UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 13-oktabr · Boshqa hujjatlar · Nomidan

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 13 октябрь · Бошқа ҳужжатлар · Номидан

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 октября 2026 г. · Другие документы · От имени

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 October 2026 · Other documents · Nomidan

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси номидан

Ҳал қилув қарори

2026 йил октябрь ойининг 13 куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, ўз биносида, очиқ суд мажлисида

раислик қилувчи, судья У. Холов,

ҳайъат аъзолари Д. Абдукахарова ва З. Каримовдан иборат таркибда, С. Бешимовнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори И. Айдусов, аризачи Г. Эргашева, жавобгар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси вакиллари Ж. Мингишов ва С. Хайритдиновнинг иштирокида, аризачи Эргашева Гулнора Холдаровнанинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасига нисбатан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризачи бўйича 5-1-267/13-сонли маъмурий ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:

аризачи Г. Эргашева жавобгарлар — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасига нисбатан судга мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2010 йил 3 майдаги 37, 2010-20-сон қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 4 июнда 2111-сон билан рўйхатдан ўтказилган, «Ўзбекистон Республикаси ДТ «Халқ банки»даги фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақаларига ихтиёрий равишда йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низомни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Аризачи Г. Эргашева суд мажлисидаги тушунтиришида, аризада келтирилган важларни қувватлаб, Низомни 9-банди Солиқ кодекси ва бошқа қонунчилик талабларига зид эканлигини билдириб, Низомнинг ушбу бандини ҳақиқий эмас деб топишни сўради.

Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги вакили Ж. Абдурахмонов ўз тушунтиришида, низоли бўлган Низом 2010 йилда қабул қилинганлиги ва шу даврдаги Солиқ кодекси мазмунига зид бўлмаганлигини, вазирликда қонун ости ҳужжатлари доимий мониторинг қилиб борилиши ва қонунчиликка зид бўлганларини бекор қилиш чоралари кўрилишини билдириб, шикоятни қонунда белгиланган тартибда ҳал қилишни сўради.

Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси вакиллари Ж. Мингишов ва С. Хайритдинов аризага нисбатан эътироз билдириб, Низомнинг 9-бандига мувофиқ, ҳисобвараққа ўтказилган маблағлар бир йил ичида қайтариб олинган тақдирда даромад солиғи ҳисобланишини, солиқ имтиёзлари эски ва янги таҳрирдаги Солиқ кодексида бир хил белгиланганлиги, шунингдек, Адлия вазирлигининг хатида Низомнинг қўлланилган нормаси Солиқ кодексининг аввалги таҳририга мувофиқлиги, янги таҳрирдаги Кодексни эса қайта кўриб чиқиш зарурлиги билдирилганлигини, Низом ёки Солиқ кодексига ўзгартириш киритиш масаласи ҳозирга қадар муҳокама қилинмаганлигини кўрсатиб, аризани рад этишни сўрадилар.

Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакили С. Абдурайимов ўз тушунтиришида, янги таҳрирдаги Солиқ кодексига ўзгартириш киритиш таклифи берилганлиги, ушбу ҳолатда Низом талаблари Солиқ кодексига зид деб ҳисобламаслигини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вакили А. Холматов суд мажлисида берган тушунтиришида, Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига мувофиқ, 2027 йил 1 январдан жамғариб бориладиган пенсия тизимини «Халқ банки» АТБдан Пенсия жамғармаси тасарруфига ўтказиш белгиланганлигини, шу муносабат билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиш жараёни бошланганлигини, шунингдек, Солиқ кодексининг 378-моддаси ва Низомнинг 9-банди ўртасида номувофиқлик мавжудлигини, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар инвентаризациядан ўтказилиб, аниқланган ҳолатлар юзасидан вазирликка таклифлар киритилганлигини билдирди.

