваколатли орган томонидан, заруратга кўра бошқа вазирлик ва идораларни жалб этган ҳолда назорат қилинади.
58. Низом талабларининг бузилиш ҳолатлари кузатилганда ваколатли орган бино бошқарувчиси, ўрнатувчи ва техник хизмат кўрсатувчи ташкилотга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли таъсир чораларини қўллаши мумкин.
8-боб. Якунловчи қоидалар
59. Электрон платформага сохта, ёлғон ёки нотўғри маълумотлар киритган жисмоний ва юридик шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
60. Ваколатли ва масъул органларнинг мансабдор шахслари қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш, қонунчилик бузилгани ҳақидаги сўровномалар ва ишларни кўриб чиқишда қонунчиликда белгиланган тартибда Низом талабларига асосан лифт пудратчиси, бино бошқарувчиси, ихтисослашган ташкилот, лифтни ўрнатувчи, мулкдор, техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан барча ахборотни олиш ҳуқуқига эга.
61. Исталган тараф давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
62. Ушбу Низом талабларини бажариш жараёнида келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
63. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Лифтдан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Лифтларни электрон платформада рўйхатга олиш
Босқичлар Субъектлар Амалга ошириладиган тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Лифт пудратчиси Электрон платформадан ихтисослашган ташкилотни танлайди ва унга лифтларни дастлабки техник кўрикдан ўтказиш бўйича буюртма беради. Ўз хоҳишига кўра 2-босқич Техник хизмат кўрсатувчи ташкилот Техник хизмат кўрсатишга розилиги ёки рад этиш юзасидан электрон тасдиқ беради. Белгиланган муддатларда 3-босқич Ихтисослашган ташкилот Дастлабки техник кўрикдан ўтказади. Белгиланган муддатларда 4-босқич Лифт пудратчиси Дастлабки техник кўрикнинг ижобий натижалари берилганидан сўнг электрон платформа орқали лифтга техник хизмат кўрсатиш шартномасини тузган лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестридан танлайди. Лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан тасдиқ берилганидан сўнг ваколатли органга лифтни рўйхатга олиш босқичига ўтказилади. Ўз хоҳишига кўра 5-босқич Ваколатли орган Лифтни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қилинган тақдирда, ариза берувчига лифт рўйхатга олингани ва реестрга киритилгани тўғрисида QR-кодли маълумотнома электрон платформа орқали автоматик тарзда юборилади. Камчиликлар аниқланган тақдирда, камчиликларни электрон платформада кўрсатган ҳолда лифтни рўйхатга олишни рад этади ва электрон платформа орқали хабар юборади. 2 иш куни ичида
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 октябрдаги 588-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2025 йил 12 июлдаги 431-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-банднинг биринчи хатбошисидаги «2026 йил 1 июлдан» сўзлари «2027 йил 1 январдан» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Иловада :
а) 2-бандда :
қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
« махсус электрон ахборот тизими — лифтлар рўйхатдан ўтказиладиган, лифтларни техник кўрикдан ўтказиш натижалари ва Лифтларни техник кўрикдан ўтказувчи ихтисослашган ташкилотлар реестри юритиладиган «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги «Хавфсиз лифт» ягона идоралараро электрон платформаси»;
тўққизинчи — ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича ўнинчи — ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
б) 11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. Ихтисослашган ташкилот масъул орган билан битим имзолаб, электрон платформада рўйхатдан ўтиши шарт.
Масъул орган битим тузган ихтисослашган ташкилотнинг баҳолаш натижалари тўғрисидаги маълумотларини жамоатчиликка ва лифт мулкдорига электрон платформа орқали эълон қилиб боради»;
в) қуйидаги мазмундаги 40 1 — 40 3 -бандлар билан тўлдирилсин:
«40 1 . Лифтларни техник кўрикдан ўтказувчи ихтисослашган ташкилотлар реестри (кейинги ўринларда — Реестр) махсус электрон ахборот тизимида юритилади.
40 2 . Ихтисослашган ташкилот лифтларни техник кўрикдан ўтказиш билан шуғулланувчи сифатида Миллий аккредитация тизимида аккредитациядан ўтган ва тегишли рухсатнома олган ҳамда махсус электрон ахборот тизими орқали масъул орган билан битим имзолагандан кейин реестрга киритилади.
40 3 . Ихтисослашган ташкилот қуйидаги ҳолларда масъул орган томонидан Реестрдан чиқарилади:
аккредитация гувоҳномаси ва (ёки) тегишли рухсатномаси бекор қилинган (ҳақиқий эмас деб топилган)да;
масъул орган билан тузилган битим шартларини бажармаганда».
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 октябрдаги 588-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Саноат электротехника маҳсулотларидан фойдаланишда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ушбу маҳсулотлар устидан сифат назоратини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 15 ноябрдаги 602-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Газ ҳолатидаги ёқилғида ишловчи аппаратларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» 2024 йил 26 декабрдаги 887-сон қарорига 3-илованинг 2-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Лифт ва лифт қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» 2025 йил 12 июлдаги 430-сон қарорига 3-илованинг 4-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 22 октябрь,
588 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
Liftdan foydalanish va unga texnik xizmat koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Liftlarning texnik holatini tubdan yaxshilash, avariya holatlarining oldini olish va aholiga sifatli xizmat koʻrsatilishini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Liftdan foydalanish va unga texnik xizmat koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
liftni roʻyxatdan oʻtkazish;
liftdan foydalanish shartlari;
liftga texnik xizmat koʻrsatish tartibi va shartlari;
liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlarning reyestrini yuritish tartibi;
sotuvdan keyingi va kafolat muddati davomidagi xizmatlar hamda xizmatlarga oid shartlar;
texnik xizmat koʻrsatishni taʼminlash va xizmat koʻrsatish nazorati.
