UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 25-sentabr · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 25 сентябрь · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 сентября 2026 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 September 2026 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг

қарори

НИЗОМ

Тўлов свитчи орқали чакана тўловларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ҳамда « Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида »ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-359-сон «Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Тўлов свитчи орқали чакана тўловларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 25 сентябрдаги 22/4-сон қарорига ИЛОВА

Тўлов свитчи орқали чакана тўловларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги

Ушбу Низом тўловларнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталари ва электрон пуллар орқали миллий валютада амалга ошириладиган банклараро тўловлар ва улар бўйича клирингни тўлов свитчи орқали ташкил этиш, амалга ошириш ҳамда назорат қилиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

тўлов свитчи — тўлов ва ахборотга доир хабарларни қабул қилиш, йўналтириш, қайта ишлаш, авторизация сўровига юбориш, клирингни амалга ошириш, ҳисоб-китоб ҳужжатларини шакллантириш, ҳисоботлар тайёрлаш ва иштирокчилар ўртасида ахборот алмашинувини таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг марказлашган миллий инфратузилмаси;

«Ахборотлаштириш бош маркази» МЧЖ (бундан буён матнда АБМ деб юритилади) — тўлов свитчининг операцион ва технологик функцияларини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги марказ;

иштирокчи — тўлов свитчида ҳисоб-китобларни мустақил амалга оширадиган ва тўлов свитчига шартнома асосида бевосита уланган банк;

ҳисоб-китоб банки — уланган субъект билан тузилган шартнома асосида унинг тўлов свитчидаги операциялари бўйича ҳисоб-китобларни ўз вакиллик ҳисобварағи орқали амалга оширувчи иштирокчи;

уланган субъект — тўлов свитчига шартнома асосида техник жиҳатдан уланган ва ҳисоб-китобларни ҳисоб-китоб банки орқали амалга оширувчи тўлов ташкилоти ёки тўлов тизими оператори, шу жумладан электрон пуллар тизими оператори;

эмитент — банк картаси, электрон пул ёки бошқа тўлов воситаси эмиссиясини амалга оширувчи банк;

экваер — банкомат, инфокиоск, савдо ва хизмат кўрсатиш объектига ажратилган тўлов терминали ёки бошқа қурилма ва дастурий таъминот орқали тўлов операцияси бўйича ахборотни қабул қилиш, қайта ишлаш ва узатишни таъминлайдиган банк;

авторизация сўрови — эмитент томонидан тўлов операциясини амалга ошириш учун рухсат бериш ёки рад этиш мақсадида тўлов воситаси реквизитлари, маблағлар мавжудлиги, лимитлар ва бошқа зарур параметрларни текшириш жараёни;

клиринг — тўлов тизими иштирокчиларининг пулга доир ўзаро талаблари ва мажбуриятларини йиғиш, таққослаш ҳамда ҳисобга ўтказиш жараёни;

соф позиция — клиринг якунлари бўйича иштирокчининг бошқа иштирокчиларга нисбатан талаблари ва мажбуриятлари ўртасидаги фарқ;

тўлов тизими қоидалари — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тасдиқланадиган ҳамда иштирокчилар ва уланган субъектлар учун мажбурий бўлган қоидалар;

фавқулодда ҳодиса — тўлов свитчининг узлуксиз ишлашига, ахборот хавфсизлигига, киберхавфсизликка, маълумотларнинг бутунлиги ёки махфийлигига таъсир этувчи ҳолатлар.

2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида миллий валютада амалга ошириладиган, мазкур Низомнинг 21-бандида кўрсатилган тўловлар бўйича авторизация сўровлари ва тўлов хабарлари тўлов свитчи орқали йўналтирилади. Бунда халқаро ва маҳаллий тўлов тизимлари операторлари (электрон пуллар тизими операторлари) мазкур тўловлар бўйича бевосита Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ягона шлюзи — тўлов свитчи орқали ишлайди.

2-боб. Тўлов свитчи орқали фаолият юритувчи субъектлар

3. АБМ тўлов свитчини эксплуатация қилиш, техник қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва унинг узлуксиз ҳамда барқарор фаолият юритишини таъминлайди, иштирокчилар ва уланган субъектлар билан шартномалар тузади.

4. АБМ қуйидаги вазифаларни бажаради:

тўлов свитчининг ишлашини ташкил этади;

тўлов хабарларини қабул қилади, йўналтиради (маршрутлайди), қайта ишлайди ва клирингни бажаради;

ҳисоб-китоб ҳужжатларини шакллантиради ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳисоб-китоб тизимларига юборади;

тўлов свитчи инфратузилмасининг узлуксиз ишлашини таъминлайди.

5. Тўлов свитчининг иштирокчиси сифатида фақат банк иштирок этиши мумкин.

Тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторлари, шу жумладан электрон пуллар тизими операторлари уланган субъект сифатида техник жиҳатдан бевосита тўлов свитчига уланади ва операциялар бўйича ҳисоб-китобларни ҳисоб-китоб банки орқали амалга оширади.

Халқаро тўлов тизимлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш АБМ ва тегишли халқаро тўлов тизими оператори ўртасида тузилган шартнома ҳамда АБМнинг ички техник ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

3-боб. Тўлов свитчига уланиш

6. Тўлов свитчига уланиш учун ариза берувчи Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ёзма ёки электорн шаклда мурожаат қилади. Тўлов свитчига уланиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

аризани Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилиш;

ариза берувчининг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиш ва таваккалчиликларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан баҳолаш;

АБМ ва тарафлар ўртасида шартнома тузиш;

АБМ томонидан тест синовларини ўтказиш ва натижаларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан уланишга рухсат бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

рухсат бериш тўғрисидаги қарор асосида АБМ томонидан ариза берувчини тизимга улаш ва ишга тушириш.

Бунда ариза ва ҳужжатлар келиб тушган кундан эътиборан тизимга улаш ва ишга тушириш ёки уланишни рад этишгача бўлган умумий муддат ўттиз иш кунидан ошмаслиги лозим.