Судлов ҳайъати иш ҳужжатларини ўрганиб, чиқиб, тарафлар вакилларининг тушунтиришларини, прокурорнинг аризани қаноатлантириш ҳақидаги фикрини эшитиб, қуйидаги асосларга кўра аризани қисман қаноатлантиришни лозим топади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 181-моддасининг учинчи қисмига кўра, суд идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни кўришда унинг тўлалигича ёки муайян қисми нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган қонунчилик ҳужжатига мувофиқлигини, шунингдек, низолашилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органнинг ваколатларини ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтганлигини текширади.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 4 июнда 2111-рақам билан рўйхатдан ўтказилган, «Ўзбекистон Республикаси Халқ банкидаги фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақаларига ихтиёрий равишда йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 9-бандида , агар жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ихтиёрий бадаллар тарзида тушган маблағлар солиқ даври тугагунига қадар тўланадиган бўлса, ушбу маблағларга жисмоний шахснинг жами йиллик декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади, деб белгиланган.

Аризада келтирилган важларга кўра, юқоридаги Низомга асосан, ишловчи пенсионерлар номидан солиқ органлари томонидан уларнинг хабарисиз ва розилигисиз «Soliq.uz» порталидаги шахсий кабинетларига кириш орқали, 2026 йил апрель — июнь ойларида даромадлар тўғрисидаги декларациялар расмийлаштирилиб, бир йўла бир неча йил учун даромад солиғи ҳисобланган ҳолда тақдим этилган.

Бундан норози бўлган аризачи юқоридаги талаб билан судга мурожаат қилган.

Конституциявийлик, қонунийлик, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг устуворлиги, ошкоралик, илмийлик, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва комплектлилиги, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг барқарорлиги Ўзбекистон Республикаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг асосий принциплари ҳисобланади.

Мазкур Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг сўзсиз устуворлиги тан олиниши, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилиниши ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитасига йўлланган 2026 йил 2 июлдаги 10/12-11936/8-сонли хатда, Солиқ кодексининг 378-моддаси ва «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига асосан солиқ тўловчининг фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Халқ банкидаги ихтиёрий равишда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғидан озод қилиниши белгиланганлиги, бироқ, Солиқ кодексида юқоридаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни (рўйхат рақами 2111, 2010 йил 4 июнь) қабул қилиш тўғридан тўғри назарда тутилмаганлиги ҳамда мазкур Кодексда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида ихтиёрий бадаллар солиқ даври тугагунига қадар тўланадиган бўлса, уларга даромад солиғи солиниши белгиланмаганлиги кўрсатилиб, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши кераклигидан келиб чиқиб, ижтимоий муносабатларни ўз вақтида ва самарали ҳуқуқий тартибга солиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Солиқ кодексига қисқа муддатларда жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ихтиёрий бадаллар тарзида тушган маблағлар солиқ даври тугагунига қадар тўланадиган бўлса, ушбу маблағларга жисмоний шахснинг жами йиллик декларацияси асосида даромад солиғи солинишини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш сўралган.

Бундан эса Адлия вазирлигининг ушбу хатида ҳам юқоридаги Низомнинг 9-банди Солиқ кодекси 378-моддаси талабларига мувофиқ келмаслиги инкор этилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 387-моддаси 16-бандида, солиқ тўловчининг фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Халқ банкидаги ихтиёрий равишда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ солинмайди, деб белгиланган.

Ушбу кодекснинг 3-моддасига асосан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми, ушбу Кодекснинг нормаларига ёки қоидаларининг мазмунига бошқача тарзда зид бўлса, ушбу Кодекснинг қоидаларига мувофиқ эмас деб топилади.

Ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ёки унинг юқори турувчи органлари бу ҳужжатни бекор қилишга ёки унга зарур ўзгартишлар киритишга ҳақли. Бу органлар ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилишни ёки унга зарур ўзгартишлар киритишни рад этган тақдирда, у суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни 2-моддасида ҳам давлат бошқаруви органлари Солиқ кодексига зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлаши кўрсатилган.

Бироқ, ушбу Низомнинг 9-банди шунга мувофиқ қайта кўриб чиқилмаган ва қонунга мувофиқлаштирилмаган.

«Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 14-моддасига кўра, жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларидан, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақаларидаги маблағларга ҳисоблаб чиқарилган фоизлардан ҳамда бундай маблағлар фойдаланилишидан фуқаролар ва Халқ банки оладиган бошқа даромадлардан, жамғариб бориладиган пенсия тўловларидан, шунингдек жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари айланмасидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар олинмайди.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши керак.

Иш ҳолатларидан аниқланишича, Низомнинг 9-банди ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган қонунларга мувофиқ эмас.