2. Vazirlar Mahkamasining “Liftlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2025-yil 12-iyuldagi 431-son qaroriga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. Ushbu qaror 2027-yil 1-yanvardan boshlab kuchga kiradi.
5. Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi manfaatdor vazirlik hamda idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda Liftdan foydalanish va unga texnik xizmat koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablarini buzganlik uchun javobgarlik choralarini qoʻllash boʻyicha qonunchilik hujjatlariga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish yuzasidan qonun loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi raisi A.V. Rafiqov hamda Oʻzbekiston Respublikasi qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri Sh.S. Xidoyatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 22-oktabrdagi 588-son qaroriga 1-ILOVA
Liftdan foydalanish va unga texnik xizmat koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom odam va yuk yoki faqat yuk tashish uchun moʻljallangan liftlarni roʻyxatdan oʻtkazish, ulardan foydalanish, foydalanish davrida ularga texnik xizmat koʻrsatish, liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlarning reyestrlarini yuritish, lift sotuvi va kafolat muddatidan keyingi xizmatlarni koʻrsatish hamda xizmatlar koʻrsatish holatlarini monitoring qilib borish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom talablari:
tezligi 0,15 m/s dan oshmaydigan yuk koʻtaruvchi qurilmalarga;
qurilish maydonchasida foydalaniladigan koʻtarish moslamalariga;
dor (kanat) yoʻllari, shu jumladan, funikulyor temir yoʻllariga;
harbiy maqsadlarda foydalanish uchun maxsus ishlab chiqarilgan va qurilgan liftlarga;
maxsus ishlarni bajarish uchun moʻljallangan yuk koʻtarish moslamalariga;
togʻ-kon shaxtasida oʻrnatilgan koʻtarish moslamalariga;
badiiy tomoshalar (tadbirlar) paytida ijrochilarni koʻtarish uchun moʻljallangan koʻtarish moslamalariga;
transport vositalariga oʻrnatilgan yuk koʻtarish moslamalariga;
transport vositalariga (mashinaga) ulangan va maxsus ish zonalariga, shu jumladan, mashinalarga xizmat koʻrsatish va tekshirish punktlariga kirish uchun moʻljallangan koʻtarish moslamalariga;
stendli va tishli yoʻnaltirgichga ega boʻlgan koʻtarish moslamalariga;
eskalatorlar va mexanik harakatlanuvchi yoʻlaklarga (travalatorlarga) nisbatan qoʻllanilmaydi.
3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar foydalaniladi:
bino boshqaruvchisi — liftdan xavfsiz foydalanishni taʼminlash uchun liftga texnik xizmat koʻrsatilishi, zaruratga koʻra belgilangan muddatlarda taʼmirlanishi uchun masʼul boʻlgan koʻp kvartirali uyni boshqarish organi yoki bino (inshoot) mulkdori;
vakolatli organ — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi;
ixtisoslashgan tashkilot — liftlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish faoliyati bilan shugʻullanuvchi sifatida ISO/IEC 17020 standartiga muvofiq “A” turdagi inspeksiya idorasi maqomida Milliy akkreditatsiya tizimida akkreditatsiyadan oʻtgan va tegishli ruxsatnomaga ega boʻlgan yuridik shaxs;
kasbiy malaka sertifikati — oʻquv muassasalari tomonidan berilgan, shaxsning bilim, koʻnikma va malakalarini ifodalovchi hujjat;
lift — ogʻish burchagi gorizontal boʻylab 15 gradusdan oshadigan yoʻnalishda harakatlanadigan, odamlarni va (yoki) yuklarni kabinada koʻtarish/tushirish uchun moʻljallangan yoki qoʻzgʻalmas yoʻnaltiruvchi mexanizmlar boʻylab bir sathdan boshqa sathga harakatlanmaganda ham belgilangan trayektoriya boʻylab (magnit va boshqa vositalarda) harakatlanuvchi koʻtarish qurilmasi;
lift pudratchisi — lift oʻrnatiladigan bino yoki inshootning qurilish ishlarini oʻz nomidan amalga oshiradigan shaxs;
masʼul organ — turar joy toifasiga mansub koʻp kvartirali uy-joylarda oʻrnatilgan liftlar nazoratini amalga oshirishga masʼul organ — Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi;
mulkdor — lift joylashgan bino (inshoot, shu jumladan, lift) yoki uning bir qismining egasi (egalari), koʻp kvartirali uyda umumiy ulushli mulk huquqiga ega boʻlgan xonadonlar mulkdorlari;
texnik xizmat koʻrsatish — lift ishga tushirilgandan soʻng xizmat muddati davomida oʻzining va uning tarkibiy qismlarining, funksiyalarining va xavfsizlik talablarining loyihalashtirilgan yoki tegishli qonunchilikka muvofiq yangilangan holatda davomiyligini taʼminlashga qaratilgan, texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot tomonidan davriy ravishda oyda kamida bir marta bajariladigan ishlar;
texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot — ruxsatnomaga ega boʻlgan, lift oʻrnatuvchi tomonidan tashkil etilgan yoki uning nomidan faoliyat yurituvchi yoxud liftni oʻrnatuvchi tomonidan kelishuv asosida vakolat berilgan yuridik shaxs;
texnik xizmat koʻrsatuvchi xodim — xizmat doirasida liftlarga texnik xizmat koʻrsatish, taʼmirlash ishlarini bajarish uchun tayinlangan va tegishli qonunchilik hujjatlari doirasida liftlarga texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha zarur malakaga ega hamda sertifikatlangan liftga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash mutaxassisi;
oʻrnatuvchi — liftni loyihalashtirish, ishlab chiqarish, oʻrnatish va bozorga kiritishdagi javobgarlikni oʻz zimmasiga olgan yuridik shaxs.