Тақдим этилган ҳужжатларда ёки тест синовлари натижасида камчиликлар аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки камчиликлар аниқланган кундан бошлаб уч иш кунида ариза берувчига барча аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш учун зарур ҳаракатлар кўрсатилган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда хабарнома юборади.

Умумий муддатнинг ҳисобланиши ариза берувчи хабарномани олган кундан эътиборан камчиликлар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тақдим этилган кунгача, бироқ икки ойдан ошмаган муддатга тўхтатиб турилади.

Бунда белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилмаса, аризани кўриб чиқиш мазкур Низомнинг 14-бандига мувофиқ рад этиш тўғрисидаги қарор билан якунланади.

7. Банк иштирокчи сифатида тўлов свитчига уланиши учун қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

қонунчиликда белгиланган тартибда банк фаолиятига доир тегишли лицензияга эга бўлиши;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳисоб-китоб тизимлари орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятига эга бўлиши;

тўлов свитчига уланиш учун белгиланган операцион ва техник талабларга жавоб бериши.

Бунда банкнинг операцион ва техник талабларга мувофиқлиги тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда тест синовлари натижалари бўйича расмийлаштирилган баённома асосида тасдиқланади.

8. Тўлов ташкилоти ёки тўлов тизими оператори уланган субъект сифатида тўлов свитчига уланиш учун қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

қонунчиликда белгиланган тартибда лицензияга (қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тегишли лицензиясиз фаолият юритиш ваколатига) эга бўлиши;

тўлов тизими операторлари ва иштирокчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини ишлаб чиққан бўлиши;

ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик сиёсатини жорий этган бўлиши;

тўлов свитчига уланиш учун белгиланган операцион ва техник талабларга жавоб бериши;

операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширадиган ҳисоб-китоб банкини белгилаган бўлиши.

Бунда ариза берувчи лицензиясиз фаолият юритишга ҳақли бўлса, аризада ушбу ҳуқуқни берувчи қонунчилик ҳужжати ва унинг тегишли нормасини кўрсатади.

9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки иштирокчи ва уланган субъектни қуйидаги мезонлар бўйича баҳолайди:

операцион ва техник тайёргарлигини — ички техник ҳужжатлар ҳамда тест синовлари натижалари бўйича расмийлаштирилган баённома асосида;

ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик чораларини — тасдиқланган сиёсат, амалга оширилган чоралар ва тегишли тест синовлари натижалари асосида;

таваккалчиликларни бошқариш тизимини — таваккалчиликларни баҳолаш натижалари, белгиланган лимитлар ва назорат чоралари асосида.

Баҳолашда қўлланиладиган кўрсаткичлар, уларнинг чегаравий қийматлари, текшириш усуллари каби техник мезонлар аризалар қабул қилинишидан олдин Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва АБМнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади. ЭЪлон қилинмаган техник мезонлар асосида уланишни рад этишга йўл қўйилмайди.

10. Тўлов свитчига уланишнинг техник мезонлари таваккалчиликка асосланган, аниқ ва текшириш мумкин бўлган талаблардан иборат бўлиши ҳамда бир хил тоифадаги ариза берувчиларга тенг қўлланилиши лозим.

11. Тўлов свитчига уланиш қуйидаги шартномалар асосида расмийлаштирилади:

иштирок шартномаси — тўғридан-тўғри иштирокчилар билан;

ҳисоб-китоб банки шартномаси — уланган субъектлар ҳамда уларга кафиллик қилувчи банклар билан;

хизмат кўрсатиш ва ўзаро ҳамкорлик шартномаси — тўлов свитчига уланган субъектлар билан.

Бунда ахборот алмашиш ва ҳисобот тақдим этиш бўйича қўшимча келишувлар орқали ҳам тўлов свитчига уланиш мумкин.

12. Тўлов свитчига улашдан олдин тест синовлари ўтказилади. Тест синовлари доирасида қуйидагилар текширилади:

хабарлар форматлари ва стандартларга мувофиқлиги;

бизнес жараёнлари ва операцияларнинг тўғри амалга оширилиши;

клиринг ва ҳисобот жараёнларининг тўғри ишлаши;

фавқулодда ҳолатларда фаолиятни тиклаш ва бошқариш жараёнлари;

ахборот хавфсизлиги бўйича назорат чоралари самарадорлиги.

13. Тест синовлари ижобий якунлангач Ўзбекистон Республикаси Марказий банки уланишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда қарор ҳақида ариза берувчини уч иш куни ичида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади. АБМ рухсат бериш тўғрисидаги қарор асосида ариза берувчини мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган муддатда тўлов свитчига улайди.

14. Ариза берувчи мазкур Низомнинг 6 — 9-бандларида белгиланган талабларни бажармаган тақдирда, унинг тўлов свитчига уланиш тўғрисидаги аризаси рад этилади ҳамда бу ҳақда қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида ариза берувчига рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда хабарнома юборилади.

Ариза берувчи рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этиб, хабарномани олган кундан эътиборан икки ой ичида ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин.

15. Иштирокчи ёки уланган субъект қуйидаги ҳолларда АБМ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкини ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади:

уланиш реквизитлари, ҳисоб-китоб банки ёки ахборот хавфсизлиги учун масъул шахслар ўзгарганда — ўзгариш амалга киритилгунга қадар камида беш иш куни олдин;

лицензияга оид ёки таваккалчилик профилига таъсир этувчи маълумотлар ўзгарганда — ўзгариш юз берган кундан эътиборан беш иш куни ичида.

4-боб. Иштирокчилар ва уланган субъектларнинг вазифалари

16. Иштирокчилар қуйидагиларни бажариши лозим:

операциялар бўйича тўғри ва тўлиқ маълумотларни тақдим этиш;

ҳисоб-китоб учун етарли ликвидликни таъминлаш;

комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш чораларини белгилаш, шунингдек уларга риоя қилинишини назорат қилиш;

операциялар ва низолар бўйича аниқ ҳисоб юритиш.