Судда жавобгар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари ўз эътирозларини исботлаб бера олмади.

Шу боис, судлов ҳайъати аризачи Г. Эргашеванинг аризасини асосли деб ҳисоблаб, уни қисман қаноатлантиришни ва «Ўзбекистон Республикаси ДТ «Халқ банки» даги фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақаларига ихтиёрий равишда йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 9-бандини Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси қонуний кучга кирган санадан, яъни 2020 йил 1 январдан эътиборан ҳақиқий эмас деб топишни лозим деб топади.

Судлов ҳайъати, суд харажатлари тақсимоти масаласини муҳокама қилиб, аризачи судга мурожаат қилишда давлат божи тўламаганлигини, ариза қаноатлантирилганлигини, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга кўра солиқ органлари давлат божи тўлашдан озод қилинганлигини инобатга олади.

Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 30 , 154 , 182-моддасига амал қилиб, судлов ҳайъати қарор қилади:

Аризачи Эргашева Гулнора Холдаровнанинг аризаси қисман қаноатлантирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2010 йил 3 майдаги 37, 2010-20-сон қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 4 июнда 2111 рақам билан рўйхатдан ўтказилган, «Ўзбекистон Республикаси Халқ банкидаги фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ихтиёрий равишда йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 9-банди (2020 йил 1 январдан) ҳақиқий эмас деб топилсин.

Ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.

Ҳал қилув қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.

Раислик қилувчи У. ХОЛОВ

ҳайъат аъзолари Д. АБДУКАХАРОВА

З. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 13 октябрь,

5-1-267/13-сон

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi nomidan

Hal qiluv qarori

2026-yil oktabr oyining 13 kuni Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudining Maʼmuriy ishlar boʻyicha sudlov hayʼati, oʻz binosida, ochiq sud majlisida

raislik qiluvchi, sudya U. Xolov,

hayʼat aʼzolari D. Abdukaxarova va Z. Karimovdan iborat tarkibda, S. Beshimovning kotibligida, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi boshqarma prokurori I. Aydusov, arizachi G. Ergasheva, javobgar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va Moliya vazirligi huzuridagi Soliq qoʻmitasi vakillari J. Mingishov va S. Xayritdinovning ishtirokida, arizachi Ergasheva Gulnora Xoldarovnaning javobgar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va Moliya vazirligi hamda Soliq qoʻmitasiga nisbatan idoraviy normativ-huquqiy hujjatni haqiqiy emas deb topish toʻgʻrisidagi arizachi boʻyicha 5-1-267/13-sonli maʼmuriy ishni ochiq sud majlisida koʻrib chiqib chiqib, quyidagilarni aniqladi:

arizachi G. Ergasheva javobgarlar — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va Moliya vazirligi hamda Soliq qoʻmitasiga nisbatan sudga murojaat qilib, Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi va Davlat soliq qoʻmitasining 2010-yil 3-maydagi 37, 2010-20-son qarori bilan tasdiqlangan, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan 2010-yil 4-iyunda 2111-son bilan roʻyxatdan oʻtkazilgan, “Oʻzbekiston Respublikasi DT “Xalq banki”dagi fuqarolarning shaxsiy jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaraqalariga ixtiyoriy ravishda yoʻnaltiriladigan mablagʻlarga jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi boʻyicha imtiyozni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida”gi Nizomni haqiqiy emas deb topishni soʻragan.

Arizachi G. Ergasheva sud majlisidagi tushuntirishida, arizada keltirilgan vajlarni quvvatlab, Nizomni 9-bandi Soliq kodeksi va boshqa qonunchilik talablariga zid ekanligini bildirib, Nizomning ushbu bandini haqiqiy emas deb topishni soʻradi.

Javobgar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va Moliya vazirligi vakili J. Abduraxmonov oʻz tushuntirishida, nizoli boʻlgan Nizom 2010-yilda qabul qilinganligi va shu davrdagi Soliq kodeksi mazmuniga zid boʻlmaganligini, vazirlikda qonun osti hujjatlari doimiy monitoring qilib borilishi va qonunchilikka zid boʻlganlarini bekor qilish choralari koʻrilishini bildirib, shikoyatni qonunda belgilangan tartibda hal qilishni soʻradi.