4. Liftga texnik xizmat tegishli ruxsatnomaga ega va Liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar reyestriga kiritilgan texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot tomonidan koʻrsatiladi.
5. Qurilishi tugallanib, foydalanishga topshirilgan koʻp kvartirali uydagi liftlar va unga tegishli hujjatlar mazkur koʻp kvartirali uyning bino boshqaruvchisiga topshiriladi.
Bunda lift pudratchisi lift roʻyxatdan oʻtkazilgandan sanadan boshlab 12 oy davomida koʻp kvartirali uyga oʻrnatilgan liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotni jalb qilish orqali texnik xizmat koʻrsatilishini taʼminlaydi.
Lift pudratchisi tomonidan 12 oy davomida liftga texnik xizmat koʻrsatilgandan soʻng lift bino boshqaruvchisiga oʻtadi hamda bino boshqaruvchisi tomonidan texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotni jalb qilish orqali texnik xizmat koʻrsatilishini taʼminlaydi.
6. Texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot va texnik xizmat koʻrsatuvchi xodimlar mehnatni muhofaza qilish boʻyicha qonunchilikka muvofiq ishlar tashkil etilishiga javobgardir.
7. Liftlarni roʻyxatdan oʻtkazish, ularga texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha shartnoma tuzish va bekor qilish, texnik xizmat koʻrsatish, texnik xizmat koʻrsatishni tashkil qilish, ularning natijalarini kiritish va saqlash hamda dispetcher va aloqa markazlariga ulanish “Xavfsiz lift” yagona idoralararo elektron platformasi (keyingi oʻrinlarda — elektron platforma) orqali amalga oshiriladi hamda ushbu faoliyatlar mazkur Nizomga muvofiq amalga oshirilishi masʼul organ tomonidan monitoring qilib boriladi.
Masʼul organ monitoring jarayoniga boshqa idoralarning vakillarini jalb etishi, elektron platforma orqali ogohlantirish yuborishi hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablar bajarilmaganda, vakolatli organga tegishli choralar koʻrish yuzasidan soʻrov yuborishi mumkin.
8. Bino boshqaruvchisi binoda va (yoki) inshootda oʻrnatilgan hamda foydalanishda boʻlgan liftga har oyda kamida bir marta texnik xizmat koʻrsatilishini, liftning identifikatsiya raqami belgilangan talablar darajasida saqlanishini taʼminlashi shart.
2-bob. Liftni roʻyxatdan oʻtkazish
9. Lift mazkur Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq roʻyxatdan oʻtkaziladi.
10. Liftni roʻyxatdan oʻtkazish lift pudratchisi tomonidan elektron platforma orqali taqdim etiladigan buyurtmaga koʻra vakolatli organ tomonidan amalga oshiriladi. Liftni roʻyxatdan oʻtkazish liftni belgilangan tartibda amalga oshirilgan dastlabki texnik koʻrikning ijobiy xulosasi hamda taqdim etilgan hujjatlar asosida amalga oshiriladi.
Liftni roʻyxatdan oʻtkazish maqsadida elektron platforma orqali beriladigan buyurtmaga Liftlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq dastlabki texnik koʻrik uchun taqdim etiladigan maʼlumot va hujjatlarning nusxalariga qoʻshimcha ravishda lift pasportining liftdan foydalanish va liftga xizmat koʻrsatish, inspeksiya qilish, taʼmirlash, davriy texnik koʻrikdan oʻtkazish va qutqaruv ishlarini bajarish uchun zarur boʻlgan chizma va koʻrsatmalardan iborat yoʻriqnoma qismining elektron (pdf) shakldagi nusxasi ilova qilinadi.
11. Ixtisoslashgan tashkilot Liftlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq liftni dastlabki texnik koʻrikdan oʻtkazadi.
Ixtisoslashgan tashkilot dastlabki texnik koʻrik davomida belgilangan talablarga qoʻshimcha ravishda lift pudratchisi tomonidan dispetcherlik markaziga ulanishning texnik imkoniyati mavjudligi, videokuzatuv kamerasi, ikki tomonlama aloqa kuchaytirgich, avariya-qutqaruv qurilmasi (ARD) tizimi, simli internet bilan taʼminlanganini oʻrganadi.
12. Ixtisoslashgan tashkilot tomonidan dastlabki texnik koʻrikning ijobiy natijalari berilganidan soʻng lift pudratchisi roʻyxatdan oʻtkazilayotgan lift uchun elektron platforma orqali mustaqil ravishda texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotni tanlaydi va unga lift uchun yaratilgan identifikatsiya raqamini yuborgan holda, texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotdan texnik xizmat koʻrsatishga roziligi yuzasidan elektron tasdiq oladi.
13. Liftlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq dastlabki texnik koʻrikning natijalari salbiy boʻlganda, elektron platforma orqali lift pudratchisiga aniqlangan kamchiliklar aks ettirilgan texnik koʻrik xulosasi yuboriladi va kamchiliklar belgilangan tartibda bartaraf etiladi.