17. АБМ қуйидагиларни бажариши лозим:

ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик ва фаолият узлуксизлигини таъминлаш;

иштирокчилар ва уланган субъектлар учун тенг ва очиқ кириш шартларини таъминлаш;

фавқулодда ҳодисалар юз берганда иштирокчиларни ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкини хабардор қилиш;

хизмат кўрсатиш тартиби, форматлар ва иш режими ҳақидаги ахборотни тақдим этиш.

18. Ҳисоб-китоб банки қуйидагиларни бажариши лозим:

уланган субъектнинг тўлов свитчидаги операциялари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

уланган субъект билан боғлиқ ҳисоб-китоб ва ликвидлик таваккалчиликларини баҳолаш ва бошқариш (лимитларни белгилаш, маблағларни олдиндан жойлаштиришни талаб қилиш);

уланган субъект томонидан ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартларига риоя этилишини назорат қилиш.

Бунда ҳисоб-китоб банкининг уланган субъект мажбуриятлари бўйича кафиллиги (кафиллик суммаси, муддати ва қамраб оладиган мажбуриятлар) тарафлар ўртасидаги шартномада белгиланади.

19. Тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари қуйидагиларни бажариши лозим:

ўз лицензияси ва келишилган ўзаро ҳамкорлик тартиби доирасида фаолият юритиш;

операциялар бўйича ҳисоб-китобларни ҳисоб-китоб банки орқали амалга ошириш;

ўзи томонидан қабул қилинадиган, узатиладиган, қайта ишланадиган ҳамда сақланадиган маълумотларнинг махфийлиги, бутунлиги ва мавжудлигини таъминлаш.

20. Барча субъектлар томонидан қуйидагилар таъминланиши керак:

тўлов хизматларидан фойдаланувчининг фармойиши реквизитларини бир томонлама ўзгартирмаслик;

тўловни фойдаланувчи розилигисиз бошламаслик;

олинган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш ҳамда банк сири, тижорат сири ва шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш.

5-боб. Тўлов операцияларини амалга ошириш ва ҳисоб-китоб қилиш

21. Тўлов свитчи орқали миллий валютада қуйидаги операциялар амалга оширилади:

резидент банклари томонидан эмиссия қилинган халқаро банк карталари, электрон пуллар орқали амалга ошириладиган барча чакана тўлов ва пул ўтказмаларига оид транзакцияларни қайта ишлаш ва йўналтириш (маршрутлаш);

мобил иловалар ва бошқа рақамли тўлов каналлари орқали жисмоний шахслар ўртасида нақд пулсиз ўтказмаларга оид транзакцияларни қайта ишлаш ва йўналтириш (маршрутлаш).

22. АБМ тизимлараро чакана тўловлар барқарорлиги ва ишончлилиги, операцион ва ҳисоб-китоб таваккалчиликларини камайтириш ва марказлаштирилган ўзаро ҳамкорликни таъминлаш мақсадида қуйидаги фаолиятни кетма-кет амалга оширади:

авторизация сўровлари ва жавобларини йўналтириш (маршрутлаш);

молиявий хабарларни қабул қилиш, форматни текшириш ва узатиш;

клирингни амалга ошириш;

соф позицияларни ҳисоблаш;

ҳисоб-китоб ҳужжатларини шакллантириш ва тегишли ҳисоб-китоб тизимларига юбориш;

банклараро комиссиялар ва хизмат ҳақларини (мавжуд бўлса) ҳисоблаш;

ҳисоботлар, билдиришномалар ва архив маълумотларини шакллантириш.

23. Авторизация сўровлари ва тўлов хабарларини маршрутлаш узлуксиз 24/7 режимида ташкил этилади.

Клирингни амалга ошириш даврлари, операция куни жадвали, якуний операциялар вақти ва фавқулодда режимлар АБМнинг ички техник ҳужжатларида белгиланади.

24. Иштирокчилар ва уланган субъектлар тўлов свитчига хабарларни тасдиқланган форматларда юборади. Хабарларнинг форматлари, стандартлари ҳамда реквизитларига қўйиладиган талаблар АБМнинг ички техник ҳужжатларида белгиланади.

25. Клиринг иштирокчиларининг ўзаро талаб ва мажбуриятлари, шу жумладан ҳисобланган банклараро комиссияларни (мавжуд бўлса) инобатга олган ҳолда амалга оширилади.

Клиринг якунлари бўйича ҳар бир иштирокчининг дебет ёки кредит соф позицияси аниқланади.

Уланган субъектларнинг операциялари уларнинг ҳисоб-китоб банки соф позициясига киритилади ва уланган субъектлар кесимида таҳлилий ҳисоб алоҳида юритилади.

26. Тўлов свитчи орқали амалга оширилган тўловлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тизимларида ёки тегишли ҳисоб-китоб инфратузилмасида маблағлар қабул қилувчи иштирокчининг ҳисобига ўтказилгандан сўнг тугалланган ҳисобланади.

27. Операцияларни бекор қилиш, маблағларни қайтариш, хато операцияларни тузатиш ҳамда операциялар юзасидан низоларни ҳал этиш қонунчилик ҳужжатлари, тегишли банк карталари тўлов тизимлари ва халқаро тўлов тизимлари қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

28. Тўлов свитчида ликвидлик ва ҳисоб-китоб таваккалчиликларини бошқариш мақсадида қуйидаги воситалар қўлланилади:

иштирокчиларнинг мажбуриятлари бўйича лимитлар;

ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун маблағларни олдиндан жойлаштириш;

операциялар навбатини бошқариш тизими;

қонунчиликда рухсат этилган мажбуриятларни қоплаш ва ликвидликни таъминлашнинг бошқа механизмлари.

6-боб. Ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик ва таваккалчиликларни бошқариш

29. АБМ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан бирга тўлов свитчи фаолиятида юзага келадиган ҳуқуқий, ҳисоб-китоб, ликвидлик, операцион, ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик, аутсорсинг ва бошқа таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш ҳамда бошқаришнинг комплекс тизимини жорий этади.