Javobgar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Soliq qoʻmitasi vakillari J. Mingishov va S. Xayritdinov arizaga nisbatan eʼtiroz bildirib, Nizomning 9-bandiga muvofiq, hisobvaraqqa oʻtkazilgan mablagʻlar bir yil ichida qaytarib olingan taqdirda daromad soligʻi hisoblanishini, soliq imtiyozlari eski va yangi tahrirdagi Soliq kodeksida bir xil belgilanganligi, shuningdek, Adliya vazirligining xatida Nizomning qoʻllanilgan normasi Soliq kodeksining avvalgi tahririga muvofiqligi, yangi tahrirdagi Kodeksni esa qayta koʻrib chiqish zarurligi bildirilganligini, Nizom yoki Soliq kodeksiga oʻzgartirish kiritish masalasi hozirga qadar muhokama qilinmaganligini koʻrsatib, arizani rad etishni soʻradilar.

Javobgar Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi vakili S. Abdurayimov oʻz tushuntirishida, yangi tahrirdagi Soliq kodeksiga oʻzgartirish kiritish taklifi berilganligi, ushbu holatda Nizom talablari Soliq kodeksiga zid deb hisoblamasligini bildirdi.

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Budjetdan tashqari pensiya jamgʻarmasi vakili A. Xolmatov sud majlisida bergan tushuntirishida, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti topshirigʻiga muvofiq, 2027-yil 1-yanvardan jamgʻarib boriladigan pensiya tizimini “Xalq banki” ATBdan Pensiya jamgʻarmasi tasarrufiga oʻtkazish belgilanganligini, shu munosabat bilan normativ-huquqiy hujjatlarni inventarizatsiyadan oʻtkazish jarayoni boshlanganligini, shuningdek, Soliq kodeksining 378-moddasi va Nizomning 9-bandi oʻrtasida nomuvofiqlik mavjudligini, tegishli normativ-huquqiy hujjatlar inventarizatsiyadan oʻtkazilib, aniqlangan holatlar yuzasidan vazirlikka takliflar kiritilganligini bildirdi.

Sudlov hayʼati ish hujjatlarini oʻrganib, chiqib, taraflar vakillarining tushuntirishlarini, prokurorning arizani qanoatlantirish haqidagi fikrini eshitib, quyidagi asoslarga koʻra arizani qisman qanoatlantirishni lozim topadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Maʼmuriy sud ishlarini yuritish toʻgʻrisidagi kodeksi 181-moddasining uchinchi qismiga koʻra, sud idoraviy normativ-huquqiy hujjatni haqiqiy emas deb topish toʻgʻrisidagi ishni koʻrishda uning toʻlaligicha yoki muayyan qismi nisbatan yuqori yuridik kuchga ega boʻlgan qonunchilik hujjatiga muvofiqligini, shuningdek, nizolashilayotgan normativ-huquqiy hujjatni qabul qilgan organning vakolatlarini hamda uning Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligida davlat roʻyxatidan oʻtganligini tekshiradi.

Aniqlanishicha, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan 2010-yil 4-iyunda 2111-raqam bilan roʻyxatdan oʻtkazilgan, “Oʻzbekiston Respublikasi Xalq bankidagi fuqarolarning shaxsiy jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaraqalariga ixtiyoriy ravishda yoʻnaltiriladigan mablagʻlarga jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi boʻyicha imtiyozni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida”gi Nizomning 9-bandida , agar jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaraqlariga ixtiyoriy badallar tarzida tushgan mablagʻlar soliq davri tugaguniga qadar toʻlanadigan boʻlsa, ushbu mablagʻlarga jismoniy shaxsning jami yillik deklaratsiyasi asosida Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksida belgilangan tartibda jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi solinadi, deb belgilangan.

Arizada keltirilgan vajlarga koʻra, yuqoridagi Nizomga asosan, ishlovchi pensionerlar nomidan soliq organlari tomonidan ularning xabarisiz va roziligisiz “Soliq.uz” portalidagi shaxsiy kabinetlariga kirish orqali, 2026-yil aprel — iyun oylarida daromadlar toʻgʻrisidagi deklaratsiyalar rasmiylashtirilib, bir yoʻla bir necha yil uchun daromad soligʻi hisoblangan holda taqdim etilgan.