14. Dastlabki texnik koʻrikning ijobiy natijalariga (yashil rangdagi maʼlumot yorligʻi berilganda) asosan lift vakolatli organ tomonidan ikki ish kuni ichida roʻyxatga olinadi yoki kamchiliklar aniqlangan taqdirda, liftni roʻyxatga olishni rad etishning sabablarini aniq (qonunchilik hujjatlaridagi talablarga havola qilgan holda) bayon qilgan holda, elektron platforma orqali lift pudratchisiga xabar beriladi. Lift pudratchisi 30 kun ichida koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etib, vakolatli organga qayta soʻrov yuboradi.
15. Liftlar vakolatli organ tomonidan bepul roʻyxatga olinadi. Vakolatli organ tomonidan liftni roʻyxatga olish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, buyurtma beruvchiga lift roʻyxatga olingani va reyestrga kiritilgani toʻgʻrisida QR-kodli maʼlumotnoma elektron platforma orqali yuboriladi.
3-bob. Liftdan foydalanish shartlari
16. Quyidagi talab va shartlar bajarilgan hollardagina liftdan foydalanishga yoʻl qoʻyiladi:
Liftlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq dastlabki va davriy texnik koʻrikdan ijobiy natija bilan oʻtgan boʻlishi;
lift kabinasining koʻrinarli joyida belgilangan shaklga ega boʻlgan identifikatsiya raqami mavjud boʻlishi;
lift elektron platformadan roʻyxatdan oʻtgan boʻlishi;
liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot va lift pudratchisi yoki bino boshqaruvchisi oʻrtasida har bir liftning identifikatsiya raqami koʻrsatilgan liftga texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha shartnoma tuzilgan boʻlishi;
dastlabki va davriy texnik koʻrik natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumot belgilangan tartibda yopishtirilgan boʻlishi;
lift vakolatli organ tomonidan roʻyxatga olingani haqida QR kodli maʼlumot lift kabinasining koʻrinarli joyida joylashtirilgan boʻlishi;
lift kabinasining koʻrinarli joyida bino boshqaruvchisi va texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotning nomi, manzili va bogʻlanish uchun maʼlumotlar boʻlishi.
17. Muomalaga chiqarilgan liftning eʼlon qilingan yuklamasi, eʼlon qilingan tezligi, yuritish turi, motor seriya raqami va quvvati, arqon va/yoki poʻlat arqonlar hamda qonunchilikka muvofiq muvofiqligi tasdiqlanishi talab etiladigan lift qurilmalarining texnik xususiyatlari, oʻrnatish va elektr sxemalari, shuningdek, baxtsiz hodisalar kiritib boriladigan lift jurnali ushbu liftni oʻrnatuvchi tomonidan bino boshqaruvchisiga taqdim etilishi lozim.
Liftning identifikatsiya raqami, muomalaga chiqarilgan sanasi va roʻyxatga olingan sanasi lift jurnalida koʻrsatilishi lozim. Lift jurnali tugagan taqdirda, yangi jurnal bino boshqaruvchisi bilan shartnoma imzolagan texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti tomonidan taqdim etiladi. Tugatilgan lift jurnali bino boshqaruvchisi tomonidan liftning butun xizmat muddati davomida saqlanadi. Lift jurnaliga oid barcha talablar foydalanishda boʻlgan barcha liftlar uchun ham amal qiladi.
18. Lift va lift qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament doirasida muomalaga chiqarilgan va foydalanilayotgan liftlar uchun tuziladigan texnik xizmat koʻrsatish shartnomalarida liftlarga nisbatan har qanday qurilma yoki shifrlash kabi usullar bilan toʻsish yoki cheklash oʻrnatilgani yoxud oʻrnatilmagani toʻgʻrisidagi maʼlumot aks ettirilishi oʻrnatuvchi yoki texnik xizmat koʻrsatish tashkiloti tomonidan taʼminlanadi.
19. Lift va liftning ehtiyot qismlarini sotib olish, sotish va oʻrnatish elektron platforma orqali amalga oshiriladi.
Elektron platforma orqali sotib olinmagan, oʻrnatilgan lift va ehtiyot qismlar uchun lift pudratchisi, bino boshqaruvchisi va liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Elektron platforma orqali sotib olinmagan va oʻrnatilmagan lift va ehtiyot qismlardan foydalanish taqiqlanadi.
20. Yoʻlovchi tashuvchi liftda foydalanish davrida liftni yuk koʻtarish qobiliyatidan qatʼi nazar, qurilish materiallari, qurilish chiqindilari va lift gabaritiga mos kelmaydigan barcha turdagi buyum, narsa yoki jihozlarni hamda portlovchi, tez alangalanadigan, radioaktiv moddalarni va zaharlilik darajasi oʻta yuqori boʻlgan moddalarni tashish taqiqlanadi.
Yuk va yuk-yoʻlovchi tashuvchi liftlarda uy-roʻzgʻor buyumlari, mebel va maishiy texnikalar ularning gabaritlarini inobatga olgan holda, bino boshqaruvchisi yoki liftlarga texnik xizmat koʻrsatuvchi xodimlar nazoratida tashiladi. Bunda texnika xavfsizligi talablariga muvofiq, lift kabinasida yuk va yoʻlovchini bir vaqtda tashish taqiqlanadi.
Tashqi kuch taʼsirida liftlarning nosozligiga sabab boʻluvchi holatlar boʻyicha bino boshqaruvchisi vakolatli organga xabar beradi.
4-bob. Liftga texnik xizmat koʻrsatish tartibi va shartlari
21. Bino boshqaruvchisi (lift roʻyxatga olingan sanadan keyingi 12 oy davomida lift pudratchisi) bilan texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot oʻrtasida tuzilgan shartnomaning amal qilish davrida boshqa texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot, boshqa yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan liftga texnik xizmat koʻrsatilishiga hamda lift sozlamalari oʻzgartirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi (favqulodda holatlar bundan mustasno).