30. АБМ тўлов свитчи фаолиятида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлашда Тўлов тизимлари операторлари ва тўлов хизматларини етказиб берувчиларнинг тўлов тизимларида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларни олдини олиш чораларини кўриш тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3513, 2024 йил 21 май) белгиланган ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этиши, фаолият узлуксизлиги ҳамда ахборот тизимларини тиклаш режаларини ишлаб чиқиши шарт.

31. Тўловларнинг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларда тўлов свитчи фаолиятини тиклаш мақсадида АБМ қуйидагиларга эга бўлиши шарт:

фаолият узлуксизлигини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларда фаолиятни тиклаш режаси;

захира маркази ва захира инфратузилмаси;

стресс-тестларни ўтказиш тизими.

32. Тўлов свитчи орқали олинган маълумотлар банк сири, тижорат сири, шахсга доир маълумотлар ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа ахборотни ўз ичига олган тақдирда, ушбу маълумотлар қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ ҳимоя қилинади.

7-боб. Мониторинг ва назоратни амалга ошириш ҳамда ҳисоботларни тақдим этиш

33. АБМ ҳар ой якунлари бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига белгиланган тартибда қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳисоботларни тақдим этади:

тўлов свитчининг ишлаши ва хизмат кўрсатиш даражаси бўйича келишув талабларининг бажарилиши;

аниқланган таваккалчиликлар ва уларни камайтириш ёки бартараф этиш бўйича кўрилган чоралари;

клиринг ва якуний ҳисоб-китоб натижалари;

иштирокчилар ва уланган субъектлар ҳақида маълумот.

34. Иштирокчилар ва уланган субъектлар операциялар, ликвидлик ва техник носозликлар тўғрисидаги маълумотларни мазкур Низомнинг 33-бандида кўрсатилган муддатда АБМ га тақдим этади.

Фавқулодда ҳодисалар тўғрисида иштирокчилар ва уланган субъектлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкини дарҳол хабардор қилади.

35. АБМ иштирокчилар ва уланган субъектларнинг мурожаатлари ҳамда таклифларини қабул қилиш ва уларга жавоб бериш механизмларини жорий этади.

8-боб. Тўлов свитчининг барқарорлиги ва узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш

36. Тўлов свитчининг барқарор ишлаши ёки иштирокчиларнинг манфаатларига бевосита хавф юзага келган тақдирда, АБМ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган тарзда белгиланган тартибда қуйидаги чораларни қўллаши мумкин:

операцияларни амалга оширишни вақтинча чеклаш;

айрим турдаги хабарларни қабул қилишни вақтинча тўхтатиб туриш;

хавф манбайи бартараф этилгунга қадар уланишни вақтинча тўхтатиб туриш.

37. АБМ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган тарзда қуйидаги ички ҳужжатларни тасдиқлайди:

ички техник ҳужжатлар (стандартлар);

хабарларнинг форматлари;

иштирок этиш ва уланиш шартномаларининг намунавий шакллари;

тўлов ташкилотлари ва бошқа тўлов тизими операторлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиблари;

фавқулодда ҳодисаларни бошқариш, фаолият узлуксизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда ҳолатларда фаолиятни тиклаш тартиблари.

Бунда ички ҳужжатларда қонунчилик ҳужжатлари ёки мазкур Низомда назарда тутилмаган чекловлар ва қўшимча мажбуриятларни жорий этишга йўл қўйилмайди.

38. Тўлов свитчига уланишни тугатиш ёки тўхтатиб туриш учун АБМ қуйидагиларни таъминлайди:

амалга оширилмаган ҳисоб-китобларнинг изчил тугалланиши;

маълумотларнинг белгиланган тартибда сақланиши;

фойдаланувчилар манфаатлари ва тизим барқарорлигига путур етказилмаслиги.

Бунда тугалланмаган ҳисоб-китоблар, қайтаришлар ва низолар бўйича мажбуриятлар уланиш тугатилганидан кейин ҳам улар тўлиқ бажарилгунга қадар сақланиб қолади.

9-боб. Якунловчи қоида

39. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Раис Т. ИШМЕТОВ

Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 25 сентябрь,

2026 йил 18 июль

2026 йил 17 июль

22/4-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.10.2026 й., 10/26/3960/1072-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining

qarori

NIZOM

Toʻlov svitchi orqali chakana toʻlovlarni oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi hamda “ Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida ”gi qonunlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 27-noyabrdagi PQ-359-son “Oʻzbekistonda moliyaviy texnologiyalar sohasini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Toʻlov svitchi orqali chakana toʻlovlarni oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil hamda Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2026-yil 25-sentabrdagi 22/4-son qaroriga ILOVA

Toʻlov svitchi orqali chakana toʻlovlarni oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi

Ushbu Nizom toʻlovlarning xavfsizligi va barqarorligini taʼminlash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi hududida bank kartalari va elektron pullar orqali milliy valyutada amalga oshiriladigan banklararo toʻlovlar va ular boʻyicha kliringni toʻlov svitchi orqali tashkil etish, amalga oshirish hamda nazorat qilish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

toʻlov svitchi — toʻlov va axborotga doir xabarlarni qabul qilish, yoʻnaltirish, qayta ishlash, avtorizatsiya soʻroviga yuborish, kliringni amalga oshirish, hisob-kitob hujjatlarini shakllantirish, hisobotlar tayyorlash va ishtirokchilar oʻrtasida axborot almashinuvini taʼminlaydigan Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining markazlashgan milliy infratuzilmasi;