Bundan norozi boʻlgan arizachi yuqoridagi talab bilan sudga murojaat qilgan.

Konstitutsiyaviylik, qonuniylik, jismoniy va yuridik shaxslarning huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini, jamiyat va davlat manfaatlarini himoya qilish hamda ularning ustuvorligi, oshkoralik, ilmiylik, ijtimoiy munosabatlarni huquqiy jihatdan tartibga solishning tizimliligi va komplektliligi, ijtimoiy munosabatlarni huquqiy jihatdan tartibga solishning barqarorligi Oʻzbekiston Respublikasi “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida”gi Qonunining asosiy prinsiplari hisoblanadi.

Mazkur Qonunning 8-moddasida Oʻzbekiston Respublikasida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlarining soʻzsiz ustuvorligi tan olinishi, Oʻzbekiston Respublikasining qonunlari va boshqa normativ-huquqiy hujjatlar Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi asosida va uni ijro etish uchun qabul qilinishi hamda uning normalari va prinsiplariga zid boʻlishi mumkin emasligi koʻrsatilgan.

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va Moliya vazirligi va Soliq qoʻmitasiga yoʻllangan 2026-yil 2-iyuldagi 10/12-11936/8-sonli xatda, Soliq kodeksining 378-moddasi va “Fuqarolarning jamgʻarib boriladigan pensiya taʼminoti toʻgʻrisida”gi Qonunning 14-moddasiga asosan soliq toʻlovchining fuqarolarning Oʻzbekiston Respublikasi Xalq bankidagi ixtiyoriy ravishda shaxsiy jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaraqlariga yoʻnaltiriladigan, soliq solinishi lozim boʻlgan ish haqi va boshqa daromadlari daromad soligʻidan ozod qilinishi belgilanganligi, biroq, Soliq kodeksida yuqoridagi idoraviy normativ-huquqiy hujjatni (roʻyxat raqami 2111, 2010-yil 4-iyun) qabul qilish toʻgʻridan toʻgʻri nazarda tutilmaganligi hamda mazkur Kodeksda va boshqa qonunchilik hujjatlarida ixtiyoriy badallar soliq davri tugaguniga qadar toʻlanadigan boʻlsa, ularga daromad soligʻi solinishi belgilanmaganligi koʻrsatilib, “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida”gi Qonunning 18-moddasiga asosan normativ-huquqiy hujjat oʻziga nisbatan yuqoriroq yuridik kuchga ega boʻlgan normativ-huquqiy hujjatlarga muvofiq boʻlishi kerakligidan kelib chiqib, ijtimoiy munosabatlarni oʻz vaqtida va samarali huquqiy tartibga solish va huquqiy boʻshliqlarni bartaraf etish maqsadida Soliq kodeksiga qisqa muddatlarda jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaraqlariga ixtiyoriy badallar tarzida tushgan mablagʻlar soliq davri tugaguniga qadar toʻlanadigan boʻlsa, ushbu mablagʻlarga jismoniy shaxsning jami yillik deklaratsiyasi asosida daromad soligʻi solinishini belgilovchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish soʻralgan.

Bundan esa Adliya vazirligining ushbu xatida ham yuqoridagi Nizomning 9-bandi Soliq kodeksi 378-moddasi talablariga muvofiq kelmasligi inkor etilmagan.

Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining 387-moddasi 16-bandida, soliq toʻlovchining fuqarolarning Oʻzbekiston Respublikasi Xalq bankidagi ixtiyoriy ravishda shaxsiy jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaraqlariga yoʻnaltiriladigan, soliq solinishi lozim boʻlgan ish haqi va boshqa daromadlariga soliq solinmaydi, deb belgilangan.

Ushbu kodeksning 3-moddasiga asosan, normativ-huquqiy hujjat yoki uning bir qismi, ushbu Kodeksning normalariga yoki qoidalarining mazmuniga boshqacha tarzda zid boʻlsa, ushbu Kodeksning qoidalariga muvofiq emas deb topiladi.