22. Agar texnik xizmat koʻrsatish shartnomasi bir nechta liftni qamrab olsa, ushbu shartnomada texnik xizmat koʻrsatiladigan har bir liftning identifikatsiya raqami koʻrsatiladi.
23. Liftdan foydalanish boʻyicha cheklovlar liftni oʻrnatuvchi yoki liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot tomonidan olib tashlanadi va qoʻyiladi.
24. Bino boshqaruvchisi (lift roʻyxatga olingan sanadan keyingi 12 oy davomida lift pudratchisi) hamda texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotning filiali oʻrtasida tuzilgan shartnoma majburiyatlari boʻyicha texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotning oʻzi filiali bilan birgalikda ushbu Nizom talablariga asosan javobgar boʻladi.
25. Liftdan foydalanish davrida texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot elektron lift jurnalini yuritadi. Elektron jurnalga mazkur Nizomning 17-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar kiritilishi lozim.
Shuningdek, koʻrsatilgan har bir texnik xizmat haqida maʼlumotlar elektron lift jurnalida qayd etiladi va maʼlumotlar elektron platformaga lift kesimida foto va matn koʻrinishida doimiy yuklab boriladi.
Yuklangan maʼlumotlar elektron platforma orqali bino boshqaruvchisiga avtomatik yuboriladi.
Elektron jurnalga qoʻyiladigan talablar foydalanishdagi barcha liftga taalluqli hisoblanadi.
26. Liftni oʻrnatish (montaj, demontaj qilish), texnik xizmat koʻrsatish, taʼmirlash va xizmat koʻrsatishdan keyin hosil boʻlgan chiqindilarni utilizatsiya qilish ekologik normativ hujjatlarga muvofiq amalga oshirilishi lozim.
27. Texnik xizmat koʻrsatish tashkilotlari tomonidan texnik xizmat koʻrsatish ishlari quyidagi toifalardan biri yoki bir nechtasi tanlangan tarzda amalga oshiriladi:
a) har oyda koʻrsatiladigan texnik xizmat quyidagi ishlarni oʻz ichiga oladi:
lift kabinasi, shaxta, mashina xonasi yoritilganligini tekshirish va sozlash;
chaqiruvchi va buyruq beruvchi tugmalar mexanik qismining sozligini tekshirish va sozlash;
lift harakati parametrlarining mosligini tekshirish va sozlash;
mashina xonasidagi jihozlar sozligini koʻzdan kechirish va sozlash;
lift ishidagi xatoliklar haqidagi axborotlarni oʻqish, tekshirish va sozlash;
lift kabinasi va uning muvozanatini taʼminlovchi yoʻnaltirgich va qurilmalarni moylash va tozalash;
lift kabinasining eshiklarini tekshirish va sozlash;
lift va uning qurilmalaridagi ikki tomonlama aloqaning ishlashini tekshirish va sozlash;
b) har uch oyda koʻrsatiladigan texnik xizmat quyidagi ishlarni oʻz ichiga oladi:
ushbu bandning “a” kichik bandida nazarda tutilgan texnik xizmat koʻrsatish ishlari;
arqon (tasma), osma, tortish arqonlari boʻshash (TAB) qurilmalarining holatini tekshirish va sozlash;
lift kabinasi eshiklarini harakatga keltiruvchi qurilmalarni texnik koʻrikdan oʻtkazish va sozlash;
shaxta eshiklari qulflari va shaxta eshiklari ochilish-yopilish aloqa vositalarini texnik koʻrikdan oʻtkazish;
lift kabinasi harakatida uning muvozanatini taʼminlovchi qurilmalarning holatini tekshirish va sozlash;
v) har olti oyda koʻrsatiladigan texnik xizmat koʻrsatish quyidagi ishlarni oʻz ichiga oladi:
ushbu bandning “a” va “b” kichik bandlarida nazarda tutilgan texnik xizmat koʻrsatish ishlari;
lift buferini texnik koʻrikdan oʻtkazish;
lift buferidagi moy darajasi va holatini tekshirish;
tezlikni cheklagich, taranglash qurilmasi, kontrolyorni kiritish qurilmasini texnik koʻrikdan oʻtkazish va sozlash;
shaxtaning yuqori qismidagi uskunalarni koʻzdan kechirish va ularni tozalash;
lift chuqurchasidagi va lift kabinasi ostidagi uskunalarni koʻzdan kechirish va ularni tozalash;
xavfsizlik kontaktlari va boshqa xavfsizlik uskunalari ishlashini tekshirish va sozlash yoki zaruratga koʻra almashtirish;
g) har oʻn ikki oyda koʻrsatiladigan texnik xizmat koʻrsatish quyidagi ishlarni oʻz ichiga oladi:
ushbu bandning “a” , “b” va “v” kichik bandlarida nazarda tutilgan texnik xizmat koʻrsatish ishlari;
shaxtadagi, mashina xonasidagi, kabina tomidagi uskunalarni koʻzdan kechirish va ularni tozalash;
poʻlat arqonlarni ishlash holatiga keltirish;
har yillik davriy texnik koʻrikdan oʻtkazishga tayyorlash.
28. Liftga texnik xizmat koʻrsatish quyidagilarni oʻz ichiga olmaydi:
lift joyini oʻzgartirish;
haydash bloki, osma tizim, tashuvchi (kabina), qoʻnish eshigi va (yoki) liftning xavfsizlik qismlarini almashtirish;
liftni boshqarish tizimiga oʻzgartirishlar kiritish;
oʻt oʻchirish brigadasi tomonidan amalga oshirilgan qutqaruv harakatlari;
lift kabinasining ichki qismini tozalash;
qoʻshimcha shartnoma asosida bajariladigan taʼmirlash ishlari.