“Axborotlashtirish bosh markazi” MCHJ (bundan buyon matnda ABM deb yuritiladi) — toʻlov svitchining operatsion va texnologik funksiyalarini amalga oshiruvchi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki huzuridagi markaz;

ishtirokchi — toʻlov svitchida hisob-kitoblarni mustaqil amalga oshiradigan va toʻlov svitchiga shartnoma asosida bevosita ulangan bank;

hisob-kitob banki — ulangan subyekt bilan tuzilgan shartnoma asosida uning toʻlov svitchidagi operatsiyalari boʻyicha hisob-kitoblarni oʻz vakillik hisobvaragʻi orqali amalga oshiruvchi ishtirokchi;

ulangan subyekt — toʻlov svitchiga shartnoma asosida texnik jihatdan ulangan va hisob-kitoblarni hisob-kitob banki orqali amalga oshiruvchi toʻlov tashkiloti yoki toʻlov tizimi operatori, shu jumladan elektron pullar tizimi operatori;

emitent — bank kartasi, elektron pul yoki boshqa toʻlov vositasi emissiyasini amalga oshiruvchi bank;

ekvayer — bankomat, infokiosk, savdo va xizmat koʻrsatish obyektiga ajratilgan toʻlov terminali yoki boshqa qurilma va dasturiy taʼminot orqali toʻlov operatsiyasi boʻyicha axborotni qabul qilish, qayta ishlash va uzatishni taʼminlaydigan bank;

avtorizatsiya soʻrovi — emitent tomonidan toʻlov operatsiyasini amalga oshirish uchun ruxsat berish yoki rad etish maqsadida toʻlov vositasi rekvizitlari, mablagʻlar mavjudligi, limitlar va boshqa zarur parametrlarni tekshirish jarayoni;

kliring — toʻlov tizimi ishtirokchilarining pulga doir oʻzaro talablari va majburiyatlarini yigʻish, taqqoslash hamda hisobga oʻtkazish jarayoni;

sof pozitsiya — kliring yakunlari boʻyicha ishtirokchining boshqa ishtirokchilarga nisbatan talablari va majburiyatlari oʻrtasidagi farq;

toʻlov tizimi qoidalari — Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan tasdiqlanadigan hamda ishtirokchilar va ulangan subyektlar uchun majburiy boʻlgan qoidalar;

favqulodda hodisa — toʻlov svitchining uzluksiz ishlashiga, axborot xavfsizligiga, kiberxavfsizlikka, maʼlumotlarning butunligi yoki maxfiyligiga taʼsir etuvchi holatlar.

2. Oʻzbekiston Respublikasi hududida milliy valyutada amalga oshiriladigan, mazkur Nizomning 21-bandida koʻrsatilgan toʻlovlar boʻyicha avtorizatsiya soʻrovlari va toʻlov xabarlari toʻlov svitchi orqali yoʻnaltiriladi. Bunda xalqaro va mahalliy toʻlov tizimlari operatorlari (elektron pullar tizimi operatorlari) mazkur toʻlovlar boʻyicha bevosita Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining yagona shlyuzi — toʻlov svitchi orqali ishlaydi.

2-bob. Toʻlov svitchi orqali faoliyat yurituvchi subyektlar

3. ABM toʻlov svitchini ekspluatatsiya qilish, texnik qoʻllab-quvvatlash, rivojlantirish va uning uzluksiz hamda barqaror faoliyat yuritishini taʼminlaydi, ishtirokchilar va ulangan subyektlar bilan shartnomalar tuzadi.

4. ABM quyidagi vazifalarni bajaradi:

toʻlov svitchining ishlashini tashkil etadi;

toʻlov xabarlarini qabul qiladi, yoʻnaltiradi (marshrutlaydi), qayta ishlaydi va kliringni bajaradi;

hisob-kitob hujjatlarini shakllantiradi va Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki hisob-kitob tizimlariga yuboradi;

toʻlov svitchi infratuzilmasining uzluksiz ishlashini taʼminlaydi.

5. Toʻlov svitchining ishtirokchisi sifatida faqat bank ishtirok etishi mumkin.

Toʻlov tashkilotlari va toʻlov tizimlari operatorlari, shu jumladan elektron pullar tizimi operatorlari ulangan subyekt sifatida texnik jihatdan bevosita toʻlov svitchiga ulanadi va operatsiyalar boʻyicha hisob-kitoblarni hisob-kitob banki orqali amalga oshiradi.

Xalqaro toʻlov tizimlari bilan oʻzaro hamkorlik qilish ABM va tegishli xalqaro toʻlov tizimi operatori oʻrtasida tuzilgan shartnoma hamda ABMning ichki texnik hujjatlari asosida amalga oshiriladi.

3-bob. Toʻlov svitchiga ulanish

6. Toʻlov svitchiga ulanish uchun ariza beruvchi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga yozma yoki elektorn shaklda murojaat qiladi. Toʻlov svitchiga ulanish quyidagi bosqichlarda amalga oshiriladi:

arizani Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan qabul qilish;

ariza beruvchining belgilangan talablarga muvofiqligini oʻrganish va tavakkalchiliklarini Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan baholash;

ABM va taraflar oʻrtasida shartnoma tuzish;

ABM tomonidan test sinovlarini oʻtkazish va natijalarini Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga taqdim etish;

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan ulanishga ruxsat berish yoki uni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;

ruxsat berish toʻgʻrisidagi qaror asosida ABM tomonidan ariza beruvchini tizimga ulash va ishga tushirish.

Bunda ariza va hujjatlar kelib tushgan kundan eʼtiboran tizimga ulash va ishga tushirish yoki ulanishni rad etishgacha boʻlgan umumiy muddat oʻttiz ish kunidan oshmasligi lozim.

Taqdim etilgan hujjatlarda yoki test sinovlari natijasida kamchiliklar aniqlangan taqdirda, Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki kamchiliklar aniqlangan kundan boshlab uch ish kunida ariza beruvchiga barcha aniqlangan kamchiliklar va ularni bartaraf etish uchun zarur harakatlar koʻrsatilgan holda yozma yoki elektron shaklda xabarnoma yuboradi.

Umumiy muddatning hisoblanishi ariza beruvchi xabarnomani olgan kundan eʼtiboran kamchiliklar bartaraf etilganligini tasdiqlovchi hujjatlar Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga taqdim etilgan kungacha, biroq ikki oydan oshmagan muddatga toʻxtatib turiladi.