Ushbu Kodeksga muvofiq boʻlmagan normativ-huquqiy hujjatni qabul qilgan organ yoki uning yuqori turuvchi organlari bu hujjatni bekor qilishga yoki unga zarur oʻzgartishlar kiritishga haqli. Bu organlar ushbu Kodeksga muvofiq boʻlmagan normativ-huquqiy hujjatni bekor qilishni yoki unga zarur oʻzgartishlar kiritishni rad etgan taqdirda, u sud tomonidan haqiqiy emas deb topilishi mumkin.

Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 30-dekabrdagi “Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi Qonuni 2-moddasida ham davlat boshqaruvi organlari Soliq kodeksiga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlashi koʻrsatilgan.

Biroq, ushbu Nizomning 9-bandi shunga muvofiq qayta koʻrib chiqilmagan va qonunga muvofiqlashtirilmagan.

“Fuqarolarning jamgʻarib boriladigan pensiya taʼminoti toʻgʻrisida”gi Qonun 14-moddasiga koʻra, jamgʻarib boriladigan majburiy pensiya badallaridan, shaxsiy jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaraqalaridagi mablagʻlarga hisoblab chiqarilgan foizlardan hamda bunday mablagʻlar foydalanilishidan fuqarolar va Xalq banki oladigan boshqa daromadlardan, jamgʻarib boriladigan pensiya toʻlovlaridan, shuningdek jamgʻarib boriladigan pensiya tizimi mablagʻlari aylanmasidan soliqlar va boshqa majburiy toʻlovlar olinmaydi.

“Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida”gi Qonunning 18-moddasiga asosan normativ-huquqiy hujjat oʻziga nisbatan yuqoriroq yuridik kuchga ega boʻlgan normativ-huquqiy hujjatlarga muvofiq boʻlishi kerak.

Ish holatlaridan aniqlanishicha, Nizomning 9-bandi oʻziga nisbatan yuqoriroq yuridik kuchga ega boʻlgan qonunlarga muvofiq emas.

Sudda javobgar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va Moliya vazirligi, Soliq qoʻmitasi va Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi vakillari oʻz eʼtirozlarini isbotlab bera olmadi.

Shu bois, sudlov hayʼati arizachi G. Ergashevaning arizasini asosli deb hisoblab, uni qisman qanoatlantirishni va “Oʻzbekiston Respublikasi DT “Xalq banki” dagi fuqarolarning shaxsiy jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaraqalariga ixtiyoriy ravishda yoʻnaltiriladigan mablagʻlarga jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi boʻyicha imtiyozni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida”gi Nizomning 9-bandini Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksi qonuniy kuchga kirgan sanadan, yaʼni 2020-yil 1-yanvardan eʼtiboran haqiqiy emas deb topishni lozim deb topadi.

Sudlov hayʼati, sud xarajatlari taqsimoti masalasini muhokama qilib, arizachi sudga murojaat qilishda davlat boji toʻlamaganligini, ariza qanoatlantirilganligini, “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunga koʻra soliq organlari davlat boji toʻlashdan ozod qilinganligini inobatga oladi.

Yuqoridagilarga asosan, Oʻzbekiston Respublikasi Maʼmuriy sud ishlarini yuritish toʻgʻrisidagi kodeksining 30 , 154 , 182-moddasiga amal qilib, sudlov hayʼati qaror qiladi:

Arizachi Ergasheva Gulnora Xoldarovnaning arizasi qisman qanoatlantirilsin.

Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi va Davlat soliq qoʻmitasining 2010-yil 3-maydagi 37, 2010-20-son qarori bilan tasdiqlangan, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan 2010-yil 4-iyunda 2111 raqam bilan roʻyxatdan oʻtkazilgan, “Oʻzbekiston Respublikasi Xalq bankidagi fuqarolarning shaxsiy jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaraqlariga ixtiyoriy ravishda yoʻnaltiriladigan mablagʻlarga jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi boʻyicha imtiyozni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida”gi Nizomning 9-bandi (2020-yil 1-yanvardan) haqiqiy emas deb topilsin.

Hal qiluv qarori qabul qilingan paytdan eʼtiboran qonuniy kuchga kiradi.

Hal qiluv qarori ustidan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudiga kassatsiya shikoyati (protesti) berilishi mumkin.

Raislik qiluvchi U. XOLOV

hayʼat aʼzolari D. ABDUKAXAROVA

Z. KARIMOV

Toshkent sh.,

2026-yil 13-oktabr,

5-1-267/13-son

lex.uz