Ushbu bandning ikkinchi , uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida nazarda tutilgan ishlar liftni oʻrnatuvchi tomonidan amalga oshiriladi hamda ularning qonunchilik va (yoki) tegishli standartlarga muvofiq amalga oshirilishi uchun javobgarlik liftni oʻrnatuvchi zimmasiga yuklanadi.
29. 2026-yilga qadar oʻrnatilgan liftga texnik xizmat koʻrsatishda ushbu Nizom talablariga muvofiq texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot liftni oʻrnatuvchi bilan kelishuvga erishishi talab etilmaydi.
30. Texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot shtat birligida xizmat koʻrsatilayotgan liftlar soniga mos ravishda texnik xizmat koʻrsatuvchi xodimlar mavjud boʻlmagan holatda, ushbu talabni bajarmagunga qadar liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotning faoliyat yuritishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Bunda har bir xodim bir ish kunida koʻpi bilan:
27-bandning “a” kichik bandida belgilangan ishlar boʻyicha 10 ta liftga texnik xizmat koʻrsatishi;
27-bandning “b” kichik bandida belgilangan ishlar boʻyicha 7 ta liftga texnik xizmat koʻrsatishi;
27-bandning “v” kichik bandida belgilangan ishlar boʻyicha 5 ta liftga texnik xizmat koʻrsatishi;
27-bandning “g” kichik bandida belgilangan ishlar boʻyicha 3 ta liftga texnik xizmat koʻrsatishi mumkin.
31. Texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot texnik xizmat koʻrsatuvchi xodim oʻzgargan taqdirda, ishga yangi olingan xodimning bilim va malakasi hamda ushbu Nizom bilan xodimga belgilangan talablar bajarilganiga oid tasdiqlovchi maʼlumotlar axborot tizimlarining oʻzaro integratsiyasi asosida elektron platformada aks ettiriladi.
32. Texnik xizmat koʻrsatish shartnomasi tuzilgandan soʻng liftni oʻrnatuvchi yoki texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot yiliga kamida bir marta texnik xizmat koʻrsatiladigan liftlar sonini hisobga olgan holda, texnik xizmat koʻrsatuvchi xodimlarni favqulodda vaziyatlarda qutqaruv ishlari boʻyicha oʻqitishni tashkil etadi.
Texnik xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning oʻqitilgani haqida maʼlumotlar elektron platformaga liftni oʻrnatuvchi yoki texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot tomonidan kiritib boriladi.
33. Liftni oʻrnatuvchi oʻzi muomalaga chiqarayotgan liftning har bir turi va xususiyatini inobatga olgan holda, kafolat doirasida kamida uch yil davomida butlovchi qismlar bilan taʼminlashi shart.
34. Davriy texnik koʻrik natijasida foydalanish uchun xavfli boʻlgan “qizil” rangli maʼlumot yorligʻi bilan belgilangan liftdan foydalanish taqiqlangan davrda texnik xizmat koʻrsatilmaydi va ushbu davrda bino boshqaruvchisidan har oylik texnik xizmat haqini talab qila olmaydi.
35. Texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot va bino boshqaruvchisi oʻrtasida tuzilgan shartnomaning amal qilish muddati tugaganda yoki bekor qilinganda bu haqida bino boshqaruvchisi elektron platforma orqali masʼul organga xabar qiladi.
Mazkur holatda bino boshqaruvchisi tomonidan 10 kun muddatda texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot bilan yangi shartnoma tuziladi.
Shartnoma yangi texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot bilan tuzilgan taqdirda, texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha topshirish-qabul qilish dalolatnomasi elektron platforma orqali tuziladi va liftlar yangi texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotga biriktiriladi.
5-bob. Liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar reyestrini yuritish tartibi
36. Liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar reyestrini elektron platforma orqali yuritiladi.
37. Texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar reyestriga kirish maqsadida elektron platforma orqali buyurtma yuboradi.
38. Texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot shtatida xizmat koʻrsatadigan liftlar soniga qarab, asosiy ish joyi boʻyicha toʻliq ishlaydigan texnik xizmat koʻrsatish xodimlari boʻlishi lozim. Bunda texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot:
xodimlar soni ushbu Nizomning 30-bandida belgilangan shartlarga muvofiq boʻlishini;
xodim bilan tuzilgan mehnat shartnomasi uning muddati tugashidan oldin yoki bir tomonlama bekor qilinganda, mehnat shartnomasi bekor boʻlgan sanadan eʼtiboran oʻn besh kun ichida yangi xodim ishga qabul qilinishini taʼminlashi lozim.
39. Texnik xizmat koʻrsatuvchi xodim:
mexanik, elektr, elektronika yoki aloqa sohalari boʻyicha kamida oʻrta maxsus maʼlumotga ega boʻlishi;
elektron platformada bittadan koʻp boʻlmagan texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot shtatida hisobga olingan boʻlishi;
malakaga oshirgan va sertifikatlangan boʻlishi;
texnik xizmat koʻrsatish sohasida kamida bir yillik ish stajiga ega boʻlishi lozim.
40. Texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot va uning xodimlari ushbu Nizomning 38 va 39-bandlarida nazarda tutilgan talablarga muvofiq boʻlganda hamda 24/7 rejimda ishlab turadigan dispetcherlik va aloqa markaziga ega boʻlganda yoki shunday markaz bilan oʻzaro xizmat koʻrsatish shartnomasi mavjud boʻlganda, Liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar reyestriga kiritiladi.
41. Texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar reyestiriga kirish onlayn xabar berish yoʻli bilan bepul amalga oshiriladi.
42. Liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot Liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar reyestriga kiritilgandan soʻng elektron platformada xizmat koʻrsatish boʻyicha hududlarni mustaqil ravishda tanlaydi.
43. Texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot boshqa hududda oʻzining filialini tashkil etishi hamda filial orqali texnik xizmat koʻrsatishi mumkin.
Filialda ushbu Nizomda belgilangan talablarga muvofiq boʻlgan kamida ikki nafar texnik xizmat koʻrsatuvchi xodimga ega boʻlishi hamda ular asosiy texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot ishlariga jalb etilmasligi va ushbu hududda toʻliq faoliyat koʻrsatishi shart.
44. Liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot quyidagi hollarda masʼul organ tomonidan reyestrdan chiqariladi:
texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot vakolatli organni oldindan xabardor qilmagan holda, texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha maʼlumotlarni ikki oy davomida elektron platformaga yuklamagan taqdirda;
texnik xizmat koʻrsatuvchi xodimi mavjud boʻlmaganda yoki xodim mazkur Nizomda nazarda tutilgan talablarga muvofiq boʻlmaganda;
dispetcherlik va aloqa markazi bilan tuzilgan shartnoma muddati tugagan va yangi shartnoma elektron platformaga oʻz vaqtida yuklanmagan taqdirda;
masʼul organning soʻrovnomasiga javob bermagan hamda mazkur Nizomda nazarda tutilgan talablarni bajarmaganda.
6-bob. Sotuvdan keyingi va kafolat muddati davomidagi xizmatlar hamda xizmatlarga oid shartlar
45. Oʻrnatuvchi tomonidan muomalaga chiqarilgan har bir lift muomalaga chiqarilgan sanadan eʼtiboran kamida uch yil muddat bilan kafolatlanadi.
46. Kafolat muddati davomida oʻrnatuvchi tomonidan liftda almashtirilishi kerak boʻlgan qismlar bunday oʻzgarish amalga oshirilishi zarur boʻlgan vaqtda almashtirilishi kerak.
Lift qismlarini almashtirish va oʻrnatish ishlarining sifati kamida ikki yilga kafolatlanadi.
47. Kafolat muddati tugagan liftning almashtirilgan qismi ushbu qismni ishlab chiqargan yoki uni bino boshqaruvchisiga taqdim etgan shaxs tomonidan kamida ikki yilga kafolatlanadi.
48. Kafolat muddatida belgilangan taʼmirlash ishlari va lift qismlarini almashtirishning muddati oʻn besh kundan oshmasligi kerak.
49. Agar bino boshqaruvchisi kafolat muddati ichida boshqa texnik xizmat koʻrsatuvchi bilan texnik xizmat koʻrsatish shartnomasini tuzsa, ushbu liftni muomalaga chiqargan oʻrnatuvchining kafolat majburiyatlari bekor boʻlmaydi.
50. Kafolat muddatida lift nosoz boʻlsa, bino boshqaruvchisi tomonidan oʻrnatuvchiga nosozlikni bartaraf etish boʻyicha talab bildiriladi va liftni taʼmirlash uchun sarflangan vaqt kafolat muddatiga qoʻshiladi.
51. Muomalaga chiqarilgan va kafolatlangan har bir liftga nisbatan kafolat doirasida koʻrsatiladigan taʼmirlash xizmatlari ushbu liftni muomalaga chiqargan oʻrnatuvchi yoki unga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot tomonidan amalga oshiriladi.
52. Oʻrnatuvchi muomalaga chiqargan har bir lift uchun yetarlicha texnik xodimni ishga jalb etishi va butlovchi (ehtiyot) qism zaxirasini saqlashi shart.
7-bob. Texnik xizmat koʻrsatishni taʼminlash va xizmat koʻrsatish nazorati
53. Noturar bino va inshootlarda bino boshqaruvchisi liftning xavfsiz ishlashini taʼminlash uchun unga texnik xizmat koʻrsatilishi va koʻrsatilgan texnik xizmat haqini toʻlash uchun javobgardir.
54. Bino boshqaruvchisi va texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot liftning doimiy hamda nogironlar uchun xavfsiz va uzluksiz ishlashini taʼminlaydi.
55. Bino boshqaruvchisi lift bilan bogʻliq har qanday xavfli vaziyat haqida texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotga maʼlum qiladi va u bilan birgalikda zarur xavfsizlik choralarini koʻradi.
56. Sotuvdan keyingi kafolat va kafolat muddati davomidagi xizmatlar bilan bogʻliq shartlar va sotuvdan keyingi xizmatlar lift oʻrnatuvchisi tomonidan koʻrsatilayotgani, texnik xizmat va taʼmirlash xizmatlari ushbu Nizomda belgilangan mezonlarga muvofiq amalga oshirilayotgani vakolatli organ tomonidan nazorat qilib boriladi.
57. Bino boshqaruvchisi va texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot ushbu Nizomda belgilangan majburiyatlarni bajarishi yoki bajarmasligi vakolatli organ tomonidan, zaruratga koʻra boshqa vazirlik va idoralarni jalb etgan holda nazorat qilinadi.
58. Nizom talablarining buzilish holatlari kuzatilganda vakolatli organ bino boshqaruvchisi, oʻrnatuvchi va texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotga nisbatan qonunchilikda belgilangan tartibda tegishli taʼsir choralarini qoʻllashi mumkin.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
59. Elektron platformaga soxta, yolgʻon yoki notoʻgʻri maʼlumotlar kiritgan jismoniy va yuridik shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.