Bunda belgilangan muddatda kamchiliklar bartaraf etilmasa, arizani koʻrib chiqish mazkur Nizomning 14-bandiga muvofiq rad etish toʻgʻrisidagi qaror bilan yakunlanadi.

7. Bank ishtirokchi sifatida toʻlov svitchiga ulanishi uchun quyidagi talablarga javob berishi lozim:

qonunchilikda belgilangan tartibda bank faoliyatiga doir tegishli litsenziyaga ega boʻlishi;

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki hisob-kitob tizimlari orqali hisob-kitoblarni amalga oshirish imkoniyatiga ega boʻlishi;

toʻlov svitchiga ulanish uchun belgilangan operatsion va texnik talablarga javob berishi.

Bunda bankning operatsion va texnik talablarga muvofiqligi taqdim etilgan hujjatlar hamda test sinovlari natijalari boʻyicha rasmiylashtirilgan bayonnoma asosida tasdiqlanadi.

8. Toʻlov tashkiloti yoki toʻlov tizimi operatori ulangan subyekt sifatida toʻlov svitchiga ulanish uchun quyidagi talablarga javob berishi lozim:

qonunchilikda belgilangan tartibda litsenziyaga (qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tegishli litsenziyasiz faoliyat yuritish vakolatiga) ega boʻlishi;

toʻlov tizimi operatorlari va ishtirokchilar bilan oʻzaro hamkorlik qilish tartibini ishlab chiqqan boʻlishi;

axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlik siyosatini joriy etgan boʻlishi;

toʻlov svitchiga ulanish uchun belgilangan operatsion va texnik talablarga javob berishi;

operatsiyalar boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshiradigan hisob-kitob bankini belgilagan boʻlishi.

Bunda ariza beruvchi litsenziyasiz faoliyat yuritishga haqli boʻlsa, arizada ushbu huquqni beruvchi qonunchilik hujjati va uning tegishli normasini koʻrsatadi.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki ishtirokchi va ulangan subyektni quyidagi mezonlar boʻyicha baholaydi:

operatsion va texnik tayyorgarligini — ichki texnik hujjatlar hamda test sinovlari natijalari boʻyicha rasmiylashtirilgan bayonnoma asosida;

axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlik choralarini — tasdiqlangan siyosat, amalga oshirilgan choralar va tegishli test sinovlari natijalari asosida;

tavakkalchiliklarni boshqarish tizimini — tavakkalchiliklarni baholash natijalari, belgilangan limitlar va nazorat choralari asosida.

Baholashda qoʻllaniladigan koʻrsatkichlar, ularning chegaraviy qiymatlari, tekshirish usullari kabi texnik mezonlar arizalar qabul qilinishidan oldin Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki va ABMning rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilinadi. Eʼlon qilinmagan texnik mezonlar asosida ulanishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

10. Toʻlov svitchiga ulanishning texnik mezonlari tavakkalchilikka asoslangan, aniq va tekshirish mumkin boʻlgan talablardan iborat boʻlishi hamda bir xil toifadagi ariza beruvchilarga teng qoʻllanilishi lozim.

11. Toʻlov svitchiga ulanish quyidagi shartnomalar asosida rasmiylashtiriladi:

ishtirok shartnomasi — toʻgʻridan-toʻgʻri ishtirokchilar bilan;

hisob-kitob banki shartnomasi — ulangan subyektlar hamda ularga kafillik qiluvchi banklar bilan;

xizmat koʻrsatish va oʻzaro hamkorlik shartnomasi — toʻlov svitchiga ulangan subyektlar bilan.

Bunda axborot almashish va hisobot taqdim etish boʻyicha qoʻshimcha kelishuvlar orqali ham toʻlov svitchiga ulanish mumkin.

12. Toʻlov svitchiga ulashdan oldin test sinovlari oʻtkaziladi. Test sinovlari doirasida quyidagilar tekshiriladi:

xabarlar formatlari va standartlarga muvofiqligi;

biznes jarayonlari va operatsiyalarning toʻgʻri amalga oshirilishi;

kliring va hisobot jarayonlarining toʻgʻri ishlashi;

favqulodda holatlarda faoliyatni tiklash va boshqarish jarayonlari;

axborot xavfsizligi boʻyicha nazorat choralari samaradorligi.

13. Test sinovlari ijobiy yakunlangach Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki ulanishga ruxsat berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi hamda qaror haqida ariza beruvchini uch ish kuni ichida yozma yoki elektron shaklda xabardor qiladi. ABM ruxsat berish toʻgʻrisidagi qaror asosida ariza beruvchini mazkur Nizomning 6-bandida nazarda tutilgan muddatda toʻlov svitchiga ulaydi.

14. Ariza beruvchi mazkur Nizomning 6 — 9-bandlarida belgilangan talablarni bajarmagan taqdirda, uning toʻlov svitchiga ulanish toʻgʻrisidagi arizasi rad etiladi hamda bu haqda qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida ariza beruvchiga rad etish asoslari koʻrsatilgan holda yozma yoki elektron shaklda xabarnoma yuboriladi.

Ariza beruvchi rad etishga sabab boʻlgan kamchiliklarni bartaraf etib, xabarnomani olgan kundan eʼtiboran ikki oy ichida hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishi mumkin.

15. Ishtirokchi yoki ulangan subyekt quyidagi hollarda ABM hamda Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankini yozma yoki elektron shaklda xabardor qiladi:

ulanish rekvizitlari, hisob-kitob banki yoki axborot xavfsizligi uchun masʼul shaxslar oʻzgarganda — oʻzgarish amalga kiritilgunga qadar kamida besh ish kuni oldin;

litsenziyaga oid yoki tavakkalchilik profiliga taʼsir etuvchi maʼlumotlar oʻzgarganda — oʻzgarish yuz bergan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida.