60. Vakolatli va masʼul organlarning mansabdor shaxslari qonunchilikka rioya etilishini nazorat qilish, qonunchilik buzilgani haqidagi soʻrovnomalar va ishlarni koʻrib chiqishda qonunchilikda belgilangan tartibda Nizom talablariga asosan lift pudratchisi, bino boshqaruvchisi, ixtisoslashgan tashkilot, liftni oʻrnatuvchi, mulkdor, texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlardan barcha axborotni olish huquqiga ega.
61. Istalgan taraf davlat organlari va boshqa tashkilotlar xodimlarining xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.
62. Ushbu Nizom talablarini bajarish jarayonida kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlariga muvofiq hal etiladi.
63. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Liftdan foydalanish va unga texnik xizmat koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Liftlarni elektron platformada roʻyxatga olish
Bosqichlar Subyektlar Amalga oshiriladigan tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Lift pudratchisi Elektron platformadan ixtisoslashgan tashkilotni tanlaydi va unga liftlarni dastlabki texnik koʻrikdan oʻtkazish boʻyicha buyurtma beradi. Oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot Texnik xizmat koʻrsatishga roziligi yoki rad etish yuzasidan elektron tasdiq beradi. Belgilangan muddatlarda 3-bosqich Ixtisoslashgan tashkilot Dastlabki texnik koʻrikdan oʻtkazadi. Belgilangan muddatlarda 4-bosqich Lift pudratchisi Dastlabki texnik koʻrikning ijobiy natijalari berilganidan soʻng elektron platforma orqali liftga texnik xizmat koʻrsatish shartnomasini tuzgan liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar reyestridan tanlaydi. Liftga texnik xizmat koʻrsatuvchi tashkilot tomonidan tasdiq berilganidan soʻng vakolatli organga liftni roʻyxatga olish bosqichiga oʻtkaziladi. Oʻz xohishiga koʻra 5-bosqich Vakolatli organ Liftni roʻyxatga olish toʻgʻrisida qaror qilingan taqdirda, ariza beruvchiga lift roʻyxatga olingani va reyestrga kiritilgani toʻgʻrisida QR-kodli maʼlumotnoma elektron platforma orqali avtomatik tarzda yuboriladi. Kamchiliklar aniqlangan taqdirda, kamchiliklarni elektron platformada koʻrsatgan holda liftni roʻyxatga olishni rad etadi va elektron platforma orqali xabar yuboradi. 2 ish kuni ichida
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 22-oktabrdagi 588-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Liftlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2025-yil 12-iyuldagi 431-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 1-bandning birinchi xatboshisidagi “2026-yil 1-iyuldan” soʻzlari “2027-yil 1-yanvardan” soʻzlari bilan almashtirilsin.
2. Ilovada :
a) 2-bandda :
quyidagi mazmundagi toʻqqizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“ maxsus elektron axborot tizimi — liftlar roʻyxatdan oʻtkaziladigan, liftlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish natijalari va Liftlarni texnik koʻrikdan oʻtkazuvchi ixtisoslashgan tashkilotlar reyestri yuritiladigan “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimidagi “Xavfsiz lift” yagona idoralararo elektron platformasi”;
toʻqqizinchi — oʻn toʻrtinchi xatboshilar tegishlicha oʻninchi — oʻn beshinchi xatboshilar deb hisoblansin;
b) 11-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“11. Ixtisoslashgan tashkilot masʼul organ bilan bitim imzolab, elektron platformada roʻyxatdan oʻtishi shart.
Masʼul organ bitim tuzgan ixtisoslashgan tashkilotning baholash natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarini jamoatchilikka va lift mulkdoriga elektron platforma orqali eʼlon qilib boradi”;
v) quyidagi mazmundagi 40 1 — 40 3 -bandlar bilan toʻldirilsin:
“40 1 . Liftlarni texnik koʻrikdan oʻtkazuvchi ixtisoslashgan tashkilotlar reyestri (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) maxsus elektron axborot tizimida yuritiladi.
40 2 . Ixtisoslashgan tashkilot liftlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish bilan shugʻullanuvchi sifatida Milliy akkreditatsiya tizimida akkreditatsiyadan oʻtgan va tegishli ruxsatnoma olgan hamda maxsus elektron axborot tizimi orqali masʼul organ bilan bitim imzolagandan keyin reyestrga kiritiladi.
40 3 . Ixtisoslashgan tashkilot quyidagi hollarda masʼul organ tomonidan Reyestrdan chiqariladi:
akkreditatsiya guvohnomasi va (yoki) tegishli ruxsatnomasi bekor qilingan (haqiqiy emas deb topilgan)da;
masʼul organ bilan tuzilgan bitim shartlarini bajarmaganda”.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 22-oktabrdagi 588-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Sanoat elektrotexnika mahsulotlaridan foydalanishda aholi xavfsizligini taʼminlash hamda ushbu mahsulotlar ustidan sifat nazoratini kuchaytirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 15-noyabrdagi 602-son qarori.
2. Vazirlar Mahkamasining “Gaz holatidagi yoqilgʻida ishlovchi apparatlarning xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni tasdiqlash haqida” 2024-yil 26-dekabrdagi 887-son qaroriga 3-ilovaning 2-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Lift va lift qurilmalarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni tasdiqlash haqida” 2025-yil 12-iyuldagi 430-son qaroriga 3-ilovaning 4-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 22-oktabr,
588 -son