4-bob. Ishtirokchilar va ulangan subyektlarning vazifalari

16. Ishtirokchilar quyidagilarni bajarishi lozim:

operatsiyalar boʻyicha toʻgʻri va toʻliq maʼlumotlarni taqdim etish;

hisob-kitob uchun yetarli likvidlikni taʼminlash;

komplayens va korrupsiyaga qarshi ichki nazorat, jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizmni moliyalashtirish va ommaviy qirgʻin qurollarini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish choralarini belgilash, shuningdek ularga rioya qilinishini nazorat qilish;

operatsiyalar va nizolar boʻyicha aniq hisob yuritish.

17. ABM quyidagilarni bajarishi lozim:

axborot xavfsizligi, kiberxavfsizlik va faoliyat uzluksizligini taʼminlash;

ishtirokchilar va ulangan subyektlar uchun teng va ochiq kirish shartlarini taʼminlash;

favqulodda hodisalar yuz berganda ishtirokchilarni va Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankini xabardor qilish;

xizmat koʻrsatish tartibi, formatlar va ish rejimi haqidagi axborotni taqdim etish.

18. Hisob-kitob banki quyidagilarni bajarishi lozim:

ulangan subyektning toʻlov svitchidagi operatsiyalari boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish;

ulangan subyekt bilan bogʻliq hisob-kitob va likvidlik tavakkalchiliklarini baholash va boshqarish (limitlarni belgilash, mablagʻlarni oldindan joylashtirishni talab qilish);

ulangan subyekt tomonidan hisob-kitob xizmati koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma shartlariga rioya etilishini nazorat qilish.

Bunda hisob-kitob bankining ulangan subyekt majburiyatlari boʻyicha kafilligi (kafillik summasi, muddati va qamrab oladigan majburiyatlar) taraflar oʻrtasidagi shartnomada belgilanadi.

19. Toʻlov tashkilotlari va toʻlov tizimi operatorlari quyidagilarni bajarishi lozim:

oʻz litsenziyasi va kelishilgan oʻzaro hamkorlik tartibi doirasida faoliyat yuritish;

operatsiyalar boʻyicha hisob-kitoblarni hisob-kitob banki orqali amalga oshirish;

oʻzi tomonidan qabul qilinadigan, uzatiladigan, qayta ishlanadigan hamda saqlanadigan maʼlumotlarning maxfiyligi, butunligi va mavjudligini taʼminlash.

20. Barcha subyektlar tomonidan quyidagilar taʼminlanishi kerak:

toʻlov xizmatlaridan foydalanuvchining farmoyishi rekvizitlarini bir tomonlama oʻzgartirmaslik;

toʻlovni foydalanuvchi roziligisiz boshlamaslik;

olingan maʼlumotlarning maxfiyligini taʼminlash hamda bank siri, tijorat siri va shaxsga doir maʼlumotlarni himoya qilish.

5-bob. Toʻlov operatsiyalarini amalga oshirish va hisob-kitob qilish

21. Toʻlov svitchi orqali milliy valyutada quyidagi operatsiyalar amalga oshiriladi:

rezident banklari tomonidan emissiya qilingan xalqaro bank kartalari, elektron pullar orqali amalga oshiriladigan barcha chakana toʻlov va pul oʻtkazmalariga oid tranzaksiyalarni qayta ishlash va yoʻnaltirish (marshrutlash);

mobil ilovalar va boshqa raqamli toʻlov kanallari orqali jismoniy shaxslar oʻrtasida naqd pulsiz oʻtkazmalarga oid tranzaksiyalarni qayta ishlash va yoʻnaltirish (marshrutlash).

22. ABM tizimlararo chakana toʻlovlar barqarorligi va ishonchliligi, operatsion va hisob-kitob tavakkalchiliklarini kamaytirish va markazlashtirilgan oʻzaro hamkorlikni taʼminlash maqsadida quyidagi faoliyatni ketma-ket amalga oshiradi:

avtorizatsiya soʻrovlari va javoblarini yoʻnaltirish (marshrutlash);

moliyaviy xabarlarni qabul qilish, formatni tekshirish va uzatish;

kliringni amalga oshirish;

sof pozitsiyalarni hisoblash;

hisob-kitob hujjatlarini shakllantirish va tegishli hisob-kitob tizimlariga yuborish;

banklararo komissiyalar va xizmat haqlarini (mavjud boʻlsa) hisoblash;

hisobotlar, bildirishnomalar va arxiv maʼlumotlarini shakllantirish.

23. Avtorizatsiya soʻrovlari va toʻlov xabarlarini marshrutlash uzluksiz 24/7 rejimida tashkil etiladi.

Kliringni amalga oshirish davrlari, operatsiya kuni jadvali, yakuniy operatsiyalar vaqti va favqulodda rejimlar ABMning ichki texnik hujjatlarida belgilanadi.

24. Ishtirokchilar va ulangan subyektlar toʻlov svitchiga xabarlarni tasdiqlangan formatlarda yuboradi. Xabarlarning formatlari, standartlari hamda rekvizitlariga qoʻyiladigan talablar ABMning ichki texnik hujjatlarida belgilanadi.

25. Kliring ishtirokchilarining oʻzaro talab va majburiyatlari, shu jumladan hisoblangan banklararo komissiyalarni (mavjud boʻlsa) inobatga olgan holda amalga oshiriladi.

Kliring yakunlari boʻyicha har bir ishtirokchining debet yoki kredit sof pozitsiyasi aniqlanadi.

Ulangan subyektlarning operatsiyalari ularning hisob-kitob banki sof pozitsiyasiga kiritiladi va ulangan subyektlar kesimida tahliliy hisob alohida yuritiladi.

26. Toʻlov svitchi orqali amalga oshirilgan toʻlovlar Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tizimlarida yoki tegishli hisob-kitob infratuzilmasida mablagʻlar qabul qiluvchi ishtirokchining hisobiga oʻtkazilgandan soʻng tugallangan hisoblanadi.

27. Operatsiyalarni bekor qilish, mablagʻlarni qaytarish, xato operatsiyalarni tuzatish hamda operatsiyalar yuzasidan nizolarni hal etish qonunchilik hujjatlari, tegishli bank kartalari toʻlov tizimlari va xalqaro toʻlov tizimlari qoidalariga muvofiq amalga oshiriladi.

28. Toʻlov svitchida likvidlik va hisob-kitob tavakkalchiliklarini boshqarish maqsadida quyidagi vositalar qoʻllaniladi:

ishtirokchilarning majburiyatlari boʻyicha limitlar;

hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun mablagʻlarni oldindan joylashtirish;

operatsiyalar navbatini boshqarish tizimi;

qonunchilikda ruxsat etilgan majburiyatlarni qoplash va likvidlikni taʼminlashning boshqa mexanizmlari.

6-bob. Axborot xavfsizligi, kiberxavfsizlik va tavakkalchiliklarni boshqarish

29. ABM Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki bilan birga toʻlov svitchi faoliyatida yuzaga keladigan huquqiy, hisob-kitob, likvidlik, operatsion, axborot xavfsizligi, kiberxavfsizlik, autsorsing va boshqa tavakkalchiliklarni aniqlash, baholash, monitoring qilish hamda boshqarishning kompleks tizimini joriy etadi.

30. ABM toʻlov svitchi faoliyatida axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlikni taʼminlashda Toʻlov tizimlari operatorlari va toʻlov xizmatlarini yetkazib beruvchilarning toʻlov tizimlarida axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlikni taʼminlash hamda raqamli texnologiyalar vositasida sodir etiladigan huquqbuzarliklarni oldini olish choralarini koʻrish toʻgʻrisidagi nizomda (roʻyxat raqami 3513, 2024-yil 21-may) belgilangan axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlik talablariga rioya etishi, faoliyat uzluksizligi hamda axborot tizimlarini tiklash rejalarini ishlab chiqishi shart.

31. Toʻlovlarning uzluksizligini taʼminlash hamda favqulodda vaziyatlarda toʻlov svitchi faoliyatini tiklash maqsadida ABM quyidagilarga ega boʻlishi shart:

faoliyat uzluksizligini taʼminlash va favqulodda vaziyatlarda faoliyatni tiklash rejasi;

zaxira markazi va zaxira infratuzilmasi;

stress-testlarni oʻtkazish tizimi.

32. Toʻlov svitchi orqali olingan maʼlumotlar bank siri, tijorat siri, shaxsga doir maʼlumotlar yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa axborotni oʻz ichiga olgan taqdirda, ushbu maʼlumotlar qonunchilikda belgilangan talablarga muvofiq himoya qilinadi.

7-bob. Monitoring va nazoratni amalga oshirish hamda hisobotlarni taqdim etish

33. ABM har oy yakunlari boʻyicha keyingi oyning 10-sanasiga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga belgilangan tartibda quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hisobotlarni taqdim etadi:

toʻlov svitchining ishlashi va xizmat koʻrsatish darajasi boʻyicha kelishuv talablarining bajarilishi;

aniqlangan tavakkalchiliklar va ularni kamaytirish yoki bartaraf etish boʻyicha koʻrilgan choralari;

kliring va yakuniy hisob-kitob natijalari;

ishtirokchilar va ulangan subyektlar haqida maʼlumot.

34. Ishtirokchilar va ulangan subyektlar operatsiyalar, likvidlik va texnik nosozliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni mazkur Nizomning 33-bandida koʻrsatilgan muddatda ABM ga taqdim etadi.

Favqulodda hodisalar toʻgʻrisida ishtirokchilar va ulangan subyektlar Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankini darhol xabardor qiladi.

35. ABM ishtirokchilar va ulangan subyektlarning murojaatlari hamda takliflarini qabul qilish va ularga javob berish mexanizmlarini joriy etadi.

8-bob. Toʻlov svitchining barqarorligi va uzluksiz faoliyat yuritishini taʼminlash

36. Toʻlov svitchining barqaror ishlashi yoki ishtirokchilarning manfaatlariga bevosita xavf yuzaga kelgan taqdirda, ABM Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki bilan kelishilgan tarzda belgilangan tartibda quyidagi choralarni qoʻllashi mumkin:

operatsiyalarni amalga oshirishni vaqtincha cheklash;

ayrim turdagi xabarlarni qabul qilishni vaqtincha toʻxtatib turish;

xavf manbayi bartaraf etilgunga qadar ulanishni vaqtincha toʻxtatib turish.

37. ABM Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki bilan kelishilgan tarzda quyidagi ichki hujjatlarni tasdiqlaydi:

ichki texnik hujjatlar (standartlar);

xabarlarning formatlari;

ishtirok etish va ulanish shartnomalarining namunaviy shakllari;

toʻlov tashkilotlari va boshqa toʻlov tizimi operatorlari bilan oʻzaro hamkorlik qilish tartiblari;

favqulodda hodisalarni boshqarish, faoliyat uzluksizligini taʼminlash hamda favqulodda holatlarda faoliyatni tiklash tartiblari.

Bunda ichki hujjatlarda qonunchilik hujjatlari yoki mazkur Nizomda nazarda tutilmagan cheklovlar va qoʻshimcha majburiyatlarni joriy etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

38. Toʻlov svitchiga ulanishni tugatish yoki toʻxtatib turish uchun ABM quyidagilarni taʼminlaydi:

amalga oshirilmagan hisob-kitoblarning izchil tugallanishi;

maʼlumotlarning belgilangan tartibda saqlanishi;

foydalanuvchilar manfaatlari va tizim barqarorligiga putur yetkazilmasligi.

Bunda tugallanmagan hisob-kitoblar, qaytarishlar va nizolar boʻyicha majburiyatlar ulanish tugatilganidan keyin ham ular toʻliq bajarilgunga qadar saqlanib qoladi.

9-bob. Yakunlovchi qoida

39. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Rais T. ISHMETOV

Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV

Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil A. BURIYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 25-sentabr,

2026-yil 18-iyul

2026-yil 17-iyul

22/4-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 24.10.2026 y., 10/26/3960/1072-son)

lex.uz